Ҳамду санодан сўнг: Мухтарам диндош биродарлар! Аҳли фазл уламои киромлар! Ислом оламининг турли мамлакатларидан ташриф буюрган азиз меҳмонлар! Анжуманимиз қатнашчилари! Ассалому алайкум ва раҳматуллохи ва баракотуҳ!
Ушбу улуғ ва саодатли кунда сиз билан бизлар жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳадиси шарифларини ўз ичига олган ишончли олти тўплам муаллифларидан бири Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Тирмизийнинг 1200 йиллигига бағишланган муборак санани тантанали нишонлаш учун йиғилиб турибмиз.
Имом Тирмизийнинг номи тилга олинганда биз мусулмонлар учун Расуллулоҳнинг муборак дурдона ҳадисларидан иборат улкан диний меросни қолдириб кетган улуғ бир зотни эслаймиз. Расуллулоҳ эса Роббил аъламин томонидан фасоҳат ва балоғатга асосланган нотиқлик фазилати берилган улуғ пайғамбардир. Шунинг учун ҳам бул зоти бобаракотнинг сўзлари Аллоҳнинг каломидан кейинги энг афзал ва шарофатли сўз бўлиб, шариат аҳкомлари, Куръони Каримдаги барча илмларнинг изоҳлари бу жанобга боғликдир. Зеро, дини Ислом аҳкомлари модомики ул жанобнинг ҳаққоний мезонлари ва ўлчовлари билан ўлчанмас экан, уларга ишонч ва эътимод йўқдир.
Биз бугун бу олиму алломаларнинг шахсиятлари, ҳаётлари, ижодлари ва суннати набавийяни Ислом аҳлига соф ҳолда етказиб беришдаги улуғ хизматлари ҳақида бахс юритамиз. Ҳозир мен ҳадис илмининг тарихи ва аҳамияти тўғрисида гапиришдан олдин бизнинг Моварауннахр (Ўрта Осиё) диёрларига Ислом динининг кириб келиш тарихи ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз.
«Қомусул аълом» ва «Ислом фатхлари» каби асарларда келган маълумотларга қараганда Ислом дини бизнинг диёрларга хижратнинг биринчи асрида, халифа Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳунинг замонларида етиб келган. Лекин Ислом динининг кенг доирада тарқалиши умавийлар халифалиги даврига тўғри келиб, араб саркардаларидан Сайд ибн Усмон бошчилигида 55-хижрий йилда Амударё орқали Бухоро, Самарканд, Шош (Тошкент), Насаф (Қарши), Тирмиз каби шаҳарлар фатх этилган. Бироқ Ислом даъватчилари қайтгач, йилдан йилга диндан қайтиш ҳоллари кучая борган. Натижада Умавийлар халифаси Абдулмалик ибн Марвон машҳур Ислом саркардаси Қутайба ибн Муслимни фотех сифатида юборади. У шаҳар ма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ Ислом байроғини баланд кўтарган ҳолда футуҳот ишларини амалга оширади. Бу диёрларда Ислом дини таълимотлари кишилар қалбига яхши ўрнашгандан кейин саркарда Бухоро ва Самарқандга муаллимлардан қолдириб кетади. У ўша йиллари Бухорода ёғочдан катта бир масжид қурдирган эди. Бу Дамашқдаги Бани Умайя масжиди қурилиши билан бир вақтга тўғри келади. Шундай қилиб Мовароуннаҳрда Ислом дини қувватланиб йилдан-йилга гуллаб-яшнай бошлади. Ислом фанига қизиқиш ҳам ўсиб борди. Ниҳоят улуғ мухаддис Абу Абдуллох Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий яшаб ижод этган олтин давр етиб келди. Бу асрда ҳадис ва фиқҳ олимларидан Имом Муҳаммад Шайбонийнинг шогирди Абу Жаъфар ал-Кабир, Имом Бухорийнинг шайхи ва устози Муҳаммад ибн Башшор, Абу Исо Тирмизий, Юсуф ал-Фарбарий, Абдуллохи ибн Муборак Исхоқ ибн Роҳавайҳ ва бошқа улуғ устозлар ва уламои киромлар дунёга келиб, Ислом фанларини, хусусан машҳур зотлардан ҳадис илмини ўрганиш учун жаҳон бўйлаб риёзатли саёҳатларда бўлдилар. Шунингдек бу олтин асрда ва ундан кейин Ислом фанини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган кўпгина буюк уламолар етишиб чиқдилар. Ҳайсам ибн Қулайб аш-Шоший, Абу Бакр Муҳаммад ибн Исмоил Каффол-Шоший, Имоми Дорамий ас-Самарқандий, Ибн Ҳиббон ас-Самарқандий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Баҳоуддин Нақшбандий, Абул Қосим аз-замахшарий, Абу Мансур ал-Мотуридий ас-Самарқандий, Нажмиддин Абу Нафс ас-Самарқандий, Абул-Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний, Хожа Ахмад Яссавий, Абул Барокот Ахмад ан-Насафий, Ахмад Абул Аббос ал-Фарғоний, ас-Саккокий ал-Хоразмий, Саъдуддин Тафтазоний, Убайдуллох Хожа Ахрор вали аш-Шоший ас-Самарқандий, Абдул Холик; ал-Ғиждувоний, Муҳаммад ибн Али ал-Ҳаким Тирмизий, шунингдек қомусий олимлардан Абу Али ибн Сино, Абу Наср ал-Фаробий, Абу Райҳон ал-Беруний, Муҳаммад Тароғай Мирзо Улугбек Алоуддин Али Қўшчи ва бошқа жаҳонга машҳур кўпгина олим ва фозил зотлар шулар жумласидандир. Уларнинг номлари то рўзи киёмат боқийдир.
Мухтарам биродарлар!
Бу муборак анжуманни ўткашимиздан асосий мақсадимиз Имом Тирмизийнинг улуғ мухаддис, мутафаккир, Ислом динининг алломаси бўлганликларидан таваллуд саналарини ўтказиш бўлганлиги учун бироз ўтмишга ружу қилишга, ҳадис илми, унинг усуллари, ровийлари ва айни вақтда пайғамбаримизнинг суннати шарифалари ҳақида зарур маълумотларга эга бўлишимизга тўғри келади.
Маълумингизким, Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларининг даъватлари ҳам бир мустаҳкам асосга суянган. У ҳам бўлса одамларга бу коинот ва мавжудотни яратган холики азал бўлмиш Тангри таолонинг борлигига иймон келтириб, унинг қудрати ва азаматига лойиқ ибодат қилиш ва у кўрсатган тўғри йўлдан бориш барча инсонларга вожиб эканлигини баён қилиш эди. Бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари ҳам худди шунингдек умматларининг қалбларига тавҳид ва иймон уруғларини экиш, хайрли, солиҳ амалларга, инсоний фазилатларга, аҳлоқу одобли бўлишга чакириш йўли билан Қуръони Каримда айтилгандек бир-бирларини яхши ишларга буюриб, ёмон ишлардан қайтарадиган, одамларга намуна бўладиган ва энг муҳими Аллоҳга ва унинг Расули буйруқларига итоат қиладиган яхши уммат бўлишига даъват этишдан иборат эди. Зеро ул зот умматларининг икки дунёдаги бахт-саодати Аллоҳнинг амрларига бўйсуниш ҳамда Расуллулоҳнинг суннатларини амалга оширишларига боғликдир. Чунончи, Он хазрат ўзларининг бир Ҳадиси шарифларида шундай васият қиладилар: «Сизларга икки нарсани қолдириб кетмоқдаман: Агар сизлар уларни маҳкам тутиб борсаларингиз, зинхор адашмайсизлар. У икки нарсанинг бири— Қуръон Карим, иккинчиси — Суннати набавийя» (Байҳақий).
Мана шундай асосий дин усулларидан келиб чиқиб сахобаи киромлар давридан бошлабоқ Ислом уламолари ҳадисларни жамлаш, уларни ёд этиш ва одамларга етказиш ишига куч-ғайрат билан киришганлар. Расуллулоҳ даврларида шариат қонунларининг манбаи Қуръони Карим ва суннати шарифа эди. Илоҳий ваҳий нозил бўлиши билан дарҳол уни одамларга эшиттирар ва қозилик муфтилик ҳатто иқтисодий ва сиёсий тартибот ишларига ҳам ўзлари мутасадди эдилар. Вафотидан сўнг ваҳийнинг келиши ҳам тўхтади. Мусулмонларда Қуръони Карим ила суннати шарифи қолди. Саҳобалар ва уларнинг издошлари Аллоҳнинг буйруғига биноан Расуллулоҳнинг келтирган барча аҳком ва арконларни чин иҳлос ила маҳкам тутиб уларга амал қилдилар.
Саҳобалар билган ва эшитган ҳадисларини бошқаларга етказишда жуда эхтиёткорлик қилар эдилар. Имкони борича уларни соф ҳолда сақлаб, бирорта ўзгаришсиз нақл қилишга ҳаракат қилар эдилар. Зеро ҳадислар — бу Қуръондан кейинги иккинчи манба эканини улар яхши билардилар. Сахобалардан кейинги тобеинлар ҳам ҳадисларни соф ҳолда ривоят қилишда худди олдингиларидек ҳиммат кўрсатдилар. Ҳар бир ровийдан ҳадис қабул қилишда ўзига хос шартларга риоя қилар ва дилларида тўла ишонч хосил қилмагунларина ҳеч қандай ривоятни қабул этмас эдилар.
Расуллуллоҳ вафот этган вақтда Арабистон жазирасида (Ярим оролида) Ислом дини кенг ёйилиб улгурган эди. Бу заминдаги шаҳар ва қишлоқлар Ислом даъватининг бутун Ер юзи бўйлаб хидоят тарқатадиган марказларига айланади. Фатҳлар кенгая борди. Ислом давлати араб ярим оролининг атроф диёрларига ҳам ўз нуфузини ўтказа борди. Ислом лашкарларига асосан саҳобаи киромлар саркардалик қилар эдилар. Улар қайси шаҳарни фатҳ этсалар, дарҳол у ерда масжидлар қурар ва саҳоба ёки тобеинлардан аҳолига диний таълим бериш учун қолдириб кетар эдилар. Шундай қилиб турли қитъа ва мусулмонлар диёрларида марказлар дунёга келиб, улардан Ислом ёғдуси ва илм нурлари тарқалиб турар эди. Саҳобалар ва тобеинлар воситаси билан фатх этилиб илмий марказларга айланган шаҳарлар жумласига Бухоро, Самарқанд, Шош, Мавр, Тирмиз, Хоразм, Насаф ва Ўрта Осиёнинг бошқа жойлари киради. Бу диёрларда Абу Абдуллох Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий, Абдуллоҳ ибн Муборак Абу Исо Тирмизий, Ҳаким Тирмизий, Имоми Дорамий, Хайсам ибн Қулайб аш-Шоший каби кўп муҳаддислар етишиб чиқди.
Маълумки, саҳобларининг билим даражалари турлича бўлган. Ҳеч қайси бирлари Расуллулоҳнинг барча ҳадисларини мукаммал билмас эдилар. Балки бирлари — бирларини тўлдирар эдилар. Шунинг учун ҳадис жамлаш ҳаракати кўчайиб илмий саёҳат ва сафарлар бошланиб кетди. Саҳоба ва тобеинлар ўзларидаги бор ҳадисларни текшириб пухталаб олиш ва янгиларини ўзлаштириш мақсадида узоқ сафарларга отланар ва турли мамлакатларда бўлишиб - устоз ва шогирдлар орттирар эдилар. Шу тариқа наслдан наслга қараб улуғ салафлар йўлидан оғишмай илм байроғини баланд кўтариб келдилар.
Ҳадисларни ёзиб қоғозга тушириш масаласига келсак Расуллулоҳнинг қирқ нафарга яқин котиблари бўлиб, улар нозил бўлган ваҳийларни, яъни Қуръони Карим оятларини мунтазам ёзиб борганлар. Шунингдек садақа-эхсонларни, қарз ва омонатларни, муоламала ҳамда мактубларни турли тилларда ёзиб турувчи котиблари ҳам бўлган. Лекин ҳадислар Расуллулоҳнинг асарларида тўла бир тўплам шаклига кетирилмайди. Бунинг сабаби бир томондан саҳобаларнинг хотиралари ўта кучли эканлиги, ёзув қуролларининг етишмаслиги бўлса, иккинчи томондан ҳадис ёзувлари оятларга аралашиб кетмасин деган эҳтиёткорлик эди. Аммо ўзига ишонган қорилар ёки хотираси суст кишилар ҳадисларни ўзлари учун ёзиб борганлар. Расуллулоҳнинг ўзлари баъзи саҳобаларга ҳадисларни ёзиб юришни буюрганликлари тўғрисида саҳиҳ ривоятлар бор. Бу албатта, оятларга аралашиб кетиш хавфи йўқ даврларда бўлган.
Саҳоба ва тобеинлар ичида асосан Расуллулоҳнинг вафотларидан кейин ҳадис китоблари кўплаб чиқа бошлади. Айниқса, одил халифалардан Умар ибн Абдулазиз ўз даврида ҳадисларни тўплаб китоб шаклига келтириш ишига катта аҳамият берди. Чунки ҳадисларни ёд биладиган хофизларнинг кундан-кунга камайиб боришлари ва ҳақнинг ботилга аралашиб кетиш хавфи шундай тадбирни тақозо қилар эди. Барча Ислом диёрларининг уламолари бу ҳайрли ишни кенг соҳада амалга оширишга ўтдилар. Улар ҳадисларни ҳар хил қўшимча ёки соҳталаштирилган турларидан тозалаш борасида кўп меҳнат қилганлар. Шундай қилиб ҳадисларни тўплам ҳолига келтириш масаласидаги ихтилоф ва низолар барҳам топди. Ҳатто уларни ёзиб китоб ҳолда кўпайтиришни уламолар жоиз, яхши иш, балки вожиб амаллардан деб иттифоқ туздилар. Шундай қилиб ҳадис китобларини таълиф этиш ишлари кундан кунга гуллаб-яшнаб тараққий эта борди. Бу улуғ ва масъулиятли ишга ишончли, ростгўй ва собитқадам зотлар бел боғлаб киришдилар. Улар кунларни тунларга улаб, дафтар қалам билан устозлар сари тоғу-тошлар оша узоқ масофаларга қаттиқ риёзатлар билан моддий камчилик бўлсада, илм йўлида сафар қилар эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг номлари абадий қоладиган бўлди. Ҳадисларни китобларга айлантириш ҳаракати Имом Зухрий ва Абу Бакр ибн Хазм даврларига тўғри келади. Ишончлироқ манбаларга кўра биринчи бўлиб ҳадис тўпламини таълиф этган зот — бу Абу Муҳаммад Абдул Малик ибн Абдил Азиз ибн Журайж (150 х. Макка) дир. Ундан кейин Яманда Маъмур ибн Рашид, Шомдан Абу Амр ал-Авзоий, Мадинадан Молик ибн Анас, Куфадан Суфён ас-Саврий, Хуросондан Абдуллоҳ ибн Муборак каби кўп муҳаддислар чиққанлар.
Сўнг ҳадисларни турли хусусиятларга қараб ҳар хил тартибда ёзиш ҳаракати бошланди. Бу хижратнинг иккинчи асри бошларига тўғри келади. Масалан, Аҳмад ибн Ханбал каби баъзи муҳаддислар «муснад» услубида ёзганлар. Унда саҳобалар Исломга киришдаги тартиблари бўйича жойлаштирилган. Масалан, унта «жаннатий» деб башорат берилган саҳобалар биринчи келтирилади. Улардан кейин Бадр жангида қатнашган саҳобалар, сўнг Худайбийя жанги қатнашчилари, кейин Ҳудайбийя. билан Макка ахолиси Исломга киргунча ўтган сахобалар, сўнг Макка фатҳ этилганда Исломга кирганлар, ундан кейин кичик саҳобалар ва ниҳоят ровий аёлларнинг номлари берилади.
Имом Тирмизий «Сунан» тўпламларига ҳадис турларидан саҳиҳ, ҳасан, заиф, ғариб ва муаллал (иллатли) ҳадисларни қиргизганлар ва иллатли бўлиш сабабини ҳам баён этганлар. «Мунқар» ҳадисларнинг ҳам важҳларини изоҳлаб берганлар. Ёлғон сўзлаш гумони бўлган ровийлардан ҳеч ҳам якка иснод билан ҳадис келтирманглар. Ҳар бир ҳадисни ривоят қилишлари учун бирор сабаб баён қладилар. Китобларининг обрўсини туширадиган бирор пуч маълумот бермаганлар. Имом Тирмизий ҳадис илми, иллатлари, ровийлари ва турлари билан бирга фиқҳ- ҳуқуқшунослик фанини ҳам эгаллаган эдилар. Ўзлари гувоҳлик бериб айтадиларқи: «Бу китобимни таълиф қилиб бўлганимдан кейин уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига кўрсатдим. Ҳаммалари маъқуллаб розилик изҳор этдилар».
Уламолар иттифоқ қилиб айтдиларки, Имом Тирмизийнинг бу «Жомеъ» китоби яна шуниси билан мақтовга сазоворки, муҳаддисларнинг одатидек ҳадисларни амалга тадбиқ этишда унинг саҳиҳ, ҳасан, заиф каби турларини келтириб, ҳадисларнинг иллатларини, баъзида ҳукм чикариш, баъзида ишончсиз ровийдан ишончлисини ажратиб бериш каби кўп фойдаларни келтириш билан намуна кўрсатганлар. Бу бошка саҳиҳ ҳадислар тўпламларида камдан-кам учрайди. Шунинг учун ҳам Имом Тирмизийнинг бу асарлари мисли кўрилмаган тасниф бобида мустақил бир китоб бўлиб танилди. Бундан ташқари бу китоб бизга олдинги ўтган ҳадис олимларининг ровийларга ва ривоятларига нисбатан қўллаган қадимий номлар билан ҳам таништиради. Бу эса ҳадис илмига оид лафзларнинг қадимлиги ва қоидаларнинг олдиндан пухталигидан дарак беради. Имом Тирмизий баъзи ҳадисларга шундай номларни қўллаганларки, олдин ҳеч кимга бу номлар маълум бўлмаган. Масалан, «Саҳиҳи ҳасан» ёки «Саҳиҳи ғариб» ва ҳоказо. Шунинг учун салаф уламолари Тирмизийнинг «ал-Жомеъ» асарларининг фазлу фазоиллари тўғрисида кўп гапирганлар. Ибн ал-Асир ўзининг «Жомиул усул» китобида:
«Абу Исонинг китоби энг фойдали китоб бўлиб, чиройли тартибда берилган. Такрор ҳадислар оз, бошқаларида учрамайдиган услубларидан бири шундаки, унда мазҳаблар, далил келтириш йўллари, ҳадис турлари, «жарҳ» ва «таъдил» қоидалари баён қилинган»,- дейди. Жалолиддин Суютий ўзининг «Қут ал-муғтазий» асарида нақл қиладики: «Имом Тирмизийнинг «Сунан» асари бобларга бўлинган. Бу ҳам бир илм. Ундаги фиқҳ - ҳуқуқшунослик ҳам бир илм. Саҳиҳ билан сақимни ажратувчи илални айтишлари ҳам бир илм. Уларнинг ўртасидаги ҳадис турларини зикр этиш ҳам бир илм. Ровийларнинг номлари ва лақаблари ҳам алоҳида бир илм. Жарҳ ва таъдил. Расулуллоҳни топган ва топмаган ровийларни белгилаш иснодли ривоят. Уни келтирганларнинг номлари, буларнинг ҳаммаси ижмолий илм турларидир. Аммо тафсилийси жуда кўп. Хуллас, бу асар манфаати кўп бир тўпламдир».
Фатҳиддин ибн Саййидин-нос қўшимча қилиб шундай дейдилар: «Нодир ҳадисларни келтириш ҳам алоҳида бир илм. «Мавқуф» ва «Мудраж» ҳадисларни баён этиши яна бир илм. Бу илмларнинг эса фойдаси жуда кўп. Қози Абу Бакр ибн ал-Арабий Тирмизий асарига ёзган шарҳининг бошида шундай дейди: «Аллоҳ таоло дилларингни мунаввар қилсин! Билиб қўйингларки, Жуафийнинг китоби бу бобда иккинчи асос. Биринчиси - бу Молик ибн Анаснинг «Муватто» китобидир. Қолган Кушайрий ва Тирмизий каби мухаддисларнинг асарлари шу икки асос устига қурилгандир. Аммо Абу Исо китобидек ҳаловатли, нафосатли, мазмунли китоб йўқдир. Бундан ташқари, у ҳадисларни исноди билан берди. Сахед - сақимга ажратди, ривоят тариқаларини кўрсатди, жарҳ ва таъдил этди, исми ва лақаби билан зикр қилди, васл, қатъ, изоҳларни баён этди, амал қилинадиган ва қилинмайдиган ҳадисларга бўлиб чиқди, уламолар томонидан қабул ёки рад этилганлигини ҳам қайд этди. Буларнинг ҳаммаси бу фаннинг асли ва жавҳаридан иборатдир. Уни мутолаа қилган киши ўзини гўзал боғларда, ажойиб илмлар ичида юргандек тасаввур этади».
Маълумки, Имом Тирмизийнинг бу «Сунан»ларига кўпгина шарҳ ва изоҳлар ёзилган. Улар машҳур уламолар ва ҳадис илмининг мутахассислари томонидан амалга оширилган. Мисол учун Қозий Абу Бакр ибн ал-Арабий ал Моликий (464—543 ҳ) нинг «Оризатул Аҳвазий» шарҳи, Ҳофиз Муҳаммад ибн Саййиддин-нос, Зайнудин ал-Ироқий (725-806 ҳ), Ҳофиз ибн ал-Мулаққин (723—804 ҳ), Абул Фараж ал-Бағдодий (706—795 ҳ), Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (773—852 ҳ), Умар ибн Раслон ал-Балкиний 724—805 ҳ), Жалолиддин ас-Суютий (849—911 ҳ), Шайх Сирож Аҳмад ас-Сахандий, Абул Хасан Абдулҳодий ас-Синдий ал-Маданий қаби олимлар ёзиб қолдирган шарҳларни келтириш мумкин.
Шулардан кўриниб турибдики, Имом Тирмизийнинг бу асарларига уламолар томонидан жуда катта эътибор берилган. Зеро унда мусулмонларга етказиш лозим бўлган фойда ва фазилатлар мавжуддир. Уларнинг ҳаммаларига ҳақ субҳанаҳу ва таоло ажру ҳасанотлар ато айласин!
Ҳурматли биродарлар!
Имом Тирмизийнинг «Сунан» деб номланган асарини кўздан қечирар эканмиз, биз унда ибодат, муамулот масалаларини, инсоний ҳаёт муаммоларини қулай йўл билан ҳал қилиш йўлларини учратамиз. Сир эмаски, ҳозирги замон кишилари олдида муҳимдан-муҳим чексиз янги муаммолар вужудга келмоқда. Уларнинг ичида асрлар оша ҳамма халқларга ҳам мавжудлигича қолиб келаётган бир муаммо бор. У ҳам бўлса ушбу ҳаётнинг асоси ва гарови саналмиш тинчликни мустахкамлашдир. Тинчлик бу Аллоҳ таолонинг энг муҳим топшириқларидан биридир. Зеро усиз ҳеч бир инсон асосий бурчи бўлмиш ҳаётни ва бошқа мавжудотларни сақлаб қола олмайди. Имоми Тирмизийнинг «Сунан» асарлари эса худди шу қаби умматларини тинч-тотув яшашга, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлишга, зулм, жангу-жадал, аразлаш, ҳасад каби сифатлардан узоқ бўлишга даъват қиладиган Расулуллоҳнинг муборак ҳадислари билан тўладир. Қуйида Расули ақрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳикматомуз ҳадиси шарифларидан намуналар келтирмоқчиман, токи Аллоҳдан қўрқадиган, охиратдан умиди бор мўъмин мусулмонлар диққат билан тинглаб жаноб Расулуллоҳнинг ушбу ҳадисларини ривоят қиладилар.
«Аллоҳ номи билан қасамёд этаманки, сизлар то мўъмин бўлмагунларингча жаннатга кирмайсизлар. Ўзаро меҳр-муҳаббат ҳосил қилмагунларингча мўъмин бўлолмайсизлар. Меҳр-муҳаббат ҳосил қилишнинг йўли - ўрталарингда саломлашишни кенг жорий қилишдир».
Расулуллоҳ бу сўзлари билан саломлашиш одатини меҳр-муҳаббат манбаи деб ҳисобладилар. Ўзаро меҳр-мўхаббатли бўлишни эса ҳамма амаллар ва ибодатларнинг асоси бўлмиш иймоннинг гарови деб талқин этдилар.
Расули акрам саллоллоҳу аллайҳи васаллам умматларини барча яхшиликларни амалга оширишга буюриб, фақат моддий маблағ садақа қилиш йўли билангина Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш мумкин эмаслиги, балки ўзидан бошқа инсонларга турли хил яхшилик қилиш йўли билан ҳам садақанинг савобини топиш мумкинлигини баён қиладилар. Чунончи марҳамат қиладиларки: «Биродаринг юзига табассум билан бокишинг ҳам садақадир. Амри маъруф, наҳий мункар қилишинг ҳам садақадир. Адашган кишини тўғри йўлга йўллаб қўйишинг зўравонлик қилувчи ёмон одамнинг азиятига сабр қилиб туришинг йўлда ётган тош ёки тикканни олиб ташлашинг ва челагингдаги олган сувингни биродаринг челагига қуйиб беришинг ҳам барчаси садақа ҳуқмидадир».
Он ҳазрат ўз ҳадиси шарифларида кўпроқ халққа панду насиҳат қилиб туришга, турли жиноят ва зулм ишларидан уларни қайтариб туришга буюрадилар. Чунки оламнинг тинчлиги шу йўл билан таъминланиб туради, деб уқтирадилар. Масалан, бир ҳадисларида шундай дейилади:
«Қасамёд қиламанки, сизлар одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтариб турасизлар, акс ҳолда Аллоҳ таоло бошларингга шундай бир балони юборадики, қилган дуоларинг ҳам ижобат бўлмай қолади.»
Яна бир ҳадисларида айтадилар:«Зулм қилувчи золим биродарингга ҳам, зулм қилинувчи биродарингга ҳам ёрдам қил. Золимга ёрдам бериш қандай бўлади?»- деб сўраганларида жавоб берадиларки: «Золимнинг қўлидан тутиб зулмдан тўхтатиб қолишинг - унга қилган ёрдаминг бўлади».
Пайғамбари Худо бизларга мурожаат қилиб жиноятчи, осий бандаларни имкони борича турли воситалар билан оммага зарар келтиришдан ва Аллоҳга гуноҳкор бўлишидан сақлаб қолишга буюрадилар. Чунончи Тирмизийнинг «Сунан» асаридаги ушбу ҳадиси шарифда бу мазмун қуйидагича ифода этилгандир:«Сизларнинг қайси бирларингиз бирор жиноий ишни қилинаётганини кўриб қолсангиз дарҳол уни қўлингиз билан тўхтатинг. Агар бунга имкониятингиз бўлмаса тилингиз билан қайтаринг. Бордию буни ҳам бажара олмасангиз дилингиз билан нафратланиб туринг. Лекин буниси иймони заиф кишининг ишидир».
Имом Тирмизий келтирган ҳадиси шарифлар орасида Расулуллоҳнинг ноҳақ мардум қонини тўкишидан қайтарган ва қотилликни гуноҳи кабиралардан ҳисобланган ҳадислари ҳам мавжуддир. Бу Аллоҳи таолонинг хитоби илоҳийсига ҳам ҳамоҳангдир. Чунончи ояти каримада айтиладики:
«Айт (эй Муҳаммад): Келинглар, эй умматларим, сизларга Парвардигорингиз ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай:Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирманглар, ота-оналарингга яхшилик қилинглар, фақирликдан қўрқиб фарзандларингни нобуд қилмангизлар. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқ билан таъминлаймиз, фахш ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлаша кўрмангизлар. Аллоҳ ҳаром қилганидек бировнинг жонига ноҳақ қасд, қилмангизлар! Сизларга бўларни Аллоҳ таоло ақлларингта жо қилурсизлар деб баён қилди» (Анъом сураси, 151-оят).
Бунга ҳамоҳанг қилиб жаноб пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Мабодо Еру осмон аҳлининг барчаси бир мўъмин қонининг ноҳақ тўкилишида иштирок этсалар, Аллоҳ таоло уларнинг ҳаммасини дўзахга маҳкум этган бўлар эди».
Яна бир ҳадисларида шундай хабар берадилар:«Аллоҳ таолонинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл этилишидан қўра ёруғ дунёнинг барбод бўлиб кетиши енгилроқдир ».
Расули ақрам саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай оғир жиноятнинг оқибатидан дарак бериб яна шундай деганлар:«Қиёмат куни бандалардан сўраладиган савол-жавобнинг биринчиси ноҳақ тўкилган қон тўғрисида бўлур».
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг кўрсатмаларига суянган ҳолда Ислом жамиятини ислоҳ этишга ҳаракат қилар эдилар. Ўзларининг ҳикматомуз сўзларини ояти каримларнинг файзли булоқларидан оладилар. Чунончи бунга Ҳақ таолонинг ўзи гувоҳлик берардики: «Учаётган юлдуз билан қасамёд этаманки, пайғамбарингиз (Муҳаммад) зинҳор адашган эмас ва у ўзининг ҳавои нафсидан гапирмайди, балки унинг сўзлари ваҳий илоҳийга асосланади. Унга куч-қувват эгаси - Жаброил алайҳиссалом таълим бериб туради».
Он Ҳазрат умматларини кечирмли. меҳр-шафкатли бўлишга, яхши муносабат, саховат, иффат, силаи раҳмга, етимларга ғамхўрлик қилиш каби инсоний фазилатларга ва одобу аҳлоқли бўлишга чақирганлар.
Шундай даъватлар жумласидан қуйидаги дурдона сўзларини келтириш мумкин: «Мусулмон мусулмонга биродардир. Бинобарин улар бир-бирларига зуому хорликни раво кўрмайдилар. Кимки биродарининг ҳожатини раво қилса Аллоҳ таоло ҳам унинг ҳожатини раво қилур. Кимики бировларнинг мусибатини енгиллаштирса Тангри унинг охиратдаги ғам-ташвишларини енгиллаштиради. Кимки бир мусулмоннинг айбини ёпса Аллоҳи таоло унинг қиёмат кунидаги айбларини ёпади».
Яна: «Аллоҳ айтади: мен - Аллоҳдурман. Мен -Раҳмондурман. Раҳм сўзи менинг номимдан олингандир. Кимки қариндош-уруғларига силаи раҳм қилса, мен ҳам унга раҳму шафқат қилурман. Хешларидан ўзилишиб кетган кишидан мен ҳам узилишиб кетаман».
Яна Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалам айтадиларки:«Етимни тарбия этган одам билан Мен жаннатда мана шу икки бармоқлардек ёнма-ён булурмиз, деб кўрсатқич ва ўрта бармоқларини кўрсатган эканлар».
Яна шу мазмунда ҳадис ворид бўлганким:«Рўза, намоз ва садақанинг даражаларидан ҳам улуғ даража - бу ўртани яраштиришдир. Зеро оранинг бузилиши қирғин келтиради».
Яна шундай марҳамат қиладилар:«Ҳақиқий мусулмон улким, унинг тилидан ва қўлидан мусулмонларга азият етмайди. Ҳақиқий мўъмин улким, унинг дастидан одамларнннг молу жонлари омонда бўлади».
Шунингдек Расулуллоҳнинг муборак ҳадисларида бир миллатнинг устидан иккинчи миллат кулмаслиги каби ғоялар жой олган. Бу маъно Аллоҳнинг каломи шарифидаги ушбу ояти каримага асосланади:«Эй мўъминлар! Ҳеч бир қавм иккинчи бир қавмдан кулмасин, балки улар кулувчилардан яхшироқдирлар. Аёллар ҳам ўзга аёлларни масҳара қилмасинлар, балки улар масҳара қилувчи аёллардан яхшироқдир. Бир-бирингга таъна қилиб, лақаб билан чақирманглар, Иймондан сўнг фосиқлик — қандай хунук ном! Кимки тавба қилмаса, улар - золимдурлар».
Алллоҳ таолонинг ўзи гувоҳлик берадиким, унинг розилигини топиш фақат тақво билан бўлади, у ёки бу халққа мансуб бўлиш билан афзаллик ҳосил бўлмайди. Чунончи Ҳақ таоло:«Сизларнинг ичингизда Аллоҳ наздида энг мукаррам бўладигани - бу тақволироқларингиздир»,-деб гувоҳлик беради.
Жаноб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалам шу мазмунда ушбу ҳадисни айтганлар:«Сизларнинг ҳаммангиз одам фарзандидурсизлар. Одам эса тупроқдан яратилган. Одамлар ўз ота-боболари билан фахрланишларини қўйсалар қўйдилар, ақс ҳолда улар Аллоҳ наздида қора қўнғизчалик ҳам қадр-қимматга эга бўлмайдилар».
Яна бир ҳадисларида айтадилар: «Араблар ажамлардан, ажамлар араблардан ортиқ эмаслар, магар тақво билан ортиқ-кам бўлишлари мумкин».
Расули акрам саллолоҳу алайҳи васаллам умматларига васият қилиб аҳлу аёллар билан яхши муносабатда бўлишга чорлайдилар. Чунончи айтадилар: «Сизларнинг яхшиларингиз - ўз аҳлу аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўладиганларингиздир. Мен ҳам аҳлу аёлим билан яхши муносабатдаман. Хотинларни фақат яхши одамлар ҳурмат қиладилар. Уларни фақат ёмон одамлар хорлайдилар».
Яна айтадиларки:«Руҳсат берилган ҳалол ишлар ичида Аллоҳ таолога ёқимсизроғи - бу талоқдир».
Ислом дини бизларни ўз ақлимиз, соғлигимиз, молу дунёмиз, обрў ва шарафимизни сақлаб боришимизга буюради. Бу билан у одамларни икки дунё саодатига муваффақ этишга ҳаракат килади. Шунинг учун Ислом ақлга, баданга зарарли, бойлик ва обрўни кетказадиган ҳар қандай нарсаларни ҳаром қилди. Худди шундай зарарли нарса - бу маст қилувчи ичимлик ва гиёҳлардир. Шу хусусида жаноб пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам амр қиладилар: «Ароқдан сақланинглар! Зеро у барча ифлосликларнинг онасидир. Кимики ундан ўзини четга тортмаса демак у Аллоҳнинг ва унинг Расули олдида гуноҳкор бўлибди ҳамда уларга осий бўлгани учун азобга ҳам сазовор бўлибди».
Сарвари олам Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам умматларини ўзаро меҳр-шафқатли, кечиримли бўлишга, бир-бирларининг нуқсон ва камчиликларини ёпишга тарғиб этар эдилар. «Ўзгаларга нисбатан кенг бағирли бўлинглар, сизларга нисбатан улар ҳам шундай бўлурлар»,- дер эдилар. Бир ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар: «Мусулмон одамларга уч кундан ортиқ аразлашиб юриш ҳалол эмас. Дуч келишганда бири у ёққа, бири буёққа бурилиб кетишлари номақбул ишдир. Шундай пайтда қайси бири олдин салом бериб юборса, ўшаниси яхши одамдир».
Азиз биродарлар!
Имом Тирмизийнинг ва бошқа муҳаддисларнинг тўпламларидаги ҳадиси шарифлар барча мусулмонларни ва уларнинг авлодларини Ислом руҳида тарбиялашда Аллоҳнинг розилигига мувофиқ равишда хизмат қилиб келаётир. Айниқса, улар бизнинг ҳозирги аҳлоқий, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммоларимиз кўпайиб бораётган асримизда яна ҳам катта аҳамият касб этади. Биз мусулмонлар барча ҳаётий муаммоларимизни Қуръони Карим ва ҳадиси набавий таълимотлари асосида ҳал этиб боришимиз зарур бўлади. Чунончи, Ҳақ таоло хитоб қилиб айтадики:«Эй мўъминлар! Аллоҳга, унинг Расулига ва ўз раҳбарларингизга итоат қилингизлар! Бирор нарсада низолашиб қолсангизлар, уни Аллоҳнинг ва Расулининг ҳукмига ҳавола қилингизлар, башарти Аллоҳга ва охиратга иймон келтирувчи бўлсаларинг. Шунда яхши ва маъноли иш бўлади» (Нисо сураси, 59-оят).
Ҳақ таоло бизларни бирликка чақиради ва турли тафриқаларга бўлиниб кетишдан қайтаради. Чунончи У шундай амр қилади: «Аллоҳнинг кўрсатган йўлини маҳкам тутиб боринглар, турли фирқаларга бўлиниб кетмангизлар, ҳамда Аллоҳнинг сизларга ато этган неъматини ёд этинглар, қайсики сизлар ўзаро адоватли халқ эдингиз, у сизларнинг дилларингизни бир-бирига ошно қилди. Ана шу неъмати сабабли сизлар биродарлашдинглар. Оловли чоҳ ёқасига келиб қолган эдингизлар. У сизларни қутқариб қолди. Шундай қилиб Аллоҳ таоло сизларга ўз оятларини баён қилади, шоядки сизлар ҳидоят йўлидан адашмай борурсизлар» (Оли — Имрон сураси, 103-оят).
Кўп сонли ҳадиси шарифларида жаноби Расулуллоҳ алайҳи васаллам барча аҳли Исломни ўзаро дўстлашишга чакириб, ҳасад, бадгумонлик қаби разил сифатлардан қайтарганлар. Бир ҳадисларида шундай деб буюрадилар: «Гумонсирашдан сақланингизлар, зеро у ёлгон сўздир. Бир-бирларингни текшириб жосуслик килманглар, ҳасад, буғзу адоватдан узоқлашиб Аллоҳнинг биродарлашган бандалари бўлингизлар».
Муҳтарам биродарлар!
Дарҳақиқат, Аллоҳ буюрганидек ва Расулуллоҳ васият этганларидек биродарлашган Ислом уммати бўлишимиз керак. Динимизни маҳкам тутиб бўлинмаган ҳолда Расулуллоҳнинг суннатларига иқтидо қилиб яшашимиз лозим. Жаноби Роббил аъламин буюрганидек, пайғамбаримизнинг келтирган барча фармонларига итоат қилиб, қайтарган нарсаларидан қайтишимиз вожиб бўлади. Биз мусулмонлар диний, аҳлоқий-ижтимоий, ҳатто сиёсий муаммоларимизни ҳам Қуръони Карим ва суннати Расулуллоҳ таълимотларига суянган ҳолда ҳал этиб боришимиз зарур. Шундагина Парвардигор ҳам бизлардан рози бўладилар. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифларни ўрганиш ва ҳаётга тадбиқ этиш ҳозирги кунда яна ҳам каттароқ, аҳамият касб этади.
Имом Тирмизийнинг тўпламидаги ҳадислар бу ҳусусида ўз хизмати ва нуфузини кўрсатиши мумкин. Зеро у мағрибдан то машриққа қадар ўтган уламолар томонидан эьтироф этилган машҳур олтита ҳадис тўпламларининг биридир. Ундаги ҳадислар ҳам саҳобалар давридан то бизнинг кунимизгача нақл этилиб келинаётган ҳадисларнинг энг ишончлисидир. Сиз билан бизлар Имоми Тирмизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган санани нишонлар эканмиз, Ҳақ субҳонаҳу ва таолога илтижо қилиб сўрайликки, у ўзининг динига қувват ва мусулмонларга омад бахш этиб, дини исломнинг ривожи учун хизмат қиладиган забардаст уламоларнинг сонини кўпайтираверсин, токи Аллоҳнинг калимаси юқори, аҳли куфрларнинг калимаси қуйи бўлиб бораверсин!
Имом Тирмизийнинг 1200 йиллигини нишонлаш халқаро Ислом анжумани очилишида сўзланган нутқ. Ҳижрий 1411 сана, 24-сафар (1990 й. 14 сентябрь).
Имом Тирмизий
Барча ҳамду сано ул Тангригаким, ўзига хос ва яқин бандаларининг дилларини қадим ва мўъжизали бўлган каломи шарифи билан хушнуд айлади ва дўсту ҳабибларини руҳларига ўз зикрининг ёкимли файзу футуҳи билан ҳузур бахш этди. Саловату саломлар ул расулиғаким, одамларга Қуръони Карим оятларини баён этди ва уларни тўғри йўлга бошлади. Шунингдек ул жанобнинг аҳли байтлари ва саҳобаларига ҳам саломлар бўлсинки, улар Расулуллоҳнинг суннатларини бизларга етказишда осмон юлдузларидек раҳнамодурлар!
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Уламолар
|
Калит сўзлар
Бошқа мақолалар: Абу Муслим
- Қўрқув формуласи: Россия нима учун қитъалараро баллистик ракетани ишлатди?
- Оқ уй: Путиннинг таҳдидларига қўйганимиз бор АҚШ Украинага ёрдам бераверади
- Супертурбина водородда ишлаб чиқарилаётган энергия: Россия газига алтернатива
- Халқаро Жиноят Суди жиноятчи Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазирига нисбатан ҳибс ордери чиқарди
- Инсон ҳуқуқлари умумий Ислом декларацияси