031. Луқмон сураси
- Жума, Дек 08 2023
- 14727 марта кўрилди
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ўттиз тўрт оятдан иборат ушбу сурайи карима Маккада нозил бўлгандир.
Сура Қуръони Ҳакимнинг таърифи билан бошланиб, сўнгра шу буюк борлиқда ҳам Оллоҳ таолонинг Борлиги ва Бирлигига далолат қиладиган турли оят-аломатлар мавжуд эканлиги ҳақида хабар берилади ва коинотдаги энг кичик заррадан тортиб энг катта сайёраларгача барча мавжудот Ягона Яратган томонидан белгиланган тартиб-интизомга бўйинсуниши уқтирилади.
Ушбу сурада тўрт кунлик дунё матоъларига алданиб қолган мушрик-кофир кимсалар ва уларнинг топажак оқибатлари тўғрисида ҳам, Ёлғиз Оллоҳга иймон келтириб ҳаётларини яхши амаллар билан ўтказаётган иймон эгалари ҳақида ҳам мисоллар келтирилади ва сура ниҳоясида бар-ча инсонларни бола-чақа ҳам, мол-дунё ҳам фойда бермайдиган ҳисоб-китоб Куни - Қиёмат ҳақ эканлиги хусусида огоҳлантирилади.
Бу сурадан Луқмони ҳаким тўғрисидаги хабар ва унингўз фарзандига қилган ўгитлари ҳам ўрин олгани сабабли у «Луқмон» сураси деб номлан-гандир.
Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан
1-2. Алиф, Лом, Мим. Ушбу (оятлар) Китоби Ҳаким оятларидир.
Сурайи карима ҳуруфи муқаттаот - маънодан узилган ҳарфлар билан бошланиб (ушбу ҳарфлар хусусида аввалги суралар тафсирида батафсил сўз юритилган), дастлаб ушбу оятлар Ҳикматли Қуръон оятлари эканлиги айтилади. Қуръонга нисбати берилган Ҳаким - Ҳикматли деган сифатнинг бир неча маънолари бор: улардан бири, бу Китобдаги ҳар бир калима - сўз беқиёс Ҳикмат - Донолик билан ўз ўрнига кўйилган бўлиб, унда бирон ор-тиқча ёки ноўрин сўз йўқ деганидир. Ҳакимнинг яна бир маъноси, ўта мус-таҳкам, ҳар қандай ўзгартириш ва алмаштириш хавфидан қўриқланган, яъни, ҳеч қачон ҳеч ким тарафидан ўзгартириб бўлмайдиган Китоб дегани-дир. Қуйидаги оятларда ушбу Китоби Ҳаким Ҳақ таоло томонидан кимлар учун ва қандай мақсад билан нозил қилингани ҳақида сўз боради -
3-4. (Ушбу Китоб) - намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдор-ларга) ато этадиган ва Охиратга аниқ ишонадиган чиройли амал қилгувчи зотлар учун Ҳидоят - Тўғри Йўл ва Раҳмат - Илоҳий Мар-ҳамат (бўлган Китоб)дир.
Яъни, ушбу оятлар Оллоҳ таолодан қўрққанлари боис гўё Уни кўриб тургандек чиройли - бекаму кўст амал қилгувчи, Шариати Исломни маҳ-кам ушлаган мўминлар учун залолат йўлларидан қутқаргувчи Ҳидоят ва дўзах азобидан халос қилгувчи Илоҳий Марҳамат бўлиб нозил қилинди. Мазкур муҳсин - чиройли амал қилгувчи зотларнинг сифатлари: улар Дини Исломнинг энг асосий устунларидан бири бўлмиш намоз ибодатини бутун умрлари давомида ўз вақтида, жамийки арконларига риоя қилган ҳолларида, чин ихлос билан тўкис адо қиладилар, уларнинг орасидаги аҳли давлат кишилар зиммаларига фарз қилинган закотни мунтазам ра-вишда фақир, мискин ва муҳтож мўминларга, яъни, закот олишга ҳақдор бўлган кишиларга ато этадилар, чунки улар закот, уни олгувчилардан ҳам бергувчилар учун фойдаси кўпроқ бўлган амал эканлигини жуда яхши биладилар. Зотан ҳадиси шарифда: “Мол-давлатларингизни уларнинг за-котини бериш билан кўрғонлаб қўйинглар, касалларингизни муҳтожларга садақа бериш билан даволанглар ва келадиган бало-мусибатларга дуони тўсиқ қилиб тайёрлаб кўйинглар”, дейилгандир. (“Танвийрул-азҳон”дан).
Ва ниҳоят, мазкур муҳсинларнинг энг асосий сифати - улар ҳаёт фақат бугундан - мана шу ўткинчи дунёдан иборат эмаслигига, балки бугуннинг Эртаси, яъни, Охират ҳаёти ҳам борлигига ва у жойда ҳаёти дунёда қилинган ҳар бир иш-амал учун жазо муқаррар эканлигига аниқ ишона-дилар, шунинг учун ҳам ҳеч кимдан жавоб ва раҳмат кутмасдан Ёлғиз Оллоҳ Ризоси учун чиройли амаллар қилаверадилар.
5. Парвардигорлари тарафидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топгувчилар ҳам уларнинг ўзидир.
Демак, Ҳақ таолонинг Ҳидоятига эришиш юқоридаги оятларда зикр қилинган сифатларга эга бўлган мўминларнинг насибасидир. Нажот - бугун бу дунёнинг фоний ҳаётидан адашмай, ўткинчи нарсаларга алданмай, эрта-бир кун аниқ етиб келадиган Рўзи Қиёматни ва унда бўладиган ҳисоб-китобни ёддан чиқармай, Ҳидоят - Тўғри Йўлда барқарор бўлиб тақво билан, солиҳ амаллар билан Охират ҳаётига ўтиб олишдир. Нажот - Охиратнинг боқий дунёсида мангу бахт-саодатга эришмоқ ва дўзах азобидан қутулмоқдир. Ояти каримадаги «муфлиҳувн» калимасининг масдари - асоси «фалоҳ» бўлиб, луғавий маъноси бўлиш, ёриб ўтиш демак-дир. Деҳқон ҳам ерни ёриб уруғ қадагани учун фаллоҳ деб аталган. Ҳақ таоло бу дунёдаги ёмонликларни, гуноҳ-маъсиятларни - иймон йўлидаги барча тўсиқларни ёриб ўтиб фалоҳ - нажот топгувчилар, яъни, дўзах азобидан қутулиб, жаннатларга эришгувчи зотлар тақво йўлини маҳкам тутиб, Қуръони Карим Ҳидоятидан баҳраманд бўлган мўминлар эканини таъкидлайди.
6. Одамлар орасида билимсизлик билан (ўзгаларни) Оллоҳнинг Йўлидан оздириш учун ва у (Йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўзни сотиб оладиган каслар ҳам борки, ундай кимсалар учун хор қилгувчи азоб бордир.
Ояти карима Қуръон тиловат қилиш ва уни тинглашни тарк этиб, ҳеч қандай билимга, ҳужжат-далилга эга бўлмаган ҳолида одамларни Оллоҳнинг Динидан адаштириш, уни масхара қилиш учун беҳуда-бемаъни қўшиқ, мусиқа ва ёлғон-яшиқ шеър, достонлар айтадиган ва тинглайдиган кимсалар учун бир Илоҳий огоҳлантириш бўлиб, улар учун Охиратда хор қилгувчи азоб борлигини таъкидлайди. Оятдаги “яштарий” калимаси “сотиб олади, алмаштириб олади”, деган маънони билдиришига эътибор қаратсак, мазкур кимсалар айтадиган кераксиз сўзларини, одамларни Тўғри Йўлдан оздирадиган ёлғон-яшиқдан иборат бўлган турли афсоналарини ва бемаъни кўшиқ-яллаларини айтилиши лозим бўлган Ҳақ Сўз ўрнига танлаганларини, бошқача айтганда, улар Қуръон ва Ҳадис ўрнига ҳеч кимга фойдаси бўлмаган, аксинча эшитган одаларни йўлдан оздирадиган бехуда сўзни алмаштириб олганларини англаймиз. Албатта, Ҳақ Сўзни тарк этиб, уни хор қилмоқчи бўлган кимсалар учун уларни кутиб турган хор қилгувчи азоб бордир.
Улуғ саҳобийлар Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳум ва Ҳасани Басрий, Икрима, Саид ибн Жубайр раҳимаҳумуллоҳ: Оятдаги “лаҳвул-ҳадис - беҳуда сўз”дан мурод, қўшиқ-мусиқадир, оят мана шу ҳақда нозил бўлган”, дедилар. (“Маоли-мут-танзийл” тафсиридан).
Аксари аҳли тафсир ушбу ояти карима Назр ибн Ҳорис исмли бир мушрик кимса ҳақида нозил бўлганини айтадилар. Ривоят қилинишича, у бир савдогар бўлиб, тижорат билан форс мамлакатига борганида у жойдан Калила ва Димна, Рустам ва Исфандиёр каби афсонавий қаҳрамонлар ҳақидаги достонларни ва форс подшоҳлари мадҳ этилган китобларни сотиб олиб, Маккага қайтгач, қурайшликларнинг мажлисларида уларга ана ўша афсоналарни ўқиб берар ва: “Муҳаммад сизларга Од, Самуд қабилалари ҳақида сўзлаб берса, мен сизларга Рустам, Исфандиёрлар ҳақидаги қиссаларни айтиб бераман менинг бу сўзларим Муҳаммад айтадиган сўзлардан чиройлироқ”, деб Оллоҳнинг оятларини масхара қилар эди, айрим нодон қурайшликлар эса унинг айтиб берадиган афсоналарига маҳлиё бўлиб, Қуръонга қулоқ солишни тарк этар эдилар. Шунда Оллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилиб, бундай кераксиз, кишининг дунёсига ҳам, Охиратига ҳам фойдаси тегмайдиган ёлғон сўзларни тарқата-диган ва унга маҳлиё бўлиб Ҳақ Сўзни тарк этадиган кимсалар учун албатта жаҳаннам азоби борлиги ҳақида огоҳлантирди. (“Ал-Жомеъ лиаҳко-мил-Куръон”ва “Танвийрул-азҳон” тафсирларидан олинди).
Қуйидаги ояти каримадаги ана ўша Назр ва у кабиларга берилган огоҳлантириш янада қаттиқроқ -
7. Қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, гўё уларни эшитмагандек, гўё қулоқларида оғирлик-карлик бордек кибру ҳаво билан юз ўгириб кетур. Бас, унга аламли азоб ҳақида «хушхабар» бериб қўйинг!
Мана бу оят ва унинг шарҳи ўрганаётганимиз ояти кариманинг энг гўзал тафсиридир: “Парвардигорининг оятлари билан панд-насиҳат қилинганидан сўнг, у (оят)лардан юз ўгирган ва ўзининг қўллари қилган (гуноҳ)ларини унутиб қўйган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Дарҳақиқат, Биз уларнинг қалбларида (Қуръонни) англашдан тўсадиган пардалар қилиб, қулоқларини эса оғир қилиб қўйдик. Бас, агар Сиз уларни (ҳар қанча) Ҳидоят - Ҳақ Йўлга чақирсангиз ҳам, улар ҳеч қачон у Тўғри Йўлга юрмаслар.” (Каҳф сураси, 57-оят).
Ояти карима ҳамма замонлардаги Қуръони Азимни эшитиб туриб “эшита олмайдиган”, унинг маъноларини англай билмайдиган, борлиқ-даги Оллоҳтаолонинг Бир ва Борлигига, мислсиз Қудратига далолат қила-диган оятлар-аломатларни ўз кўзлари билан кўриб туриб “кўра олмайдиган” кимсалар ҳақидадир. Ҳақ таоло уларнинг дарди жуда оғир эканини - қалблари ҳар тарафдан тўсиқ-девор билан тўсилиб, ҳеч нарсадан таъ-сирланмайдиган, ҳақиқатни тан олмайдиган бўлиб қолганини, бекорчи-беҳуда сўзларни жуда яхши эшитадиган қулоқлари Оллоҳнинг Каломи тиловат қилинганида том битиб “эшитмай” қолишларини айтади.
Демак, оят Қуръоннинг Каломуллоҳ эканига, Ҳазрати Муҳаммад сол-лоллоҳу алайҳи ва салламнинг Расулуллоҳ эканликларига иймон келтир-майдиган кофирлар ҳақида нозил бўлди.
Аммо фақат улар ҳақида эмас, балки мусулмонлар орасидаги Қуръон оятларини эшитиб - билиб туриб уларга амал қилмайдиган, эшитганла-ридан фойдаланмайдиган, Ҳақ Сўзга итоат қилмайдиган кимсалар ҳам қалбларида тўсиқ, қулоқларида “оғирлик” бор кимсалар қаторида эканликлари ҳақидадир.
Анъом сурасида келган айни мазмундаги оят тафсирида Калбий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилиб айтади: “Бир тўда Қурайш катталари Қуръонни эшитар эканлар, ораларидаги Назр Абу Қутайла де-ган кимсадан: “Эй Абу Қутайла, бу Муҳаммад нималар деяпти ўзи?”, де-дилар. У: “Нима деяётганини билмайман-у, аммо у лабларини қимирлатиб, худди мен сизларга ўтган замонлардан сўзлаб берадиган нарсаларга ўхшаган аввалгилардан қолган афсоналарни айтиб беряпти”, деди. Назр-нинг ўзи ўтган замонларнинг хабарларидан кўп сўзлар эди. Унинг сўзларини эшитган Абу Суфён: “Мен Муҳаммаднинг айтган айрим сўзларини ҳақ деб биламан”, деган эди, Абу Жаҳл: “Ундан (яъни, Қуръондан) бирон нарсани тўғри демагин. Биз бундан кўра ўлганимиз осонроқ”, деди. Шунда бу ояти карима нозил бўлди”. (“Маолимут-танзийл” тафсиридан).
Ҳақ таоло Унинг оятларини кўриб билиб туриб, улардан ибрат олмай-диган, яхшилик Йўли бўлмиш Дини Исломдан хабардор бўлиб туриб, у Йўлдан юз ўгирадиган, куфрнинг ёмонлик чоҳи эканлигини тушуниб туриб, яна ўша куфр йўлига эргашиб кетадиганлар золим деб номланишга энг лойиқ бўлган кимсалар эканлиги ҳақида огоҳлантиради.
“Бас, агар Сиз уларни Ҳидоят - Ҳақ Йўлга чақирсангиз ҳам, улар ҳеч қачон у Тўғри Йўлга юрмаслар”.
Ушбу жумла иймон келтирмасликлари Оллоҳ таолога маълум бўлган қавмлар ҳақида бўлиб, гўё бир муқаддар - кўнгилдаги саволга жавобдир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам барча одамлар, хусусан ҳамша-ҳарлари бўлган Макка аҳлининг барчаси иймон келтиришларига жуда ҳарис бўлганлари учун гўё “Нега мен ўша қалбларида парда, қулоқларида карлик бўлган кимсаларни ҳам тинмасдан Ҳидоятга чақиравермаслигим керак?” деб сўраганлар-у, Оллоҳ таоло “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз у золимларни ҳар қанча даъват қилганингизда ҳам улар асло Тўғри Йўлга юрмаслар”, деб Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳақиқатни айтгандек. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсиридан).
8-9. Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун ноз-неъмат боғлари бордир. Улар у жойда мангу қолурлар. (Бу) Оллоҳнинг Ҳақ Ваъдасидир. У Кудрат ва Ҳикмат Эгасидир.
Юқоридаги оятларда кофирларнинг жойи жаҳаннамда бўлиши ҳақида хабар берилганидан кейин ушбу ояти каримада мўминларга Охират диё-рида ато этилажак буюк мукофот - жаннатлар ҳақида сўз боради.
Ушбу ояти карима Оллоҳ таолонинг мўмин бандаларига берган Ҳақ Ваъдасидир. Ҳеч қачон ваъдасига хилоф қилмайдиган беназир Ростгўй Зот иймон келтириб солиҳ амаллар қилган бандаларини улар мангу роҳат ва фароғатда яшайдиган, қасрлари ва дарахтлари остидан тинмай дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритишини айтади.
Демак, Қуръони Каримга аниқ ишонч билан иймон келтирган ва у Азиз Китоб ҳақида ҳеч қачон ҳеч қандай шак ёки шубҳа-гумон қилмаган ҳамда ҳаётлари давомида Қуръон оятларида буюрилган солиҳ амалларни қилган зотлар ноз-неъматлар билан тўла бўлган боғу бўстонларда - жаннатларда мангу қарор топурлар;
Албатта Оллоҳнинг Ваъдаси Ҳақдир.
Имом Термизий ва бошқалар ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта энг Рост Сўз Оллоҳнинг Каломидир, энг яхши йўл Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Йўлидир, ишларнинг энг ёмони янги чиққанларидир (яъни, Қуръон ва Ҳадисда бўлмаган, одамлар ўзлари ўйлаб топиб, ундай қилсанг савоб бўлади, бундай қилсанг гуноҳ бўлади, деб Ҳақ Динга қўшиб олган нарсаларидир), ҳар бир мана шундай янги чиққан нарса бидъатдир, ҳар бир бидъат залолатдир, ҳар бир залолат дўзахдадир”, деганлар.
10. У (Оллоҳ) осмонларни сизлар кўрадиган бирон устунсиз яратиб, сизларни тебратмаслиги учун Ерда тоғларни барпо қилди ва унда ҳар турли жондор(лар)ни тарқатиб-ёйиб юборди. Яна Биз осмондан сув-ёмғир ёғдириб, (Ерда) барча ранг-баранг саховатли -серҳосил (ўсимлик) навларидан қанчасини ундириб қўйдик.
Ушбу ва қуйидаги ояти каримада Ҳақ таоло жонсиз бут-санамларга сиғинадиган мушрик-кофир кимсаларга хитоб қилиб, осмонлар ва Ердаги Унинг Танҳо Илоҳ, Қудрати чексиз Парвардигор эканига очиқ далолат қилиб турган бир неча мисол келтиради: “У (Оллоҳ) осмонларни сизлар кўрадиган бирон устунсиз яратди”.
Буюк Арш Соҳиби аввало сўзни осмонлардан бошлайди ва етти қават Ернинг жуфти, бошқача айтганда томи бўлган осмонларни - чек-чегараси ҳали-ҳанузгача фанга номаълумлигича қолаётган етти қат осмонни одамлар кўрадиган бирон устунсиз мана шундай юксакларга кўтариб қўйганини, яъни, мана шу баланд осмонларни ва улардаги барча нарсаларни яратган ЗотЎзи эканини айтади. Демак, осмонлар ва улардаги катта-ю кичик, жонли ва жонсиз барча нарсалар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ, уларнинг ҳар бирини Ягона Оллоҳ яратди.
“...сизларни тебратмаслиги учун Ерда тоғларни барпо қилди”.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтади: “Қачонки Оллоҳ таоло Ерни яратганида у тинмай чайқалиб-тебрана бошлади. Шунда малоикалар: “Бу ўз устида бирон кимсани тургизмайди”, дедилар-у, эрталаб кўрсалар, уни тоғлар билан “михлаб” қўйилибди. Бас, малоикалар у тоғлар нимадан яратилга-нини билмай қолавердилар”. (“Маолимут-танзийл” тафсиридан). Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай дейилади: “Биз Ерни (барча жонзотлар маскан тутиб яшашлари учун) бир тўшак, тоғларни эса (ўша Ерни тутиб тургувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!” (Набаъ сураси, 6-7-оятлар).
Дарҳақиқат бағрига ўрнашган тоғлари бўлмаган Ер бамисоли суяксиз гўштга ўхшайди. Худди жонзотнинг жасади суяклари борлиги сабабли тик тура олганидек, Ер ҳам ўрнашган тоғлари билангина собит, барқарордир.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтди: “Қачонки Оллоҳ таоло Ерни яратганида у тепиниб-тебраниб: “Эй Роббим, Сен мени тинмай гуноҳ-маъсиятлар қиладиган, устимга ўлимтик ва ахлатлар тўкадиган кимсаларга оёқ ости қилиб қўясанми?” деган эди, Оллоҳ таоло дарҳол унга сизлар кўра оладиган ва кўра олмайдиган тоғларни ўрнатиб, қимирламайдиган қилиб қўйди”.
“...ва унда ҳар турли жондор(лар)ни тарқатиб-ёйиб юборди”.
Яъни, Оллоҳ таоло Ер юзида доимо ҳаёт нафаси уфуриб туриши учун ва инсон билган-билмаган турли ҳикматлар сабаб қуруқликда, сувда ва ҳавода шаклу шамойиллари хилма-хил бўлган, бир-бирига ўхшамаган гўзал ва бетакрор суратли, овозлари ҳам турлича бўлган сон-саноқсиз жонзотларни ёйиб-тарқатиб юборди.
“Яна Биз осмондан сув-ёмғир ёғдириб, (Ерда) барча ранг-баранг саховатли - серҳосил (ўсимлик) навларидан қанча-қанчасини унди-риб қўйдик”.
Яъни, нега мушрик-кофир кимсалар ҳеч бир тадаббур-тафаккур қилмасдан Ҳақ Каломуллоҳни ёлғон дейдилар, ундан юз ўгирадилар, масхара қилиб куладилар?! Ахир улар, агар узоқни кўра олмасалар, мана шу оёқлари остидаги Ерга - тунроққа ибрат назари билан боқсалар бўлмайдими?! Шунда Оллоҳ таоло оддий қора тунроқдан инсонлар учун, нафақат инсонлар, балки жамийки жонзотучун емиш бўладиган ранг-баранг мева дарахтларини, дон-дунларни ва ўт-ўланларни қанча-қанчасини ундириб қўйганини кўрадиларку! Ҳатто инсоният Отаси бўлмиш Одам алайҳис-саломни ҳам Оллоҳ таоло мана шу Ердан - тупроқдан ундириб чиқардику - яратдику! Шаъбий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Одамлар ҳам Ердан униб чиққан “дарахтлар”дир. Бас, ким жаннатга кирса, у серҳосил дарахтдир, ким дўзахга кирса, у қуриган ўтиндир”.
Албатта, ҳар бир ибрат-эътибор назари билан қарай оладиган инсон учун Оллоҳ таолонинг ушбу мўъжизасида - ўлик тупроқдан жамийки дов-дарахтларни ундириб чиқаришида буюк оят-ибрат бор, У Зотниннг тенгсиз Қудрат, чексиз Илм ва бандаларига бениҳоя Меҳр-Марҳамат Соҳиби эканглигига далолат бор.
11. Бу(ларнинг ҳаммаси) Оллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар), сизлар Менга Ундан бошқа (сизлар сиғинадиган) “илоҳлар” нималарни яратганини кўрсатинглар-чи! Йўқ, (улар бирон нарсани кўрсата олмаслар, бас), у золим кимсалар очиқ залолатдадирлар.
Яъни, юқоридаги оятда зикр қилинган бирон устунсиз тиклаб қўйилган осмонлар, Ер, тоғлар, барча жонзот ва набототлар Танҳо Оллоҳ таолонинг Ўзи яратган нарсалардир. Энди айтинглар-чи, эй мушриклар, сизлар Оллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам бирон нарсани ярата оладими?! Албатта йўқ! Бас, у ҳолда сизлар қайси ақл ва қандай мантиқ билан уларни “Оллоҳнинг шериклари” деб даъво қилмоқдасизлар?! Кўрсатган қандай кароматлари учун у жонсиз бутлар сизлар сиғинадиган маъбудларга айланиб қолдилар?! Албатта, ўз қўллари билан ясаб олган бут-санамларни, жонсиз тош-ёғочларни “бизнинг илоҳларимиз” деб уларга дуо-илтижо қиладиган мушрик кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз, Тўғри Йўлдан адашган, ўз жонларига жабр қилган золимлардир.
12. Дарҳақиқат, Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик (ва унга дедик): «Оллоҳга шукр қилгин! Ким шукр қилса, фақат ўз фойдаси учун шукр қилур (яъни, қилган шукрининг фойдаси ўзига бўлур). Ким ношукурлик қилса, бас, албатта Оллоҳ (унинг ва барча оламларнинг шукр қилишидан) Ғаний -Беҳожат ва Ҳамид - ҳамду санога Лойиқ бўлган Танҳо Зотдир.
“Тафсири Қуртубий”да айтилишича, Луқмон Иброҳим алайҳис-са-ломнинг отаси Озар авлодларидан бўлиб, Айюб алайҳис-саломнинг жияни - опасининг ўғли, яна бир ривоятда холасининг ўғли эди. Жумҳур уламо наздида Луқмон пайғамбар эмас, балки бир ҳакийм - донишманд киши бўлган. Нақл қилишларича, Оллоҳ таоло Луқмонга жуда узун - минг йил умр берган, ҳатто Довуд алайҳис-салом ҳам Луқмони ҳакимни кўрган ва ёшлик чоғида ундан таълим олган. Довуд алайҳис-саломга пайғамбарлик - ваҳий келишидан илгари Бани Исроил қавми томонидан сўраладиган масъалаларга Луқмон фатво берар эди. Қачонки Довудга пайғамбарлик ато этилгач, Луқмон фатво беришни тўхтатган ва одамлар нега саволларимизга жавоб бермай қўй-дингиз деб сўрашганида, “Довудга энг мукаммал билим - Илоҳий ваҳий келиб турибдику, ўша мен учун ҳам етарли эмасми?” деб жавоб қилади. Оллоҳ таоло Луқмони ҳакимга нарса ва воқеа-ҳодисанинг моҳият-ҳақиқатига бехато етиш ва энг тўғри ҳукмини чиқара олиш неъматини - яъни, ҳикматни ато этган экан. Шу боисдан ҳам у кишидан инсон шуурининг қоронғу йўлакларини ёритиб юборадиган минглаб ибратли ҳикматлар асар бўлиб қолгандир.
Ҳикмат - Ҳақ таолонинг энг нодир неъматларидан эканлиги ҳақида бошқа бир ояти каримада шундай дейилади: “У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди. Фақат аҳли донишларгина эслатма оладилар”. (Бақара сураси, 269-оят).
Ҳикмат хақидаги ушбу оятнинг мўминларни инфоқ-эҳсонга чорловчи оятлар қаторида келишида ҳам албатта катта ҳикмат бор.
Ҳикмат - билиш, англаш ва билган илмини ўз ўрнида ишлатишдир. Илмларнинг энг улуғи Қуръон илмидир.
Ҳикмат берилган инсон ҳақиқатни хурофотдан, васвасани илҳомдан ажрата оладиган малакага эга бўлади.
Ояти карима илм ва ҳикматнинг шаъни юксак эканини баён қилади. Дунёни “арзимас мато”, деб таърифлаган Қуръон ҳикматни “кўп яхшилик” эканини айтади.
Табароний Абу Умома розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда бундай дейилади: “Луқмони Ҳаким ўғлига деди: “Эй ўғилчам, сен доим уламолар мажлисларини истагин, ҳукамолар ҳикматларини тинглагин. Чунки Оллоҳ таоло худди ўлик ерни майин ёққан ёмғир билан тирилтиргани каби ўлик қалбни ҳикмат нури билан тирилтиради”.
Ўрганаётганимиз ояти каримада Оллоҳтаоло солиҳ бандаси Луқмонга ҳикмат - донишмандлик ато этгани ҳақида гувоҳлик берар экан, ўша онда Луқмон учун ҳам, барча бандалар учун ҳам энг улуғ ҳикмат Яратганга шукр қилиш эканлигини айтади. Демак, Луқмон доимо Оллоҳ таолога шукр қилгани боис Луқмони Ҳаким бўлди ва Қуръон оятида бу ҳақда хабар берилди ёки унга Ҳақ таоло томонидан ҳикмат-донишмандлик неъмати ато этилгани учун ҳам мудом Оллоҳтаолога шукр қилишга буюрилди.
Лекин ушбу Илоҳий Фармон - Оллоҳга шукр қилиш фақат Луқмонга эмас, балки барча бандаларга буюрилди ва банда Яратганга шукр қилар экан, берган неъматлари учун Оллоҳ таолога ҳамду санолар айтар экан, унинг шукри ўша неъматнинг давомли бўлишига ва янада зиёда қилини-шига сабаб бўлиши айтилди.
Аммо ким Оллоҳ ато этган неъматга шукр қилиш ўрнига нонкўрлик, куфрони неъмат қиладиган бўлса, у ношукур банда фақат ўзига зиён етказади - неъматдан маҳрум бўлади, неъмат Эгасининг қаҳрига учрайди, азобига гирифтор бўлади. Зотан, Оллоҳ таоло ҳеч ким ва ҳеч нарсага, жумладан бандаларнинг шукр қилишларига ҳам муҳтож бўлмаган мутлақ Беҳожат Зотдир, У, инсонлар Унга ҳамд айтадиларми, ёки йўқми қатъий назар, Ер ва осмонларда тўхтовсиз мақталадиган, ҳамд-сано айтиладиган Ҳамийд - ҳамду сано Эгасидир. Бу ҳусусда Жаноби Ҳақ бошқа бир ояти каримасида ҳам огоҳлантирган: “Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: «Қасамки, агар сизлар (берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта, Мен (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрони (неъмат) қилсангизлар, албатта, Менинг азобим жуда қаттиқдир». (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу ояти карима гарчи Мусо алайҳис-салом ва унинг қавми ўртасида бўлиб ўтган можаролар баён қилинган оятлар қаторида келган бўлсада, ундаги хитоб нафақат бани Исроил қавмига, балки барча инсонларга қаратилгандир.
Оят, бандаларнинг Оллоҳ таолога ато этган неъматлари учун шукр қилишлари албатта у неъматларнинг янада кўпайишига сабаб бўлиши, куфрони неъмат - ношукурлик эса, нонкўр кимсаларнингу неъматлардан маҳрум бўлиб, Яратганнинг қаттиқ азобига дучор қилинишларига сабаб бўлиши ҳақида эълон қилинган Илоҳий Ҳужжатдир.
Бас, маълум бўладики, агар каттами-кичикми, ҳар бир неъмат учун шукр қилиш у неъматнинг янада кўпайишига сабаб бўлса, демак, неъматга шукр қилишнинг ўзи ҳам неъматдир. Ҳикоя қилишларича, Довуд алайҳис-салом: “Ё Роббим, мен Сенга қандай шукр қила оламан, ҳолбуки, менинг Сенга шукр қилишимнинг ўзи ҳам Сен томондан менга ато этилган янги бир неъматку!” деганида, Ҳақ таоло: “Эй Довуд, мана ҳозир (яъни, шукрнинг ўзи ҳам неъмат эканини англаш билан) сен Менга шукр қилдинг”, деди.
Бу ўринда аниқ билишимиз лозимки, Оллоҳ таолога шукр қилиш фақат тилимизда “Алҳамдулиллоҳ - Худога шукр”, деб кўйишимизнинг ўзи эмасдир, балки шу билан бирга зиммамизда бизга берилган ҳар бир неъмат учун амалий шукр қилиш вожиби ҳам бордир.
“Тафсири Қуртубий”да солиҳ кишилардан биридан Оллоҳ таолога шукр қилишнинг мазмуни ҳақида сўралганида, у зот: “Оллоҳ берган неъматнинг қуввати билан Унга исён - итоатсизлик қилмаслигингдир”, деб жавоб бергани ривоят қилинади.
13. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эсланг, Луқмон ўғлига панд-на-сиҳат қилар экан, деган эди: «Эй ўғилчам, Оллоҳга ширк келтирма-гин! Чунки ширк келтириш энг катта зулмдир».
Ояти каримада барча мўминларга бир умрлик ибрат бўлиши учун Луқмони ҳакимнинг ўз ўғлига насиҳат қилиб айтган ўта ҳикматли бир сўзи эслатилади. Бу ҳар бир меҳрибон ота суюкли фарзандининг кулоғига куйиб қўйиши лозим бўлган сўздир. Луқмон фарзандига ҳеч қачон Оллоҳ таолога бирон нарса ёки кимсани шерик қилмасликни, яъни, Оллоҳдан ўзга бирон нарса ёки кимсага сиғинмасликни буюрди ва ширк энг катта адолатсизлик - зулм бўлишини таъкидлади. Чунки барча нарсани яратган Оллоҳтаолога ҳеч нарса ярата олмайдиган махлуқни тенг деб билишдан; Оллоҳга ибодат қилгани каби анави махлуққа ҳам сиғинишдан каттароқ адолатсизлик борми?! Албатта йўқ! Шунинг учун ҳам банда қиладиган ҳар қандай гуноҳ кечирилиши мумкин, аммо ширк кечирилмайди. “Албатта Оллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечирур. Ким Оллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди.” (Нисо сураси, 48-оят).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, икки вожиб қилгувчи нарса нима?” деб сўради. Айтдилар: “Ким Оллоҳга бирон нарсани ширк келтирмай вафот қилса, жаннатга кирур, ким Оллоҳга би-рон нарсани ширк келтирган ҳолида ўлса дўзахга кирур”.
Демак, ширк-куфр энг катта жиноят, ҳеч қачон кечирилмайдиган гуноҳ экан.
Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлган Оллоҳ таолонинг шериги бор деб эътиқод қилиш, Оллоҳни қўйиб бошқа сохта “худолар”га сиғиниб, улардан хожатларини сўраш ҳеч бир ақлли инсон қилиши дуруст бўлмаган хурофотдирки, ширк ботқоғига ботган, Ёлғиз Яратгандан юз ўгирган кимсаларнинг ибодат деб қилаётган ишлари кулгили, топажак оқибатлари ниҳоят даражада аянчлидир. Улар Ёлғиз Оллоҳ берган умрни яшаб, Унинг Ўзи берган ризқни еб, раҳматни бошқаларга айтадиган ақлсиз кимсалардир.
Аммо тавҳид - Оллоҳ таолони Танҳо Маъбуд деб эътиқод қилиш ва мана шу эътиқодга мувофиқ ҳаёт кечириш эса, инсонни бошқа инсонларга ёки борлиқдаги бирон нарсага қул бўлиб қолишдан озод қилади, Оллоҳнинг Ўзига ибодат қилиш,УнингЎзига суяниш мақомига кўтаради. Мўмин инсон пок дил, тоза руҳ билан, кўнгилдаги бошқа ҳеч қаердан топиб бўлмайдиган ором билан инсон табиатига ўта мос келадиган чин инсоний ҳаёт кечиради, дунё ва Охиратдаги Ёлғиз Халоскорига сиғиниб, Унинг юборган Кўрсатма - Эслатмаларига амал қилиб, Унинг Элчисига эргашиб, қилаётган амалларини Унинг Ўзи қабул қилишидан, хато-гуноҳларини Унинг Ўзи мағфират қилишидан умидвор бўлиб яшайди. У қилаётган солиҳ амалларига суяниб ўзидан кетмайди, қилган хато ва гуноҳлари сабабли энди ҳалок бўлдим, деб ноумидликка тушмайди, балки унинг ожизона ибодатларини қабул қилиб, Ўз Илоҳий Марҳамати билан ажр-мукофотлар ато этгувчи, Ўзи хоҳлаган бандаларининг ширкдан бошқа ҳар қандай гуноҳларини кечириб юбориш Ўз Қўлида бўлган Парвардигорига суянади.
14. Биз инсонга ота-онасини (яъни, уларга яхшилик қилишни) ҳукм қилдик - буюрдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни, қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур) уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буюрдикки), «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!»
Яъни, Оллоҳ таоло ҳар бир инсонга ота-онасига доимо яхшилик қи-лишни, уларга итоатгўй бўлишни ва ўзининг зиммасидаги ота-она ҳаққини мукаммал адо қилиб боришни буюрди. Хусусан, онасига - ўзи заифа бўлган ҳолида янада заифлашишига сабаб бўладиган ҳомиладорлик юкини ўз ихтиёри билан кўтариб, вужудидаги ҳомила каттариб боргани сари янада қийналиб, қийналгани сари нолиш ўрнига болам ўсяпти деб шукр қилиб қачонки ойкуни етганида уни дунёга келтирадаган, дунёга келтирганидан кейин ҳам яна тўла икки йил муттасил равишда ўзининг оромидан қочиб, бола ухлаганида ухлаб, уйғонганида баробар уйғониб уни эмизиб-тўйдирадиган ва барча хизматларини мутлақо ирганмасдан, аксинча қал-бида болам катта бўлиб қоляпти деган шукроналик билан адо қиладиган онасига бир умр яхшилик қилишни буюрди. Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг буюк Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг “Мен яхшилик қилишимга энг ҳақли бўлган инсон ким, энг аввал кимга яхшилик қилай?” деб сўраган саҳобийга: “Энг аввал онангга яхшилик қилгин”, деб жавоб қилганлари, “Ундан кейинчи?” деганида: “Ундан кейин яна онангга яхшилик қил”, деб буюрганлари, “Ундан кейин-чи?” деб такрор сўраганида, “Ундан кейин ҳам онангга яхшилик қил”, деб, ва ниҳоят саҳобий тўртинчи марта: “Ундан кейин кимга яхшилик қилай?” деб сўраганида: “Ана ундан кейин отангга, сўнгра бошқа яқинларингга яхшилик қил”, деб амр қилганлари ўрганаётганимиз ояти кариманинг гўзал тафсиридир.
Ояти каримада Ҳақ таоло ота-она шаънини осмонлар қадар кўтариб: Эй инсон, сен Менга сени яратганим - йўқдан бор қилганим учун шукр қилганинг каби, сенинг вужудингга сабабчи бўлган ва чақалоқлигингдан тарбия қилган, асраб-авайлаб катта қилган ота-онангга ҳам доимо шукр қилгин - раҳматингни айтгин”, деб буюради ва оят ниҳоясида: “Билгил-ки, албатта Менинг ҳузуримга қайтишинг ва қилиб ўтган ҳар бир ишинг учун ҳисоб-китоб қилинишинг бррдир. Анаўша Кутда ота-онамтта ҳан-даи яхшиликлар қилганинг, сенга қилган сон-саноқсиз яхшиликлари, беқиёс хизматлари учун қандай раҳматлар айтганинг ҳақида ҳам албатта сўраларсан ва Менинг жазо ёки мукофотимга сазовор бўларсан”, деб огоҳлантиради. Аниқки, ояти каримада сўз фақат тилда айтиб қўйиладиган шукр ва раҳмат ҳақида бораётгани йўқ, балки Оллоҳ таолога шукр қилиш Унга тоат-ибодат қилиш билан, ота-онага шукр қилиш эса, бир умр уларнинг хизматларини қилиб, дуоларини олиш билан бўлади.
Ушбу оятни Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ: “Ким беш вақт намоз ўқиса, у Оллоҳ таолога шукр қилибти, ким беш вақт намоздан кейин ота-онасининг ҳақларига дуо қилса, у ота-онасига шукр қилибти”, деб тафсир қилади. (“Маолимут-танзийл” тафсиридан).
Албатта, ҳар бир фарзанд зиммасидаги муқаддас бурчлардан бири, доимо ота-онаси ҳақларига хайрли дуолар қилиш, агар улар ҳаёт бўлсалар, Яратгандан уларга узун умр ва сиҳҳат-саломатлик ато этишини сўраш, агар вафот қилган бўлсалар, Парвардигордан уларнинг гуноҳларини мағфират қилиб, Ўз Раҳматига олишини сўраб бир умр дуо-илтижода бў-лишидир.Уламолар: “Ҳатто бировнинг ота-онаси ғайридин - кофир бўлса ҳам, агар улар тирик бўлса, фарзанд Оллоҳ таолодан уларни Ҳақ Йўлга ҳидоят қилишини сўраб ҳақларига дуо қилиши жоиздир, аммо агар ота-онаси кофир ҳолда ўлиб кетган бўлсалар, у ҳолда кофирнинг ҳаққига дуо қилинмайди”, деб, мана бу ояти каримани эслатадилар: “На Пайғамбар ва на мўминлар - уларга мушрикларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, агар у мушриклар ўзларининг қавм-қариндошлари бўлганларида ҳам - улар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир”. (Тавба сураси, 113-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: у айтди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам оналари Оминанинг қабрини зиёрат қилганларида йиғладилар. У зотнинг йиғлаганларини кўриб атрофларидаги асҳоблари ҳам йиғладилар. Бас, у зот: “Мен Парвардигорим азза ва жалладан онам учун мағфират сўрашимга изн беришини илтижо қилдим, менга изн берилмади, унинг қабрини зиёрат қилиш учун изн сўраган эдим, Парвардигорим изн берди. Бас, сизлар ҳам қабрларни зиёрат қилинглар, чунки улар ўлимни эслатади”, дедилар. (Муслим ривояти).
Фарзанд ота-онасига қиладиган яхшилигини улар вафот этганлари-дан кейин ҳам давом эттириши мумкиндир: “Саҳиҳи Муслим”да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: “Мен Расулуллоҳ соллолло-ҳу алайҳи ва салламнинг: “Киши отасининг вафотидан кейин унинг ёр-дўстларини йўқлаб туриши яхшиликларнинг яхшисидандир”, деганлари-ни эшитганман”, дейди Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо. (“Тафсири Мунийр”дан).
Аҳмад, Абу Довуд ва Ибн Можжа Молик ибн Рабийъа Соидий розиял-лоху анҳудан ривоят қилдилар: У айтди: “Бир куни мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эдим, ансорийлардан бўлган бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам вафот қилганларидан кейин ҳам зиммамда яна уларга яхшилик қилиш бурчи борми, мен уни адо этсам”, деган эди, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Ҳа, тўрт иш - ота-онангнинг ҳақларига дуо қилиб, улар учун мағфират сўраш, улар берган аҳд-паймонларини адо қилиш, уларнинг ёр-дўстларини иззат-икром қилиш ва ота-онанг томонидан сенга қариндош-уруғ бўладиган кишиларни йўқлаб туриш - мана шу тўрт иш ота-онанг вафот қилганларидан кейин ҳам сенинг зиммангда қолган, улар учун қилишинг лозим бўлган яхшиликлардандир”, деб марҳамат қилдилар.
15. (Аммо) агар улар (яъни, ота-онанг) сени сен билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга мажбурласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин ва (гарчи ота-онанг мушрик-кофир бўлсаларда), улар билан дунёда яхши муомалада бўлгин, ўзинг эса, Менга инобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра (яъни, Қиёмат Кунида барчангиз) Менга қайтишингиз бордир, бас, Мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман».
Яъни, эй инсон, гарчи сен учун ота-онангнинг мақом-мартабалари юқоридаги ояти каримада зикр қилинганидек жуда улуғ бўлса-да, лекин агар улар сени Ҳақ Диндан чиқишга ва Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолога сен нима эканлигини билмаган нарсаларни ширк келтиришга зўрлайдиган бўлсалар, у ҳолда уларга ҳаргиз итоат этмагин. Чунки, ҳадиси шарифда ҳам айтилганидек, Холиққа - Яратганга осий-гуноҳкор бўлишга буюрадиган бирон махлуққа (агар у ота-она бўлса ҳам) итоат қилинмайди.
Бу хусусда биз мусулмонларга Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг саҳобалари (Оллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин), гўзал намуна-дирлар. Аксари тафсир китобларида ушбу ояти карима ҳам Анкабут сурасининг 8-ояти каби ашарайи-мубашшара - ҳаётлигида жаннат аҳлидан эканлиги ҳақида хушхабар берилган ўн саҳобийдан бири бўлмиш Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анху ва уни Оллоҳ таолога ширк келтиришга зўрлаган онаси ҳақида нозил бўлгани ривоят қилинади. (Бу қисса Анкабут сураси тафсирида келтирилган).
“...ва (гарчи ота-онанг мушрик-кофир бўлсалар-да), улар билан дун-ёда яхши мусоҳаба-муомалада бўлгин”,
Яъни, эй инсон, агар ота-онанг ўзлари мушрик-кофир бўлганлари учун сени ҳам ширк келтиришга чақирадиган бўлсалар, албатта уларга итоат этмайсан, лекин бу сени ота-онангга дунё ишларида ёрдам бериш-дан, уларга яхши муомала қилишдан тўсмасин, балки сен улар билан ало-қангни узмасдан уларга доимо яхшилик қилавергин - молиявий кўмакка муҳтож бўлсалар, ёрдам бергин, уларни едириб-кийдиргин, касал бўлса-лар даволатгин, ўлсалар, фарзандлик бурчингни адо этиб дафн қилгин, уларнинг қарз-ҳаволалари булса, ҳақдорларга тўлагин. Чунки мусулмон фарзанд ота-онаси ким бўлишидан қатъий назар - мўмин бўладиларми, кофир бўладиларми, уларга фақат яхшилик қилиши вожибдир. Аммо “ўзинг эса Менга инобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин!”
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ояти карима-да зикр қилинган Оллоҳ таолога инобат қилган кишидан мурод, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудир. Қачонки Абу Бакр Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг илк даъватларини эшитибоқ сўзсиз тасдиқлаб, дарҳол у зотнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига иймон келтириб, Дини Исломни қабул қилганидан кейин унинг олдига Усмон ибн Аффон, Толҳа, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос ва Абдур-Раҳмон ибн Авф келиб: “Сен ҳақи-қатан ҳам мана бу кишининг (яъни, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг) сўзларини тасдиқлаб, унга ҳақ Пайғамбар деб иймон келтирдингми?” деб сураган эдилар, Абу Бакр: “Ҳа, у ростгўй инсондир, сизлар ҳам унга иймон келтиринглар”, деди ва уларни Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламнинг хузурларига боришга ундаб, ҳатто Абу Бакр роизяллоҳу анҳунинг тарғиботи билан улар ҳам Дини Исломни қабул қилдилар, яъни, ояти каримада буюрилганидек, улар ҳам Оллоҳ таолога инобат қилган кишининг йўлига эргашдилар, Оллоҳ таоло барчаларидан рози бўлгай. (“Маотшут-танзийл”тафсиридан).
“Сўнгра (яъни, Қиёмат Кунида барчаларингиз) Менга қайтишингиз бордир, бас, Мен сизларга қилиб ўтган амалларингизни хабарини берурман”.
Яъни, ана ўша Кунда ким яхшиларга эргашиб иймон келтирди ва ўша иймонида собит қолди, ким куфр-ширк йўлига кириб кетди, ким ота-онасига яхшилик қилди, ким уларга оқ бўлди - ҳамма-ҳаммасини сизларга айтиб берурман ва ҳар бир инсонни қилмишига яраша жазога гирифтор қилурман.
16. (Луқмон деди): «Эй ўғилчам, шак-шубҳа йўқки, агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яъни, заррача яхши ёки ёмон амал қилинади-ган) бўлса-ю, ана ўша (амал) бирон харсанг тош ичида ё осмонларда ёки Ерда бўлса, ўшанида Оллоҳ келтирур. Зеро, Оллоҳ лутфу карам Эгаси (ва барча нарсадан) Хабардор Зотдир.
Юқорида Луқмони ҳаким ўғлига: “Оллоҳ таолога бирон нарсани ширк келтирмагин, чунки ширк энг катта зулмдир”, деб панд-насиҳат қилгани зикр қилинганидан кейин ўртада келган икки оятда агар кишига унинг учун энг азиз инсонлар бўлган ота-онаси уни Оллоҳ таолога ширк келтиришга чақирсалар ҳам уларга итоат қилинмаслиги керак эканлиги айтилгач, энди ушбу ва қуйидаги оятларда яна Луқмони ҳаким ўғлига қилган панд-насиҳатларининг давоми баён қилинади. Бағавий ўз тафсирида айтади: “Ояти карима Луқмони ҳакимнинг ўғли берган саволга жавобидир. Луқмоннинг ўғли унга: “Отажон, агар мен ҳеч ким кўрмайдиган жойда бирон гуноҳ қиладиган бўлсам, Оллоҳ уни қандай билиб олади?” деган эди, Луқмон айтди: “Эй ўғилчам, билгилки, ҳар қандай яхшилик ёки ёмонлик, адолатсизлик ёки кичик бир хато - гарчи у дунёдаги энг митти уруғ бўлган хардал ўсимлигининг уруғи каби енгил ва майда бўлса ҳам, гарчи у энг махфий жойда, бирон харсанг тошнинг ичида яширинган бўлса ҳам ёки кўкларга кўтарилиб кўзлардан ғойиб бўлиб кетган бўлса ҳам ёки етти қават ернинг қаърида беркиниб ётган ва ҳамманинг ёдидан чиқиб кетган бўлса ҳам, ҳеч шак-шубҳа йўқки, Қиёмат Кунида ҳисоб-китоб вақтида, ҳар бир амал тарозида тортилиб, жазо-мукофотини оладиган Соатда Оллоҳ таоло уни ҳозир қилади ва ҳеч рад этиб бўлмайдиган далиллар билан Ўз Ҳукмини чиқаради. Чунки У энг яширин сирларни ҳам Билгувчи Латиф ва барча нарсадан Хабардор Зотдир”.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Биз Қиёмат Куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғи вазнича (яъни, заррачаликяхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшанида келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилгувчидирмиз.” (Анбиё сураси, 47-оят). “(Амалларни) тўғри тортишлик ўша Куни бўлур. Бас, кимнинг тарозилари оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир. Кимнинг та-розилари енгил бўлса, бас, улар Бизнинг оятларимизга (кофир бўлиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимса-лардир.” (Аъроф сураси, 8-9-оятлар). “Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур.
Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!” (Залзала сураси, 7-8-оятлар).
Ояти каримадаги Оллоҳтаолонинг Латиф сифатини уламолар: “Бени-ҳоя лутфу карамли, бандаларига ўта юмшоқ муомала қилгувчи” деб таф-сир қиладилар. У Зотнинг лутфи шу қадарки, бандалари хижолат бўлмас-ликлари учун гуноҳкорларнинг қилган гуноҳларини ёдларидан чиқариб юборар экан.
17. Эй ўғилчам, намозни тўкис адо эт, яхшиликка буюр, ёмонликдан қайтар ва сенга етган мусибатларга сабр қил! Албатта мана шу ишларнинг мақсадга мувофиғидир.
Яъни, Луқмони ҳаким ўғлини ширкдан қайтариб, Ёлғиз Оллоҳтаолога иймон келтиришга даъват қилганидан кейин унга Оллоҳ ҳамма нарсани Билгувчи, ҳамма сирлардан Огоҳ Зот эканлигини уқтиргач, бошқача айт-ганда, дастлаб ўғлининг иймон-эътиқодини тўғрилаб олгач, энди унга Оллоҳ таолога қандай ибодат қилишни ўргатади ва аввало уни ибодатларнинг энг улуғи бўлмиш намоз ибодатини тўкис адо қилишга буюради. Чунки доимий равишда, ўз вақтида, холис Оллоҳ учун ўқилган намоз ҳар бир мўмин учун энг яхши тарбиячидир, ёмонлик-гуноҳлардан қайтаргув-чидир. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам: “Албатта намоз бузуқ-лик ва ёмонликдан тўсур”, (Анкабут сураси, 45-оятдан) деб таъкидланган. Демак, доимо ўз вақтида намоз ибодатини адо қилиб бориш билан мўмин ҳавойи нафс қутқуларидан ҳимояланиб, мунтазам руҳоний тарбия-ланиб боради. Бас, киши мана шу тарзда ўзини ўнглаб олганидан кейин, яъни, соф иймон эътиқодга эга бўлиб, зиммасидаги энг улуғ фарз бўлган намоз ибодатини адо қила бошлаганидан кейин энди унга бошқаларни ҳам Тўғри Йўлга даъват қилиш вазифаси юкланадики, Луқмони ҳаким фарзандига қилган панд-насиҳати давомида: “Сен одамларни яхшиликка, яъни, шариат жиҳатидан ҳам, ақл жиҳатидан ҳам чиройли саналади-ган амалларни қилишга буюр, ёмонлиқцан, яъни, шариат жиҳатидан ҳам, ақл жиҳатидан ҳам қабиҳ саналадиган гуноҳ ишлардан қайтаргин ва бу даъватларинг сабабли ёмонлар тарафидан сенга етадиган турли озор-азийятларга ва бошингга тушадиган ҳар қандай бало-мусибатларга сабр қилгин. Мана шу ишлар шак-шубҳасиз, Оллоҳ таоло зиммангга фарз қи-либ қўйган энг мақсадга мувофиқ ишлардандир”, деди. Сўнгра сўзида давом этиб яна айтди
18. Сен (кибр-ҳаво қилиб) одамлардан юзингни ўгирмагин ва Ерда кибр-ҳаво билан юрмагин. Чунки Оллоҳ кибр-ҳаво қилгувчи, мақтанчоқ кимсаларнинг барчасини ёмон кўрур.
“(Кибр-ҳаво қилиб) одамлардан юзингни ўгирмагин”.
Яъни, инсонларга ҳақорат назари билан қарамагин, сенга сўзлаганла-рида кибр-ҳаво қилиб улардан юзингни ўгириб олмагин, ўзинг ҳам уларга тескари қараган ҳолингда сўзламагин, балки ҳокисор, мулойим ва очиқ юзли бўлгин.
Бу ҳақда Муслим Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қил-ган ҳадиси набавийда ҳам айтилган: “Яхшиликдан бирон нарсани ҳақир санамагин, ҳатто биродарингга очиқ юз билан рўбарў бўлишни ҳам ва тўнингни ерга судраб юришдан узоқ бўл, чунки бу кибрдандир, кибрни Оллоҳ севмас!”
“ва Ерда кибр-ҳаво билан юрмагин. Чунки Оллоҳ кибр-ҳаво қил-гувчи, мақтанчоқ кимсаларнинг барчасини ёмон кўрур”.
Ушбу жумланинг энг яхши тафсири мана бу ояти каримадир: “Ва Ерда кибр-ҳаво билан юрмагин! Чунки сен (оёқларинг билан) ҳаргиз Ерни тешиб (унингтубига) кетолмайсан ва ҳеч қачон бўйи бастда тоғларга етолмайсан. (Бас, бу қадар ожиз экансан, нечун кибру ҳаво қилур-сан?!)”. (Ал-Исро сураси, 37-оят).
Яъни, эй инсон, Ерда юрганингда зўравон муштумзўрлар каби кибр-ҳаво билан гердайиб-кеккайиб юрмагин! Чунки сен оёқларинг билан қанча тепкиласанг ҳам ҳаргиз Ерни тешиб юбора олмайсан - ожизлик қиласан, ўзингни қанчалар баланд олиб, мутакаббирлик қилмагин, бо-шингни осмонга кўтармагин, бўйи бастда тоғларга етолмайсан - қўлинг шу қадар қисқа, бас, ўз ҳолингга ярашадиган ишни қил, тавозуъ ҳокисор-лик билан қадам босгин, зотан, “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари Ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар уларга (бемаъни) хитоб-лар қилган вақтида ҳам «Омон бўлинглар», деб жавоб қиладиган кишилардир”. (Фурқон сураси, 63-оят).
“Ким тавозуъ қилса, Оллоҳ таоло унинг мартабасини баланд қилур, ким кибру ҳаво қилса, Оллоҳ таоло уни тубан қилиб қўюр”, деб огоҳлантирган Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам бу муборак сўзлари билан биз умматларига айни Қуръони Азим оятини шарҳлаб бердилар.
Шоирнинг ушбу байтлари ҳам гўё ояти кариманинг тафсиридек:
Ерда сен оҳиста юргил, кибр ила қолдирма из, Чун Ер бағрида қанча сендан улуғрокгар ётур, Гарчи сен бўлсанг бу кун ҳифзу ҳимоятда азиз, Билки, тупрок, остида не-не “буюк тоғлар” ётур.
Улуғ тобеинлардан Ғузайф ибн Ҳорис раҳимахуллоҳ айтади: “Мен Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоху анхумонинг ёнида ўтириб унинг шундай деяётганини эшитдим, у айтар эди: “Албатта, банда қабрга қўйилга-нида қабр унга дейди: “Эй Одам боласи, нима сени мен ҳақимда алдади? Ахир сен менинг ҳар бир инсон ёлғиз қоладиган уй эканлигимни билмасмидинг?! Сен мени қоп-қоронғу уй эканлигимни билмасмидинг?! Сенинг ҳақиқий уйинг мен эканлигимни билмасмидинг?! Эй Одам боласи, нима сени мен ҳақимда алдаб қўйдики, ҳаётлик пайтингда менинг атрофимда кибр-ҳаво билан юрар эдинг?!” (“Тафсири Мунийр”дан).
19. (Эй ўғилчам), юрганингда ўртача юргин ва (сўзлаганингда) ово-зингни паст қилгин. Чунки шак-пгубҳасиз, овозларнинг энг ёқимсизи - ёмони эшаклар овозидир».
Яъни, кўча-кўйда юрганингда шошқалоқ-ақлсиз кимсалардек югуриб юрмагин ва ўлимтик-ялқов кимсалардек судралиб ҳам юрмагин, балки сакинат ва виқор билан ўртача юргин.
“ва (сўзлаганингда) овозингни паст қилгин. Чунки шак-шубҳасиз, овозларнинг энг ёқимсиз-ёмони эшаклар овозидир”.
Луқмони ҳакимнинг фарзандига қилган бу панд-насиҳати сўзлаганда кулоқларни тешгудек қаттиқ овозда сўзлайдиган барча бақироқ кимсалар учун қаттиқ танбеҳдир, агар эшакка ўхшаб қолишни истамасанг бақириб сўзлама деган огоҳлантиришдир. Дарҳақиқат, бу ақлсиз жониворнинг ҳанграши эшитган одам сесканиб кетадиган даражада ўта ёқимсиздирки, ақлли инсон албатта ўзининг овози бирор бир жиҳатдан эшак овозига ўхшаб қолишидан ҳазар қилади. Лекин бу овознинг бу даражада хунуклигини яна бошқа бир сабаби ҳам бор эканки, бу ҳақда Абу Ҳурайра розиял-лоҳу анхудан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шарифда хабар берилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қачон сизлар хўрознинг қичқирганини эшитсангиз, Оллоҳ таолога дуо қилиб Унинг Фазл-Марҳаматини сўранглар, чунки хўрозлар малоикаларни кўрганларида қичқиради, аммо қачон эшакларнинг ҳанграшини эшитсангиз, Оллоҳ таолога ёлвориб, шайтоннинг шарридан паноҳ беришини сўранглар, чунки эшаклар шайтонни кўриб қолганларида ҳанграйди”. (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар).
Мана, юқорида келган бир неча оятда Оллоҳ таолонинг солиҳ бандаларидан бўлмиш Луқмони ҳаким ҳикматларидан баён қилинди. Албатта, мазкур ҳикматларнинг Қуръони Азимда зикр қилиниши беҳикмат эмасдир ва булар фақат бир отанинг ўз фарзандига қилган панд-насиҳати ҳам эмасдир. Балки бу Азалий ва Абадий Китоб орқали Яратганнинг барча мўмин бандаларига мана шундай ўқиган одамнинг эсидан чиқмайдиган тарзда етказиб, иймон-эътиқод, ибодат ва ахлоқ-одоб бобида таълим бер-ган Илоҳий Дарсларидандир.
Дарҳақиқат, Ҳақ таоло Луқмони ҳакимга кўп ҳикматлар ато этган эди. Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: “Луқмон сўзлаган ҳикматлар сони ўн икки мингта бўлиб, одамлар сўзларида, чиқарадиган ҳукмларида унинг ҳикматларидан фойдаланадилар”.
Холид ибн Рибъий айтади: “Луқмон қора танли қул эди. Хожаси унга бир қўйни бериб: “Буни сўйгинда, менга ундан энг покиза икки бўлагини келтиргин”, деган эди, у хожага қўйнинг тили ва юрагини келтирди. Сўнгра яна бир қўй бериб: “Буни ҳам сўйгин-да, менга ундан энг нопок икки бўлагини келтиргин”, деди. Бас, Луқмон унга яна қўйнинг тили ва юрагини келтирди ва хожа бунинг ҳикматини сўраган эди, Луқмон деди: “Агар тил ва қалб тоза бўлса, у иккисидан пок-ҳалол нарса йўқдир, агар тоза бўлмаса, у иккисидан нопокроқ нарса йўқдир”. (“Тафсири Табарий”дан).
20. (Эй инсонлар), Оллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ва сизларга зоҳирий ва ботиний (яъни, моддий ва маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингизми?! Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзи илмсмиз бўлгани ва ҳидоят топмагани ҳолда ва бирон нурли Китобсиз (яъни, аниқ ҳужжат-далилсиз) Оллоҳ хусусида мужодала қилурлар.
Яъни, эй инсонлар, атрофингиздаги ҳар бир нарсада Оллоҳтаолонинг Танҳо Парвардигор эканлигини ва Унинг сизларга ато этган сон-саноқсиз неъматларини очиқ-ойдин кўрсатиб турган қанчадан-қанча далил-ҳужжатлар борлигини кўрмадингизми - билмадингизми?! Ахир У сизлар учун осмонлардаги ой-қуёш ва яна бошқа юлдузларни ҳам хизматкор қилиб қўйдику, сизлар кеча-ю кундуз уларнинг нури ва тафтидан фойдаланмоқдасизку, осмондаги булутлар ҳам ёмғир ташиб, инсонларни, ҳай-вонот ва набототни суғориш учун хизмат қилиб турибдику. Шунингдек, Ер сайёрасининг усти-ю остидаги барча нарсаларни, ҳатто наботот ва ҳайвонот оламигача инсонларга хизматкор қилиб бўйсундириб қўйилишида ҳам Оллоҳ таолонинг Танҳо Холиқ - Яратгувчи, бениҳоя Қудратли, Ҳикматли ва бандаларига Меҳрибон Зот эканини очиқ-ойдин кўрсатиб турган мана шу мўъжизаларда албатта ақли ҳуши жойида бўлган ҳар бир инсон учун етарли ибрат бордир, унинг Яратганга бир умр қуллик қилиши ва тинмай шукроналар айтиши учун етарли асос борку!
“Ва сизларга зоҳирий ва ботиний (яъни, моддий ва маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингизми?!”
Ушбу жумланинг энг яхши тафсири мана бу ояти каримадир: “Шунингдек, У Зот сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар сизлар Оллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига етол-майсизлар. Ҳақиқатан, инсон ўта золим, жуда ношукрдир. (Иброҳим сураси, 34-оят).
Муфассирлар ояти каримадаги инсонлар сўраган нарсалардан мурод, улар муҳтож бўлган барча нарсалардир, чунки Оллоҳ таоло инсонлар сўраган барча нарсани ато этганидан ташқари яна сон-саноқсиз улар сўрамаган, ҳатто сўраш хаёлларига ҳам келмаган, аммо ҳар бир инсон муҳтож бўлган неъматларни ҳам уларга ато этди, деб тафсир қиладилар.
Дарҳақиқат, биз инсонлар Оллоҳ таолонинг неъматларини ҳар бирини эмас, у неъматларнинг турлари қанча эканини санамоқчи бўлсак ҳам саноғига ета олмаймиз-у, қандоқ қилиб у неъматларнинг ҳар бирининг шукрини адо қила олайлик?
“Танвийрул-азҳон” тафсирида неъматлар икки қисмга бўлиниши ай-тилади. Улардан бири, бадан саломатлиги, тинчлик-хотиржамлик, қорин тўқ ва уст-бош бут бўлиши, тинч-тотув оила, мол-давлат, дилбанд фарзандлар каби биз учун ҳар бири манфаатли экани очиқ-равшан неъматлар бўлса, иккинчи қисмдаги неъматлар биздан зиённи дафъ қиладиган лекин биз инсонлар кўп ҳолларда улардан ҳар бирининг қандай буюк неъмат эканини ҳис қилмайдиган - Ҳақ таоло бедаво дардлардан, жон чидагис меҳнат-машаққатлардан, муҳтожлик-йўқчиликдан ва яна бошқа бало-мусибатлардан бизларни олис қилгани каби кўзимизга кўринмайдиган неъматлардир.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида ояти карима тафсирида мана бу ҳикматли ва ибратли сўзлар келтирилибди: “Одамлардан қай бир инсон, ҳатто у фақирликнинг энг чекида бўлса ҳам, агар тааммул қилиб ўйлаб кўрсангиз, унинг ҳад-ҳисобсиз неъматлар ичида эканини билиб оласиз. Агар бунга шубҳа қилсангиз, у ҳолда тасаввур қилинг, олам-нинг ҳамма тарафини эгаллаб олган, дунёдаги жамийки мол-давлатнинг эгаси бўлган бир подшоҳнинг тақдир тақозоси билан нафаси қисилиб ёки бавли тутилиб, ҳар тарафдан ўлими кўзига кўриниб қоладиган бўлса, бир марта тўйиб нафас олиш учун бутун молу дунёсини бериб юбормайдими? Албатта бериб юборади ва бу ҳеч кимга сир бўлмаган аён ҳақиқатку! Бас, маълум бўладики, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло биз бандаларига ҳар онда са-ноқсиз неъматларини ёғдириб туради! Эй Пок Парвардигор, бунчалар Буюксан! Эй Пок Парвардигор, бунчалар Улуғ Қудрат Соҳибисан! Биз ожиз бандаларинг эса, Сени таний олмай, Сенинг шукрингни адо қила олмай ҳайрони хастамиз!”
“Ҳақиқатан, инсон ўта золим, жуда ношукрдир”.
Чунки у тинмай гуноҳ қилиш билан доим ўз жонига жабр-зулм қилади, бошига сал қаттиқчилик келса, бесабрлик ва дод-вой қилиш билан яна зулм қилади, унга сонсиз неъматлар ато этган Зотни унутиб, бошқаларга қуллуқ қилиш билан тағин зулм қилади - ҳақиқатан инсон, агар у Оллоҳ-дан қўрқмаса, ўта золимдир. Ҳақиқатан, инсон, агар у иймонсиз кимса бўлса, жуда ношукрдир. Чунки у доим куфрони неъмат қилади; неъмат-нинг эгасини танимайди; тинмай алҳамдулиллоҳ - Оллоҳга шукр, дейиш ўрнига тинмай йўқчиликдан шикоят қилади; Оллоҳтаоло ато этган неъ-матларни, мол-дунёни тинмай йиғиб яшираверади, ҳақдорларга, камбағал-бечораларга бермайди ва бу билан гўё Оллоҳ менга ҳеч нарса бергани йўқ, дегандек бўладики, бу ҳам унинг ўта ношукрлигидир.
“Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзи илмсмиз бўлгани ва ҳидоят топмагани ҳолда ва бирон нурли Китобсиз (яъни, аниқ ҳужжат-далилсиз) Оллоҳ хусусида мужодала қилурлар.”
Аксари муфассир уламолар: “Ушбу ва қуйидаги оят Макка мушрикла-рининг катталаридан Назр ибн Ҳорис ҳақида нозил бўлган”, дейдилар. Шунингдек, “Тафсири Қуртубий”да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан бу оятлар Абу Жаҳл ибн Ҳишом ҳақида келган деган ривоят ҳам бор. Албата, ушбу оятлар нузулига мазкур мушрикларнинг кирдикорлари сабаб бўлгандир. Лекин, оятлар лафзидан сўз фақат муайян жоҳил кимсалар ҳақида эмас, балки қайси замон ва қайси маконда бўлишларидан қатъий на-зар, мазкур сифатларга эга бўлган жамийки жоҳил - динсиз кимсалар ҳақида келган Илоҳий огоҳлантириш эканлиги очиқ-равшан кўриниб туради. Зотан, Қуръони Каримнинг ҳеч бир тенги - ўхшаши йўқ Илоҳий Мўъжиза эканлигини кўрсатиб турадиган ўзига хос жиҳатларидан бири ҳам мана шудир: ушбу Китоб муайян шахслар ҳақида сўзлаганида ҳам, унинг ўзи ҳақида эмас, балки унинг бошқа инсонларда ҳам топилиши мумкин бўлган сифатлари ҳақида сўзлаб, қай бир кишида ўша сифатлар топиладиган бўлса, оқибати нима бўлишини эълон қилади ва ўз Ҳукмини баён қилади. Инчунин, ўрганаётганимиз ояти карималар ҳам бундан мус-тасно эмасдир.
Ушбу оятларда зикр қилинган жоҳил-динсиз кимсаларнинг энг катта жиноятлари - ўзларининг жоҳил эканликларини билмасликлари - тан олмасликлари, ҳеч қандай ҳужжат-далиллари бўлмаса-да, Оллоҳ таоло ва Унинг Ҳақ Дини ҳақида талашиб-тортишиб, Ҳақ Сўздан - Қуръондан юз ўгириб, бўйинларини буриб кетишлари ва шу боисдан Тўғри Йўлдан адашиб, оқибат-натижада ўзгаларни ҳам йўлдан оздиришларидир.
21. Қачон уларга: «Оллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар», дейилса, улар: «Йўқ, бизлар ота-боболаримизни қандай йўлда топган бўлсак, (ана ўшанга) эргашурмиз», дейишади. Агар шайтон уларни ўт-дўзах азобига чақириб турган бўлса ҳам-а?!
Яъни, қачонки ана ўша ҳеч қандай далил-ҳужжатсиз Оллоҳ таоло ҳақида талашиб-тортишадиган мушрик-кофир кимсаларга сизлар ҳам Оллоҳ таоло нозил қилган Қуръон оятларига эргашинглар, дейилса, улар-нингтопган гаплари: “Йўқ, бизлар ота-боболаримизнинг динига эргаша-миз, яъни, худди ўшалардек бутпараст-мушрик бўламиз”, дейиш бўлади. Ахир улар шунчалар ақлсиз махлуқлармики, нажот ва саодатга чақираёт-ган Оллоҳнинг оятларига эргашиш ўрнига жаҳаннам азобига чақираётган шайтонга эргашадилар?! Уларни Ҳидоят ва Ҳақ Йўлга чақираётган Оллоҳ-нинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларига қулоқ солиш ўрнига ҳеч нарса билмайдиган, ўзлари қўллари билан ясаб олган бут-санамларини “илоҳларимиз” деб сиғинадиган ақлсиз-жоҳил ота боболарига эргашадилар?!
22. Ким чиройли амал қилгувчи бўлган ҳолида ўзини Оллоҳга топширса, бас, у мустаҳкам халқани ушлабди. Барча ишлар охир-оқибатда Ёлғиз Оллоҳга борур.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг даргоҳидаги ажрга - жаннат неъматларига етишнинг икки шарти борлигини айтади. Улардан бири чиройли амал, яна бири Оллоҳга таслим бўлишдир. Чиройли амал Оллоҳ таоло буюрган ҳар бир ишни бажариш, бажарганда ҳам шунчаки, қўл учи-да эмас, балки сидқидилдан, гўё Ҳақ таолони кўриб тургандек чиройли-баркамол ҳолда адо этишдир. Оллоҳтаолога таслим бўлиш эса мусулмонликнинг маъносидир. Яъни, мусулмон - ўзини Оллоҳга топширган, Оллоҳ таоло юборган Ислом Динидаги барча кўрсатмаларга амал қиладиган кишидир. Энди ўша қилган амали Оллоҳ таоло даргоҳида қабул бўлиши учун икки шарт бордир: биринчиси, у амал Ёлғиз Оллоҳучун, холис бўлмоғи керак, иккинчиси, Шариатга мувофиқ, тўғри бўлиши керак.
Бас, кимда мана шу икки хислат жамулжам бўлса, ана ўша инсон Тўғ-ри Йўлни топиб - ҳеч қачон ажраб кетмайдиган мустаҳкам халқани, уни жаннатларга олиб чиқадиган, ҳеч қачон узилиб кетмайдиган арқонни ушлабди. Чунки Исломдан бошқа ҳамма йўллар чириган арқон каби узилиб - уланиб туради. Фақат Ислом Динигина Оллоҳ таолонинг ҳифзу-ҳимояси билан, кофирлар унга қанча тош отмасинлар, жароҳатлар етказма-синлар, жоҳиллар унга қанча бидъат - хурофотларни қўшишга ҳаракат қилмасинлар, то Қиёмат узилмайди-бузилмайди. Бунга тарих гувоҳ бўлиб турибди, иншооллоҳ, келажак ҳам гувоҳ бўлади. Чунки “барча ишлар охир-оқибатда Ёлғиз Оллоҳга борур”.
23. Ким кофир бўлса, бас, Сизни (эй Муҳаммад алайҳис-салом), унинг куфри ғамгин қилмасин. Улар Ўзимизга қайтажаклар, бас, Биз уларга қилган амалларининг хабарини берурмиз. Зеро, Оллоҳ диллардаги сирларни Билгувчидир.
Ушбу ояти карима Жаноби Ҳақ томонидан Ўз Элчиси Ҳазрати Му-ҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган таскин-тасаллий ва руҳоний мадад бўлиб, у зоти бобаракотни мушрикларнинг айтаётган сўзларидан ҳеч ғамгин бўлмасликка чақиради. Мушриклар уларга Оллоҳ таолонинг Ҳақ Дини келганидан кейин ҳам дарҳол иймон келтириш ўрнига ўз ширкларида давом этиб, Пайғамбар алайҳис-саломни ёлғончига чиқари-шар, саноқлари кўплиги ва мол-давлат эгалари бўлганлари сабабли Дини Исломни қабул қилмоқчи бўлган кишиларнинг йўлларига ғов бўлишиб, ҳатто Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга суйиқасд қилиш режаларини тузишар эди. Оллоҳтаоло Ўз Элчисига кофирларнинг бундай хатти-ҳаракатларидан ранжиб тушкунликка тушиб қолмасликлари учун ушбу оятни нозил қилиб, у зотга ва барча мўмин-мусулмонларга таскин-тасаллий беради ҳамда бутун Куч-Қудрат Ўзининг Қўлида эканини, демак, Унинг Динига қарши турган кимсаларнинг қўлларидан ҳеч иш келмаслигини - улар Расулуллоҳга бирон зиён етказа олмасликларини таъкидлайди ва Ўзи у кофирларнинг айтаётган сўзларини эшитиб, тузаётган режа-ларини билиб туриши - уларни албатта қилмишларига яраша жазолаши ҳақида хабар беради.
24. Биз уларни (бу дунёда) озгина (муддат) фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азобни (тотишга) мажбур қилурмиз!
Ояти карима баъзи бировларнинг дилларидан ўтадиган саволга жавобдир. Яъни, агар кимдир: “Мушрикларнинг, Оллоҳ Шаънига турли ёлғонлар тўқийдиган кимсаларнинг нажот топмасликларини қандай тушуниш керак? Ахир уларнинг кўплари ноз-неъматлар ичида, роҳат-фароғатда яшаяптиларку?” дейдиган бўлса, жавоб шудир: “улар фақат мана шу дунёдаги тўрт кунлик ҳаётларида Оллоҳ таоло уларга синов учун берган ноз-неъматлардан фойдаланмоқдалар, холос. Аммо бу кунлар ўткинчидир - кўзларини очиб-юмгунларича тугаб қоладида, улар ўладилар, сўнгра албатта қайта тириладилар, сўнгра ҳаммалари Оллоҳнинг ҳузурига қайтиб тўпланадилар, сўнгра Оллоҳ таоло уларга кофир ҳолда яшаб, кофир ҳолда ўлганларининг жазосини бериб, улар ҳеч қачон нажот топаолмайдиган, қутулиб кета олмайдиган қаттиқ азобни - дўзах азобини тотдирур, улар ана ўша азобда мангу қолурлар! Мана шу уларнинг нажот топганларими?! Албатта йўқ! Оллоҳ Шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар асло нажот топмаслар!”
25. Қасамки, агар Сиз, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), улардан «Осмонлар ва Ерни ким яратган?», деб сўрасангиз, улар албатта «Ол-лоҳ», дерлар. Сиз: «Оллоҳга ҳамду сано бўлсин», денг! Йўқ, уларнинг кўплари (ана ўша Оллоҳгагина ибодат қилиш зарур эканини) билмаслар.
Ушбу ояти карима Оллоҳ таолонинг Танҳо Холиқ, демак, Танҳо Маъбуди Барҳақ эканига, Унга бирон нарсани ширк келтириш ва Ундан ўзгага ибодат қилиш эса, ўта катта нодонлик-жаҳолат эканлигига яна бошқа бир Илоҳий Ҳужжатдир. Айтилмоқдаки, мана сизлар ўзларингиз эътироф этиб турганларингиздек, Ер-у осмонларни ва уларда мавжуд бўлган барча махлуқотни Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи йўқдан бор қилган - яратган. Ал-ҳамдулиллоҳки, сизлар мана шу Ҳақиқатни тан олмоқдасизлар. Бас, шундай экан, нега сизлар, эй мушриклар, ана ўша Танҳо Холиққа ибодат қилиш ўрнига қўлидан ҳеч нарса келмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинмоқдасизлар?! Нега сизлар Ҳақни ташлаб ботилга бурилиб кетмоқда-сизлар, Ҳидоятни тарк этиб, залолатни танламоқдасизлар?! Ахир бундан ортиқ жаҳолат бўладими?!
Ушбу оятда мушриклар сиғинадиган нарсалар - улар бут-санамлар бўладими, ёки қуёш, ой, юлдузлар бўладими, ёки фаришта ё жинлар бўладими, нима бўлса бўлсин, улардан биронтаси холиқ - яратувчи эмаслиги, балки барчалари махлуқ - яралгувчи эканлиги, бинобарин, Холиқни кўйиб махлуқларга сиғиниш албатта Ҳақ Йўлдан юз ўгириб кетиш эканлиги баён қилинади.
26. Осмонлар ва Ердаги бор нарсалар Оллоҳникидир. Албатта Оллоҳнинг Ўзигина Беҳожатдир, ҳамду сано Соҳибидир.
Дарҳақиқат, осмонлардаги ва Ердаги жамийки нарса Оллоҳ таоло тарафидан яратилган, Ёлғиз Унинг мулкидир, демак, уларни қандай тасарруф қилиш ҳам фақат Оллоҳ таолонинг Қўлидадир.
Чунки уларни йўқдан бор қилишда ҳеч ким Оллоҳ таолога шериклик қилмаган, бас, уларни тасарруф қилишда ҳам ҳеч ким У Зотга шериклик қила олмайди. Зотан, Ҳақ таоло ҳеч қандай шерик ёки ёрдамчига муҳтож эмас, балки аксинча, барча махлуқот, жумладан барча инсонлар ҳам ҳар бир ишларида, хатто оладиган ҳар бир нафасларида Яратганнинг Лутфу-Марҳамати ва Мададига муҳтождирлар, демак, ҳар нафасда Меҳрибон Парвардигорлари бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ҳамду санолар ай-тишлари вожибдир.
27. Агар Ер юзидаги бор дов-дарахт қаламлар бўлиб, денгиз (сиёҳ бўлса ва) ундан сўнг яна етти денгиз ёрдамга келса, Оллоҳнинг сўзлари тугаб-битмас. Албатта Оллоҳ Кудрат ва Ҳикмат Эгасидир.
Ушбу ояти кариманинг энг яхши тафсири мана бу ояти карима ва унинг шарҳидир: “Айтинг: «Агар барча денгиз Парвардигоримнинг Сўзлари (яъни, илму ҳикматларини битиш) учун сиёҳ бўлса ва яна шунча сиёҳ келтирган тақдиримизда ҳам, Парвардигоримнинг Сўзлари (ёзилиб) битишидан илгари, албатта у денгизлар тугаб битар!» (Каҳф сураси, 109-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтди: “Қурайшликлар яҳудларга: “Сизлар бизга у кишидан (яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саламдан) сўрашимиз учун бирон нарса беринглар дейишганида яҳудлар: “Ундан руҳ ҳақида сўранглар”, дедилар. Бас, улар сўраган эдилар, “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан руҳжон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ Парвардигоримнинг ишидандир». Сизларга илмдан ўта оз нарса берилди” (Ал-Исро сураси, 85-оят) ояти нозил бўлди. Ушбу ояти каримани эшитган яҳудлар: “Бизга жуда кўп илм берилган, бизга Таврот берилган. Кимга Таврот берилган бўлса, аниқки, унга жуда кўп яхшилик берилгандир”, дейишганида, ушбу “Айтинг: «Агар барча денгиз Парвардигоримнинг Сўзлари (яъни, илму ҳикматларини битиш) учун сиёҳ бўлса ва яна шунча сиёҳ келтирсак ҳам, Парвардигоримнинг сўзлари битишидан илгари, у денгизлар тугаб битар!” ояти нозил бўлди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Мана бу ояти карима ҳам ушбу оят мазмунини таъкидлайди: “Агар Ер юзидаги бор дов-дарахт қаламлар бўлиб, денгиз (сиёҳ бўлса ва) ундан сўнг яна етти денгиз ёрдамга келса, Оллоҳнинг сўзлари тугаб-битмас. Албатта Оллоҳ Кудрат ва Ҳикмат Эгасидир”. (Лукунон сураси, 27-оят).
Ушбу улуғ оятлар мазмунидан аниқ маълум бўладики, агар фаразан бирон кимса Оллоҳ таолонинг Сўзларини, Илмини, Ҳикматларини, бандалардан сир қилиб яшириб қўйган ғайбий маълумотларини қоғозга ту-ширмоқчи бўлса ва Ер юзидаги бор денгиз-дарёлар сувини яна ўшанинг мислича сув топиб, барчасини сиёҳга айлантирса ҳамда Ердаги бор дов-дарахтларни кесиб, майдалаб қалам қилиб олса ҳам у сиёҳ ва қаламлар тугаб битар, аммо Оллоҳнинг Сўзларини ёзиб битира олмас. Бу мазмун Бақара сурасида, оятал-Курсийда ҳам айтилган: “Ва улар У Зотнинг ил-мидан фақат Унинг Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар”. Дарҳа-қиқат, ҳар бир нарсани Билгувчи Оллоҳтаолонинг чексиз ва тубсиз Илми олдида Ер-у кўкдаги инсон ва фаришталарнинг билганлари ҳеч нарса билмаган билан баробардир. “Улар айтдилар: «Эй Пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта Сен Ўзинг Илму Ҳикмат Соҳибисан». (Бақара сураси, 32-оят). “Оллоҳ пай-ғамбарларини тўплаб: «Сизларга (яъни, қилган даъватингизга уммат-ларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди?», деб сўрайдиган Кунда, улар: «Биз билмаймиз. Фақат Сенинг Ўзинггина ғайб илмларининг Билгувчисисан», дейдилар. (Моида сураси, 109-оят).
Оллоҳ таолонинг Илми билан бандаларнинг билганлари ўртасидаги нисбат тўғрисида ҳазрати Ҳизир алайҳис-саломдан ибратли бир ривоят бор. У зот Мусо алайҳис-саломга денгизда кетаётганларида кема четига келиб қўниб, сувга тумшуқ солган чумчуқни кўрсатиб: “Мана шу парранда ҳозир олган бир томчи сув бу тубсиз уммондан ҳеч нарса камайтира олмайдиган даражада оз ва арзимас бўлганидек, аввалу охир барча инсониятнинг билими Оллоҳ таолонинг Илми олдида тубсиз денгиздан бир томчи каби жуда ҳам оздир”, деган экан.
28. (Эй инсонлар), сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (Қиёмат Кунида) қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзидир (яъни, шу қадар осондир). Албатта, Оллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчидир.
“Тафсири Қуртубий”да ривоят қилинишича, ушбу ояти карима Убай ибн Халаф ва яна бир неча мушриклар ҳақида нозил қилинган.
Улар Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга: “Оллоҳ таоло бизни босқичма-босқич, аввал нутфа, кейин лахта қон, кейин бир тишлам гўшт, кейин суяклар қилиб аста-секин яратганку. Сен бўлсанг бизга “ҳаммангиз бир соатда янгидан яратилиб қайта тириласизлар”, демоқдасан”, дейишганида, Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилиб, Унинг тенгсиз Қудрати олдида бутун оламни, барча тирик жонни йўқдан бор қилиш ёки уларнинг тупроққа айланиб кетган суякларини Қиёмат Кунида қайтадан тирилтириш худди биргина жонни яратиш ва уни қайта тирилтириш каби жуда осон иш эканлигини айтди. Бу мазмун бошқа оятларда ҳам қайта-қайта таъкидланган: “Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур - вужудга келур.” (Ёсин сураси, 82-оят). “(Яратмоқчи бўлган ҳар бир нарсамиз учун) Бизнинг Фармюнимиз фақат биргина (яъни, «Бўл», деган сўз)дир. (Бас, ўша нарса) кўз юмиб очгунча (йўқдан бор бўлур).” (Қамар сураси, 50-оят). “Бас, у (қайтиш) фақат биргина даҳшатли қичқириқдир (яъни, сурнинг иккинчи марта чалинишидир). Сўнг баногоҳ улар (тирик ҳолда) Ер устида бўлиб қолурлар!” (Ван-нозиот сураси, 13-14-оятлар).
29. Оллоҳ кечани кундузга киритишини, кундузни кечага кири-тишини ҳамда қуёш ва ойнинг ҳар бирини белгиланган муддатгача (яъни, Қиёмат қойим бўлгунича) жорий бўладиган қилиб бўйсундириб қўйганини ва Оллоҳ шак-шубҳасиз, қилаётган барча амалларингиз-дан Хабардор эканини кўрмадингизми - билмадингизми?!
Ояти карима яна бир бор Оллоҳ таолонинг Қудрати бениҳоя Улуғ эканлигини таъкидлайди. Дарҳақиқат, борлиқдаги барча нарсани Унинг Ўзи яратгандир ва Ўзи бошқариб тургувчидир. Ҳатто нур ва зулмат, яъни, кеча ва кундуз ҳам Ёлғиз Унинг Қўлидадир, хоҳлаганида кечани кундузга киритиб, кундузларни узун қилиб қўяди. Яна бошқача айтилса, бировларнинг бахтларини фузун, кундузларини узун қилиб бахтли ҳаёт ато этиш ҳам, бировлврнинг кундузларини қора тунга айлантириб ёруғлиқцан бенасиб қилиб қўйиш ҳам фақат Унинг Қудрат ва Ҳикмати билан бўлади. Албатта У коинотдаги ҳар бир нарсадан Хабардор, ҳар бир сўз ва овозни Эшитгувчи, ҳар бир ишни Кўргувчидир. Одамларнинг қилган ишлари, адолат ёки зулмларигина эмас, зарра мисоличалик майда нарса ҳам Унинг нигоҳидан махфий бўла олмас, қоронғу тунда, қоп-қора хонада, қоп-қора тош устида қоп-қора қумурсқа қимирласа ҳам, албатта У Зот билур, эшитар ва кўрар.
Унинг Қудрати билан Ердан минг-минг марта катта ҳажмга эга бўлган қуёш то «кун ва ой бирлашиб кетадиган» Қиёмат Куни келгунича бир нафас ҳам тинмасдан фазода айланаверади. Фақат Қудратли ва Доно Зот - Оллоҳ таолонинг Ўзигина уни шундай тартиб-ўлчовга бўй-сундириб қўя олур.
Шунингдек, то Қиёмат қадар ой ҳам Яратганнинг белгилаб қўйган Илоҳий ўлчови билан ўз фазосида жорий бўлади. У бир ой давомида йигирма саккиз манзил - жойда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан турадида, кейин яна ўша тартиб такрорланади. Агар қуёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади.
30. Бунга сабаб, албатта, Ёлғиз Оллоҳ Ҳақдир ва Уни қўйиб (муш-риклар) дуо-илтижо қилаётган бутлар эса албатта ботилдир. Шак-шубҳасиз, Танҳо Оллоҳнинг Ўзи Юксак ва Буюк Зотдир.
Яъни, Оллоҳ таолонинг юқоридаги оятларда зикр қилинган улуғ си-фатларга Эга эканлигига сабаб шуки, бутун борлиқдаги Ягона Ҳақ Оллоҳнинг Ўзидир, Ёлғиз Унинг Ўзи Азалий ва Абадийдир, Унинг бирон тенги ва ўхшаши йўқдир, бор жонли-ю жонсиз мавжудотни Унинг Ўзи Яратгандир, У тенгсиз улуғ Салтанат Соҳибидир, ҳамма нарса ҳар бир ишда Унга муҳтождир, У ҳар ишга Қодир бўлган Ягона Зотдир, бас, ҳамма ибодат қилиб сиғиниши фарз бўлган Танҳо Маъбуди Барҳақ ҳам Унинг Ўзидир. Ундан ўзга нарсалар - мушрик-кофирлар чўқиниб-топинадиган турли туман бут-санамлар эса, бирон нарсани яратишга қодир бўлмаган, бирон кимсага бирон фойда ёки зиён етказа олмайдиган ночор-нотавон, демакки, ботил махлуқлардирки у ботил илоҳларга сиғиниш ва улардан умидвор бўлиб дуо-илтижолар қилиш ақлли кишиларнинг иши эмасдир.
Ҳақиқат шуки, Ёлғиз Оллоҳ таоло Ўз Қудрати ва бошқа улуғ Сифатлари билан барча нарсадан Юксак, Ўз Илми билан бутун мавжудотни иҳота қилиб олган тенгсиз Буюк Зотдир. У шу қадар Юксакки, барча махлуқот Унинг Қўл остида, Унга ҳеч ким тенг бўла олмайди, ўхшай олмайди, рақобатлаша олмайди. У шу қадар Буюкки, Буюклигини англашга фикрлар ожизлик қилади. Аммо ҳаётнинг ҳар жабҳасида, ҳар лаҳзасида иймонли инсонлар учун Унинг Юксаклиги, Буюклиги, Танҳолиги яққол кўриниб туради.
31. Кемалар сизларга Оллоҳнинг оят-мўъжизаларидан кўрсатиш учун У Зотнинг неъмати - Марҳамати билан денгизда (сузиб) юрганини кўрмадингизми?! Албатта бунда барча (балоларга) сабр қилгувчи, (неъматларга) шукр қилгувчилар учун оят-ибратлар бордир.
Дарҳақиқат, Ҳақ таоло томонидан инсоният ҳаёт кечириши учун яратилган Ер сайёрасининг усти-ю, остидаги барча нарсаларни, ҳатто наботот ва ҳайвонот оламигача инсонларга хизматкор қилиб бўйсундириб қўйилишида, шунингдек, денгизнинг итоаткорлигида, устида кемалар сузиб, худди қуруқликдаги от-уловлар каби бир соҳилдан бошқа соҳилга одамлар учун керакли бўлган нарсаларни ташиб, бир иқлимдаги инсонлар билан бошқа иқлимдаги инсонлар бир-бирлари билан борди-келди, олди-берди қилишларига хизмат қилиш учун бўйсундириб қўйилишида ва яна дарёларнинг ҳам инсон манфаатлари учун бўйсундириб қўйили-шида, гўё бадандаги қон томирлари янглиғ, етиб борган жойига инсонлар учун, барча жонзот учун ҳамда экин-тикин ва боғ-роғлар учун ҳаёт олиб боришида - мана шу ҳар бир инсоннинг кўз ўнгида рўй бераётган ҳақи-қатда, Оллоҳтаолонинг Танҳо Холиқ - Яратгувчи, бениҳоя Қудратли, Ҳик-матли ва бандаларига Меҳрибон Зот эканини очиқ-ойдин кўрсатиб тур-ган мана шу мўъжизаларда, албатта ақли ҳуши жойида бўлган, бошига қийинчилик-синовлар келганида бу Парвардигоримнинг имтиҳони деб сабр-тоқат қилгувчи, неъматлар ато этилганида Яратганга шукр қилиб У Зотга ҳамду санолар айтгувчи ҳар бир мўмин учун етарли ибратлар бордир. Зотан, ҳадиси шарифда ворид бўлганидек: “Иймон икки қисмдир-унинг ярми сабр, ярми шукрдир”. (“Тафсири Куртубий”дан).
32. Қачон (кофирларни) тоғлардек тўлқин(лар) ўраб олса, улар Оллоҳга Динни холис қилиш билан (яъни, чин ихлос билан) дуо-илтижо қилурлар. Энди қачонки, (Оллоҳ) уларга нажот бериб, қуруқликка (чиқарса), у ҳолда улардан (айримларигина) Тўғри Йўл тутгувчидир. Бизнинг оятларимизни инкор қилмас, магар барча хоин ва нонкўр кимсаларгина (инкор қилурлар).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло мушрикларнингўзлари ҳам сиғинадиган турли бут-санамлари уларга бирон фойда етказа олмаслигини жуда яхши билишликларига аниқ далил бўладиган ўта ибратли ҳаётий бир мисол келтиради. Яъни, агар улар сокин денгизда силлиқ сузиб бораётган кемада кайфу сафо қилиб, шод-хуррам кетаётганларида тўсатдан бўрон туриб, устма-уст бостириб келаётган тўлқинлардан кемалари ағдарилиб кетгудек бўлиб, ҳалокат кўзларига кўриниб қоладиган бўлса, ана ўшандай таҳликали вақтларда улар кимга ялиниб-ёлворадилар? Бутларигами? Асло! Ундай вақтда бутлари ҳаёлларига ҳам келмайди, чунки у ҳолда жонсиз бут-санамлар бутунлай бефойда тош-ёғочлар эканини аниқ билганлари учун уларни тамоман унутадилар ва Ёлғиз Яратганга чин ихлослари билан сиғиниб, дуо-илтижо қила бошлайдилар, агар ҳозир уларга ҳало-катдан нажот берса, бутун умрлари давомида Унга шукр қилиб ўтишларини, Ундан ўзга ҳеч нарсага қуллик қилмасликларини айтиб қасамлар ичадилар. Демак, бундай ҳолатларда мушрик кимсалар ҳам бандаларининг нолаларини эшитадиган, бало-мусибатлар етганда нажот берадиган Зот Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло эканини тан олишлари аниқдир. Аммо кейинчи? Кейин, Оллоҳ таоло уларнинг дуо-илтижоларини ижобат қилиб, денгизга ғарқ бўлиб кетишларидан нажот бергач, ва эсон-омон соҳилга чиқиб олишгач эса, фақат улардан айримларигина денгизда “ё Оллоҳ, Ёлғиз Ўзинг Парвардигоримсан”, деб Оллоҳ таолога берган аҳд-паймонига қуруқликка чиққанидан кейин ҳам вафо қилиб, иймонида собит-барқарор бўлиб қолади, аммо улардан кўплари эса, яқиндагина, денгизда ғарқ бўлиб кетиш хавфи остида қолган вақтларида Оллоҳтаоло-га берган аҳд-паймонларига ҳеч-бир уялмасдан, қўрқмасдан хиёнат қи-ладилар ва яна нонкўрлик кўчасига кириб ширк ва куфрларига қайтиб кетаверадилар.
Ривоят қилинишича, Макка фатҳ қилиниб, мусулмонлар қўлига ўтгач, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам у жойдаги ҳамма мушрик-кофир кимсаларга омонлик бердилар, магар улардан тўрт кимсани: Икрима ибн Абу Жаҳл, Абдуллоҳ ибн Хатл, Миқяс ибн Сабоба ва Абдуллоҳ ибн Саъдни агар уларни Каъба устидаги пардага осилиб ибодат қилиб турган ҳолларида топсангизлар ҳам қатл қилинглар, деб буюрдилар. Шунда Икрима ибн Абу Жаҳл жазодан қочиб қутулиш учун денгиз томонга кетди ва кемада кетаётганларида қаттиқ бўронга дуч келдилар. Кема эгалари йўловчиларга: “Ёлғиз Оллоҳга чин ихлос билан дуо-илтижо қилинглар, чунки сизлар-нинг сиғинадиган “илоҳларингиз”, яъни, бут-санамларингиз сизларга бирон фойда етказа олмайдилар”, дедилар. Бас, Икрима: “Қасамки, агар менга денгизда фақат чин ихлос билан Ёлғиз Оллоҳга дуо қилишим на-жот берадиган бўлса, у ҳолда қуруқликда ҳам менга чин ихлосдан ўзга нарса нажот бера олмайди. Оллоҳим, “Сенга аҳд-паймон бераман, агар Сен менга ҳозирги аҳволимда сувга ғарқ бўлиб кетишдан нажот берсанг, мен тўғри Муҳаммаднинг олдига бориб, кўлимни унинг қўлига қўяман. Ўйлайманки, албатта у мени афв этади, чунки Муҳаммад афв қилгувчи, лутфу карамли кишидир”, деб дуо қилган эдики, бўрон тўхтаб, ҳаммалари эсон-омон соҳилга чиқиб олдилар. Бас, Икрима Маккага қайтиб Исломни қабул қилди ва бир умр Исломда собит-барқарор, чиройли мусулмон бўлди”. (“Танвийрул-азҳон”тафсиридан).
Муфассирлар ояти каримада зикр қилинган “муқтасид - Тўғри Йўл тутгувчи”дан мурод, Икрима ва унга ўхшаган ширкдан астойдил тавба қилиб, чин ихлосли мусулмон бўлган кишилардир, деб тафсир қиладилар.
33. Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз ва яна бир Кундан (яъни, Қиёматдан) қўрқингизким, (у Кунда) ота ўз боласи томонидан (бирон нарса) ўтай олмас ва бола ҳам отаси томонидан бирон нарса ўтай олгувчи бўлмас. Албатта Оллоҳнинг (қайта тирилти-риб, ҳисоб-китоб қилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир. Бас, ҳаргиз сизлар-ни ҳаёти дунё (ўзинингўткинчи неъматлари билан) алдаб қўймасин ва ҳаргиз сизларни алдагувчи (яъни, шайтон) Оллоҳ (ҳар қандай гуноҳни кечаверади, деган алдов) билан алдаб қўймасин!
Ояти каримада Ҳақ таоло барча инсонларга, мўмин ёки кофирлиги-дан қатъий назар жамийки башариятга хитоб қилиб буюради: Эй инсонлар, Роббингиздан - сизларни йўқдан бор қилган, ризқу рўз берган ва борлиқдаги барча жонли-жонсиз нарсаларни сизларга бўйсундириб, хизматкор қилиб қўйган Парвардигорингиздан қўрқингиз, Унинг кофир ва осий-итоатсиз кимсаларни жазолаши аниқ эканини ҳеч ёдингиздан чи-қармангиз ва Қиёмат Кунидан - ҳар бир инсон қилмишига яраша жазо оладиган, ота болага, бола отага асқотмайдиган Кундан қўрқингиз! У Кунда ҳеч ким бировни оқлай олмайди, магар Оллоҳ изн берган киши-ларгина шафоат қила оладилар, У Кунда инсонга фақат ҳаёти дунёда қилган солиҳ амалларигина асқотади.
Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам айтилган: “Ва биров биров томонидан ҳеч нарса ўтай олмайдиган ва ҳеч кимдан эваз қабул қилинмайдиган, шафоат - қўллов фойда бермайдиган, ёрдам ҳам берилмайдиган Кундан қўрқингиз!”(Бак,ара сураси, 123-оят).
Бир жон бошқа жон томонидан ҳеч нарса ўтай олмаслиги, ундан ша-фоат, қўллаш қабул қилинмаслиги тўғрисида муфассир уламолар айтади-ларки, бани Исроил қавмидан Оллоҳ таоло кўп пайғамбарлар чиқарганлиги учун Расулуллоҳ алайҳис-салом давридаги яҳудлар ҳам, кейингилари ҳам, ҳатто ҳозиргилари ҳам: “Бутун пайғамбарлар бизнинг боболаримиз бўлган, Оллоҳнинг дўстлари бизнинг аждодларимиз бўлган, Қиёмат Куни ўшалар бизни шафоат қилиб, оқлаб олади, Оллоҳнинг олдида дўзахдан, азобдан бизни қутқариб олади”, деб ўзларини ҳам бошқаларни ҳам алдаб юрадилар. Оллоҳ таолонинг огоҳлантиришича У Кунда ҳеч ким бировни оқлай олмайди. У Кунда биров биров тарафидан бирор ишни ўтай олмайди. Ояти каримада “шафоат” деган сўз келди. Дарҳақиқат, Қиёмат Куни бўладиган шафоат бор. Лекин Ёлғиз Оллоҳ Ўзи Изн берган кишиларгина шафоат қилишга қодир бўладилар. Ана ўша Оллоҳ таоло Изн берган инсонлар - Оллоҳнинг пайғамбарлари, Оллоҳнинг дўстларидан бўлган зотлар, кимларни шафоат қиладилар? Мўминларни шафоат қиладилар. Ҳеч қайси инсон, ҳамма пайғамбар тўпланиб келиб ҳам бир кофирни шафоат қила олмайди. Модомики бани Исроил қавми Муҳаммад алайҳис-саломга кофир бўлар экан, ўтган минглаб пайғамбарлар булардан биронтасини шафоат қилмайди - дўзахдан чиқариб жаннатга киритмайди.
Ояти каримада таъкидланишича, шафоат қилиш ҳуқуқи фақат Оллоҳ таоло изн берган кишиларга ато этилади ва у кишилар фақат Оллоҳнинг мўмин бандаларини шафоат қилишлари мумкин бўлади. У Кунда ҳеч кимдан эваз қабул қилинмайди. Яъни, бу дунёда қилинган бирор айб-хатодан тўлов, эваз тўлаб қутулиб кетиш мумкиндир, аммо Охиратда, Қиёмат Кунида бундай бўлмайди - Оллоҳ таолонинг Йўлидан чиққан, Оллоҳ-нинг сўнгги Китобига иймон келтирмасдан кофир ҳолда ўлган кимсалар-дан ҳеч қандай эваз олинмайди - уларга бирон ёрдам берилмайди. “Ал-батта Оллоҳнинг ваъдаси ҳақдир”.
Яъни, Ҳақ таоло ваҳий билан Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга, у зот орқали барча инсониятга ваъда қилган нарсаларнинг ҳаммаси, жумладан, иймон билан солиҳ амаллар қилган ин-сонларга ажр-мукофотлар ато этиши, гуноҳ-жиноят қилган кимсаларни жазолаши, шунингдек, мушриклар: “мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?!” деб шоштираётган азоб уларнинг бошига тушиши ҳақ ва аниқдир, Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло албатта Ўз Ваъдасига Вафодордир.
“Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин ва ҳаргиз сиз-ларни алдагувчи (яъни, шайтон) Оллоҳ (Ҳар қандай гуноҳни кечаверади, деган алдов) билан алдаб қўймасин!”
“Рухул-маоний” тафсирида айтилишича, ҳаёти дунёга алданиб қолган кишилар дейилганида мусулмонлар орасидаги Муқаддас Дини Исломни ҳазил фаҳмлаб, унинг кўрсатмаларига амал қилмайдиган ёки агар амал қилганларида ҳам холис Оллоҳучун, Охиратдаги ажр-мукофот учун эмас, балки фақат эл кўрсинга, дунёвий манфаат учун амал қиладиган кимсалар ҳам тушунилади. Демак, ояти каримада ҳақиқий, Оллоҳ учун холис ибодат қиладиган мусулмонлар ана ундай бадғараз ва “ҳаёти дунёга алданиб қолган” риёкор кимсалардан ҳам узоқ бўлишлари буюрилади.
Алдагувчи шайтонга алданиб қолган кимсалар ва улар топадиган оқибат ҳақида мана бу оятларда айтилади: “(Шайтон) уларга ваъдалар берур, хомхаёлларга мубтало қилур. Охир-оқибатда шайтон уларга берадиган ваъдалар фақат ёлғон-сароб бўлиб чиқар». (Нисо сураси, 120-оят).
Яъни, шайтон ўзининг қулларини бир гал: “Сен узоқ яшайсан, кейин, кексайган пайтингда тавба-тазарруъ қилиб олишга бемалол улгурасан, дунё сеники бўлади”, деб алдаса, бир гал: “Топганингни бировларга бера-версанг, хайр-эҳсон қилаверсанг ўзингга ҳеч нарса қолмайди, гадойга айланиб қоласан”, деб қўрқитади, уларни яхшилик кўчасига киришдан тўсади. Шайтон етовида юришга рози бўлган кимсалар унинг алдовларига учиб ҳаёти дунёда бахтсиз бўладилар - ўзларига ато этилган ҳаёт номли фурсатни бой берадилар, солиҳ амаллар қилиш ўрнига гуноҳлар қилиб, шайтоннинг шайтоний ваъдаларига учиб, турли хомхаёлларга бери-либ умрларини ўтказиб юборадилар ва “охир оқибатда шайтон берган ваъдалар фақат ёлгон - сароб бўлиб чиқади”. Аммо энди вақт ўтган бўлади. Энди - “Ундай кимсаларнинг жойлари жаҳаннам бўлиб, ундан қочиб қутуладиган бирон жой топа олмаслар”. (Нисо сураси, 121-оят).
Яъни, Оллоҳни қўйиб шайтонга ибодат қилган ва унинг ёлғон ваъда-ларига алданиб ҳаётларини куфр ва исён билан ўтказган кимсалар ўзлари учун тайёрланган жойларига - жаҳаннамга жойлашадилар - мангу азобга гирифтор бўладилар. Энди афсус надоматлари фойда бермайди, қилган тавба-тазарруълари қабул бўлмайди. Энди фақат қилмишларига яраша жазо оладилар ва бу Илоҳий Жазодан - энг адолатли жазодан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайдилар! Улар дунёдаги ҳаётларида ўзларини йўқдан бор қилиб, саноқсиз неъматлар ато этган Оллоҳга иймон келтирмасдан, Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилмасдан, очиқ душман бўлган шайтонга сиғиниб ўтганлари учун, Ҳидоят ўрнига залолатни танлаб олганлари учун Охират ҳаётларида ҳам мўмин-мусулмонлар билан жаннатларда бўлмас-дан шайтон ва унинг қуллари билан жаҳаннам ўтида мангу ёнадилар!
34. Дарҳақиқат, Ёлғиз Оллоҳнинг ҳузуридагина (Қиёмат) Соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хоҳлаган вақтда, Ўзи хоҳлаган жойга) ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас ва бирон жон қай ерда ўлишини била олмас. Ёлғиз Оллоҳ ҳамма нарсани Билгувчи ва Огоҳдир.
“Тафсири Бағавий”да ривоят қилинишича, ушбу ояти карима бадавий-сахройи араблардан Ворис ибн Амр ҳақида нозил бўлган. У Пай-ғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, Қиёмат Соати қачон келиши ҳақида сўради ва яна деди: “Еримиз қурғоқчиликка дучор бўлди, қачон ёмғир ёғади? Хотинимни оғироёқ ҳолида ташлаб келдим, у қачон туғади? Мен қаерда ва қачон туғилганимни биламан, энди сен менга қаерда ва қачон ўлишимни айтиб бергин”. Ана шунда Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Ояти карима Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига маълум бўлган бешта сир ҳақидадир. Бу хусусда имом Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда ҳам айтилган: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Жаброил алайҳис-салом Расулуллоҳ соллоллохуалайҳи ва салламнинг хузурла-рига келиб: “Менга Қиёмат соати қачон қойим бўлиши ҳақида хабар беринг”, деган эди, у зот: “Бу ҳақда сўралгувчи сўрагувчидан яхшироқ бил-мас. Беш нарса борки, уларни Оллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди”, деб, ояти каримада мазкур бўлган беш нарсани айтган эдилар, Жаброил алайҳиссалом: “Рост сўзладингиз”, деди. Демак, ҳар бир мўмин ушбу сирлар Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига аён эканлигига иймон келтириши вожибдир.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирида ҳикоя қилинишича, Абу Жаъфар Мансур тушида ўлим фариштаси Азроил суратини кўриб, ундан умри қанча қолганини сўраган эди, Азроил беш панжасини кўрсатди. Туш таъбир қилгувчилар уни беш йил, беш ой деб ҳар хил таъбир қилдилар. Сўнг Абу Жаъфар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни чақириб, кўрган туши ва унда кўрсатилган беш панжадан мурод нима бўлиши мумкинли-гини сўраганида, Абу Ҳанифа: “Азроил мана бу оятда зикр қилинган, Ёлғиз Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч кимга маълум бўлмаган беш нарсага ишора қилган”, деб, ўрганаётганимиз ояти каримани ўқиди. Оятда хабар берилишича, Қиёмат қачон қойим бўлиши Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига маълумдир: Оллоҳтаоло ёмғирниЎзи белгилаб кўйган кунларда,Ўзи истаган миқдорда, Ўзи хоҳлаган жойларга ёғдиради ва буни Оллоҳ таолодан бош-қа ҳеч ким билмайди; Оналар бачадонидаги ҳомиланингўғил ё қиз бўли-шини, соғлом ё нуқсонли туғилишини ва бахтли (жаннати) ёки бахтсиз (дўзахи) бўлишини Ёлғиз Оллоҳ билади; Бирон жон эртага қандан ишлар - яхшилик; савоб ишларми ёки ёмонлик, гуноҳ ишларни қилишини аниқ билмайди; ҳеч ким қаерда ўлишини билмайди. Оллоҳ таолонинг Тақдир Китобида - Лавҳул-Маҳфузда ҳар бир кишининг вафоти қай соатда ва қаерда (йўлдами-чўлдами, ердами-осмондами, ватандами ёки ғурбатда-ми) бўлиши ёзилган бўлса, Оллоҳ таоло у инсоннинг ишини ўша жойга тушириб кўяди ва у ўша жойда қазо топади. Мазкур беш нарса Ёлғиз, ҳамма нарсанинг зоҳирини ҳам ботинини ҳам Билгувчи, бўлган ва бўладиган барча воқеа-ҳодисалардан Огоҳ Оллоҳтаолога маълумдир.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг тавфиқ ва ёрдами билан Луқмон сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.