Макка. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавҳид динига даъват қилишни бошлаганига бир неча йил ўтди. Бу йўлда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қанча-қанча озорларга йўлиқди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига Аммор бин Ясир келди ва азоб ва қийноқларга чидай олмасдан куфр калималарини айтиб юборганини айтди. У йиғламоқда ва энди нима қилишини билмаяпти. У ўзига жисмоний азоб берганларнинг азоби оғриғидан йиғлаётгани йўқ, балки унинг йиғисига сабаб бўлган нарса мажбурликдан айтиб қўйган сўзлари эди. У қийин ҳолатда. Бироқ Аллоҳ Таъоло унга ва бошқаларга тасалли бериб, қалб иймонини сақлаган ҳолда мажбурликда айтилган сўзлар аҳамиятга эга эмас деган мазмунда марҳамат қилди. Аммор бин Ясирнинг ота-онасини Ислом душманлари қийнаб ўлдиришган... «Эй, Ясир оиласи сабр қилинглар. Албатта, сизларга ваъда берилган жой, жаннатдир», деб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тасалли берар эдилар.
Ҳаббоб бин Арат Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб Ислом йўлида унга берилаётган озорлардан шикоят қилмоқда. Бироқ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бошқа мўминлар сабр қилгани каби сабр қилишга ва одамлар яқин орада хавфсизликда бўлишини айтмоқдалар.
Хўжайинининг қаттиқ қийноқ-азобларига жавобан фақат «Аҳад, Аҳад» (Аллоҳ ягонадир) деб иймонидан кечмаган Билол Ҳабашийни Абу Бакр Сиддиқ томонидан сотиб олиниб, қулликдан ва хўрликдан озод этилган эди....
Шунга ўхшаш азоб ва уқубатлардан деярли барча саҳобалар ўтишган. Ҳатто Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам Ислом душманлари жуда кўп ёмонликлар қилишган.
Сўкилган, урилган, хўрланган, заиф, ҳар куни ўз ҳаётларини хатарга қўйганлар. Эҳтимол, улар ғолибларга ўхшамас. Бироқ, улар ғолибдирлар.
Буни энг биринчи бўлиб, шайтон ҳам унинг ақли ва фаросатига ҳавас қилган Абу Жаҳл тушунган ва тан олган эди. Бадрда мағлуб бўлган ҳолда у бўйнига оёғини қўйиб турган Ибн Маъсудга: “Жуда парвозинг баланд бўлиб кетибдими, эй қўйбоқар?” — дейди. Бу мазмундаги сўзларни мусулмон бўлгани учунгина кўришга кўзи бўлмаган ибн Маъсудга қарата айтди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга башорат бериб айтганларидек улар тез орада Форс ва Византия империяларини тиз чўктиришди. Қизиғи, пайғамбаримиз бу башоратни мусулмонлар ҳар томондан иттифоқчи душманлар қуршовида қолган, қалбларига улкан қўрқув тушган, ўз мудофаа чизиқларидан ташқарига чиқишга имконлари йўқ бўлган бир вақтда — Хандақ жангида айтган эдилар. Бироқ, улар худди шу ҳолатда ғолиб бўлдилар. Улар ғолиб бўлишга маҳкум эдилар.
Орадан оз вақт ўтиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган нарсалари рўёбга чиқди: Форс ва Рум мусулмонларга таслим бўлди ва мусулмонлар янада узоқроққа боришди. Тарихчиларнинг айтишича, Исломни “иккитаси бир отда” Араб диёрларидан ташқаридаги узоқ минтақаларга тарқатишга сабабчи бўлди. Шу туфайли бугун азон узоқ қутбларда ҳам янграб турибди. Арабнинг иссиқ жазирасидан тортиб музликдан бошқа ҳеч нарсани билмайдиган минтақаларда ҳам. Бу ғолибларнинг йўлидир.
Бугун худди ўтмишдаги каби мусулмонлар ҳатто ўз ерларида ҳам тазйиққа учрамоқда. Уларга тақиқлашяпти, уларни тақиқлашяпти. Заиф, хўрланган, тазйиққа учраган мусулмонлар... Эҳтимол улар шу кўринишларида ғолибларга ўхшамас. Лекин улар ҳақиқатдан ғолибдирлар. Муваффақият ва ғалабага эришиш учун биз мусулмонларнинг биринчи авлоди (саҳобалар) ўтган йўлдан ўтишимиз керак. Бу иймон, сабр, нафсни поклаш ва тарбиялаш йўлидир.
"Пайғамбар алайҳис-саломда бу одамларни зўрлаб Исломга олиб кирадиган куч-қудрат, уларни ота-она, мол-мулкларидан воз кечишга мажбур қиладиган фавқулодда бирон восита ҳам йўқ эди. Аксинча Абу Бакр, Умар, Усмон, Холид ибн Саидга ўхшаганлар бой-бадавлат, қўлини қаёққа узатса етадиган обрў-эътиборли зотлар эди. Исломга кирган қуллар эса расулуллоҳга эргашиб, ўзларини баттар хор-зорликка, ададсиз зулмга гирифтор этишди, агар ўз ҳожаларининг измидан чиқишмаса, тинчгина тирикчилигини ўтказаверишарди. Улар Аллоҳнинг ҳидояти туфайли нотўғри йўлдан қайтдилар, адашиб-улоқиб юришганларини англаб расулуллоҳ кўрсатган ёруғликка талпиндилар, гарчанд кўплари азоб-уқубатларга учраган бўлсалар-да, қалблари ислом нури билан мунаввар бўлиб, Аллоҳнинг розилигига эришдилар. ("Нурул яқийн" китобидан)
Жума. Москванинг қаҳратон совуғида, кўчаларда териси ва кўзининг ранги турлича, турфа хил тилда гаплашувчи, лекин Ягона Аллоҳга, Якка Яратувчига бўлган ишончлари туфайли бир сафда тизилган кишилар Унинг Ўзигагина ибодат қилишмоқда.
Манба: islamcivil.ru
Абу Муслим таржимаси