close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

036. Ёсин сураси

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1. Ё, Син.
“Ё” ва “Син” ҳарфларидан иборат бўлган “Ёсин” калимасининг маъноси, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, “Ё Инсон”, дегани бўлиб, инсондан мурод Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Суранинг учинчи оятидаги “ҳеч шак-шубҳасиз, Сиз Тўғри Йўл (яъни, Ҳақ Дин) устидаги элчи-пайғамбарлардандирсиз”, жумласи бу тафсирни тасдиқлайди”, дейдилар. (“Ал-Мук,татаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).
2-3-4. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Куръони Ҳакимга қасамки, ҳеч шак-шубҳасиз, Сиз Тўғри Йўл (яъни, Ҳақ Дин) устидаги элчи -пай-ғамбарлардандирсиз.
Ушбу улуғ оятлар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва сал-ламнинг ҳақ пайғамбар эканликларига Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ҳар бир ояти Ҳикмат бўлган Қуръонга қасамёд қилиш билан берган гувоҳлик бўлиб, Расулуллоҳга “Сен пайғамбар эмассан”, деган (Раъд сураси, 43-оятдан) мушрикларга қарши Илоҳий Раддиядир. “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сизга) кофир бўлган кимсалар: «Пайғамбар эмассан», дейдилар. Айтинг: «Мен билан сизларнинг орамизда Оллоҳ етарли Гувоҳдир ва Китоб - Куръон илмидан хабардор бўлган (яъни, Оллоҳнинг Каломини бандаларнинг сўзларидан ажрата оладиган) ҳар бир киши (етарли гувоҳдир)”. (Раъд сураси,43-оят).
Сурайи кариманинг ушбу сўнгги оятида Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Эчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у зотни Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан юборилган ҳақ Пайғамбар эканликларини инкор қиладиган кофир-жоҳил кимсаларга қандай жавоб қилиш лозимлигини таълим беради. Жаноби Ҳақ гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сиз, олдингизга келиб: “Сен Оллоҳнинг элчиси эмассан, чунки сен бизлар талаб қилган: ўликни тирилтириб бериш, тоғни жойидан жилдириш, сахрони бир зумда боғ-чаманзорга айлантириш каби мўъжизаларни кўрсата олмадинг”, дейдиган мушрик-кофирларга айтинг: “Мен ўзимнинг Ҳақ Пайғамбар эканлигимни исботлаш учун сизлар каби жоҳил-нодонларнинг гувоҳлик беришларингизга мутлақо муҳтож эмасман. Менга Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг: “Муҳаммадун Расулуллоҳ - Муҳаммад Оллоҳнинг Элчисидир”, деб берган гувоҳлиги етарлидир: “У (Оллоҳ) Ўз Элчиси (Муҳаммад алайҳис-салом)ни Ҳидоят ва Ҳақ Дин (Ислом) билан, у (Дин)ни барча динларга ғолиб-устун қилиш учун юборган Зотдир. Оллоҳнинг Ўзи (ушбу ваъдасининг рўёбга чиқишига) етарли Гувоҳдир. Муҳаммад Оллоҳнинг Элчисидир”. (Фатҳ сураси, 28-29-оят)
Шунингдек, менга Китоб илмидан хабардор бўлган аҳли Китоблар орасидаги Таврот ва Инжил Китобларида хабар берилган сўнгги элчи ва унинг сифатлари баён қилинган оятлар орқали мени таниб, ҳақ Пайғамбар эканлигимга гувоҳлик берган илм эгаларининг гувоҳликлари етарлидир”.
Ибн Жарир ўз тафсири “Жомиул-баён”да Қатода розияллоҳу анҳу-дан ривоят қилди: “Аҳли китоблар орасида Ҳақни таниб, ҳақ гувоҳлик берадиган кишилар ҳам бор эди. Абдуллоҳ ибн Салом, Жоруд, Тамийми Дорий, Салмони Форсий розияллоҳу анҳум ана шундай кишилардан эдилар”.
5-6. (Ушбу Қуръон) Сиз ота-боболари (бирон пайғамбар орқали Охират азобидан) огоҳлантирилмай ғофил бўлиб қолган бир қавмни огоҳлантиришингиз учун Кудратли ва Раҳмли Зот томонидан нозил қилинган (Китобдир).
Яъни, ушбу Қуръони Ҳаким Роббул-иззат томонидан - бениҳоя Қудрат Эгаси ва бандаларига чексиз Меҳру Раҳмат Соҳиби бўлмиш Оллоҳ таоло даргоҳидан токи Сиз, Эй Муҳаммад алайҳис-салом, қавмингизга Қуръон оятларини етказиш билан кофир-мушрик кимсалар учун Охиратда қаттиқ азоб-уқубатлар борлиги ҳақида огоҳлантиришингиз учун нозил қилинган Китобдир. Чунки бу қавмнинг ўзи ҳам, ота-боболари ҳам узоқ асрлардан буён огоҳлантирилмаганлари, яъни, уларга бирон-бир пайғамбар юборилмагани сабабли Ҳақ таолони танишдан ва Тўғри Йўл қайси эканини билишдан ғафлатда қолгандирлар.
Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам айтилган: “У (Оллоҳ) омийлар (яъни, аҳли Китоб бўлмаган илмсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб - Куръон ва Ҳикмат - ҳадисни ўргатадиган бир Пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломни) юборган Зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (ўзларига Пайғамбар келишидан) илгари очиқ залолатда эдилар”. (Жумъа сураси, 2-оят).
7. Аниқки, уларнинг кўпларига Сўз ҳақ бўлгандир. Бас, улар иймон келтирмаслар.
Ояти каримадаги “Сўз”дан мурод, “Танвийрул-азҳон ва бошқа тафсирларда айтилишича, Оллоҳ таолонинг кофирларни албатта жаҳаннам азобига гирифтор қилиши ҳақида берган Сўзи ваъдасидир.
Бу ҳақда Сажда сурасининг 13-оятида айтилади: “Агар Биз хоҳласак, албатта ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик, лекин Мен томондан бу Сўз ҳақ собит бўлгандир: «Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва одамлар билан тўлдирурман».” (Сажда сураси, 13-оят).
Ушбу оятда Оллоҳ таоло ҳеч кимни мажбуран ҳидоятга бошламаслиги, балки инсу жинни ўз ихтиёрларига қўйиб қўйилиб, сўнгра Оллоҳнинг Динига итоат этишдан бўйин товлаган кимсаларни жаҳаннамга дучор қилинишлари аниқ эканлиги уқтирилади.
Ўрганаётганимиз ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга у зот Ҳақ Йўлга чақираётган Маккаликлар орасида тақдири азалда бахтсиз, яъни, дўзахи эканлиги ёзилган кимсалар ҳам бор эканлигини айтиб, улар ҳеч қачон иймон келтирмасликлари ҳақида хабар беради ва бу билан ундай кимсаларнинг Ҳақ Динни қабул қилмасликларидан ғам чекмасликка буюради.
8. Дарҳақиқат, Биз уларнинг бўйинларига то иякларигача (етадиган) кишанлар солиб кўйдик, бас, улар ғўдайиб қолдилар (яъни, улар Ҳаққа эгилмаслар).
Яъни, Ҳақ Динни қабул қилмайдиган кимсаларнинг аҳволлари жуда аянчлидир: улар сиртдан қаралганида гарчи соғлом, қўл-оёқлари бутун, ўзлари хоҳлаган тарафга боқиб, хоҳлаган тарафларига юра оладиган озод инсонлардек кўринсаларда, ҳақиқатда ундай эмасдирлар. Ҳақиқатда Оллоҳ таоло у бадбахт кимсаларнинг бўйинларига маънавий кишан солиб, қўл-оёқларини то иякларигача қимирлай олмайдиган қилиб боғлаб қўйгандир. Шунинг учун улар Тўғри Йўлга даъват қилинганларида худди қозиққа маҳкам боғлаб қўйилган туялардек қимирлай олмасдан юзлари осмонга, кўзлари ерга қараганларича ғўдайиб тураверадилар, Ҳақ Йўлига бурилиб қарай олмайдилар ва Ҳақ Пайғамбарга эргаша олмайдилар.
9-10. Биз уларнинг олдиларидан бир тўсиқ-парда қилиб, орқала-ридан бир тўсиқ-парда қилиб, уларни ўраб қўйганмиз. Бас, улар кўра олмаслар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз уларни огоҳлан-тирдингизми ёки огоҳлантирмадингизми уларга баробардир - иймон келтирмаслар.
Ушбу оятларнинг энг яхши тафсири мана бу оятлардир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қачон Сиз Куръон қироат қилганингизда, Биз Сиз билан Охиратга ишонмайдиган кимсалар ўртасида кўринмас бир парда тортиб қўюрмиз, (бас, улар Сиз ўқиётган Қуръон маънолари-ни англай олмаслар)”. (Ал-Исро сураси, 45-оят).
Уламолар ояти кариманинг икки тафсири борлигини айтадилар. Биринчи тафсир, биз оят таржимасида қавс ичида изоҳлаганимиздек, қачон Қуръон тиловат қилинса, мўминлар ундан баҳраманд бўлиб, англаб, қалблари ором олади, аммо кофир-мушрик кимсаларнинг қалбларини бир кўринмас парда тўсиб қўяди ва улар ҳеч нарсани англамай, мутлақо таъсирланмай бақрайиб тураверадилар.
Ибнул-Мунзир Ибн Шиҳоб Заҳрийдан ривоят қилди: “Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қачон Макка мушрикларига Қуръон тиловат қилиб, уларни ушбу Китобга иймон келтиришга даъват қилсалар, мушриклар у зотнинг устидан кулиб: “Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан пардаланган, қулоқларимизда эса оғирлик-карлик бордир ва сен билан бизларнинг ўртамизда бир тўсиқ бордир. Бас, сен ҳам (ўз амалингни) қилавер, бизлар ҳам албатта (ўз амалларимизни) қилгувчидирмиз” (Фуссилат сураси, 5-оят), дер эдилар. Бас, Оллоҳ таоло уларнинг сўзларига жавобан ушбу оятни нозил қилди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Макка зодагонларидан Абу Суфён, Назр ибн Ҳорис, Абу Жаҳл ва бошқалар гоҳо Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтиришиб, у зотнинг сўзларини эшитишар эди. Бир куни мушриклар ўзаро сўзлашиб турганларида Назр: “Мен шу Муҳаммаднинг сўзларини ҳеч тушунмайман, фақат оғзининг қимирлаганига қараб ўтиравераман”, деди. Абу Суфён: “Мен у айтаётган сўзларнинг баъзилари ҳақ деб биламан”, деди. Абу Жаҳл: “У мажнун”, деган эди, Абу Лаҳаб: “У коҳин”, деди. Ҳувайтиб ибн Абдул Уззо бўлса: “У шоир”, деди. Бас, ушбу оят нозил бўлди. (“Тафсири Мунийр”).
Ояти кариманинг яна бир тафсирига кўра эса, бу ўринда сўз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига нозил бўлган Қуръон оятларини одамларга ўқиб берганларида Оллоҳ таоло Ўзининг Элчиси билан мушрик-кофирлар ўртасида бир кўринмас тўсиқ пайдо қилиб, у зотни кофирларнинг ёмонликларидан сақлаши ҳақида боради.
Тафсири Розийда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қачон Қуръон тиловат қилишни хоҳласалар, аввал мана бу уч оятни: “Дарҳақиқат, Биз (Қуръонни) англамасликлари учун уларнинг дилларини пардалаб, қулоқларини оғир қилиб қўйдик”. (Каҳф сураси, 57-оят). “Оллоҳ ундай кимсаларнинг дилларини, қулоқларини ва кўзларини муҳрлаб қўйгандир”. (Наҳл сураси, 108-оят) ва “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Оллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз?” (Жосия сураси, 23-оятдан) ўқиб олар эди. Бас, Оллоҳтаоло у зотни мана шу оятлар барако-ти билан мушриклар кўзидан пардалаб - тўсиб қўяр эди. Саъид ибн Жубайрдан ривоят қилинишича, қачонки, “Таббат яда Аби Лаҳаб” сураси нозил бўлганида, Абу Лаҳабнинг хотини қўлида бир тошни кўтариб келди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан турган эдилар. Аммо у хотин Пайғамбар алайҳиссаломни кўрмади ва Абу Бакрга қараб: “Сенинг соҳибинг мени ҳажв қилиб шеър айтганмиш?” деган эди, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Оллоҳга қасамки, у зот ҳеч қачон шеър битмайдилар ҳам, шеър айтмайдилар ҳам”, деди. Шунда у хотин: “Мана бу тошни унинг бошини ёриш учун олиб келгандим”, деганича қайтиб кетди. Бас, Абу Бакр: “Ё Расулуллоҳ, у сизни кўрмадими?” деган эди, у зот: “Йўқ, мен билан унинг ўртасини бир фаришта тўсиб турган эди”, дедилар. (“Тафсири Бағавий”дан).
“Биз уларнинг қалбларида (Қуръонни) англашдан тўсадиган пардалар қилиб, қулоқларини эса огир қилиб қўйдик. Қачон Сиз Қуръ-онда Ёлғиз Парвардигорингизни зикр қилсангиз, (мушриклар) орқа-ларига бурилиб қочурлар”. (Ал-Исро сураси, 46-оят).
Ояти карима ҳамма замонлардаги Қуръони Азимни эшитиб туриб “эшита олмайдиган”, унинг маъноларини англай билмайдиган, борлиқ-даги Оллоҳ таолонинг Бир ва Борлигига, мислсиз Қудратига далолат қиладиган оятлар-аломатларни ўз кўзлари билан кўриб туриб “кўра олмайдиган” кимсалар ҳақидадир. Ҳақ таоло уларнинг дарди жуда оғир эканини - қалблари ҳар тарафдан тўсиқ-девор билан тўсилиб, ҳеч нарсадан таъсирланмайдиган, ҳақиқатни тан олмайдиган бўлиб қолганини, бекорчи-беҳуда сўзларни жуда яхши эшитадиган қулоқлари Оллоҳнинг Каломи тиловат қилинганида том битиб “эшитмай” қолишларини айтади.
Демак, оят Қуръоннинг Каломуллоҳ эканига, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламнинг Расулуллоҳ эканликларига иймон келтирмайдиган кофирлар ҳақида нозил бўлди.
Аммо фақат улар ҳақида эмас, балки мусулмонлар орасидаги Қуръон оятларини эшитиб - билиб туриб уларга амал қилмайдиган, эшитганларидан фойдаланмайдиган, Ҳақ Сўзга итоат қилмайдиган кимсалар ҳам қалбларида тўсиқ, қулоқларида “оғирлик” бор кимсалар қаторида эканликлари ҳақидадир.
11. Сиз фақат (ушбу) Эслатмага - Куръонга эргашган ва гойибда (яъни, кўрмай) туриб, Раҳмондан қўрққан кишинигина огоҳлантира олурсиз. Бас, унга мағфират ва улуғ ажр (жаннат) хушхабарини беринг!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, билингки, Сизнинг огоҳланти-ришларингиз фақат Қуръони Азимни Оллоҳнинг Каломи деб иймон келтирган, у Азиз Китобдаги ҳукм ва қонунларга бўйинсунган ва Меҳрибон Оллоҳдан У Зотни ҳам, У кофир-фосиқлар учун Охират диёрида тайёрлаб қўйган азобни ҳам ҳали кўрмасдан туриб қўрққан ва ўша азобга дучор бўлмаслик учун қўлидан келганича ҳаракат қилган кишиларгагина фойда берур ва улар Сиз етказадиган Эслатманинг ҳар бир оятидан таъсирланиб, ҳаётларига татбиқ қилурлар. Бас, ана ўшандай инсонларга хушхабар қилиб етказиб қўйингки, уларнинг қилган гуноҳлари кечирилур ҳамда улар учун энг улуғ ажр-мукофот, ҳеч қачон тугаб қолмайдиган неъмат, яъни, жаннат ато этилур.
12. Албатта Бизнинг Ўзимиз ўликларни (Қиёмат Кунида қайта) тирилтирурмиз ва уларнинг қилган ишларини ҳамда (қолдирган) изла-рини ёзиб қўюрмиз. Биз барча нарсани очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) ҳисоблаб - белгилаб қўйгандирмиз.
“Албатта, Бизнинг Ўзимиз ўликларни тирилтирурмиз”.
Уламолар ояти карима аввалидаги ушбу жумлани икки хил тафсир қилганлар. Биринчи тафсир: оят таржимасида қавс ичида изоҳлаб ўтилганидек, Оллоҳ таоло жамийки ўликларни Қиёмат Кунида қайтадан тирилтириб, ҳисоб-китоб қилур ва қилиб ўтган яхши амалларига мукофот, ёмон амалларига жазо берур, деган маънони билдиради. Иккинчи тафсир эса, Заҳҳок ва Ҳасани Басрий раҳимахумоллоҳ қилган тафсир бўлиб, унга кўра оятдаги “ўликлар”дан мурод, жоҳил-мушрик кимсалар, уларнинг тирилишлари эса, иймон келтириб, мўминлар қаторига киришларидир. Оллоҳ таоло мушрик-кофир кимсалар орасидан Ўзи хоҳлаган кишиларни мана шу дунёнинг ўзидаёқ қайта тирилтириб, чинакам ҳаётга - иймонга ҳидоят қилиб қўйиш Ўзининг Қўлида эканлигини таъкидлайди.
“Ва уларнинг қилган ишларини ҳамда (қолдирган) изларини ёзиб қўюрмиз”.
Демак, ҳар бир инсон томонидан бутун ҳаёти давомида қилинган яхшими, ёмонми, ҳар бир иш-амал малоикалар томонидан ёзиб қўйилади, шунингдек, уларнинг ҳаётда қолдирган излари, яъни, босган ҳар бир қадамлари ҳам, улардан из - эсдалик бўлиб қолган яхшими, ёмонми ҳар бир иш-амал ҳам албатта ёзиб қўйилади ва Қиёмат Кунида Оллоҳтаоло ҳузурида ҳисоб-китоб қилинади.
Ояти кариманинг ушбу жумласи тафсирида инсондан қоладиган икки хил асар - из ҳақида ҳадислар ворид бўлган: Пайғамбар соллол-лоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Исломдаги бир суннати ҳасана-ни, (яъни, гўзал бир амални) йўл қилиб қолдирса-ю, ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унинг учун ўзидан из бўлиб қолган ана ўша суннатга амал қилган барча одамларга бериладиган ажр-мукофот каби ажр-мукофот ато этилади ва ўша суннатга амал қилган кишиларнинг ўзларига бериладиган ажр-мукофотлардан бирон нарса камайтирилмайди”.
Ким Исломда бирон-бир ёмон йўлни (яъни, бидъат-хурофотни) йўл қилиб қолдирса-ю, (ундан кейин ўша кимса тўқиб чиқарган бидъатга амал қилинса) унинг учун ўзидан из бўлиб қолган ана ўша бидъатга амал қилган барча одамларга бериладиган жазо каби жазо берилади ва ўша бидъатга амал қилган кимсаларнинг ўзларига бериладиган жазоларидан бирон нарса камайтирилмайди”. (Муслим ва Бағавий ривояти).
Айрим муфассирлар ояти каримада зикр қилинган инсонлар қолдирадиган ва малоикалар уларнинг амал дафтарларига ёзиб қўядиган излардан мурод, мўминларнинг беш вақт намозни жамоат билан ўқиш учун масжидларга бориш ва қайтишларида қолдирадиган изларидир дейдилар ва мана бу ҳадиси шарифни келтирадилар: ривоят қилинишича, Бану Салима қабиласидан бўлган бир гуруҳ саҳобалар ҳовлилари масжидун-набавийдан - Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламнинг масжидларидан йироқ бўлгани сабабли масжид яқинига кўчиб ўтмоқчи бўлганларида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Бану Салима, ўзларингизнинг ҳовлиларингиздан жилманглар, босиб келган изларингиз номайи аъмолингизга ёзилур, ҳовлиларингиздан жилманглар, изларингиз ёзилур”, деб марҳамат қилганлар. Ушбу тафсирни Умар, Ибн Аббос ва Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳум каби улуғ саҳобий ва тобиийлар қувватлайдилар. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Яна бошқа бир ҳадиси шарифда ҳам масжидлар томон босилган ҳар бир қадам бесамар кетмаслиги таъкидланади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Киши масжид томон йўл олар экан, бораётганида ҳам, қайтаётганида ҳам босган ҳар бир қадами билан бир яхшилик - ажр ёзилади, иккинчи қадами билан бир гуноҳўчирилади”. (ИмомАҳмад ривояти).
“Биз барча нарсани очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) ҳисоблаб-белгилаб қўйгандирмиз”.
Бу ҳақда бошқа сураларда ҳам такрор-такрор айтилади: “(Мусо) айтди: «Улар ҳақидаги билим Парвардигорим ҳузуридаги Китобда -Лавҳул-Маҳфуздадир. Парвардигорим адашмас ва унутмас». (Тоҳа сураси, 52-оят). “Улар қилган ҳар бир нарса китобларда (номайи аъмолларида) бордир. Ҳар бир кичик ва катта (амал Лавҳул-Маҳфузда) битилмишдир”. (Қамар сураси, 52-53 оятлар).
Демак, барча нарса, коинотдаги бор жонли-жонсиз мавжудот, жумладан, барча инсонлар ва уларнинг қилган иш-амаллари Оллоҳ таоло ҳузуридаги уммул-Китоб - Китобларнинг онаси - Лавҳул-Маҳфузда битилган бўлиб, унда ёзилмаган ҳеч бир нарса қолмаган.
Биз ўрганаётганимиз ояти каримадаги “имом” калимасини бу жойда “Китоб (яъни, Лавҳул-Маҳфуз)” деб таржима қилдик. Зотан, “имом” сўзи асли “умм - она” деган сўздан олинган бўлиб, уммул-Китоб - Китоблар-нинг онаси бўлмиш Лавҳул-Маҳфуз Китоби имоми мубийн - очиқ-равшан имом, яъни, барча нарса очиқ-равшан ёзиб қўйилган энг биринчи Китоб деган маънога ҳам далолат қилади. Лавҳул-Маҳфуз Раъд сурасининг 39-оятида ҳам “уммул-Китоб” деб таърифланади.
Шунингдек “имом” калимаси Ал-Исро сурасининг 71-оятида ҳам келган бўлиб, оят тафсирида бу сўзнинг яна бошқа маънолари ҳам борлиги айтилган эди: Ояти каримада зикр қилинган “биимомиҳим” калимасини муфассирлар турлича тафсир қилдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу-мо: “Қиёмат Кунида одамлар ҳисоб-китоб учун тўп-тўп ҳолда, ҳар бир жамоат ўз замонларидаги уларни Ҳақ Йўлга ёки залолатга даъват қилган имомлари - пешволари билан бирга чақириладилар”, деб оятдаги имом сўзини ўз маъносида келганини айтади. Мужоҳид ва Қатода эса: “Бу ўринда имомдан мурод, пайғамбарлардир. У Кунда ҳар бир жамоат ўзларига юборилган элчи-пайғамбарлари билан бирга чақирилиб, ҳисоб-китоб қилинадилар”, дейдилар. Абу Солиҳ ва Заҳҳок: “Одамларнинг имомлари - уларга нозил қилинган Китоблардир”, дейдилар. Қатода яна бир тафсирида: “Оятнинг сиёқидан маълум бўлганидек, бу жойда имомдан мурод, одамларнинг қилиб ўтган амаллари битилган китоб - номайи аъмолларидир”, дейдики, биз оят таржимасида мана шу тафсирга асосланган эдик.
Мулоҳаза қилинса, мазкур тафсирларнинг барчаси бир-бирини тўлдириб, оят мазмунини яхшироқ англашимизга ёрдам бериши кўринади.
13. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз уларга (Антокия) қишлоғининг аҳлини - у жойга элчилар келган пайтини мисол келтиринг!
Ушбу ва қуйидаги оятларда сўз, “Тафсири Бағавий”, “Тафсири Қуртубий” ва бошқа машҳур тафсирларда айтилишича, Ҳақ Йўлига даъват қилиш учун Ийсо алайҳис-салом томонидан Рум мамлакатидаги Антокия шаҳри аҳолисига юборилган элчилар ва уларни ёлғончи қилганлари оқибатида ҳалокатга дучор бўлган Антокия аҳли ҳақида боради. Лекин “Тафсири Ибн Касийр” ва “Ал-Муҳаррарул-важийз” тафсирларида мазкур элчилар Оллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбарлардир”, дейилади. Бу қисса орқали Қуръон Макка мушрикларини Ҳазрати Муҳаммад алайҳис-саломга иймон келтирмасликнинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантиради.
14. Ўшанда Биз уларга икки (элчини) юборганимизда икковларини ҳам ёлғончи қилишгач, Биз (у икки элчини) учинчи (элчи) билан қувватлантирдик. Бас, улар: «Дарҳақиқат, биз сизларга (юборилган) элчилармиз», деган эдилар;
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” (Асил тафсирлардан териб олинган тафсир) китобида айтилади: “Антокия шаҳрининг аҳолиси бут-параст мушриклар эдилар. Бас, Ийсо алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг Амри билан у жойга ҳаворийлари - энг яқин сафдош ёрдамчилардан икки кишини элчи қилиб юборди. Қачонки у элчилар шаҳарга яқинлашганларида, қўйларини боқиб юрган бир кекса кишини кўрдилар. Унинг исми Ҳабиб нажжор - дурадгор эди. У элчилардан: “Кимсизлар?” деб сўраган эди, улар: “Биз Оллоҳ таоло сизларнинг шаҳрингизга юборган элчилармиз”, дедилар. Шунда у: “Сизларнинг Оллоҳ юборган элчи эканлигингизни тасдиқлайдиган бирон ҳужжатингиз борми?” деган эди, улар: “Биз ҳар қандай касални тузата оламиз”, деб жавоб қилишди. Ҳабибнинг бедаво дардга мубтало бўлиб, қимирламай ётиб қолган бир ўғли бор эди. Элчиларни ўша боланинг олдига олиб борган эди, улар қўлларини теккизишлари билан ҳалиги бола гўё ҳеч қачон касал бўлмагандек соппа-соғ бўлиб қолди. Бас, ўша онда Ҳабиб уларнинг чиндан ҳам Оллоҳ юборган элчилар эканлигига иймон келтирди. Бу хабар шаҳарга тарқалиб, уларнинг қўлларида кўп одамлар шифо топдилар ва бу хабар подшоҳга ҳам бориб етди. Подшоҳ уларни чақиртириб, бу шаҳарга нима учун келганларини сўраган эди, улар шаҳар аҳлини бутпарастликдан қайтариб, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга даъват этиш учун юборилганларини айтдилар. Шунда у: “Сизларнинг бизнинг илоҳларимиздан ўзга илоҳларингиз борми?” деб сўради. Элчилар: “Ҳа, У сени ҳам, сиғинадиган “илоҳ”ларингни ҳам яратган Зотдир”, деб жавоб берган эдилар, подшоҳ уларни зиндонбанд қилишни буюрди. Сўнгра Ийсо алайҳис-салом Шамъун исмли учинчи элчини юборди. У шаҳарга ўзини танитмасдан кириб, ишни подшоҳнинг аъёнлари билан яқинлашишдан бошлади. Қачонки аъёнлар билан дўстлашиб олгач, улар Шамъунни подшоҳнинг ҳузурига олиб кирдилар ва у подшоҳнинг ҳам ишончини қозониб, яқин суҳбатдошига айланди. Сўнг бир куни Шамъун унга: “Эшитишимча, сен икки кишини ҳибс қилган эмишсан?” деган эди, подшоҳ: “Уларнинг айтадиган сўзларини ҳам эшитдингми?” деди. У: “Йўқ”, дегач, подшоҳўша маҳбусларни чақиртирди. Бас, Шамъун у иккисидан: “Сизларни ким элчи қилиб юборди?” деб сўраган эди, улар: “Барча нарсани яратган Зот - Оллоҳ”, дедилар. “Сизларнинг қандай оят-ҳужжатларингиз бор?” “Подшоҳ нимани тиласа”. Подшоҳ бир кўр болани келтириб: “Мана шу боланинг кўзини очингларчи?” деган эди, улар Оллоҳ таолога дуо қилдилар ва ҳалиги бола кўра бошлади. Шамъун подшоҳга қараб “Нима дейсан, агар сен ҳам ўзингнинг илоҳингдан мана шунга ўхшаган бирон иш қилишини сўрасанг эди, сен учун ҳам, илоҳинг учун ҳам катта обрў бўлар эди, деганида, подшоҳ: “Бизнинг илоҳимиз эшитмайди, кўрмайди, бировга бирон фойда ёки зиён ҳам етказа олмайдику”, деди. Шунда Шамъун ўзининг кимлигини ошкор қилиб, подшоҳни Ёлғиз Оллоҳга иймон келтиришга даъват қилди, лекин у иймон келтирмади, балки аксинча ўзи ҳам, аъёнлари ҳам иймон келтирган кишиларни азоблашда давом этдилар, бас, Оллоҳ таолонинг Амри билан Жаброил алайҳис-салом уларнинг устига тушиб бир қичқирган эди, ўша онда ҳаммалари ҳалок бўлдилар”.
Қуйидаги оятларда мазкур элчилар билан Антокия аҳли ўртасида бўлиб ўтган баҳслар ва охир-оқибат Ҳақ даъватга қулоқ солмаган иймонсиз қавм Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлиб қирилиб битганлари ҳақида хабар берилади.
15. Улар: «Сизлар ҳам ўзимизга ўхшаган одамларсиз. Раҳмон (яъни, Оллоҳ) ҳеч нарса - ваҳий нозил қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасизлар», дедилар.
Яъни, антокияликлар ўзларига юборилган у элчиларнинг сўзларига ишонмадилар ва: “Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаб таом ейдиган, бозорларда юрадиган оддий одамларсизларку. Бас, сизларнинг бизларда бўлмаган қандай фазилатларингиз борки, биз Оллоҳнинг сизларга юборилган элчиларимиз, деб даъво қиласизлар?! Меҳрибон Оллоҳ сизларга ҳеч қандай ваҳий нозил қилган эмас, сизлар фақат бизларни алдамоқдасизлар, холос”, деб Оллоҳнинг элчиларига иймон келтиришдан ва Ёлғиз ОллоҳтаолонингЎзига ибодат қилишдан бош тортдилар.
Тарихда ўтган жуда кўп умматларнинг уларга юборилган элчи-пайғамбарларга айтадиган сўзлари мана шу эди.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Макка кофирлари), сизларга аввалги кофир бўлган, сўнг (ҳаёти дунёдалик пайтларидаёқ) ўз ишларининг зиёнини тотган кимсаларнинг хабари келдими? Яна улар учун (Охиратдаги) аламли азоб ҳам бордир. Бунга сабаб, уларга пайғамбарлари (ўзларининг ҳақ пайғамбар эканликларини билдирувчи) ҳужжатлар билан келганларида, улар: «Бизларни (ўзимизга ўхшаган) башар (авлодлари) ҳидоят қилурларми?!», дейишиб, (у пайғамбарларга) кофир бўлганлари ва (иймондан) юз ўгириб кетганларидир. (Шунда) Оллоҳ (уларни ҳалок қилиш билан Ўзи уларнинг иймонларидан) Беҳожат эканлигини кўрсатди. Оллоҳ Беҳожат ва ҳамду санога Лойиқ Зотдир”. (Тағобун сураси, 5-6-оятлар). “Улар дедилар: «Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамларсиз, фақат сизлар бизни ота-боболаримиз ибодат қилиб ўтган нарсадан (бут-санамларга сиғинишдан) тўсишни истайсизлар, холос. Бас, (агар сизлар чиндан ҳам пайғамбар бўлсангизлар), у ҳолда бизга аниқ бир ҳужжат далил келтирингларчи?!» (Иброҳим сураси, 10-оятидан).
Яъни, улар ўзларига юборилган элчиларнинг ҳақ пайғамбар эканликларини тасдиқлайдиган аниқ ҳужжат - мўъжизаларга неча бор гу-воҳ бўлган эсаларда, гўё ҳеч нарса кўрмагандек яна қайтадан: “Сизларнинг биздан қандай ортиқчиликларингиз бор? Сизлар ҳам худди бизга ўхшаган оддий одамсизларку? Айтаётган сўзларингиз, “Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар” қабилидаги даъватларингиз билан эса, фақат бизларни ота-боболаримизнинг динидан чиқаришни, бут-санамларимизга сиғинишдан тўсишни истайсизлар, холос. Бас, агар сизлар ҳақиқатдан ҳам ўзларингиз даъват қилаётганларингиздек Оллоҳ юборган элчилар бўлсаларингиз, у ҳолда бизларга осмонлар ва Ернинг яратилиши, улардаги ажойиботлар ҳақида сўзлаш ўрнига биз сизлардан талаб қиладиган, оддий одамларнинг қўлидан келмайдиган мўъжизаларни кўрсатинглар, акс ҳолда биз сизларга ҳеч қачон иймон келтирмаймиз”, деган эдилар.
16-17. (Элчилар) айтдилар: «Парвардигоримиз билурки, бизлар шак-шубҳасиз, сизларга (юборилган) элчилардирмиз. Бизнинг зиммамизда фақат (Оллоҳнинг ваҳийсини сизларга) очиқ-равшан етказишгина бордир».
Яъни, ҳар уч элчи уларни ёлғончи қилаётган иймонсиз қавмга яна бир бор ўзларининг Оллоҳ таоло юборган элчи эканликларини таъкидлаб, бу ҳақиқатни кофир-жоҳил кимсалар билмасликларининг ҳеч аҳамияти йўқлиги, чунки ўзларининг ҳақ элчилар эканини уларни элчи қилиб юборган Парвардигорлари бўлмиш Оллоҳ таоло билишининг ўзи етарли эканлигини айтдилар ва яна: “бизларнинг зиммамиздаги рисолат - вазифа сизларни мажбурлаб Ҳақ Динга киргизиш эмас, зотан бу имконсиз ишдир, балки фақат сизларга Оллоҳ таоло Танҳо Маъбуди Барҳақ эканлигини ва Унинг ҳеч қандай шериги йўқлигини, демак, Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиш фарзлигини аниқ-равшан қилиб етказиш, холос. Биз ўзимизга буюрилган вазифани адо этдик. Бас, агар сизлар бизга ишонсангизлар ва сўзларимизни қабул қилсангизлар, ўзларингиз учун яхшидир. Аммо агар биз сизларга етказган Оллоҳ таолонинг оятларини инкор этадиган бўлсангизлар, у ҳолда албатта устингизга Оллоҳнинг азоби тушиши аниқ”, дедилар.
18. Улар дедилар: «Ҳақиқатан, бизлар сизлар ҳақингизда бадгумондамиз. Қасамки, агар (бу сўзларингизни) тўхтатмасангизлар, албатта сизларни тошбўрон қилурмиз ва сизларга биз томондан аламли азоб етар».
Яъни, Антокия аҳли элчиларнинг сўзларига қарши ҳеч нарса дея олмай қолишгач, барча жаҳолат бандалари каби муттаҳамлик йўлига ўтди-лар, яъни, элчиларга мутлақо алоқаси бўлмаган нарсаларни ҳам улардан кўриб, мана сизларнинг касофатларингиздан еримизга ёмғир ёғмасдан экин-тикинларимиз қуриб кетди. Албатта биз буни сизларнинг келишингиздан деб гумон қиламиз, яна сизлар қавмимизни бўлиб-ёриб ташладингиз, ўртамизга турли ихтилофлар солдингиз! Қасамки, агар мана шу даъватларингизни бас қилмасангизлар, бизнинг динимизга тўғри келмайдиган сўзларингизни тўхтатмасангизлар, албатта бизнинг томонимиздан сизларга жуда қаттиқ, чидаб бўлмайдиган азоб-уқубат етиб қолади - биз сизларни тошбўрон қилиб ўлдириб юборамиз, дея таҳдид қила бошладилар. (“Тафсири Бағавий”ва “Тафсири Мунийр” тафсир-ларидан).
19. (Элчилар) айтдилар: «Сизлар Бадгумон қилишингиз керак бўлган нарса ўзларингиздаку (яъни, бизлардан эмас, балки ўзларингизнинг куфрларингиздан бадгумон қилингиз)! Сизларга ваъз-насиҳат қилинса (қабул қилиш ўрнига бадгумонда бўлиб бундай дўқ-пўписалар қилурмисиз)?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошган қавмдирсиз!»
Яъни, Антокия аҳлининг бундай таҳдидлари элчиларни заррача ҳам қўрқита олмади. Шунинг учун элчилар у жоҳил қавмга жавобан: “Нега сизлар биздан ёмон гумонлар қилмоқдасизлар? Ахир ҳамма бахтсизлик ва бадгумон қилинадиган нарсалар ўзларингиздаку?! Бошларингизга тушаётган барча бало-мусибатларга сабаб бизнинг келишимиз эмас, аксинча, ўзларингизнинг Ҳақ Динни қабул қилмаганларингиз, Оллоҳнинг элчиларини ёлғончи қилиб, ширк ботқоғига ботиб ётганларингиз сабабчи-ку?! Ҳақиқатан, сизлар Ҳаққа қарши туришда ҳаддан ошган қавмдирсизлар! Акс ҳолда сизларга Ҳақ Динни етказганимиз учун, Тўғри Йўлни кўрсатиб, Ёлғиз Оллоҳтаолога ибодат қилинглар, деб панд-насиҳат қилганимиз учун бизларга раҳмат айтиш ва сўзларимизга итоат этиш ўрнига сизлар бизга бало-мусибатлар олиб келдингиз, бу сўзларингизни тўхтат-масангизлар сизларни азоблаймиз, тошбўрон қилиб ўлдириб юборамиз, деб таҳдидлар қилармидингизлар?!” дедилар.
20-21. (Шу пайт) бир киши шаҳарнинг чеккасидан шошганча келиб, деди: «Эй қавмим, элчиларга эргашинглар! Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамайдиган зотларга эргашинглар!»
Ривоят қилинишича, бу киши шаҳар четида истиқомат қилувчи иймонли ва саховатли бир одам бўлиб, исми Ҳабиб ан-нажжор эди. У ҳам-шаҳарлари уларни Ҳақ Йўлига даъват қилиш учун келган элчиларни ёлғончи қилишиб, ўлдирмоқчи бўлиб турганларидан хабар топгач, шошганча уларнинг олдига келиб, мазкур оятлардаги сўзларни айтади.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳабиб ан-нажжор моҳов касалига йўлиққан бўлиб, манзили Антокия шаҳрининг энг четдаги дарвозаси олдида эди. У етмиш йил давомида бут-санамларга ибодат қилиб, улардан раҳм-шафқат қилишларини, уни бу оғир дарддан халос қилишларини сўраб кеча-ю кундуз дуо-илтижолар қилар, лекин улар ҳеч Ҳабибнинг дуоларини ижобат қилмасдилар. Бас, қачонки шаҳарга Оллоҳнинг элчилари келиб, уни Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга чақир-ганларида у: “Сизларнинг ҳақиқатан ҳам Оллоҳ юборган элчилар эканлигингизни тасдиқлайдиган бирон оят-ҳужжатларингиз борми?” деб сўраган эди, улар: “Ҳа, биз Қодир Парвардигоримизга дуо қилиб сўрасак, сени дардингдан халос қилади”, дедилар. Ҳабиб: “Бу жуда қизиқку, мен мана бу бутларга етмиш йилдан буён дардимдан халос қилинглар, деб дуо-илтижолар қилиб келаман, аммо уларнинг кучи етмадику, сизларнинг Парвардигорингиз бир кунда бу ишнинг қандай уддасидан чиқсин”, деди. Улар айтдилар: “Ҳа, бизнинг Парвардигоримиз Ўзи хоҳлаган ҳар бир нарсага Қодирдир, сен сиғинадиган мана бу бут-санамлар эса, бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдилар”. Бас, у иймон келтирди ва элчилар Парвардигорга дуо қилган эдилар, Оллоҳ таоло бир зумда уни дардидан фориғ қилди ва у ҳеч қачон бу мудҳиш дардга мубтало бўлмагандек соппа-соғ одамга айланди. Шундан кейин Ҳабиб касби корга берилди. У ҳар куни топган нарсасининг ярмини оиласига ишлатар, қолган ярмини эса, садақа қилиб юборар эди. Орадан йиллар ўтгач, (ривоят қилинишича, мазкур элчилар Антокия аҳлини ўн йил давомида даъват қилган эдилар), қавми Оллоҳнинг элчиларини қатл қилмоқчи эканликларидан хабар топди-ю, шаҳар четидаги манзилидан чопганича келиб: “Эй қавмим, ушбу элчиларни қатл қилиш ўрнига уларга иймон келтириб, итоат қилинглар. Чунки улар Ҳидоят Йўлидадирлар. Улар сизлардан қилаётган панд-насиҳат, даъватлари учун ҳеч қандай ҳақ сўрамаяптиларку, деди. Дарҳақиқат Ҳабиб элчилардан: “Сизлар ўзларингизга эргашган кишилардан ҳақ оласизларми?” деб сўраганида улар: “Йўқ, бизнинг ажримиз Ёлғиз Оллоҳнинг зиммасидадир”, деган эдилар. (“Тафсири ҚуртубшГдан).
Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: Ҳабибдан бу сўзларни эшитган қавми: “Ҳали сен ҳам шуларнинг динидамисан?!” деб дағдаға қилганларида, у қуйидаги оятларда зикр қилинган сўзларини айтди.
22. «Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин?! Сизлар ҳам (дунёдан ўтгач), Ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар.
Яъни, нега мен ўзимни йўқдан бор қилган ва менга лутфу марҳамат кўргузиб анвойи неъматлар ато этган, менинг етмиш йиллик тузалмас дардимга шифо берган Роббим Оллоҳга ибодат қилмайин. Йўқ, албатта мен Унга иймон келтирдим ва Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилурман. Дарвоқеъ, сизлар, эй қавмим, нега Унга ибодат қилмасдан мана бу ўзларингиз ясаб олган жонсиз бутларингизга сиғинмоқдасизлар?! Ахир сизлар ҳам Қиёмат Кунида бут-санамларга эмас, Оллоҳ таоло ҳузурига қайтариласизку, ҳар бирингиз Унинг даргоҳида ҳисоб-китоб қилинасизларку?!
23-24. Мен У Зотни қўйиб (жонсиз бутларни) “илоҳлар” қилиб олайинми?! (Ҳаргиз ундай қилмасман, чунки) агар Раҳмон менга бирон зиён етказишни истаса, у (бутларнинг) шафоатлари (яъни, қўллаб қувватлашлари) мени бирон нарсадан беҳожат қила олмас ва улар мени (Оллоҳнинг азобидан) кутқара олмаслар. У ҳолда мен шак-шубҳасиз, очиқ залолатда бўлурман.
Ҳақ таоло томонидан Қуръон оятлари қатида зикр қилинишдек буюк шарафга лойиқ топилган у мўмин инсон ушбу оятларда мазкур бўлган сўзлари билан динсиз ва мушрик ҳамшаҳарларига ҳам насиҳат қилиб, ҳам дашном бериб ўзининг Яратганга иймон келтирганини ва Ёлғиз Унга қуллик қилишини эълон қилар экан, ўзининг ҳеч қачон Меҳрибон Парвардигорни қўйиб сохта “илоҳлар”га сиғинмаслигини, у жонсиз бут-санамлар бирон ишда Оллоҳ таолонинг Ҳукми Илоҳийсига қарши тура олмасликларини, уларга сиғинадиган мушрикларга ҳеч қачон асқотмаслик-ларини, обидларини Оллоҳнинг азобидан қутқара олмасликларини айтиб, кимдаким Оллоҳ таолога бирон нарса ёки кимсани ширк келтирса, албатта, ҳеч шак-шубҳасиз, Тўғри Йўлдан адашган кимса бўлишини таъкидлайди.
Тасаввур қилайлик, бир томонда минг-минглаб мушриклар - бутун Антокия шаҳри аҳолиси, иккинчи томонда эса, бутун вужуди Танҳо Оллоҳга бўлган иймон билан тўлиб-тошган ёлғиз бир мўмин инсон, айтаётган сўзлари учун у мушрик қавм томонидан шак-шубҳасиз қатл этилишини аниқ билса ҳам, ўзининг жонига эмас, рўбарўсидаги сон-саноқсиз душманларига ачингани учун, ҳамшаҳарларим мушрик бўлганлари сабабли Оллоҳнинг азобига гирифтор бўлмасинлар деб сохта илоҳларга сиғиниш Ҳақ Йўлдан озиш эканлигини айтмоқда! Ва уларни Ҳақ Йўлга чақираётган Оллоҳнинг элчиларига итоат этишга даъват қилмоқда! Ва элчиларга юзланиб.
25. Сизлар эшитинглар, мен (жонсиз бутларга эмас, балки) сизнинг Парвардигорингизга - Ёлғиз Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолога иймон келтирганман. Бас, менга қулоқ солинглар!»
Яъни, «эй элчилар, сизлар менинг сўзларимни эшитинглар ва Оллоҳ таоло ҳузурида гувоҳ бўлингларки, Антокия аҳлининг ҳаммаси залолат ботқоғига ботган кофир-мушриклар эмас, мана мен, шаҳар аҳолисидан бўлган бир инсон сизлар даъват қилган Парвардигорингизга - Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога иймон келтирдим ва Ёлғиз Унга ибодат қилурман”. Ҳақ таолонинг у солиҳ бандаси айтган бу муборак сўзлар нафақат Оллоҳнинг элчиларига қаратилган эди, балки айни пайтда унинг ҳам-шаҳарларига ҳам қаратилган эдики, бу сўзлари билан у ўзининг мушрик қавм қаторидан чиқиб, мўминлар сафига ўтганини очиқ-ойдин эълон қилмоқда эди. Бу сўзлари билан у рўбарўсидаги саноқсиз жоҳил-мушрик кимсалардан эмас, у золимларнинг берадиган жазоларидан эмас, Ёлғиз Оллоҳ таолодан, Унинг азобидан қўрқишини эълон қилмоқдаэди!
Албатта, жоҳил оломон ўзларининг нақадар жаҳолат ботқоғига ботиб қолганларини, холис дўстнинг панд-насиҳатларини қабул қилиш сало-ҳиятидан мутлақо маҳрум бўлиб қолганларини кўрсатдилар ва иймон эгаси бўлган, улар учун жон куйдирган ҳамшаҳарларини ҳеч раҳм-шаф-қат қилмасдан тошбўрон қилиб ўлдирдилар! Шунда унга Меҳрибон Парвардигори томонидан.
26-27. «Жаннатга кир», дейилди. «Қани эди қавмим мени Парвардигорим мағфират қилганини ва азиз-мукаррам кишилардан қилганини билсалар эди».
“Жаннатга кир”, дейилди”. Яъни, Ҳақ таоло Ҳақ Йўлда жонини фидо қилган солиҳ бандасига беҳад улуғ мукофот ато этди - унга “Жаннатга киргин”, деб марҳамат қилинди. Бас, у Оллоҳ таолонинг Амри билан жаннатга кирди ва у жойдаги кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган нознеъ-матларни кўргач, «Қани эди қавмим мени Парвардигорим мағфират қилганини ва азиз-мукаррам кишилардан қилганини билса-лар эди», деди.
Оллоҳ таолонинг раҳматлари ёғилсин у солиҳ бандага! Жаннат ва унинг неъматларига гувоҳ бўлгач, ўша онда ҳозиргина уни тошбўрон қилиб ўлдирган ҳамшаҳарларини эслади, ўзига ато этилган неъматларини уларга ҳам илинди, қани эди, қавмим Оллоҳ таоло менга Унинг элчиларига эргашганим учун, иймон билан дунёдан ўтганим учун қандай мукофот ато этганини билсалар эди, улар ҳам залолат йўлидан қайтиб Оллоҳнинг элчиларига эргашсалар ва Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилсалар эди, улар ҳам жаннат аҳлидан бўлсалар эди, деб орзу қилди! Ва бу сўзлари билан, бу қадар самимийлиги билан Оллоҳ таолонинг у солиҳ бандаси ўзидан кейин дунёга келадиган барча мўминларга мўмин инсон дўстларига қандай самимий бўлса, душманларига ҳам худди шундай самимий бўлиши лозимлиги ҳақида, ҳатто душманини ҳам кечира оладиган ва унинг ҳаққига яхши дуолар қила оладиган бағри кенг инсон бўлиши лозимлиги ҳақида ҳеч ўхшаши йўқ ибратли сабоқ қолдирди. Ибн Аббос розияллоху анҳумо айтади: “Ҳабиб ан-нажжор қавмига ҳаётлик пайтида қандай холис насиҳат қилган бўлса, ўлимидан кейин ҳам худди шундай холис насиҳат қилди”. (“Тафсири Ибн Касийр”дан).
Лекин унинг қавми қилган жиноятлари учун тавба қилмадилар, залолат йўлидан қайтмадилар ва Ҳақ таолонинг ҳақ жазосига гирифтор бўлдилар.
28-29. Биз (Ҳабиб ан-Нажжорнинг) қавми устига ундан (яъни, уни ўлдирганларидан) кейин осмондан бирон қўшинни (яъни, азоб фаришталарини) туширмадик. Биз (ҳеч нарса) туширгувчи бўлмадик. Фақат биргина даҳшатли қичқириқ - наъра бўлди-ю, баногоҳ улар «ўчиб» қолдилар. (яъни, биронталари ҳам қолмай ҳалок бўлдилар).
Яъни, Антокия аҳли тўпланишиб, ўз қавмдошларидан бўлган ёлғиз мўминни вахшийларча ўлдирганларидан кейин шод-хуррам ҳолларида уйларига қайтар эканлар, Ҳақ таоло шу онда уларга Ҳабиб ан-нажжор - ўша мазлум мўмин асло ёлғиз эмаслигини, унинг бениҳоя Қудратли Ҳимоячиси борлигини кўрсатиб қўйди ва Парвардигорнинг Ўзи у мўмин бандаси учун кофир қавмдан интиқом олди - улардан биронтасини ҳам қолдирмасдан ҳалок қилди. Зотан, бу иш Қодир Оллоҳ учун жуда осон эди. Шу боисдан ҳам У Зот золим қавмни ҳалок қилиш учун самодан азоб лашкарлари бўлмиш малоикаларни туширмади, уларнинг устига тош ёғдирмади ёки бошқа бирон нарса туширгувчи бўлмади, бўлгани, Унинг Амри билан муқарраб малоикаларидан бўлмиш Жаброил алайҳис-салом у золим қавм устига келиб бир наъра тортган эди, уларнинг ҳаммаси ўша заҳоти “ўчиб”, бир ҳовуч кулга айландилар! У золим қавм қатл қилган Ҳабиб ан-нажжор эса, иймон келтиргани шарофати билан Оллоҳ таолонинг мағфират ва жаннати билан мушарраф бўлди, Оллоҳ Йўлида шаҳид бўлган азиз ва мукаррам зотлар қаторидан ўрин олди.
Ушбу оятлар Оллоҳ таоло наздида бир мўмин банданинг қадри бутун золим қавмдан баландроқ эканига аниқ-равшан далилдир.
30. (Оллоҳнинг элчиларини ёлғончи қилиб, уларга озор-азийят етказадиган) бандаларга ҳасрат-надомат бўлсин! Уларга бирон элчи кел-мас, магар улар унинг устидан масхара қилиб кулгувчи бўлурлар.
Албатта, Қиёмат Кунида, Оллоҳ таоло юборган элчиларни ёлғончи қилган ва уларнинг устидан масхара қилиб кулган кимсалардан ҳам кўпроқ ҳасрат-надомат қилгувчи бўлмас! Ҳеч қандай ҳасрат-надомат фойда бермайдиган у Кунда надомат чекувчилардан ҳам бахтсизроқ кимса бўладими?! У Кунда уларнинг ҳамма додвойлари бекор, ҳеч қандай узрлари қабул қилинмайди ё ортларига - ҳаёти дунёга қайтарилмайдилар! Энди улар фақат қилмишларига яраша жазо - жаҳаннам азобига гирифтор қилинадилар, холос, энди улар учун аттанг қилишдан ва дўзах ўтида мангу ёнишдан ўзга иш қолмайди!
Ояти карима тафсирида “Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида бир ибратли мисол келтирилибди: бир кимсага чўлу биёбонда бир подшоҳ йўлиқиб, ўзини ким эканлигини айтди ва уни жуда осон бир ишни бажаришга даъват қилди. Ҳалиги кимса эса, унинг сўзига ишонмади ва даъватига қулоқ солмади. Сўнгра, кўп вақт ўтмасдан у ўша подшоҳ ҳузурига келтирилди. Тахтда ўтирган подшоҳ унга ўзининг ўша саҳрода йўлиққан подшоҳ эканлигини айтганида у қилган қилмишига қанчалар ҳасрат-надомат қилиб қолади?! Оллоҳ таолонинг элчилари ҳам худди ўша подшоҳларга ўхшайдилар, балки Оллоҳ таоло у солиҳ бандаларини улуғлаб, ҳар қандай подшоҳдан баландроқ мартабага чиқариб қўйгандир. Ана ўша элчилар одамлар олдига келиб, ўзларини танитиб, уларни жуда осон иш-амалларни қилишга даъват этсалар ва бу иш-амалларнинг фойдаси фақат уларнинг ўзларига тегишини айтсаларда, ношукур бандалар итоат этиш ўрнига уларнинг устидан масхара қилиб кулсалар, Эртага, Қиёмат қойим бўлганида, элчи-пайғамбарларнинг мақом-мартабалари Оллоҳтаоло наздида нақадар баланд эканлигини ўз кўзлари билан кўрганларида улар қандай ҳолга тушадилар, Оллоҳ таоло юборган улуғ элчиларни масхара қилганлари учун қандай ҳасрат-надоматлар чекадилар?!
31-32. Ахир улар ўзларидан илгари ҳам Биз қанча асрларни (авлодларни) ҳалок қилганимизни - ўшалар уларнинг олдига (яъни, бу дунёга) қайтиб келмасликларини кўрмадиларми?! Ҳеч шак-шубҳасиз, (уларнинг) барчалари (Қиёмат Кунида) Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилингувчидирлар.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло яна Макка аҳли ҳақида сўзлайди. Юқоридаги оятларда уларнинг Оллоҳ таоло нозил қилган оятлардан ва Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам кўрсатган мўъжизалардан юз ўгиришганини, Ҳақ Қуръонни ёлғон дейишганини, уни масхара қилиб кулишганини айтгач, энди уларни аввал ўтган қавмларнинг куфр сабабли топган оқибатларидан ибрат олишга, ўшаларнинг кунлари бошларига тушиб қолмасидан кўзлари очилиб, иймон келтиришга чақиради. Маккаликлардан куч-қувват жиҳатидан ҳам, мол-давлат жиҳатидан ҳам устун бўлган, буларга нисбатан яхши, серунум, соя-салқин ва чиройли обод жойларни маскан қилган, саноқлари ҳам неча баробар кўп бўлган Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми, Ҳуд алайҳис-саломнинг қавми бўлган Од қабиласи, Солиҳ алайҳис-саломнинг қавми бўлган Самуд қабиласи, Лут алайҳис-саломнинг қавми каби кўп асрлар давомида ўтган қавм-қабилалар қилган гуноҳлари сабабли, яъни, ўзларига келган пайғамбарларни ёлғончи қилганлари учун, улар даъват қилган иймон йўлига кирмаганлари, итоатсизлик қилганлари ва маишатга муккадан кетганлари учун, бир сўз билан айтганда, кофир бўлганлари учун Оллоҳ таоло юборган турли-туман азоб ва балолар остида қолиб ҳалок бўлишганини, энди улар ҳеч қачон дунёга қайтиб келмасликларини эслатади ва бу билан Макка аҳлини, жамийки мушрик-кофир кимсаларни қаттиқ огоҳлантириб, улар ҳам худди аввалгилар каби Оллоҳнинг азобига дучор бўлмасларидан илгари ҳаётларини ғанимат билиб иймон йўлига киришлари лозим эканлигини таъкидлай-ди. Сўнгра кофир-мушрик кимсалар фақат ҳаёти дунёда ҳалок бўлишлари билан Оллоҳнинг азобидан қутулиб кета олмасликлари, балки Қиёмат Кунида албатта ҳар бир кофир Оллоҳ таоло хузурида ҳозир қилиниб, ҳисоб-китоб қилинишлари ва ҳаётларини куфру исён билан ўтказганлари учун энди абадул-абад давом этадиган мангу азобга гирифтор қилинишлари ҳақида огоҳлантиради.
Ояти каримадаги бу панд-насиҳат ва огоҳлантиришлар гарчи Макка мушрикларига қаратилган бўлсада, ҳамма замон ва маконлардаги Ҳақ Йўлга юрмаган, Ҳақ таолога ибодат-итоат қилмаган динсиз кимсаларга ҳам баробар тегишлидир. Демак, динсиз яшаш, гуноҳлар гирдобида ҳаёт кечириш Оллоҳ таолонинг интиқомига ва неъматлардан, балки ҳаётдан ҳам маҳрум қилинишга - ҳалокатга сабаб бўлар экан, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам етказган оятларни эшитиб, ўқиб туриб иймон келтирмаслик, у зотга эргашмаслик бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам Яратганнинг азобига дучор қилар экан.
33. Улар учун ўлик-қуруқ Ер (қайта тирилиш ҳақ эканига) бир оят-аломатдир - Биз уни (ёмғир билан) тирилтирдик ва ундан (турли) дон-дунни ундириб чиқардик. Бас, улар ўша (дон)дан ейдилар.
Яъни, инсонлар учун ўлганларидан кейин қайта тирилишлари ва албатта Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб бериш учун ҳозир қилинишларига аниқ далолат қиладиган оят-аломатлардан бири - мана шу оёқлари остидаги қуриб-қақшаб ётган Ердир. Биз бу ўлик Ерга осмондан ёмғир-қор ёғдириш билан ҳаёт ато этдик ва сув билан жонланганидан кейин ундан инсонлар ва жамийки жонзотлар учун озуқа бўладиган буғдой, арпа ва бошқа турли донларни ундириб, Ер юзига чиқардикки, улар модомики ҳаёт эканлар, ўша дондан ясалган нондан еб тирикчилик қиладилар. Бас, одамларнинг кўз ўнгларида ҳар йили тинимсиз такрорланиб турадиган мана шу ҳодисада - ўлик Ер ҳар йили баҳорда қайтадан тирилиб, унинг остида кўмилиб ётган дон-дунлар “тирилиб” ер устига чиқишида ақлли инсонлар учун ўзлари ҳам ерга кўмилганларидан кейин Оллоҳ таоло белгилаб қўйган бир Кунда албатта қайтадан тирилиб, Ер юзига чиқишлари аниқ эканлигига далолат қилиб турадиган буюк белги-аломат бордир.
34-35. Яна Биз у (Ер)да хурмозор ва узумзор боғларни (пайдо) қилдик ва унда булоқларни оқизиб қўйдик. Токи (одамлар ўша боғларнинг) мевасидан ейишлари учун (шундай қилдик). Ҳолбуки, у (мевалар)ни улар (қўллари билан) ясаб олмаган эдилар. Ахир шукр қилмайдиларми?!
Яъни, гарчи дон ва нон маҳсулотлари инсонлар тановул қиладиган энг асосий озуқа бўлса ҳам, Меҳрибон Парвардигор бандалари учун яна Ерда хурмозор ва токзор боғларни, яъни, анвойи мевазор боғроғларни яратиб, улар униб-ўсиб ҳосил бериши - қуриб қолмаслиги учун Ерни ёриб булоқлар чиқариб ҳар тарафга дарё ва анҳорлар қилиб оқизиб қўйди. Албатта, Ерни ва унинг ости ва устидаги сон-саноқсиз ноз-неъматларни - булардан биронтасини инсонлар ўз қўллари билан яратиб олганлари йўқ, чунки бундай яратувчилик бирон банданинг қўлидан келмаслиги аён бир ҳақиқатдир. Буларнинг ҳаммасини бандаларим есинлар, улардан қувват ва лаззат олсинлар, деб Парвардигорнинг Ўзи йўқдан бор қилди ва Ер юзида бахтли, роҳатли ҳаёт кечириш учун зарур бўлган барча қулайликларни яратиб берди. Энди ҳар бир инсон, агар у чиндан ҳам инсон бўлса, бу қадар беқиёс Илоҳий Марҳаматлар учун Яратганга тинимсиз шукроналар айтиши, яъни, Унинг Амру Фармонига мувофиқ ҳаёт кечириши лозим эмасми?! Ахир Яратганнинг ерида яшаб, У яратиб берган ҳаётий қулайликлардан фойдаланиб, Унинг анвойи ноз-неъматларини тановул қилиб туриб, Унга раҳмат айтмасликдан, яъни, Унга ибодат қилмасликдан ортиқроқ кўрнамаклик бўлиши мумкинми?! Албатта, йўқ!
36. Ер ундириб-ўстирадиган нарсалардан, (одамларнинг) ўзлари-дан ва яна улар билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратган (Оллоҳҳар қандай айбу-нуқсондан) Пок Зотдир.
Дарҳақиқат, тафаккур қилиб кўрилса, бу оламда ҳамма нарса жуфт-жуфт қилиб яратилгани маълум бўлади: қуёшнинг жуфти ой, Ернинг жуфти осмон, куннинг жуфти тун, дунёнинг жуфти Охират... Агар мана шу мантиқ ҳақ бўлса, Охират борлиги ҳам барҳақдир. Ёлғизлик фақат Оллоҳтаолога ярашур. Ояти каримада шунингдек, ердан униб чиқадиган барча ўсимликлар ҳам, ҳайвонот олами ҳам, ҳамма-ҳаммаси худди инсонлар каби жуфт-жуфт қилиб яратилгани, ҳали инсонлар билмайдиган яна қанчадан қанча жуфтлар борлиги айтилиб, ана ўша жуфтларнинг барчасини, яъни, жамийки оламни йўқдан бор қилган тенгсиз Буюк Холиқ ҳар қандай айб-нуқсондан, жумладан бирон-бир шерикка муҳтож бўлиш айбидан ҳам мутлақо Пок Зот эканлиги таъкидланади ва бу билан мушрик кимсаларнинг мана шундай беқиёс Қудрат Соҳиби бўлган Оллоҳ таолога ширк келтириб, ҳеч кимга ҳеч қандай фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган жонсиз бутларни Унга шерик қилишларидан таажжуб изҳор қилинади, мўминларга эса, дилларида Оллоҳнинг беайб Парвардигор эканлигини эътироф этиб, тилларида доимо тасбеҳ айтишлари, яъни, “Субҳоналлоҳ” - “Оллоҳ ҳар қандай айб-нуқсондан Покдир” деб зикр қилишлари ҳамда бутун ҳаётлари давомида ана ўша Танҳо беайб Маъбуди Барҳақ бўлмиш Оллоҳ таолога ибодат қилиш билан айтган зик-ру тасбеҳлари самимий қалбларидан чиққанини исботлаб ҳаёт кечириш-лари буюрилади.
37. Кеча ҳам улар учун (Бизнинг Қудратимизни кўрсатиб турадиган) бир оятдир: Биз ундан кундузни ечиб олишимиз билан баногоҳулар қоронғу-зулматда қолурлар.
Ушбу ва қуйида келадиган оятларда Ҳақ таоло яратган жуфтлардан кеча ва кундуз ҳамда қуёш ва ой ҳақида сўз юритилиб, улардан ҳар бири Оллоҳ таолонинг Буюк Илоҳий Қудратига далолат қиладиган оят-аломат-лардан экани таъкидланади. Ояти каримада мазкур бўлган, Оллоҳ таолонинг ҳар ишга Қодир ва барча махлуқотини, жумладан кеча ва кундузни ҳам тинимсиз тасарруф қилиб - бошқариб туришига далолат қиладиган жумла Аъроф сурасида ҳам келган эди: “У кечани (қоронғуликни) кун-дузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар”. (Аъроф сураси, 54-оятдан).
Яъни, Оллоҳ таоло тунни гўё бир кўрпа каби кундуз устига ёйиб, ҳеч нарса кўринмайдиган қилиб ўраб қўяр ва тонг отиши билан кундуз тун пардаси остидан чиқиб, тобора оқариб, ёришиб борар. Аммо маълум соатлар ўтгач, унинг ортидан қора пардасини кўтариб шошилган ҳолда қувиб юрган тун уни қувиб етар.
Барча нарсанинг, жумладан, тун ва куннинг ҳам Эгаси бўлмиш Зотнинг бу гўзал тасвири кеча ва кундуз яралганидан буён бир нафас бўлсин тўхтамаслиги ҳақида, ҳеч қачон бир-бирларидан ажралмаслиги, яъни, у иккисининг ўртасига бирон нарса кира олмаслиги ҳақида, худди макон-замин ўз ўқи атрофида тинимсиз айланиб турганидек, замон - кеча ва кундуз хдм бир-бирининг ортидан тинимсиз кувиб юриши ва ҳар бир инсон учун у дунёга келган лаҳзада бошланган бу ҳаракат то унинг Ер юзидаги кунлари ниҳоясига етгунича бир сония ҳам тинмаслиги ҳақида ҳикоя қилади ва инсонни ғафлат уйқусидан уйғониб, учиб ўтиб кетаётган умрини ғанимат билиб, ундан имкон борича фойдаланиб қолишга чақиради.
Коинотдаги энг кичик заррадан тортиб, энг катта сайёраларгача барча мавжудот Яратган томонидан қатъий белгилаб қўйилган тартиб - инти-зом билан тинмай ҳаракатланиб туриши тўғрисида бошқа оятларда ҳам айтилган: “У осмонлар ва Ерни Ҳақ (қонун) билан яратгандир. У кечани кундузнинг устига ўрар, кундузни кечанинг устига ўрар. У қуёшни ҳам, ойни ҳам (Ўз Амрига) бўйсундириб қўйгандир. (Уларнинг) ҳар бири маълум муддатгача жорий бўлур. Огоҳ бўлингизким, У Кудратли ва бениҳоя Мағфиратли Зотдир.” (Зумар сураси, 5-оят).
38. Куёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур. Бу Кудратли ва Билгувчи Зотнинг тақдири - ўлчовидир.
Ердан минг-минг марта катта ҳажмга эга бўлган қуёш то «кун ва ой бирлашиб кетадиган» Қиёмат Куни келгунича бир нафас ҳам тинмасдан фазода айланаверади. Фақат Қудратли ва Доно Зот - Оллоҳ таолонинг Ўзигина уни шундай тартиб-ўлчовга бўйсундириб қўйгандир. Демак, қуёш ва унинг тинимсиз ҳаракатда эканлиги ҳам Оллоҳ таолонинг нақа-дар Буюк Қудрат ва беқиёс Билим Эгаси эканлигига аниқ-равшан далолат қилиб турадиган оят-аломатлардан биридир. Агар диққат-эътибор билан, яъни, ибрат кўзи билан боқсак, йил - уч юз олтмиш беш кун мобайнида қуёшнинг чиқадиган жойи, фазода юрадиган йўли ва ботадиган жойи Ҳақ таоло томонидан уч юз олтмиш бешта қилиб белгилаб қўйилганига гувоҳ бўламиз. Яъни, бу буюк сайёра йил давомида бирон кун бугун кеча кўтарилган жойидан кўтарилмайди, эртага бугун юрган йўлидан юрмайди, эртага бугун ботган жойига ботмайди, балки ҳар куни фақат Қодир Оллоҳ буюрган - белгилаб берган жойдан кўтарилиб, фазо бўйлаб қишда бошқа, ёзда бошқа йўлдан жорий бўлиб, У Зот буюрган қароргоҳга ботиб кетади!
39. Биз ойни ҳам токи у эски (хурмо) бутоғи каби бўлиб (эгилиб ҳилол ҳолига келиб) қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз.
Дарҳақиқат, ой бир ой давомида йигирма саккиз манзил - жойда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан туради-да, кейин яна ўша тартиб такрорланади. Агар куёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади. Бу ҳақда бошқа бир сурада ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, саҳобаларингиз) Сиздан ойлар ҳақида сўрашади”. (Бақара сураси, 189-оят). Яъни, «Ой дастлаб ипдек нозик ҳолда кўриниб, сўнгра катталаша боради. Ниҳоят тўлиб, доира шаклига киргач, яна қайтадан нозиклашиб, охири дастлабки ҳолига қайтади. Бунинг сири нимада?», деб сўрашади.
Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир.
Ойнинг ўзгариб - янгиланиб туришига қараб одамлар ўзларининг деҳқончилик, савдо ва бошқа дунёвий ишлари ҳамда ҳаж, рўза, закот каби диний ишларнинг вақтларини аниқлайдилар.
40. На қуёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) барчалари (ўзлари учун ажратилган) фалакда сузиб юрурлар.
Яъни, то Қиёмат қойим бўлгунича қуёш ойга ета олмас ва кеча кун-дузнинг ўрнини эгаллаб ола билмас. Ушбу ояти каримада яна коинотдаги барча катта-кичик сайёралар ўзлари учун белгилаб қўйилган фазода тиним билмасдан сузиб юришлари баён қилингандир. Илм-фанга йигирманчи асрнинг бошларига келибгина маълум бўлган бу ҳақиқатлар ҳақида Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср илгари хабар берган эди. Бунда ақл эгалари учун ибрат бордир.
Кун ва туннинг, Қуёш ва Ойнинг бор мавжудотга ва хусусан инсониятга қилаётган хизматларини, уларнинг ҳаракатлари ўртасидаги ўта нозик ва айни вақтда ўта мукаммал тақдир-ўлчовни ва тартиб-интизомни бутун умри давомида ўз кўзлари билан кўриб турган инсонлар, агар чиндан ҳам инсон бўлсалар, ўша кун ва тунни, Қуёш ва ойни яратган Зотга - Ёлғиз Унинг Ўзига сиғиниб, ибодат қилишлари, тафаккур ва ибрат кўзи билан боқиб, Унинг Қудратига тасаннолар айтишлари, бу Илоҳий Неъматлар учун шукроналар қилишлари лозим эмасми?!
41. Биз уларнинг авлод-зурриётларини (Нуҳ пайғамбар билан бирга одамлар ва турли жониворларга) лиқ тўла кемада кўтарганимиз (ва тўфон балосидан нажот берганимиз) улар учун (Бизнинг Қудратимизни кўрсатадиган) яна бир оятдир.
Ушбу ояти каримада мазкур бўлган нажот олис мозийда ўтган Нуҳ алайҳис-салом ва унинг қавми ҳақида бўлиб, бошқа бир сурада ҳам зикр қилинган ва алақадри ҳол тафсир қилиб ўтилган эди: “Бас, Биз унга ва у билан бирга бўлган кишиларга (одамлар, ҳайвонлар ва паррандалар билан) лиқ тўла бўлган кемада нажот бердик. Сўнгра (уларга нажот берганимиздан кейин) қолганларни ғарқ қилиб юбордик”. (Шуаро сура-си, 119-120-оятлар).
“Танвийрул-азҳон” тафсирида ривоят қилинишича, Нуҳ алайҳис-саломга иймон келтирганлари учун Оллоҳ таоло нажот берган кишилар фақат қирқ эркак ва қирқ аёл эди, холос. Қолган қавмнинг ҳаммаси-уларнинг ичида Нуҳ алайҳис-саломнинг аёли ва бир фарзанди ҳам бор - кўнгил кўзлари кўр бўлгани учун Оллоҳнинг элчисини ёлғончи қилишиб, оқибат-натижада шу дунёнинг ўзидаёқ Оллоҳ таоло юборган тўфонда ғарқ бўлиб кетдилар. Мана шундай қилиб Ҳақ таоло ушбу қиссада Ўзининг дўстлари учун душманларидан қандай интиқом олганини баён қилди ва Ўзининг: “Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон кел-тирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз.” (Ғофир сураси, 51-оят), деган Сўзи Ҳақ эканини барча инсонларга кўрсатиб қўйди.
“Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса ғарқ қилиб юбордик. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), огоҳлантирилган(ларидан кейин ҳам иймон келтирмаган) кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!”
Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у зот орқали барча инсонларни огоҳлантиради, уларни Оллоҳнинг оятларини ёлғон дейдиган кимсаларнинг оқибати қандай бўлишини кўриб ибрат олишга, ўша қавмнинг куни бошларига тушиб қолмаслиги учун дарҳол Қуръон Оллоҳнинг Каломи эканига иймон келтириб, унинг кўрсатмаларига амал қилишга чақиради. Бу оят биринчи навбатда Макка мушриклари учун Илоҳий Огоҳлантиришдир.
Демак, Оллоҳ таоло бандаларга Ўз томонидан элчилар юбориб, у элчи-пайғамбарлар ўз қавмларини огоҳлантирмагунларича, яъни, уларни Оллоҳ таоло буюрган Ҳақ Йўлга даъват қилмагунларича ва у қавмлар ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилиб, Оллоҳ таолонинг оятларини инкор қилмагунларича У Зот уларни ҳалок қилмас экан. Ана ўша, огоҳлантирилсалар ҳам кўзлари очилмагани - Тўғри Йўлга юрмаганлари сабабли мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида жуда ёмон оқибатга - тўфон ости-да қолиб ҳалок бўлишга дучор қилинган биринчи қавм Нуҳ алайҳис-саломни ёлғончи қилган қавм эди.
42. Яна Биз улар учун худди ўша (кемага) ўхшаш (бошқа) минадиган нарсани ҳам яратдик.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо оятдаги “худди ўша (кемага) ўхшаш (бошқа) минадиган нарса”дан мурод, чўл-саҳроларда минадиган туя эканлигини айтади. Чунки саҳродаги туя худди денгиздаги кема каби энг ишончли ва хавфсиз уловдир. Дарвоқеъ, араблар туяни саҳро кемаси деб ҳам атайдилар. Боша уламолар кемага ўхшаган нарсалардан мурод, одам-лар минадиган ва оғир юклар ташийдиган фил, туя, от, хачир ва эшак каби жамийки жониворлар деб тафсир қилганлар. Ҳақ таоло бошқа бир оятида ҳам инсонларни жамийки махлуқотдан азиз қилиб қўйганини айтар экан, “уларни барру-баҳрда - қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик”. дейди.
Дарҳақиқат, агар диққат-эътибор билан назар қилсак, инсонлардан бўлак барча жонзотлар қўл-оёқлари билан эмаклайдилар ёки қоринлари билан ерга судралиб юрадилар ёки қанотлари ёрдамида учадилар ёки думлари ёрдамида сузадилар. Инсонлар эса, оёқлари ҳаракати билан юрганлари каби ҳеч қандай ҳаракат қилмаган ҳолларида ҳам юра ола-дилар, суза оладилар, уча оладилар. Бунга сабаб Яратган инсонни ҳурматлаб - кўтариб, турли от-уловларга миндириб қўйди, ҳатто баҳайбат филларни ҳам инсонларга улов бўласан деб кўндириб қўйди. Шунинг-дек, Ҳақ таоло инсонларга тинимсиз ривожланиб-тараққий қилиб борадиган кашф қилиш малакасини ҳам ато этдики, оқибат-натижада улар Оллоҳ берган ақл ва билимлари билан одамларга беминнат дастёр бўлган, уларни узоқларини яқин қиладиган сайёра ва қиторларни (машина ва поездларни) кема ва учоқларни кашф қилишиб, ўтирган жойларида юрадиган, чопадиган, сузадиган ва учадиган бўлдиларки, бу ҳам Одам болаларини Оллоҳ таоло азиз-мукаррам қилиб қўйганининг яна бир белгисидир.
43-44. Агар Биз хоҳласак уларни (денгизга) ғарқ қилурмизда, сўнг улар учун бирон ёрдамчи бўлмас ва улар (ҳалокатдан) қутула олмаслар. Илло Биз томондан бўлган бир Марҳамат сабабли ва (маълум) бир вақтгача (яъни, ажаллари етгунча ҳаёт неъматларидан) фойда-ланишлари учун (уларга бало-қазолардан нажот берилур).
Яъни, Ҳақ Йўлга юрмаган, ҳақ Пайғамбарга ишонмаган кимсаларнинг куфру исёнлари шу қадар чекига бориб етдики, агар Оллоҳтаоло хоҳласа, уларни дарҳол жазолаб, денгиз-дарёларга ғарқ қилиб юбориши аниқдир. У ҳолда уларга ҳеч қандай бут-санамлари ёрдам бера олмаслиги ва улар ҳалокатдан қутулиб кета олмасликлари ҳам маълумдир ва бу ҳақиқатни уларнинг ўзлари ҳам эътироф этадилар. Бу ҳақда мана бу ояти каримада жуда аниқ қилиб айтилади: “Қачон (кофирларни) тоғлардек тўлқин(лар) ўраб олса, улар Оллоҳга Динни холис қилиш билан (яъни, чин ихлос билан) дуо-илтижо қилурлар. Энди қачонки, (Оллоҳ) уларга нажот бериб, қуруқликка (чиқарса), у ҳолда улардан (айримларигина) Тўғри Йўл тутгувчидир. Бизнинг оятларимизни инкор қилмас, магар барча хоин ва нонкўр кимсаларгина (инкор қилурлар)”. (Лукуион сураси,32-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло мушрикларнинг ўзлари ҳам сиғинадиган турли бут-санамлари уларга бирон фойда етказа олмаслигини жуда яхши билишликларига аниқ далил бўладиган ўта ибратли ҳаётий бир мисол келтиради. Яъни, агар улар сокин денгизда силлиқ сузиб бораётган кемада кайфу сафо қилиб, шод-хуррам кетаётганларида тўсатдан бўрон туриб, устма-уст бостириб келаётган тўлқинлардан кемалари ағдарилиб кетгудек бўлиб, ҳалокат кўзларига кўриниб қоладиган бўлса, ана ўшандай таҳликали вақтларда улар кимга ялиниб-ёлворадилар? Бутларигами? Асло! Ундай вақтда бутлари ҳаёлларига ҳам келмайди, чунки у ҳолда жонсиз бут-санамлар бутунлай бефойда тош-ёғочлар эканини аниқ билганлари учун уларни тамоман унутадилар ва Ёлғиз Яратганга чин ихлослари билан сиғиниб, дуо-илтижо қила бошлайди-лар, агар ҳозир уларга ҳалокатдан нажот берса, бутун умрлари давомида Унга шукр қилиб ўтишларини, Ундан ўзга ҳеч нарсага қуллик қилмасликларини айтиб қасамлар ичадилар. Демак, бундай ҳолатларда мушрик кимсалар ҳам бандаларининг нолаларини эшитадиган, бало-мусибатлар етганда нажот берадиган Зот Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло эканини тан олишлари аниқдир. Аммо кейин-чи? Кейин, Оллоҳ таоло уларнинг дуо-илтижоларини ижобат қилиб, денгизга ғарқ бўлиб кетишларидан нажот бергач, ва эсон-омон соҳилга чиқиб олишгач эса, фақат улардан айримларигина денгизда “ё Оллоҳ, Ёлғиз Ўзинг Парвардигоримсан”, деб Оллоҳ таолога берган аҳд-паймонига қуруқликка чиққанидан кейин ҳам вафо қилиб, иймонида собит-барқарор бўлиб қолади, аммо улардан кўплари эса, яқиндагина, денгизда ғарқ бўлиб кетиш хавфи остида қолган вақтларида Оллоҳ таолога берган аҳд-паймонларига ҳеч-бир уялмасдан, қўрқмасдан хиёнат қиладилар ва яна нонкўрлик кўчасига кириб ширк ва куфрларига қайтиб кетаверадилар. Демак, улар ваъдаларига вафо қилмайдиган, аҳдларида турмайдиган хиёнаткор ва ёлғончи кимсалар бўлганлари сабабли албатта денгиз-дарёларга ғарқ бўлишга - ҳалок қилинишга лойиқдирлар. Лекин фақат Оллоҳтаоло бениҳоя Меҳрибон-Марҳаматли Зот эканлиги сабабли ўша осий бандалар ҳам ажаллари етгунича яшаб олсинлар, ҳаёт неъматларидан фойдаланиб қолсинлар деб уларни халок қилиб юбормай муҳлат бериб қўйди.
45. Қачон (мушрикларга: «Сизлар олдиларингиздаги (дунё фитналаридан) ва ортингиздаги (Охират азобидан) қўрқинглар», (яъни, иймонга келинглар, шунда) шояд сизларга раҳм қилинур”, дейилса, (улар қулоқ солмаслар)!
Яъни, қачон Макка мушрикларига уларни огоҳлантириш учун сизлар олдиларингиздаги, яъни, сизлардан олдин ўтган умматлар орасидаги иймонсиз кимсалар бошига тушган ҳалокат ва фалокатлар сизларнинг ҳам бошингизга тушиб қолишидан кўрқинглар ва ортингиздаги, яъни, дунёдан ўтганларингиздан кейин Охират диёридаги мушрик-кофир кимсалар гирифтор бўладиган азоб-уқубатлар бошларингизга тушиб қолишидан қўрқинглар ва ширкларингиздан тавба қилиб иймон йўлига ўтинглар, шунда шоядки, Оллоҳ таолонинг Раҳматига эришсаларингиз, дейилса, у мушрик-кофир кимсалар қулоқ ҳам солмасдан тескари қараб кетаверадилар!
46. Уларга Парвардигорларининг оятларидан бирон оят (Оллоҳ таолонинг Қудратига далолат қиладиган бирон белги - аломат) келмас, магар улар (ўша оятлардан) юз ўгиргувчи бўлурлар.
Яъни, динсиз кимсаларнинг энг катта фожеалари шундаки, улар ҳеч кимдан ҳеч қандай панд-насиҳатни олмайдилар, Оллоҳ таоло нозил қилган оятлардан бирон оятга қулоқ солмайдилар, гўё уларга қулоқ фақат ёлғон-яшиқларни ва кераксиз сўзларни эшитиш учун берилгандек! Бўлмаса, улар ҳаётлари давомида жуда кўп бор Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ эканлигига, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига аниқ далолат қиладиган оят-мўъжизаларга дуч келадилар, аммо, гўё ҳеч нарса кўрмагандек, ҳеч нарса эшитмагандек юз ўгирганларича кетаверадилар, кўрган-эшитганларидан ҳеч қандай хулоса чиқармайдилар, куфру исёнларидан қайтмайдилар!
Макка мушрикларининг ҳам, улардан олдин ўтган ва кейин дунёга келадиган барча мушрик-кофирларнинг ҳам энг катта бахтсизликлари мана шунда! Ояти карима бизга мана шу ҳақиқатни уқтиради. Шу билан баробар мўминларга Оллоҳ таолонинг оятларидан бирон оятга беэътибор бўлмаслик, балки аксинча кўрган-эшитган ҳар бир оят-мўъжизадан ибрат олиш, Оллоҳнинг оятларини кимдан эшитса ҳам қулоқ солиш ва унинг кўрсатмаларига амал қилиш буюрилади.
47. Қачон уларга: «Оллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилинглар», дейилса, кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга (истеҳзо билан): «Биз бир кимсага таом берурмизмики, агар Оллоҳ хоҳлаганида уни Ўзи таомлантирган бўлур эди. Сизлар ҳеч шак-шубҳасиз, очиқ залолатдадирсизлар», дерлар.
Яъни, Макка мушрикларининг фақат эътиқодларигина бузуқ бўлиб қолмасдан, улар ўта кетган бахил-мумсик махлуқлар эдилар. Бойлари камбағалларига ҳеч инфоқ-эҳсон қилмас эдилар. Агар саҳобалар уларга: “Оллоҳ сизларга ризқ қилиб берган мол-дунёларингиздан фақир-мискинларга инфоқ-эҳсон қилинглар”, дейишса, мушриклар уларнинг устидан кулиб: “Сизлар бу сўзларингиз билан Оллоҳнинг иродасига қарши бормоқдасизларку! Оллоҳ тўйдиришни хоҳламаган одамларни биз тўй-дирар эканмизми?! Агар Оллоҳ хоҳлаганида уларни ҳам бизларни тўй-дирганидек тўйдириб қўйган бўлар эдику?! Бас, энди Оллоҳ таомлантиришни хоҳламаган кимсаларга Унинг хоҳишига қарши бориб биз таом берайликми?! Йўқ, биз ҳеч қачон Оллоҳнинг хоҳишига қарши бормаймиз. Сизлар эса, эй мусулмонлар, бизни очларни тўйдиришга даъват қилишларингиз билан аниқ хато қилмоқдасизлар”, деб муттаҳамлик қилар эдилар.
48. Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?», дерлар.
Яъни, Макка мушриклари ҳам, ҳамма замонлардаги кофирлар ҳам шундай дейдилар. Улар Ҳақ Йўлга - Нажот Йўлига даъват қилган Пайғамбар алайҳис-саломга ва у зотнинг издошлари бўлган мўминларга: “Ҳадеб бизни Оллоҳнинг азоби тушади, деб, Қиёмат келади, деб кўрқитасизлар. Қани агар мана шу сўзларингиз рост бўлса, ўша айтган азобларингиз қачон тушишини, Қиёмат қачон келишини айтиб берингчи?” дейдилар. Улар бу сўзларни қачон азоб тушишини, Қиёмат қачон келишини аниқ билиб олиш учун эмас, балки Оллоҳ таолонинг бу ваъдасига ишон-маганликлари учун ва Пайғамбар сололлоҳу алайҳи ва салламни масхара қилиб кулиш учун айтадилар.
49-50. Улар фақат биргина даҳшатли қичқириқни кутмоқдалар, холос. У уларни (ўлимдан мутлақо бехабар ҳолларида кўча-кўй ва бозорларда бир-бирлари билан) жанжаллашиб турганларида олиб кетар (яъни, ҳалок этар). Бас, улар на бирон васият қилишга ва на уйларига қайтишга қодир бўлурлар.
Ҳақ таоло Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат сабабли ана ўша Соатнинг қачон келишини бандалари учун сир қилиб қўйди. Албатта мўминлар Оллоҳ таоло хоҳлаган соатда ўша Соат келишига иймон келтирадилар ва имкониятлари қадар ўша Соатдаги ҳисоб-китоб учун тайёргарлик кўриб, яъни, солиҳ амаллар қилиб, гуноҳлардан четланиб яшайдилар. Кофирлар эса - «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтингларчи) ушбу ваъда (қилинган Қиёмат Куни) қачон бўлади?», дерлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «(Қиёмат қачон қойим бўлиши ҳақидаги) билим Ёлғиз Оллоҳнинг ҳузуридадир. Мен фақат бир очиқ огоҳлантиргувчидирман, холос”. (Мулк сураси, 25-26-оятлар).
Дарвоқеъ, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат Соати жуда яқин экани ҳақида кўп бор огоҳлантирганлар: Бухорий, Муслим ва Термизий Анас розияллоху анҳудан ривоят қилдилар: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ўзим билан Соат мана бу иккиси каби бўлганида пайғамбар қилиб юборилдим”, дедилар ва кўрсаткич бармоқлари билан ўрта бармоқларини жуфт қилиб кўрсатдилар.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат Соатининг қандай келиши ҳамда у Кун келганида одамлар қай ҳолатда қолишлари ҳақида ҳам хабар бердилар: Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “То қуёш кунботар тарафдан чиқмагунича Қиёмат Соати қойим бўлмайди. Бас, қачон қуёш кунботар тарафдан чиққанида уни кўрган барча одам иймон келтиради. Аммо илгари иймон келтирмаган ёки мўмин ҳолда яхши амал қилмаган кимсаларнинг ўша Куни келтирган иймонларининг фойдаси йўқдир.
Қиёмат Соати икки киши ўрталарига газмолларини ёйиб турган ҳолларида уни савдосини битирмасларидан ёки йиғиштириб олишга улгурмасларидан келиб қолади!
Қиёмат Соати қўйини соғиб олган киши ўша сутни ичишга улгурмасидан келиб қолади!
Қиёмат Соати киши ҳовузини суваб унга сув тўлдирган ҳолида ўша сувдан ичишга улгурмасидан келиб қолади!
Қиёмат Соати киши таомини оғзига олиб борган ҳолида уни ейишга улгурмасидан келиб қолади”, дедилар.
Аммо Оллоҳ таолонинг энг суюкли бандаси ва сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам у Соатнинг қачон келишини аниқ айтмадилар, чунки “(Қиёмат Соати қачон қойим бўлиши ҳақидаги) билим фақатгина Оллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар (буни) билмайдилар”.
Яъни, жуда кўп одамлар Қиёмат Соати қачон қойим бўлиши Оллоҳ-дан ўзга ҳеч кимга маълум эмаслигини билмайдилар ёки у Соат қачон қойим бўлишини билмаслик бандалар учун яхшилик эканини билмай-дилар ёхуд умуман Қиёмат қойим бўлишини билмайдилар - ишонмайдилар.
Ана ўшандай иймонсиз кимсалар ҳеч ким кутмаган-ўйламаган бир пайтда келган Қиёмат даҳшатларини кўрганларида на у Кундан қочиб қутула олурлар, на у Кунда бошларига аниқ тушадиган азобни бирон бир ҳийла билан дафъ қила олурлар ва на ҳаёти дунёда қилган қилмишлари учун тавба-тазарруъ қилиб олгани озгина бўлса-да фурсат ва муҳлатга эга бўлурлар. Ҳолбуки, илгари уларга залолат йўлидан чиқиб Ҳақ Динга киришлари учун, ёмонликлардан тийилиб, тавба қилиб солиҳ амалларга ўтишлари ва мўмин-мусулмонлар сафига қўшилишлари учун жуда узун муҳлат - бутун бир умр берилган эди.
51. (Қиёмат Соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрларидан Парвардигорлари (ҳузурига ҳисоб-китоб учун) суғурилиб чиқурлар.
Яъни, Қиёмат Куни шундай бир Кунки, у Кун келганида Оллоҳ таоло-нинг Амри билан фаришта Исрофил алайҳис-салом сур чалиб, жамийки жонзотни “уйқусидан уйғотади” ва ўликлар ҳисоб-китоб қилиниб, аввал-ги ҳаётларида қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларининг жазо ва мукофотларини олишлари учун қайтадан тириладилар.
“Сур чалинадиган (яъни, Қиёмат қойим бўладиган) Кунда Подшоҳлик Ёлғиз Уникидир”.
Термизий Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен қандай ҳузур-ҳаловатда яшайман, ҳолбуки сур соҳиби (Исрофил алайҳис-салом) сурни оғзига яқинлаштириб, бош-у қулоғи билан қачон сурни чалиш буюрилишига қулоқ солиб кутиб турибди”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, у ҳолда бизга нима қилишимизни буюрасиз”, деган эдилар, у зот: “Бизга Оллоҳнинг Ўзи Етарлидир. У нақадар яхши Вакилдир”, деб айтинг-лар” дедилар.
У Кунда Ердаги подшоҳларнинг подшоҳликлари, мулку давлатлари зойил-йўқ бўлур, Ёлғиз УнингЎзи Эга ва Подшоҳликда барқарор бўлур. “У жазо Кунининг Эгаси - Подшоҳидир”. (Фотиҳа сураси, 4-оят).
Ана ўша Кунда Ҳақ таоло жамийки махлуқотни буюк маҳшаргоҳга тўплаганида кофир-мушрик ҳолда яшаб ўтган кимсалар ва қилган гуноҳ-лари Оллоҳ таоло томонидан мағфират қилинмаган гуноҳкор-осийларнинг кўзлари худди ўликнинг кўзидек кўм-кўк шиша бўлиб, қолган аъзойи баданлари эса, даҳшат ва ташналикдан қорайиб кетган ҳолларида бошқалардан ажралиб турадилар.
52. Улар: «Эй, бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ухлаб ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?», деганларида, (уларга айти-лур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва элчи-пайғамбарлар рост сўзлаган нарса - Қиёматдир».
Яъни, Исрофил алайҳис-салом Оллоҳтаолонинг Амри билан иккинчи бор сурни чалганида ва жамийки жонзотлар қайта тирилиб ер юзига чи-қарилганларида кофир кимсалар Қиёмат Кунининг даҳшатли манзарасини кўриб, уларни ашаддий азоб кутаётганига кўзлари етиб: “Эй, биз ҳалок бўлдикку, ким бизларни ухлаб ётган жойимиздан турғазди?!” деб қолишлари аниқдир. Уламолар айтадилар: “Кофир кимсалар Қиёмат Кунида қайта тирилиб, жаҳаннам азобини ўз кўзлари билан кўрганларида уларга қабрларида тортган азоблари гўё роҳатдек кўриниб қолади ва: “Бизлар қабрларимизда ухлаб ётган эдикку, ким бизларни ўрнимиздан кўзғатди?” деб қоладилар. Шунда малоикалар уларга: “Меҳрибон Оллоҳ таоло сизларни ҳаёти дунёда бўлган вақтларингизда ростгўй элчи-пайғамбарлари орқали қайта-қайта огоҳлантириб ваъда қилган Қиёмат Куни мана шу бўлади. Бас, энди қанча додвой қилманглар, жаҳаннам азобидан нажот топа олмайсизлар”, дейдилар.
Убай ибн Каъб, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Қатода (Оллоҳ ҳаммалари-дан рози бўлсин), айтадилар: “Кофир кимсаларнинг Қиёмат Кунида қайтадан тирилганларида “ким бизни ухлаётган жойимиздан уйғотди?” дейишларига сабаб, Исрофил фаришта Оллоҳ таолонинг Амри билан биринчи марта сур чалганида борлиқдаги барча жонзот ўлади ва сур иккинчи бор чалиниб ҳамма-ҳамма қайта тирилгунича ўтган қирқ йил муддат орасида қабрларида тинимсиз азобланаётган осий - кофирлардан ҳам азоб кўтарилади. Бас, иккинчи сур чалиниб, “ўйқуларидан уйғотилгандан” кейин улар ояти каримада хабар берилган сўзларни айтиб ўзларига қайтадан ўлим тилаб оладилар. (“Тафсири Бағавий”дан).
53. Фақат биргина даҳшатли қичқириқ бўлар-у, баногоҳ уларнинг барчалари Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилингувчидирлар.
Сур биринчи марта чалиниб, ўша ваъда қилинган Қиёмат Куни келганида аввал-бошда жамийки халойиқ - фаришталар, инсонлар, жинлар ва ҳайвонот худди денгиз тўлқинларидек бир-бирларига аралашиб кетадилар, яъни, улардан кимнинг жасадининг қайси аъзоси қаерларга сочи-либ, нималарга айланиб кетгани номаълум бўлиб қолади. Сўнгра иккин-чи бор сур чалингач, Оллоҳ таоло уларнинг ҳар бирини сочилиб, тупроққа айланиб кетган жасадларининг ҳар бир аъзосини мукаммал тарзда жамлаб, қайта тирилтириб, барчаларини, бирорталарини қолдирмай ҳисоб-китоб қилиш учун маҳшаргоҳга тўплайди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз уларга) айтинг: «Албатта аввалгилар ҳам, кейингилар ҳам маълум Кундаги белгиланган вақтга шак-шубҳасиз, тўплангувчидирлар”. (Воқеа сураси, 49-50-оятлар).
“(У Кунда) Биз улардан бирон кимсани қолдирмасдан йиғдик”. (Каҳф сураси, 47-оятдан).
54. Бас, у Кунда ҳеч бир жонга бирон зулм қилинмас ва сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган амалларингизнинг жазосини олурсизлар.
Яъни, Қиёмат Кунида ҳар бир амал адолат тарозисида тортилиб, би-рон кимсага зулм қилинмаган ҳолда ҳақли жазо билан жазоланур. Ушбу ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятлардир: “(Амалларни) тўғри тортишлик ўша Куни бўлур. Бас, кимнинг тарозилари оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир. Кимнинг тарозилари ен-гил бўлса, бас, улар Бизнинг оятларимизга (кофир бўлиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимсалардир”. (Аъ-роф сураси, 8-9-оятлар).
Ушбу оятларда сўз Қиёмат Кунида барча бандалар сўроқ-савол ва ҳисоб-китоб қилиниб, ҳар бир инсоннинг бутун онгли ҳаёти давомида қилган амаллари адолат тарозисида тортилиши ҳақида боради.
Ҳақ таоло: “(Амалларни) тўғри тортишлик ўша Куни бўлур”, деб хабар беради. Муфассир уламолардан Мужоҳид, Заҳҳок ва Аъмаш: “Ояти каримадаги тарозида тортиш адолат билан хукм қилиш деган маънода”, дейдилар.
Аммо аксари уламолар: “Қиёмат Кунида Оллоҳ таолонинг бандалар қилган ҳар бир иш-амални Кўргувчи, Билгувчи ва ёмонликка жазо, яхшиликка мукофот Бергувчи экани очиқ-равшан бўлиши учун ўртага тарози кўйилиб, ҳар бир амал тўғри-аниқ тортилади”, деганлар. Зажжож айтади: “Аҳли суннат вал-жамоат, яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннат ва жамоатларида барқарор бўлган уламолар иттифоқ қилиб айтадиларки, Қиёмат Кунида тарози борлигига, бандаларнинг амаллари унда тортилишига ва у тарозининг тили ҳамда икки палласи борлигига иймон келтириш вожибдир”.
Албатта биз мусулмонлар ғайб оламида - Қиёмат Кунида рўй бериши аниқ бўлган амаллар тарозида тортилиши ҳақидаги бу Илоҳий Хабарга Қуръон ва Ҳадисда қандай ворид бўлса ўша ҳолда иймон келтирамиз ва унинг сурати, кайфияти қандай бўлиши ҳақида баҳс қилмаймиз. Аммо “Амаллар моддий нарсалар эмаску, уларни қандай ўлчаб бўлади?” деб бошлари қотадиган кимсаларга эса биз: “Одамлар, масалан, мутлақо мод-дий бўлмаган иссиқ-совуқни, бадан ҳароратини ўлчайдиган асбобларни кашф қилиб, ишлатиб юришибди-ку, ҳар ишга Қодир Оллоҳ таоло амалларни тортишга ожизми?!”, деймиз.
“Бас, кимнинг тарозилари оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир”.
Ояти каримада ҳар бир одамнинг қилган амали бир тарозида эмас, балки тарозиларда тортилиши айтилди. “Танвийрул-азҳон” тафсирида бу ҳол шундай изоҳланади: “Оятда “тарозилар” деб кўплик вазнида келишига сабаб, у Кунда ҳар бир банда учун бир неча тарози кўйилиб, унинг бадани бошқа тарозида, руҳи бошқа тарозида, ошкор қилган ишлари бошқа тарозида, яширган сирлари бошқа тарозида, ҳатто унинг хулқи бошқа тарозида тортилади. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Тарозига қўйилган ҳеч бир нарса чиройли хулқдан оғирроқ тош босмайди”, деганлар. (Аҳмад ва АбуДовуд ривояти).
Термизий, Ибн Можжа ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анхумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Қиёмат Кунида умматимдан бир киши бутун халойиқ боши устида - кўз ўнгида чақириладида, унинг олдига қилган гуноҳлари битилган, ҳар бири кўз илғайдиган масофагача етади-ган катта дафтарлардан тўқсон тўққиз дафтар қўйилиб, сўнгра Оллоҳ таоло ундан: “Мана шу дафтарларда битилган гуноҳларингдан биронтасини инкор қила оласанми”, деб сўрайди. У киши: “Ё Роббим, бирортасидан тона олмайман”, дейди. Оллоҳтаоло: “Менинг котибларим бўлган фаришталар сенинг номайи аъмолингга бирон нарса қўшиб, сенга зулм қилибдиларми”, деганида, у: “Йўқ, ё Роббим”, дейди. Оллоҳ таоло: “Се-нинг мана шу гуноҳларни қилишда бирон узринг борми, сенинг бирон яхши амалинг ҳам борми”, деб сўраганида ҳалиги киши ўзини йўқотиб: “Йўқ”, дейди. Шунда Оллоҳ таоло: “Ундоқ эмас, Бизнинг ҳузуримизда сенинг ҳасанотларинг - яхши амалларинг ҳам бор, бу Кун сенга зулм қилинмас”, деб унга бир саҳифа кўрсатилади. У Қоғозда ўша банда айтган “Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуху ва Расулуҳ”, калимаси ёзилган эди. Буни кўриб банда: “Ё Роббим, ана у дафтарлар олдида бу бир варақ қоғоз нима қила олади”, деганида, Ҳақ таоло: “Сенга зулм қилинмас”, дейди. Бас, ҳалиги дафтарларнинг ҳаммаси тарозининг бир палласига, бир варақ қоғоз бошқа палласига қўйилганида ана у дафтарлар енгил келиб, бир варақ қоғоз оғир келди. Чунки Оллоҳнинг Исмидан ҳеч нарса оғирроқ эмасдир”. (Тафсири Қуртубийдан).
Субҳоналлоҳ! Демак, Охират тарозисида сўз ҳам тортилар экан!
Калимайи Шаҳодат У Кунда энг оғир тош босадиган Сўз экан!
Демак, ҳақиқий марди майдонлар куфр йўлига кирмай, дунёга қул бўлмай тил ва дилларида “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-Расулуллоҳ” Сўзини кўтариб юрган ва қабрларига ҳам мана шу Сўз билан кирган инсонлардир. Қушайрий ўз тафсирида зикр қилган мана бу хабарда мўминнинг нажотига сабаб бўладиган яна бир сўз ҳақида сўз боради: “Мўминнинг ҳасанотлари - яхши амаллари тарози палласида енгил келиб қолганда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бармоқ учича, яъни, жуда кичкина бир саҳифани чиқариб, тарозинингунинг ҳасанотлари кўйилган ўнг палласига ташлайдилар, бас, ҳасанотлар палласи босиб кетади. Шунда ҳалиги мўмин банда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга: “Ота-онам Сизга фидо бўлсин, юзингиз нақадар гўзал, хулқингиз нақадар чиройли. Сиз ким бўласиз”, деганида у зоти бобаракот: “Мен сенинг Пайғамбаринг Муҳаммаддирман, мана бу саҳифа эса сен менга айтган салавотларингдир”, деб жавоб қиладилар.”
Ҳузайфа розиялоҳу анҳу айтади: “Қиёмат Кунидаги тарозибон Жаб-роил алайҳис-саломдир. Оллоҳтаоло: “Ё Жаброил, уларнинг амалларини тарозида тортгинда, ўрталарида бир-бирига ўтиб кетган ҳақларни эгаларига қайтаргин”, деб буюради.
У жойда олтин-кумуш бўлмагани учун агар золимнинг ҳасанотлари бўлса, Жаброил ўша ҳасанотлардан олиб мазлумга беради, агар унинг ҳасанотлари бўлмаса, у ҳолда мазлумнинг гуноҳларидан олиб золимга юклаб қўяди, бас, у кимса елкасига тоғдек гуноҳ тушади”. Яъни, “(Амалларни) тўғри тортиш Ўша Куни бўлур”.
55. Албатта, Бу Кунда жаннат эгалари ўзлари машғул бўлган иш билан шод-хуррамдирлар.
Ушбу ва қуйидаги уч оятда Ҳақ таоло томонидан Охират диёрида мўмин бандалари учун тайёрлаб қўйилган жаннат манзаралари ва у жойдаги анвойи ноз-неъматлар, беқиёс саодатли ҳаёт тасвирланади. Дастлаб, хабар берилишича, Оллоҳ таолонинг солиҳ мўмин бандалари Қиёмат Кунида жаннат боғларига тушганларида ҳеч кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва бирон инсоннинг хаёлига ҳам келмаган шундай ноз-неъматларга, лаззат ва роҳатларга ғарқ бўладиларки, улар билан тамомила банд бўлганлари боис бошқа ҳамма нарсани, жумладан, дўзахга ҳукм қилинган қариндош-уруғларини қандай азоб чекаётганларини ҳам унутиб юборадилар. Яъни, аҳли жаннат мукаммал ва ҳеч туганмас лаззат оғушида эканлар, кўнгилларини кир қиладиган ҳар қандай ғам-ташвишлар тамоман ёдларидан чиқади. Зотан, жаннатдаги мукаммал ва мангу - туганмас роҳат-фароғатнинг ҳаёти дунёдаги муваққат ва кўпинча ортидан турли ғам-ташвишлар келтирадиган “роҳатлар”дан жуда катта фарқи бордир.
56-57. Улар жуфтлари билан бирга соя-салқин жойлардаги сўриларда ястаниб ўтирурлар. Улар учун у жойда (ҳар турли) мева-чева муҳайёддир ва улар учун кўнгиллари тилаган нарсалари ҳозирдир.
Яъни, аҳли жаннат абадул-абад улар учун Яратган томонидан ҳозир-лаб қўйилган мислсиз Илоҳий зиёфат устида бўладилар. Улардан ҳар бири салқин ва оромбахш жойларда ўзлари учун махсус тайёр қилиб қўйилган бениҳоя музаййан, атрофларига ипак дарпардалар тўсилган чимилдиқли сўриларда севимли жуфти ҳалоллари билан ястаниб - ро-ҳатланиб ўтирадилар. Олдиларидаги дастурхонда ҳар доим янги узилган анвойи мева-чевалар ва кўнгиллари тилаган барча нарса муҳайё бўлади. Бақара сурасининг йигирма бешинчи оятида жаннат ва у жой-даги ноз-неъматлар бениҳоя гўзал тасвирланади. “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушха-бар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи жаннат-лар бор. Қачон ўша (жаннат)ларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, «Илгари татиб кўрган нарсамизку» дейишади. Зеро, уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилади. Ва улар учун (жаннатларда) покиза жуфтлар бордир. У зотлар (жаннатларда) абадий қолгувчидирлар.” (Бақара сураси, 25-оят). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, жаннат мевалари дунё меваларига фақат исм ва суратидагина ўхшайди холос. Лекин таъм ва лаззатда тамо-ман бошқадир. Аммо аҳли жаннат қачон бирон мевани кўрсалар, тановул қилишдан олдин «бу ўша, дунёдалик пайтимизда еб юрган мева» деб ўйлашади, фақат тотиб кўрганларидан кейингина суратлари бир-бирига ўхшагани билан жаннат заминида, жаннатий сув билан униб-ўсган мева дунё меваларига мутлақо ўхшамаслигини биладилар. Дунё мевалари - гарчи фақат суратда бўлса ҳам - жаннат меваларига ўхшаш-лигининг сабаби нимада экан, деган саволга жавобан Муҳаммад ибн Жарир Табарий ўзининг «Жомиул-баён ан таъвийли ойил Қуръон» номли тафсирида ривоят қилишича, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ушбу ояттафсирида айтар эди: «Оллоҳтаоло Одамни жаннатдан чиқарганида, унга йўл озуқаси қилиб жаннат меваларидан берди ва уларни қандай парвариш қилишни ўргатди. Бас, сизларнинг ушбу меваларингиз жаннат мевалаларидандир, лекин булар ўзгариб бузилади. Ана улар эса ҳеч қачон ўзгармайди бузилмайди».
Маълумки, тоқлик Танҳо Ҳақ таолонинг сифати бўлиб, қолган барча нарсани Оллоҳ жуфт-жуфт қилиб яратган. Бинобарин, ана ўша мангу боғу бўстонларда жаннатий нозу неъматлардан баҳраманд бўлиб, саодатли ҳаёт кечираётган жаннат аҳли учун ҳам Оллоҳ азза ва жалла покиза жуфт-ларни яратиб қўйгани ҳақида хабар беради. Яратган у жуфтларни ҳайз, нифосдан ва ҳар қандай инсоннинг дунё ҳаётидаги ҳожатлари - кирларидан, айбу нуқсонлардан мутлақо поклаб қўйганини баён қилади. Демак, дунё ҳаётида иймон билан, солиҳ амаллар билан яшаб ўтган ва Оллоҳ таолонинг Фазлу Инояти билан жойлари жаннатдан бўлган инсонлар у жойда бирон қийинчилик-машаққат кўрмайдилар, ҳеч нарсага муҳтож бўлмайдилар, ҳеч қандай алам, оғриқ ва хасталикни билмайдилар ва энг муҳими улар ҳеч қачон ўлмайдилар: «У зотлар (жаннатларда) абадий қолгувчидирлар».
58. (Уларга) Меҳрибон Парвардигор томонидан салом айтилур.
“Тафсири Бағавий”да Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннат эгалари ўзларига ваъда қилинган ноз-неъматлар ичида роҳат-фароғатда эканлар, баногоҳ устларида бир Нур пайдо бўлур. Бошларини кўтариб... «Ассалому алайкум, эй аҳли жаннат», деб турган Парвардигори оламни кўрурлар». “(Уларга) Меҳрибон Парвардигор томонидан салом айтилур” оятининг маъноси шудир. Бас, Оллоҳ таоло уларга қарар, улар Оллоҳ таолога қарарлар ва У Зотга қараб турган чоғларида олдиларидаги жаннат ноз-неъматларига қиё ҳам боқмаслар! То У Зот парда ортида ғода, турган жойларида Унинг нури ва баракоти қолур”, деб марҳамат қиладилар. Ушбу оятларда жаннат эгалари етажак саодати абадийя зикр қи-лингач, энди қуйидаги оятларда дўзах аҳлининг топажак азоб-уқубатлари ҳақида хабар берилади -
59. Мана Бугун эй жиноятчи кимсалар, (мўминлардан) ажралинглар!
Ушбу оят ҳаёти дунёдан энг катта, энг мудҳиш жиноят билан ўтган, яъни, Яратганга кофир бўлган кимсаларга У Зотнинг Қиёмат Кунида қиладиган хитобидир. У Кунда Оллоҳ таоло уларни ўз номлари билан атаб: “Эй жиноятчилар”, дейди ҳамда энди уларнинг ҳеч қачон мўминлар билан бир ҳаводан нафас ололмасликларини ва бир жойда тура олмасликларини эълон қилади. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда - ана ўша Кунда (мўминлар билан кофирлар) бир-бирларидан ажралурлар. (Рум сураси, 14-оят).
Яъни, Қиёмат Кунида - ким ҳақ, ким ноҳақлиги, ким Тўғри Йўлда-ю, ким залолатда эканлиги аниқ маълум бўладиган ана ўша Кунда Оллоҳ таолонинг мўмин бандалари билан кофир-жиноятчи кимсаларнинг ўртаси абадиятга - қайтиб ҳеч қачон бир-бирларига аралашмайдиган қилиб ажратилади ва Ҳақ таоло кофирларга хитоб қилиб: “Эй жиноятчи кимсалар, мана Бугун (мўминлардан) ажралинглар!” деб буюради. (Ёсин сураси, 59-оят).
“Ўша Кунда (мўминлар билан кофирлар) бутунлай бўлинурлар”.
Яъни, мўминлар жаннатга, кофирлар дўзахга хукм қилинадилар ва шу соатдан бошлаб бу икки тоифа ҳеч қачон бир жойга жамланмайдилар - мўминлар мангу роҳатда, кофирлар эса абадий азоб-уқубатда бў-ладилар.
60-61. Мен сизларга: «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менга ибодат қилинглар! Мана шу Тўғри Йўлдир», деб буюрмаганмидим?!
Ҳақ таоло ушбу ва қуйидаги бир неча оятда ҳаёти дунёдан куфр-маъсият билан ўтган кимсаларнинг Қиёмат Кунида қандай аҳволга тушишлари ҳақида хабар беради. Ўша Кунда Оллоҳ таоло уларга хитоб қилиб гўё шундай дейди: “Эй Одам болалари, Мен сизларга элчи-пайғамбарларимйиб бўлгунича улар бошқа бирон нарсага боқмаслар! Сўнг уларнинг усти орқали сизларнинг энг ашаддий душманларингиз шайтондир. Бас, сизлар ҳаргиз душманларингизнинг қиладиган васвасаларига учиб унинг қулларига айланиб қолмангларки, у ҳолда албатта шайтон сизларни залолат йўлига етаклаб кетади ва Охиратда жаҳаннамга киришларингизга сабаб бўлади. Оталарингиз Одам ва оналарингиз Ҳаввони васваса қилиб жаннатдан Ерга тушиб қолишларига сабаб бўлган малъун ҳам ана ўша шайтондир. Шунингучун сизлар унга эмас, Менга ибодат қилинглар, Мен буюрган ишларни қилинглар, Мен қайтарган ишлардан қайтингларки, ана ўшанда сизлар Тўғри Йўлда бўласизлар ва Менинг Раҳматимга - жаннатимга киришга муваффақ бўласизлар, деб буюрган эмасмидим! Мана Бугун Менга ибодат қилмасдан шайтонга ибодат қилганларингиз жаҳаннамга ҳукм қилиндингиз!
62. Дарҳақиқат, (шайтон) сизларнинг ичингиздан кўп халқларни йўлдан оздирди. Ахир ақлларингизни ишлатсангиз бўлмасмиди?!
Яъни, эй Одам болалари, ахир сизлар ҳаёт кечирган замондан илгари ҳам қанчадан-қанча аср-авлодлар Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмасдан шай-тонга ибодат қилганлари ва унинг васвасаларига алданганлари сабабли Яратганнинг қаҳрига учраб қирилиб кетганлари яқин ва узоқ тарихларингиздан маълумку, Ернинг ҳар тарафларида узоқ-яқин ўтмишдаги адашган авлодлардан қолган вайроналар тўлиб-тошиб ётибдику, ана ўшаларга гувоҳ бўлиб туриб ҳам кўзларингиз очилмадими, шайтонга ибодат қилишнинг оқибати албатта ҳалокат эканига ақлларингиз етмадими?! Ақлли инсонлар бўла туриб ақлсиз ҳайвонлардек очиқ душманингиз бўлган шайтоннинг кўрсатган йўлига эргашиб кетавердингизми?! Бас, бу Кун барча афсус-надоматларингиз бефойдадир! Энди албатта қилмишларингизга яраша жазоларингизни оласизлар!
63-64-65. Мана шу сизларга ваъда қилинган жаҳаннамдир! Сизлар кофир бўлганларингиз сабабли Бугун унга кирингиз! Бу Кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга қилиб ўтган ишлари ҳақида уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур!
Ушбу оятларда ҳам ҳаётларини куфру исён билан ўтказган кимсаларга хитоб қилинади ва тинимсиз ловуллаб ёниб турган жаҳаннам чоҳининг ёқасига ҳайдаб келинган кофирларга айтилади: Мана шу ўз кўзларингиз билан кўриб турганларингиз ҳаёти дунёдалик пайтингизда барча элчи-пайғамбарлар томонидан сизларга ваъда қилинган, аммо сизлар ёлғон, бўлмаган гап деб инкор қилган жаҳаннамдир. Ҳаёти дунёда Оллоҳга ибодат, унинг элчиларига итоат қилиш ўрнига ўзларига очиқ душман бўлган шайтоннинг йўлига эргашган барча инсонларнинг тушадиган жойи мана шудир! Сизлар бутун ҳаётингиз давомида тўхтамай, тавба қилмай, энг оғир жиноятни содир этганларингиз - Оллоҳ таолога кофир бўлганларингиз учун бугун жаҳаннамга кирингиз ва унда кофирлар учун тайёрлаб қўйилган, ҳеч қачон тўхтатилмайдиган азоб-уқубатлар билан абадул-абад азобланингиз! Бугун энди сизларга ҳеч қандай афсус-надомат фойда бермайди ва ўзларингизни оқлаш учун бирон-бир баҳона топа олмайсизлар! Чунки Биз Бугун кофирларнинг оғизларини муҳрлаб, ёлғон-яшиқ узру баҳоналарини айта олмай-диган қилиб қўюрмиз ва Бизга кофир-мунофиқларнинг ҳаётлари давомида қандай гуноҳ-маъсиятлар қилганлари ҳақида уларнинг тилга кирган қўллари сўзлаб беради, оёқлари гувоҳликка ўтади, яъни, бадан-ларидаги жамийки аъзолари тилга кириб уларга қарши гувоҳлик беради! Ушбу оятда хабар берилган ҳолат ҳар бир инсон учун ўта жиддий Илоҳий огоҳлантиришдир. Демак, жуда яхши билиб, англаб олишимиз ва бир умр ёдимиздан чиқармаслигимиз керакки, ҳаётимиз давомида қиладиган ҳар бир иш-амалимизни Оллоҳ таоло кўриб-билиб тургани ва икки елкамиздаги фаришталар ёзиб турганидан ташқари ўзимиз-нинг баданимиз - яхшими-ёмонми ҳар бир ишни қилишда иштирок этган, савоб ёки гуноҳ амални қилишда бизга ёрдамчи бўлган барча аъзойимиз ҳам ўзимизнинг ичимиздаги гувоҳлар бўлиб, Қиёмат Куни-да, савоб ва гуноҳлар ҳисоб-китоб қилинганида бизнинг фойдамизга ёки зиёнимизга гувоҳликка ўтар эканлар. Бас огоҳ бўлайликки, Ҳақ таолонинг Қиёмат Кунида берадиган ҳақ жазосидан ҳеч ким қочиб қутула олмас.
66-67. Агар хоҳласак, Биз уларнинг кўзларини йўқ қилган бўлур эдик. Ана у ҳолда улар йўлларига шошардилар-у, (лекин) қаёқдан кўра олсинлар. Агар хоҳласак, Биз уларни турган жойларида масх қилиб (маймун, тўнғиз ё тош каби бошқа нарсаларга айлантириб) қўйган бўлур эдик. Сўнг улар (олдинга) юришга ҳам қодир бўлмасдилар, (ортларига ҳам) қайта олмасдилар.
Ушбу икки оятни шундай тушунмоқ лозим: Оллоҳ таоло ҳаётларини куфру исён билан ўтказган кимсалар ҳақида: «Агар Биз истасак, уларнинг кўзларини кўр қилиб, йўлларини топа олмайдиган қилиб қўйишимиз ёки уларни инсонликдан чиқариб бутунлай бошқа нарсаларга айлантириб қўйишимиз мумкин эди. Аммо Биз уларни Тўғри Йўлга юрсинлар ва тав-ба-тазарруь қилсинлар деб инсонликларида қолдирган эдик. Лекин улар ўз динсизликларидан қайтмадилар ва оқибат-натижада жаҳаннам эгала-ри бўлиб қолдилар», дейди ва бу билан ҳали-ҳануз ҳаёти дунёда бўлган кишиларни огоҳлантиради.
68. Биз кимга (узун) умр берсак унинг хилқатини (жисму-жонини) тубан - ночор қилиб қўюрмиз. Ахир ақл юргизмайдиларми?!
Яъни, бир кишининг сурат ва сийратида ёш-яланглиги билан қари-қартанглиги ўртасида нақадар катта фарқ борлигини кўриб ибрат олмайдиларми)?!
Ушбу оятнинг энг гўзал тафсири мана бу ояти каримадир: “Оллоҳ шундай Зотдирки, сизларни ночор нарсадан (яъни, бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) ночорликдан кейин куч-қувват (пайдо) қилди, сўнгра куч-қувватдан кейин яна ночорлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Билгувчи ва Кудратлидир”. (Рум сураси, 54-оят).
Яъни, Оллоҳ таоло шундай Қудрати Улуғ Зотки, сизларни, эй инсонлар, ўта заиф ночор нарсадан - бир томчи сувдан яратиб, жуда ночор, бир нафас қаровсиз ҳолда қолсангиз ҳалок бўладиган чақалоқ ҳолингизда дунёга келтирди, сўнгра, орадан саноқли йиллар ўтгач, сизларни қаровга муҳтож гўдакликдан кейин куч-қувватга тўлган йигит-қизларга айланти-риб қўйди, сўнгра, орадан маълум бир муддат ўтгач, сизлардаги ёшлик қувватини кетказиб, яна худди ўша гўдаклик чоғингиздагидек бировларнинг ёрдамига муҳтож бўлган заифликка - ночор, нотавон қариликка дучор қилди. Яъни, Қодир ва Билгувчи Оллоҳ ҳар бир инсоннинг вужудида бир-биридан бутунлай бошқа-бошқа бўлган, бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган бир неча инсонларни яратди. Дарҳақиқат, ҳар бир инсонга ибрат назари билан қараб кузатилса, дастлаб у ўта ҳақир ва жонсиз бир томчи сувдан ўзга нарса эмас, озгина фурсат ўтганидан кейин эса, у тамо-мила бошқа нарсага - жонли, лекин ўта заиф чақалоққа айланади ва кейин, орадан бир неча йил ўтгач, энди у вужудидан куч-қувват ёғилиб турган гўзал суратли, қадди қомати расо балоғат ёшидаги инсон, аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, балки Холиқ таборака ва таоло хоҳласа, ўша инсоннинг вужудида саноқли йиллардан кейин тамомила бошқа - қариб эгилиб қолган, ҳеч нарсага кучи етмайдиган ночор-нотавон бир инсонни яратади. Шак-шубҳасиз, Оллоҳ таоло хоҳласа бир вужуднинг ўзидан ҳам бир неча хилқатни яратишга Қодир, барча нарсани Билгувчи Зотдир!
69-70. Биз (Муҳаммад алайҳис-саломга) шеър ўргатмадик ва (шоирлик) унинг учун лойиқ эмасдир. (Муҳаммад алайҳис-салом тиловат қилаётган нарса) фақат у тирик бўлган кишиларни огоҳлантири-ши ва кофирлар устига Сўз - азоб ҳақ бўлиши учун (нозил қилинган) бир Эслатма ва очиқ-равшан Куръондир.
«Биз (Муҳаммад алайҳиссаломга) шеър ўргатмадик ва (шоирлик) унинг учун лойиқ эмасдир».
Зотан, Муҳаммад алайҳиссалом Оллоҳ таоло томонидан юборилган Пайғамбар бўлганлари боис, фақат ва фақат рост сўзламоқлари лозим. Шеърият эса ўз кўтаринкилиги, муболағалари билан яъни, ўз табиати билан тўла маънодаги ростгўйликни кўтара олмайди. Билъакс, шоирларнинг эътирофларича ҳам шеърнинг энг гўзали энг ёлғонидир. Бинобарин, ўз умматларига улар бир умр амал қилиб ўтишлари буюрилган дин арконларини ўргатадиган ва ғайб олами, Охират диёри ҳақида хабар берадиган Пайғамбар шоир бўлиши у зот учун нолойиқ бўлган ишдир.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам: “Мен шоир эмасман ва шоирлик менга лойиқ иш эмасдир”, деб эътироф этганлар. (“Тафсири Табарий”дан). Шоирларнинг қандай кимсалар эканлиги ҳақида бошқа бир сурада ҳам айтилган эди: “Шоирларга йўлдан озганлар эргашур. Уларнинг (сўз водийларидан) ҳар водийда дайдишларини (яъни, ўзларига ёқиб қолган энг тубан кимса ё нарсаларни ҳам кўкка кўтариб, ёқтирмаганларини тупроққа қоришларини) ва ўзлари қилмайдиган нарсаларни айтишларини кўрмадингизми?!” (Шуаро сураси, 224-226-оятлар). Шунинг учун ҳам Оллоҳ таоло у зотга шеър ўргатмади, шоирликни тақдир қилмади. “Тафсири Қуртубий”да айтилишича, ушбу оятлар “Муҳаммад шоир, Қуръон шеър”, дейдиган кофирларга қарши Ҳақ таоло томонидан нозил қилинган Илоҳий раддиядир. Шу-нингдек, “Биз, Муҳаммад алайҳис-саломга шеър ўргатмадик ва шоирлик унинг учун лойиқ эмасдир” ояти каримасидан, “Танвийрул Азҳон” тафсирида алоҳида таъкидланишича, шундай маъно англашилади: Пайғамбар алайҳис-саломга у зот инсонларга етказган ҳамма нарсани Ёлғиз Оллоҳ таолонингЎзи ўргатган - ваҳий қилиб юборган, бошқача айтганда, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Устози Танҳо Оллоҳ таолодир, у зот бирон-бир илмни бирон-бир бандадан ўрганмаганлар. Шунинг учун ҳам то қирқ ёшларига чиқиб, у кишига Қуръон оятлари ваҳий қилина бошлагунича, яъни, Илоҳий Таълим нозил қилина бошлагунича у зот хат-саводлари бўлмаган уммий инсон эдилар ва Ҳақ таоло томонидан “Ўқинг”, деган Фармон нозил қилинганидан кейингина ЯратганнингЎзидан таълим ола ва ўрганганларини инсонларга етказа бошладилар. Кейин йиллар давомида Оллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Пайғамбарига бирон-бир банда билмайдиган энг улуғ илмларни ўр-гатди - таълим берди. Оятлари орқали аввало Ўзининг қандай Зот эканлигини танитди, улуғ Сифатларини баён қилди, дунё ва Охират, осмонлар ва Ер, инсониятнинг Одам алайҳис-саломдан бошланган олис тарихи ҳақида хабар берди, инсонлар фақат иймон ва Ислом билан ҳаёт кечирсаларгина ҳар икки дунёда бахтли-саодатли бўлишларини такрор-такрор таъкидлаб, уларга Тўғри Йўлни кўрсатиб берди. Шундай қилиб Ҳақ таоло Ўз Элчисига аввал-у охир барча илмларни таълим берди, аммо у зотга шеърни-шоирликни ўргатмади. Чунки пайғамбарлик мартабаси шоирликдан осмон қадар юксак эди, шоирлар қаторига тушиб қолиш, улар каби ўзлари ўйлаб топган сўзларни назм ипига тизиб айтиб юриш Оллоҳ таолонинг Элчиси учун мутлақо муносиб бўлмаган иш эди, негаки, Пайғамбар алайҳис-саломнинг зиммаларига Ҳақ таоло томони-дан бениҳоя юксак рисолат - вазифа юкланган эди ва у зоти шариф бу Илоҳий рисолатни бекаму кўст, мукаммал суратда адо этдилар - тирик одамларга, яъни, қалблари иймон билан уриб турган мўминларга (чунки Қуръон ҳукмича иймонсиз кимсалар гарчи тириклар қаторида юрсалар ҳам, ҳақиқатда тирик мурдалардир) уларни огоҳлантириш учун нозил қилинган Илоҳий Эслатмани - ҳар бир ояти очиқ равшан бўлган Қуръони Азимни тўла-тўкис ҳолда етказдилар ва ушбу Қуръон кофирларга қарши айтилган Ҳақ Сўз бўлди - кимда-ким Қуръоннинг Каломуллоҳ эканлигига иймон келтирмаса ва унинг кўрсатмаларига амал қилмаса, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Расулуллоҳ эканликларига ишонмаса, “Қуръон шеър, Муҳаммад шоир”, дейдиган бўлса, ундай кимсалар албатта жаҳаннам эгаси эканлигини кўрсатадиган Илоҳий Ҳужжат бўлди.
71. Ахир ўша (мушриклар) Биз улар учун Ўз Қўлимиз билан яратган нарсаларни - чорва ҳайвонларини кўрмадиларми?! Мана улар ўша (жонивор)ларга эгадирлар.
Яъни, динсиз кимсалар, бутпараст мушриклар Оллоҳ таоло улар учун Ўз Иродаси билан ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож бўлмаган ҳолда туя, мол ва қўй-эчкилар каби гўшти ҳалол бўлган чорва ҳайвонларини яратиб, уларни ўша жониворларга эга қилиб қўйганини кўрмадиларми-билмадиларми?! Ояти каримадаги чорва ҳайвонлари маъносидаги “анъом” калимаси “нуъумат” деган ўзакдан чиққан бўлиб луғавий маъноси юмшоқ табиатли, эгасига бўйсинувчи жониворлар деганидир. Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло Ўзи яратган жамийки жониворлар орасидан туя, мол ва қўй-эчкиларнинг мана шундай эгасининг қаҳридан қўрқадиган, қаёққа ҳайдаса итоат қилиб кетаверадиган, ҳатто уни сўймоқчи бўлсалар ҳам бўйинсуниб, бўйнини тутиб бераверадиган итоаткор махлуқлар қилиб яратди. Шунинг учун ҳам кичкина бир бола баҳайбат туясини, ҳатто туялар карвонини қаёққа етакласа, улар ўша ёш болага бўйинсуниб кетаверадилар. Ахир мушрик-кофир кимсалар ўзлари ҳар куни гувоҳ бўладиган мана шу ҳодисанинг ўзиданоқ ибрат олсалар, Яратганнинг Қудратига қойил қолсалар ва Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилсалар бўлмайдими?!
72-73. Биз ўша (жонивор)ларни уларга бўйсундириб қўйдик. Ана уларнинг минадиган нарсалари ҳам, ейдиган (таом)лари ҳам ўша-лардандир. Яна улар учун ўша (жонивор)ларда (турли) фойдалар ва ичимлик (сут-қаймоқ)лар бордир. Ахир шукр қилмасларми?!
Дарҳақиқат, Ҳақ таоло мазкур чорва ҳайвонларини инсонларга том маънода бўйсундириб қўйгани, улар қанчалик куч-қувватга эга бўлсалар ҳам, инсонга итоат қилишлари, у тур деса туриб, юр деса юришлари, устларига тоғдек юкни ортиб қўйилса ҳам ёки эгалари миниб олса ҳам бўйинтовлик қилмасдан итоаткорлик билан ҳайдалган тарафга қараб кетаверишлари инсониятга ато этилган очиқ неъмати Илоҳийядирки, тафаккур қиладиган инсонлар ато этган ушбу улуғ неъматлари учун Яратганга алоҳида шукроналар айтишлари лозимдир. Бу ҳақда бошқа бир сурада шундай дейилган: “Токи сизлар уларнинг устига ўрнаш-гайсизлар, сўнгра унга ўрнашиб олгач, Парвардигорингизнинг неъматини эслаб: «Бизларга бу (кема ёки от-улов)ни бўйсундириб қўйган Зот (яъни, Оллоҳ барча айбу-нуқсондан) Покдир. Бизлар ўзи-миз бунга қодир эмас эдик. Шак-шубҳасиз, бизлар (барчамиз) Пар-вардигоримизга қайтгувчидирмиз», дегайсизлар”. (Зухруф сураси, 13-14-оятлар).
Мазкур жониворларда инсонлар учун яна бошқа жуда кўп манфаатлар ҳам бор бўлиб, одамлар уларни соғиб сутини ичадилар, сўйиб гўштини ейдилар, териларидан ва юнгларидан ўзлари учун либослар тикиб, тўқиб оладилар, кигиз ва гиламлар тўқиб тагларига соладилар, ўтовларига ёпа-дилар, ўша жониворлардан бўлган ҳўкизлар билан ерларини ҳайдайди-лар. Дарҳақиқат, анъом - туя, мол, қўй ва эчкилар, агар уларга ибрат назари билан боқсак, тўласича фақат инсон манфаати учун яратилганига гу-воҳ бўламиз. Уларнинг гўшт-ёғ ва сути инсонлар учун тўйимли таом, тери, юнг ва тивити совуқдан асрагувчи иссиқ либос, жунидан тайёрланган кигиз палос ва ўтов-бошпана бўлгани каби, агар уларни боқиб-кўпайти-риладиган бўлса туганмас бойлик, қўшга қўшилса, миниладиган бўлса ёки юк ортилса чидамли ва беминнат дастёр, ҳатто уларнинг чиқиндила-ри ҳам ерни серҳосил қиладиган фойдали ўғитдир. Ахир мушрик-кофир кимсалар Оллоҳ таоло яратган чорва ҳайвонларининг ўзида улар учун қанчадан-қанча неъматлар борлигини кўриб-билиб, улардан ҳар куни фойдаланиб туриб ҳам Яратганга шукр қилмайдиларми, яъни, Ёлғиз УнингЎзига ибодат қилмайдиларми?!
74-75. (Йўқ, улар шукр қилмадилар, балки) Оллоҳни қўйиб ёрдам олиш умидида турли “илоҳлар»ни олиҳа - бутларни ушлаб олдилар. Уларнинг ўзлари ўша (“илоҳлари”) учун ҳозирланган аскар бўлсалар ҳам (“илоҳлари”) уларга ёрдам беришга қодир бўлмаслар.
Яъни, Қурайш қабиласидаги мушрик кимсалар, балки ҳамма замон ва макондаги барча мушриклар ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилишдан бош тортадилар ва ўзларича бизга Оллоҳ ҳузурида қувват-ҳи-моячи бўлади, бизларнинг гуноҳларимизни Оллоҳдан сўраб шафоат қи-лади, деб турли-туман бут-санамларни ўзлари учун илоҳ қилиб оладилар ва токи ўша ўзлари ясаб олган, “олиҳа”ларига сиғиниб-чўқинмагунларича кўнгиллари таскин топмайди. Ажабки, улар иззат-қувватни энг хор ва ожиз нарсалардан истайдилар - Қудратли Холиқдан эмас, ожиз махлуқлардан, жонсиз бутлардан сўраб дуо-илтижо қиладилар. Энг кулгили, балки энг ачинарли жойи, мушрик кимсалар ўзлари сиғиниб топинадиган бутларини тош, ёғоч, темир ва бошқа нарсалардан ўз қўллари билан ясаб оладилар-да, кейин уларни илоҳлар деб, яъни, Ер-у осмонларни, бутун коинотни яратган Оллоҳ таолонинг шериклари деб даъво қиладилар ва: “Мана шу (бизлар сиғинаётган бутларимиз) Оллоҳ хузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўлади”, дейдилар”. Улар ниҳоят даражада жоҳил-нодон бўлганлари сабабли ўша жонсиз бутлари Охиратда уларни шафоат қилади деб ишонадилар. Мушрикларнинг нақадар нотавон кимсалар эканликлари ҳақида бошқа бир оятда ўта ибратли мисол келтирилади: “Эй инсонлар, сизлар Оллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутлар ҳақида бир зарбулмасалга қулоқ тутингиз! - Аниқки, агар фаразан барчалари бирлашганларида ҳам, ҳатто бир дона чивинни ярата олмаслар, агар чивин улардан бирон нарсани тортиб олса, уни қутқариб ҳам ола билмаслар. (Демак, ўша бутлардан ҳожатини раво қи-лишни) сўрагувчи (мушрик) ҳам, сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор-нота-вондир”. (Ҳаж сураси, 73-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло томонидан келтирилган ва ҳақиқат эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайдиган бу ибратли мисол мушрик-бутпарастларнинг нақадар нодон кимсалар эканликларини аниқ-равшан кўрсатадиган Илоҳий ҳужжат-далиллардан биридир.
Дарҳақиқат, ақалли бир чивинни ҳам ярата олмайдиган тош, кесак ва ёғочларни илоҳ деб сиғинадиган бутпарастдан-да нодонроқ кимса бўлиши мумкинми?! Ахир ўша жонсиз бут-санамлар агар фаразан бар-чалари бирлашганларида ҳам обидлари уларнинг олдиларига ҳадя қи-либ келтириб қўйган ширинликларни энг ҳақир ҳашарот бўлган чивин тортиб олиб кетадиган бўлса ўшани ундан қайтариб олишга ҳам қодир эмасларку?! Бас, мана шу аён ҳақиқатни ўз кўзлари билан кўриб-билиб туриб, ана ўша ожиз-нотавон бутларга дуо-илтижо қиладиган, улардан ҳожатларини раво қилишини сўраб ялиниб-ёлворадиган кимсалардан-да ақлсизроқ кимса бўлиши мумкинми?! Агар ақлий жиҳатдан ожиз бўлмасалар улар ана ўша нотавон тош-ёғочлардан ҳожатларини сўрар-мидилар?! Агар чекдан ошган нодон ва жоҳил бўлмасалар ўша ўзлари ясаб олган жонсиз бутларини Ер-у осмонларни ва улардаги бор жонли-ю жонсиз махлуқотни йўқдан бор қилган Парвардигори оламга- Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога шерик деб билармидилар?! Албатта йўқ!
“Танвийрул-азхон”тафсирида ривоят қилинишича, Қиёмат Кунида Оллоҳ таолодан ўзга “илоҳлар”нинг барчаси уларга сиғиниб ўтган муш-риклар билан бирга гўё улар ўша бутларнинг лашкарларидек тўп-тўп қи-либ ҳайдаб келинади-да, барчалари - обидлари ҳам, маъбудлари ҳам дўзахга итқитилади.
76. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сизни уларнинг сўзлари маҳзун қилмасин! Албатта, Биз уларнинг яширадиган нарсаларини ҳам, ошкор қиладиган нарсаларини ҳам билурмиз.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сизни мушрик-кофир кимсалар-нинг: “Оллоҳнинг шериклари бор, Муҳаммад, бир шоир, сеҳргар, мажнун, ёлғончи”, деган сўзлари ҳаргиз маҳзун қилмасин. Зотан, Биз, уларнинг нафақат айтаётган сўзларини, балки қалбларида яширган барча сирларини, Сизга нисбатан бўлган адоватларини, мусулмонларга қарши режалаштираётган макр-ҳийлаларини ҳам жуда яхши биламиз ва албатта уларни дунёда ҳам, Охиратда ҳам, азоб-уқубатларга гирифтор қиламиз.
Ушбу ояти карима Ҳақ таоло томонидан Расулуллоҳ соллоллоҳу алай-ҳи ва салламага берилган Илоҳий таскин-тасаллийдир.
77-78. Инсон Биз уни нутфадан - бир томчи сувдан яратгани-мизни, энди эса ўша (ожиз - нотавон инсон) баногоҳ очиқдан-очиқ рақибга айланиб олганини кўрмадими?! У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?», деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди!
Ояти каримада зикр қилинган “инсон”дан мурод, Ҳасан Басрий ро-зияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, маккалик Убай ибн Халаф исмли бир мушрик кимсадир.
Ушбу оятларда қайта тирилиш ҳақ эканлиги очиқ мантиқ билан ис-ботланмоқда - яъни, бир томчи сувдан шундай гўзал хилқатли инсонни яратишга Қодир бўлган Оллоҳ таоло ўша инсоннинг жонсиз жасадига қайтадан жон ато этишга қодир эмасми?! Инсон эса ўзининг нимадан яратилганини унутиб Яратганга қарши хусумат қилиб юрибди.
Одам ва Ҳавводан тарқаган жамийки инсонларни бир томчи ҳақир нутфадан яратишга Қодир бўлган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ўша инсонлардан биронтаси қарши туриши, яъни, У Зот айтган: “Сизларнинг ҳар бирингизни Қиёмат Кунида қайтадан тирилтириб, ҳисоб-китоб қилурман”, деган сўзини инкор қилиши ҳеч қандай мантиққа тўғри келмаслигига далил бўлган ушбу ояти карима нозил қилинишига, Воқидий ўзининг “Асбобун-нузул” китобида ривоят қилишича, Макка мушрикларидан Убай ибн Халаф Жуҳаний Пайғамбар соллоллоҳу алай-ҳи ва салламнинг олдиларига бир чириб кетган суякни кўтариб келиб: “Эй Муҳаммад, сен Оллоҳ мана бу чириган суякни ҳам қайта тирилтиради, деяпсанми”, дегани сабаб бўлган. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам мушрикка жавобан: “Ҳа, сени ҳам тирилтиради ва албатта жаҳаннамга киритади”, деган эканлар.
Гарчи ушбу оятларнинг нозил қилинишига мазкур воқеа сабаб бўлган эсада, оят ҳукми умумий бўлиб, улар Охират ҳаётини, қайта тирилишни инкор қиладиган барча динсиз кимсаларга қарши айтилган Илоҳий Раддиядир.
79. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган Зотнинг Ўзи яна қайтадан тишларича, Ҳижоз ерида ўсадиган ва чақмоқ тош ўрнида ишлатиладиган икки хил дарахт бўлиб, улардан бирини “мирҳ” иккинчисини “дифор” деб атайдилар. У дарахтлардан ям-яшил ўсиб турган ҳолларида биттадан бу-тоқни синдириб олиб бир-бирига урилса, худди гугурт чаққандекўрталари-дан олов чиқиб, одамлар ўтларини ёқиб олар эканлар. Ояти каримада араблар ҳар куни кўриб қайта-қайта гувоҳ бўлиб турадиган ушбу ҳодисани зикр қилиш билан Ҳақ таоло қайта тирилишга ишонмайдиган кимсаларга Ўзининг Қудрати нақадар Буюклигини эслатиб, суви томиб турган нам бутоқдан ўз табиати билан сувга тамоман зид бўлган оловни чиқаришга Қодир бўлгани каби қуриб-чириб кетган суякларни ҳаёт суви билан намлаб, уларга қайтадан жон ато этишга ҳам албатта Қодир эканлигини таъкидлайди.
81-82. Осмонлар ва Ерни яратган Зот уларнинг (яъни, у буюк сайё-раларга нисбатан минг-минг марта кичик бўлган инсонларнинг) ўхша-шини яратишга Қодир эмасми?! Йўқ, (албатта Қодирдир), Унинг Ўзи-гина Яратгувчи ва Билгувчидир. Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур - вужудга келур.
Осмонлар ва Ерни, улардаги бор мавжудотнинг барча-барчасини йўқ-дан бор қилган Танҳо Ижодкори бўлмиш Оллоҳ таолонинг нарсаларни яратиши модда ёки муддатга муҳтож эмас, балки Оллоҳ ирода қилган ҳар қандай иш - нарса - ҳодиса, жумладан, ўлган инсонларни қайта тирилти-риш ҳам, У Зотнинг фақат биргина “Бўл” деган Амри билан ўша лаҳзада пайдо бўлади. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Яратмоқчи бўл-ган ҳар бир нарсамиз учун) Бизнинг Фармонимиз фақат биргина (яъни, «Бўл», деган сўз)дир. (Бас, ўша нарса) кўз юмиб очгунча (йўқдан бор бўлур)”. (Қамар сураси, 50-оят).
“(Эй инсонлар), сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (Қиёмат Кунида) қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни, шу қадар осондир). Зеро, Оллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчидир”. (Луқмон сураси, 28-оят).
Имом Аҳмад ва Термизий Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анхудан ривоят қилган мана бу ҳадиси қудсий ҳар бир иш Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Қўлида эканига, Ер-у кўкда фақатУнинг Сўзи ўтишига ва У Зот “Бўл” деган нарса ўша онда пайдо бўлишига яна бир Илоҳий далилдир: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло айтур: “Эй Одам боласи, сизларнинг барчангиз гуноҳкордирсиз, магар Мен саломат сақлаган кишигина ундан пок бўлур, бас, Мендан мағфират сўранглар, сизларни мағфират қилурман; сизларнинг барчангиз фақир-муҳтож-дирсиз, магар Мен бой қилиб қўйган кишигина бой-беҳожат бўлур, бас, сизлар Мендан сўранглар, сўраганларингизни берурман; сизларнинг барчангиз залолатдадирсиз, магар Мен ҳидоят қилган кишигина Тўғри Йўлда бўлур, бас, сизлар Мендан Ҳидоят сўранглар, Мен сизларни ҳидоят қилурман. Ким Менинг мағфират қилишга Қодир эканимни билган ҳолида Мендан мағфират сўраса, Мен уни мағфират қилурман ва (унинг гуно-ҳи каттами ёки кичикми эканига) парво ҳам қилмайман. Агар сизларнинг аввал-у охирларингиз, тириг-у ўликларингиз, хўл-у куруқларингиз (яъни, дунёга келган ва келадиган инсонларнинг барчаси) сизлардан энг бадбахт бир кимсанинг қалбига жамланиб олганларингизда ҳам бу нарса (яъни, жамийки инсониятнинг баробар кофир бўлиши) Менинг Султон-лигимдан бир пашанинг қанотичалик камайтира олмайди. Агар сизлар-нинг аввал-у охирларингиз, тириг-у ўликларингиз, хўл-у куруқларингиз (яъни, дунёга келган ва келадиган инсонларнинг барчаси) сизлардан энг тақволи бир кишининг қалбига жамланганларингизда ҳам бу нарса (яъни жамийки инсониятнинг баробар тақволи мўмин бўлиши) Менинг Султон-лигимга бир пашанинг қанотичалик нарсани зиёда қилмайди. Агар сизларнинг аввал-у охирларингиз, тириг-у ўликларингиз, хўл-у қуруқларин-гиз Мендан сўрасалар, ҳатто улардан ҳар бирининг сўрайдиган нарсаси тугаб битса ва Мен уларнинг сўраган барча нарсаларини ато этсам, бу нарса Менинг ҳузуримдаги хазинадан бировингиз бир игнани денгизга суқиб қайтиб олганчалик камайтирмайди. Бунга сабаб, Мен Буюк Лутфу Карам Соҳиби бўлмиш Холиқдирман, Менинг ато этишим ҳам Сўз, азоб беришим ҳам Сўздир - Менинг ишим, қачон бирон нарсани ирода қил-сам, фақат: “Бўл” дейман, холос бас, у нарса ўша лаҳзада пайдо бўлур”.
83. Бас, барча нарсанинг эгалиги - подшоҳлиги Ўз Қўлида бўлган (Оллоҳ ҳар қандай айбу-нуқсондан) Пок Зотдир. Ва сизлар, эй инсон-лар, барча-барчаларингиз Ёлғиз Унга қайтарилурсизлар.
Қуръони Азимнинг қалби ҳисобланмиш Ушбу улуғ суранинг сўнгги оятида Ҳақ таоло биз бандаларига эрта-ю кеч У Зотнинг Ер-у осмонлардаги барча мавжудотнинг Танҳо эгаси эканлигини ва ҳар қандай айбдан-камчиликдан мутлақо Пок Парвардигор эканлигини эътироф этиб тасбеҳ айтишни буюради ва ҳамма-ҳаммамиз Унинг ҳузурига қайтарилиб ҳи-соб-китоб қилинишимиз ҳақ эканлигини яна бир бор эслатиб бизларни огоҳлантиради.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг Фазл-Марҳамати билан Ёсин сура-сининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase