close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

“Мени Ҳуд сураси қаритди” Избранное

Ҳаммамиз Қуръон ўқиймиз, ундаги оятларни ёд оламиз, бироқ булар бизга қандай таъсир қиляпти? Бу мақолада Ҳуд сураси расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи вассалламга қандай таъсир қилгани ва унинг Қуръон билан бўлган муносабтлари ҳақида  тўхталиб ўтамиз.

Ҳаммамиз Қуръон ўқиймиз, ундаги оятларни ёд оламиз, бироқ булар бизга қандай таъсир қиляпти? Бу мақолада Ҳуд сураси расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи вассалламга қандай таъсир қилгани ва унинг Қуръон билан бўлган муносабтлари ҳақида  тўхталиб ўтамиз.

Мақоланинг сарлавҳаси ҳадисдан олинган. Ушбу ҳадисни биринчи марта ўқиганимда ҳайратда қолган эдим, ҳали ҳам ушбу ҳадисни ўқиганимда ҳайратдан ўзимни тўхтата олмайман. Қайсидир маънода бу биз ниҳоятда қизиқиб келаётган масаланинг: Қуръон ҳақида фикр юритишнинг моҳиятини намойиш этади. У бизнинг Қуръонга, Аллоҳ каломи билан алоқаларимиз табиатига бўлган муносабатимиз қандай бўлиши лозимлиги рамзи бўлиб хизмат қилади.
Шу билан бир вақтда у ҳар биримиз ўзимизга беришимиз лозим бўлган мураккаб саволларга дахл қилади: Қуръон бизга қандай таъсир этади? Биз у билан етарлича вақт ўтказяпмизми? Аллоҳнинг китоби билан энг яхши муносабатларга қандай эришиш мумкин? Биз Қуръон ўқияпмиз ва ўрганяпмиз, унинг матнларини ёдлаяпмиз – лекин бу бизда қандай акс этмоқда?
Қуръон билан ўз муносабатларимни ва бошқаларнинг ўз тажрибалари ҳақидаги ҳикояларини таҳлил қилиб, буни расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон билан қандай муносабатда бўлганлиги билан таққослашда катта фарқ борлигини сезмаслик мумкин эмас. Қуръон туфайли расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан қанчалик чуқур ўзгаришлар рўй берганлигини кўрсатадиган яна бир нечта ҳадис бор – улардан бири ушбу мақолага асос қилиб олинган. Бу маънавийликни юксалиши ёки характерини яхшилашидагина намоён бўлмайди – бу жисмонан ўзгариш ҳам ўзида акс этади.
Абу Жуҳайфа, Ибн Аббас ва бошқалар келтирган ушбу ҳадисда кунлардан бир кун Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келиб, нега соч-соқоли оқариб кетгани ҳақида сўрайди. Хусусан, ҳадисда араб тилида «оқарган соч-соқол» маъносини англатадиган «шайб» сўзи қўлланган. Бир томондан, бу саҳобалар расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга алоқаси бўлган ҳар қандай тафсилотларга қанчалик диққат-эътибор қаратганлигини яна бир бор таъкидлайди. Бу нафақат унинг сўзлари ёки ҳаракатлари, балки ташқи кўринишидаги энг кичик ўзгаришларга ҳам тааллуқли бўлган. Абу Бакр розиллоҳу анҳунинг кузатиши шу жиҳатдан ҳам муҳимки, ривоят қилинишича (масалан, Бухорий тўпламидаги Анас хабарида), росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қазо маҳали яқинлашган пайтда соч ва соқолида йигирматадан кам оқ оралаган экан. Бир-иккита янги оқ тукнинг пайдо бўлиши сезилмасдан қолмаслиги тушунарли, албатта.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бу фикри қанчалик оддий янграши ҳам қизиқарли туюлади. Биз кўпинча бу каби фикрларни дўстларимиз ва қариндошларимиз ҳақида, айниқса, улар билан узоқ вақт кўришмай қолган пайтларда айтамиз. Дўстимиз қариб қолгани, сочлари тўкилгани, семиргани, озгани ва ҳ.к. айтиб, кўнгли очиқлик билан ҳазиллашамиз…  Одатда бизга жавобан бундай ҳолатга изоҳлар берилади: ишдаги стресс, соғлиқ билан боғлиқ ёки оиладаги муаммолар.
Лекин расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоби бундай бўлмаган. Виждонан айтайлик: дарҳақиқат, унинг эр сифатида, ота сифатида, дўст сифатида, имом сифатида, қўшин бошлиғи сифатида бир талай ғам-ташвишлари – бўлиб ҳам бир вақтнинг ўзида мавжуд эди. У жума куни хутба ўқиши, намозга бош бўлиши, саволларга жавоб бериши, низоларни ҳал қилиши лозим эди. Уйида эса аёлига ёрдам берарди, неваралари билан ўйнарди, қизлари билан ҳазил-ҳузул қилиш учун вақт топарди. Қариялар ва беморларни бориб кўрарди, дўстлар билан мулоқот қиларди, камбағалларнинг қорнини тўйдирарди. Бунда у қурайшийлар ва бошқа душманлар таҳдидини ҳамма вақт ёддан чиқармаслиги, ўз қўшинини тайёрлаши, сиёсий масалаларни ҳал қилиши ва бошқа кўплаб ишларни бажариши лозим эди.
Лекин у ҳеч қачон ўзининг қарий бошлаганлигини бу нарсалар билан изоҳламаган. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Соч-соқолингизга нега бунча эрта оқ оралади?” деб сўраганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мени Ҳуд сураси ва унинг шериклари қаритди [яъни, шунга ўхшаш суралар]».
Бошқа бир ҳадисда: Ҳофиз Абу Яъло Икрима розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Сочингизни нима оқартирди?» деб сўраганларида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сочимни Ҳуд, Воқеа, Амма ятасаъалун ва Изаш-шамсу куввирот суралари оқартирди», деган эканлар».
Мақолани шу билан якунлашимиз ҳам мумкин эди. Ҳар бир киши ҳадис билан ёлғиз қолиши, у ҳақида ва у билан боғлиқ барча мулоҳазалар ҳақида ўйлаши учун. Лекин мен яна бироз қўшимча киритишни лозим топдим.
Биринчидан, бу ҳадис расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Қуръон ўртасида қанчалик кучли ва яқин муносабат бўлганлигини кўрсатади. Ўтмишдаги халқларга бериладиган жазолар, Қиёмат куни ва Жаҳаннам ҳақида ҳикоя қиладиган бу ва бошқа сураларни ўқиб, уларни онгигага чуқур сингдириб оларди ва ўзини улар контекстида тасаввур қиларди.
Иккинчидан, бизнинг Қуръонга муносабатимиз юзаки бўлиши мумкин эмас. У оддий илҳомлантирувчи ўқиш ёки ажойиб тарзда ифодали ўқиш билан чекланиши мумкин эмас. Қуръон сўзлари бизнинг қалбимизга чуқур сингиб кетиши, бизда ҳатто жисмоний из қолдириши лозим. Бу, ўз навбатида, машаққатли ишлашни, қатъийлик ва бор кучини сарф қилишни тақозо этади.
Учинчидан, ҳар бир авлоддан авлодга ўтишда Қуръондан узоқлашаётган бўлиб туяламиз. Фарзандларимиз ва умуман ёшларимиз Қуръон билан барча жоиз шаклларда мустаҳкам алоқага эга бўлиши лозим – бу келажакдаги уммат учун ҳаётий аҳамият касб этади. Бунга эришиш эса ҳаммамизнинг умумий бурчимиздир.
Ва ниҳоят, агар биз ўз фикрлашимизни ўзгартирмасак, Қуръон биз уни ҳурмат қиладиган, қадрлайдиган, севадиган, лекин уни тушуна олмайдиган Китобга айланиб қолади. Унинг сабоқлари, сўзлари, оятлари биз учун жумбоққа айланиб қолади, унинг ҳикмат дурдоналари деярли ҳеч ким унга етиша олмайдиган матн қаърида қолиб кетади.
Хулоса тариқасида расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳуд сураси билан бирлашуви (иттифоқ бўлиши) ягона бир воқеа эмас, узоқ давом этадиган ва ривожланадиган алоқа бўлганлигини кўрсатадиган яна бир ҳадисни мисол қилиб келтирмоқчиман.
Саҳиҳ Бухорийда ривоят қилинган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам булутни ёки шамолни кўрсалар бу дарҳол у зотнинг юзларида акс этарди. Оиша розияллоҳу анҳо: Эй Расулуллоҳ, одамлар булутни кўрсалар ёмғир ёғиб қолар, деб, хурсанд бўладилар, Сиз эса булутни кўрганингиз заҳоти юзингизда хомушлик пайдо бўлади, дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Оиша, у билан азоб келаётганидан қандай хотиржам бўлай. Бир қавм шамол билан азобланган. Улар шамолни кўрган пайтлари: «Бу бизларга Ёмғир келтирувчи булутдир», дедилар.
Бу ерда ҳикоя қилинадиган қавм Ҳуд Пайғамбар қавмидир. Шундай қилиб, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳуд алайҳиссалом тарихини шу қадар чуқур ҳис қилдики, бу ҳаттоки унинг хулқ-атворини ҳам ўзгартириб юборди.
Қуръони каримда: “У(азоб)нинг водийлари томон кўндаланг бўлиб юрганини кўришганда, бу кўндаланг бўлувчи, бизга ёмғир ёғдирур, дедилар. Йўқ! Бу ўзингиз орзиқиб сўраган нарса, аламли азоби бор бўрондир. У Роббисининг амри ила ҳар бир нарсани вайрон қилур. Бас, масканларидан бошқа нарса кўринмай қолди. Жиноятчи қавмларни шундоқ жазолайрмиз. (Од қавмига юборилган шамол алоҳида азоб шамоли эди. У Аллоҳнинг амри ила нимага тегса, вайрон (ҳалок) қилиши керак эди.)”, дея марҳамат қилинган (Аҳқоф сураси, 24-25).

Манба: Muslim Matters
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase