088. Ғошия сураси
- Якшанба, Июл 14 2024
- 27 марта кўрилди
Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 26.
Тартиб рақами: 88.
Сура маъноси: ўраб олувчи (қиёмат номларидан бири).
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1. (Эй Муҳаммад,) Сизга ўраб олувчи (қиёмат)нинг хабари келдими?
Эй Муҳаммад, Сизга ўз даҳшати билан халойиқни қамраб олувчи қиёматнинг хабари келди.
2. Ўша куни (баъзи) юзлар сўлғин (ҳолда) бўлади.
Ўша куни кофирлар юзида маҳзунлик аломати кўринади. Бу қиёмат қўрқинчи ва тортадиган азобларини кўрганларидан кейин бўлади.
3. Амал қилиб, чарчагувчидир.
Юзлари сўлғин ҳолда бўладиган кимсалар дунёда ўзларини қийнаб, ибодатга ғайрат қилардилар. Аммо Аллоҳга имон келтирмаганлари, куфр, ширк ва залолатга ботганлари, холис Аллоҳ учун қилмаганлари боис қабул қилинмаган эди. Бас, уларга ҳеч қандай савоб берилмайди.
Оятнинг иккинчи таъвили шундай: “улар қаттиқ уриниб, ўзларини жаҳаннамга олиб борадиган амалларни қилдилар, бу йўлда нафсларини чарчатдилар”.
Икрима ушбу оят ҳақида: “Улар дунёда маъсиятлар содир этади ва қиёмат куни жаҳаннам оловида қийналади”, деган (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
4. У қизиган оловга киради.
Юзлари маҳзун бўлган кимсалар энди жаҳаннамга кириб, азобланади.
5. Қайноқ булоқдан суғорилади.
Жаҳаннамдагилар иссиқдан чанқаб, сув сўраганларида, уларга ўта қайноқ сув берилади. Бу сув уларнинг чанқоқларини қондирмайди, аксинча яна ҳам қаттиқроқ азоб беради.
6. Улар учун (аччиқ ва бадбўй) тикондан бошқа бирон таом бўлмайди.
Агар дўзахийлар қорни очиб, егулик сўрасалар, уларга бадбўй тикон берилади.
Оятда “тикон” деб ифодаланган сўз арабий матнда “зорийъун” деб келган. У ерга ёпишиб ўсувчи тикон тури бўлиб, ҳўли “шибриқ”, қуруғи “зорийъ” дейилади. Унинг ҳиди шунчалик ёқимсизлигидан унинг олдига биронта ҳам жонивор йўламайди.
7. У (тикон) семиртирмайди ва очликни қондирмайди.
Бу тиконда яхшилик йўқ. У ейилганда қоринни тўйдирмайди ва семиртирмайди ҳам. Бу эса жаҳаннамдагиларга бериладиган азобнинг бошқа кўринишидир.
8. Ўша куни (баъзи) юзлар хурсанд (ҳолда) бўлади.
Қиёмат куни ихлосли ва тақводор мўминлар юзида хурсандчилик ва шод-хуррамлик намоён бўлади.
9. (Қилган) ҳаракати учун рози бўлади.
Улар Аллоҳ берган ажр-савоб ва мукофотларни кўриб, дунёда қилган амалларидан хурсанд ва рози бўладилар.
10. (У) олий жаннатда (бўлади).
Аллоҳ уларни олий жаннатга киритади.
11. У ерда бекорчи гапни эшитмайди.
Жаннатийлар бекорчи ва фаҳш сўзларни ишлатмайдилар, фақат ҳикмат ва Аллоҳнинг зикри, мақтови билан боғлиқ сўзларни сўзлайдилар.
12. У ерда бир оқар чашма бор.
Жаннатда бир оқувчи булоқ бўлиб, ундан ичган банда чексиз лаззат ва ҳузур топади.
13. (Шунингдек,) у ерда баланд сўрилар...
Жаннатда баланд сўрилар бўлиб, унга ўтирган мўминлар Аллоҳ томонидан берилган барча неъматларни кўрадилар.
14. Ва (тайёрлаб) қўйилган қадаҳлар...
Жаннатийлар учун қадаҳларга ўта олий сифатли ичимликлар қуйилиб тайёрлаб қўйилган ёки оқувчи чашма бўйига қадаҳлар қўйилган. Улар қачон хоҳласалар, қадаҳни олиб сувдан ичадилар.
15. Ва (тахлаб) қўйилган ёстиқлар...
Жаннатийлар суяниб ўтиришлари учун ёстиқлар ёнма-ён тахлаб қўйилган.
16. Ва тўшалган олий сифатли гиламлар бордир.
Улар ўтирадиган жойларга юқори сифатли гиламлар тўшаб қўйилган.
17-20. Ахир улар туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилгани, тоғларнинг қандай тиклаб қўйилгани ва Ернинг қандай текис қилиб қўйилганига назар солмайдиларми?!
Анави мушриклар Аллоҳ ўликларни қайта тирилтиришини инкор қилмоқдаларми?! Ахир, улар кўз ўнгиларидаги туяга, унинг яратилиши ва ким томонидан яратилганига ибрат кўзи билан қарамайдиларми?!
Туя катта ҳайвонлардан бўлиб, жуда кучли, кўп юк ташувчи, очлик ва ташналикка чидамли, озгина сувга қаноат қилувчи ажойиб ҳайвондир. Буни ким яратди? Ким осмон шифтини баланд кўтариб, уни юлдузлар билан зийнатлади? Ким тоғларни баланд кўтариб, уларни Ерга қозиқ қилиб қоқиб қўйди? Ким Ерни шундай қулай, текис, экин ўсадиган қилиб қўйди? Нега улар бу неъматлар ҳақида фикр юритмайдилар, Аллоҳга имон келтирмайдилар, Унинг азобидан қўрқмайдилар?!
Бу оятлардан “туяни ажиб суратда яратган, осмонни устунсиз кўтариб қўйган, улкан тоғларни Ерга тик қоқиб қўйган ва Ерни текис қилган Зот – Аллоҳ қиёмат куни бандаларни қайта тирилтиришга Қодирдир”, деган маъно келиб чиқади.
21. Бас, (эй Муҳаммад,) эслатинг. Зеро, Сиз эслатувчисиз.
Эй Муҳаммад, инсонларга Қуръон оятларини эслатинг, уларга панд-насиҳат қилинг. Зеро. Бу иш Сизнинг вазифангиздир.
22. Аммо Сиз уларни мажбурловчи эмассиз.
Сиз бандаларни мажбурлаб имонга келтиришга эмас, балки Менинг амримни уларга етказишга буюрилгансиз. Бас, Сиз ўз ишингизни қилинг, ҳисоб қилиш эса Аллоҳнинг зиммасидадир.
23-24. Фақат ким юз ўгирса ва куфр келтирса, у ҳолда Аллоҳ уни катта азоб билан азоблайди.
Ким Аллоҳнинг оятидан юз ўгирса ва куфр келтирса, Аллоҳ уни энг оғир азобга гирифтор қилади. Бу азобнинг чегараси йўқ.
25. Албатта уларнинг қайтиши Биз(нинг ҳузуримиз)гадир.
Бандалар ўлимдан сўнг ёки қайта тирилгандан сўнг Аллоҳ ҳузурига қайтадилар.
26. Сўнгра уларнинг ҳисоби ҳам, албатта Бизнинг зиммамиздадир.
Кейин У Зот бандаларини ҳисоб қилади – яхши амалларга мукофот, ёмон ишларга жазо беради.