065. Талоқ сураси
- Душанба, Май 13 2024
- 150 марта кўрилди
(Мадинада нозил бўлган, 12 оятдан иборат.)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллох номи билан (бошлайман)
1. Эй Набий! Агар аёлларни талоқ қиладиган бўлсангизлар, уларни иддалари учун талоқ қилинглар ва иддани ҳисобланглар ва Аллоҳга тақво қилинглар. Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқмасинлар, илло, очиқ-ойдин фоҳиша иш қилсалар (чиқарилурлар). Ва ана шу нарсалар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳнинг чегарасидан чиқса, ҳақиқатда у ўзига зулм қилибди. Сиз билмайсизки, шояд Аллоҳ ундан кейин бирор ишни пайдо қилса.
Аллоҳ таолонинг «Эй Набий! Агар аёлларни талоқ қиладиган бўлсангизлар, уларни иддалари учун талоқ қилинглар» оятида тақдирий сўзлар мавжуд. Валлоҳу аълам! Яъни Аллоҳ таоло: «Эй Пайғамбар, умматингизга айтинг: «Агар аёлларингизни талоқ қилишни хоҳласангиз, уларни иддалари учун талоқ қилинглар», демоқда. Оятда ташлаб юборилган сўзлар борлигига далил шуки, кейинги хитобнинг барчаси кўплик шаклида келди. Яъни Аллоҳ таоло: «Агар аёлларни талоқ қиладиган бўлсангизлар, уларни иддалари учун талоқ қилинглар», деб айтди.
Ёки хитоб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилиб, ундан уммати Муҳаммадия ирода қилинаётган бўлиши мумкин. Бундай ҳолат Қуръонда кўп учрайди.
Сўнг Аллоҳ таолонинг «уларни иддалари учун талоқ қилинглар» ояти «идда учун талоқ қилиш»га амр бўлиб, лекин «идда учун талоқ қилиш» қандай бўлиши баён этилмади. Қироатларнинг бирида [фа толлиқуҳунна лиқубли иддатиҳинна] (уларни иддаларининг аввали) тарзида келган.
Бунинг қандай (талоқ) экани баён этилмагани Набий алай-ҳиссалом уни инсонларга баён қилиб берганлари ва улар буни билиб олганлари учун бўлиши мумкин. Ёки бунинг баёни инсонлар ижтиҳод орқали топишлари учун уларнинг ўзига қўйиб берилган бўлиши ҳам мумкин.
Оятнинг [лиқубли иддатиҳинна] қироатига келсак, унинг маъноси «уларни иддаларининг аввали(да талоқ қилинглар)» бўлиши мумкин. Шунингдек, «қубл» сўзи «муқобала»дан олинган бўлиб, идданинг муқобили бўлган ҳайз назарда тутилган бўлиши мумкин. (Шофеъийлар каби) кимдир идда поклик орқали бўлади деса, (бу қироатда келган) «қубл» сўзини покликнинг аввалидан киноя қилади. (Ҳанафийлар каби) кимдир уни ҳайз билан идда ўтиради деса, «қубл» сўзидан идданинг муқобилидаги ҳайзни назарда тутган бўлади.
Энди биз қайси таъвил яқинроқ эканига назар солишимиз керак. Уламолар яқинлик қилинмаган покликнинг охирида талок қилиш мумкинлигига ижмо қилганлар. Демак, «қубл»нинг таъвили идданинг муқобили бўлиши тўғрироқдир. Бу эса ҳайздир. Ҳайз орқали идда ўтириш тўғрироқ бўлади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «...иддани ҳисобланглар» ояти икки маънода бўлиши мумкин. Биринчиси, идда вақтидаги ҳақ-ҳуқуклар, ҳукмларга риоя қилинглар ва уни адо қилинглар. Иккинчиси, кўпайиб, камайиб кетмаслиги учун саналаётган ҳайзнинг муддатига риоя қилинглар.
Шунингдек, оятда «ҳисобланглар» деб эркакларга мурожаат қилинганини ҳам икки маънода тушуниш мумкин. Биринчиси. ҳақларни адо этиш ва таъминот зиммасига юклатилган шахслар эркаклар, деган маънода бўлиши мумкин. Иккинчиси, идда вактида фарзандларни ҳар томонлама таъминлаш масъулияти эрлар зиммасида деган маънода бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам
«Аллоҳга тақво қилинглар. Уларни уйларидан чикарманглар ва ўзлари ҳам чиқмасинлар, илло, очиқ-ойдин фоҳиша иш қилсалар (чиқарилурлар)». Оятдаги «уйларидан» деган сўзи (ҳанафий) асҳобларимизнинг «фалончининг уйига кирмасликка қасам ичган инсон» фалончининг ориятга(Бирор нарсани ижара ҳақисиз текинга фойдаланишга олиш.) ёки ижарага олган уйига кириш билан қасамига ҳонис(Қасамни бузувчи.) бўлиши ҳақидаги ҳукми тўғри эканига далил бўлади. Бунинг изоҳи шуки, уйнинг ха қиқий эгаси эрлар бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло оятда уни аёлларга нисбат қилмоқда. Зеро, қуйидаги оятга назар солинг «У (аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг» (Талоқ сураси, 6-оят). Шунингдек, Аллоҳ таоло «Уларни уйларидан чиқарманглар» деб айтди. Демак, Аллоҳ таоло «уйларидан» деган сўзи билан «эрлар уларга жой қилиб берган уйлар»ни назарда тутган. Бу нисбат тўғри бўлса, у мазҳаб(имиз)нинг масаласи тўғрилигига ҳам далолат қилади.
Имом Шофеъий: «Фалончининг масканига кирмасликка қасам ичган киши, унинг ориятга фойдаланаётган уйига кирса, ичган қасамига ҳонис бўлади. Лекин «фалончининг уйига кирмайман» деб қасам ичган киши бу ҳолатда қасамига ҳонис бўлмайди. Имом Шофеъий биринчи ҳолатга изоҳ бериб, «масканга кирмайман» деб қасам ичган кишида, ҳақиқий яшайдиган жой топилди, шу боис у қасамига ҳонис бўлади, деган. Бу қасамнинг бузилишига далил бўлса, маскан тутиш маъноси топилгани учун, «маскан»га кириш билан қасами бузилганидек, уйда ҳам «тунаш» маъноси топилгани учун уйга кириш билан қасам бузилиши керак бўлади. Бундан ташқари, «уйга кирмайман» деб ичилган қасамнинг бузилиши масканга ичилган қасамга нисбатан аниқроқдир. Чунки Аллоҳ таоло аёллар эрнинг уйида ориятга яшаётган бўлсалар ҳам, уйларнинг нисбатини «уларнинг уйлари» деб аёлларга берган. Бу эса масканда учрамайди. Валлоҳу аълам!
«Илло, очиқ-ойдин фоҳиша иш қилсалар (чиқарилурлар)» оятидаги [мубаййина] сўзи [мубаййина] ва [мубайяна] тарзида қироат қилинган.
Баъзи муфассирлар «илло» сўзини «уларни уйларидан чиқарманглар» жумласидан истисно қилганлар ва шу маънога йўйганлар. Баъзилар эса уни «ўзлари ҳам чиқмасинлар» жумласига истисно қилган. Мазкур ҳар бир кўринишнинг икки жиҳати бор.
Ким истиснони «чиқарманглар» жумласига тегишли қилса, «илло» сўзини (ҳақиқий) истисно маъносида қўллаган бўлади. Мазкур истиснонинг икки маъноси бор: биринчиси, уларни чиқарманглар, илло очиқ-ойдин фаҳш, яъни зино қилган бўлсаларгина, уларга ҳад (жазо) берилиши учун чиқаринглар. Иккинчиси, уларни уйдан чиқарманглар, илло эрнинг қариндошларига уларнинг тили заҳарлиги маълум бўлса, шу сабабли уларни чиқаринглар.
Ким истиснони «ўзлари ҳам чиқмасинлар» жумласига тегишли қилса, «илло» сўзи «лекин» маъносида бўлади. Чунончи, қуйидаги оятда шундай дейилади:
«Улар у ер (жаннат)да лағв эшитмайдилар, илло саломни (эшитадилар)» (Марям сураси, 62-оят), яъни «Улар у ер (жаннат)да лағв эшитмайдилар, лекин саломни (эшитади-лар). Чунки «салом» сўзи «лағв»нинг таркибига кирмаганлиги учун уни «лағв» сўзидан истисно қилиш тўғри бўлмайди. «Ўзлари ҳам чиқмасинлар, илло, очиқ-ойдин фоҳиша иш қилсалар...» ояти ҳам худди шу маънода бўлади. Шунда оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: «Улар чиқмасинлар, лекин чиқсалар, уларнинг чиқиши фаҳш иш бўлади». Шу маъно оятдаги қайтариқ бир жойдан иккинчи жойга кўчиб ўтишга эмас. балки «чиқиш» сўзининг ўзига тегишли бўлади.
Бунинг бошқа маъноси шундай: «Ўзлари ҳам чиқмасинлар, илло, очиқ-ойдин фоҳиша иш қилсалар...», яъни «улар уйдан ташқарига чиқсалар, фаҳшга қўл уриб қўйиш хавфи бўлади». Чунончи, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «Қайси кул хўжайинининг изнисизуйланса,узинокордир». Ҳадиснинг маъноси шундай: «У уйланиб, жимо қилса, зинокор бўлади». Лекин ҳадисда қул мавлосининг изнисиз никоҳланишдан қайтарилмоқда. Чунки қул никоҳланиб олганидан кейин яқинлик қилиб, зинога қўл уриб қўйиши мумкин Аслида, қулнинг уйланишининг ўзи зино ҳисобланмайди. Худди шунингдек, «Ўзлари ҳам чиқмасинлар, илло, очиқ-ойдин фоҳиша иш қилсалар...» оятидаги қайтариқ ҳам чиқишнинг ўзи учун эмас, балки умумий фаҳш ишга сабаб ва унга олиб борувчи йўл бўлгани учун зикр этилмоқда.
Сўнгра, ким сўзининг ўрта ўзагини касра билан «мубай-йина» (баён қилувчи) деб ўқиса, унинг маъноси шундай бўлади: «Киши у борада тафаккур юритиб, назар солса, унга ўша ишнинг фоҳишалиги аён бўлади». Ким уни «мубайяна» (баён бўлган) тарзида, ўрта ўзагини насб билан ўқиса, ундан «ҳужжат ва далиллар билан баён қилинган» деган маъно тушунилади.
Аллоҳ таолонинг «Ва ана шу нарсалар Аллоҳнинг чегараларидир» оятидаги «чегаралар» деб таржима қилинган сўз шариатдаги «босиб ўтиш мумкин бўлмаган «қайтариқлар» маъносини англатади. Шунинг учун ҳам темирчини араблар «ҳаддод» дейишади. Чунки у ясаётган нарсасининг белгилан-ган чегарадан ўтишини тўсиб қўяди.
[ал-ҳадду] сўзи аслида «ниҳоя, ундан нари ўтиб бўлмайдиган жой, чегара» деган маъноларни англатади. Шундай экан, таъвил аҳли хоҳласа, «уни тоат ва маъсият ўртасидаги чегара» маъносида ёки (хоҳласа) «ҳалол ва ҳаром ўртасидаги чегара» маъносида тушунади. Аллоҳ таоло ушбу оятда турли қайтариқларни зикр қилиб, уларнинг барчасини «ҳудуд», яъни «чегаралар» деб атади.
«Ким Аллоҳнинг чегарасидан чиқса, ҳақиқатда у ўзига зулм қилибди», яъни ўзига зарар қилибди. Оят «Агар у Аллоҳ таолонинг чегарасидан ўтса, у ўзини Раббиси қўймаган жойга жойлабди» деган маънони англатиши мумкин. Зеро, «зулм» деб ҳам бир нарсани ўз ўрнидан бошқа жойга қўйишга айтилади.
Оятнинг бошқа таъвили шунда: «Ким Аллоҳнинг наҳйилари ва қайтариқларидан четга чиқса, ўзига зулм қилибди», бўлади. Бунинг далили шуки, қайтариқ ва наҳйиларнинг фойдаси ёки зиёни Аллоҳ таолога эмас, балки имтиҳондаги бандага тегишлидир».
Аллоҳ таолонинг «Сиз билмайсизки, балки Аллоҳ ундан кейин бирор ишни пайдо қилар» ояти «хотинини талоқ қилмасин. Чунки талоқ қилса, шундан кейин Аллоҳ таоло аввал қилиб ўтган ишига надоматни пайдо қиладими ёки рағбатни, билмайди-ку», деган маънони англатади. Демак, оятда талокдан қайтариққа далил бор.
Ҳикматга кўра, талоқнинг ўзи кароҳиятли иш эканини баён қилдик. Яъни талоқ бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган ибодат эмас. Шунингдек, у манфаатли, лаззатланадиган иш эмаски, ундан фойдаланилса! Балки талоқдан мақсад одоб бериш ёки халос бўлдиларр. Бир талоқ (бирдан кўпига) ҳам кифоя қилади. Оятда талоқнинг ўзидан ҳам, бирдан юқори талоқдан ҳам қайтариққа далолат бор. Валлоҳу аълам!
Агар «Сиз билмайсизки, балки Аллоҳ ундан кейин бирор ишни пайдо қилар» оятининг таъвили ўтган ишга рағбат ёки надомат маъносида бўлса, демак бу мўътазилийларнинг эътиқоди ботил эканига далил бўлади. Чунки рағбат ёки надомат банданинг феъли ҳисобланади. Аллоҳ таоло эса мазкур оятда уни Ўзига нисбат қилмоқда. Шундай экан, демак бандаларнинг феълларини пайдо қилишда Аллоҳ таолонинг яратиши ва Унинг тадбири мавжуддир. Валлоҳу аълам!
Имом Шофеъийнинг асҳоблари: «Уларни иддалари учун талоқ қилинглар» сўзи талоқнинг сонини эмас, балки унинг вақтининг таълимига далолат қилади. Инсон мазкур вактда хоҳлаган сонда талоқ қилиши мумкин», дейдилар. Бу тўғри эмас. Чунки ушбу жумланинг таъвили қуйидаги икки маънодан бири билан тўғри бўлади: бандалар ўртасидаги одатий маънога кўра бўлиши мумкин ёки ҳикмат тақозосига кўра тушунилган маънога кўра бўлиши мумкин. Аллоҳ таолонинг «Уларни иддалари учун талоқ қилинглар» сўзидан тушуниладиган мазкур икки маънодан ҳам «уч» сони англашилмайди.
Бир киши бошқасига: «Хотинимни талоқ қил» деб вакил килса, унинг уч талоқ қилиши мумкин эмас. Лекин вакил қилувчи уч талоқни ният қилган бўлса, мустаснодир. Демак, одатга кўра, талоқ лафзидан уч талоқ тушунилмайди. Ҳикматга кўра, айтиб ўтганимиздек, талоқ қурбат ҳосил қилинадиган ибодатлардан эмаски, яқинликни зиёда этаман деб унинг сонини кўпайтиришга рағбат қилинса! Шунингдек, у лаззат оладиган нарсалардан ҳам эмаски, кўпроқ фойдаланиб қолай деб, сони зиёда қилинса! Талокдан мақсад одоб бериш ёки халос бўлдиларр. Бундай ҳолатда рухсат этилган микдордан фойдаланилади, холос. Рухсат этилган ҳукмларда рухсат микдоридан кўпайтириб юборилмайди.
Биз айтган нарса собит бўлса, Аллоҳ таолонинг «Уларни иддалари учун талоқ қилинглар» сўзидан «уч талоқ»ни тушуниш мумкин эмас. (Бу ўринда) ададнинг таълими вақтнинг таълимидан кўра муносиброқдир. Чунки талоқ қилиш учун белгиланган вақтдан ўтиб кетишнинг зарари йўқ. Лекин, шубҳасиз, талоқнинг ададидан ўтиб кетиш ва унга зиёда қилиш билан зарар етиши мумкин. Валлоҳу аълам!
«Уларни иддалари учун талоқ қилинглар» сўзидан кўзланган маъно уч талоқ эмаслигига далил «улар муддатларига етсалар, яхшилик билан ушланглар» оятидир. Шубҳа йўқки, агар аёлга уч талоқ қўйилса, эр уни ушлаб туришга ҳақли бўлмайди. Шунингдек, маълумки, «улар муддатларига етсалар, яхшилик билан ушланглар» оятида «уларни иддалари учун талоқ қилинг» оятида ўтган талоқ назарда тутилган. Агар бу оятдан кўзланган маъно уч талоқ бўлганида, «улар муддатларига етсалар, яхшилик билан ушланглар» оятида маъно қолмас эди. Валлоҳу аълам!
2. Бас, улар муддатларига етсалар, яхшилик билан ушланглар, ёки яхшилик билан ажралинглар ва сизлардан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар. Бундан Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган шаҳс ваъзланади (фойда олади). Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр.
3. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатда, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйган.
Аллоҳ таолонинг «Бас, улар муддатларига етсалар, яхшилик билан ушланглар ёки яхшилик билан ажралинглар» оятида фиқҳ ва ҳукмларга доир турли фойда ва далиллар бор. Улардан бири шуки, Аллоҳ таоло: «Бас, улар муддатларига етсалар, яхшилик билан ушланглар ёки яхшилик билан ажралинглар», деб айтди. Урфда аёлларга амалда яхшилик қилиш сўз билан яхшилик қилишдан кўра яхшироқдир. Чунки эркак киши аёлига яхшилик, хайр-эҳсон тарзида гўзал муомала қилади. Бу эса амалий яхшиликдир. Демак, маъруф йўл билан ушлаб колишнинг моҳияти амалий бўлади. Шунинг учун биз: «Эр аёлига амалий қайтса (ражъат қилса), аёлига қайтган бўлади», деймиз.
Аллоҳ таоло оятда: «...сизлардан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар», демоқда. Ҳолбуки, феълий ишларга гувох қилиш тўғри эмас-ку? Унинг жавоби шундай бўлади: «Аллох таоло: «...гувоҳ қилинглар», деб айтди. Маълумки, бу гувохлар ҳузурида бўлса, «гувоҳ қилиш»га ҳеч қандай маъно кол-майди. Балки, улар буни эшитишса, гувоҳ қиладими ёки кил-майдими, улар ўз-ўзидан гувоҳ бўлиб қоладилар. Шундай экан. гувоҳ қилиш амри оят аввалидаги «яхшилик билан ушланглар» сўзига тегишли экани собит бўлади. Бундай гувоҳ қилиш феълларда тўғри бўлади». Валлоҳу аълам!
Яна бошқа бир жиҳати, гувоҳларсиз дуруст бўладиган би-тимларда ҳам гувоҳ қилишга амр этилган. Жумладан, «Агар олди-сотти қилсангизлар, гувоҳ қилинглар!» (Бақара сураси, 282-оят), дейилган.
Шунингдек, дуруст бўлиши учун гувоҳ шарт қилинган битим-ларда «Фақат гувоҳлар билан бўлади», деган жумла ишлатилган. Бунга Пайғамбаримизнинг: «Никоҳ фақат гувох,лар билан бўлади», деган сўзлари мисол бўлади. Мазкур оятда «...сизлардан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар» деб гувоҳ қилиш (шартсиз) амр бўлиб келган бўлса-да, унинг гувоҳларсиз ҳам амалга ошиши мумкинлиги ойдинлашади. Валлоҳу аълам!
Сўнг Аллоҳ таолонинг «Бас, улар муддатларига етсалар, яхшилик билан ушланглар» оятидаги «қуръ» лафзидан унда «ҳайз» назарда тутилгани англашилади. Зеро, бундай маъно Аллоҳ Каломининг бир неча оятларида зикр этилган. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай деган:
«Муддатлари етганида ўзлари ҳақида яхшилик билан қилган ишларида сизга гуноҳ йўқ» (Бақара сураси, 234-оят).
Бошқа бир оятда бундай дейилади:
«(Хотинларни талоқ қилганингизда,) муддатлари етганида, эрларига қайта никоҳланишларини ман қилиб, қийинлаштирманг» (Бақара сураси, 232-оят).
Бу ўринда эса «Улар муддатларига етсалар, яхшилик билан ушланглар ёки яхшилик билан ажралинглар», дейилмоқда.
Маълумки, бу сўзларнинг талқини бир хил бўлса-да, маънолари турличадир. Турличалиги шундаки, уларнинг бирида «муддати етиш»дан «муддати тугаши ва ниҳоясига етиши», иккинчисида эса, «муддати тугай деб қолиши» маънолари назарда тутилган. «Муддати тугай деб қолиши» маъносидаги оятлар эрнинг манфаатига тегишли бўлиши муносиброкдир. Чунки эркак (идда) муддат тугашидан олдин аёлни (никоҳида) олиб қолиш ҳуқуқига эгадир. (Идда) муддати тугашидан олдин аёлни қайтариб олишга эр ҳақлироқ бўлади, (идда) муддати тугаганидан кейин эса бундай бўлмайди. Демак, Аллоҳ таолонинг «Улар муддатларига етсалар...» оятидан «муддати тугай деса», «ниҳоясига етай деса» маънолари назарда тутилган экан, ундаги «қуръ» сўзи «ҳайз» маъносида экани маълум бўлади. Чунки ундан «поклик» маъноси кўзланганида (идда) муддати тугашига оз қолгани билинмас эди. Зеро, шариатда покликнинг кўпининг чегараси йўкдир. Ҳайзнинг чегараси маълумдир. Чунки унинг кунлари ўн кун ёки ундан камроқ бўлади. У ўн кун бўлса, саноқ билан билинади, ундан оз бўлса, (ҳайз) тўхтагач, ғусл қилишидан олдин эр аёлга қайтади. Бу аёл иддасининг тугашига яқин вақтдир. Поклик деб олинса, биз айтган маъно зоҳир бўлмай қолади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таоло Оятда «...яхшилик билан ушланглар» деди. Оятдаги аёлни (никоҳида) олиб қолиш буйруғи модомики аёл иддада экан, у зоҳиран эркакнинг мулкида эканига далолат қилади.
Бошқа бир оятда эса бундай дейилган:
«Уларнинг эрлари уларни қайтариб олишга ҳақлирокдирлар» (Бақара сураси, 228-оят). Ушбу оят эр-хотин ўртасига ажрим тушгани, шу сабабли аёлни қайтариб олиш амр этилганига далолат қилади. Бу Имом Шофеъийнинг ражъий талок яқинликни ҳаром қилади, деган сўзига ҳужжат бўлади. Лекин бизнинг наздимизда оятнинг маъноси, валлоҳу аълам, бундай бўлади: «Талоқ қилганидан кейин Аллоҳнинг «...улар билан ажралинглар» деган сўзидан билдикки, ўша пайтнинг ўзида ажрим тушишини Аллоҳ таоло ирода қилмаган. Лекин оят: «Уларни иддаси тугагунича тарк қилинглар, шунда улар билан ажраласизлар» деган маънода бўлади.
Талок сабабли эр-хотин ўртасига ажрим шубҳаси тушди. Ажрим идда тўлиқ тугаганидан кейин амалга ошади. Талоқдан кейин «ажрим» на уёқлик, на буёқлик бўлмагани учун Аллоҳ таоло аёлларни эрнинг қўл остида қолдиришни кўзлаб: «...уларни ушланглар», деди. Шундан кейин талоқ сабабли юзага келган шубҳани кетказиш учун Аллоҳ таоло: «Уларнинг эрлари уларни қайтариб олишга ҳақлироқдирлар», деди.
Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам айни шу маънодадир:
«Хотинларидан ийло қилганлар учун кутиш тўрт ойдир. Агар қайтсалар, бас, албатта, Аллоҳ мағфиратли, раҳмли Зотдир. Ва агар талоқни қасд қилсалар, бас, албатта, Аллоҳ эшитувчи, билувчи Зотдир» (Бақара сураси, 226-227-оятлар [ал-файъу] сўзи - «қайтиш» маъносини англатади. Маълумки, ийло(«Ийло» луғатда «қасам ичиш» бўлиб, шариатдаги маъноси, эрнинг хотинига яқинлик қилмасликка қасам ичишидир.) билан ҳеч қандай ажрим тушмайди. Бироқ, «ийло» натижада боин талоқни тақозо қилар экан, ийло қилинган вақтда ажрим шубҳаси ўртага чиқади. Демак, ийло никоҳ битимини йўққа чиқаради. Оятда, «файъ» (қайтиш) сўзининг зикр этилиши мазкур шубҳани кўтариш учундир. Эр томонидан аёлнинг тарк қилиниши эрнинг талоқ қилиш қасдини аёлга боғлаб қўймайди. Олдинги масала ҳам худди шу кабидир.
[ал-маъруф] - бир инсон сизга яхшилик қилса ва уни сиз яхши деб билсангиз, шунга «маъруф» дейилади. Узингиздан даф этиб, инкор қилсангиз, унга «маъруф» иш дейилмайди. Ёки у (маъруф) идда вақтида аёлга қайтиш ва ажралишдан иборат Аллоҳ таоло бизга ўргатган нарса бўлиши мумкин. «Маъруф» иш деб аслида, қалблар хотиржам бўлиб, ором оладиган ишга айтилади.
Аллоҳ таолонинг «Ва сизлардан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар» оятидаги «сизлардан икки адолатли киши» сўзи биз(мўминлар)нинг орамизда фосиқлар бўлиши ва фосиқлик имондан чиқармаслигига далил бўлади. Шунингдек, «сизлар рози бўладиган гувоҳлар» (Бақара сураси, 282-оят) деган сўзи мўминлар орасида «рози бўлинмайдиган шахслар» борлигига ва рози бўлинадиганлар сафидан чиқиши, уларни имондан чиқармаслигига далил бўлади.
Аллоҳ таоло «Ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар» оятида гувоҳлик нисбатини Узига берди. Маълумки, гувоҳликда икки томондан бирига манфаат ёки зарар етиши мумкин. Гўё Аллоҳ таоло: «Баъзилар шоҳидлиги фойда ёки зиён келтирадиган кишиларнинг розилиги ёки ғазабига қарамасин. Балки гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар», демоқда.
Аллоҳ таолонинг «Бундан Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган шахс ваъзланади (фойда олади)» оятидаги мавъиза, аслида имон келтирган кишига ҳам, имонсиз кишига ҳам тегишли бўлса-да, унинг мазкур оятдаги маъноси қуйидагичадир: «Қилинган мавъизадан Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган шахслар насиҳат оладилар». Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларида ҳам айни шу маъно назарда тутилган:
«Албатта, сиз зикрга эргашган инсонни огоҳлантирурсиз» (Ёсин сураси, 11-оят). Яъни «Зикрга эргашган инсонгина огоҳлантиришдан фойда олади».
«Уни ҳаққини адо этиб тиловат қиладиганлар унга (Қуръонга) имон келтирадилар» (Бақара сураси, 121-оят). яъни «Унинг тиловатидан фойда оладилар». Аввалги сура ҳам айни шу маънода бўлади. Валлоҳу аьлам!
«Бундан... ваъзланади». Яъни ўтган оятда зикри келган идда(ўтирган аёл)нинг талоғи, иддада аёлларнинг уйдан чиқмаслиги, нафакасига доир буйруқлардан ваъзланади. Албатта, Аллоҳга ва охират кунига имон келтирганлар амр ва наҳйини қабул қиладилар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур» ояти борасида айтсак, олдин баён қилинганидек, «тақво» сўзи қўшимчасиз ёлғиз ўзи зикр қилинса, Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларини ўз ичига олади. [ал-бирру] - «яхшилик» ва [ал-иҳсану] - «эҳсон» сўзлари билан зикр этилса, «тақво» бир маънони, «яхшилик» бошқа маънони ифодалайди. Бу оятда «тақво» сўзи ҳеч қандай қўшимчасиз, ёлғиз ўзи келган. Демак, у буйруқлар ва қайтариқларни ўз ичига олади.
Оятнинг маъноси: «Ким ўзига баён қилинган чегараларда Аллоҳга тақво қилса ва уларни бузмаса, баён қилинмаган ва унга шубҳали бўлган чегара (ҳукм)ларда У Зот унинг йўлини очиб қўюр» бўлиши мумкин.
Ёки «Ким Аллоҳ буюрган ва қайтарган нарасаларда Унга тақво қилса, У Зот уни шубҳалардан тўсиб, ҳаром ишлардан узоқ қилиш билан унинг йўлини очиб қўюр» бўлиши мумкин. (Яна ҳам аниқроғи,) «Ким Аллоҳ буюрган ва қайтарган ишларда Унга тақво қилса, яъни жидду жахд қилса, У Зот уни ҳидоят қилиш ва йўл кўрсатиш билан унинг йўлини очиб қўюр» бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
«Бизнинг йўлимизда жидду жаҳд қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз» (Анкабут сураси, 69-оят). Шунингдек, оят «тақвони лозим тутган инсон дунё ва охират яхшиликларига етади», маъносида бўлиши мумкин. Чунки Аллоҳ таоло тақво ва унга яқин сўзларни турли лафзлар орқали зикр қилди. Бир ўринда «Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг йўлини очиб қўюр», деди. Бошқа ўринда эса «Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг ишида осонлик қилиб беради» (Талоқ сураси, 3-оят), деди. Яна бир ўринда «(Ким Аллоҳга тақво қилса), унинг гуноҳларини кечирур ва ажрини кўпайтириб берур» (Талок, сураси, 5-оят деди. Бошқа бир ўринда «Албатта, Аллоҳ тақво қилган ва яхшилик қилувчи зотлар билан биргадир» (Наҳл сураси, 128-оят), деди. Яъни, албатта, Аллоҳ Ўз нусрати, ёрдами, тавфиқи ила гуноҳдан сақланишда тақво қилганлар билан биргадир. Кимга Аллоҳ нусрат берса, унга бирортаси ғолиб бўлмайди, кимни Аллоҳ сақласа, уни бирортаси адаштира олмайди. Инсон ушбу икки хислатга эга бўлса, дунё ва охират яхшилигига эришади.
Оятнинг маъноси «Ким Аллоҳнинг азобидан сақланса, У Зот унга дунёдаги қийинчиликдан, ўлим талвасасидан, охират даҳшатлари ва қийинчиликларидан чиқиш жойини очиб қўюр» бўлиши мумкин. Оят, шунингдек, «Ким касб-корида Аллоҳга тақво қилса, У Зот унга шубҳа ва ҳаром ишлардан чиқиш жойини очиб қўяди ва саломат бўлади» деган маънода бўлиши мумкин. Оят яна, «Ким юқорида мазкур оятларда баён қилинган чегара (ҳукм)ларда Аллоҳга тақво қилса ва буюрилганидек, аёлларнинг суҳбатида чегараларни муҳофаза қилса, У Зот унга аёллар туфайли етадиган ғамни аритиб қўяди», деган маънода бўлиши ҳам мумкин.
«Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур». Бу оят «У баён қилинган шаръий чегараларга риоя қилса, Аллоҳ унга аёл ва бойликни ризқ қилиб берур», деган маънони англатиши мумкин. Бу кенгчилик касбкор, тижорат каби, барча ишларда бўлиши ҳам мумкин. Чунки (айрим) тижоратчилар шубҳа ва ҳаром аралашган тижоратда фойда ва зиёдаликка эришамиз. аксинча бўлса, яъни тижоратга мазкур нарсалар аралашмаса. бу каби фойдага эришмаймиз, деб ўйлайдилар. Аллоҳ таоло хабар бериб, ким ўз тижоратини шубҳа ва ҳаромдан асраса, унга ўйламаган томонидан ризқини кенг қилиб қўйишини айтмокда.
Бу оят кофирларга хитоб бўлиши ҳам мумкин. Сабаби улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтиришса, ризкдан маҳрум бўлиб, тор ҳаёт билан мусибатланамиз, деб ўйлардилар. Бу ҳакда Аллоҳ таоло қуйидаги оятда шундай деган:
«Улар: Агар сен билан ҳидоятга эргашсак, еримиздан юлиб олинамиз» (Қосос сураси, 57-оят). Аллоҳ таоло ислом сабабли хавф қилишаётган нарсадан уларни хотиржам қилмоқда. Улар Аллоҳни ягона деб билсалар, Унинг расулига имон келтирсалар, ўйламаган томонларидан ризкдантирилиб, ушбу ризқни уларга кенг қилиб қўйишини хабар бермоқда. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У Зотнинг Узи кифоядир» ояти «Ким ҳар бир мусибатда У Зотга суянса ва барча ҳолатларини Унга топширса...» деган маънода бўлиши мумкин. Вакил иш топширилган шахсдир. Бир нақлда, «вакил» сўзи сақловчи деган маънони англатади. Гўё Аллоҳ таоло: «Ким ўзига етган мусибатда Аллоҳга суянса, У Зотнинг Узи вакил сифатида унга кифоя қилади, шунингдек, сақловчи, ёрдамчи ва нусрат берувчи сифатида ҳам» деган.
Аллоҳ таолонинг «Албатта, Аллоҳ Уз ишини етказувчидир» ояти «У Узининг ҳукми, ваъдаси ва уларнинг устига туширадиган жазосини охирига етказувчидир», деган маънодадир. «Ўз ишини етказувчидир» ояти «Аллоҳ таоло Расулига етказишни амр қилган рисолатни, умматининг энг охирги жамоасига ҳам худди Расулуллоҳ етказганларидек етказувчидир» маъносида ҳам тушунилади.
«Ҳақиқатда, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйган». Ҳасан (Басрий) айтади: «У Зот бандаларнинг амалларидан ҳар бири учун охиратда ўлчов ва савобни белгилаб қўйган».
Ушбу оятнинг таъвили наздимизда бундай: «Аллоҳ таоло бўлиб ўтган ва қиёмат кунигача бўладиган ҳар бир яхшилик ва ёмонлик учун ҳикматда бир ўлчовни тайин қилган». Бандаларнинг феъллари замон ва маконга нисбатан режалаштирилган тартибда амалга ошаётганига қаранг! Бу билан Аллоҳ таоло ўша маконни, замонни ва феълни тақдир қилгани маълум бўлади. Ҳатто, банданинг феъли Аллоҳнинг тақдирда белгилаган ўлчови билан амалга ошади. Валлоҳу аьлам!
«Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур» оятининг бошқа жиҳати ҳам бор, яъни оят «Барча ризқ деб аталувчи нарсалар бандага ўзи ўйламаган тарафдан берилади» маъносида бўлиши ҳам мумкин. Зеро, ризқ, аслида, инсон қувватланадиган ва озиқланадиган нарсалардир. Бу фақатгина еб-ичишнинг айни ўзи билан эмас, балки таом ва шаробнинг қуввати аъзоларга тарқалиши билан амалга ошади. Бу эса Аллоҳ таолонинг лутфи билан бўлади. Демак, еб-ичишнинг қуввати аъзоларга инсон ўйламаган томонидан етиб бориши собит бўлди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг йўлини очиб қўюр» оятидан «Тақво қилмаганларни ўйламаган томонидан ризқлантирмайди» деган маъно тушунилмайди. Чунки воқеликда тақво қиладими ёки килмайдими, ўйламаган томонидан Аллоҳ ризқлантираётганларни кўрамиз. Оятда (тақводорларни) хослаб зикр этиш (оятда) айтилмаганларни инкор қилиш учун эмас. Балки тақводорларни оятда хослаб зикр қилишининг бошқа фойдаси бор: «Аллоҳ бундай инсонларни покиза ва маломат қилинмайдиган нарсалар билан сийлайди. Лекин бундай пок нарсалар тақвосизларга насиб қилмайди. Мадад Аллоҳдандир!
Аллоҳ таолонинг «Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир» оятида сабабларни тарк қилишга далолат йўқ. Бироқ Аллоҳ таоло инсонларнинг бир-бирларига суянаётганларини, бир-бирларидан мадад сўраётганларини кўргач, асосий мақсад ва нажотни Аллоҳнинг ўзидан сўрашга амр этиб, бу сабабларни ўзларига имтиҳон деб қабул қилишга буюрди. Бу билан бандалар ризқларини фақат сабабларга боғлиқ, деб тушуниб қолмайдилар.
Аллох таолонинг «Аллоҳнинг фазлини талаб қилинглар» (Жума сураси, 10-оят) оятига назар солсангиз, унда Аллоҳ таоло тижоратда Узининг фазлини сўрашга амр қилмокда. Демак, ушбу касбларнинг барчаси бандалар учун Аллоҳ таолонинг фазлига етказадиган сабаблардир. Билингки, бундан банданинг асосий мақсади ва нажоти фақат Аллоҳ таоло эканлиги собит бўлади. Валлоҳу аълам!
Идда борасида уламолар ихтилоф қилганлар. Баъзилари унга «бачадонни поклаш» деб таъриф берганлар. Баъзилар эса: «Никоҳдан кўзланган мақсад (яқинлик) тугал бўлганидан сўнг, унга эргашган ибодатдир» деб изоҳлаганлар. Бу бизнинг наздимизда бир неча жиҳатдан тўғридир. Биринчидан, бачадонни поклаш суннат ва одобга кўра, талоқдан олдин вожибдир. Зеро, аёлини талоқ қилмоқчи бўлган киши, аввал уни ҳайздан поклаб, сўнг талоқ қилиши вожиб бўлади. Идда эса, талоқдан кейин вожиб бўлади. Демак, айтганимиздек, никохдан кўзланган мақсад тугал бўлганидан кейин, у никоҳнинг ортидан қилинадиган ибодатдир. Валлоҳу аълам!
(Иккинчидан,) Агар идда бачадонни поклаш бўлганида, бир ҳайз билан чекланилар эди. Идда уч ҳайз деб белгиланиб, бачадон бир ҳайз билан пок бўлгач, иддадан мақсад ибодат экани маълум бўлди. Валлоҳу аълам!
4. Аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганлари, агар шубҳа қилсангиз, уларнинг иддалари уч ойдир. Ҳайз кўрмаганлариники ҳам. Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомиласини қўймоқликдир. Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг ишида осонлик қилиб берадир.
Оятдаги «Аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганлари...» деган жумла «қуруъ» сўзидан «ҳайз» ирода этилганига далолат қилади. Чунки бизнинг наздимизда, усул қоидасига кўра, нарсалар муштарак исм орқали зикр қилиниб, сўнг унинг бадали зикр қилинганида, хос исм орқали баён этилса, муштарак исмдан кўзланган маъно бадалда зикр қилинган хос маъно бўлади. Зеро, Аллоҳ таолонинг «Юзларингизни ювингиз» (Моида сураси, 6-оят) оятига қаранг. «Ювиш» сўзи сувни ва барча суюк нарсаларни англатади. Унинг ўринбосари бўлган таяммум зикрида «сув топа олмасангиз, бас, таяммум қилинглар» (Моида сураси, 6-оят) дейилганидан, ушбу муштарак исмдан сув ирода қилингани маълум бўлади. Демак, «қуруъ» тўғрисидаги оятда ҳам худди шундай бўлади. Валлоҳу аълам!
«Агар шубҳа қилсангиз, уларнинг иддалари уч ойдир». Уламолар «агар шубҳа қилсангиз» жумласидан «ҳайз» ёки «идда» ирода этилганида ихтилоф қилганлар. Бизнинг наздимизда «шубҳа» сўзи иддага тегишлидир. Чунки у ҳайзга тегишли бўлганида, араб тилидаги [ин иртабтум] жумласи, [ин иртабна] шаклида бўлар ёки «аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганлари» сўзига муносиб бўлиши учун «шубҳа қилган аёллар» деб айтиш керак эди. Аллоҳ таоло: «Агар сиз (эркаклар) шубҳа қилсангиз» дегач, ундан «ноумид бўлган аёллар ва ёши кичикларнинг иддаси борасида шубҳа қилсангиз, у уч ойдир» деган маъно кўзлангани маълум бўлади. Валлоҳу аълам! Чунки иддаси борасида шубҳаланувчи аёл ҳайз кўрса, шубҳаси кўтарилиб, иддаси ой билан эмас, ҳайз билан бўлади. Кекса ёшдаги ҳайз кўрмайдиган аёллар ва ҳали балоғатга етмаган қизларнинг иддаси ойлар билан бўлади. Шунинг учун мазкур оятдаги шубҳа кекса ёшдаги ҳайз кўрмайдиган аёл ва ҳали балоғатга етмаган қиз болаларга тегишли, деймиз.
Асҳобларимиз шундай деганлар: «Киши кекса ёшдаги ҳайз кўрмайдиган аёлини ёки ҳомиладорни ёки кичик ёшли қизни суннатга мувофиқ талоқ қилмоқчи бўлса, истаган вақтда талок қилади. Унга суннатга мувофиқ талоқ қилиш учун муайян вақт белгиланмаган. Бунинг боиси шуки, «Уларни иддалари учун талоқ қилинглар» оятини биз юқорида «Иддаларининг муқобили, яъни поклигида талоқ қилинглар» деб тафсир қилдик. Маълумки, ҳайз кўрадиган аёлнинг иддаси икки нарсанинг бири - поклик ёки ҳайзга кўра бўлади. Ким иддани ҳайз билан бўлади деса, покликни идда ҳисобламайди. Шунингдек, ким иддани поклик билан бўлади деса, ҳайзни иддадан деб билмайди. Шундай экан, бу ерда унинг иддасининг муқобилида бирор нарса бўлиши лозим. Демак, унда иддасидан олдин деган маъно собит бўлади ва «олдин» сўзидан поклик ирода қилинади.
Кекса ёшдаги ҳайз кўрмайдиган аёл, балоғатга етмаган қиз ва ҳомиладорларнинг барча кунлари идда ҳисобланади. Бундайларнинг иддаси уч ойдир. Уларнинг идда кунларида идданинг муқобили мавжуд эмас. Шу боис: «Бундай аёлларни хоҳлаган вақтда талоқ қилиши мумкин» деймиз. Шунингдек, ҳомиладор аёлни ҳам исталган вақтда талоқ қилиши мумкин. Сабаби, наздимизда, киши ҳайз кўрадиган аёли билан яқинлик қилганидан кейин, ортидан талоқ қилишдан қайтарилган. Чунки яқинликдан кейин аёли ҳомиладор бўлиб қолиши мумкин. Агар эр уни шу ҳолатда талоқ қилса, сўнг иддада ҳомилани инкор қилишни хоҳласа, у бундай қила олмайди. Лекин ҳайздан умидини узган ёши кичик қизларда ва ҳомиладор аёлларда бундай гумон мавжуд эмас.
Аллоҳ таоло ушбу иддани бир талоқдан кейин зикр қилган бўлса-да, у уч талоққа ҳам тегишли бўлади. Чунки ушбу идда Аллоҳ таолонинг Бақара сурасида зикр қилган қуйидаги идда ўрнида бўлади:
«Талоқ қилинган аёллар ўзларини уч қуръ (ҳайз) кутадилар» (Бақара сураси, 228-оят).
Зеро, бу сурада Аллоҳ таоло мухтасар тарзда «иддани ҳисобланглар» демоқда. У оятда эса (Бақара сураси, 228-оят), батафсил тарзда баён қилган. Батафсил айтилган ҳукм мухтасар баён қилинган ҳукмга қўшилса, маъно ва ҳукм гўё биттадек бўлади. Маълумки, юқоридаги оят бир талоққа ҳам, уч талоққа ҳам тегишлидир. Аллоҳ таоло қуйидаги оятда бундай деган:
«Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юборишдир» (Бақара сураси, 229-оят). Оятдаги «яхшиликча қўйиб юбориш» уч талоққа далолат қилади. Агар ҳукм биз айтгандек бўлса, киши ҳомиладор аёлини суннатга мувофиқ(Бу ўринда «Суннат талоқ» ибораси суннат амал эмас, балки шаръан жоиз деб тушунилади.) уч талоқ қўйиши мумкин бўлади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқмасинлар» оятида бир қанча фиқҳий масалалар мавжуд. Биринчиси, «уйларидан» деган сўз (талоқ қи-линган) аёлга эрнинг никоҳидалигида турган уйдан жой берилиши лозимлигига далолат қилади. Бу эса уламоларимизнинг «эр аёлига ўзи яшаб турган хонасидан жой бериши шарт эмас, балки ўша ҳовлидан жой бериб, ўзи хоҳласа, бошқа жойга кўчиб ўтиши мумкин» деган сўзларига далил бўлади. Буни Аллоҳ таолонинг «У(аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг» деган ояти ҳам асослайди. Мазкур оятга «дан» қўшимчасининг киритилиши эр аёлини хонадондаги уйларидан бирортасига жойлаши ва ҳатто иддаси тугагунгача ўша уйга кирмаслиги кераклигига далолат қилади. Валлоҳу аълам!
Бизнинг наздимизда «уларни уйларидан чиқарманглар» ояти «Аёллар сизларнинг сувингизни сақласинлар, эрларидан бошқалар билан қўшилиб, ҳомиладор бўлиб қолсалар, насаб чалкашуви хавфи бўлгани учун (кўчага) чиқмасинлар. Уларни уйдан чиқармаслик ва ўзлари чиқишларидан ҳам қайтариш шу маъно учун бўлар экан, унинг нафақаси эрнинг устига лозим бўлиши керак. Чунки аёл нафақасини топиш учун кўчага чиқиши керак бўлади. Эрнинг сувини сақлаш учун ташқарига чиқишдан кайтарилар экан, аёлнинг нафақаси эрдан бошқасининг устида бўлиши мумкин эмас. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомиласини қўймоқликдир» ояти борасида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоят нақл қилинган: «Ким хоҳласа, уни мубоҳала(Мубоҳала бу - Аллоҳга ёлвориб, Ундан ким ҳақлигини сўраб икки томон бир-бириги лаънатлашувидир.) қиламан, албатта, «Ҳомиладорларнинг иддаси...» ояти Бақара сурасининг қуйидаги оятидан кейин нозил бўлган:
«Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзлари тўрт ойу ўн кун кутадилар» (Бақара сураси, 234-оят).
Аллоҳ таоло ҳомиладорнинг иддасини ҳомиласини қўйгунича этиб белгилади. Икки муддатнинг энг узоғига эътибор қилмайди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу мубоҳала қилсалар, Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу мубоҳала қилмайдилар ва шундай дейдилар: «Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганлар...» ояти «Ҳомиладорларнинг иддаси...» ояти ичига кириши мумкин эмас». Сабаби «Ҳомиладорларнинг иддаси...» ояти вафот иддаси ҳақида эмас, талоқнинг иддаси борасида айтилган. Талоқ иддаси ҳайз билан бўлса, у вафот иддаси таркибига кирмайди. Мисол учун, бир киши ҳайз кўрадиган (ёшдаги) ҳомиладор аёлини талоқ қилса, сўнг идда тугашидан аввал эр вафот этиб қолса, вафот иддаси уч ҳайзга киргазилмайди, балки ҳайз иддаси вафот иддасига киритилади. Шунда аёл икки муддатнинг узоқроғи билан идда ўтиришга амр этилади. Ҳомиладорнинг масаласи ҳам худди шу кабидир.
Ҳолат шубҳали бўлса, унда эҳтиётан икки муддатнинг узоқроғи билан идда ўтиришга буюрилади. Шунингдек, вафот иддаси аввал ўтган жимо учун лозим бўлмайди. Назар ташласангиз, эри жимо қилишга қодир бўлмаган аёлга ҳам (ўлим) идда(си) лозим бўлади. Ҳомиладорлик ва ҳайз иддаси эса, аввал ўтган жимо сабабли лозим бўлади. Агар вафот иддаси ҳомиладорлик иддаси туридан ҳисобланмаса, у ҳомиладорлик иддасига кирмайди. Демак, унда эҳтиётга амал қилиш вожиб бўлади. Бу эса икки муддатнинг узоқроғи билан идда ўтиришда собит бўлади.
Ҳомиладорлик иддаси «Уларни чиқарманглар» ояти остига кирмагани сабабли инфоқ қилишни хослаб зикр қилинган бўлиши мумкин. Чунки, айтиб ўтганимиздек, аёлларнинг (идда пайтида) уйдан чиқишдан қайтарилиши эрнинг сувини сақлаш учундир. Агар тўққиз ой ўтса, аёл сақлаб ўтиришдан чиқади. Тўққиз ойдан кейин нафақа бериш соқит бўлиши лозим. Бироқ Аллоҳ таоло барча муддатда инфоқ қилишга чақирди. Чунки аёл эрнинг аввалги жимоси билан ушбу муддатда турибди. Наздимизда, шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло ҳомиладорларга нафақа беришга буюрди. Валлоҳу аълам!
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг наздида «Ҳомиладорларнинг иддаси...» жумласи «Аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганлари, агар шубҳа қилсангиз...» жумласига боғланган (атф) эмас, балки янги хитоб бўлиши мумкин. Чунки ҳайзли аёлнинг иддаси ҳақида шак бўлиши мумкин эмас. Сабаби, ҳайз кўриш ёшидан ўтган аёлларнинг ой ҳисоби билан ўтирадиган иддалари ҳайз кўрадиган аёллардаги ҳайзли идда ўрнида бўлади. Ҳомиладор аёл ҳайз кўрадиган ёшдаги аёллардан бўлса, унинг иддасида шак қилиб, у ҳакда сўрашлари мумкин эмас. Шундай экан, бу («Ҳомиладорларнинг иддаси...») оят янги хитоб бўлади. У янги хитоб бўлса, барча иддаларни ўз ичига олади. Янги хитоб эканига далолат қилувчи далиллардан бири Субайъа бинти Ҳорис ал-Асламия ҳақидаги ривоятдир. У эри вафот этганидан сўнг, ўн беш кечадан кейин фарзанд кўради. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни эрга тегишга буюрадилар. У зотнинг тўрт ойу ўн кун ўтмасидан бу аёлнинг никоҳини ҳалол қилишлари ҳомиладор аёлнинг иддаси барча ҳолатда ҳам ҳомилани туғиш билан тугашига далолат қилади.
Ҳасан (Басрий): «Ҳомиладор икки боласи (эгизак)нинг бирини туғиши билан иддаси тугайди» дейди ва бунга «ҳомиласини қўйишлари» оятини ҳужжат қилиб, оятда «ҳомилаларини» демади дейди. Бироқ у киши айтган гап икки эътибордан тўғри эмас. Биринчидан, қироатларнинг бирида кўплик шаклида [аҳмаалаҳунна] «(ҳомиладорлар иддаси) ҳомилаларини (қўйишларидир)» деб келган. Иккинчидан, оятда уларнинг идда муддатлари «туғмоқлари» дейилмаган, балки «ҳомилаларини қўймоқлиги» деб, ҳомилани қўйишга боғланган. Ҳомила деб аёлнинг қорнидаги барча нарсага айтилади. Агар у киши айтганидек бўлганида, унинг иддаси ҳомиланинг баъзисини қўйиш билан тугар эди. Аллоҳ таоло унинг иддаси тугашини ҳомиласини (тўлиқ) қўйиши этиб белгилади. Валлоҳу аълам!
«Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб беради». Айтиб ўтганимиздек, тақво ёлғиз ўзи зикр қилинса, амрлар ва қайтариқларни ифодалайди. Гўё У Зот: «Ким Аллоҳнинг амрларида, уларни зое қилмасликда ёки қайтариқларида, улардан сақланишда Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида енгиллик қилиб беради», демоқда.
«Унинг ишида осонлик қилиб беради» сўзининг икки маъноси бор. Биринчиси, унинг ишида енгиллик қилиб қўяди, яъни тақво қилишини осон қилиб қўяди. Зеро, қуйидаги оятда шундай дейилади:
«Кимнинг китоби ўнг тарафидан берилса...» (Ҳаққо сураси, 19-оят).
«Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал(сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз» (Лайл сураси, 5-7-оятлар). Яъни унга тақво ва тоат ишини осон қилиб қўяди. Аввалги оят ҳам шу каби маънодадир.
Шунингдек, («Унинг ишида осонлик қилиб беради») оят маъноси, касбкор, тижорат ва бошқа барча ишларда осон қилиш маъносини эҳтимол қилади. Яъни ким ҳаромдан Аллоҳга такво қилса, У Зот унга ҳалолни осон (баракали) қилиб қўяди. Ким шубҳадан Аллоҳга тақво қилса, У Зот унга мубоҳ ишларда енгиллик ато қилади. Ким тижоратида Аллоҳга тақво қилса, У Зот унга ўйлаган фойдаларини ризқ қилиб беради. Худди шу каби, бошқа барча ишлар ҳам шу тартибда бўлади. Валлоҳу аълам!
5. Ана ўша Аллоҳнинг сизларга туширган амридир. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини каффорат қилади ва ажрини кўпайтириб беради.
«Ана ўша Аллоҳнинг сизларга туширган амридир» жумласи икки маънони эҳтимол қилади. Биринчиси, «Уша такво Аллоҳнинг сизларга туширган амридир», маъносида бўлади.
(Иккинчиси,) «Ана ўша» сўзидан юқорида зикри ўтган аёлларга қайтиш, гувоҳ қилиш, талоқ, идда ва бошқа масалалар ирода қилинган бўлиши мумкин. Булар зоҳиран хабар кўринишида бўлса-да, лекин барчаси Аллоҳнинг сизларга туширган амридир. Ушбу ҳукмларга эргашинглар, бу борада У Зотнинг амрини тутинглар. Валлоҳу аълам!
«Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини каффорат қилади ва ажрини кўпайтириб беради». Бу оят бизнинг «тақво» сўзи ёлғиз ўзи зикр қилинса, у амр ва қайтариқ маъноларини ифодалайди», деб айтган гапимизга далолат қилади.
Зеро, Аллох, таолонинг «Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади» (Ҳуд сураси, 114-оят) оятига эътибор қилинг. Бу ўринда эса, «Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини каффорат килади» дейилмоқда. «Тақво» гуноҳларни каффорат қилувчи нарса қилинди. Агар тақвода катта яхшиликлар (амр ва қайтариқлар) бўлмаганида «...унинг гуноҳларини каффорат қилади» жумласида маъно бўлмас эди. Валлоҳу аълам!
6. У(аёл)ларга имконингиз борича ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг. Уларга сиқиштириш мақсадида зарар етказманг. Агар ҳомиладор бўлсалар, то ҳомилаларини қўйгунларича уларга нафақа беринглар. Агар сизга (фарзандни) эмизиб берсалар, уларга ҳақларини беринглар, ўзаро яхшилик билан маслаҳат қилинглар. Агар қийинчиликка учрасангиз, унга (эрга) (фарзандини) бошқа аёл эмизиб берур.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатларида оят шундай ўқилган:
Маъноси: «У(аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг ва имконингиз борича уларга нафақа беринглар».
Ушбу қироат Умар розияллоҳу анҳунинг ҳам қироати бўлиши мумкин. Чунки унинг «Рост гапирдими ёки ёлғон гапирдими, билмайдиган аёлнинг сўзи билан Раббимизнинг Китоби ва Пайғамбаримиз суннатларини тарк қилмаймиз» деган сўзига қаранг. (Ушбу ривоятдаги) «Китоб» сўзидан мазкур оят назарда тутилган. «Суннат» сўзидан эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисларини назарда тутган бўлишлари мумкин.
Ёки Умар розияллоҳу анҳуга бу борада тиловати бекор бўлиб, ҳукми (амалда) қолган оят маълум бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам: «Раббимизнинг Китобини тарк қилмаймиз», деганлар.
Шунингдек, Умар розияллоҳу анҳу зино борасида шундай деганлар: «Инсонлар устига бир замон келадики, улар: «Аллоҳнинг Китобида ражм (тошбўрон қилиш ҳукми)ни топа олмадик», дейдилар. Биз аввал Аҳзоб сурасида «Қари эркак ва қари аёл зино қилсалар, албатта, Аллоҳнинг азоби ўлароқ, уларни тошбўрон қилинглар. Аллоҳ Азиз ва Ҳаким Зотдир» оятини тиловат қилар эдик». Мазкур оятнинг тиловати бекор бўлиб, ҳукми амалда қолган. Худди шу каби нафақа бериш борасида ҳам бир оят тиловати бекор бўлиб, ҳукми амалда қолган бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!
Умар розияллоҳу анҳунинг «Аллоҳнинг Китобини тарк қилмаймиз» деган сўзлари Қуръон гоҳида суннат билан мансух қилиниши мумкинлигига далолат қилади. Чунки Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг Китобини тарк қилмасликка ёлғон ёки рост гапиргани номаълум аёлнинг сўзини далил қилдилар. Агар Қуръон ҳадис билан гоҳида насх қилинмаганида эди, у кишининг: «Раббимизнинг Китобини аёл кишининг сўзи билан тарк қилмаймиз» деган далилларининг маъноси қолмас эди. Балки, «Раббимизнинг Китобини суннат билан тарк қилмаймиз», деган бўлар эдилар. У киши «Рост ёки ёлғон гапиргани номаълум аёлнинг сўзи билан Раббимизнинг Китоби ва Пайғамбаримиз суннатларини тарк қилмаймиз» дегач, ҳадис гоҳида Қуръонни насх қилиши мумкинлиги маълум бўлди. Валлоҳу аълам!
Абу Бакр Асом ривоят қилишича, Фотима бинти Қайс Умар розияллоҳу анҳу унинг ривоятини инкор қилгач, Марвоннинг замонасигача ҳадис ривоят қилмади. Марвон халифа бўлгач, ҳадис ривоят қила бошлади. Бунинг хабари Марвонга етиб борди. Марвон уни чақирди ва аёл ушбу ҳадисни ривоят қилиб берди. Марвон унга Умар розияллоҳу анҳу айтгандек жавоб қайтарди. Шунда аёл «Раббимизнинг Китоби қаерда қолди» деб, «У(аёл) ларга имконингиз борича ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг» оятини ўқиди. Сўнг айтди: «Бу оят қандай қилиб уч талоқ қилинган аёл ҳақида бўлиши мумкин. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло мазкур аёл ҳақида «яхшилик билан ушланглар ёки яхшилик билан ажралинглар» деди. Уч талоқ қилинган аёл борасида ушлаб туриш (олиб қолиш) имкони йўқ-ку?» Шунда Марвон жим бўлиб қолди. Агар Марвон бошқалар тушунган нарсани тушунганида, жим бўлиб қолмас эди. Сабаби, ушбу оятларда зикр қилинган идда «Талоқ қилинган аёллар ўзларини уч қуруъ (ҳайз) кутадилар» оятида айтилган идда ўрнидадир. Бу ўринда бир талоқ ва уч талоқнинг орасида фарқ йўқ. Агар бу ерда айтилаётган идда ушбу оятдаги идда ўрнида бўлар экан, бу ерда зикр қилинган нафақа ҳам ўша ерда зикр қилинганидек бўлади. Бу ердаги оятда уч талоқ ва бир талоқ ўртасида фарқ йўқ. Шунинг учун айтамизки, Аллоҳ таолонинг Китобида боин талоқ бўлган ва уч талоқ бўлган аёлнинг нафақаси ҳам вожиб эканига далил бор. Валлоҳу аълам! Бу Имом Шофеъийга қарши ҳужжат бўлади.
Бунга далил эса, Аллоҳнинг «...то ҳомилаларини қўйгунларича уларга нафақа беринглар» деган оятида «нафақа бериш»ни зикр қилиш билан уларга жой бериш ва (ташқарига) чиқишдан қайтариш вожиб эканига далил қилинмоқда. Ваҳоланки, жой бермасдан туриб ҳам нафақа қилиш тасаввури мавжуддир. Демак, жой беришни айтиш орқали нафақа бериш лозим эканига далил қилиш ҳақлироқдир. Зеро, нафақа бериш жой беришга доимий боғлиқ бўлгани учун жой бериш айнан нафақа бериш билангина бўлади. Демак, Аллоҳ таолонинг «Уларга жой беринглар...» деган сўзи уларга нафақа беришга ҳам далил бўлади. «Нафақа бериш жой беришга доимий боғлиқ бўлади», деб айтишимизнинг сабаби, агар аёл эрнинг уйидан чиқишдан қайтарилса ва эрнинг уйида туришга амр қилинса, аёлни нафақа топишга буюриш мумкин эмас. Чунки бу аёл кишига қийинчилик туғдириш ва торликка солиб қўйиш бўлади. Ундан ташқари, аёл киши кўчага чиқсагина, нафақа топади. Эр уни уйдан чиқишидан қайтарса ва аёл кўчага чиқишидан қайтарилса, иложсиз аёл нафақани фақатгина эр орқали топади. Валлоҳу аълам!
Биз ҳомиладор учун берилаётган нафақа ҳомила сабаблими ёки идда учунми, деб ўрганганимизда билдикки, агар нафақа ҳомила сабабли лозим бўлса, аёл ҳомилани туғиши билан эркакка боланинг нафақаси лозим бўлмай қолиши керак (Ҳолбуки, отага боланинг нафақаси вожибдир. Демак, иддадаги аёлнинг нафақаси ҳомила сабабли эмас, бошқа нарса сабабли экан). Мазкур ҳукмни қуйидаги мисолга ўхшаш деб топдик: ҳур инсон бир кишининг чўрисига унинг рухсати билан никоҳланса, сўнг у фарзанд кўрса, боланинг нафақаси хожага лозим бўлади. Бола онанинг қорнидалигида ҳам нафақа хожага лозим бўлади. Аёл ҳомиладор вақтида эрга нафақа ҳомила сабабли лозим бўлар экан, бола туғилганидан кейин унинг нафақаси отага лозим бўлмаслиги керак бўлади. Демак, иддада ўтирган ҳомиладор аёлнинг нафақаси ҳомила сабабли эмас, идда сабабли экани ойдинлашади. Ҳомиладор ҳамда ҳомиладор бўлмаган аёл борасида идда бир хилдир, шу сабаб уларнинг ҳукмлари ҳам бир бўлади. Валлоҳу аълам!
Айтиб ўтганимиздек, бизнинг наздимизда, нафақа эр аёлдан аввал фойдалангани учун лозим бўлади. Модомики, аёл эрнинг ҳузурида аввал фойдалангани учун ушлаб турилар (идда ўтирар) экан, эрга нафақа шу сабабли вожиб бўлади. Агар аёл бошқа сабаб билан тутиб турилса, эрга унинг нафақаси вожиб бўлмайди. Валлоҳу аълам!
Шунингдек, «У(аёл)ларга имконингиз борича ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг» оятида «нафақа» сўзи «жой беринг» жумласи замирига киргазиб юборилган. Гўё Аллох таоло: «Уларга ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг ва имконингиз борича уларга нафақа беринг», деб айтмокда. Чунки «нафақа» сўзи оят замирига киргазилмаганида, «имконингиз борича» деган сўзлар маъносиз бўлиб қолар эди. Чунки «Уларга жой беринг» деган жумладан, эрларнинг зиммасига иддадаги аёлга жой бериш лозим экани маълум бўлди. Кимнинг зиммасида жой бериш лозим бўлса, албатта бу унинг имкониятидан келиб чиқиб адо этилади. Шу сабаб, «имконингиз борича» деган сўзда биз билган маъно (нафақа лозимлиги)ни билдириб ўтиш бор. Шундай экан, «имконингиз борича» ибораси замирида маънони тугал қиладиган яширин жумла борлиги ойдинлашади. Бу эса, нафақа билан таъминлашдир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатлари ҳам худди шундай эди, яъни «У(аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг ва имконингиз борича уларга нафақа беринглар». Икки қироат ўртасида ихтилоф йўқ. Лекин биринчи ҳукм қисқа, иккинчисида батафсил тарзда баён этилган. Бу худди Аллоҳ таолонинг «Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар» оятидаги «қўлларини» сўзи бошқа бир қироатда «ўнг қўлларини» деб қироат қилинганига ўхшайди. Бу икки қироат ихтилофли эмас, балки уларнинг бири мужмал, иккинчиси батафсил тарзда баён қилинган. Аввалги оят ҳам худди шу каби бўлади. Валлоҳу аълам!
Ундан ташқари, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатларидаги лафз (сўз) қатъий бўлмаса-да, энг камида оҳод хабар ҳисобланади. Маълумки, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериб ривоят қилган оҳод хабарлари ҳам мақбул ҳисобланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг хабари заиф бўлса ҳам, уни қабул қилиш вожиб экан, фазилатли, тақволи, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўп суҳбат қурган ҳамда фиқҳда «денгиз» ҳисобланган Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг хабарлари ундан кўра қабул қилинишга ҳақлироқдир.
Ким Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатларига амал қилмаса, унинг тойилиш (гуноҳкор бўлиш) хавфи бор. Зеро, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хабарда айтилишича, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан: «Энг охирги қироат қайси деб биласизлар?» деб сўрадилар. Улар: «Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг қироати» дейишди. Шунда у киши: «Иўқ, Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар йили тақдим қилинар эди. У зот вафот этган йиллари икки марта тақдим қилинди. Ибн Масъуд ушбу икки марта ўқилганига ҳам гувоҳ бўлган», дедилар. Агар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатлари қироатларнинг энг охиргиси бўлса, шунингдек, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим ўқиб берилишига гувоҳ бўлган киши бўлсалар, у кишининг қироатидан юз ўгирмаслик ва тарк қилмаслик вожиб бўлади. Валлоҳу аълам!
«У(аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг» оятида эр аёлни ўзи турган жойга эмас, балки ўз жойидан бир қисмига жойлашига далолат бор. Чунки оятдаги [мин] - «дан» қўшимчаси бир нарсанинг бўлаги ва қисми маъносини ифодалайди.
«Уларга сиқиштириш мақсадида зарар етказманг» оятини икки хил таъвил қилиш мумкин. Биринчиси, «Уларга нафақани камайтириб, зарар етказманглар. Акс ҳолда улар (кўчага) чиқиб кетадилар». (Иккинчиси,) «Уларнинг устига изнсиз кириб бориш билан уларга зарар етказманглар. Акс ҳолда улар (кўчага) чиқиб кетадилар». Валлоҳу аълам!
«Агар ҳомиладор бўлсалар, то ҳомилаларини қўйгунларича уларга нафақа беринглар». Худди, уйдан ташқарига чиқишдан қайтариқ, иддада ўтирган аёлларга нафақа қилиш лозимлигига далолат қилгани каби, мазкур оятдаги нафақа қилишга буйруқ, уларни уйдан ташқарига чиқишдан қайтаришга далолат қилади.
Оятда хоссатан ҳомиладор аёлларга нафақа беришнинг зикр этилиши, аслида ҳомиладор аёллар «Уларни уйларидан чиқарманглар» ояти остига кирмаганлари учун бўлиши мумкин. Чунки иддадаги аёллар эрнинг уруғини сақлашлари учун ҳам кўчага чиқишдан қайтарилганларини юқорида баён қилиб ўтдик. Тўққиз ой ўтгач, улар уруғни сақлашдан халос бўладилар. Демак, тўққиз ойдан кейин уларга нафақа бериш ҳам бекор бўлади. Биз юқорида бу маънони зикр қилиб ўтдик.
Бизнинг наздимизда, иддадаги ҳомиладор аёлларга нафақа тайин қилинишининг фойдаси шуки, мазкур оят бўлмаганида иддали ҳомиладор аёллар «уларни уйларидан чиқарманглар» ҳамда «улар чиқмасинлар» оятларидаги ҳукм остига кирмай қолар эдилар. Чунки эрлар уларга қарши «иддадаги ҳомиладор аёлларга никоҳланишнинг ҳаромлиги аввалги эрнинг ҳаққи учун эмас, балки қорнидаги бола учундир» деб ҳужжат қилиб: «Бола бошқасидан бўлса, ҳомиладор аёлга никоҳланиш ҳаром бўлади-ку!» дейишар эди.
Айтиб ўтганимиздек, ҳомиладор бўлмаган аёллар эрнинг ҳақини сақлаб қолишлари учун иддада уларга нафақа тайин қилинади. Ҳомиладорнинг иддаси эрнинг ҳаққи учун бўлмаса, эр зиммасидаги нафақани бекор қилиш учун буни далил қила олиши мумкин. Шундай экан, Аллоҳ таоло ҳомиладор аёллар то туғмагунларича уларнинг нафақасини беришни эрларга амр этди. Чунки ушбу ҳомила эрнинг аёлдан олдин фойдаланганининг самарасидир. Бу оятда ҳомиладор аёллар хослаб зикр қилинишларининг фойдаси шудир. Валлоҳу аълам!
«Агар сизга (фарзандни) эмизиб берсалар, уларга ҳақларини беринглар». Мазкур оят бир қанча фиқҳий далилларни қамраб олади. Биринчиси, Аллоҳ таоло «уларга ҳақларини беринглар», деди. Демак, бундан эмизиш ижара асосида бўлиши маълум бўлади. Эр аёли билан ажрашганидан сўнг, фарзандини эмизиш учун уни ижарага олса, ижара жоиз бўлиб, аёл эмизгани учун ҳақ олиши ҳалол бўлади. Аёл эрининг никоҳидалигида фарзандини эмизиш учун эри уни ижарага олиши мумкин эмас ва аёлнинг ҳақ олиши ҳам. Чунки Аллоҳ таоло никоҳ битимида эмизишнинг эвази сифатида «ризқ» сўзини қуйидаги оятда зикр қилган:
«Уларнинг ризқи ва кийим-кечаклари яхшилик ила отанинг зиммасидадир» (Бақара сураси, 233-оят).
Аллоҳ таоло «ризқ» деб атаган нарса «эмизишнинг ҳақи» деб номланиши билан у «ҳақ» бўлиб қолмайди, балки у «ризқ» ва «кийим-кечак» маъносида бўлади. Шунинг учун ҳам аёл эрнинг никоҳидалигида (болани эмизиш учун) уни ижарага олиш мумкин эмас. Валлоҳу аълам!
«Уларга ҳақларини беринглар» ояти онанинг сути бола сабабли пайдо бўлган бўлса-да, у аёлнинг мулки эканига далилдир. Акс ҳолда, аёлга болани эмизгани учун ҳақ олиш мумкин бўлмас эди. Ва яна, оятда болаларни эмизиш ва нафақа билан таъминлаш эрнинг зиммасидаги мажбурият эканига, уларни бағрига босиб тарбиялаш, кафилликка олиш хотиннинг ҳаки эканига далил бордир. Бундай бўлмаганда (эридан ажрашган) аёл (фарзандини эмизгани учун) қисман ҳақ олиши лозим бўлар эди. Аллоҳ таоло аёлнинг ҳаққини тўлиқ беришга амр қилгач, болани эмизиш эрнинг зиммасидаги мажбурият экани, аёллар эса, уни тарбиясига, парваришига кафил эканликлари маълум бўлади. Валлоҳу аълам!
Борди-ю, онадаги сут боланинг мулки, у учун пайдо қилинган деб, боланинг нафақасини онанинг мулкидан тайин қилсак, унинг мулки тугаб қолади ва у эмизиш билан банд бўлгани сабабли касбкор қилишга имкон топа олмайди. Натижада, она оч қолиб, ҳолсизланиб, сутсиз бўлиб, эмиза олмай қолади. Онанинг зиммасига эмизиш мажбурияти юкланса ҳам, у нафақа бўлгани эътиборидан аёлдан соқит бўлади. Шунинг учун эмизишни аёлнинг мажбуриятидан чиқариб ташлаб, эмизишга ҳақ олиши учун сут аёлнинг мулки қилиб берилди. Валлоҳу аълам!
Бу оят манфаатлардан тўлиқ фойдаланганидан кейин, ҳак олиш вожиблигига далил бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло: «Агар сизга (фарзандни) эмизиб берсалар, уларга ҳақларини беринглар», деди. Аллоҳ таоло мазкур оятда ҳақни беришни эмизишдан кейин вожиб қилмоқда.
Аллоҳ таолонинг «ҳақларини» деган сўзи эмизиш ижара йўли билан бўлишига далолат қилади. Шунинг учун асҳобларимиз: «Ҳақ тўлаш ишни тўлиқ қилганидан сўнг вожиб бўлади», дейишади.
«Узаро яхшилик билан маслаҳат қилинглар» оятининг икки маъноси бор. Биринчиси, аёл болани эмизишга қийналса, болани эмизишда маслаҳат қилинглар. Иккинчиси, Аллоҳ таоло амри-маъруфни зиммасига юклаган ҳокимнинг амри билан иш тутинглар. У сизларни бола борасида яхшиликка амр этса (маслаҳат қилинглар).
«Агар қийинчиликка учрасангиз, у(эр)га (фарзандини) бошқа аёл эмизиб берур». Яъни эмизиш борасида ўзаро тортишиб қолсангиз ва она болани эмизишдан бош тортса, онанинг олдида эмизадиган бошқа аёлни ёлланглар.
7. Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳар бир нафсни Узи берганидан ортиқчага таклиф қилмас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берадир.
«Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин». Яъни Аллоҳ таоло ризқини кенг қилган инсон яхшироқ нафақа берсин.
«Кимнинг ризқи тор бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин». Оятдаги [қудира] сўзи «ризқи тор қилинса» маъносида бўлади. Бу сўз қуйидаги оятларда ҳам шу маънода келган:
«У бизни тор қилмайди деб ўйлади» (Анбиё сураси, 87-оят).
«У Зот Ўзи хоҳлаган бандаларига ризқни кенг қилади ва (хоҳлаганига) тор қилади» (Анкабут сураси, 62-оят). Яъни (оятнинг маъноси) «Кимнинг ризқи тор бўлса, ўзига қараб нафақа берсин». Бу «Аллоҳ берганидан нафақа қилсин» сўзининг исботидир. Валлоҳу аьлам!
«Аллоҳ ҳар бир нафсни Ўзи берганидан ортиқчага таклиф қилмас». Бу оятда бандаларнинг касб орқали топган бойликларининг барчаси Аллоҳ таоло берган нарса эканига далил бор. Шунингдек, унда бандаларнинг феъллари ва орттирган бойликларида Аллоҳ таолонинг таъсири ва тадбири борлигига далил бордир. Акс ҳолда, яъни банда Аллоҳ бермаган нарсани касби орқали топишга қодир бўлса, Аллоҳ таоло бандаларга ҳеч нима бермай, уларга вазифа юклаётган бўлиб қолар эди.
«Аллоҳ қийинчилиқдан сўнг тезда осонликни беради». Бу оят, агар эр аёлини нафақа билан таъминлай олмаса, уларни ажратиб юбормасликка далил бўлади. Чунки бу ҳолатда ажратиб юборилса, аёл ўша пайтнинг ўзида нафақа билан таъминлайдиган эр топа олмайди, балки иддасининг тамом бўлишини кутиб туради. Бу муддатда эр бой бўлиб қолиши мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло қийинчиликдан сўнг бой қилиб қўйиш ваъдасини рўёбга чиқариши аёлнинг нафақа берадиган эрни топишидан кўра осонроқдир. Аёл чўри сингари эмас. Чунки эр чўрини сотса, у бошқа нафақа берадиган инсоннинг мулкига ўтиши мумкин. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни беради» ояти барча умматга ваъда маъносида бўлиши мумкин. Яъни ким бирор қийинчилик билан мусибатланса, ортидан, албатта, осонлик келади. Ёки бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига қаратилган бўлиши ҳам мумкин. Яъни улар қийинчилик ва тор ҳаёт кечираётганларида, Аллоҳ таоло уларга қийинчиликлардан сўнг осонлик бўлишини ваъда қилмоқда. Аллоҳ таоло фатҳлар, душманлар устидан нусрат бериш ва уларнинг молларига эга қилиши оркали ваъдани бажарди. Валлоҳу аълам!
8. Кўпгина қишлоқлар Раббисининг амрига саркашлик қилди. Бас, Биз уларни шиддатли ҳисобга олдик ва қаттиқ азоб ила азобладик.
Аллоҳ таоло оятда қишлоқни «саркашлик қилди» деб сифатлади. Маълумки, қишлоқ саркашлик қилмайди. Бундан кўзланган маъно «қишлоқ аҳли Раббисининг амрига саркашлик қилди» бўлади. Гоҳида жойдан унинг аҳлига нисбат берилади. Бошқа оятда шундай дейилади:
«Биз бўлган қишлоқдан сўранг» (Юсуф сураси, 82-оят), яъни қишлоқ аҳлидан сўранг. Бу оят киноя тарзида айтилган. У зоҳиран ёлғон бўлиб кўринса-да, аслида ёлғон эмаслигига далил бор. Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
«Мана бу менинг биродарим. Унинг тўқсон тўққизта совлиғи бор» (Сод сураси, 23-оягп). Маълумки, у ерда совлиқ қўйлар бўлмаган, балки аёлларга нисбат берилган. Бу оят ҳақиқатда рост гап сифатида баён қилинган. Гўё Аллоҳ таоло шундай демокда: «Бу менинг биродарим, унинг тўқсон тўққизта хотини бор». Юқоридаги оят ҳам худди шу маънодадир. Валлоҳу аълам!
[ал-утувву] сўзи «кибрланишнинг энг олий кўриниши» деган маънодадир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Батаҳқиқ, улар кибр қилдилар ва катта туғёнла туғён қилдилар (Фурқон сураси, 21-оят).
Аллоҳ таолонинг «Бас, Биз уларни шиддатли ҳисобга олдик ва қаттиқ азоб ила азобладик» деган оятининг бир неча таъвили бор:
Биринчиси, «Улар куфр, туғён, кибр қилишда шу даражага етдиларки, натижада қаттиқ ҳисоб-китобга тутилган ва ёмон азобга мубтало қилинганлардан бўлдилар».
(Иккинчиси шуки,) Аллоҳ таоло ўтган умматларнинг туғёнга кетиб, кибр қилганлари сабабли бошларига туширган азобини эслатиб бу уммат учун қаттиқ ҳисоб-китоб сифатида зикр қилинди. Токи улар шу билан насиҳат ва ибрат олишлари учун.
(Учинчиси,) «Биз уларни ҳисобга олдик» ояти: «Охиратда уларни қаттиқ ҳисоб-китоб қиламиз» маъносида бўлиши мумкин. Бу худди қуйидаги оят маъносига ўхшайди:
«Аллоҳ: «Эй Исо ибн Марям, сен одамларга (Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар) дедингми?» деганини эсланг» (Моида сураси, 116-оят). Ушбу «Аллоҳ... дегани...» сўзлари «Аллоҳ... дейди» маъносида бўлади. Худди шунингдек, аввалги оятда «ҳисобга олдик» жумласи «ҳисоб қиламиз» маъносида бўлади. Валлоҳу аълам!
Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби икки кўринишда бўлиши мумкин:
Биринчиси, ўтган умматлар ўз пайғамбарларига эргашиш ва уларга имон келтиришни тарк қилиб, ўзларини катта олган ва туғёнга кетганларида бошларига тушган азоб билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ҳамда Макка кофирлари қўрқитилаётган бўлиши мумкин. Токи, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қишлоғи куфрдан ва ҳаддан ошишдан тийилсин ёки келажакда унга грифтор бўлиб қолишдан огоҳ бўлсин.
(Иккинчиси,) бу оят қавмнинг куфри, исёни ва кеккайишига жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбига тасалли ва таскин бериш маъносида бўлиши мумкин. Шу орқали у зот ўтган пайғамбарлар ўз умматлари сабаб қандай нарсаларга йўлиққанларини биладилар. Ўтган умматнинг куфри ва кибри шу даражага етган эдики, ўз пайғамбарлари уларнинг имонга келишидан ноумид бўлган эдилар. Натижада Аллоҳ таоло уларга азоб ва уқубатларни нозил қилди. Шунингдек, бу оят Аллоҳ таоло томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир синов бўлиши ҳам мумкин. Шу орқали Расулуллоҳнинг умматга мушфиқ эканликлари ва улар ҳаққига асло ҳалокат сўраб дуо қилмасликлари маълум бўлади. Валлоҳу аълам!
9. Бас, у(нинг аҳли) ўз ишининг ёмонлигини тотиб кўрди ва ишининг оқибати зарар бўлди.
«Бас, у(нинг аҳли) ўз ишининг ёмонлигини», яъни ишининг касофатини, азобини ва куфрнинг уқубатини тотиб кўрди ва ишининг оқибати зарар бўлди. Яъни уларнинг туғёнга кетиши оқибатда ўзларига зарарли бўлди.
10. Аллоҳ уларга қаттиқ азобни тайёрлаб қўйди. Бас, Аллоҳга тақво қилинг, эй имон келтирган ақл эгалари. Ҳақиқатда, Аллоҳ сизларга зикр - Расулни туширди.
11. У имон келтириб ва солиҳ амаллар қилганларни зулматлардан нурга чиқариш учун, сизларга Аллоҳнинг равшан оятларини тиловат қилиб берур. Ва ким Аллоҳга имон келтирса ва яхши амалларни қилса, У Зот уни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур. У ерда абадул-абад қолурлар. Ҳақиқатда, Аллоҳ унинг ризқини яхши қилгандир.
«Аллоҳ уларга қаттиқ азобни тайёрлаб қўйди. Бас, Аллоҳга тақво қилинг, эй имон келтирган ақл эгалари». Яъни ўзларида ақл бор деб даъво қилувчилар, Аллоҳга тақво қилинглар, Унга ва Унинг Расулига кофир бўлишдан ҳазар қилинглар. Оятда Аллоҳ таолонинг хитоблари бандаларидан ақллиларни ўз ичига олиши, ақлсизларга эса асло хитоб қилинмаслигига далолат бордир.
«Ҳақиқатда, Аллоҳ сизларга зикрни - Расулни туширди». Бу оятнинг икки хил жиҳати бор. Биринчиси, Аллоҳ таоло «зикр» ва «Расул» сўзларини маънодош сўз қилди. Зеро, «Аллоҳ сизларга зикрни, яъни Расулни туширди», демоқда. (Иккинчиси,) Аллоҳ таоло Расулни икки жиҳатдан «зикр» деб номлаган: биринчиси, ким Расулга эргашса, шараф топади ва (мақтаб) зикр қилинади. Ёки Расул умматига дини ва охирати-да манфаатли ҳамда зарарли нарсаларни эслатиб тургани учун «зикр» деб аталган бўлиши мумкин.
Шунингдек, бу ўринда бир сўз яшириб қўйилган бўлиши мумкин, яъни «Аллоҳ сизларга зикрни туширди ва сизларга расулни юборди».
«У ...сизларга Аллоҳнинг равшан оятларини тиловат килиб берур». Оятдаги [мубаййинатин] сўзи(даги «йа» ҳарфи) касра ва фатҳа билан ўқилиши мумкин. «Оят» сўзи «белги» ва «ҳужжат» маъносидадир. Ким касра билан қироат қилса, унинг маъноси «оятлар ҳалол ва ҳаромни, амр ва қайтариқни баён қилиб берувчи» маъносида бўлади. Ким фатҳали ўқиса, оят «Аллоҳ таоло Узининг оятларини равшан қилиб, баён қилди. Ҳатто ким оят ва унинг моҳияти борасида тафаккур юритса. унинг Аллоҳ таоло ҳузуридан эканини албатта билади», деган маънода бўлади.
«Имон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларни зулматлардан нурга чиқариш учун». Барча имон келтирган кишилар, албатта, зулматдан нурга чиққан бўладилар. Шундай бўлса, Аллоҳ таоло «Кофирларни зулматдан нурга чиқариш учун», дейиши керак эди. Лекин оятнинг маъноси: «Имон келтирадиганларни зулматдан нурга чиқариш учун», бўлиши мумкин. Чунки луғат илмида ўтган замон феълидан ҳозирги-келаси замон маъноси ирода қилиниши мумкин. Қуйидаги оятда ҳам айни шу маъно ирода қилинган:
«Аллоҳ: «Эй Исо ибн Марям, сен одамларга (Аллоҳни қў-йиб, мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар) дедингми?» деб айтганини эсланг (Моида сураси, 116-оят). Ушбу оятдаги «Аллоҳ... дегани» сўзи «Аллоҳ... айтади» маъносида бўлади. Яъни ўтган замон феълидан ҳозирги-келаси замон феълининг маъноси ирода қилиниши мумкин ва бу тил қоидаларига ҳам мос келади.
Мазкур оят «имон келтирганларни имондан кейин пайдо бўладиган зулматлардан нурга олиб чиқиш учун» деган маънода бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!
Айтишларича, Аллоҳ таолонинг «Имон келтирганлар» сўзи қуйидаги маънони англатади: «Аллоҳ таолодан қўрқиб, имони туфайли Ундан умидвор бўлган кишилар Аллоҳ таолони яккаю-ягона деб биладилар, шубҳали маънолардан Уни улуғлаб, мутлақ олий, айбу нуқсонлардан пок деб сифатлайдилар ва имони сабабли солиҳ амал қиладилар. Бу уларнинг имондаги солиҳ амалларидир». Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти маъноси ҳам шундайдир:
«Ёки имонида яхшиликни касб қил(ма)ган (нафс)...» (Анъом сураси, 158-оят)(Оятнинг тўлиқ таржимаси: «Улар фаришталар келишини, ё Раббингнинг келишини ёки Раббингнинг баъзи оятлари келишини кутмоқдалар, холос. Раббингнинг баъзи оятлари келган кунида ҳеч бир жонга, олдин имон келтирмаган ёки имонида яхшилик касб қилмаган бўлса, имони наф бермас. Сен: «Кутаверинглар, биз ҳам кутгувчилармиз», деб айт» (Анъом сураси, 158-оят).). Ушбу оятда касбнинг таъвили биз юқорида айтиб ўтган имонли ҳолда Аллоҳни улуғлаш, олий деб билиш, қўрқиш ва умид қилиш маъноларидадир. Валлоҳу аълам!
«Солиҳ амалларни қилганлар...» жумласи «Аллоҳ таоло уларга фарз қилган амалларни адо қилганлар...» деган маънони англатади.
«Ҳақиқатда, Аллоҳ унга ризқни яхши қилгандир». Яъни Аллоҳ унга дунёда тоатни, охиратда эса савобни гўзал қилди. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти маъносидир:
«Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин» (Бақара сураси, 201-оят).
Бу оятда киши имонга Аллоҳ таолонинг фазли ва карами билан муяссар бўлишига далолат бор. Акс ҳолда, Аллоҳ таоло буни неъмат қилиб берганини айтмаган бўларди.
12. Аллоҳ етти осмонни ва ердан (ҳам) улар мислича яратган Зотдир. Амр уларнинг орасига тушади. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир эканини ва, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани Ўз илми ила ўраб олганини билишингиз учун...
Уламолар Аллоҳ таолонинг «ердан (ҳам) улар мислича яратган» деган сўзи борасида турли фикрлар айтганлар. Баъзилар «уларнинг мислича» сўзини «осмонлар сингари, бир-бири устида бўлган, устма-уст» деб изоҳлаганлар. Баъзилар эса «уларнинг мислича» сўзини «етти жазира» деб талқин қилганлар. Чунки бошқа оятда Аллоҳ таоло «еттита денгиз» деб айтгани каби, етти жазирани яратган, дейдилар. Баъзи муфассирлар: «Аллоҳ таоло биз кўриб турган заминни дунё осмони ҳудуди ва миқдорича яратган. Қолган олтитаси бу осмоннинг ортидадир», дейдилар. Валлоҳу аълам!
Ернинг моҳиятини, қандайлигини ва сонини билишимиз учун бизда ҳеч қандай эҳтиёж йўқ. Чунки буни билишга тегишли илоҳий ҳукм мавжуд эмас. Валлоҳу аълам!
«Амр уларнинг орасига тушади». Бунинг икки таъвили бор: Биринчиси, уларнинг орасига ваҳий, илоҳий китоблар ва расуллар тушади. Унинг маъноси, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларини пайғамбарлар, самовий китоблар ва ваҳий билан имтиҳон қилиш билан хосламади, балки Еру осмондагиларнинг барчаси бу орқали имтиҳон қилинувчидирлар.
Иккинчиси, «Амр уларнинг орасига тушади», яъни таквин (яратиш) тушади. Бунинг изоҳи шуки, ҳар онда Еру осмонлардаги бирор жой Аллоҳ таолонинг яратган ва пайдо қилган нарсасидан холи эмас. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти маъносидир:
«Қачон бирон нарсани ирода қилса, Унинг иши «Бўл» демоқлиқдир, холос. Бас, у нарса бўлур» (Ёсин сураси, 82-оят). «Амр уларнинг орасига тушади» оятидаги «амр» сўзидан мурод «таквин» (яратиш) буйруғи бўлиши ҳам мумкин. Шунда, унинг маъноси айтганимиздек бўлади. Валлоҳу аълам!
«Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир эканини ...билишингиз учун». Яъни «Сизлар осмонлару Ернинг яратилиши ва улардаги тадбирлар борасида тафаккур қилганингизда, қурби шу даражага етган Зотнинг қудрати зотий эканини, ҳеч нарса Унинг иродасини ожиз қолдира олмаслигини билар эдингиз». Шунингдек, ушбу оят «Бу тадбир ҳеч нарса Унга махфий қолмайдиган Зотдан содир бўлган» деган маънога ҳам далолат қилади.
«Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир эканини ...билишингиз учун» ояти бир неча маъноларни англатиши мумкин:
Биринчиси, Аллоҳ таоло махлуқотларининг ҳар бирининг феълини яратишга қодирдир. Бунинг сабаби шуки, Аллоҳ таоло «Аллоҳ етти осмонни ва Ердан (ҳам) улар мислича яратган Зотдир» ояти орқали инсониятга Еру осмонларни яратганини билдирди. Аллоҳ таоло «Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир эканини ...билишингиз учун» дегач, ушбу яратиш Еру осмонлардан бошқа нарсаларга ҳам тегишли экани маълум бўлди. Демак, ушбу оят Аллоҳ таоло барча мавжудотларнинг феълларини яратишга қодир эканига далолат қилади. Шунингдек, у иккисининг азамати ўта улуғворлигидан инсоният ожиз қолди. Лекин Аллоҳ таолонинг қудрати ва тадбири у иккисини яратишдан ожиз қолмагач, У Зот инсониятнинг тадбири ва қурби етадиган банданинг феълларини ҳам яратишга ҳақлироқ экани маълум бўлди. Мадад Аллоҳдандир!
Иккинчиси, «Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир эканини ... билишингиз учун», яъни У Зот (мўминларга) ваъда қилган ва (осийлар ва кофирларга) таҳдид қилган нарсаларига қодирдир. Ва яна У Зот бандаларга ҳар қандай манфаат ва зарар беришга қодирдир.
Мўътазилийлар шундай эътиқод қиладилар: «Аллоҳ таоло чивин ва ундан кичик нарсаларни яратишга қодир эмас. Барча хазиналарини сафарбар қилса ҳам, махлуқотларнинг бирортасини ислоҳ қилишга қодир эмас. Яхши бўлган банда ўз феъли билан яхши бўлади. Ким ёмон бўлса, ўз феъли билан ёмон бўлади».
Бундай эътиқод «барча нарсага қодир» деб васфланган Аллоҳ таолонинг сифатига зиддир.
«Ва, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани Ўз илми ила ўраб олган». Яъни Унинг илмидан бирор нарса четда қолмайди. Шунингдек, Унга бирор феъл, буйруқ ва бошқа нарсалар махфий эмас. Валлоҳу аълам!