close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Маънавиятсизлик – қуролдан ҳам қўрқинчли!..

Бугунги дунё инсоният учун 21-асрдаги инсоннинг ютуқлари улар бўйича баҳоланадиган аниқ мезонлар белгилаб берган. Бу мезонларни, умуман олганда, иккига бўлиш мумкин: идеал ва моддий мезонлар. Идеал мезонлар қаторига эзгулик, виждонлилик, ёрдам кўрсатиш, ачиниш ҳамда ахлоқ ва маънавиятга асосланадиган бошқа хусусиятлар киради.

Моддий мезонларга биринчи навбатда, моддий фаровонлик, яъни маълум миқдорда пул, янги хорижий автомобил, яхши уй, нуфузли иш, катта иш ҳақи ва ҳ.к. мавжудлиги киради. Охирги пайтларда ҳаётнинг айнан моддий жиҳатлари билан боғлиқ масалалар долзарб суҳбат мавзуларига айланмоқда. Ҳаттоки бевосита инсон фаровонлиги билан боғлиқ бўлмаган суҳбатлар ҳам пировардида ҳар биримизни ташвишга соладиган шу масалага бориб тақалади. Бу ҳақиқатдан ҳам шундай: агар дўстингдан ака-укангдан саломатлиги ҳақида сўрасанг, суҳбат барибир табиий равишда унинг касалликларига, даволанишга ва шу тариқа – қимматбаҳо дори-дармонлар сотиб олишга бориб тақалади, буни эса доим ҳам чўнтак кўтармайди...
Дарҳақиқат, пул ҳаммамизга керак ва пулсиз яшаш осон эмас. Пулсиз ва ҳеч бўлмаса ўртача даражадаги фаровонликсиз нормал яшаб бўлмаслиги ҳақида ҳеч ким баҳслашмайди ҳам. Лекин бу мақоланинг мавзуси – ҳар бир кишининг моддий фаровонлик даража ва пул ҳақида суҳбатлашиш яхши ёки ёмон эканлиги ҳақида эмас. Бизни ҳаётимизнинг инсонлар ўртасидаги нормал ўзаро муносабатларга таҳдид соладиган моддий ва маънавий томонлари ўртасидаги мувозанатсизлик масаласи ташвишлантиради.
Бугунги кунда, замонавий мезонларга мувофиқ, сиз қандай инсон: виждонли, ҳалол, меҳрибон ёки аксинча эканлигингизни шунчалик муҳим эмас. Гап шундаки, ҳалол ва виждонли эканлигингиз сизни боқмайди ва ҳеч қандай моддий фойда келтирмайди – агар қандайдир сабабларга кўра пулингиз бўлмаса, сизнинг ҳалоллик ва виждонлилигингизга ҳеч ким эътибор ҳам қаратмайди. 21-аср одами унинг ҳаёти маънавий бойликларга эга бўлиш эмас, балки фақат моддий бойлик ортидан қувишга сарфланадиган руҳсиз танага айланиб қолгани яққол кўзга ташланмоқда. Моддий дунё ва унинг аломатлари жуда кучли психологик таъсири маданиятли ва инсонпарвар одамнинг мувозанатли ҳолатига риоя қилишга интилаётган одамларга катта босим кўрсатади. Бугун бундай одамлар сони тобора камайиб бормоқда! Атрофдагилар ўзининг ҳаёт шартларини ўтказишга ҳаракат қилаётган жойда ўзининг ҳаётий позицияларини сақлаб қолиш тобора қийинлашмоқда: «Яшашни истасанг – умумий оқимда ҳаракат қил, у ёғини эса кейин кўрамиз... Ахир Аллоҳ – меҳрибон, кечиргувчи. Ва, охир-оқибат, сен кўпчиликдан бирисан, биринчи ҳам, охирги ҳам эмассан... Бундай кучли оқимга қарши бир ўзинг нима ҳам қила олардинг?»
Муҳокамамиз конструктив ва мақсадли йўналтирилган бўлиши учун биз мусулмон сифатида қадриятларга оид мезонларини аниқ белгилаб олишимиз керак ва шундан кейингина суҳбат қуришимиз, кейинги хулосалар чиқаришимиз, тавсиялар беришимиз мумкин. Фараз қилинг, биз шундай оламда яшаяпмизки, инсоннинг қадр-қиммати унинг бойлиги ва моддий фаровонлигига боғлиқ, унинг руҳий, инсоний хусусиятлари батамом йўқотилган. Бундай дунёда шундай ҳолатни кузатиш мумкинки, киши уйланиш ниятида бир қизнинг қўлини сўрайди, ундай эса унинг кармони ҳолати ҳақида банкдан маълумотнома сўрашади. Ёки бошқа бир вариант: бемор касалхонага операция қилдириш учун келади, ундан эса шифокор операция қилиш ёки қилмасликка қарор қилиши учун банк чекини кўрсатиш талаб қилинади. Яна бир вариант: моддий ёрдамга муҳтож бир киши олдингизга келади, сиз эса оилангиз, уларни боқиш лозим бўлган болаларингизни ўйлаб, бу кишига рад жавобини берасиз... Одам инсонийлик туйғуларини намойиш этиши ва ҳаёт бизга Аллоҳ томонидан фақат олиш эмас, балки бериш учун ҳам тақдим этилганини тушуниши лозим бўлган ҳолатларни исталганча келтириш мумкин!
Биз ўзимиз билан рўй бераётган ҳамма нарсани англаб етишимиз лозим: биз бугунми ё эртагами, барибир ўша ерга етиб келадиган антигуманизм томон олиб бораётган оқимда ҳаракатланяпмиз... Ёки, балким, ҳаммага ўзига ёққан тарзда яшаш имконини бериб, қолганига Худо пошшо дейиш керакдир?
Нотўғри! Ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ҳис қилиш мумкинки, ҳаммага ҳам барибир эмас, кўпчилик асосий мезон ҳаётнинг моддий томони бўлган дунёда яшашни истамайди. Менинг бу қатъий ишончим мақолани давом эттиришга, бу моддий олам шароитларида йўлдан адашганларни тўхтата оладиган қадамлар ёки йўллар ҳақида ўйлашга ҳаракат қилиб кўришга куч бағишлайди.
Буюк динимиз Исломда моддий ва маънавий дунё ўртасида кўпчилик йўқотиб қўйган мувозанат аниқ белгилаб берилган: «Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас», дедилар» (Қасас сураси, 77).
Ислом диний ва дунёвий турмуш тарзини ажратмайди – улар бир-бирини шу даражада уйғунликда тўлдириб турадики, буни бошқа динларда ёки қонунчиликларда учратиш амримаҳол, ҳаттоки имконсиздир. «...—Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз. Сўнгра Роббиларига жамланурлар». (6:38).
Ҳаётимизда биринчи ва асосий омил Худодан қўрқиш бўлиши керак, — буни Пайғамбаримиз (с.а.в.) сўнгги ҳажлари пайтида айтган сўзларидан ҳам кўриш мумкин: “Эй одамлар, огоҳ бўлинг, Роббингиз ягона зотдир, оталарингиз ҳам битта (Одам алайҳиссалом)дир. Арабни ажамдан, ажамни арабдан, қизилни қорадан, қорани қизилдан(ажралиб турадиган) фазилати йўқ. Магар тақво билан бирга фарқи бўлади”.
Иккинчидан, мўминлар ўз хоҳиш-истагидан келиб чиққан ҳолда ҳаракатларни амалга оширади ва улар яхши иш қилганда бу ишни Аллоҳ учун қилади ва бунинг учун фақат Ундангина рағбат кутади, у қандайдир ёрдам кўрсатган кишилардан эмас: «Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийннинг зиммасидадир» (Шуаро сураси, 109).
Учинчидан, одам фақат Аллоҳнинг иродаси билан бойлик ёки мол-мулкнинг эгаси бўлади: «У сизларни ер юзида халифалар қилган ва Ўзи берган нарсаларда сизни синаш учун баъзингизнинг даражасини баъзингиздан устун қилган зотдир. Албатта, Роббинг иқоби тез зотдир. Ва, албатта, у мағфират қилувчи ва раҳмлидир», деб айт» (Анъом сураси, 165). Ва одам бу мол-мулкни фақат Аллоҳ таоло томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ тасарруф қилиш лозимлигини англаб етади. Демак, мусулмон киши бу мулкка эгалик ҳуқуқга Аллоҳ таолонинг амри билан нафақат ўзи, балки муҳтож кишилар, уларнинг оила аъзолари, давлат ҳам эга эканлигини билади. Ва у ушбу ҳуқуқларги риоя қилишдан бўйин товлай олмайди, чунки у барча фикрлари, ниятлари, ҳаракатларини билиб турадиган Аллоҳ таолонинг иродасига бўйсунади.
Аллоҳ таоло инсон учун У белгилаб берган тартибда ва мутаносиблиги асосида ҳаракат қилиши керак бўлган қонунлар ва меъёрларни белгилаб берган ва бизни мақоланинг бошида айтиб ўтилган мувозанатсизликка тушиб қолишдан огоҳлантирган.
Парвардигор биз учун фақат яхши нарсаларни лозим кўради: «Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди» (Бақара сураси, 185). У бизнинг ҳаётимизда муайян бир баркамол тартиб ўрнатган. Лекин инсон зоти бу меъёрлардан воз кечиб, ҳамма нарсани биламан ва қила оламан деб ҳисоблайди, шу сабабли маслаҳат ва чекловларга муҳтожлик сезмайди. Лекин нима учундир шифокор унга мос келувчи даволаниш курсини ёзиб берса, уни имкон қадар аниқ бажаришга ҳаракат қилади. Аллоҳ ҳар нарсага қодир ва ҳар нарсани билгучи эмасми? Агар кимдир бошқача фикрлайдиган бўлса, у ўзининг шахсий ҳаёт тарзини танлаб олсин, охир-оқибат у ўз ҳаракатларига ва ишларига шахсан жавоб беради.
Аллоҳ таоло белгилаб қўйганки, бизнинг бойлигимиз ва мол-мулкимиз биз учун ва Унга ва Унинг пайғамбарига бўлган муҳаббатдан кўра қадрлироқ бўлмаслиги лозим: «Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз, касб қилган молларингиз, касод бўлишдан қўрққан тижоратларингиз ва хуш кўрган масканларингиз сизга Аллоҳдан, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуброқ бўлса, у ҳолда Аллоҳ Ўз амрини келтиргунча кутиб туринг. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас» (Тавба сураси, 24). У айтадики, бизнинг мол-мулкимиз ва фарзандларимиз  биз учун Фитна (синов) бўлиши мумкин ва биз бу масалага масъулият билан ёндашишимиз лозим: «Ва билингки, молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас ва, албатта, Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бордир.» (Анфол сураси, 28). У биз учун олинган мол-мулкдан фойдаланишнинг қонунийлик даражасини белгилаб қўйган ва уларнинг бир қисмини Аллоҳ таоло йўлида сарфлашга чақирган: «Улар Роббилари юзини кўзлаб, сабр қиларлар. Намозни тўкис адо этарлар, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсадан махфий ва ошкора инфоқ қиларлар ва ёмонликни яхшилик ила қайтарарлар. Ана ўшаларга оқибат диёри бордир» (Раъд сураси, 22). Аллоҳ таоло бизни очкўзлик ва моддий ҳаётга муҳаббатдан огоҳлантирди ва бу ифлосликдан тозаланиш йўлини кўрсатди. Бизнинг Яратгувчи биз ҳақимизда ҳамма нарсани билади, шундай экан, инсонга мувозанатсизликдан халос бўлишнинг энг мақбул йўлини мувозанатдан таклиф қила олади.
Замонавий кишилар пул ишлаб топадиган роботга, атрофидаги ҳамма нарсага ўз панжасини чўзишга интиладиган бераҳм махлуққа айланган. Бу бизнинг кундалик ҳаётимизда яққол ҳис қилинади, буни ҳаммамиз кўриб турибмиз, лекин ҳеч ким ўзига савол беришни истамайди: бизни охирида нима кутмоқда, кимдир бизнинг ҳозирги муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадими - ҳар биримиз уйда, ишда, кўча-кўйда, ҳамма жойда ҳис қиладиган қўрқув ва ҳаяжон. Инсоннинг маънавий таназзули, унинг маънавий ва руҳий қадриятларни йўқотганлиги ҳақида чуқур ўйланиш вақти келди. Ҳаммамиз урушдан, атом бомбасидан, оммавий қирғин қуролларидан қўрқамиз, лекин бу даҳшатларнинг барчасини Худосиз ҳам яшай олишини ўзи учун исботлашни истаб қолган одам яратганлигини эсдан чиқарамиз.
Шу муносабат билан ҳаммамизнинг олдимизда асосий савол туғилади: агар биз ҳеч нарсани ҳал қилмас эканмиз, нима қилишимиз керак унда? Бу савол доимо мавжуд бўлиб келган, ва, эҳтимол, ҳали узоқ вақт биз учун муҳим ва асосий савол бўлиб қолаверади. Биз бу саволни унга жавоб олишни истаганимиз учунгина бермаймиз; — биз ижобий ўзгаришларни хоҳлаймиз, шу сабабли ҳаракат қилишни истаймиз! Бунда биринчи ва энг муҳим жиҳатни ҳисобга олиш зарур: биз ҳақиқатда хавфни кўряпмиз, биз ахлоқий қадриятларни йўқотиш хавфи мажудлигига ишончимиз комил. Биз энди буни ўйлашимиз, бизни инсоният тақдири безовта қилиши лозим. Бу савол, худди биз доимо бир бурда нон ҳақида, уни қаерда ва қандай қилиб ишлаб топиш ҳақида ўйлашимиз каби, бутун эътиборимизни, фикрларимизни, хавотирларимизни эгаллаб олиши лозим... Бу савол доимо муҳокама қилиниши, унинг жиддийлигини хаёлига ҳам келтирмаган одамларга хавф даражасини тушунитириб бериши зарур. Биз бу ҳақида гапиришимиз ва ёзишимиз шарт! Биз жим бўлмаслигимиз лозим, чунки адолатнинг оғзини ёпиш – ҳаммамизни ҳалок қилиш демакдир! Ҳар биримиз ўзимизга назар ташлайлик, ўзимиздан бошлайлик ва Аллоҳ белгилаб берган қонунлар бўйича яшайлик.
Биз – Аллоҳ яратган онгли мавжудотлармиз. Биз ҳайвонлар каби яшашимиз мумкин эмас – фақат овқатланиш, ухлаш ва ҳеч нарса ҳақида ўйламаслик бизга ёт. Ахир Аллоҳ бизни бундай яратмаган: «Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (Исро сураси, 70). Бизнинг келажагимиз тақдири менга, сенга ва бошқаларга, Аллоҳ Таолонинг каломи ҳақ эканлигига ишончимиз кучига боғлиқдир.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase