close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

070. Маориж сураси

(Маккада нозил бўлган, 44 оятдан иборат.)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

[1] Сўровчи нозил бўладиган азобни сўради.
Мазкур оятда келган [са’ала] - «сўради» лафзи (бир қироатда) сукунли алиф билан (яъни алифни чўзиб) [саала] - «окди» деб ўқилган(Абу Жаъфар, Нофеъ, Ибн Умар [саала], деб алиф ҳарфини ҳамзасиз ва сукунли қилиб ўқиганлар. Қолганлар эса уни [са’ала], деб алиф ҳарфини ҳамзалик ва фатҳалик қилиб ўқиган. Ибн Меҳрон, Ибн Жавзий ривояти.). Бу қироатга кўра, оятнинг маъноси«водий муқаррар азоб ила оқди», бўлади.
«(Улар айтдилар:) Агар мана шу Сенинг ҳузурингдан келган ҳақ бўлса, устимизга осмондан тош ёғдиргин» (Анфол сураси, 32-оят).
«(Улар айтдилар:) Бизга ҳисоб кунидан илгари насибамизни тезроқ бер!» (Сод сураси, 16-оят).
Айтишларича, азоб сўраган киши Назр ибн Ҳорис бўлиб, Бадр жанги куни асирга олинган ва қатл қилинган. Айрим муфассирлар худди шу гапни айтган.
Аммо бизнингча, бу оят гарчи сўраш кўринишида келган бўлса-да, аслида у билан азоб тушиши сўралмаган. Лекин бу сўров азобнинг тушишини ҳақиқатдан йироқ деб ҳисоблаш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масхара қилиш маъносида бўлган. Маккаликларда шундай бир фикр бор эдики, агар ораларида бирор пайғамбар бўлган тақдирда ҳам, мол-дунёлари кўп ва мамлакат бўйлаб сўзлари ўтадиган киши-лар бўлганлари учун пайғамбарликка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра ўзларини ҳақлироқ деб ҳисоблар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эса мол-дунёлари йўқ, ораларида у зотнинг сўзлари у қадар нуфузли эмас эди. Азоб тушишини ҳақиқатдан йироқ деб санаш ҳамда уни инкор этишга уларни ундаган нарса шу эди. Шунга кўра, улар ўзларини Пайғамбар алайҳиссаломга қараганда Аллоҳ таолога яқинроқ мартабада деб ўйлар эдилар. Улар, ақлан олиб қараганда, дўст ўз дўстига жафо қилиб, у билан алоқа қилишни тарк этиб, ўз душмани билан алоқада бўлиши тўғри иш эмас, деб ҳисоблар эдилар (Бу билан улар ўзларини Аллоҳга дўст деб билишмоқда).
Демак, кофирларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга азоб тушиши ҳақида берган хабарларини инкор
этишга ва у зотни масхара қилишга ундаган нарса - уларнинг биз юқорида зикр қилиб ўтган гумонлари (яъни ўзларини Аллоҳга Пайғамбар алайҳиссаломдан кўра яқинроқ деб ўйлаганлари)дир. Бинобарин, сўровчининг сўрови азоб келишини эътироф этиб, унинг тезлатилишини сўраш эмас, балки ваъда қилинган азобни амримаҳол санаш ва инкор этиш маъносида бўлган.
Айтишларича, Абу Жаҳл Бадр жанги куни: «Эй Аллоҳ! Бизнинг орамиздан қасамида энг содиқ турадиган, қариндошлари билан энг яқин алоқада бўладиган ва меҳмонни энг кўп иззат-икром этадиганимизга нусрат бер!»(Ривоят қилинишича, Абу Жахл Бадр жанги куни: «Эй Аллоҳ! Бизлардан қайси биримиз қариндошлари билан алоқани энг кўп узган ва уларни энг кўп тарк этган бўлса, уни ҳалок қил!» - деб дуо қилган. Замахшарий. «Кашшоф». 2-ж. 150-бет.) деб «дуо» қилган. У ўзини Аллоҳнинг ҳузурида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда у зотга эргашган саҳобалардан кўра, гўзал ҳолат ва буюк мартаба соҳиби деб билар ва шунга ишонарди. Бундай ҳолатдаги киши Аллоҳ томонидан нусрат берилишига энг муносиб деб ҳисоблагани учун шундай сўраш билан дуо қилиб юрар эди. Аллоҳ таоло бундай деган:
«Уларнинг: «Эй Аллоҳим, агар мана шу Сенинг ҳузурингдан келган ҳақ бўлса, устимизга осмондан тош ёғдиргин ёки бизга аламли азоб юборгин», деганларини эсла» (Анфол сураси, 32-оят).
Агар улар ўзларини (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра) Аллоҳга яқинроқ ва Унинг дўстлари бўлишга ҳақлироқ деб билмаганларида бу нарсани (тош ёғдиришни ёки аламли азоб юборишни) сўрашга журъат этмаган бўлар эдилар. Биз юқорида зикр қилиб ўтган ўша шубҳа уларда биз айтиб ўтган гумонни пайдо қилган, ҳатто улар пайғамбарликка ўзларини ҳақлироқ деб ҳисоблашган. Улардаги бу гумон аслида Иблиснинг (кибрли) гумонидан келиб чиққан. Чунки Иблис ҳам:
«Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан, уни (Одамни) эса лойдан яратдинг» (Аъроф сураси, 12-оят)(«(Аллоҳ) айтди: «Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?» У деди: «Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг» (Аъроф сураси, 12-оят).) деган эди. У (яратилиш жиҳатидан) устун бўлган (шу жиҳатдан) паст бўлган махлуқ олдида сажда қилишга амр этиш ҳикмат доирасидан ташқаридир, деб ҳисоблади ва пировардида, хорлик ва лаънатга дучор бўлди.
Шунга ўхшаб, ушбу мушриклар ҳам ўзларини дунёда мол-давлатлари кўп ва сўзлари ўтадиган кишилар эканини кўргач, Аллоҳ таолога (бошқалардан кўра) биз яқинроқмиз, деб ўйлардилар. Чунки уларнинг фикрича, мол-давлатнинг кўплиги Аллоҳга яқинлик ва дўстликнинг далили эди.
(Мол-давлат) ва фаровон ҳаёт кечиришлари уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан кибр қилиш ва у зотга бўйсунмасликка ундаган эди. Иўқса, ўз жонларига инсоф қилганларида, бошқалардан кўра улар Аллоҳ таолога итоат-корроқ бўлишлари керак эди. Чунки бошқа биров тарафидан ўзига мўл-кўл неъмат берилган киши оз неъмат берилган кишига қараганда ўша неъматларга шукр қилувчироқ ва инъом берувчи чорлаган нарсада унга итоат этувчироқ бўлиши лозим. Шундай бўлгач, маккаликлар ўзларига Аллоҳ таоло мўл-кўл неъматлар бергани ва кўплаб яхшиликлар қилганини эътироф этар эканлар, ўзларининг (Аллоҳ таолога бошқалардан кўра биз яқинроқмиз деган) сўзларидан келиб чиқиб, айнан улар Аллоҳ таолога итоат қилишни маҳкамроқ ушлашлари, У Зотнинг амрларига оғишмай амал қилувчи бўлишлари шарт эди.
Худди шу сингари лаънати Иблис ҳам ўзини (Одам алайҳис-саломдан) афзал деб билганида - ваҳоланки, шу афзалликка Аллоҳ таолонинг инъоми билан ҳақли бўлган эди(Иблис ўзининг оловдан яратилганини лойдан яратилган Одам алайҳиссаломдан афзаллиги деб билар эди. Шунинг учун у: «Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг», деб Аллоҳ таолога эътироз билдирди.) - Аллоҳ таолонинг амрига итоат қилмаслик ва ўзидаги исён-норозиликни намоён қилиш ўрнига, У Зотга итоат қилиш, Унинг амрига бўйсунишга шошилиш унга вожиб эди.
Оятда келган «нозил бўлувчи азоб» ибораси «У Аллоҳ таолонинг илмида ҳеч шубҳасиз уларга тушувчидир» ёки «у тезда воқе бўлажакдир», деган маънодадир. Арабларда [қотилун] «қатл қилувчи» сўзи «тез орада қатл қилади» маъносида келади.

[2] Кофирлар учун уни қайтарувчи йўқдир.
Агар ушбу оятдаги [лил-каафирийна] - «кофирларга» сўзи «нозил бўладиган азобни» жумласига боғлиқ бўлса, [ъалал-каафирийна] - «кофирлар устига» тарзида қўлланилиши керак эди. Аммо ундаги «лом» ҳарфи изофа бирикмаси кўмакчиси ва жар ҳарфлари (олд кўмакчилар)дан биридир. Изофа бирикмаси учун ишлатиладиган ҳарфлар (кўмакчи боғловчилар) бир-бирларининг ўрнига алмашлаб қўлланилиши мумкин. Шунинг учун оятда [алаа] - «устига» кўмакчиси ўрнига «лом» [ё] «га, учун» кўмакчиси келган(Ушбу таркибга кўра, оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: «(У) кофирлар устига (тушадиган), унинг қайтарувчиси топилмайдиган (азобдир).).
Агар бу оятдаги [лил-каафирийна] - «кофирлар учун» сўзи оятнинг «уни қайтарувчи (куч) йўқдир» қисмига тааллуқли бўлса, у ҳолда оят «Кофирлар учун Аллоҳ таолонинг азобини даф қилувчи йўқ, балки у азоб кофирларга ҳеч бир шубҳасиз воқе бўлувчидир», деган мазмунда бўлади. Шундай қилиб, ҳар иккаласи ҳам жар ҳарфлари (олд кўмакчилар)дан бўлгани учун, бу ўринда [ъан] кўмакчиси ўрнига [лом] кўмакчиси келмокда.
Аллоҳ таолонинг азоби мўмин-мусулмонлардан бир неча сабаблар билан даф этилиши мумкин: ё Аллоҳ таолонинг раҳмати билан ёки пайғамбарлар ва яхши инсонларнинг шафоатлари билан ёки уларнинг гуноҳлари ювиб юборилишига сабаб бўладиган яхши амаллари туфайли.
Аммо кофирларга келсак, уларга Аллоҳнинг раҳмати ҳам, ҳеч бир халойиқнинг шафоати ҳам етмайди, шунингдек, уларнинг гуноҳларини ювиб юборадиган яхши амаллари ҳам бўлмайди. Бинобарин, кофирларга Аллоҳнинг азобини улардан даф қиладиган ҳеч нарса мавжуд эмас.
Мазкур оятнинг маъноси бундай бўлиши ҳам мумкин: уларнинг фалокат вақтида ва мусибат етганида бизга ёрдам беради деб ўйлаб юрган нарсалари уларга ёрдам бермайди, уларни шафоат қилмайди. Чунки улар бизни шафоат қилиб, Аллоҳ таолога яқин қиладилар, деган умид билан бутларга ва фаришталарга ибодат қилар эдилар.

[3] (У) меърожлар эгаси Аллохдандир.
Яъни ўша азоб уларга меърожлар эгаси Аллохдан, яъни меърожлар Уники бўлган Зот томонидан бўлур. Бу ҳам қуйидаги оят сингаридир:
«У Арш эгаси ҳамда қадри улуғ Зотдир» (Буруж сураси, 15-оят). Яъни Арш Уники бўлган Зот маъносида бўлади.
Мазкур оятда келган «меърожлар» лафзи хусусида уламолар ҳар хил қарашлар билдирганлар. (Биринчиси) Айримлари «У кўтарилган жойлар, яъни осмонлардир. Аллоҳ таоло уларни «кўтарилган» деб аташи осмонларнинг баъзиси баъзиларига нисбатан юқорироқ ва юксакроқлиги учун. Шунга кўра, агар оятда «қуйи бўлганлар эгаси» дейилганда ҳам «меърожлар эгаси» ибораси тақозо қилган маъно ифодаланган бўлар эди. Чунки осмонларнинг баъзиси юксакроқ бўлса, унинг остидагиси қуйироқ ва пастроқ бўлади. Аммо Аллоҳ таоло бу ўринда кўтарилган (меърожлар) сўзини зикр қилди. Чунки бу сифатлаш бобида юқорироқдир.
Аллоҳ таолонинг меърожларни зикр қилишида халойиқларига берган улуғ неъматлари ва яхшилигини эслатиш мавжуд. Зеро, У осмонларни унинг аҳли учун маскан қилиб яратди. Ерни ҳам унинг аҳли учун маскан қилиб тўшаб қўйди. Инсонлар қачон мана шу неъматларни англасалар, Аллоҳ таоло баъзи инсонларни баъзиларидан афзал қилиб қўйишини, одамлар орасидан Узи истаганини пайғамбарлик учун танлаб олиб, шу ишга хослаб қўйишини ҳам билиб оладилар.
Шунингдек, Аллоҳ таоло бандаларга Ўзининг ҳикмати, илми, қудрати ва салтанатини ҳам эслатиб қўймоқда. Яъни У зот осмонларни устма-уст қилиб қўйди, остидан уларни тутиб турадиган устунларсиз ёки тепасидан боғлаб қўйиладиган боғичларсиз, қават-қават қилиб яратди. Бинобарин, аён бўлдики, осмонларни Аллоҳ таоло ўзининг ҳикмати, қудрати ва салтанати ила тутиб туради. Демак, биз юқорида зикр қилиб ўтган жиҳатларнинг ҳар бири қайта тирилиш ва пайғамбарлик борасида кофирларда пайдо бўлган шубҳаларнинг асоссизлигини исботлайди. Ана шундай буюк ишларга қодир бўлган Зот ҳалок бўлиб кетганларидан сўнг, уларни яна аслига қайтаришга ҳам қодир эканини кўрсатади.
Айрим тафсирларда мазкур оятда келган «меърожлар» лафзига «олийлик ва юксаклик»(Ушбу таркибга кўра, оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: «(У) кофирлар устига (тушадиган), унинг қайтарувчиси топилмайдиган (азобдир).), деб маъно берилган. Яъни У Зот олийлик ва юксаклик соҳибидир деган маънода. Чунончи, биз  юқорида «Ал-Ҳамду лиллааҳи» ибораси борасида: «Аслида (Аллохдан бошқа) ҳеч ким мақтовга сазовор эмас. Бирор киши мақталган бўлса, у ҳам аслида Аллоҳ таоло учундир. Чунки у ўша мақтовга У Зотнинг ёрдами билан эришган бўлади», деб айтган эдик. Бизнинг: «Олийлик ва юксаклик Уникидир», деган сўзимиз ҳам шунга кўра тушунилади. Яъни олийлик ва улуғ-ликка эришган бирор кимса йўқки, аслида ўша нарса Аллоҳ таолоники бўлмасин. Чунки у ўша улуғликка Аллоҳ таолонинг ёрдами билан эришгандир.
Иккинчиси, («маориж» сўзининг яна бир маъноси) шуки, Аллоҳ таоло халойиқлар тасаввурига келтира оладиган сифатлардан олийлик ва улуғлик билан сифатланмиш Зотдир.

[4] Фаришталар ва Руҳ Унинг ҳузурига миқдори эллик минг йил бўлган кунда кўтарилади.
Оятдаги «кўтарилади» феълининг маъноси пастликдан тепага кўтарилади дегани эмас. Балки Аллоҳ таоло уларни шу тарзда кўтарилган зотлар қилиб яратган. Бунинг мисоли қуйидаги оятлардир:
«Ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан туширди»(«Ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди (дунёга келтирди)» (Зумар сураси, 6-оят).), яъни уларни яратди маъносида. Шунингдек,
«Осмонни кўтариб қўйди» (Раҳмон сураси, 7-оят) оятида ҳам осмон аввал паст жойда бўлгани эмас, балки Аллоҳ таоло уни ана шундай баланд қилиб яратгани назарда тутилган. Мазкур «Фаришталар кўтарилади» ояти ҳам шунга кўра таъвил қилинади. Яъни Аллоҳ таоло фаришталарни «миқдори эллик минг йил бўлган кун»да ишга солиш учун ана шундай қилиб яратди.
Мазкур оятнинг мазмунига яқин келувчи яна бир маъно бор. Бу маънони муфассирлар қуйидагича ифодалаганлар: «Албатта, фаришталар Аллоҳ таоло уларни турли ишлар амри билан юборган жойга бир кунда кўтариладилар. Агар ўша кўтарилиш башариятнинг юриши ва кўтарилиши билан ўлчанадиган бўлса, албатта, унинг миқдори эллик минг йилга тенг бўлар эди», деганлар.
Аллоҳ таоло бу оятда «миқдори эллик минг йил бўлган кунда», деган бўлса, бошқа бир оятда:
«Сизларнинг ҳисобингизча, миқдори минг йил бўлган кунда»( Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ривояти.), деган.
Ушбу муддат фаришталарнинг тушиб-кўтарилишларининг умумий вақти бўлиши мумкин. Яъни баъзи фаришталар бир кун ичида минг йилга тенг бўлган миқдорда тушиб-кўтариладилар. Яна айримлари бир кун ичида эллик минг йилга тенг миқдорда тушиб-кўтариладилар. Бундан маълум бўладики, осмон аҳлидан бири Ер аҳлининг ишлари борасида бошқа бир осмон аҳлидан устунликка эга эмас. Аксинча, бир сафар осмон аҳли Аллоҳ томонидан ирода қилинган ишни бажариш учун Ерга тушса, иккинчи сафар бошқа осмон аҳли Ерга тушади. Сўнгра қайси осмондан тушган бўлса, бир кун ичида ўша осмонга қайтиб чиқади. Яъни еттинчи ё олтинчи ёки биринчи осмондан тушган бўлса, улар ўша кунда айнан ўзи юборилган осмонга кўтарилади. Бундан яна шу нарса маълум бўладики, фаришталарнинг айримлари айримларига қараганда кучлироқ бўлиб, улар орасида бир кун ичида эллик минг йиллик масофани босиб ўтадигани ҳам, минг йиллик масофани босиб ўтадигани ҳам бор. Узи яратиб қўйган халойиқларида бир кун ичида мана шунча масофани босиб ўтиш учун куч-қудрат яратиб қўйган Зот (Аллоҳ)ни ҳеч нарса ожиз қолдира олмайди. Бинобарин, мазкур оят орқали бандалар қўрқитилган (огоҳлантирилган) қиёмат ва қайта тирилишнинг аниқ мавжудлиги зикр қилинаётган бўлиб чиқади.
Эҳтимол, «миқдори эллик минг йилга тенг кунда» оятидаги ўша кун қиёмат кунидир. Аллоҳ таоло бир ўринда унинг миқдорини минг йилга тенг деган бўлса, бу ерда эллик минг йилга тенг, деб зикр қилган. Аслида ўша куннинг на чегараси бор, на якун топадиган охири бор. Қайси ўринда у куннинг муддати зикр қилинган бўлса, бандаларни қўрқитиб, даҳшатга солиш учун мазкур кунни улуғлаб кўрсатиш маъносида айтилган, деб тушунилади. Зеро, Аллоҳ таоло қай бир нарсанинг тилга олиниши қалбларда (таъсири) улуғ бўлса, ўшани зикр қилади. Шунинг учун қиёматни бир сафар мангулик билан сифатлаб:
«Бу (кун) мангулик кунидир»(«Ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди (дунёга келтирди)» (Зумар сураси, 6-оят).), (Қоф сураси, 34-оят) деган бўлса, бошқасида:
«(Улар) у жойда узоқ замонлар қолувчидирлар» (Набаъ сураси, 23-оят), деб зикр қилган. Бир ўринда: «эллик минг йилга тенг», деган бўлса, бошқасида: «минг йилга тенг», деган. Чунки бу нарсалар қалбга қўрқув соладиган ифодалар сирасидандир. Шунингдек, минг йил ҳам қалбга кучли қўрқув солади. Мазкур нарсаларнинг зикр қилиниши қалбларга қўрқув солар экан, уларнинг орасидан биттасини ёки ҳаммасини зикр қилиш бир маънони ифодалайди.
Айрим муфассирлар оятдаги «минг йилга тенг» жумласини «ўша куни «халойиқлар осмонга кўтарилиш муддати», деб маъно берган бўлсалар, «эллик минг йилга тенг» жумласини дўзахга киришдан аввал ҳисоб-китоб учун тик туриш вақти, деб таъвил қилганлар.
Унинг таъвили баъзи бир муфассирлар айтганлари каби бўлиши ҳам мумкин. Яъни фаразан Аллоҳ таоло ўша кунда халойиқларни ҳисоб-китоб қилиш ишини уларнинг ўзларига топшириб қўйган тақдирда ҳам, улар ўз ҳисоб-китобларидан фориғ бўлишга қанча уринсалар-да, эллик минг йилда бўшаган бўлар эдилар. Лекин Аллоҳ таоло ўзининг лутфу карами билан бандаларни шундай ҳисоб-китоб қиладики, жуда қисқа вақт ичида ундан фориғ бўладилар, хабарларда келганидек, ҳатто жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киритилади. Бу маъно қуйидаги оятда зикр қилинади:
«Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи Зотдир»(«(У) осмондан ергача бўлган барча ишнинг тадбирини кўрар (бошқарар), сўнгра (бу ишларнинг барчаси) сизларнинг ҳисобингизча минг йилга тенг келадиган (бир) кунда (яъни қиёматда) Унинг ўзига кўтарилур» (Сажда сураси, 5-оят).).
Агар «сизларнинг ҳисобингизча минг йилга тенг келадиган кунда...»(«Унга (жаннатга) саломат кирингиз! Бу (кун) мангулик кунидир (дейилур)» (Қоф сураси, 34-оят). ) ояти ҳақида: «Аллоҳ таоло қандай қилиб бу миқдорни бизнинг кўтарилишимиз билан ўлчайди? Ваҳоланки, биз кўтарилиш имкониятига эга эмасмиз, табиатимизга кўра ҳам кўтариладиган қилиб яратилган эмасмизки, унинг миқдори минг йилми, ундан оз ёки кўпми, дея фикр юритиб ўтирсак?» деб эътироз билдирилса, бундай жавоб берилади:
«Ҳақиқатан, мазкур оятнинг таъвили шуки, агар осмон билан Ернинг ўртаси теп-текис қилиб, устида юриш мумкин бўлган бир ҳолга келтириладиган бўлса, ўша масофани босиб ўтишга эҳтиёж сезган вақтимиз уни бизнинг ҳисобимизча минг йилдан кам муддатда босиб ўта олмаймиз». Валлоҳу аьлам!
Мазкур оятни қуйидагича таъвил қилиш ҳам мумкин: «Агар биз учун осмонга эшик очиб қўйиладиган бўлса ва биз у томонга қараб кўтарилишда давом этадиган бўлсак, у ерга минг йилда етиб бора оламиз».

[5] Бас, чиройли сабр билан сабр қилинг!
Айтилишича, чиройли сабр - бу жазавага тушиш бўлмаган сабр. Жазавага тушиш бўлмаган сабр бу - кишининг юзида сабрнинг аломати кўринмайдиган, яъни юзида норозилик ва қовоқ осилиш ҳолатлари намоён бўлмайдиган шаклда сабр қилишдир. Яъни бундай ҳолатда ўзига озор берган кимсага кишининг нафрат ва ғазаб кўзи билан эмас, балки розилик ва шафқат кўзи билан қарашидир.
Ёки чиройли сабр - бу озор берган кимсаларга уларнинг қилмишларига яраша жавоб қилмаслик, озорларига қарамай, уларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиш. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай кимсаларга нисбатан ана шундай раҳмли ва шафқатли эдилар. Ҳатто кофирларга ҳам раҳм-шафқат қилганлари ва маҳзун бўлганларидан жонларини ҳалок қилгудек ҳолга етдилар. Бу хусусда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Бас, уларга ҳасратлар чекиб, жонингиз кетмасин»(«Айнан ўшаларга қилган ишларидан насиба (савоб) бордир. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи Зотдир» (Бакрра сураси, 202-оят).) (Фотир сураси, 8-оят).
Бошқа бир оятда:
«Эҳтимол, Сиз уларнинг ортидан, афсуслик билан ўзингизни ҳалок қилувчидирсиз?!»(«(У) осмондан ергача бўлган барча ишнинг тадбирини кўрар (бошқарар), сўнгра (бу ишларнинг барчаси) сизларнинг ҳисобингизча, минг йилга тенг келадиган (бир) кунда (яъни қиёматда) Унинг ўзига кўтарилур» (Сажда сураси, 5-оят).) (Кақф сураси, 6-оят) дейилган.
Демак, пайғамбарлар алайҳимуссаломга озор берилганида, улар ўзлари учун қайғурмаганлар. Балки Аллоҳ таолонинг пайғамбарларига озор берганлари сабабли уларнинг бошларига ҳалокат ва талафот келишидан қўрқиб, ўша кимсалар учун қайғурганлар. Қавм аъзоларининг у зотларга қилган зулмлари ёки (ёмон) муомалалари учун эмас, балки ўз қавмларига нисбатан шафқатлари (кучли бўлгани) сабаб улар ғам-қайғу чекканлар.

[6] Албатта, улар у (кун)ни узоқ деб билурлар,

[7] Биз эса уни яқин деб билурмиз.
Яъни улар у (кун)нинг келишини узоқ деб билурлар. Бинобарин, бу ҳолат улар томонидан инкор ва рад маъносида бўлмоқ-да. Ушбу калима баъзан инкор қилиш ўрнида ҳам ишлатилади. Масалан, киши ўз шериги билан баҳслашаётган вақтда у аниқ ва тўғри бўлмаган далил билан жавоб берса: «Гапни узоқ қилдинг», дейди. У ўзининг бу гапи билан инкорни, яъни «иш сен айтгандек эмас», деган маънони назарда тутган бўлади.
Аллоҳ таоло бундай деган:
«Улар узоқ бир жойдан чақирилаётган қишилардир (Фуссилат сураси, 44-оят)(«Ахир (қилган) ёмон иши ўзига чиройли кўрсатилиб, уни гўзал (иш) деб ўйлаган кимса (ҳидоят топган зот каби бўлармиди)?! Зотан, Аллоҳ Узи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва Узи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Бас, (эй Муҳаммад!) уларга ҳасратлар чекиб, жонингиз (чиқиб) кетмасин. Албатта, Ал-лоҳ уларнинг қилаётган сир-синоатларини билувчидир» (Фотир сураси, 8-оят).). Бунинг маъносида чақиришни инкор этиш бор, яъни «улар чақирилмайдилар», дейилмокда.
Ёки «Улар у (кун)ни узоқ деб билурлар» оятининг маъноси, «у куннинг бўлишини эҳтимолдан йироқ деб ҳисобладилар, ушбу кун тасаввурларидан узоқлашди, ҳатто уни инкор этдилар», бўлиши ҳам мумкин.
Агар ушбу оятдаги «узоқ» калимаси «у куннинг воқе бўлиши узоқ» деган маънода бўлса, «Биз эса уни яқин билурмиз», яъни у куннинг воқе бўлишини яқин билурмиз, деган маънода бўлади. Ёки «Биз эса уни яқин билурмиз», ояти «Биз у кунни воқе бўлувчи деб билурмиз», маъносидадир. Дарҳақиқат, уларнинг бошига ўша куннинг тушишига яқин қолди. Зеро, келажакда воқе бўлувчи барча нарса яқиндир.

[8] У кунда осмон ёғнинг қуйқасидек бўлиб қолур.

[9] Тоғлар эса юнг каби (тўзон) бўлиб кетар.
Макка мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уларга азоб тушиши ваъда қилинган вақт қачонлигини сўрашганида, ана шу: «Осмон ёғнинг қуйқасидек бўлиб қоладиган кунда» ояти (мушрикларга) жавоб бўлиб нозил қилингандек кўринади.
Айтилишича, мазкур оятда келган [ал-муҳл] сўзи «ёғнинг қуйқаси» деганидир. Эҳтимол, бу ҳақиқий маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни ўша куни осмон ранги ўзгариб, у куннинг даҳшатидан гоҳ қизариб, гоҳ сариқ тусга кириб, ранг ва юмшоқликда худди ёғнинг қуйқасига ўхшаб қолар. Эҳтимол, унда ўзгариш содир бўлмас, бироқ кишининг бошига тушган қўрқинч ва даҳшатнинг кучлилиги унинг кўзини заифлаштириб, ҳатто осмонни доимги ҳолатидан бошқача рангда кўриб қолар. Чунончи, воқеликда ҳам кишига заифлик ва хасталик етганида, нарсаларнинг таъмини аслидагидан бошқача ҳис қиладиган бўлиб қолади. Демак, Аллоҳ таолонинг бу ҳолни зикр қилиши замирида бандаларни қўрқитиб, даҳшатга солиб қўйиш (ҳикмати) бор. Албатта, ўша куннинг даҳшати кучлидир. Яратилиш жиҳатидан қанчалик салобатли ва қалин бўлмасин, осмонлар ва ерлар у куннинг даҳшатига бардош бера олмайди. Шундай экан, ожизлик ва нозиклик билан сифатланмиш одам-зот унинг даҳшатига қандай туриб бера олсин?!
Юқорида таъкидлаганимиздек, осмон юмшоқ ва бўш бўлгани учун ёғнинг қуйқасига ўхшаб қолиши ҳам мумкин. Яъни осмон ўша куннинг қўрқинчидан юмшаб, бўшашиб қолади, ҳатто у ёғнинг қуйқасидек, тоғлар эса титилган юнг каби бўлиб қолади. Демак, бунинг замирида ҳам бандаларни қўрқитиб қўйиш мавжуд, токи улар ўз (юрган ношаръий) йўлларидан қайтсинлар, Аллоҳ таолонинг ибодатига юз буриб, Унга итоат қилишга шошилсинлар.
[ал-ъиҳн] - «титилган юнг» калимасининг маъноси ва тоғлар қайси жиҳатдан унга ўхшатилгани ҳақида кейинги жуздаги:
«Тоғлар эса титилган юнг каби бўлади» (Қориа сураси, 5-оят) ояти таъвилида айтиб ўтилади.

[10] Дўст дўстдан сўрамайди.
Мазкур оятда келган феъл «йа» ҳарфини замма(Араб ёзувида «у» товушини ифодаловчи белги.) билан ҳам [лаа юсъалу] - «сўралмайди») ва фатҳа(Араб ёзувида «а» товушини ифодаловчи белги.) билан (31Ц [лаа ясъа-лу] - «сўрамайди») ҳам ўқилган. «Йа» ҳарфи замма қилиб ўқилса, (уламолар) унинг маъносини: «Дўст дўстдан сўралмайди. Дунёда бўлгани каби, (охиратда) унинг ўрнига ҳисобга тутилмайди. Чунки ўша кун айнан адолат кунидир. Бировнинг гуноҳи учун бошқа бировни ҳисобга тутиш адолатдан эмас», деб таъвил қилганлар.
Оятдаги «йа» ҳарфи фатҳа билан ўқилса, маъноси: «Уша кун оғир ва қўрқинчли бўлгани боис дўст дўстдан кўмак ва шафоат (воситачилик қилиш)ни сўрамайди ёки бошига иш тушиб, ўзи билан овора бўлиб қолгани учун дўстининг ҳолини сўраёлмайди», бўлади.

[11] Улар бир-бирларига кўрсатилурлар. Гуноҳкор ўша куннинг азобидан қутулиш учун ўз болаларини ҳам фидо қилишни хоҳлайди.

[12] Ва хотинини ва ака-укасини ҳам.

[13] Ва уни ўз паноҳига олган қабиласини ҳам.

[14] Ва Ер юзидаги жамийки кимсаларни ҳам. Сўнг бу унга нажот беришини (истайди).

[15] Йўқ! Албатта, у (жаҳаннам) - «Лазо» (кучли аланга)дир.

[16] Териларни сидириб олувчидир.
Оятда келган «бир-бирларига кўрсатилурлар» иборасининг маъноси: «Бу - отанг, бу - ўғлинг, бу - дўстинг, деб бир-бирлари билан таништириладилар» бўлиши ҳам мумкин. Чунки киши ўзи рўбарў бўлган даҳшат ва қўрқинчнинг кучлилигидан унга танитилмаса, уларни танимайдиган ҳолга келиб қолган бўлади. Бир-бирларини таниганларидан сўнг улардан ҳол сўрамайдилар, балки бир-бирларидан қочадилар. Бунга далил ушбу оятдир:
«Ўша куни киши ўз биродаридан қочур» (Абаса сураси, 34-оят)( «Уша куни киши ўз биродаридан қочур. Яна онаси ва отасидан ҳам, хотини ва ўғилларидан ҳам (қочур). (Чунки) у кунда улардан ҳар бир кишида ўзига етар-ли нарса (ташвиш) бўлур» (Лбаса сураси, 34-37-оятлар).).
Иборанинг маъноси қуйидагича бўлиши ҳам мумкин: «Қилиб ўтган гуноҳлари ва жиноятлари уларга кўрсатилгач, уларни танийдилар. Чунки амаллари уларнинг олдига ҳозирлаб қўйилган бўлади».
«Гуноҳкор ўша куннинг азобидан қутулиш учун ўз болаларини ҳам фидо қилишни хоҳлайди. Ва хотинини ва ака-укасини ҳам. Ва уни ўз паноҳига олган қабиласини ҳам. Ва ер юзидаги жамийки кимсаларни ҳам». Демак, бу оят замирида шу нарса борки, кофирларни қаттиқ қўрқинч ва даҳшат қарши олади. Улар дунёда унга ўхшашини умуман кўрмаган ва хаёлларига ҳам келтирмаган бўладилар. Чунки бу дунёда (ақлли) киши ўз ўғиллари, хотини, ака-укаси, қариндошлари ва Ер юзидаги барча инсонларни фидо қилиб юборишни истаб қоладиган бир ҳолга тушмайди. Бундан келиб чиқадики, бу оятлар замирида ўша куннинг даҳшати (жуда) кучли экани хабар берилмоқда. Бундан мақсад одамларни Аллоҳ таолога тавба қилишга, ўзлари қилиб турган гуноҳ ишлардан тийилишга ундашдир.
Сўнгра Аллоҳ таоло ўғиллар ва яқин қариндошлардан гапни бошлаб, уни узоқ қариндошлар билан тугатди. Аслида бундай ҳолатда гап узоқ қариндошлардан бошланиб, сўнг яқин қариндошлар сўзланиб, якунланиши керак эди. Чунки инсон нафси яқин қариндошларини фидо қилишдан қизғониб, узоқ қариндошларини фидо қилиб юборишга келганда «қўли очиқлик» қилиши мумкин. Уша кунда кишиларнинг нафслари ўғиллар ва яқин қариндошларни фидо қилиб юборишга «қўли очиқлик» қилиб юборар экан, демак, узоқ қариндошларни фидо қилишда «қўли очиқлик» қилишлари янада ҳақиқатга яқинроқдир. Шундай экан, бандаларни қўрқитиб, даҳшатга солиб қўйиш учун гап узоқ қариндошларни тилга олишдан бошланиб, яқин қариндошлар билан якунланиши лозим эди. Хўш, Аллоҳ таоло нима сабабдан гапни яқин қариндошлардан бошлади? Бу саволга икки жиҳатдан жавоб бериш мумкин:
Биринчиси шуки, инсон Ер аҳлининг ҳаммаси ўзининг мулки бўлган тақдирдагина, уларни фидо қилишга эриша олади. Мабодо, уларнинг барчаси унинг мулки бўлган тақдирда, ўз мулкига ва фарзандларига нисбатан меҳрибончилиги бир хил ёки ундан ҳам кўпроқ бўларди. Агар барчалари ўзининг қўл остида бўлганида, ўз фарзандларини бахшида қилиш ёки фидо қилиб юборишдан қизғонганидек, қариндошларини ҳам қизғонади. Шунинг учун ҳам узоқ қариндошлардан илгари яқинларни зикр қилиш тўғри бўлаверади. Чунки буларнинг ҳар бири (қиёмат) даҳшатлари билан қўрқитиш борасида бир хил бўлаверади.
(Иккинчиси) оятда яқин қариндошлар ва Ер аҳлини зикр қилиш қайсидир бирининг устун эканлиги эътиборидан эмас. Балки аввал якка шахсларни зикр қилиб, ортидан жамоани (қабилани), сўнг барча жамоаларни (Ер аҳли) зикр қилди. Токи инсонлар ўша кунда фидо қилиш фойда бермаслигини ҳамда Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун фидо қилишни истайдиганлар Ер юзи тўла нарсани келтирсалар ҳам, қутулмасликларини англасинлар.
«Сўнг бу унга нажот беришини (истайди). Йўқ!» ояти (ҳеч қандай фидо қилиш) ўша кунда унга нажот бермаслигига далил ва (хомтамаларига) раддиядир.
«Йўқ! Албатта у (жаҳаннам) - «Лазо» (кучли аланга)дир. Териларни еидириб олувчидир» оятидаги «Лазо» дўзахнинг номларидан биридир.
Ундаги [аш-шава] сўзи хусусида бир манбада «хилқат-нинг гўзаллиги», дейилган бўлса, яна бирида: «оёқ-қўллар», дейилган. «У терилардир», деган таъвиллар ҳам бор. Аслида жаҳаннам олови ўз ичидагиларга нисбатан ўта қабиҳ ва жирканч ҳисобланган барча ишларни амалга оширади, жуда қўполлик билан муомала қилади. Истасангиз, уни оёқлар деб, истасангиз терилар, деб таъвил қилинг. Хоҳласангиз, инсон хилқатиниг гўзаллиги деб маъно беринг. Чунки бу маъноларнинг барчаси замирида қабиҳ ва жирканч қилиб қўйиш маъноси мавжуд. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каби бўлади:
«Улар учун у ерда покиза жуфтлар бор»(«Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларни эса абадий яшаладиган, остидан анҳорлар оқиб турадиган боғлар (жаннат)га киритурмиз. Улар учун у ерда покиза жуфтлар бор ва уларни қалин сояларга киритурмиз» (Нисо сураси, 57-оят).) (Нисо сураси, 57-оят). Мазкур оятда келган «покиза» лафзига бир неча хил маъно берилган. Уларнинг бири «улар ёмон ахлоқлардан покиза жуфтлардир». Тафсирлардан бирида: «Нопокликлардан покиза жуфтлар», деб маъно берилган. «Камчилик ва офатлардан покиза (саломат) жуфтлар», деб маъно берилган тафсирлар ҳам бор. Хуллас, улар барча ёмон деб ҳисоб қилинадиган ҳар қандай хулқ-атвор, нафс ҳамда муомаладан покдирлар. Шунга қиёсан, қабиҳ ва жирканч ҳисобланадиган барча сифатлар дўзах ахдида мавжуддир.

[17] У юз ўгирган ва терс қараб кетганни чақиради.
Эҳтимол, дўзахнинг чақириғи ҳақиқий маънода бўлиши мумкин. Бунинг учун Аллоҳ таоло ўзининг лутфи ила унга тил пайдо қилади ва у ўша тил билан ўзига чақиради. Ёки тили бўлмаса ҳам, унда сўз яратиб қўйиши ва у: «Менга! Менга!» деб чорлаши мумкин.
Эҳтимол, унинг чақириши ўхшатиш қилинган бўлиши мумкин. Яъни у ҳеч кимни ўзидан қочиб, ундаги азобдан қутулиб кетишига йўл қўймайди. Шу билан дўзах гўё уларни ўзига чақиргандек бўлади.
«Юз ўгирган ва терс қараб кетган» жумласида келган «юз ўгирган» ибораси: «Дунёда Аллоҳ таолога итоат қилишдан юз ўгирган ва Унинг пайғамбарларига қулоқ тутмаган», деган маънони ифодалайди. Бунга қуйидаги оят ҳам мисол бўлади:
«Бизнинг эслатмамиздан юз ўгириб кетган...»(«Бас, (эй Муҳаммад!) ва фақат дунё ҳаётинигина истаган кимсалардан воз кечинг!») (Нажм сураси, 29-оят).
Ёки у «юз ўгирган» ибораси «Аллоҳ таолони ягона деб эътиқод қилишдан юз ўгирган, Унинг ҳужжатларига, Унинг ҳузуридан келган нарсаларга назар солиш (тафаккур ва шукр)дан қочиб, терс қараб кетган», деган маънода бўлиши ҳам мумкин.
«Юз ўгирган» жумласи: «Аллоҳ таолога итоат қилишдан юз ўгирган» [ва таваллаа], яъни «шайтонни дўст тутган», деган маънони ҳам қабул қилади. У ҳолда бу сўз «дўст тутиш» ўзагидан ясалган бўлади, «юз ўгириш» сўзидан эмас.
(Оятдаги) «юз ўгириб», шунингдек, «терс қараб кетганни» иборалари ҳам «дўзахдан қочиш мақсадида унга орқа ўгирганни», деган маънода бўлиши мумкин. Шу вақтда дўзах олови унинг қочишига йўл қўймайди, балки юз ўгиришдан олдин уни ҳамма тарафдан қамраб олади. Бунинг мисоли ушбу оятдир:
«Унинг ҳукмронлиги фақат уни дўст тутувчилар устидандир»(«Бас, (эй Муҳаммад!) ва фақат дунё ҳаётинигина истаган кимсалардан воз кечинг!» (Нажм сураси, 29-оят).) (Наҳл сураси, 100-оят). Аммо бу таъвил ҳам аввалгисига яқин, чунки Аллоҳнинг зикридан юз ўгирган кимса шайтонни дўст тутган бўлади(«Унинг ҳукмронлиги фақат уни дўст тутиб, Унга ширк келтирувчилар устидандир» (Наҳл сураси, 100-оят).).

[18] (Бойликни) йиғиб сақлаганни ҳам.
Аллоҳ таоло мазкур оятда инсон ўзининг мол-дунё тўплашга бўлган кучли иштиёқдан иборат табиатига кўра, уни йиғиб, сақлаганлигини хабар қилмокда. Бинобарин, бу ерда зикр қилинган тўплаш маъноси қаттиқ очкўзликдан киноядир. Яъни шу очкўзлик унга охиратни унуттирадиган бир ҳолатга солган.
Мазкур оятда келган «сақлаган» сўзида ҳақ йўлдан юз ўгирган инсоннинг ниҳоятда бахиллиги, ҳатто ўз мол-мулкидаги Аллоҳ таолонинг ҳақини ҳам адо этмагани ёки Аллоҳ таолонинг унга инъом этган неъматларига шукр қилмагани айтилган. «Сақлаш» сўзи бахилликдан киноя ҳисобланади. Ёки бахиллик у кимсанинг ўз мол-мулкида Аллоҳ таолонинг ҳам ҳақи борлигини қабул этишига монелик қиладиган даражага олиб келган.

[19] Дарҳақиқат, инсон «ҳалуъ» қилиб яратилгандир.
Ушбу оятда келган «ҳалуъ» сўзининг маънолари борасида турлича қарашлар бор, аммо уларнинг барчаси битта маънога бориб тақалади. Жумладан, айрим муфассирлар шундай деганлар: «(У) лаззатларга интилувчи, уларни қидириб юрувчи, меҳнат қилиш, ишлашни ёмон кўриб, ундан қочиб юрувчи
кимсадир».
Бошқа нақлда айтилишича, оятни «лаззат берувчи нарсани яхши кўрадиган ва уни қўлга киритишни қаттиқ хоҳлайдиган, озор берувчи нарсани ёмон кўрадиган ва ундан қочадиган қилиб яратилган», деб изоҳланган.
Баъзилар эса «ҳалуъ» сўзини «безовта» маъносида шарҳлаган. Бу фикр биринчи маънога мувофиқ келади. Чунки инсонни қаттиқ нотинч бўлишга мажбур қиладиган нарса унга етадиган дард-аламдир. Инсон шу нарса сабабли ёки Аллоҳ таолонинг ҳақини деб безовта бўлади.
Айрим муфассирлар: «Унинг маъноси ўзидан кейин келган оятда зикр қилинган», деганлар.

[20] Агар унга ёмонлик етса, чидамсиздир.

[21] Ва агар яхшилик етса, кўп ман қилувчи (бахил)дир.
Бу оят ҳам юқорида ўтган оятлар кабидир. Чунки инсонни бахилликка ундаган нарса унинг мол-мулкка бўлган қаттиқ муҳаббати, уни сабрсизлик қилишга ундаган нарса эса унга етган меҳнат-машаққат ва зарардир. Унинг нафси ана шу сабабли бардошсизлик қилади, чунки у зарардан қочадиган, уни ёмон кўрадиган қилиб яратилган. Аллоҳ таоло:
«Инсон шошқалоқдир» (Исро сураси, 11-оят)(«Инсон (Аллохдан) яхшилик сўраб дуо қилгани каби (гоҳо сиқилган пайтларида) ёмонлик тилаб ҳам дуо қилур. Инсон (мана шундай) шошқалокдир» (Исро сураси, 11-оят).) Бошқа ўринда эса:
«Инсон зоти хасисдир» (Исро сураси, 100-оят)(Имом Мотуридий бу билан ушбу оятга ишора қилаётган бўлса, ажаб эмас: «Кимки Раҳмон зикридан (Қуръон насиҳатларидан) кўр бўлиб олса (юз ўгирса), Биз унга шайтонни улфат қилиб қўйгаймиз, бас, у унга ҳамроҳдир» (Зухруф сураси, 36-оят).), деган. Яъни инсон қўлида бўлган нарсани (эҳсон, садақа қилиб) чиқаришга унинг нафси рози бўлмайди. Демак, мазкур оятларда инсон ана шундай аҳволда, яъни хасис, шошқалоқ ва сабрсиз қилиб яратилгани хабар берилмоқда. Инсон зоти ўзига фойдаси тегадиган нарсани яхши кўрадиган, ёқтирмайдиган ва озор берувчи нарсаларни ёмон кўрадиган қилиб яратилган экан, у имтиҳон қилиниши учун шундай яратилгани маълум бўлади. Бас, кимки Аллоҳ таолонинг буйруқларини тўкис адо этган кишиларга У зот ваъда қилган неъматларни ёдга олса, бу нарса уни хайрли ишларга шошилишга, охиратда ваъда қилинган нарсаларга етишиш учун дунёда яхши кўрган нарсасини тарк қилишга ундайди. Чунки инсон зоти аслида ўзи лаззат оладиган нарсаларни яхши кўрадиган қилиб яратилгандир.
Уз нафсининг Аллоҳ таолога маъсият бўладиган барча хоҳиш-истакларини ато этгани ёки ўз мол-мулкидаги Аллоҳ таолонинг вожиб ҳақларини бермагани учун ваъда қилинган азобни ёдга олган кишига ўша шаҳватларни тарк қилиши енгил кечади. Ундан талаб қилинган нарсани бажариши осон бўлади. Чунки у ўз ҳаётини барбод қиладиган дардлар ва ёмонликларга дучор бўлмасликни истайди.
Аслида бахиллик, хасислик, шошқалоқлик каби қораланган хулқ-атворлар инсоннинг табиатида бор ва унинг туғма хусусияти бўлса-да, инсонга ўз нафсини тарбия қилиш имкони берилган. У нафсини ўша қораланган табиатлардан халос қилиб, уларнинг акси бўлган мақтовли феъл-атвор ҳамда ёқимли сифатлар доирасига киритиши мумкин. Шунинг учун инсон ўз нафсини тарбия қилиши лозим бўлади. Ахир кўрмайсизми, инсон йиртқичлар ва ҳайвонларни қўлга ўргатиб олиб, уларни инсонлардан қочиш, уларга итоат қилишдан бош тортиш каби табиий хусусиятларидан чиқариб олиш имконига эга. Шу даражадаки, улар бориб-бориб одамларга бўйсуниб, итоат этадиган ҳайвонларга айланиб қоладилар. Натижада одамлар улардан доимий равишда фойдаланишга муяссар бўладилар. Худди шунингдек, инсон ўз нафсини ҳам тарбия қилса, уни ўзининг асл хилқатидан чиқариб, ўзига итоаткор қилиб олиши мумкин. Ана шунда ундан сўралган нарсани (яхшиликларни) чин кўнгилдан адо этиши осон кечади. Нафсни тарбия қилиш туфайли инсоннинг оғир ишларга бардош қилиши енгил кечадиган бўлади.
Инсон аслида лаззатланадиган нарсаларни яхши кўрадиган ва озорга, азобга сабаб бўладиган нарсаларни ёмон кўрадиган қилиб табиатан яратилган бўлса-да, унда ўша лаззатли нарсани ундан ҳам лаззатлироғи учун тарк қилиш хусусияти ҳам мавжуд. Шунингдек, (бошига келган) азият ва мусибатдан кўра каттароқ мусибатдан қутулиш мақсадида (нисбатан кичик азият ва мусибатга) бардош берадиган ва сабр-тоқат қиладиган этиб яратилган. Шундай экан, инсон дунё неъматларини охират неъматлари билан, иккита лаззатнинг яқинрокдагисини узоқдагиси билан солиштирадиган бўлса, охират лаззати буюкроқ ва абадийроқ эканини кўради. Шундан унинг энг яқин икки лаззатни энг узокдаги иккиси учун, энг оз икки лаззатни энг кўпи учун тарк қилиши енгил кечади. Агар дунё мусибатини охиратдаги мусибат билан, дунё азобини охират азоби билан солиштириб кўрадиган бўлса, охират азобининг қаттиқроқ ва абадийроқ эканини кўради. Дунёдаги мусибатларга сабр-тоқат қилиши енгил кечади. Биз зикр қилиб ўтган ана шу сабаб орқали инсон ўз нафсини тарбия қилишга эришади.
(Ҳаётда) инсоннинг келажакдаги лаззатлар умидида нақд лаззатларни тарк қилишига ва шу туфайли қийинчиликлар унга енгил кечишига далолат қилувчи ҳолатлар кўп. Гоҳида инсон учун сафарга чиқиб, оламни кезиш, сафар машаққатларига сабр-тоқат қилиш, ҳаётини хавф ва оғир вазиятлар остига қўйиш ҳамда лаззатларни тарк этиш осон кечиши мумкинлигини кўрасиз. Масалан, тижорат қилиш, унинг ортидан фойда ва даромад қилиш мақсадида ўз юртини қўйиб, олис юртларга сафар қилган киши сафар давомида ўзига етадиган қийинчиликлар ва машаққатларга чидайди, чунки у ўзи тарк қилиб кетаётган лаззатлардан кўра каттароғига эришишни умид қилади. Шунга кўра, инсон охират неъматлари ҳақида фикр юритса, ундаги азоблар ҳақида (чуқур) тафаккур қилса, дунёдаги нақд лаззатлардан воз кечиши осон бўлади ва қийинчиликларга бардош бериши енгил кечади.
Оятнинг яна бир маъноси шуки, инсон табиатан лаззатларни яхши, қийинчиликларни эса ёмон кўрадиган қилиб яратилгани учун ўзи яхши кўриб турган накд нарсани келажакда бўладиганига алмаштиришга буюрилган. Шундан келиб чиқиб, у мудом келажакда бўладиган ўша неъматларга олиб борадиган амаллар билан банд бўлади. Шунингдек, у келажакда бўладиган азоблардан қочишга буюрилгани учун улардан қутулиб, нажот топишига сабаб бўладиган амалларга доимо жидду жахд қилиб яшайди. Валлоҳу аълам!

[22] Магар намоз ўқувчиларгина мустаснодир.

[23] Улар намозларида бардавом бўлувчилардир.
Бунинг маъноси шуки, яна ҳам Аллоҳ билувчироқ, намозхонлар ўз нафсларини тарбиялайдилар, ҳатто (бу орқали) нафсни яратилишдаги хилқатидан чиқариб оладилар. Аллоҳ таоло яна шуни баён қилмоқдаки, намозни дангасалик билан адо этадиган, унда бардавом бўлмайдиган, ўз молларидан истамаган ҳолда хайр-эҳсон қиладиган кимсалар (улар на намозни баркамол адо этадилар ва на нафсларини тарбия қиладилар) эмас, ўз нафсларини тарбиялайдиган зотлар - айнан ана шу инсонларгина намозларини қоим қиладилар.
«Намозларида доим бўладиганлардир» оятидаги «доим бўлиш» (фазли) уларнинг билган нарсаларига қатъий амал қилишларида, яъни намозни ўз вақтида ва давомли адо этишларида намоён бўлади. Намозда мунтазам бўладилар, деганда уларнинг ҳамиша намоз ичида бўлишлари тушунилмайди. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Амалларнинг Аллоҳ таолога энг суюклиси оз бўлса-да, давомли бўлганидир», ҳадиси орқали тушуниб олишингиз мумкин. Зеро, у зот алайҳиссалом: «Давомли бўлганидир», деганларида мўминларнинг ҳамиша мазкур амаллар ичида бўлишларини эмас, балки ўша амални ўз зиммаларига вожиб қилиб олган вақтга қатъий риоя қилишларини назарда тутганлар. Чунки мўминлар доимий равишда ўз амаллари ичида қоладиган бўлсалар, уларнинг амаллари кўп ҳисобланади ва у зот алайҳиссаломнинг: «оз бўлсада», деган сўзларида маъно қолмайди (яъни уни доимий бажарадиганга айланади). Демак, давомийлик ва мунтазамликнинг маъноси биз юқорида баён этган мазмунда экани ўз тасдиғини топади. Валлоҳу аълам!
Намозда бардавом бўлишдан кўзланган маъно - банда намоз ичида унга муносиб ҳолатлар узра бардавом бўлмоғи, яъни Парвардигорга (холис) муножот қилишга юзланиши, Ундан ўзгага илтифот қилмаслиги, қалбни дунё ташвишлари ва васвасаларидан холи қилиши кабилар бўлиши ҳам мумкин.
Айрим муфассирлар: «Намозларида доим бўладиганлардир» оятида нафл намозлар, «(Улар) намозларини асрагувчидирлар» (Муъминун сураси, 9-оят) оятида эса фарз намозлар назарда тутилган», деганлар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бирор нафл намоз ўқисалар, унда бардавом бўлганлар ва «Амалларнинг яхшиси - оз бўлса-да, давомли бўлганидир», деганлари», бунинг тасдиғи, - дейдилар улар.
Шу фикр ҳам аслида Аллоҳ таолонинг: «...намозни
баркамол ўқиганлар...»(«Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)дирлар» (Мўъминун сураси, 9-оят).) оятида ўз ифодасини топган. Бирор амални баркамол қилиш - ўша амалда бардавом бўлиш демакдир. Чунки инсон бир амални бир марта қилиб, сўнг қилмай қўйса, уни «баркамол қилганлик» билан сифатланмайди.
Оятларда келган [дааимун] - «(намозларида) мунтазам бўлувчилар» ва [юқиймун] - «(намозни) баркамол ўқиганлар» сўзлари бир маънони ифодалайди. Демак, бунда намозни такрор ва такрор адо этиш лозимлиги баён этилмоқда. У жиҳод ва ҳаж сингари бир марта адо этилса, зиммадан соқит бўладиган фарз ибодатларга ўхшамайди.

[24] Уларнинг молу мулкларида маълум ҳақ бор.

[25] Тиланчи ва маҳрумлар учун.
(Баъзи тафсирларда оятда зикр қилинган) «маълум ҳақ»дан мурод закот экани айтилган. Бу маъно Қатода ва бошқалардан ривоят қилинган.
Абу Бакр Асом эса: «Бундай бўлиши мумкин эмас, чунки бу оятлар маккийдир. Закот эса мўминларга Мадинага ҳижрат қилганларидан кейингина фарз қилинган», деган. Аммо Абу Бакр Асомнинг бу гапи Қатода ва бошқалардан ривоят қилинган юқоридаги маънони рад этмайди. Чунки ўша мўминлар (закот берадиган даражада) бадавлат бўлмаганлари туфайли закот уларга фарз қилинмаган бўлиши мумкин. Зеро, закот (у вақтда) умумий тарзда фарз қилинган амал бўлмаган. Шунинг учун бу оят улар қачон мол-давлат топадиган бўлсалар, закот беришлари лозимлигини баён қилаётган бўлади. Ахир кўрмайсизми, камбағал одам - ҳеч қандай мол-мулки бўлмаса ҳам - давлатманд бўлиб қолганида, адо этиши учун молдан закот бериш лозимлиги ҳақида илмга эга бўлади.
Мазкур оятда келган «маълум ҳақ» ибораси «Аллоҳ таоло уларнинг моллари ичида билдириб (белгилаб) қўйилган ҳақ борки, уни чиқаришлари (закот ва ушр каби) лозим бўлади», деган маънодадир. Сўнгра У Зот бандаларнинг ўз мол-мулкларидаги Аллоҳ таолонинг ҳақини (ҳақиқий муҳтож) тиланчи ва маҳрум кишиларга бериш билан адо этишларини баён қилган.
Уша «маълум ҳақ» - бу қариндошлик ва шу кабиларнинг ҳақи бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
«Оятда келган мазкур ҳакдан мурод закотдан бошқасидир», деган кишилар яна бундай дейдилар: «Албатта, мўминларга ўз мол-мулкларида (Аллоҳ таолога тегишли) ҳақ борлиги маълум қилинганида, улар бир қисмини (ҳақиқий йўқсил) тиланчиларга ва бир қисмини маҳрумларга деб белгилашган. Аллоҳ таоло шунинг учун ҳам уни «маълум ҳақ» деб атаган».
(Бу оятлар нозил бўлиб турган) ўша вақтда мўминларнинг мол-мулкларида зиммаларига фарз қилинган маълум бир мажбурият бўлиб, закот ҳақидаги оят уни бекор қилган ва унинг нималигини билишга эҳтиёжимиз йўқлиги боис бизга маълум қилинмаган бўлиши ҳам мумкин.
Сўнгра (мазкур оятда келган) тиланчи кимлиги маълум, у тиланчилик қиладиган киши ҳисобланади. Аммо «маҳрум» кимлигига келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан маҳрум кимлиги ҳақида сўрашганида, у зот: «Маҳрум - одамларнинг хурмоси мева берганида уники мева бермайдиган, одамларнинг экини унганида уники унмайдиган ва одамларнинг қўйи сут берганида уники сут бермайдиган киши», деб жавоб берганлар. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам маҳрум деганда мол-мулкининг баракасидан маҳрум бўлган кишини назарда тутганлар. Мазкур ҳадисда киши хурмо ва ер эгаси бўлгани билан бадавлат инсонга айланиб қолмаслигига ишора бордир.
Маҳрум - бу даромад олишдан чорасиз қолган киши бўли-ши ҳам мумкин. Шунинг учун кимнинг аҳволи шундай бўлса, биз унга ғамхўрлик қилишимиз ва уни етарли озиқ-овқат билан таъминлаб туришимиз лозим бўлади.
Ҳасан (Басрий): «Маҳрум - (ночорликдан) ҳалок бўлса ҳам, тиланчилик қилишдан ўзини тиядиган кишидир», деган. Валлоҳу аълам!

[26] Ва улар жазо кунини тасдиқлайдиганлардир.
Мазкур оятда келган «жазо куни» бу жазо ва ҳисоб-китоб кунидир. Жазо (куни борлиги)ни билган ва унга имон келтирган ҳар бир инсон ўзига етган мусибатга сабрсизлик қилмайди, ундан талаб қилинган ҳақни ман этмайди ва «ҳалуъ» (тоқатсиз) деб сифатланмайди. Тоқатсиз киши эса жазо кунини инкор этган кишидир, холос. Аллоҳ таоло:
«Жазо кунини ёлғонга чиқарувчини кўрдингми? Ана ўша етимни жеркийдиган кимсадир» (Моъун сураси, 1-2-оятлар) ояти орқали етимни жеркийдиган «ва мискин (бечора)га таом беришга тарғиб қилмайдиган кимса»гина (Моъун сураси, 3-оят) охиратга имон келтирмайдиган киши эканлигидан хабар бермоқда.

[27] Ва улар Раббисининг азобидан қўрқувчилардир.
Мазкур оятда келган [мушфиқун] лафзи «қўрқувчи, хавфсировчи зотлар» деган маънодадир. Ушандай зотлар тўғрисида Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай деган:
«Ва улар берадиган нарсаларини, албатта, Раббиларига қайтгувчи эканларидан қалблари титраган ҳолда берурлар» (Муъминун сураси, 60-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Улар ўгрилик қиладиган, зино қиладиган ва гуноҳ ишларни қиладиган кишиларми?» деб сўралганида, у зот: «Йўқ, балки намоз ўқийдиган, рўза тутадиган ва закот берадиган кишилардир», деб жавоб берганлар ёки шунга ўхшаш фикр айтганлар. Уларнинг хавфсирашлари қилган бу яхшиликлари қабул қилинмаслигидан ёки берилган неъматлар шукрини адо этишда нуқсонга йўл қўйган ёхуд улардан кўпининг шукрини адо қилишдан ғафлатда қолмадикми, деб қўрқишларидир.

[28] Албатта, Раббиларининг азобидан омонлик йўқдир.
Бу - айни ҳақиқат. Яъни Аллоҳга ибодат қилишга бор кучғайратини ишга солган, Унга итоат этишда жидду жахд қилган бўлишига қарамай, ҳеч ким Унинг азобидан хотиржам бўлолмайди. Чунки бунда ўзининг оқибати нима билан тугашини билмайди ёки ибодатлари қабул қилинмаслиги ёки ўзига қайтарилишидан қўрқади. Ёки ўзига берилган неъматлардан кўпининг шукрини қилишда нуқсонга йўл қўйган ва шукрда ғафлатда қолган бўлиб чиқишидан қўрқади.
Аслини олганда иши ва аҳволига назар солган ҳар бир инсон ўзида Аллоҳ таоло берган кўплаб неъматларни кўради. Агар улардан биттасининг шукрини адо этиш учун бор кучини сарфласа ҳам, бу ишни адо этолмаган, ҳатто тўла-тўкис адо этишга қурби етмаган бўлар эди. Шундай экан, мазкур сифатдаги инсон қандай қилиб Аллоҳ таолонинг азобидан хотиржам бўлсин? Хотиржам бўлишига асос-омиллар, сабаблар унда қаёкдан бўлсин? Аммо (итоатсиз) зиёнга учраган кимсалар бундан мустаснодирлар.

[29] Ва улар ўз фаржларини сақлайдиганлардир.
Аллоҳ таоло ушбу оятда авратини (зинодан) сақлаш ҳақида амр этган, аммо ниманинг ёрдамида сақланишни зикр қилмаган. Авратни (ҳаромдан) сакдаш бир қатор хислатлар ёрдамида амалга оширилади:
Биринчиси, инсон ўз қалбига Аллоҳнинг буюклиги ва ҳайбатини жо қилиши ҳамда охиратдаги азобидан қўрқиши билан (зинодан сақланади).
Иккинчиси, инсон ўзини пок тутиши учун Аллоҳ таоло сабаб қилиб яратган никоҳ ва қўл остидагилар (чўрилар) каби омиллар билан чекланса, шу нарса уни зинодан тўсади ва (бу воситалар орқали) аврати сақланган бўлади.
Учинчиси, рўза тутиб, қорнини оч қолдириш билан. Чунончи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким уйланишга қодир бўлмаса, рўза тутсин. Чунки рўза унинг учун бичилишдир», деганлар.
Тўртинчиси, аёлларга қарашни тарк қилиш, улар билан ёлғиз қолмаслик, фожирлар ва (қалбга) шак-шубҳа соладиганлар билан ҳамсуҳбат бўлмаслик туфайли ҳам (зинодан сақланади).

[30] Фақатгина ўз хотинлари ёки ўз мулки бўлганлар мустаснодир. Албатта, улар бунга маломат қилинмайдилар.
Фаразан, Аллоҳ таоло: «Фақатгина ўз хотинлари ёки ўз мулки бўлганлар мустаснодир», деб «Албатта, улар бунга маломат қилинмайдилар», демаганида ҳам (оятнинг аввалги қисмидан) уларнинг маломат қилинмасликларини билиб олган бўлар эдик. Чунки Аллоҳ таоло уларга қўлларининг остидаги чўрилардан ва никоҳ орқали ўз ихтиёрларида бўлган жуфти ҳалолларидан лаззатланишга рухсат берган. Мутлақ рухсат берилган нарсадан фойдаланганлик учун маломат қилиш жоиз эмас.
Аммо бу ўринда «Улар маломат қилинмайдилар», деб зикр қилинишида бир қатор маънолар бор:
Биринчиси шуки, одамлар орасида киши ўзининг жуфти ҳалоли ва чўриларидан лаззатланишини ҳаром деб ҳукм қилувчилар мавжуд. Аллоҳ таоло уларга хабар бериб, шундай демоқдаки, пайғамбарларга имон келтирганлар наздида улар маломат қилинмайдилар. (Иккинчиси) Уларни фақат пайғамбарликни инкор этган санавийлар(Санавий - дуалист, дуализм тарафдори, яъни бир нечта илоҳларни мавжуд деювчилар. «Ал-қомус», 1-жилд, 336-бет.) ҳамда браҳманларгина(Браҳманлар - браҳманизм таълимотига эргашувчилар; элчиларни Аллоҳ таоло юборганини инкор этувчилар гуруҳи. «Ал-қомус», 1-жилд, 166-бет.) маломат қиладилар.
Оятнинг маъноси қуйидагича бўлиши ҳам мумкин: Гарчи улар учун яхшироқ бўлган рўза ва турли ибодатлар сабабли хотинлари билан жимо (яқинлик қилиш)дан тийилсалар ҳам, бошқаларни Аллоҳ таолога итоат қилишдан ман этган кишилар маломат қилингани каби маломат қилинмайдилар. Ёки улар ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидаги (чўри)лари билан лаззатлансалар, сўнг зинога бориш билан имтиҳон қилинадиган бўлсалар, фақат шу иш (зино) сабаб маломат қилинадилар.

[31] Кимки ўшандан ўзгани истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчилардир.
Ҳаддан ошувчи кимса чинакам золимдир. Арабларда бир киши зулм қиладиган бўлса: [ъадаа фулаанун ъалаа фулаан] - «Фалончи пистончига зулм қилди», деган гап бор. Демак, улар ҳаддан ошувчилардир. Зеро, улар ўзларига зулм қилиб, авратларини рухсат этилмаган жойлардан сақламадилар.
Ҳасан (Басрий): «Ҳалолни қўйиб, ҳаромга ўтганлари эътиборидан улар ҳаддан ошувчилардир», деган. Бундан келиб чиқадики, мазкур оят мутьа(Мутъа никоҳи - аёл кишини вақтинча муддатга жинсий эҳтиёжни қондириш мақсадида ҳақ эвазига ёллаш ва никоҳлаш.) никоҳи ҳаром эканига далолат қилади. Чунки Аллоҳ таоло (оятда) ўз жуфти ҳалоли ва қўл остидаги чўрилардан бошқасини истаган киши ҳаддан ошувчи кимса эканини айтмокда.

[32] Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилувчилардир.
Омонатлар икки хил бўлади:
Биринчиси, Аллоҳ таолонинг ўз бандалари зиммасига омонат қилиб юклаган ҳақлари.
Иккинчиси, бандаларнинг бир-бирларига омонат қилиб берган ҳақ-ҳуқуқлари, халойиқлар ўртасида жорий бўлган ахд-паймонлари, назрлари ва ҳоказолардир. Бандаси билан Рабби ўртасидаги, бандалар орасидаги ҳар қандай омонат ва улардан олинган ҳар қандай аҳд юқоридаги оят остига дохил бўлади. Аллоҳ таоло:
«Битимларга вафо қилингиз!»(«Эй имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз! Сизлар учун чорва (хонаки) ҳайвонлар (гўшти) ҳалол қилинди. Сизларга (номлари) ўқилажак (ҳайвонлар) бундан мустасно. Эҳром (ҳаж ибодати)да бўлганларингизда ов қилишни ҳалол деб санамагайсиз. Албатта, Аллоҳ ўзи ирода қилган нарсага ҳукм қилур» (Моида сураси, 1-оят).) (Моида сураси, 1-оят) деган. Бир тафсирда «битимлар»га ахдлар деб маъно берилган. Сўнгра Аллоҳ таоло (битимлар нималигини) баён қилиб бундай деган:
«Агарда намозни баркамол адо этсангиз...» ва биз ахд қилувчиларга берган аҳдга риоя қилсангиз». Демак, ана шуларнинг барчаси юқоридаги оят остига дохилдир. Баъзи ўринларда омонат деганда аҳд, аҳд деганда омонат тушунилади. (Баъзи ўринларда эса) бу иккиси орасида қандайдир фарқ бўлиши ҳам мумкин. Валлоҳу аълам!

[33] Улар гувоҳликларини (Аллоҳ учун) амалга оширувчилардир.
Яъни Аллоҳ учун гувоҳлик берадиганлардир. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти кабидир.
«Адолатда барқарор туриб, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз!» (Нисо сураси, 135-оят). Ёки зиммаларидаги гувоҳликни тўкис адо этувчи зотлардир. Шунинг учун улар истасалар ҳам, истамасалар ҳам, ўзларига зарар берса ҳам, фойда берса ҳам, гувоҳлик берадилар.

[34] Улар намозларини муҳофаза қиладиганлардир.
Намозни муҳофаза қилиш - уни ўз вақтида барча шартлари билан адо этишдир. Уларни намозни муҳофаза қилишга ундаган нарса Аллоҳ таолодан қўрқишларидир. Намоз уларнинг гуноҳларига каффорат қилиб қўйилган. Шу боис улар ўз гуноҳларини кетказиши учун намозни тўкис адо этишга ошиқадилар.

[35] Улар жаннатларда иззат-икром этилувчилардир.
Ушбу оятда жаннатдаги боғлар билан иззат-икром этилувчилар ўша зотлар экани баён қилинмоқда.
Абу Бакр Асом бундай деган: «Бу оятда шунга ишора борки, мазкур сурада зикр қилинган намозда бардавом бўлиш, маълум ҳақни бериш, жазо кунини тасдиқлаш ва ҳоказоларни тўкис адо этган кишилар, шунингдек, гуноҳидан тавба қилиб, (тўғри йўлга) қайтган гуноҳкор кишилар - ана шу зотларгина жаннатда иззат-икром қилинадилар. Аммо бу икки тоифадан бошқаси жаннатда иззат-икромга сазовор бўлмайди».
(Бунга жавобан айтиладики) Бинобарин, Аллоҳ таоло қайси ўринда жаннатда иззат-икром қилинишни зикр қилган бўлса, Узи айтиб ўтганидек, мана шу икки тоифа учундир. Аммо учинчи тоифага, яъни гуноҳ қилган ва ундан тавба қилмаган мўминларга келсак, Аллоҳ таолонинг афви, карами ҳамда саховати билан ана шу иззат-икромга эришишлари умид қилинади. Бундай сифатдаги мўминлар Аллоҳ таолонинг яхшилигидан ноумид қилинмайди, балки Унинг афв этиши ва яхшилик бериши умид қилинади.

[36] Куфр келтирганларга нима бўлдики, сиз томон шошмоқдалар?!

[37] Ўнг тарафдан ва чап тарафдан тўда-тўда бўлиб?!
(Оятда келган [муҳтиъийн] сўзининг ўзаги бўлмиш) [ал-иҳтоъу] сўзининг маъноси юзасидан турлича фикрлар мавжуд. Жумладан, айрим муфассирлар: «У шошилиб юришдир», деган бўлсалар, яна айримлари: «Узоқ тикилиб қолишдир», деганлар.
Уни «шошилиб юриш» деб таъвил қилганлар оятга шундай маъно берадилар: «Кофирларнинг бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотдан Қуръон эшитар эдилар. Сўнг шошганча ўз тобеларига қараб кетар, ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсаларни ўзгартирар, Аллоҳ таоло ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтиришдан тўсиш мақсадида ўзларига эргашган кимсаларни ва кучсиз инсонларни чалкаштирар эдилар».
Агар шундай бўлса, оятнинг таъвили қуйидагичадир: «Уларга нима бўлдики, сизнинг каломингизни эшитиш учун ҳузурингизга шошадилар. Сўнгра ўнг ва сўлга тарқалиб, сизни ёлғончига чиқарурлар. Масалан, улар бир-бирларига бундай дейдилар:
«Бу аниқ сеҳрдан бошқа нарса эмас» (Моида сураси, 110-оят).
«Бу аввалгилардан қолган афсоналардан бошқа нарса эмас» (Анъом сураси, 25-оят)(«Аллоҳ Исроил авлодидан аҳд олди ва Биз улардан ўн икки йўлбошчини (танлаб) юбордик. (Сўнгра) Аллоҳ деди: «Дарҳақиқат, Мен сизлар билан биргаман. Агарда намозни баркамол адо этсангиз, закот берсангиз, пайғамбарларимга имон келтирсангиз ва уларни шарафлаб, мадад берсангиз ҳамда (савобли ишлар қилиб) Аллоҳга чиройли «қарз» берсангиз, албатта, гуноҳларингизни кечаман ва остидан анҳорлар оқадиган боғлар (жаннат)га киритурман. Шундан кейин ҳам сизлардан кимки куфрга кетса, тўғри йўлдан бешак озган бўлур» (Моида сураси, 12-оят).).
«У Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган шахсдир» (Муъминун сураси, 38-оят)(«Эй имон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларингиз ёки ота-оналарингиз ва қариндошларингиз зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз! У (гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, Аллоҳ у иккисига (огохдик жиҳатидан) яқинрокдир. Бас, адолатли бўлишингиз учун ҳавойи нафсга берилиб кетмангиз! Агар (тилларингизни) бурсангиз ёки (гувоҳликдан) бош тортсангиз, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир» (Нисо сураси, 135-бет).) ва ҳоказо.
Сизни айблаш орқали қўлга киритадиган биргина фойдалари - шу ишлари сабабли Аллоҳ таолонинг ғазаби ва ҳалок қилишига муносиб бўлишдир. Улар оят-мўъжизаларни кўрганларидан кейин ҳам сизни тасдиқлашдан юз ўгириш билан нимани умид қилмоқдалар?!»
«Узоқ тикилиб қолиш» деб таъвил қилганлар наздида оятнинг маъноси қуйидагичадир: «Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан узоқроқ жойда ўтириб олиб, у зот алай-ҳиссалом ва саҳобаларини кузатиб туришар, у зотни сеҳргарлик ва (Аллоҳ шаънига) ёлғон тўқиганликда, аввалгилардан қолган афсоналарни айтаётганликда айблар эдилар. Улар бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўҳтон ёғдирадиган ва у зот билан адоватда бўладиган кофирларга қўшилиб, макр қилар эдилар».
Агар шундай бўлса, у ҳолда оятнинг таъвили қуйидагичадир:
Гўёки Аллоҳ таоло уларга шундай демокда: «Уларга нима бўлдики, узоқдан сизга тикилиб ўтирадилар, аммо сизга нозил қилинган нарсани эшитиб, манфаат олиш учун сизга яқин келмайдилар?! Лекин улар ўнг ва чапга тарқалиб, одамларни сиз билан ўтиришдан тўсадилар. Ваҳоланки, улар ўзларига Китоб ва ҳикматни таълим берадиган кишига муҳтож эканларини билар эдилар. Чунки сиз уларга сеҳргарлик ва коҳинлик эмас, балки илму ҳикмат олиб келганингизни билишлари учун уларда на китоб, на ўтган хабарлар ҳақида билим бор эди».
Агар оятга мана шу таъвилга кўра маъно берилса, ундаги итоб ва маломат (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага) қулоқ тутмаганлик учун бўлади. Агар юқорида ўтган (биринчи) таъвилга кўра маъно берилса, (у зот алайҳиссаломга нозил қилинган нарсани эшитиб олиб, ўзларича) унга ўзгартириш ва алмаштириш (қўшимча) киритишга уринганлари учун итоб қилинаётган бўлади. Валлоҳу аълам!

[38] Ё улардан ҳар бир киши неъмат жаннатига киритилишни тама қилурми?!
(Оятдаги) «тама қилурми?!» ибораси савол тарзида келтирилмоқда. Юқорида айтганимиздек, билмайдиган кишидан савол сўралса, бу оддий гап бўлади. Сўнгра ушбу оддий гапнинг маъноси юзасидан турлича фикрлар айтилган. Айрим муфассирлар «тама қилурми» сўзи «тама қилмайдилар» маъносида бўлиб, «Кофирлардан ҳеч бири бут ва санамларга ибодат қилиш билан улардан ўзларини неъматлар жаннатига киритишини тама қилмайди. Чунки улар қайта тирилишни ҳам, жаннат ва дўзахни ҳам инкор этувчи кимсалардир. Шунга қарамай, улар ўша бутларга ёрдам берадилар, бўйсунадилар, ваҳоланки, уларга «ёрдам бериб», пировардида улардан ҳеч нарса тама қилмайдилар ва яхши натижа ҳам кутмайдилар», деганлар.
Демак, бу оят замирида мўминларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам беришга тарғиб этиш бор. Чунки улар у зот алайҳиссаломга ёрдам бериш, Аллоҳ таолога ибодат қилиш билан жаннатга, У Зотнинг икромига эришишни ҳамда дўзахдан нажот топишни тама қиладилар. Аллоҳ таоло гўё: «Албатта, улар ҳеч нарсага эришишни тама қилмайдилар. Охир-оқибатда бирор нарсадан қўрқмайдилар. Шунга қарамай, бут ва санамларига ёрдам берадилар. Шундай экан, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам беришга ҳақлироқсиз, чунки унга ёрдам бериш билан жаннатга эришиш ва унга киришни тама қиласизлар», демоқда. Валлоҳу аълам!
Айрим муфассирлар унга ҳақиқатда тама қилиш маъносини берганлар. Яъни улар Раббилари ҳузурига қайтадиган бўлсалар, жаннатга киришни ва унинг неъматларига етишишни тама қилиб юрар эдилар. Чунки улар дунё неъматлари ва бойликлари борасида мусулмонлар билан тенг бўлсалар, охират неъматлари борасида ҳам худди шу каби уларга тенг бўлишларини ўйлар эдилар. Аллоҳ таоло бу ҳақда хабар бериб шундай деган:
«Қасамки, агар мен Парвардигоримга қайтарилсам, ҳеч шак-шубҳасиз, Унинг даргоҳида ҳам мен учун яхшилик бўлур (дейди)» (Фуссилат сураси, 50-оят)( «Қасамки, агар унга бирор кулфат етганидан сўнг Биз ўз томонимиздан бирор марҳаматни тоттирсак, албатта, у: «Бу ёлғиз ўзимдан. Мен қиёмат қоим бўлишига ишонмайман. «Қасамки, агар (қиёмат бўлиб), мен Парвардигоримга қайтарилсам, ҳеч шак-шубҳасиз, Унинг даргоҳида ҳам мен учун гўзал (оқибат - жаннат) бўлур», дер. Бас, албатта, Биз кофир бўлган кимсаларга ўзлари қилган амалларининг хабарини берурмиз ва, албатта, уларга ашаддий азобдан тоттирурмиз» (Фуссилат сураси, 50-оят).)
«Балки гуноҳларни касб этганлар ўзларини имон келтириб, солиҳ амалларни қилган зотлар билан тенг қилишимизни... ўйлагандирлар?!» (Жосия сураси, 21-оят)(«Балки (куфр ва бошқа) гуноҳларни касб этганлар ўзларини имон келтириб, солиҳ амалларни қилган зотлар билан тенг қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар деб ўйлагандирлар?! Қандай ҳам ёмон (ноҳақ) ҳукм қилурлар?!» (Жосия сураси, 21-оят).).
Шундай қилиб, кофирлар агар Парвардигорларига қайтариладиган бўлсалар, (ўзларича) Унинг ҳузурида яхши оқибат (жаннат)ни топишларини ўйлар эдилар.

[39] Йўқ! Албатта, Биз уларни ўзлари билган нарсадан яратганмиз.
Юқоридаги оят таъвилига кўра (ушбу оятда келган) «Йўқ!» сўзи кофирларнинг эътиқодларини рад этиш ҳамда хомтамаларини узиш учун айтилган. Аллоҳ таоло гўё: «Йўқ! Улар асло жаннатга кирмайдилар!» демоқда. Сўнг янги гапни бошлаб: «Албатта, Биз уларни ўзлари билган нарсадан яратганмиз», деди.
(Маориж сураси 38-оятининг) биринчи таъвилига кўра эса, бу оятнинг маъноси «Ҳақиқат шуки, улар тама қилмайдилар», деган маънода бўлади(«Ҳаттоки сиз билан баҳслашгани ҳузурингизга келганларида, куфрга кетганлар: «Бу (айтганлари) аввалгилардан қолган афсоналардан бошқа нарса эмас», дерлар» (Анъом сураси, 25-оят).).
Сўнг Аллоҳ таоло янги гапни бошлаб: «Албатта, Биз уларни ўзлари билган нарсадан яратганмиз», деди. Бу билан У Зот бандаларга буюк неъматларини, уларни нутфа ҳолатидан чиқариб, бекам-кўст бир инсонга айлангунга қадар бир ҳолатдан иккинчисига ўтказиб туриш билан уларга қилган яхшиликларини эслатиб ўтган. Бундан мақсад шуки, бандалар Аллоҳ таоло уларни ўз ҳолларига ташлаб қўймаслигини, балки имтиҳон қилиш, уларга инъом этган неъматлар шукрини талаб қилиш учун яратганини билиб қўйсинлар. Ана шу билим уларга пайғамбарларни тасдиқлашни лозим қилиб қўяди.
Шунингдек, бу оятда Аллоҳ таолонинг қудрати, ҳукмронлиги эслатилмоқда, инсонларнинг (яратилиш) ибтидолари заифлик экани баён қилинмоқда. Токи уларни йўкдан бор қилишга қодир бўлган Зот уларни (ўлдириш билан) йўқ қилиб юборганидан сўнг, яна қайта тирилтиришга ҳам кодир эканини билиб қўйсинлар. Валлоҳу аълам!

[40] Машриқлар ва мағриблар Раббиси билан қасам ичаманки, албатта, Биз қодирмиз.

[41] Ўринларига улардан яхшироқларини алмаштиришга (қодирмиз) ва Биз бу ишни қилишдан ожиз эмасмиз.
Бу оятда машриқ ва мағрибнинг зикр қилиниши Ер ва осмонларнинг зикр қилиниши демакдир. Ер ва осмонларнинг зикр қилиниши замирида эса уларда яшайдиганларнинг зикри ётибди. Демак, оятнинг маъноси: «Бас, барча халойиқларнинг Парвардигори билан қасамёд этаман», бўлади. [фалаа уқсиму] жумласидаги [лаа] кўмакчиси гапнинг таркибида зиёда бўлиб, (кейинги суралар таъвили асносида) айтиб ўтилажак гапга кўра, қасамни таъкидлаш учун келган. Бинобарин, унинг маъноси: [фалауқсиму] - «Бас, қасамёд этаман», бўлади.
Аслида, ушбу оятда Аллоҳ таоло қасам этаётгани эътиборидан, «Машриқлар ва мағриблар Раббиси билан...», дейиш ўрнига, «Ўзим билан қасамёд этаман», дейилиши керак эди. Бу - араб тилининг урфида аниқ-равшандир. Лекин оятда нега бундай услуб қўлланганига доир бир неча қарашлар мавжуд. Биринчиси шуки, бу қасам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан ичилган. Гўё Аллоҳ таоло у зот алайҳиссаломга: «Эй Муҳаммад! Машриқлар ва мағриблар Раббиси билан қасам ичаман», деб айтинг!» тарзида қасамёд қилишни таълим берган.
Агар бу Аллоҳ таоло томонидан ичилган қасам бўлса, бу ҳам икки жиҳатдан тўғридир. Биринчиси, у (маъно остига) яшириш(«У (Ҳуд) фақат Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган шахсдир. Бизлар унга имон келтирувчи эмасмиз» (Муъминун сураси, 38-оят).) йўли билан айтилган бўлиши мумкин. Бинобарин, Аллоҳ таоло гўё: «Бас, Ўзим билан қасамёд этурманки, Мен машриқ ва мағриб томонларнинг Парвардигориман...», дегандек. Иккинчиси, агар бу қасам Аллоҳ таоло томонидан ичилган бўлса, биринчи шахс лафзи билан тўғри бўлганидек, учинчи шахс лафзи билан ҳам тўғри бўлади. Чунки халойиқларнинг барчаси Аллоҳ таолога аёндир, У эса халойиқларга аён эмас(«Балки (куфр ва бошқа) гуноҳларни касб этганлар ўзларини имон келтириб, солиҳ амалларни қилган зотлар билан тенг қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар деб ўйлагандирлар?! Қандай ҳам ёмон (ноҳақ) ҳукм қилурлар?!» (Жосия сураси, 21-оят).). Шундай экан, улар ўртасидаги гап баъзан учинчи шахсга хитоб қилиш усулида айтилса, баъзан биринчи шахсга хитоб қилинадиган йўл билан айтилади. Араб тили урфида бу каби ҳолатлар кўп ишлатилган. Валлоҳу аълам!
Мазкур оятда Еру осмонларнинг подшоҳи ва уларнинг тадбирини қилувчи Зот ягона эканига ишора мавжуд. Фаразан бунинг акси бўлганда (яъни Еру осмонларнинг подшоҳи ягона бўлмаганида), осмон подшоҳи Қуёш, Ой ва юлдузларнинг Ер аҳлига манфаат беришига, Ер подшоҳи эса осмон подшоҳининг (Қуёшни) Ер ғарбига ботиришига монелик қилган бўлар эди. Яратилганидан буён Аллоҳ таолонинг тадбири асосида шарқдан чиқиб, ғарбга ботаётган нарса (Қуёш) унда ҳеч бир ўзгартириш ва алмаштиришсиз бир маромда ҳаракат қилиб келмоқда. Агар бу ишда Аллоҳ таолонинг шериги бор бўлганида, у ҳолда ўзгартириш содир бўлиши лозим эди. Демак, Еру осмонларнинг тадбири, улар устидан ҳукмронлик тадбири ягона Зотга (Аллоҳга) тегишли экани аниқ.
«...албатта, Биз қодирмиз, ўринларига улардан яхшироқларини алмаштиришга». Юқоридаги қасам мана шу гап учун ичилган. Бу оятда: «Улардан яхшироқ инсонларга алмаштириб қўйишга, ёмонлар ўрнига яхши инсонларни пайдо қилишга қодирмиз», деган маъно ирода қилинган бўлиши эҳтимоли бор. Бунга мисол ушбу оятдир:
«Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар» (Юнус сураси, 99-оят)(«Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!» (Юнус сураси, 99-оят).). Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло шундай ҳам қилди, чунки улар Исломни қабул этдилар.
Аллоҳ таоло юқоридаги оятда улардан яхшироқ қавмга алмаштириб қўйиш(га қодирлик)ни ирода қилган бўлиши эҳтимоли ҳам мавжуд.
Шунингдек, бу («албатта, Биз қодирмиз, ўринларига улардан яхшироқларини алмаштиришга» ояти)ни йкки хил тушуниш мумкин:
Биринчиси, айнан қодирлик маъносида ва иккинчиси, шу ишни ирода қилиш маъносида.
Ўз ўрнида биринчи маънонинг ўзи ҳам икки жиҳатдан холи эмас:
Биринчи жиҳат шуки, маккаликлар агар куфрларидан қайтмайдиган бўлсалар, Аллоҳ таоло уларнинг ўрниларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун яхшироқ бўлган кишиларни алмаштириши билан уларни қўрқитиб қўймокда. Уларнинг ўрнига келадиган кишилар улардан кейин бўлади, албатта. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло шундай қилди ҳам. Яъни уларнинг қайсарларини ҳалок қилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун уларнинг ўринларига уларнинг фарзандларини алмаштириб берди. Уларнинг ораларидан муҳожирларни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошпана ва ёрдам берган ансорларни чиқарди.
Иккинчи жиҳат, биз уларга юборилган Пайғамбарни улардан кўра яхши қилиб қўйишга қодирмиз, деган маънода. Чунки улар бу иш Аллоҳ таолонинг қудратидан эканини, уларни йўқдан бор қилиб яратган Зот Унинг ўзи эканини билганлар. Лекин Аллоҳ таоло уларга пайғамбар юбориб, Ўзига тегишли бирор манфаат учун эмас, балки уларнинг эҳтиёжлари борлиги учун баъзи нарсаларга амр этди. Аллоҳнинг иши дунё подшоҳларининг ишларига ўхшамайди. Аммо Аллоҳ таоло бандалар ўзларини азобдан қутқариб қолишга саъй-ҳаракат қилсинлар деган мақсадда баъзи ишларга буюриш, ўзларини дўзахдан озод қилсинлар деган мақсадда айрим ишлардан қайтариш билан уларни имтиҳон қилди, холос. Демак, бу оятда кофирлар имон келтирмаганлари учун уларни деб безовта бўлган Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қалбларига таскин бериш бор.
Энди иккинчи (яъни ирода қилиш) маъносига тўхталадиган бўлсак, қодирликнинг маъноси айнан шу ишни ирода қилиш бўлмоғидир. Чунки «қодирлик» амал сабаб бўлгани туфайли унинг ўрнига киноя қилиб қодирлик сўзи ишлатиладиган ўринлар ҳам бор. Масалан, одамлар орасида одат бўлиб қолган бир иш бор: бир одам бошқа бир одамга бирор ишни буюрганда у «қилмайман», деган маънода «Менинг қурбим етмайди», «Мен бунга қодир эмасман», дейди.
«Раббинг бизга осмондан бир дастурхон нозил қила оладими?» (Моида сураси, 112-оят)(«Ҳаворийлар: «Эй Ийсо ибн Марям! Раббинг бизга осмондан бир дастурхон нозил қила оладими?» деганларида, (Ийсо): «Агар мўмин бўлсангиз, Аллохдан қўрқингиз!» деганини (ҳам) эсланг!» (Моида сураси, 112-оят).) ояти ҳам шундай, яъни «шу ишни қила оладими?» деб таъвил қилинади. «Албатта, Биз қодирмиз, ўринларига улардан яхшироқларини алмаштиришга...» ибораси ҳам «Манави кимсалар ўрнига Расулуллоҳ учун яхши бўлган кишиларни яратувчидирмиз», деб таъвил қилинади. Агар оят шу маънода келган бўлса, демак, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга у зот рози бўладиган саҳобаларни эргаштириши ҳақидаги хушхабар ҳамда у зот алайҳиссаломга у кишини инкор этган кимсалар устидан нусрат ва ғалаба инъом этилиши хабар берилаётган бўлади. Шунингдек, оятда кофирлар ҳар қанча уринсалар ҳам, уларнинг у зотга қилган макрлари ўтмаслиги ҳамда Аллоҳ, албатта, Расулуллоҳга осийлик қилганлари учун кофирлардан интиқом олиши ва уларни азоблаши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бериш маъноси ҳам мавжуд.
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ёлғиз Аллохдан мадад сўралур, у Зот шу ишларнинг барчасини амалга оширди, яъни маккаликлар ўрнини мадиналиклар билан алмаштирди ва улар маккаликлардан кўра яхшироқ бўлдилар. Чунки Макка ахди у зотга душман, Мадина аҳли дўст бўлганлари учун улардан яхшироқ бўлдилар.
[ва маа наҳну би масбуқийн] - «Биз бу ишни қилишдан ожиз эмасмиз» оятидаги [ал-масбуқ] лафзи «мағлуб» маъносидадир. Демак, Аллоҳ таоло: «Ҳеч ким Бизни мағлуб эта олмас, ҳеч ким ўша ишни қилишдан Бизни ожиз қолдирмас ва Биз истаган нарсадан қочиб қутулмас», дегандек бўлади гўё.

[42] Уларни тек қўйинг. То ваьда қилинган кунга йўлиққунларича хоҳлаганларига шўнғийверсинлар ва ўйнайверсинлар.
Абу Бакр Асом оятдаги [ал-хоизу] сўзини «ҳайрон бўлиб турган инсон», [ал-лааъибу]ни эса «хатокор» инсондир, деган. Бинобарин, оятдаги «Уларни тек қўйинг» сўзи «Уларни ўз хатолари ва динлари борасида ҳайратланган ҳолларида ташлаб қўйинг», деган маънода бўлади. Зеро, ўзига керак бўлмаган ишлар билан машғул бўлган ҳар кимса (унинг ичига) шўнғувчи ва ўйин қилувчи ҳисобланади. Аслида мақтовга са-зовор оқибатга эга бўлмаган ҳар қандай ишда инсон ўйин ва дилхушлик қилувчидир.
«Албатта, бу дунё ҳаёти фақат ўйин ва беҳудаликдир» (Муҳаммад сураси, 36-оят)(«Албатта, бу дунё ҳаёти фақат ўйин ва беҳудаликдир. Агар сизлар имон келтирсангиз ва тақволи бўлсангиз, У сизларга мукофотларингизни берур ва сизлардан молларингизни (беришни) сўрамас» (Муҳаммад сураси, 36-оят).) ояти бунга мисол бўлади. Яъни ким бу дунё ҳаётида охират учун эмас, балки дунё учун амал қилса, бас, у ўйин ва дилхушлик қилувчидир. Бу оят «Куфр келтирганларга нима бўлдики, сиз томон шошмоқдалар?!» оятининг давомидек гўё.
Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ўша (кофир бўлган) кимсалар билан банд бўлмасликка ва имон келтиришларини умид қилинадиган зотлар томон юзланишга амр этган. Ёки у зотни кофирларнинг ёмон қилмишларига жавоб қайтариш билан машғул бўлмасликка буюрган, чунки Аллоҳ таоло яқинда улар устидан Пайғамбар алайҳиссаломга нусрат ато этажак ва у зотнинг номларидан уларга жавоб беражакдир.
Аллоҳ таолонинг оятдаги: «то ўзларига ваъда қилинаётган кунларига йўлиққунларича...» сўзига келсак, дарҳақиқат, улар ўша кунга, яъни Бадр кунига йўлиқдилар ҳам. Яқинда иккинчи кунга - охират кунига ҳам йўлиқадилар.

[43] У кунда худди санамлар (ибодатига) шошганларидек, қабрларидан шошиб чиқурлар.
Аллоҳ таоло оятда кофирларнинг қабрлардан чорловчи томонга шошилган ҳолларида чиқиб келишлари хабарини бермокда. Уларни бундай шошилтирган нарса дунё ҳаётида чорловчига (Пайғамбарга) бўйсунишдан бош тортганлари, у зотга бўйсунмаганлари сабабли уларга ҳалокат етганидир. Натижада улар (Пайғамбарга) бўйсунмаганлари сабабли ўзларига вожиб бўлган азобдан қутулиш умидида ўша (қиёмат) куни чорловчига бўйсуниш учун ким ўзарга шошиладилар. Гарчи тавба қилсалар ҳам, бу нарса уларга фойда бермайди. Чунки у кун афсус-надомат ва тавбалар фойда бермайдиган бир кундир. У кун, шубҳасиз, ҳар бир нафс ўзи касб қилган амалига қараб жазоланадиган кундир. Бу маъноларни қуйидаги оят ҳам тасдиқлайди:
«Бас, қачонки улар Бизнинг азобимизни кўришгач: «Якка Аллоҳга имон келтирдик ва (илгари Аллоҳга) шерик қилиб олган нарса (бут)ларимизга кофир бўлдик», дерлар» (Ғофир сураси, 84-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда хабар бермоқдаки, кофирлар имондан юз ўгирганлари учун ўзларига азоб тушишига ишончлари комил бўлгач, Аллоҳ таолога имон келтиришга шошадилар. Шунинг учун (охиратдаги) азобга ишончлари комил бўлганида, ундан қутулиб қолиш умидида имон келтиришга шошадилар, аммо бу нарса уларга фойда бермайди. Аллоҳнинг азобидан бирор нарсани даф қила олмайди. Чунки у тавба қабул бўладиган вақт эмас. Бинобарин, бу оят (қиёматда) ўзларига фойдаси тегмайдиган имон билан имон келтиришларидан аввал, (дунё ҳаётида) чорловчи (Пайғамбар алайҳиссалом)га бўйсунишга ва у зот чақирган нарсага имон келтириш учун шошилишга тарғиб қилади. Валлоҳу аълам!
Оятдаги [нусубин] калимаси бир қироатда «нун» ҳарфи фатҳа билан, «сод» ҳарфи сукунлик қилиб [насбин] деб ўқилган ва у худди [ал-ғорозу] - «нишон, кўзланган мақсад» каби аломат-белги маъносидадир.
«Нун» ва «сод» ҳарфлари заммалик қилиб [нусубин] деб ҳам ўқилган ва унда бут-санамлар маъносида бўлади. Агар у аломат, белги маъносида бўлса, мазкур оят: «Улар ўша вақтда чорловчи томонга шошадилар. Уларнинг шошилишлари бу дунёда кўзлаган мақсади ва ўрнатилган белги сари шошаётган кишининг шошгани каби бўлади», деган маънодадир. Айрим муфассирлар худди шу маънони айтганлар.
Калбий [илаа нусубин йууфизуун] оятига: «Улар байроқ томонга қараб шошадилар» деб, Қатода эса: «Улар байроқ томонга қараб бир-бирлари билан пойга қиладилар», деб маъно берган. Мужоҳид унга: «Улар байроқ томонга қараб кетадилар», деб маъно бергани ривоят қилинган.
Агар оят иккинчи таъвил (бут-санам) маъносига кўра бўлса, «улар бутларга ибодат қилишга шошганларидек, даъватчига ижобат қилишга шошадилар, маъносидадир.
Баъзилар «нун» ва «сод» ҳарфлари заммалик қилиб [нусубин] деб ўқилганда «унга қараб интилинадиган, кўзланган мақсадлар» маъносида бўлади, деганлар. Бундай маъно берганлар уни «насбун» сўзининг кўплиги деб қарайдилар.
Бу оятда келган [йууфизуун] феъли «шошиладилар», деган маънодадир. Ҳасан (Басрий) унга «югурадилар» деб маъно берган. Ҳар иккиси мазмунан бир нарса, чунки югуришда шошилиш маъноси ҳам мавжуд.

[44] Кўзлари қўрқинчга тўлган, ўзларини хорлик қоплаган ҳолда турурлар. Бу ўша - уларга ваъда қилинган кундир.
«Кўзлари қўрқинчда» ояти ҳақиқий кўзлар ҳақида бўлиши эҳтимоли мавжуд. Кўзларнинг қўрқиши бошқа бир ўринда, яъни:
«Кўзлари ўзларига қайтмайди. Юраклари бўм-бўш бўлиб қолур» (Иброҳим сураси, 43-оят)(«(У куни) улар бошларини (осмонга) кўтариб, (чорланган томонга) югурган ҳолда (бўлурлар). Кўзлари (қотганча) ўзларига қайтмайди. Юраклари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур» (Иброҳим сураси, 43-оят).) оятида айтилган сифат-да бўлади. Бас, (у кунда) шундай қаттиқ қўрқадики, кўзларини чорловчидан бошқа (томон)га бура олмайди. Демак, бу оятда хорлик уларни ўраб олгани, ҳатто кўзлари, юзлари ва барча аъзоларига ўз таъсирини кўрсатгани баён қилинган.
Шунингдек, ундан қалб кўзлари назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин. Яъни уларнинг қалблари чорловчига бўйсуниш билан банд бўлиб, ўша куннинг даҳшатлари ва қийинчиликларидан қутулиб қолиш мақсадида ўзи учун чора излашдан чалғиб қолади.
«Узларини хорлик қоплаган ҳолда», яъни (хорлик) уларни енгади. Хорлик - инсоннинг руҳиятидаги ҳолат бўлиб, кўзлар орқали намоён бўлади.
«Бу ўша - уларга ваъда қилинган кундир». Зоҳиран қараганда, Аллоҳ таоло: «Бу уларга ваъда қилинган кундир» дейиши керак эди. Чунки у Зот дунёда уларга ваъда қилинган кунга ишора қилмоқда. Аммо оятнинг маъноси: «Уларга дунёда ўша кун ваъда қилинар эди», бўлади. Ўша кун эса уларга ваъда қилинган пайтда ҳали мавжуд эмас эди. Шу сабаб оятда узоқни ифодалайдиган кўрсатиш олмоши ишлатилган. Валлоҳу аълам!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase