close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

068. Қалам сураси

Маккада нозил бўлган. 52 оятдан иборат.

Ушбу суранинг номи унинг биринчи оятидаги «Қалам» сўзидан олинган. Аллоҳ бунда қалам билан қасам ичган.
«Қалам» сураси ҳам ақида ва иймон аслини ўз ичига олувчи, Маккий сураларидан бўлиб, уч асосий мавзуъни ёритади:
1) Пайғамбарлик масаласи ва Макка кофирларининг Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам даъватларига шубҳа билан қарашлари.
2) Боғ эгаларининг қиссаси. Бу қиссасидан мурод-куфрнинг натижасини кишиларга англатиш. Охиратда Аллоҳ мусулмонлар ва гуноҳкорлар учун тайёлаб қўйган нарсаларга эътиборни тортиш.
3) Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий Пайғамбар эканликларини исботлаш.
Сураи карима Пайғамбаримизнинг қадр-қийматлари улуғликлари, мушриклар қилган туҳматлардан пок бўлиб, олий ахлоқ эгаси эканликларини таъкидловчи қасам ила бошланади.
Сўнгра мушрикларнинг Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам даъватларига муносабати ваАллоҳ таоло улар учун охиратда тайёрлаб қўйган азоб-уқубатлар ҳақида зикр қилинади.
Ундан кейин эса, Аллоҳ таоло Макка мушрикларига Ўзи берган неъматига ношукр бўлишлик, Пайғамбар саллоллоҳу алаҳи васалламни ёлғончига чиқариш оқибати нима бўлишини тушунтириш учун боғ эгалари қиссасини келтиради.
Бу сурада ҳам Қуръон ўз услуби бўйича мўминлар ва мушрикларнинг ҳолини солиштириб кўради. Шунингдек, қиёмат кунида кофирларнинг ҳоли нима кечиши ҳам тасвирланади.
Сура охирида Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни сабр қилишга амр этиб, Юнус Пайғамбарга ўхшаб шошмаслика ундайди.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Нуун. Қалам билан ва сатрларга ёзадиган нарсалар билан қасам.
Қуръони Каримнинг бир неча суралари алифбо ҳарфларнинг баъзиси ёки бир нечаси билан бошлаган. Уламолар буларни «Ҳижо» (алифбо) ҳарфлари, «Муқаттаъа» (кесилган) ҳарфлари ва бошқа номлар билан ҳам атайдилар. Асосан «ҳижо» ҳарфлари билан бошланган суралар Макка сураларидир. «Бақара» сурасигина Мадинада нозил бўлган бўлса ҳам мазкур ҳарфлар билан бошланган.
Уламоларимиз бу ҳарфларнинг тафсири ҳақида кўплаб фикрларни айтганлар. Биз эса энг кучли ва кўпчилик иттифоқ қилган фикрнигина оламиз.
Аллоҳ таоло Қуръоннинг бир неча сураларини алифбонинг баъзи ҳарфлари билан бошлашининг ҳикмати мушрикларга танбеҳ беришдур. Худди уларга: «Эй кофирлар, Қуръон ҳам сизларнинг алифбоингиздаги ҳарфлардан ташқари нарсани ишлатмайди. Лекин илоҳий китоб бўлгани учун ҳаммангизни ожиз қолдирмоқда, агар унга ишонмасангиз, ушбу  ҳарфларни ишлатиб сиз ҳам Қуръонга ўхшаш нарса келтиринг-чи?!» дегандек хитоб бу. Уларнинг (мушрикларнинг) эса бундан ожиз эканликлари собит бўлган.
Сўнгра Аллоҳ таоло қалам билан қасам ичади.
Қалам сураси энг аввал тушган суралардан биридур. Ўша пайтда Арабистон ярим оролида ўқишни, ёзишни, қалам тутишни биладиган одам йўқ эди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам ўқиб-ёзган, қўлларида қалам тутган эмас эдилар. Лекин Қуръоннинг дастлабки тушган сураларидан бирида ўқиш-ёзиш ва илм-маърифат бошланмаси, қалам билан қасам ичилишининг ўзи бир мўъжизадир. Бу ҳол Қуръон илм китоби эканининг, Ислом илм дини эканининг, Муҳаммад саллоллоҳу алаҳи васаллам илм Пайғамбари эканликларининг ёрқин далилидур.
Лекин оятда қасам фақат қалам билан чекланиб қолгани йўқ, балки Аллоҳ сатрларга ёзилажак нарсалар билан ҳам қасам ичган. Мана, бизнинг замонамизга келиб қаламдан бошқа ёзув қўлланмалари ҳам чиқди. Масалан, ёзув машиналари, чопхоналар, ЭҲМлар ва ҳоказо. Албатта, илм-фаннинг тарқалишида, китоб, рўзнома ва мажаллалар чоп этилишида юқоридаги қайд этилган қўлланмаларнинг ўрни катта. Лекин бунинг башорати 14 аср илгари, саводсиз жамиятда эълон қилиниши илоҳий мўъжиза эмасми? Ислом илоҳий дин эканининг яққол далили эмасми?! Қалам ва ёзиш билан қасам ичилиши мусулмонлар учун ўқиш-ёзиш, илм-маърифатга катта эътибор беришга чақириқдур.
Эй Пайғамбар!

2. Сен Роббинг неъмати ила мажнун эмассан.
Аллоҳдан ваҳий келиши бошлаб, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлганларидан сўнг кишиларни Ислом динига чақира бошладилар. Ҳидоятга йўллаганлар иймон келтириб мусулмон бўлдилар. Лекин кўпчилик кофирлиги бўйича қолди ва баъзилар очиқ душманлик йўлига ҳам ўтдилар. Улар Пайғамбар алайҳиссалом ва мусулмонларга қарши турли услубларни қўллар эдилар. Жумладан, ёлғон ва бўҳтондан иборат гап-сўзларни тўқиб чиқарар эдилар. Одамларни Пайғамбар алайҳиссаломдан бездириш учун, Муҳаммад жинни бўлибди, унинг гапларига ишонманглар, деган бўҳтонни тарқатганлар.Аллоҳ таоло бу оятда бўҳтонни инкор қилмоқда ва келаси оятда Пайғамбарга тасалли бериб айтадики:
Эй Пайғамбар!

3. Ва албатта, сенга миннат қилинмайдиган ажр бордур.
4. Ва албатта, сен улкан хулқдасан.
Бу ояти карима Пайғамбар алайҳиссалом учун катта баҳодур. Аввало, ўтга оятда Аллоҳ у зотга «Роббинг» деб Ўз исми шарифига қўшиб хитоб қилган эди. Энди эса, у кишининг хулқларини улуғлик билан сифатламоқда. Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Яъни Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
Пайғамбаримизнинг ўзлари «Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман», деганлар.
Бошқа бир ҳадисларида эса: «Киши яхши хулқи билан кундузни рўза тутиб, кечасини намоз ўқиб ўтказадиганлар даражасига етади», деганлар.
Умуман одоб, ахлоҳ, яхши хулқга Исломда катта эътибор берилган. Мазкур оят ҳам шулардан биридир.
 «Ва албатта, сен улкан хулқдасан», деган хитоб билан Аллоҳ Ўзиниинг маҳбуб Пайғамбарини нақадар чиройли ахлоқ эгаси эканликларини таъкидламоқда.
Бу оят тафсирини шарҳлаб Имом Аҳмад ибн Ҳанбал шундай ривоят қиладилар: Оиша онамиз: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон на қўл остидаги ходимни ва на хотинни урмаганлар. Жиҳоддан бошқа жойда ҳеч нарсани қўллари билан урмаганлар. Икки ишдан бирини танлайдиган бўлсалар, гуноҳ бўлмаса, албатта осонини танлардилар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар. Ўзлари учун ҳеч қачон интиқом (ўч) олмаганлар. Агар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар содир қилинсагина, Аллоҳ учун интиқом олганлар», деганлар.
Хуллас Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида ҳар қанча гапирилса оз. Мазкур оятнинг ўзи ҳамма нарсадан устундир.

5. Бас, тезда кўрасан ва улар ҳам кўрурлар.
6. Сизлардан кимда жунунлик борлигини
7. Албатта, Роббинг Ўзи, ким Унинг йўлидан адашганини билувчидур ва У ҳидоятда юрувчиларни ҳам билувчидур.
Бу уч оятда Аллоҳ Ўз ҳабибига хитоб қилиб айтадики, мушрикларнинг ҳар хил гапларига хафа бўлма, тезда сен ҳам, улар ҳам ким мажнунлигини кўрасизлар. Албатта  мушриклар нима деса, деяверсинлар, ким адашиб юрибдию ким тўғри йўлдан боряпти-Роббинг ҳамма нарсани билиб турибди.
Келаси оятда эса, Аллоҳ Ўз Пайғамбарини иймонсизларга эргашмасликка ва ёмон хулқларга итоат қилмасликка чорлайди.

8. Бас, ёлғонга чиқарувчиларга итоат қилма.
9. Агар сен муроса қилсанг, улар ҳам муроса қилишни орзу қиладилар.
Мушриклар Пайғамбаримизга баъзи диний ишларда хушомадгўйликни таклиф қилганлар. Мисол учун, «Сен бизнинг бутларга сиғинсанг, биз ҳам сенинг Худоингга сиғинамиз. Бизнинг бутларимизни мадҳ қилсанг, биз ҳам сенинг Аллоҳингни мадҳ қиламиз! деб айтганлар. Аллоҳ таоло бу оятда ва бошқа оятларда Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга бундай муросасозликка ҳеч-ҳеч бормасликни таъкидлаган. Мушрикларнинг таклифи эса уларнинг ақидалари заифлигидан, ўз эътиқодларида мустаҳкам эмасликларидан ёрқин далилдир.
10. Итоат қилма! Ҳар бир қасамхўр, пасткашга.
11. Айбловчи, чақимчилик қилиб юрувчига.
12. Яхшиликни ман қилувчи, тажавузкор, сергуноҳга.
13. Қўпол, ундан сўнг отасининг таъйини йўққа.
Бу оятлардаАллоҳ таоло Ўзининг ғазабига сабаб бўладиган тўққизта ёмон инсоний  қусирни зикр этади. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни ушбу сифатдаги кишиларга эргашмасликка буюради. Бу эса ўз навбатида биз мусулмонларни ҳам мазкур разилатлардан узоқда бўлишга чорловдир. Мана, ўша разилатлар:
1. Ҳаллаф-қасамхўр, кўп қасам ичувчи. Одатда кишилар орасида ишончни йўқотган, субутсиз, ўз фойдаси учун ҳеч қандай пасткашликдан қайтмайдиган кишилар кўп қасам ичади.
2. Маҳийн-фикри бузуқ, ёлғончи.
3. Ҳаммааз-кишиларни айбловчи, камситувчи ва ғийбат қилувчи. Бу сифат ҳам энг ёмон сифатлардан бўлиб, кўпчиликнинг обрўсини тўкишга, жамият аъзоларини ўртасида ўзаро келишмовчилик чиқишига сабабчи бўлади.
4. Машаим бинамийм-чақимчилик қилиб юрувчи. Кишилар орасида адоват тарқатувчилар, чақимчилар иши ниҳоятда катта гуноҳ. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганлар.
5. Маннаиъин лилхойри-яхшиликни ман қилувчи. Одамлардаги яхшиликни, яхши хислатларни тўсувчилар, албатта, Аллоҳнинг ғазабига сазовор бўлган кишилардур.
6. Мўътадин-тажовузкор. Кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларига қарши тажовуз қилади, зулмкор бўлади.
7. Асийм-сергуноҳ, яъни гуноҳ кетидан гуноҳ қилаверади.
8. Уитуллим-қўпол, хулқи бузуқ.
9. Занийм-отасининг таъйини йўқ, ҳаромдан бўлган фарзандлар.
Сўнгра бу тўққиз сифатга ўнинчи, энг катта, энг ёмон сифатни қўшиб Аллоҳ шундай дейди:
14. Моли ва ўғиллари кўп бўлганидан.
15. Бизнинг оятларимиз унга ўқилган пайтда, аввалгиларнинг афсоналари, дер.
Демак, Қуръонга ишонмаслик катта гуноҳ. Тафсирчиларнинг аксарияти юқоридаги оятларда зикр қилинган гуноҳкор-Валид ибн Муғийра деган мушрик, дерлар. Ривоятларда зикр қилинишича, мазкур ояти карималар нозил бўлгандан сўнг Валид ибн Муғийра онасининг ҳузурига бориб, Муҳаммаднинг Худоси мени ўнта сифат билан айблабди, шундан тўққизтаси ўзимда борлиги аниқ, лекин отам кимлигини ўзим билмайман, сен айтиб бер, деган. Шунда онаси, сенга ростини айтай, сен отам деб юрган одамнинг эркаклиги йўқ эди. Фарзандсиз ўтсам, унинг меросидан қуруқ қолишдан қўрқиб, саҳродаги чўпон билан зино қилганман, сен ўша чўпондан бўлгансан, деган.
16. Тезда унинг тумшуғига белги қўямиз.
Аввал таъкидлаганимиздек, бу оятлар Исломнинг аввалида тушган. Бир неча йил ўтиб Мадинаи Мунаввара яқинидаги Бадр номли жойда бўлиб ўтган жангда Валид ибн Муғийра бурнига қилич тегди ва ўлгунча бу жароҳат унга белги бўлиб юрди. Шундоғ қилиб, Аллоҳнинг ваъдаси рўёбга чиқди.
Юқоридаги оятларда кўп мол ва фарзанд сабабидан ғурурга кетишнинг зикри бўлгани учун, келгуси оятлардаАллоҳ таоло шу борадаги бир қиссани эслатиб ўтади.
Бир солиҳ киши ўтган экан. Унинг серҳосил боғи бор экан. Мева терадиган куни бева-бечора, камбағал муҳтожларни чақириб, уларга хайри-эҳсон қилар экан. У киши ажали етиб оламдан ўтгандан сўнг, унинг ўғиллари отасининг изидан боришмабди. Отаси эҳсон берадиган камбағал, бева-бечораларга энди ҳеч нарса бермасликка маслаҳат қилиб, оталаридан қолган боғ мевасини мискинларр келмасдан аввал, эрта тонгда, махфий равишда териб олишга қарор қилибдилар. Ниятлари бузилгани учун Аллоҳ уларга ўз жазосини юборибди. Кечаси боғга офот келиб, ҳамма мевалар нобуд бўлади. Бева-бечораларни маҳрум қилмоқчи бўлганларнинг ўзи ризқдан маҳрум бўлиб қолади.
17. Албатта, Биз уларини боғ эгаларини синаганимиздек синаб кўрдик. Вақтики, эрта тонгда териб оламиз, деб қасам ичдилар.
Яъни, Биз Макка мушрикларини худди ўтган замондаги боғ эгаларини синаб кўрганидек, синадик. Уларга қаҳатчилик, очлик ориз қилиб, неъматнинг шукрини қилмасалар ёмон ҳолга тушишларини эслатади. Мана, эътибор бериб ўргансинлар-а, боғ эгаларига нима бўлган эди.
«Вақтики, эрта тонгда териб оламиз, деб қасам ичдилар».
Яъни, боғ эгалари оталаридан меросга қолган боғнинг эгалари бўлмиш ака-укалар, боғнинг мевасини камбағалларга кўрсатмай эрта тонгда териб оламиз, деб қасам ичдилар.
18. Ва истисно қилмадилар.
Яъни, ўша боғ эгалари «Иншааллоҳ»–Аллоҳ хоҳласа, деб айтмадилар. Ёки, ҳаммасини териб оламиз, дедилар, камбағалларнинг ҳаққини бундан истисно, уни ажратиб қўямиз, демадилар.
Аллоҳ таоло бандаларини икки хил йўл билан синаб кўради. Баъзида синов мусибат етказиш билан бўлса, баъзида нозу неъматни беҳисоб бериш билан бўлади. Бу қиссадаги боғ эгаларига Аллоҳ катта неъмат берган эди. Улар шукр қилиб, оталари қилган ишни давом эттириш ўрнига бечораларнинг ризқини қириқишга ўтдилар. Ғурурга кетдилар. Оқибатда:
19. Улар ухлаб ётганда, У(боғ)нинг устидан Роббингдан бўлган айланувчи айланиб чиқди.
Яъни, Аллоҳ юборган бало-офат боғни айланиб юриб, уни ҳалок қилди.
20. Бас, у худди меваси териб олинганга ўхшаб қолди.
Боғ эгалари бундан бехабар. Уларнинг ҳолини кейинги ояти карималар баён қилади.
21. Улар тонг-чаҳарда бир-бирларини чақирдилар.
22. Агар терадиган бўлсангиз, экинзорингизга эртароқ боринг, деб.
23. Бас, паст овоз билан гаплашиб юриб кетдилар.
24. Бугун сиз борингизда у(боғ)га мискин кира кўрмасин, деб.
Яъни, камбағаллар эшитиб қолмасин деган мақасадда шивирлашиб гаплашиб кетдилар.
Ушбу оятлар қисқа бўлишига қарамай, Қуръони Каримдаги қисса услуби қанчалар мўъжизакор эканлигини исбот қилмоқда. Бу услубдан ҳар қандай адиб дарс олса кам бўлмайди.
Боғ эгаларининг ниятлари бузилди. Боғ мевасини эрталаб ҳеч кимга кўрсатмай териб оламиз, деб қасам ичишди. Аллоҳ хоҳласа, ҳам демадилар, камбағалларнинг ҳақини ажратиб берамиз, ҳам демадилар.
Шунда Аллоҳ таоло кечаси улар ухлаб ётганларида бало-офат юбориб боғни меваси териб олингага ўхшатиб қўйди.
Боғ эгалари бундан бехабар. Улар сахар туриб, биров билиб қолмасин деган ниятда пичирлаб, қани энди боғга кетдик, териб оладиган бўлсак, терайлик, деб юриб кетдилар. Уларнинг оч кўзлиги ўз таъсирини ўтказиб, ичларидагини ташларига чиқариб, боғга мискин кира кўрмасин, деб таъкидлаб ҳам қўйишди.
Келгуси оятларда уларнинг боғга кириб боришлари ва у ердаги ҳолатлари васф қилинади.
25. Ва эрталабда қасдла, ўзларини қодир сезиб, бордилар.
Яъни, улар ўзларининг ёмон қасдларида маҳкам туриб, боғ мевасини териб олсак ҳам оламиз, териб олмасак ҳам оламиз, деб мағрур ҳолда боғга кириб бордилар.
26. Уни кўрганларида, биз адашибмиз, дедилар.
Чунки кечаси бало етиб боғларни хароб бўлганидан хабарлари йўқ эди. Улар ўз боғи сермева эканини билардилар, шунинг учун, бу ҳолни кўриб, биз қоронғуда адашиб бошқа жойга келиб қолибмиз деб ўйлашди. Бир оз ўйлаб кўргандан сўнг эса:
27. Балки биз маҳрум бўлгандиримиз, дедилар.
Яъни, биз адашмапмиз, ўзимизнинг боққа келибмиз, лекин боғнинг мевасидан шум ниятлигимиз туфайли маҳрум қилинибмиз, дедилар. Бу ҳақиқатни англаб етганларидан кейин, бўлиб ўтган нарсаларни ўзаро муҳокама қила бошладилар.
28. Уларнинг энг яхши ва адолатлиси, «Сизларга тасбиҳ айтсаларингиз-чи, демабмидим», деди.
Яъни, Аллоҳни поклаб ёд олинглар, уни эсдан чиқарманглар, деган эдим-ку!
Демак, ниятлари бузилиб, адолатсиз қарор чиқаришларидан олдин ҳам, ичларида ўзаро тортишув бўлгн. Кўплари, боғ мевасининг закотини бермаймиз, у камбағалларни ҳаққи эмас, деганларида ичларидаги энг яхшилари, бундоқ қилмаганлар, Аллоҳдан қўрқинглар, деб уларга танбеҳ берган экан. Мана энди, у ўша гапларни уларнинг юзига солмоқда.
Булар иш бўлганидан кейин ҳаммалари ўзига келди, ва:
29. Роббимиз айблардан пок бўлди, албатта биз золимлардан эдик, дедилар.
Яъни, мискинларни маҳрум қилмоқчи бўлиб, катта зулм қилган эканмиз, дедилар.
30. Бас, баъзилари баъзиларни маломат қила бошладилар.
Яъни, сен буни айтмаганингда ёки қилмаганингда, ундоқ бўлмасди, бундоқ бўлмасди, деб бир-бирларини айблай бошладилар.
31. Вой, шўримиз қурсин, туғёнга кетган эканмиз.
32. Шояд Роббимиз унинг ўрнига ундан кўра яхшироғини берса. Биз ўз Роббимизга рағбатлимиз, дедилар.
Охирида улар хатоларини тушуниб, Аллоҳдан яхшилик умидида қолдилар. Аллоҳ ушбу қиссанинг охирида ибрат олиш учун қуйидаги хотимани келтиради:
33. Азоб шундоқ бўлур ва агар билсалар, албатта охират азоби бундан катта бўладир.
Яъни, бу дунёда бева-бечора, мискин-муҳтожларнинг ризқини қирқмоқчи бўлганларнинг азоби бу бунёда худди мазкур қиссадагидек бўлади. Шу билан бирга у дунёнинг азоби ниҳоят қаттиқ ва шиддатли бўлади.
Сўнгра Аллоҳ таоло охиратда тақводорларга нималар тайёрлаб қўйганининг баёнига ўтади.
34. Албатта, тақводорлар учун Роббилари ҳузурида наъийм жаннатлари бордур.
Қурайш қабиласига мансуб бой, зодагон мушриклар бу ояти каримани эшитганларида мусулмонларга қараб, Аллоҳ бизни бу дунёда сизлардан устун қилиб қўйган, агар охират ҳаёти рост бўлса, у ерда ҳам биз сизлардан устун бўлишимиз керак, деганларида, Аллоҳ қуйидаги оят билан уларнинг мазкур сўзларини рад этди:
35. Мусулмонларни жинояткорларга ўхшатиб қўярмидик?!
Яъни, мусулмонлар ҳеч қачон жиноятчи-гуноҳкорларга қилинган муомалага дучор бўлмайдилар. Мусулмонлар Исломлари туфайли катта иззат-икромга, олий мартабага эришадилар. Агар баъзи жиноятчи-гуноҳкорлар биз ҳам яхши ҳолатга эришамиз, десалар ҳеч ишонмаслик керак. Биз, мусулмон билан кофирни, тақводор билан осийни баробар қилармидик?!
Эй кофирлар! Эй осийлар!
36. Сизларга нима бўлди, қандай ҳукм чиқаряпсизлар?!
Қандоқ қилиб мўмин билан кофир, тақий билан осий, амал қилган билан амал қилмаган баробар бўлади, деб ҳукм чиқарасизлар? Бундоқ ҳукм ақли бор одамдан чиқмайди-ку?
37. Ёки сизларнинг китобингиз бор-у, ундан ўқидингизми?
Яъни, сизларнинг осмондан нозил қилинган китобингиз бор-у, ўша китобдан ўқиб туриб айтаяпсизларми, бу гапларни?!
38. Унда сизларга нимани ихтиёр қилсангиз, албатта, (бўлаверади) дейилганми?!
Яъни, ўша осмондан сизларга нозил бўлган китобда, сизлар хоҳлаганингизни қилишингиз мумкинлиги ёзилганми?!
39. Ёки сизларга бизнинг қиёмат кунигача етадиган берган ваъдаларимиз бўлиб, унда, албатта, сиз нима ҳукм қилсангиз шу бўлади, дейилганми?!
Эй Пайғамбар!
40. Сўра улардан, қай бирлари бу нарсага кафил экан?
41. Ёки уларнинг шериклари бормикин, агар ростгўй бўлсалар, ўша шерикларини ҳам олиб келсинлар.
Бу оятдаги «шериклар» лафзи икки хил маънони англатади. Шунга биноан оятнинг маъноси ҳам икки хил бўлади.
Биринчиси, «шериклар»дан мурод бут-санамлар. Яъни, ўша охиратда мусулмонлар бошқалар билан бир хилда бўлади, деб эътиқод қилаётганларнинг бут-санамлари шуни ўргатган бўлса, уларни олиб келишсин.
Иккинчиси, «шериклар»дан мурод мазкур эътиқоддаги (бутларга сиғинувчи) бошқа мушриклар бўлса, уларни олиб келсинлар.
Ҳозирги кундаги кўплаб молдор, мансабдор кишилар ўзларини худди юқоридаги оятларда васф қилинган мушрикларга ўхшаб тутадилар. Уларнинг гап-сўзлари, ишларига қараб, буларнинг қиёматда, албатта, жаннатга тушасан, деган ҳужжатлари бормикан, деб ўйлайди киши. Аслида эса, уларда ғурур, мақтаниш, дунёга берилиш ва охиратни унутишдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Улар ҳаётда барча нарсани молу дунё ёрдамида қилиб юриб, молу дунё бўлса ҳамма нарсани қилиш, ҳамма нарсага эришиш мумкин, деб ўйлашади.
Ҳолбуки, охиратда ҳаромдан топган молу дунёлари ўзларининг бошларига етган бало бўлади. У пайтдаги ҳукм инсоннинг иймон ва эътиқоди, бу дунёда қилган яхши амалларига қараб чиқарилади. Шунинг учун ҳам, келаси оятда ўшандоқ мағрурланиб юрувчиларнинг қиёматда қандоқ бўлишининг васфи келади.
42. Болдирлар шимарилган кунида ва улар саждага чақирилганда, қодир бўлмаслар.
Арабларда қийин ҳолдаги машаққатли пайтни, болдирлар шимарилган пайт, деб аталади. Яъни, оғир ҳолатда қолиб қочиб қутулишга уринган одам ҳалақит бермасин, деб иштонини шимариб, болдирини очиб олади. Қиёмат куни эса энг шиддатли кундир. Ўша кунни бу дунёда ғўддайиб, ғурур билан молу дунёси ва мансабига ишониб, охиратни унутиб ўтганлар сажда қилишга чақириладилар. Аммо азобдан қўрқиб улар ҳарчанд уринсалар ҳам сажда қила олмайдилар, хижолат устига яна хижолат бўладилар. Уларнинг бу ҳолати келаси оятда янада батафсил васф қилинган:
43. Уларнинг кўзлари қўрқинчга тўла, хорлик ўраб олган. Ва дарҳақиқат, улар саломатлик ҳолларида сажда қилишга чақирилган эдилар.
Ҳа, бу дунё ғурур ва манманликни четга қўйиб, вақтнинг борида сажда қилиб, охират хижолатлигидан ўзини сақлашга замин тайёрлаш керак.
44. Бу гапни ёлғонга чиқарувчиларни Менинг Ўзимга қўйиб қўй. Биз уларни ўзлари билмаган тарафдан аста-секин оламиз.
Яъни, Аллоҳ таолонинг даргоҳи кенг, Ўзига куфр келтирганларни ҳам, гуноҳкорларни ҳам тек қўйиб қўяди. Дарҳол азоблашга ўтмайди, балки аста-секин азоблайди. Кишилар эса ўз қадрини молу дунё, мансаб билан ўлчайди. Менинг фазлим бўлмаса, шунча бойлигим бўлармиди, шунчалик мансабга кўтарилармидим, деб ўйлайдилар. Охиратни унутадилар. Аллоҳ эса шошилмайди, мағрур банда ҳар гал гуноҳ қилганда унинг бойлигини ёки мансабини ошириб  қўяди. Натижада банданинг айби кўпайиб боришига қарамасдан, ўзининг қаёққа кетаётганини сезмайдиган бўлиб қолади ва оқибати оятда зикр қилинган ҳолатга тушиб қолади.
Уламоларимиз, аста-секин олишнинг бир тури шулки, гуноҳкор бир гуноҳ қилганда Аллоҳ унинг мартабасини бир поғана ошириб қўяди ва шундоқ қилиб у ўзининг ҳалокатли ҳолатга дучор бўлганини ўзи сезмай қолади, дерлар.
45. Ва уларга муҳлат бераман, албатта, Менинг ҳийлам метиндир.
Яъни, уларни бир муҳлат қўйиб қўяман. Умрларини узун қиламан, токи гуноҳлари зиёда бўлсин.
«албатта, Менинг ҳийлам метиндир».
Яъни, менинг кофирлардан ўч олишим кучли, шиддатлидир.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда: «Албатта Аллоҳ золимга муҳлат беради. Қачон тутганда эса, у қочиб қутила олмайди», дейилган.
Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг кофир ва осийларни дархол жазоламай, балки яхшилик қилиб тек қўйиб қўйишини ҳийла, деб номланмоқда, чунки, бу иш ҳийла шаклида бўлмоқда. Шунингдек, бу ишни бошқа жойда даражама даража олиш, деб ҳам номланган.
Ўша кофир, золим ва осийларга бериладиган кенг ризқлар, узун умрлар, бадан офияти ташқаридан яхшилик бўлиб кўринади. Ичкаридан эса балодир. Чунки, асосий мақсад уларни ўшалар туфайли иқоб ва азобга олишдир.
46. Ёки сен улардан ҳақ сўраяпсану, улар қарзга ботиб қолдиларми?
Яъни, уларниг динни қабул қилмасликларининг сабаби нимада? Ёки сен улардан динни тарғиб қилганинг учун ҳақ тўлашни талаб қиляпсану улар молиявий жиҳатдан қийналиб, қарзга ботиб қолганлари учун кўнмаяптиларми, дея Пайғамбаримизга хитоб қиляпти Аллоҳ таоло.
47. Ёки ҳузурларида ғойиб илми бору улар ёзиб оладиларми?
Бу ҳам аввалги оятдаги саволнинг давоми. Уларнинг ғойибни билишлари Ҳақни қабул қилмасликка чорлайдими?!
Шу ерга келганда мушриклар ҳақидаги гаплар тугайди ва Аллоҳ Ўз Пайғамбарига тасалли беришга, сабрга чақиришга, Юнус Пайғамбарга ўхшаб ўз қавмини тарк этиб кетмасликка ўтади.
48. Роббинг ҳукмига сабр қил ва бир вақтлар ғамга тўлган ҳолда нидо қилган балиқ соҳибига ўхшама.
«Балиқ соҳиби»дан мурод Юнус алайҳиссалом. У зот ўз қавмига аччиқ қилиб уларни ташлаб чиқиб кетганлари, кемада кетаётиб қуръага тушиб денгизга отилганлари, балиқ ютиб юборганда унинг қорнида туриб Аллоҳга ёлборганлари ҳақида бошқа суралардан батафсил маълумотлар олганмиз. Бу оятда эсаАллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга саркаш қавмга аччиқ қилмай, сабр ила даъватни давом этдирмоқ кераклигини байн қилиш учун қисқа эслатма тарзда сўз юритмоқда.
Кейинги оятда Юнус алайҳиссаломнинг қиссалари баёни давом этади.
49. Агар уни Роббисининг неъмати топмаганда, очиқ саҳро жойга, мазамматга қолган ҳолда ташланган бўларди.
50. Бас, уни Роббиси танлаб олди ва солиҳ бандаларидан қилди.
Яъни, агар Юнус алайҳиссаломни Аллоҳнинг неъмати излаб топмаганида, у киши ўзларини ютиб юборган балиқ томонидан очиқ саҳрога, мазамматга қолган ҳолда ташланган бўлар эдилар.
Юнус  алайҳиссаломнинг қиссалари бошқа сураларда ҳам келган, уларни умумлаштириб, қисқача бўлса ҳам қиссани аввалдан эслатиб ўтсак, бу оятларни ҳам тўлиқ тушинишга ёрдам берар.
Лекин Аллоҳ таоло у кишига раҳм кўрсатди. Балиқ озор етказмай қорнидан қирғоққа чиқариб қўйди. Беҳуш ётганларида устиларида сербарг ошқовоқ соя солиб турди. Аллоҳ у зотни ўзининг солиҳ бандаларидан қилди.
ЮНУС АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИ
Юнус алайҳиссалом Аллоҳнинг Пайғамбарларидан биридур. У кишини Роббил оламин Ироқнинг Мусил вилояти яқинидаги Найнаво деган жойга Пайғамбар қилиб юборган. Ўша пайтда у ернинг аҳолиси турли санамларга ибодат қилишар ва ҳар хил гуноҳ ишлар билан банд эдилар. Юнус алайҳиссалом уларни Аллоҳга иймон келтиришга, гуноҳ ишларни тарк қилишга даъват қилдилар. Лекин улар бу даъватни қубул қилмай, ўзларининг фисқу фасодид ишларида давом этдилар. Юнус алайҳиссалом уларни маълум муддатдан сўнг Аллоҳнинг азоби нозил бўлишидан огоҳлантирдилар. Кўнмаганларидан сўнг, аччиқлари чиқиб, мен ўз вазифамни адо этдим, энди гуноҳкорлар ичида қолмаслигим керак, деган эътиқодга бориб шаҳарни ташлаб чиқиб кетдилар. Бу ишни ўзларича, шуниси тўғри, деган фикрла Аллоҳнинг изнисиз қилдилар, юриб-юриб денгиз соҳилига етиб бордилар. Бир кема жўнаш олдида турган экан, унинг эгаларидан ўзларини бирга олиб кетишларини сўраган эдилар, улар рози бўлиб у кишини кемага чиқариб олдилар.
Кема денгизга чиққанда бирдан шамол туриб, довул бошланди. Тўлқин кучланиб, кема ғарқ бўлиши хавфи туғилди. Кемачилар ҳам йўловчилар ҳам қўрқиб даҳшатга тушадилар. Тўпланиб, маслаҳат қилишади. Баъзилари, ичимизда гуноҳкор киши бор, шунинг учун ноқулай ҳолга қолмоқдамиз, дейишди. Маслаҳат қилиб, охири қуръа ташлаб, кимнинг чекига тушса, ўша одамни қурбонлик учун денгизга ташлаб юборишга қарор қилишди. Қуръа Юнус алайҳиссаломга чиқади ва у кишини денгизга ташлаб юборишади.Аллоҳ таолонинг амри билан у кишини улкан балиқ ютиб юборади ва ҳазм қилмасдан қорнида олиб юради. Шунда Юнус алайҳиссалом хатоларини тушуниб, балиқнинг қорнида туриб ёлбориб, зорланиб Аллоҳга дуо қиладилар.
Аллоҳ таоло дуоларини ижобат қилиб, балиққа амр қилади ва у Юнус алайҳиссаломни  озор етказмасдан очиқлик жойга олиб чиқиб ташлайди. Юнус алайҳиссаломнинг баданлари балиқнинг ичида оқ ем бўлган эди, беҳуш ётиб қоладилар. Аллоҳ раҳм қилиб офтобдан зарар етмаслиги учун у кишининг устларига соя солиб турувчи сербарг ошқовоқни ўстириб қўяди. Ушбу ҳолатда бир муддат ётиб, соғайиб ўзларига келадилар.
Аллоҳ таоло у зотга ўз қавмлари олдига бориш учун фармон беради. Улар Юнус алайҳиссалом кетиб қолгач, азобнинг бошланиши зоҳир бўлгандан сўнг, хатоларини тушуниб тавба қилишга ўтган эдилар. Азобни қайтаришни Аллоҳдан сўраб ёлборадилар. Улар юз мингдан кўпроқ киши эди. Юнус Пайғамбар улар ҳузурига қайтиб, барчаларини иймонга чақирадилар. Аллоҳ барчаларини ҳидоятга бошлайди.
Келгуси оятларда Аллоҳ таоло яна Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитоб қилади.
51. Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўлдилар ва, албатта, у жиннидур, дерлар.
Эй Пайғамбар! Кофирлар Қуръонни тинглаётиб сени ўз назарлари билан йиқитиб юборишни хоҳлайдилар. Шу билан бирга сени жинни ҳам дейдилар.
«Кўз билан тойдириш»нинг икки хил маъноси бор.
Биттаси-адоват ва душманлик назари билан ҳақ йўлдан тойдириш, адаштириш. Кофирлар Пайғамбар алайҳиссаломга маънавий зарар етказишни хоҳлаганлар.
Иккинчиси эса-кўз теккизиш билан Пайғамбар алайҳиссаломга жисмоний зарар етказиш, у кишини йиқитиш, ҳалок қилиш маъноси.
Бу оятнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги ривоятларда, мушриклар Қурайш қабиласида кўзи бор бир кишини олиб келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга ёмон кўз билан қаратиб зарар етказмоқчи бўлганлар.
Шундоқ кўзли одамлар Бани Асад қабиласида бўлар экан.
Агар улардан бирортаси семиз туяни кўрганда ёмон кўз билан қараб қўйиб, «ҳой қиз, идишни олиб бориб манавининг гўштидан олиб кел», деса, туя тезда касал бўлиб йиқилар, эгаси уни сўйиб юборишга мажбур бўлар экан.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадиси шарифларида: «Кўз ҳақдир, у туяни қозонга, одамни қабрга киритади», деганлар.
52. Ҳолбуки, у бутун оламларга эслатмадан ўзга нарса эмас.
Бир неча марта такрорлаб айтганимиздек, бу сураи карима Қуръони Каримнинг энг аввалги сураларидандир. Ўша пайтда мусулмонлар жуда ҳам оз, заиф ҳол, қўлларидан ҳеч нарса келмай турган пайти эди. Мушриклар эса қувватли, ҳамма имкониятлари бор, тезда мусулмонларни йўқ қилиб ташлаймиз, деб туришган эди.
Шундай пайтда Қуръонни «бутун оламлар учун эслатма» дейишлик фақат Аллоҳ таоло тарафидан бўлиши мумкин, холос. Бу Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканлигига яна бир ёрқин далил.
Мазкур башорат Пайғамбар алайҳиссаломниг вафотларидан бир неча йиллар ўтиб рўёбга чиқди. Ислом дини дунёнинг барча тарафларига тарқала бошлади ва ҳозир ҳам тарқалмоқда.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase