close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

«Ислом феминизми» нимага олиб келади?

Етакчи мусулмон феминистларидан бири мусулмонлар Қуръонга «йўқ» деганда ўзини қулай ҳис қилиши лозим деб ёзганди. Энди эса мусулмонлар феминизмга «йўқ» дейиш ва ўзини қулай ҳис қилиш вақти етиб келди деб ўйлайман. Мен ўз хотинимни илк бор иккаламиз ҳам Гарвардда талаба бўлган пайтимиз учратганман.

Иккаламиз ёшликдан ўзимизни феминист деб ҳисоблардик, чунки аёлларга нисбатан уйдаги зўравонлик даҳшатлари ҳақида кўпинча атрофдагилардан эшитгандик ва ўз тажрибамизда кўргандик. Иккаламиз ҳам бу жабр-зулмга қарши курашиш ва аёлларга руҳий ёки жисмоний жароҳатлардан омон қолишга ёрдам беришни истардик. Иккаламиз ҳам аёллар ва қизлар ҳурмат-эҳтиром, меҳр-муҳаббат, қўллаб-қувватлаш ва барча одамлар шунга лойиқ бўлган барча ҳуқуқлардан умид қилиш мумкин бўлишига интилардик.
Биз ҳалигача шундай ўйлаймиз. Ҳамон шу нарсани истаймиз.
Ўша пайтлар бизга дунёни қутқаришнинг йўли феминизмда бўлиб туюларди. Лекин йиллар ўтган сари феминизм – ечим эмаслигига ишонч ҳосил қилиб борардик. Боз устига, феминизм – бошқа, жиддийроқ бир муаммога олиб борадиган шартдир.
Ҳақиқатда бу ғояда жуда кўп муаммо бор.
Феминизм азалдан динга қарши, оилага қарши ҳаракат сифатида юзага келган. Бу шунчаки мусулмонлар эътиқодига мос келмайдиган «феминизм томонларидан бири» эмас. Айрим мусулмонлар буни тан олиши қанчалик оғир бўлмасин, бу ислом дини билан бир вақтда ва бир жойда бўла олмайдиган феминизмнинг асосидир. Буни тушуниш учун, барча машҳур феминизм назарияси вакилларининг мақолаларини ўқиб чиқинг – феминизмнинг «биринчи тўлқини»дан «учинчи тўлқини»гача – бу хулоса шак-шубҳасиз эканлигини кўрасиз. Қуйида бир нечта мисол келтириб ўтамиз.
Мусулмонлар феминизмнинг моҳиятини тушунишлари муҳим, чунки уларнинг кўпчилиги ҳозирги кунда ўзини бу ҳаракатнинг бир қисми деб ҳисоблайди ва кўпинча уларда ҳам, худди бир пайтлар мен билан хотинимда бўлгани каби, ўша сабаблар кузатилади. Бу хавфлидир, чунки кейинчалик маълум бўлишича, феминизм ғоялари мусулмонлар эътиқодига таҳдид солар экан. Ислом ва феминизм ўртасида юзаки даражада ҳам, чуқурроқ муаммолар ҳам мавжуд. Биз феминизм муаммоларини диққат билан деталлаштириш зарур деган фикрга қўшиламиз, лекин мусулмонлар билан боғлиқ ҳолатда нима учун бу қадар кўп мусулмон феминист аёллар пировардида исломдан чиқиб кетяпти деган саволни беришимиз кифоя.

Рақамлар

Ўзини феминистлар билан бир деб қарайдиган аёллар оддий аёлларга қараганда динга нисбатан мойиллиги пастроқдир. Умумий ҳисобда 10 та аёлнинг 7 таси ўзини маълум бир дин – иудаизм, насронийлик, ислом ва ҳ.к. билан боғлиқ деб ҳисоблайди. Бироқ феминист-аёллар ўртасида фақат 10 дан 1 та аёл ўзини шундай деб ҳисоблайди.
Лекин бу аёллар ўртасида феминизм туфайли динни тарк этиш тенденциясини кўрсатмайдими? Ҳа, буни бошқа статистика ҳам тасдиқлайди. Масалан, 1993 йилдан 2013 йилгача бўлган даврда АҚШ да ўзини дин билан боғлиқ деб ҳисобламайдиган аёллар сон уч баравар ўсди. Бу даврда ўзини дин билан боғлиқ деб ҳисобламаган аҳолининг фоиз кўрсаткичи ортиб борди, лекин айнан дин билан боғлиқ бўлмаган аёллар сонининг ўсиши айниқса муҳимдир. 1993 йил атеистлар ва агностикларнинг 16%и аёллар бўлган, лекин кейинги 20 йил давомида уларнинг сони қарийб уч марта ўсган ва 43%га етган.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, дин билан боғлиқ эмасликнинг кескин ўзгариши интернет ва ОАВ орқали феминистик ва дунёвий мафкуралар тарқалиши билан боғлиқ.
Статистикани четга суриб қўйиб, мусулмонлар жамиятидаги тенденцияларга назар ташлаймиз: исломни тарк этган эркаклар ва аёллар уларни муртадликка олиб келган сабаблар ҳақида ошкора ёзади ва биз бу сабаблар ҳақида ўйлаб ўтиришимизга ҳам ҳожат йўқ. Улар тўғридан-тўғри баёнот берадиларки: Ислом, Қуръон ва Расулуллоҳ (с.а.в.) патриархат ва жабр-зулм рамзи ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, ислом феминистик эмас, шу сабабли қандай қилиб феминист аёл мусулмон аёл бўлиши мумкин?

Тубсизлик сари йўл

Ўзини феминист деб атайдиган аёллар ҳозир уларнинг феминизми диндан қайтишга, муртадликка олиб келишини инкор қилади. Шу ерда бир нарсага изоҳ бериб ўтишни истардим: мен ўзини феминист деб ҳисоблайдиган ҳар бир мусулмон аёл якуний ҳисобда исломдан чиқади деб таъкидламайман. Такрорлайман: ўзини феминист деб ҳисоблайдиган ҳар бир мусулмон аёл якуний ҳисобда исломдан чиқади деб таъкидламайман.
Пляжда акулалар бор жойда сузадиган ҳар бир сузувчи ҳам уларнинг қурбони бўла олмайди, лекин унинг қурбони бўлиш эҳтимоли жуда юқори. Кучлироқ сузувчилар яралансада, сувдан тирик чиқиб олади, қолганлар эса акулалар учун емиш бўлишга маҳкум.
Феминизм мусулмонлар жамиятнинг бутун бошли қаторларини ютиб юборди. Агар биз умуман имон ҳақида, хусусан, келгуси авлодлар имони ҳақида ташвиш қиладиган бўлсак, ушбу динамикани бошқа писанд қилмаслигимиз мумкин эмас.
Бу муаммони ҳал қилиш учун дастлаб муаммо мавжудлигини тан олиш керак. Чунки айнан шу жойда мен кўнгил совушига дуч келдим. Мусулмонлар жамоати, айниқса АҚШда феминизм зарарли экани ва эътиқодга тўғридан-тўғри хавф солишини тан олишни истамаяпти. Айрим ташкилотлар эса умуман шу даражада сиёсий руҳга эга бўлгандики, уларнинг фаоллари партия чизиб берган чизиққа етарли даражада қатъи рия қилмайдиган ҳаммага ҳужум қиларди.
Лекин қанчалик ноқулай бўлмасин, биз ушбу хавфга қарши туришимиз лозим. Феминизм ҳақида гапириш вақти келди, дин етакчилари, имомлар, олимлар ва уламолар белкуракни белкурак деб атай бошлашлари лозим. Гаровга жуда катта нарса қўйилганди ва феминистик мараз натижаси ўзини узоқ куттириб қўймади. Ўн йил, эҳтимол, беш йилдан кейин, биз ортга назар ташлаб, айнан нима нотўғри кетгани ҳақида ўйлайдиган бўлсак, жуда кеч бўлиши мумкин. Ҳозирнинг ўзида ҳаракат қилиш керак.
Мақоламдан мақсад шуки, феминизм – муртадлик сари тўғридан-тўғри йўл эканлигини асослаб бериш лозим. Умид қиламанки, ўзини шу йўлда кўрган мусулмонлар буни тушуниб етади ва худди бундан бир неча йиллар олдин мен турмуш ўртоғим билан жазм этгандек, тўхташга, ўз қарашларини қайта кўриб чиқишга, уларни ўз эътиқоди билан боғлашга жасорат топа олади.
Ортиқча такаллуфларсиз, мана сизга мусулмонларнинг муртадлик сари феминистик йўли.

1-босқич

Ҳаммаси айрим мусулмон эркаклар мусулмон аёлларга бўлган муносабатдан ўринли эътирозлардан бошланади. Бизнинг жамиятимизда ҳамон жисмоний ва руҳий жабр-зулм кўрсатишнинг хилма-хил турлари билан ифодаланган уй зўравонлиги ўринга эга бўлиб турибди. Аёлларнинг эҳтиёжлари ва муаммоларини писанд қилмайдиган мусулмон муассасалари ва масжидлар кошидаги махсус ташкилотлар мавжуд. Ислом дунёсининг айрим маданиятларида қиз болалар априори ўғил болалар учун фойдали бўлган жиноий нуқтаи назардан адолатсиз иккиюзламачилик стандартлари қурбонига айланмоқда. Энг аянчлиси, баъзида масъул томонлар худбинлик ва нодонлик туфайли Қуръонга ёки маълум бир ҳадисга ҳавола қилган ҳолда аёлларга нисбатан ўзининг писанд қилмаслик ёки шафқатсиз муносабатини оқлашга уринади.
Бироқ бу муаммоларнинг ечими – феминизм эмас. Нодонликка қарши исломий билимлар билан курашиш керак. Бу билимларни ҳақиқий уламолар, модернизм, либерализм ва феминизм таъсирига учрамаган уламо тақдим этиши лозим.
Бироқ, афсуски, ҳақиқий билимни олишнинг имкони доим ҳам бўлавермайди, шу сабабли мусулмонлар (эркаклар ҳам) ўз позициялари ва бошдан ўтказган жароҳатларни ифодалаш воситаси сифатида феминизмни танлаб олдилар. Шу тариқа мусулмонлар сирпанчиқ феминизм йўлини танлаб, ҳалокат томон ҳаракатлана бошламоқда.
Агар аёлларга зулм қилиш оғриқли ҳисобланадиган бўлса, исломда буюрилган нарсалар ва одоб-ахлоқ табиий, «органик», соғлом малҳам ҳисобланади, феминизм эса – бу касалликдан фақат мижозни заҳарлаш йўли билан, қўшимча ўнлаб касалликлар юзага келтирган ҳолда халос этиши мумкин.
Қандай қилиб феминизм уйдаги зўравонликларни, масжидлар беписандлиги ва аёллар ҳуқуқларининг бошқа турдаги камситилишини концептуаллаштиради? Тўғри, «Буларнинг ҳаммаси патриархат!». Яъни, уларнинг нуқтаи назаридан, муаммо ижтимоий гуруҳ сифатида эркакларда (шунингдек, патриархатга тан берган аёлларда). Яъни ҳамма муаммо табиатан аёлларга нисбатан устунлик қилишга, уларни бўсундириш ва улардан фойдаланишга интиладиган эркакларда.
Кечирасиз-у, лекин бу муаммога нисбатан жиноий ёндашув. Ва айнан у феминист онгида аста-секинлик билан ғолиб чиқади…

2-босқич

Биринчи босқичда муаммолар аёллар ҳуқуқларининг ҳақиқатда бузилиши билан боғлиқ эди. Иккинчи босқичда эса муаммолар мавҳумроқ ва бироз қизишган характерга эга бўлади.
Нима учун Ислом конференциясида аёллар иштирок этмайди? Нима учун плакатда эркак нотиқларнинг фотосуратлари бор, лекин аёл-нотиқлар учун фақат умумий белгилар қўйилган? Нима учун эркак-имом ҳижоб ҳақида ва аёллар кийиши керак бўлган нарсалар ҳақида гапиради? Нима учун умуман аёллар қандай кийиниши билан эркак-мусулмонларнинг иши бор? Нима учун масжид эркаклар ва аёлларни ажратади? Нима учун гендерли сегрегация (ёки баъзида айтишларича «гендерли апартеид») ҳозирги кунда ҳам долзабр бўлиб турибди? Нима учун эркак-мусулмонлар яққол имтиёзларга эга? Нима учун аёллар камтарлигига бу қадар катта эътибор қаратилади? Қандай қилиб эркаклар аёлларнинг муаммолари ҳақида гапиришга жазм этади?! Қандай қилиб эркаклар феминизм ҳақида гапириши мумкин (бу ерда феминизм систематик равишда эркаклар томонидан аёлларни сурункали равишда жабрлашда айблаши писанд қилинмайди, ўйлаш мумкинки, айбланувчида бундай жиддий баёнотларга жавоб қайтариш ҳуқуқи йўқдай: нима, сиз «эркакларнинг олдини оласиз»ми!)?! ва ҳ.к. ва ҳ.к.
Бундай саволларга универсал жавоб, албатта, биринчи босқичданидай: «Буларнинг ҳаммаси патриархат!» бўлиб қолаверади.
Биринчи босқичдан фарқли равишда, иккинчи босқич муамммолари ислом дунёқараши ва унинг қоидалари билан асослаб берилган. Улар ғарб феминистик ва либерал йўналиши билан белгилаб берилади. Бу ҳолат шундан маълумки, иккинчи босқич феминист аёллари ислоий ҳуқуқнинг барча мактабларида мустаҳкам асосга эга бўлган нарсалар, масалан, турли жинс вакилларини ажратиш, камтарлик, дресс-код, аёллар омма олдида чиқишини ва номаҳрам эркаклар билан мулоқот қилишини чеклаш. Бироқ, қоидага кўра, ушбу босқичга етиб келган феминист аёллар ислом юрисдикцияси масалаларида билимсиз бўлади. Уларга санаб ўтилганларнинг барчаси ислом ҳуқуқининг бир қисми эканлиги айтилганда, уларга учинчи босқичга ўтадилар.

3-босқич

Учинчи босқичда исломий фанлар ўқ ёмғири остида қолади. Иккинчи босқичда хафагарчиликлар замонавий мусулмон-эркакларнинг аёлларга муносабати билан боғлиқ эди. Бироқ эндиликда бу ғазаб бутун ислом тарихи давомида бўлган эркак уламоларга қарши қаратилади.
Мана энди ҳозирги кундаги катта ва қўрқинчли патриархат ўтмишнинг сексистлари меросига айланади. Бошқача қилиб айтганда, феминист аёлнинг кутилмаганда ушбу босқичда хаёлига келиб қолади: ўтмишдаги олимлар ўз мулоҳазаларида замонавий «хотинбезор-олимлар»дан катта фарқ қилмаган.
Агар биз ислом ҳуқуқининг буюк намоёндалари китобларига мурожаат қиладиган бўлсак, уларни феминизм «жирканч патриархат» ва хотинбезорлик тимсоли деб ҳисоблайдиган материалларга тўла деб топамиз. Шу сабабга кўра учинчи босқичда ҳозирги олимлар, ислом ташкилотлари ва уларнинг позицияларига уруш эълон қилган кўплаб мусулмон аёллар, ўтмишдаги олимлар китобларининг матнларини кўриб, даҳшатга тушадилар ва ислом таълимотидан хафсаласи пир бўлади.
Шу пайтдан бошлаб мусулмон феминист аёл эндиликда фақат Қуръон ва ҳадисларга суянишини айтади, чунки эркак-олимларнинг талқини уни қониқтирмайди. Лекин бу ҳам ҳали охири эмас …

4-босқич

Қуръон 4:34; Қуръон 2:228; аёлларнинг гувоҳлиги, мероси ҳақида; “ақли ва дини ноқис...”; “жаҳаннам аҳлининг кўпи аёллар экани”; “Агар Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш мумкин бўлганида...” ва ҳ.к. ва ҳ.к. Мусулмон феминист аёл буни қандай қабул қилиши мумкин? Аллоҳнинг ваҳийси қандай қилиб битта эмас, иккита эмас, бир талай «хотинбезорлик» бевосита ифодаларидан иборат бўлиши мумкин»?
Учинчи босқич кечикмасдан тўртинчи босқичга ўтади:
«Эҳтимол, буларнинг барчаси нотўғри талқин қилингандир. Эҳтимол, агар биз эгилиб, суриладиган ва жуда ҳаракат қиладиган бўлсак, ушбу оят ёки ушбу ҳадисни бошқачароқ тушунтириб беришимиз мумкин. Эҳтимол, биз 7-аср (8-аср, 9-аср, 10-аср….) одамлари учун сўзамоллик, ҳикмат ва адолат чўққиси деб тан олинган ваҳийни 20 ва 21-аср профессорларининг секуляр гендер тадқиқотлари пойинтар-сойинтар демагогияси билан муросага келтира олармиз. Бўлиши мумкин, ахир ҳамма нарса бўлиши мумкин! Ҳар нарса бўлиши мумкин!».
Бундай соддадил муносабат феминизмнинг юрагига зарба берадиган со-саноқсиз ҳадислар ва Қуръон оятларининг барчаси очилмагунга қадар узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин. Мусулмон феминист аёл қанчалик кўп бундай шариат матнларини биладиган бўлса, унинг 4-босқичга ўтиш эҳтимоли шунчалик юқори бўлади.
Мусулмон феминист аёл ушбу босқичда феминизмни ислом билан тўлиқ муросага келтиришнинг ягона йўли бу – Қуръоннинг илоҳийлиги ва Пайғамбар Суннатининг қонунийлигини инкор қилиш эканлигини англаб етади.
Ҳа, «Биз Қуръонга «йўқ» дейишимиз лозим!» деб ошкора айтадиган «ислоҳотчи-мусулмон аёллар» айнан шу ерда жойлашган. Айнан шу ерда, мана шу босқичда барча пайғамбарларни уялмасдан таҳқирлайдиган ва ҳақорат қиладиган инқилобчи аёллар пайдо бўлади, чунки фаҳмалган бўлсангиз, «буларнинг ҳаммаси – патриархат!».
Энди улар худога шак келтириш ва қуйидаги каби ҳолатларни тарғиб қилиш учун етарли даражада жасурлар: намозда эркакларга бош бўладиган аёллар, мусулмон аёлларнинг мусулмон бўлмаган эркаклар билан никоҳи, бир жинс вакили бўлган мусулмонлар ўртасида никоҳ, трансгендер-мусулмонлар, зино, умуман олганда, борган сари қўрқинчлироқ ва даҳшатлироқ. Феминизм аёллар онгида шу қадар тез ўсадики, нафақат исломий фанлар мактабини сиқиб чиқаради, балки умуман аёлларга қандай яшаш кераклигини кўрсатадиган қонунлар мажмуига (ушбу ҳолатда – шариат ва суннатга) ўрин қолдирмайди. «Бу Аллоҳнинг амри» деб айтадиган ҳар қандай кимса шу ондаёқ патриархал золимга айланади (феминизм нуқтаи назаридан, «буйруқ бериш, амр қилиш» – бу ҳар қандай ҳолатда ҳам патриархал тушунча).
Ушбу босқичда, сиз тушунганингиздек, бу феминист аёллар ўзини қандай атамасин, мусулмон аёллиги қолмайди. Бу нарсаларнинг ҳаммасини қабул қилиш ва ўзини аввалгидек мусулмон деб ҳисоблаш мумкин эмас. Когнитив диссонанc бу ерда бир чегара нуқтасига эришади, ва мусулмон жамоа одатда бу одамлар жазм қиладиган Ислом рамзларини таҳқирлаш ва куфрга душманларча муносабатда бўлади (ва тўғри қилади), уларнинг Ислом билан усиз ҳам тасаввур қилинадиган эмоционал алоқаларини йўққа чиқаради. Бунинг ортида бешинчи босқич келиши муқаррар.

5-босқич

Бу ерда ички азоблар энг юқори поғонага чиқади. Исломдан чиқишни тўғридан-тўғри белгилаш учун кўп нарса талаб қилинмайди:
“Агар Худонинг жинси бўлмаса, нега унда у ваҳийларида Ўзи ҳақида эркак жинсида гапиради?” Нима учун биринчи одам эркак бўлган, аёл эмас? Нима учун Қуръондаги тарихий ҳикояларнинг кўпчилиги эркаклар ҳақида, аёллар ҳақида эмас? Нима учун Аллоҳнинг сўнгги Пайғамбари эркак бўлган, аёл эмас? Нима учун Худодан вахий фақат эркаклар орқали келган, аёллар орқали эса биронта ваҳий келмаган?
Мусулмон киши учун аҳмоқона бўлган бундай саволлар ёмғири уларни очиқдан-очиқ куфрга, яъни муртадликка олиб келади. Бу ерда феминист аёллар тўдалашиб жарликка қулайди
Нимага ўзи Худо патриархатни яратган? Ахир Худо бутун дунё аёлларини қул қилиш ва улар устидан минг йиллар давомида зўравонликка йўл қўйиб берган?
Феминизм бундай саволларга бериши мумкин бўлган ягона жавоб: «динни аёлларни бўйсундириш ва иоатда ушлаб туриш учун эркаклар ўйлаб топган».
Бўлди. Тамом.
Феминизм хавфи домино эффектидадир. Одам ҳар қандай адолатсизликни унга тўнкаган ҳолда ўзи учун «буларнинг ҳаммаси патриархат!» позициясини танлаши билан, қолгани – вақт билан боғлиқ масала, холос. Бешинчи авлод феминист аёллари ўзида ислом ва феминизмни бирлаштира оламан деб ҳисоблаган аёллардан кўра виждонли, интеллектуал ва изчилроқдир.

Биринчи тўлқиндан

Ўқувчи савол бериши мумкин: «Феминизмда айнан нима муаммо ҳисобланади?». Ҳақиқат шундаки, феминизмнинг моҳияти, унинг ўзаги муаммо саналади. Бу ерда ирқчилик билан ўхшатишни келтириш мумкин. кўпчилигимиз ирқчилик муаммо эканлиги, танасининг ранги ўзгача ёки бошқа миллатга мансуб одамларга қарши ирқчилик диндор одам образига мос келмаслигини тан оламиз. Гарчи, агар бироз чуқуралашадиган бўлсак,  Ку-клукс-клан ҳаракати ирқчилиги ва неонацистлар ёки альт-ўнглар ирқчилиги – бу битта нарса эмаслигини кўриш мумкин. Ҳар бир мафкура ўзига хос нозик жиҳатларга эга. Лекин ирқчиликнинг моҳияти барча кўринишларда ўзгармаган бир пайтда нозик жиҳатлар аҳамиятга эга бўлармикан?
Бу ерда шуни аниқлаштириш керакки, мен феминизмни ирқчилик  мафкураси деб ҳисобламайман. Мен фақат феминизмнинг қолган муаммолари орасида бу ҳаракат мафкурасини қабул қилган мусулмонларда эътиқод инқирози бир ёқламалиги ва улар умуман эътиқодни тарк этишини айжратиб кўрсатмоқчиман. Буни тасодиф ёки статистикадаги кичик хато деб бўлмайди. Бу хулосани асослаш учун мен энг машҳур вакиллари мисолида феминизмнинг моҳияти ва келиб чиқишига эътибор қаратишни таклиф қиламан.
Феминизм бошидан динга қарши эди. Феминизмнинг ҳар бир тўлқинида барча асосий шахслар агрессив равишда динга қарши бўлганлигини айтиш муболаға бўлмайди.
XIX асрда, феминизм энди вужудга кела бошлаган ва «аёлларнинг сайлов ҳуқуқи учун жамоатчилик ҳаракати» (биринчи тўлқин) деб аталган пайтда бу ҳаракат издошлари анъанавий мазҳабларни «аёлларни бўйсундириш воситаси» деб атаган. Илк феминистик ғоялар раҳнамолари диний ташкилот ва муассасалар нафақат аёллар ҳуқуқлари заифлашувига хизмат қилади, балки ҳақиқатда хотинбезорликнинг асосий генератори ва катализатори деб ҳисоблаган. Сьюзен Б. Энтони – аёллар сайлов ҳуқуқи учун жамоатчилик ҳаракатининг марказий вакилларидан бири – қайд этишича: «Асосий душман [аёлларнинг] минбар ортида турибди». Энтони тез-тез анъанавий динга қарши чиқарди: «Қандай даҳшатли зот бўлиши керак – очликдан азоб чекаётганлар сонини оширадиган ва уларнинг кун кўриши учун нонни аяйдиган бу худо!». Хусусан, уюшган дин ғоясининг ўзи ҳақида Энтони қуйидагича фикр билдирган: «Мен Коинот Парвардигори унинг олдида тиз чўкиб, уни «буюк» деб аташимдан хурсанд бўлишини тасаввур қила олмайман».
XIX асрда «биринчи тўлқин» вакилларидан яна бири бўлган феминист аёл Хелен Х. Гарднер Библия ва насронийликнинг аёлларга нисбатан «жиноятлари» ҳақида батафсил ёзган:
«Бу дин ва Библия аёллардан ҳамма нарсани талаб қилади ва уларга ҳеч нарса бермайди. Улар аёлдан қўллаб-қувватлаш ва муҳаббатни талаб қилади, лекин бунга жирканиш ва жабр-зулм қилиш билан жавоб беради [...] Насроний мамлакатда қачонлардир аёлларга нисбатан содир этилган ҳар бир адолатсизлик «Библия томонидан рухсат этилган» ва минбар томонидан тасдиқланган».
Бироқ Хелен Гарднер динга бўлган нафратида насронийлик билан тўхталиб қолмади. «Эркаклар, аёллар ва худолар» номли китобида у ёзадики:
«Ҳаттоки дин ўзининг ғайритабиий келиб чиқиши ҳақида даъво қиладиган бўлсада, ўйлайманки, уларнинг ҳаммаси шундай деб таъкидлайди, у инсон онги томонидан танқидий баҳоланиши лозим; агар бизнинг энг юқори ахлоқий тамойилларимиз унинг исталган диктатларига дуч келадиган бўлса, диний диктатлар чекиниши лозим. Чунки исталган динда ягона неъмат – бу одоб-ахлоқдир, одоб-ахлоқ эса эътиқод билан ҳеч қандай умумийликка эга эмас. Одоб-ахлоқ – бу дунёдаги эзгу ҳаракатлар, эътиқод эса – Абадият ҳақида орзулар. Одоб-ахлоқ – реал зарурат, эътиқод эса – Абадият ҳақида орзулар. Одоб-ахлоқ умумий эволюцияга боғлиқ, эътиқод эса – ўзига хос «ваҳийга», биронта аёл бу дунёга таклиф қилинган «ваҳий»лардан бирини қабул қила олмайди.
Муса ёки Конфуций, Муҳаммад ёки Павел, Иброҳим ёки Бригам Янг таъкидлаганидек, уларнинг ақидаси бевосита Худодан олинган ва бу танланган одамлар у билан шахсан алоқа қилганлиги биз учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, агар уларнинг таълимотлари бизнинг юқори ғояларимиз, олижаноб мақсадларимиз ва ҳаёт ҳақида соф тасаввурларимиз билан мос келмаса. Уларнинг қайси бир бундай таққослашга дош бериши мумкин? Ҳозирги кунгача одамларга маълум бўлган биронта «ваҳий» ҳатто ўн тўққизинчи асрга ҳам: «Мен сизнинг энг юқори ютуқларингизга мос келаман; мен сизнинг олий фикрларингизни қўллаб-қувватлайман; мен ўз талабларим билан адолат ҳиссини шокка туширмайман» деб очиқ айта олмайди. Биронтаси.
Динга нисбатан бундай душманликни биринчи тўлқин феминист аёлларининг деярли ҳар бир чиқишлари ва китобларида топиш мумкин бўлиб, уларнинг бири шармандали шуҳрат қозонган «Аёллар Библияси» номи остида маълум бўлган Элизабет Кейди Стэнтон эди. Агар мусулмон феминист аёллари «Аёллар Қуръони» ёзишга қарор қилганларида улар барча феминист аёллар ичида экстремаллик ва қатъийлик даражаси энг паст бўлган ўтган аср феминист аёллари билан тенглашган бўларди, холос.
Шундай қилиб, биринчи тўлқинда динга қарши кайфиятлар тугамайди. «Иккинчи тўлқин»ни кўриб чиқамиз. Уни руҳлантирган ғоявий раҳнамонинг исми-шарифи Симона де Бовуар эди. У динга нисбатан ўз муносабати ҳақида қуйидаги сўзларни айтган:
«Эркаклар улар буюрадиган нарсаларни маъқуллайдиган худо кўринишидаги катта афзалликдан фойдаланади. Аёллар устидан ҳукмронликка эга бўлган эркак учун бу ҳукмронлик унга Олий Зот томонидан юкланган бўлса, хос муваффақият бўлади. Яҳудийлар, мусулмонлар, насронийлар ва бошқаларда эркак киши илоҳий ҳуқуқ бўйича хўжайин деб аталади; шу сабабли Худонинг олдида қўрқув шўрлик аёлда бош кўтаришга ҳар қандай импульсларни бостиради».
Иккинчи тўлқин вакили бўлган бошқа бир машҳур феминист аёл Глория Стейнем айтишича: «Бу ҳайратда қолдирадиган ёлғондир – агар сиз бу ҳақда ўйлаб кўрсангиз – ўлимдан кейин ҳаёт эвазига бирор нарсага ишониш. Ҳатто ўзининг барча мукофот тизимлари билан бирга корпорациялар ҳам бундай ҳийла-найрангга бормайди». Берган интервьюларидан бирида Стейнемга савол беришди: «Ҳозирги кунда феминизмнинг энг катта муаммоси нимада деб биласиз?». У жавоб берди: «Бу биз жуда ҳам кам муҳокама қиладиган муаммо - дин. Ўйлайманки, маънавийлик бу бир нарса, лекин дин – шунчаки осмондаги сиёсат. Дарҳақиқат, биз бу ҳақида кўпроқ гапиришимиз керак, чунки бизнинг жим бўлишимиз, сукунатимиз динни фақат кучлироқд, холос».
Учинчи тўлқинда уюшган динга душманлик фақат кучаяди, лекин бу душманлик хилма-хил шаклларга эга бўлади, масалан, «муқобил дин» ва «аноминал маънавийлик». Аёллар, гендер ва сексуалликни тадқиқ этиш институти профессори Сьюзан Шоу таъкидлайдики, черков, масжид ва синагога каби анъанавий диний институтлар айби билан «патриархат сайёрамизнинг устунлик қиладиган дини ҳисобланади»:
«Бизнинг дунёда гендер муаммолари истисносиз барча динларни қамраб олади. Бизга эркаклар ҳукмронлиги меҳробларини бузиб ташлаш ҳамда бутун дунё бўйлаб бирлашув, тенглик, адолат, тинчлик ва муҳаббат даргоҳини тиклаш учун реформация, эҳтимол революция керак».
Феминизм ва гомосексуализмнинг радикал ғоявий раҳнамоси Мэри Дейлининг ҳисоблашича, дин моҳиятан аёлларга нисбатан репрессив: «Черковда тенглик талаб қиладиган аёл Ку-клукс-кланда тенглик талаб қиладиган қора танли одам билан таққосланиши мумкин».
Дейли шунингдек, ўзининг иғвогарлик кўзланган «Sin Big (Тўлиқ гуноҳ қилавер)» эссесида ёзадики:
 «Sin(гуноҳ)» сўзи ҳинд-европа тилларидаги «es-» ўзагидан келиб чиқади, бу «бўлмоқ» маъносини англатади. Бу этимологияни аниқлагач, мен интуитив равишда тушуниб етдимки, бутун сайёрамиз учун динга айланган патриархат тузоғига тушиб қолган [одам] учун «бўлмоқ» энг тўлиқ маънода – «гуноҳ қилмоқ» демакдир».
Бу эсседа Дейли аёлларда «гуноҳкорлик диний маънода патриархатга қарши норозиликнинг энг олий шакли ҳисобланиши сабабли гуноҳ қилиш учун жасоратни» рағбатлантиради… «Патриархатга путур етказиш диний меъёрларга путур етказиш билан қўлма-қўл боряпти. Амалда, улар ўртасида фарқ йўқ, чунки дин патриархат ҳисобланади, патриархат эса – дин. Бирини йўқ қилиш – демак иккинчисини ҳам йўқ қилишдир».
Феминистик идеологларнинг барча асосий китоблари тўлиб тошган бундай гаплар бир неча жилд динга қарши адабиётлар тўплаш учун етарли. Ва албатта, бундай фикрлардан руҳланган феминист аёллар худога ширк келтиришига гувоҳ бўламиз (айниқса, 5-босқичда). Инсон, унинг шахсияти қанчалик бутун бўлмасин, ўзига устоз сифатида танлаган шахс таъсирига учраши муқаррар.
Феминистлар ҳаракати асосчилари ва уларнинг кейинги етакчиларига хос бўлган бундай қарашлар ҳақида билиб, уларнинг динга қарши шиорларини ўқиб, бундай мафкуранинг қабул қилиниши мусулмонлар эътиқоди бузилишидан бошқа нарсага олиб келишини тасаввур қилиш мумкинми?

Бошқа йўл

Яна бир бор такрорлайман, мен турмуш ўртоғим билан ўзимизни маълум бир вақтларгача феминист деб ҳисоблаб келганмиз, лекин Аллоҳга шукурки, феминизм сўқмоғи қаерга олиб боришини вақтида тушундик. Лекин шунга қарамай, феминизмдан воз кечиш бизни у қадар юпатгани йўқ, чунки айрим аёллар илгари шафқатсиз адолатсизликка қандай дучор бўлган бўлса, шундай давом этадиган ҳоллар ҳам бор эди. Бундан ташқари, биз ўйлардик: аёллар ва эркаклар учун шариатда турли қоидалар ажратилганлиги исломда тенглик умумий тамойилига қанчалик мувофиқ келиши мумкин? Бундай саволларга жавоб сифатида шуни англаб етдикки, муаммо аслида бизнинг адолат ва тенгликни тушуниш ҳиссиётимизда. Ўз тушунишини яхшилашнинг раҳмдиллик ва адолат манбасига мурожаат қилишдан кўра яхшироқ усули борми
«Роббимиз биз нидо қилувчининг, Роббингизга иймон келтиринг, деб нидо қилаётганини эшитдик ва иймон келтирдик. Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни кечиргин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда яхшилар билан бирга ўлдиргин. Роббимиз, бизга Пайғамбарларингга ваъда қилган нарсаларингни бергин ва бизни қиёмат куни шарманда қилмагин. Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмайсан», дерлар. Роббилари уларнинг (дуоларини) истижобат қилиб: «Мен сизлардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмайман. Баъзингиз баъзингиздансиз. Ҳижрат қилганлар, диёрларидан чиқарилганлар, Менинг йўлимда азият чекканлар, жанг қилганлар ва қатл бўлганларнинг ёмонликларини ўчираман ҳамда уларни, албатта, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритаман, бу Аллоҳнинг ҳузуридан савобдир. Ва Аллоҳ–ҳузурида гўзал савоб бор зотдир», деди. Куфр келтирганларнинг юрт кезишлари сени алдаб қўймасин. Бу озгина матоҳдир. Сўнгра ўринлари жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон ётоқ!»

Бундан ташқари, Аллоҳ таоло айтадики:
 «Ва Биз сенга китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги китобни тасдиқловчи ва унинг устидан назорат этгувчи қилиб нозил қилдик. Бас, улар орасида Аллоҳ нозил этган нарса ила ҳукм юрит. Ўзингга келган ҳақни қўйиб, уларнинг хоҳишларига эргашма. Сизлардан ҳар бирингизга алоҳида шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўяр эди. Аммо У сизларни Ўзи ато этган нарсада синамоқ истайдир. Яхшиликка шошилингиз. Ҳаммангизнинг қайтар жойингиз Аллоҳ ҳузурида. Бас, ўшанда ихтилоф қилган нарсаларингиз ҳақида хабар берадир.»
Аллоҳ, эркак ва аёл бўлишидан қатъи назар, ҳеч кимнинг ҳаракатларини қадрсизламайди ва Аллоҳ У бизга нима билан синаган бўлса, ўша билан ҳукм чиқаради, оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас; аёллар эркакларга берилган нарчалар учун муҳокама қилинмайди, эркаклардан эса аёлларга берилган нарсалар учун сўралмайди. Бу гендер адолати стандарти бўлиб, Аллоҳ томонидан бизга Қуръонда берилган. Гап бу ерда эркаклар ва аёллар бир хил қонунлар мажмуига бўйсунишида эмас; эркаклар ва аёлларга бир хил муайян мажбуриятлар юкланишида ҳам эмас; эркаклар ва аёлларга бир хил жиҳатлар берилганида ҳам эмас. Аллоҳ турли мавжудотлар – фаришталар, жинлар, булутлар, тоғлар, жониворлар ва ҳ.к. – яратгани ва ҳар бир яратган нарсасига ўз роли ва вазифасини белгилагани каби, Аллоҳ эркак ва аёлни ҳам турлича яратган, лекин улар барибир «бири бошқасидан» (баʼдукум мин баʼд) ҳисобланади. Мусулмонлар – эркаклар ва аёллар – бундай нотинч вақтларда бир-бирини қўллаб-қувватлаши лозим.
Бундан ташқари, мусулмонларни феминизм томон туртки бериши мумкин бўлган аёлларга шафкатсиз муносабатнинг барча турлари Қуръон ва Суннатда белгиланган ислом меъёрлари ва тамойиллари билан тўлиқ барҳам берилиши мумкин. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бу тамойиллари ҳадисларда белгилаб берганлар: «Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхшиларингиздир ва мен сизларнинг аҳлига яхшингиздурман». Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.
Жисмоний зўравонликка келадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам алоҳида қайд этганларки:  «Аёлингизни қулни дарралагандек дарралашга ҳаракат қилманг, балки у билан охирги кун ётаётгандирсиз». Икки шайх, Аҳмад ва Термизий ривоятлари.
Бироқ кўплаб аёллар бошидан кечираётган зўравонлик фақат жисмоний зўравонлик билан чекланиб қолмайди. Эмоционал зўравонлик ва ҳуқуқларни писанд қилмаслик аёллар учун жисмоний калтаклашдан кўра азоблироқ бўлиши мумкин. Кўплаб мусулмон аёллар бутун ҳаёти мобайнида эрлари томонидан ҳурмат ва меҳр-муҳаббат кўрмасликлари мумкин. Қуръони каримнинг Мужодала сурасида Аллоҳ таоло айтадики:
«Албатта, Аллоҳ Сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Ҳа, Аллоҳ икковингизнинг гаплашувингизни эшитмоқда. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир».
Жоҳилиятда аёл қул қилиниб, ерга урилар, мол ва овунчоқ мисоли сотилар ва харид қилинар эди. Унга ҳеч қандай нуфуз ва ҳеч қандай хурмат­эътибор билан қаралмасди. Мол­мулкка ўхшаб бир меросхўрдан иккинчи меросхўрга кўчиб юрарди, агар эри ўлса, унинг қариндошлари аёлини меросга олардилар. Бу худди мол ва матонинг меросхўрга қолиши каби эди. Ислом келиб, аёлни зулм ва туғёндан холос қилди, ўз ҳурмат­иззатини қайтарди. Унга инсоният нуқтаи назаридан ўз ҳуқуқлари борлигини белгилаб берди. Бу ҳақ­ҳуқуқлар аёлга инсоф қилиш ва барча моддий ва маънавий ҳуқуқларни ўз ичига олди.
Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Жоҳилият даврида эркак ўлса валий, ворислари унинг аёлига ҳақдор эдилар. Улар хоҳласа уйланар ва хоҳлашса унга изн беришар эди. Бу нарса аёлни эрга тегишдан узиб қўярди. Қизнинг аҳлидан кўра эрнинг аҳллари ҳақдорроқ эдилар. Бу хусусда бу оят нозил бўлган:
 «Эй мўминлар, сизлар учун хотинларни мажбурий ҳолда мерос қилиб олиш дуруст эмасдир» (Нисо, 19).
Табароний ривоятларида: (Эркак қариндошлардан бўлган аёлни мерос қилиб олар, уни никоҳланишдан тўсиб қўйиб, то у аёл ўлгунича ё унга қариндошининг маҳрини қайтаргунича ушлаб турарди) («Фатҳул Борий»)
Мана шу тарзда аёл мерос бўлиб шахсдан шахсга кўчиб юрарди. Агар чиройли бўлса, меросхўр унга уйланиб олар, хунук бўлса ўлиб ёки олган маҳрини қайтармагунича ҳибс қилиб турарди. Ислом келиб аёл бошидан зулмни ва душманликларни кўтарди. Уни қул қилишни манъ қилиб, эркак билан инсонийлик ҳурмат­иззатида баробар ўринга қўйди:
 «Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги (эрлари олдидаги) бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор» (Бақара, 228)
Бу мавзуни ҳали узоқ давом эттириш мумкин, лекин мен шунга тўхталиб ўтмоқчиманки, биз – мусулмонлар сифатида – ислом донишмандлигига кўпроқ ишонишимиз, муаммоларни ҳал қилиш учун бегона ташкилот ва ҳаракатларга мурожаат қилмаслигимиз лозим. Эсдан чиқармаслик керакки, бизнинг адолат мисолимиз, бизнинг нишонимиз бу – Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдир - Сьюзан Энтони, Симона де Бовуар, Бетти Фридан, Глория Стейнем, Белл-Хукс ёки замонавий ҳаракатларнинг бошқа ғоявий раҳнамолари эмас.

Ва ниҳоят

Мен имомлар, диний раҳнамолар ва уламолардан «исломда феминизм» каби ҳолатларга жиддийроқ муносабатда бўлиш ва ноқулай мавзуларни очиқ муҳокама қилишдан қўрқмасликни ўтиниб сўраган бўлардим. Бундай муаммолар ҳақида узоқ вақтдан буён сукут сақлаб келинади, эҳтимол, сукут сақлаш илгари, исломга қарши тарғиботга тўла ижтимоий тармоқлар ва интернет ҳали бу қадар ривожланмаган ва оддий мусулмонлар учун очик бўлмаган пайтлар яхши реакция бўлгандир. Лекин ҳозирда бундай мавзуларни писанд қилмаслик – ислом ва исломий фанлардан кўнгил қолиши ва норозиликлар ўсишига хизмат қилиш демакдир.
«Тортишувли» оятлар, ҳадислар ва шариат қоидаларини чексиз яшириб бўлмайди. Одамлар барибир билиб олади. Биринчи навбатда, атеистлар ва либерал фаоллар қўл қовуштириб ўтирмаслиги ва исломни «фош қилиш»га уринган ҳолда уни нотўғри нуқтаи назардан очиб бериши сабабли. Бундай нарсалар оддий мусулмонларни жиддий хижолатга солади ва улар, ўзларини чуқур хиёнат қилинган ҳис этиб, пировардида исломни тарк этадилар. Бу жараён бор кучи билан ривожланмоқда, уни энди рад қилиб бўлмайди. Ортодоксал исломга қарши қўрқа-писа қилинган ниятлар кўламини кўриш учун мусулмон аёлларнинг муаммоларига бағишланган машҳур мусулмон феминистик ижтимоий тармоқлар ва веб-сайтларга юзаки назар ташлаш кифоя.
Феминизмга ислом жамоатини ерга уриш учун карт-бланш бериш ўрнига биз саъй-ҳаракатларимизни икки баравар кучайтиришимиз, феминизмни конструктив равишда, демак, интеллектуал ва академик асосда инкор қилиш, танқид қилишимиз лозим. Албатта, бу қисқа мақолалар билан чекланиб қолмаслиги керак, лекин иншаллоҳ, ҳали ҳаммаси олдинда. Бундай ишлар натижасида мусулмонлар учун исломда жинслараро муносабатларни тўғри тушуниш ва исломий адолат ва раҳмдиллик феминизм тақдим этиши мумкин бўлган нарсалардан қанчалик устунлик қилишига ишонч ҳосил қилиш имкониятини беради.


Манба: muslimskeptic.com
 Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase