close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мусулмон шахс улуғ одамлар билан ҳамсуҳбат бўлади

Солиҳлар билан алоқа боғлаш, уларга яқин бўлиш, улардан дуо сўраш - тақводор мусулмоннинг хулқларидандир. Унинг мартабаси қанчалик улуғ, қадри баланд бўлмасин, бу борада қийинчиликни билмайди. Бунда у Аллоҳ таолонинг оятига амал қилади:

Солиҳлар билан алоқа боғлаш, уларга яқин бўлиш, улардан дуо сўраш - тақводор мусулмоннинг хулқларидандир. Унинг мартабаси қанчалик улуғ, қадри баланд бўлмасин, бу борада қийинчиликни билмайди. Бунда у Аллоҳ таолонинг оятига амал қилади:
“Сиз ўзингизни эрта-ю кеч Парвардигорларининг Юзини - розилигини истаб, У Зотга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)! Ва Биз қалбини Бизни зикр этишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!” (Каҳф сураси, 28-оят).
Чунки солиҳлар ўз ҳамроҳларига яхшилик, тақвони, сўз ва амалда тўғриликни беради, уларга динни тушунишни, ҳаққа юришни зиёда қилади, натижада у ҳам солиҳлар қаторидан жой олади.
Мусо алайҳиссалом билмаганларини ўрганиш учун бир солиҳ банда ортидан юрганлари Қуръонда зикр қилинган. Унга тавозу билан деди:
“Мусо унга: “Сенга билдирилган билимдан, менга ҳам Тўғри Йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?” деди”. Солиҳ банда жавоб берди: “У (Хизир) айтди: “Аниқки, сен мен билан бирга (илм машаққатларига) сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас”. Мусо алайҳи-салом одоб билан деди: “(Мусо) деди: “Иншо Аллоҳ, сен менинг сабр-тоқатли эканимни кўрурсан. Мен бирон ишда сенга осийлик - итоатсизлик қилмасман” (Каҳф сураси, 66-69-оятлар).
Чинакам мусулмон фақат яхшилар билан дўст бўлади. Чунки у ўз динининг кўрсатмасидан шуни биладики, одамлар конлар кабидир, улар ичида қимматбаҳолари бор, арзонлари бор. Зеро, хушбўй хушбўйга улфат бўлади.
Ҳақиқий мусулмон инсон ҳамроҳнинг ўзи икки нав - солиҳ ҳамроҳ ва ёмон ҳамроҳ бўлишини билади. Яхши ҳамроҳ мушки анбар кўтариб олган кабидир. У билан ўтирганда ширин ҳид - атр иси келади, шодлик келади. Ёмон ҳамроҳ эса занг пуфловчи кабидир, у билан ўтирганда олов алангаси, тутун, сассиқлик, қайғу келади. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзларида гўзал тасвирлаганлар: “Яхши ҳамроҳ билан ёмон ҳамроҳнинг мисоли мушки анбар кўтариб олган билан зангни пуфловчи кабидир - мушки анбар кўтариб олган кимса сенга ё мушкидан ҳадя қилади, ё сен ундан сотиб оласан, ёки ундан ширин ҳид таралади. Ёмон ҳамроҳ эса, ё кийимингни куйдиради, ё ундан сассиқ ҳид келади”.
Шунинг учун улуғ саҳобалар Аллоҳни зикр қилувчи, қалбларни юмшатувчи, хушуь, ибрат кўзёшларини оқизадиган яхшиларни зиёрат қилишга ундаганлар. Бу ҳақда Анас розияллоҳу анҳу қуйидаги воқеани айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Абу Бакр Умар розияллоҳу анҳуга: “Биз билан бирга Умму Айманнинг олдига боргин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни зиёрат қилганлари каби бизлар ҳам уни зиёрат қиламиз”, деди. Унинг олдига боришгач, Умму Айман йиғлади. Икковлари: “Нега йиғлаяпсан? Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун яхшироқдир”, - дейишди. Шунда у: “Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун яхшироқ эканлигини билмаслигимга эмас, балки осмондан ваҳий тўхтаб қолди, шунга йиғлаяпман”, - деди. Бас, унинг бу сўзлари Абу Бакр ва Умарни ҳам йиғлашга мажбур қилди. Улар ҳам йиғлашди.
Мана бундай фаришталар ўраб олган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз раҳмати билан соя ташлаган мажлислар инсон иймонини қувватлайди, руҳини тозалайди, қалбини равшан қилади, нафсини поклайди, унга, оиласига, жамиятга яхшиликни беради. Бу эса Ислом дини мусулмонларга қилган хитобининг асл мақсадидир.

Муҳаммад Али Ҳошимийнинг
"Мусулмон ахлоқи" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase