close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Саудия Арабистони 50 миллиард дарахт кўчатини экади

Саудия Арабистони дунёда экология ҳаракатида карвонбоши бўлиш ниятида. Унинг режаларидан келгуси ўн йиллик давомида ўз энергиясининг ярмини қайта тикланадиган манбалардан олиш ва ўрмонларни тиклаш бўйича энг йирик дастурлар ўрин олган, деб хабар қилади Middle East Eye агентлиги.

Саудия Арабистони валиахд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг иқлим ўзгаришига қарши кураш ва карбонат ангидрид гази чиқарилишини камайтириш бўйича улкан режалари доирасида 50 миллиард дарахт кўчатиш экишни режалаштирмоқда.
«Саудия Арабистони ва Яқин Шарқнинг яшил ташаббусларини фахр билан эълон қиламан, - дейилади валиаҳд шаҳзоданинг SPA расмий ахборот агентлиги тарқатган баёнотда. - Қироллик, минтақа ва дунё иқлим ўзгаришига қарши курашда анча олға ва тезроқ бориши керак».
Муҳаммад бин Салмоннинг сўзларига кўра, яқин ўн йилликларда мамлакатда 10 миллиард дарахт экилади. Бундан ташқари, қироллик минтақа бўйича қўшниларига ёрдам бериш ниятида – бутун Яқин Шарқда 40 миллиард дарахт экилади.
Ар-Риёднинг маълум қилишича, минтақада 50 миллиард дарахт экилиши Шимолий Африканинг Сахел минтақасидаги чўлланишга қарши курашишга қаратилган Буюк яшил девор лойиҳасидан икки баробар катта бўлган «дунёдаги энг йирик ўрмонлаштириш дастури»га айланади.
Бироқ, баёнотда қайта тикланадиган сув манбалари чекланган чўл иқлимида бундай улкан лойиҳа қандай амалга оширилиши ҳақида батафсил маълумот берилмаган.
Муҳаммад бин Салмон, шунингдек, дунёдаги энг йирик нефт хом ашёси экспортчиси саналган Саудия Арабистони 2030 йилга келиб, қайта тикланадиган манбалардан 50% энергия ишлаб чиқариш орқали карбонат ангидрид гази чиқарилишини камайтиради, деб эълон қилди.
«Денёда етакчи нефт ишлаб чиқарувчи сифатида иқлим инқирозига қарши курашдаги ҳаракатлар учун жавобгар эканлигимизни тўлиқ англаб турибмиз. Нефт ва газ даврида энергетика бозорларини барқарорлаштиришда етакчи роль ўйнаганимиздек, кириб келаётган яшил даврда ҳам етакчилик қилиш устида ишлаймиз», – деди шаҳзода.
У Яқин Шарқда нефт қазиб олишнинг технологик самарасизлигидан афсус билдирди ва минтақада ишлаб чиқарилаётган тоза энергия улуши атиги 7% ни ташкил этишини таъкидлади.
«[Биз] бошқа мамлакатлар билан карбонат ангидрид гази чиқарилишини 60%дан ортиққа қисқартиришга хизмат қиладиган билимлар ва тажриба алмашиниш бўйича ишлаймиз», – деди Муҳаммад бин Салмон ва биргаликдаги ҳаракатлар глобал чикиндиларни 10%га камайтиришга имкон беришини қўшимча қилди.
Янги яшил ташаббус қиролликни нфетга қарамликдан халос этиш ва модернизация қилишга йўналтирилган Vision 2030 стратегиясининг бир қисми саналади. Саудия Арабистони бу йўналишда бир нечта лойиҳаларни эълон килди. Хусусан, 2020 йил қиролликда фақат шамол ва энергиясида ишлайдиган, дунёдаги энг йирик экологик тоза, 4 ГВт қувватли водород заводи қурилиши ҳақида эълон қилинди. Бу йил бошида эса Муҳаммад бин Салмон автомобилларсиз, кўчаларсиз ва карбонат агнидрид гази чиқарилиши нолга тенг бўлган, NEOM доирасида табиатнинг 95%ини асраб қоладиган, 170 км ҳудудда аҳолиси миллион кишига тенг бўладиган янги экошаҳар қурилиши борасида улкан режа - “THE LINE” тақдим этди.
Саудия Арабистони ҳукуматининг бу ташаббуслари муносабати билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қиёмат кунининг кичик аломатлари» ҳақида гапириладиган ҳадисини эслаб ўтиш мақсадга мувофиқ:
 Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом шундай дедилар: "Молу мулк кўпайиб, ҳатто киши ўз молининг закотини чиқариб, уни қабул қиладиган бирор кишини топа олмайдиган даражада тошмагунича, ҳатто араб ер(лар)и ям яшил ва анҳорларга айланмагунича қиёмат қоим бўлмайди!" (Муслим).
Эҳтимол, биз ўша аломатнинг амалга оша бошлашига гувоҳ бўляпмиз.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase