close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Москвада ажойиб «Қуръон байрами» бўлиб ўтди

21 октябрь куни Москвада РФ Мусулмонлар диний идораси ва Россия муфтийлар кенгаши раиси муфтий Равил Айнутдин раҳбарлиги остида навбатдаги Москва халқаро қорилар конкурси бўлиб ўтди. Ушбу тадбир ҳамкори сифатида Дубай Муқаддас Қуръон халқаро мукофоти иштирок этди. Бу ҳақида СМР матубот хизмати хабар берди.

Муслим Магомаев номидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида олти мингга яқин томошабин иштирокида XIX Москва халқаро қорилар конкурси финалининг ташкилотчилар томонидан «Қуръон байрами» деб аталган тантанали қисми бўлиб ўтди. Ушбу байрамга бағишланган тадбир жуда кўп сонли Москва мусулмонлари, шунингдек, минтақалардан келган меҳмонлар орасида жуда катта қизиқиш уйғотди. Одамлар кириш чипталари сотиб олиш учун пулини қизғаниб ўтирмасдан, бу муҳим ҳодиса қатнашчиси бўлиш учун жуда катта пул тўладилар. Дарҳақиқат, томошабинлар дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган машҳур қорилар ижросида ҳар бир мўмин ва мўмина қалби учун муқаддас бўлган Аллоҳ китоби ажойиб тарздаги қироатини роҳатланиб, зўр эҳтиром билан тингладилар. Яманлик қори Абдулхаким ал-Аусаджи Халқаро қорилар конкурсининг ғолиби бўлди.
Конкурснинг очилишида йиғилганлар олдида РФ Мусулмонлар диний идораси ва Россия муфтийлар кенгаши раиси муфтий Равил Айнутдин табрик сўзи билан чиқди. «Узоқ йиллар олдин бу конкурс илк маротаба Москва жоме масжидида бўлиб ўтгани ёдимда, бугун эса Муқаддас Қуръон оятлари Москванинг энг йирик майдонида 6 мингдан ортиқ киши тинглаш бахтига муяссар бўлмоқда! Муқаддас Қуръон – Аллоҳ ато этган энг олий инъомдир. Муқаддас Қуръонни ўқиш қалбларни юмшатади», – деган сўзлар билан ўз нутқини якунлади Равил Айнутдин. Албатта, ушбу ҳодиса кўплаб мусулмонлар қалбида ва хотирасида ўчмас из қолдиради. Бироқ, афсуслар бўлинким, Қуръонни ўрганишни оммалаштиришда бу қадар жиддий ва муҳим аҳамиятга эга бўлган дастурнинг айрим нозик жиҳатлари оддий томошабинларда ҳам, тақводор мусулмонларда ҳам кўплаб тушуна олмай берилган саволларга олиб келди. Нима учундир, кўпчиликни ҳайрон қолдирган ҳолда, ҳақиқатда мўминлар қалбини юмшатадиган Қуръон қироатининг ажойиб ва ёқимли хушоҳанги қандайдир қабилалар рақсини ижро этаётганга ўхшаб кўринган артистларнинг саҳна бўйлаб тушунарсиз ва ғалати, ғайриихтиёрий ҳаракатлари, эмаклаши ва думалаши билан аралашиб кетганди! Шу билан бир вақтда, саҳнада фольклор гуруҳнинг муножотларига жўрлик қилган мусиқа оркестри бўлиши Қуръон руҳи билан, Аллоҳнинг Китобига бевосита алоқадор бўлган тадбир билан асло мос келмасди.
Биринчи навбатда, тарбиявий ва руҳий таркибий қисмларидан умид қилиб, мусулмонлар ҳар йили катта умид билан кутадиган конкурс ташкилотчилари уни ўтказиш жараёнида мусулмонлар учун фарз бўлган намоз вақтини ҳам эътиборга олмадилар. Гарчи мусулмонларнинг бир қисми диний бурчни ўз вақтида бажариш учун ўрнидан туриб, зални тарк этган бўлсада, диний либослар кийиб, бошига катта салла ўраб олган ташкилотчилар кўп минг кишилик зал билан бирга ўрнидан туриб, аср ва шом намозини ўқишни лозим топмаганини кўриш янада ҳайратли бўлди. Нима бўлганда ҳам, Айнутдин ўз нутқида ёдга олган Қуръон байрами бўлиб ўтди. Лекин умид қилишни истардикки, келгусида ташкилотчилар эълон қилинган ҳодисанинг руҳи билан унчалик мос келмайдиган айрим нозик жиҳатларни албатта ҳисобга оладилар.

Манбалар асосида Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase