close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Аҳмад Муҳаммад. Зиёлининг ўлими

Инсоннинг табиати қизиқ экан. Бир хиллик тезда жонига тегиб қолади. Гоҳида уйнинг жиҳозларини алмаштиришга тушади, кеча ёққан кийими бугун дидига ўтирмай қолади, бир хил овқат меъдасига тегади. Ана шу турмуш икир-чикирларидан аста-секин ўзи яшаб турган макони ёки ҳаёт тарзини ўзгартиришга ўтиб қолади. Ишини ёки машғулотини ўзгартиради. Дўстларини алмаштиради. Юртини бошқа қилгиси келади. Булардан сўнг ҳатто жамиятни ўзгартиришга ҳам кўчади. Инқилоблар ана шундай пайдо бўлади.

Инсоннинг табиати қизиқ экан. Бир хиллик тезда жонига тегиб қолади. Гоҳида уйнинг жиҳозларини алмаштиришга тушади, кеча ёққан кийими бугун дидига ўтирмай қолади, бир хил овқат меъдасига тегади. Ана шу турмуш икир-чикирларидан аста-секин ўзи яшаб турган макони ёки ҳаёт тарзини ўзгартиришга ўтиб қолади. Ишини ёки машғулотини ўзгартиради. Дўстларини алмаштиради. Юртини бошқа қилгиси келади. Булардан сўнг ҳатто жамиятни ўзгартиришга ҳам кўчади. Инқилоблар ана шундай пайдо бўлади.
Бир гуруҳ одамларнинг тахт, ҳокимият илинжидаги, ўз манфаат ва интилишларини қондиришга мўлжалланган инқилоби қандай чиройли сўзлар билан, ялтироқ қоғозлар билан ўраб-чирмалмасин, миллионлаб одамларнинг осуда, бир маромдаги ҳаётини остин-устун қилиб юборади. Кечаги қадриятларни бугун йўққа чиқаради. Қийинчилик ва қурбонлар эвазига янги тартибларни жорий этишга ҳаракат қилади.
Зиёли инқилобдан олдинги ҳаётни элас-элас эслайди. Бой-камбағал деган гаплар бўлгувчи эди. Бироқ инқилобдан кейинги шўролар давридагидай зиқна ва очкўз бойларнию ночор ва ғариб камбағалларни кам учратган. Мартаба зинапояларининг энг қуйисида турувчи чоракорнинг ҳаёти шўро давридаги баъзи деҳқоннинг ҳаётидан тузукроқ эди, шекилли. Чунки чоракор ўз номи билан ўзи етиштирган ҳосилнинг чорак қисмига эга бўларди, хоҳласа, сотарди, хоҳласа, ўзи еярди.
Халқ ўтмишда саводсиз ўтган, деган гапларни эшитса, ҳозир ҳам тепа сочи тикка бўлиб кетади. Минг-минг мадрасаю мактабларда халқнинг боласи ўқимай, меҳмонлар келиб, таҳсил кўрибдими? Ўтмишдаги алломалар, фозиллар, шоирлар даражасида нега ҳозир даҳолар чиқмаяпти? Дадаси айтарди: “Ислом оламига устун бўлиб турган олти олимнинг беш нафари бизнинг Туркистондан. Бу юртнинг ерини қаттиқроқ тепиб ҳам бўлмайди, ўғлим”. Қани энди улар?
Ўшандоқ буюк алломаларни берган халқ ўзга юртда бўлган инқилобга эргашиб қай аҳволга тушди? Икки бора ёзувини ўзгартирди. Ўтмиш авлодлар қолдирган бебаҳо меросларни талон-тарож қилди. Қолганларига тиши ўтмай, хоналарга қулфлаб, эшик тагига пойлоқчилар қўйдирди.
Ғанимларнинг ҳийлаю найрангларига лаққа учиб, ўзининг энг иқтидорли фарзандларини душманга чиқарди. Бирини қаматди, бирини оттирди, бирини соясидан ҳам ҳуркадиган, йўтал эшитса, чўчийдиган қилиб қўйди. Пихи қайрилган, юзида табассуму, қўйнида оғу яширган маккор устозларнинг алдовига учиб, замини қўйнидаги барча бойликларини совурди. Яхши кўриниш учун уммонларини қуритиб, боғ-роғларини пайҳон қилиб, пахта экди. Эвазига бир ҳовуч танга олса ҳам, қуллуқ қилди, ялтоқланди, миннатдор бўлди. Ана шу мўлтонилиги эвазига узоқ вақт зулм, истибдод, хўрлик ва зорлик азобини чекишга мажбур бўлди.
Бир вақтлар хотини шаънига айтилган бир оғиз шалоқ сўз учун кечгача бўғишган ва пичоқлашган чапани халқнинг айрим авлодлари бугун аҳли-аёлини кўчага, бозорга ҳайдаб, хотиржам уйқуга кетадиган ҳамиятсиз, даюс бўлиб қолди. Бир замонлар бир дона товуқ ўғирлаган кишини тошбўрон қилган халқ бугун юртига, тилига, динига, тарихига чанг солаётган босқинчиларга лом-мим демайдиган бўлиб қолди.
Шунинг учун Зиёли ҳаётни ўзгартирамиз, турмушни яхшилаймиз, деб елиб-югурганларга кўпда хайрихоҳ бўлавермайди. Чунки ана шундай кишиларнинг ўндан тўққизи бирор манфаат йўлида, амал ёки мартаба учун жон куйдираётганини ички бир туйғу билан сезиб туради. Халқ бахти учун чинакамига жон фидо қилувчи, эвазига ҳеч қандай илинжи, тамаъи бўлмаган битта-яримтаси чиқиб қолса, энг аввало, халқнинг ўзи бадном қилади, ундан юз ўгиради. Чунки у кўпчиликка ўхшамайди, оммадан ажралиб туради-да! Оломондан фарқлансанг, сени албатта четга суриб ташлайди. Жоҳиллар жамоасининг қонунияти шундай!
Зиёли шу қисқагина, саксон йилдан ошиқроқ фурсат ичида кимларни кўрмади, кимлар билан рўбарў бўлиб, мулоқот қилмади. Қанчалаб чақалоқларнинг туғилганигаю қанчалаб одамларнинг омонатини топшириб, ер остига кирганига гувоҳ бўлмади. Аммо “ҳаёт ва ўлим” деган тушунчаларнинг тагига етолмади, сирини очолмади.
Мана, кимдир ўзига ато этилган умрни Аллоҳ буюрганидай яшаб ўтди. Ўзи яхши тарбия олди. Болаларини ҳам солиҳ инсонлар қилиб тарбиялади. Аллоҳнинг буюрганларини сўзсиз бажарди. Эртанги кунидан, охиратидаги ажр-мукофотларидан умидвор бўлиб яшади. Ҳалол касб билан ризқ излади. Ибодатини канда қилмади. Ўзганинг ҳаққини емади. Хушахлоқ бўлди. Ҳар бир куни учун, эришган ҳар бир нарсаси учун, ризқ ва неъматлар учун Аллоҳга тинмай шукрона айтди. У охиратидан ва оқибатидан хотиржам жон таслим қилади. Чунки Аллоҳнинг бу дунёдаги имтиҳонидан яхши ўтганига, ҳаётини солиҳ амаллар билан безаганига ишониб яшади ва ишониб фоний дунё билан видолашмоқда.
Яна шундай одам бор: умрини гуноҳ, фаҳш ишлар билан бесамар ўтказган. Аллоҳни, Унинг буюрганларини унутган. Ибодатни тарк этган. Ҳаётини залолатда ўтказган. Умрининг ниҳоясида ҳам тавба-тазарру ҳақида ўйламайди. Ўзини оғир жазо, аламли азоблар кутаётганини англаб етганида ҳам кўзи очилмайди. Аллоҳга исён қилаверади. Унинг солиҳ бандаларини кўролмайди. Аламидан улардан ўч олишга тиришади. У «Ўлиб кетсам, танам тупроққа қоришиб, йўқ бўлиб кетади, ҳисоб-китобдан қутулиб қоламан», дея ўзини қанчалар овутмасин, барибир Яратганнинг жазосидан омонда қолмайди.
Зиёли кейинги йигирма йил ичида ўлимни жуда кўп эслайдиган бўлиб қолди. Кунига юз марталаб ўлим билан юзма-юз бўлади. Вужуди титраб-қақшаб, «минг ўлиб, минг тирилади».
Ўлим ҳақлигини фақат Зиёли эмас, ҳамма билади. Ундан на яхши, на ёмон, на олим, на жоҳил, на пайғамбар, на уммат, на бой, на камбағал, на ҳукмдор, на фуқаро, на диндор, на даҳрий, на катта, на кичик, на соғ, на бемор, на бақувват, на нимжон, хуллас, ҳеч ким қочиб қутула олмаган. Аллоҳ: «Ҳар бир жон (нафс эгаси) ўлим шарбатини тотгувчидир», деб ваъда қилган. Одамзод қандай ҳийла қилмасин, қаерга беркинмасин, оҳ-фарёдлар чекмасин, ажал фариштасининг қўлидан қочиб қутулолмайди. Чунки Парвардигорнинг амри шу, ҳукми шу!
Ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломдай Аллоҳнинг суюкли ҳабиби ва расули ҳам ўлимни кўп эслаган эканлар. Зиёли Расулуллоҳнинг шундай деганларини ўқиган эди: «Аллоҳга қасамёд этаманки, кўзларимни очсам, ўлим кўринади, юмганимда ҳам ўлим кўринади ёки оғзимга бир луқма солсам, бўғзимда қолади. Эй одам фарзандлари, ҳайратланманг. Аллоҳга қасамки, ўлим муқаррар келади».
Зиёли ўлимини кўпдан буён кутади. Ҳар оқшом уйқуга ётиш олдидан калимасини келтиради. Гуноҳлари мағфиратини сўраб, Аллоҳга узоқ ёлборади. Кейин «Мабодо ўлиб қолсам, ғассол қийналмасин», деган хаёлда оёқларини бир-бирига теккизиб, борича чўзади, қўлларини ёнига қўяди. Ҳаттоки, иягимни боғлашда қўшнилар шошиб қолмасин, деб чит белбоғини тахлаб кўринарли жойга қўяди. Кафанлиги ҳам шундоққина кўрпача йиғилган тахмонда, гоҳида Зиёли уни қўлга олиб, бир-икки силкитади, чангини қоққан бўлади.
Зиёли бу дунёда қиладиганини қилиб бўлди. Аллоҳ берган умрни ўз билганича яшаб ўтди. Савобини билмайдию, гуноҳи етарли. Аммо қанча уйқусиз тунларда Холиқига ёлбориб, тавба-тазарру қилгани, дарё-дарё кўз ёши оқизгани эсига тушиб, қалби таскин топади. «Аллоҳим гуноҳларимни албатта кечирган», деган қатъий ишонч армонли дилига тасалли беради. Хотирини жам қилади. Ўлим қўрқуви чангдай тўзиб кетади. Қалбида ажиб бир интиқлик, интизорлик билан ўлимни кутади. Тезроқ жаноби Ҳаққа қовушмоғини ўйлаб энтикади, ҳаяжонга тушади...
Зиёли “Мана, бир ёшга улғайдик”, деб бир-бирларини қутлаб юрган маҳалладошларини кўриб энсаси қотади: “Хўп, бир йилни олов қоғозни ямлаб, йўқ қилгани каби йўқотибсан. Уни не эзгу, солиҳ амал ила безадинг? Қайси ишинг билан Аллоҳнинг розилигини топдинг? Ўзингга берилган беҳисоб неъматлар, уй-жой, кийим-таомлар, ширин фарзандлар учун Хожангга шукрона айтолдингми, ҳаққини адо этолдингми?
Йилларни-ку қўятурайлик, уйқуга ётиш олдидан “Бугунги кунимни қандай ўтказдим?” деб ўзимиздан сўрашга ҳам эринамиз. Бугун эзгулик қасрига битта ғишт қўя олдикми? Ота-онамизнинг дуосига мушарраф бўлдикми? Битта кўнгли синиқ ғарибга тасалли беролдикми? Бир муҳтож кишининг ҳожатини чиқардикми? Фарзандимизни, яқинимизни солиҳ амалга даъват қилолдикми?”
Аммо Зиёли шунга аминки, бу саволлар кўпчиликнинг эсига ҳам келмайди. Шиддаткор ҳаётнинг пўртаналарида сузаётган одамлар бу ҳақда ўйлаб кўришга ҳам эринадилар. Онда-сонда кўзлари “ярқ” этиб очилиб қолса ҳам, дарров бу “нохуш” саволларни миядан қувишга уринадилар. Чунки ҳамма “ширин” дунёнинг лаззат-оромларига кўмилган. Гўё одамзод фоний оламда мангу яшаб қоладигандай хотиржам. Гўёки ўзига берилган неъматлар осмондан ёғилаётгандай кўнгли тўқ. Гўёки бу ҳаёт фақат мазза қилишга бериб қўйилгандай, эртасини ўйламайди.
Йўқ, намозсиз азон билан азонсиз намознинг ораси жуда яқин. Бақо дунёсидан фано оламига Тақдир камонидан отилган Ажал ўқи Одам болаларига битта-битта келиб санчиляпти. Зиёли ҳам ана шу қисматни кутиб яшаяпти. Бугун ана шу ўқ уни ҳам нишонга оляпти. Гап фақат умрни қандоқ ўтказганида, амаллар сандиғини қандай “сеп” билан тўлдирганида қолди...

Аҳмад Муҳаммад

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase