076. Инсон сураси
- Сешанба, Фев 20 2024
- 21669 марта кўрилди
(Ушбу сура Даҳр сураси деб ҳам аталади. Мадинада нозил бўлган, 31 оятдан иборат.)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
[1] Инсонга у зикр қилинадиган нарса бўлмаган ҳолида бир замон келмадими?
[ҳал] - сўроқ юкламаси «ми», шунингдек, [ман] - сўроқ юкламаси «ким, кимки» ва [лаъалла] - «шояд, шоядки» қўшимчалари Аллоҳ таолонинг каломида қатъий маънони ифодалайди, яъни амалга ошиши аниқ бўлган ишни билдиради.
Аслида, савол берувчи бу каби гапларни айтса, унинг жавоби нимани тақозо этишига қаралади. Агар инсон бошқа бир инсонга: «Аллоҳга ёлғон тўқиган одамдан ҳам золимроқ ким бор?» деса, бу гапнинг жавоби: «Унданда золимроқ ҳеч ким йўқ», бўлади. Ёки: «Сенга фалончининг хабари етиб келдими?» деган саволга, агар фалончининг гапи ҳақиқатда етиб келган бўлса: «Менга етиб келди», деб жавоб беради. (Хабар) етиб келмаганида эса, билиб олиш учун: «У қандай хабар экан?» деб сўраши мумкин.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабардор бўлганлари учун Аллоҳ таолонинг: «Инсонга бир замон етиб келмадими?» сўзи «Инсонга бир замон келди» маъносида бўлади. Чунки инсонга ушбу замон етиб келмаганида, у зот аниқлаштириш учун бу ҳақида сўрашлари керак эди.
Баъзи тафсирларда, «инсон» Одам алайҳиссаломдир, дейилган.
Бир киши шундай деб сўраши мумкин: «Қандай қилиб (Аллоҳ таоло) «Инсонга у зикр қилинадиган нарса бўлмаган ҳолида бир замон келмадими?» деб сўрайди. Уша вақтда инсон зикр қилинадиган нарса бўлмаса, демак, у инсон бўлмас эди. Инсон бўлмаганидан кейин, унга бир замон ҳам келмайдику. Агар ўша вақтда яратилган бўлса, демак, у зикр қилинадиган нарса бўлган. У зикр қилинадиган нарса бўлса, унга бир замон зикр қилинадиган ҳолида келган бўлади. Бунинг маъноси қандай?» деса, унга бир неча хил тарзда жавоб берилган:
Биринчиси, Аллоҳ таолонинг: «Инсонга ...бир замон келмадими?» деган сўзи «Инсон ундан яратилган нарсага бир замон келмадими?!» маъносида бўлади. Бу нарса Одам алайҳиссалом яратилган асл тупрокдир. Ушбу тупроқ жуда кичкина бўлгани сабаб Аллоҳ таоло: «У зикр қилинадиган нарса бўлмаган ҳолида...» деб айтди. Зеро, тупроқ зикр қилинадиган нарсалар ичида тилга олинмайди. Бу фикрни Абу Бакр Асом айтган.
Иккинчи жавобга кўра, оятнинг маъноси «Мавжудотларга бир замон келдики, у вақтда ҳали инсон улар ичида зикр қилинадиган даражада эмас эди», бўлади.
Учинчиси, инсонга бир давр келганки, ўша вақтда у имтиҳон қилинувчилар қаторида зикр қилинмаган. Бу эса барча одамзотга тааллуқлидир. Зеро, инсон балоғатга етмаган бўлса, унга шаръий хитоб, яъни жавобгарлик юклатилмайди ва имтиҳон қилинувчилар қаторида зикр қилинмайди. Аллоҳ таоло махлуқотларни Ўзига ибодат қилиш учун яратди. Зеро, қуйидаги оятда бундай деган:
«Мен жин ва инсонларни Ўзимга ибодат қилишлари учун яратганман» (Зориёт сураси, 56-оят). Яъни: уларни имтиҳон қилинадиган ёшга етганларида, Ўзимга ибодат қилишлари учун яратганман.
(Шунга кўра, юқоридаги оятнинг маъноси:) Инсон балоғатга етгунига қадар, ибодат қилишлари учун яратилганлар қаторида зикр қилинмаган ҳолида унга бир замон келди, бўлади. Валлоҳу аълам!
[2] Албатта, Биз инсонни аралаш нутфадан яратдик. Уни синаймиз. Бас, уни эшитадиган, кўрадиган қилдик.
Инсон нутфалигида ҳам, алақа (лахта қон)лигида ҳам, музға (чайналган гўшт - эмбрионлигида) ҳам ҳали «инсон» бўлмаган. Аммо шу нутфа ва алақанинг яратилишидан мақсад эса инсондир. Иш-ҳаракатлардаги охирги ҳолат - мақсад ва кўзланган ишда энг аввалги (устун) ҳисобланади. Шунинг учун «инсон» сўзининг биз айтган нарса (нутфа, лахта қон ва музға)ларга қўшиб қўлланилиши уларни яратишдан мақсад инсон бўлгани учун тўғри бўлаверади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда у зот бундай деганлар: «Бирор иш қилмоқчи бўлсанг, ун ниҳоясини чамалагин. Агар яхши бўлса, уни амалга ошир, агар ёмон бўлса, уни тўхтатгин»(Абдуллоҳ ибн Муборак ривояти.). У зот ишларнинг ниҳоясига назар солишга буюрдилар. Демак, (яхши ва ёмонни) ажратиш қобилиятига эга бўлганларнинг қилаётган ишларидан мақсад уларнинг ниҳоясидир. Ишларнинг ниҳояси аввалдан мақсад қилинар экан, демак, у гўё аввалда ҳам мавжуддек бўлади. Шу сабабли инсонни нутфа, алақа ва музғага изофа қилиниши тўғри бўлади.
«Биз инсонни нутфадан яратдик» оятида Одам алайҳиссалом авлодлари назарда тутилган. Демак, «инсон»нинг маъноси у зотнинг авлодларидир. Сўнг (Аллоҳ таоло) панд-насиҳат олсинлар деб, уларнинг аввалги ҳолатлари ва оқибатлари, яъни ўлимни зикр қилди. Панд-насиҳатнинг маъноси шуки, агар инсонлар аввалдаги ҳолатлари ҳамда окибатлари нима билан тугашини билсалар, баданларидаги жонлари ўзлариники эмаслиги, балки у фойдаланишга олинган нарса ёки омонат эканини англаб етадилар. Зеро, ибтидода яралишларига уларнинг ҳеч қандай алоқалари йўқ.
Омонат олган шахснинг вазифаси омонатни сақлаш ва уни ҳимоя қилиш, бу борада омонат эгасига хиёнат қилмасликдир. Мабодо омонатга хиёнат қилса, уни сақламаса, таънадашномга қолади. Аксинча, уни сақлаб, ҳақига риоя қилса, омонат эгасидан мақтов ва эътирофга сазовор бўлади. Фойдаланишга нарса олган шахснинг вазифаси эса рухсат этилган муддатгача ушбу нарсадан фойдаланиши ва уни зое қилмаслигидир. Мабодо уни зое қилса, жаримаси ва бадалини тўлаши лозим бўлади.
Худди шу каби, инсонлар ўз жонлари баданларининг ичида фойдаланишга олинган нарса ёки омонат эканини билсалар, шу сабабли жавобгарлик етиб, дунё ва охиратда таъна ва дашномга қолмаслик учун унинг риоясини қилиш ҳамда рухсат этилган тарзда ундан фойдаланиш лозимлигини англаб етадилар. Валлоҳу аълам!
Иккинчиси, яратилишнинг аввалига ҳамда интиҳода нима билан тугашига назар солиш қайта тирилиш ва пайғамбарлар олиб келган барча (илоҳий) хабарларни тасдиқлашга ундайди.
Чунки яратилишнинг аввалидаги ҳолат ҳақида чуқур тафаккур қилинса, Аллоҳ таолонинг ажойиб қудрати ва нозик ҳикмати намоён бўлади. Шунингдек, инсон шу даражада ҳикматли Зотнинг мавжудотларни яратишдан мақсади фақатгина уларнинг йўқ бўлиб кетишлари эмаслигини англайди. Бу эса уларни қайта тирилишни тасдиқлашга ундайди.
Ундан ташқари, яратилишнинг дастлабки ҳолатига ва ўлимдан кейинги ҳолатига назар солиш фахрланиш ва кибр қилишни йўққа чиқарадиган омиллардандир. Сабаби, инсоннинг пайдо бўлиши одамлар жирканадиган нутфадан, барча манфур деб биладиган алақа ва музғадан эди. Вафот этганидан кейин эса, жирканч мурдага айланади. Кимнинг ҳолати шундай бўлса, унга ўхшаганларнинг кибр қилиши ярамайди. Инсоннинг аввалги ва охирги ҳолатларини эслатишда улар ибрат олишлари, кўзларини очишлари учун эслатма ҳамда ўзлари каби (инсон)ларга кибр қилиш яхши эмаслигини билдириш бор. Бу нарса уларни тавозега, фахрланиш ва ўзини катта олишни тарк этишга ундайди. Валлоҳу аълам!
Оятдаги [амшаж] сўзи «аралашмалар» маъносини ифодалайди. «Аралашмалар» икки хил суратда бўлади:
Биринчиси, эркак ва аёл сувининг аралашмаси.
Иккинчиси, турли ҳолатда бўлади. Яъни нутфа алақага айланишида бирданига эмас, балки аста-секин қаттиқлашиб, қотиб боради. Қотганидан кейин алақага айланади. Алақада ҳам аста-секин ўзгаришлар содир бўлиб, то ундаги ўзгариш тамомига етганидан сўнг музға ҳолига ўтади. Мана шу турли ҳолатлардаги аралашиш дейилади.
Баъзи (муфассир)лар инсондаги тўрт хил табиатни аралашмалар деб айтганлар. Бошқалар ўзгаришни рангга нисбат бериб, «эркак суви оқ бўлиб, унга қизиллик аралашади, аёлнинг суви қизил бўлиб, унга сариқ аралашади», дейишган.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Уни синаймиз» сўзи уни яхшилик ва ёмонлик, буйруқ ва қайтариқлар билан синаймиз маъносидадир. Синов махфий бўлган ишларни юзага чиқаришдир. Аллох таолога ҳеч бир иш махфий эмаски, уни юзага чиқаришга эҳтиёжи бўлса. Бироқ синалувчида адо этиш ва тарк этиш ортидан махфий нарса намоён бўлиши учун уни имтиҳон қилади. Инсонлар ўзларига махфий (номаълум) бўлган нарса юзага чиқиши учун имтиҳон қилинадилар, синаладилар. Демак, синов синовчи ва имтиҳон қилувчи Зотга эмас, инсонларга қаратилган бўлади.
Иккинчидан, модомики синов махфий нарсаларни юзага чиқариш учун жорий қилинган экан, бу буйруқ ва қайтариқ орқали амалга ошади. Шундай экан, Аллоҳнинг буйруқ ва наҳйилари «синов» деб номланди. Бу эса синов маъносининг амалий жиҳатини кўриш учун эмас, балки буйруқ ва қайтариқ маънолари мавжуд бўлгани учундир.
Ҳасан Басрий айтади: «Аллоҳ таоло ҳар бир нарсадан хабардор бўлса-да, У Зотнинг нарсалар ҳақида сўраши мумкин бўлгани каби, имтиҳон қилинаётган шахсни кўриб-билиб турсада, У Зотнинг имтиҳон қилиши ҳам жоиздир. Шунингдек, имтиҳондан сўнг бандадан содир бўлган хатти-ҳаракат ғайбда бўлади, яъни кўринмайди. Лекин Аллоҳ таоло банданинг бажариши билан уни зоҳир ҳолда билади, бундан аввал эса, уни ғойиб ҳолда билади. Зеро, келажакда содир бўладиган нарсаларни билиш вужудга келишидан аввал уни «ғойиб» деб, вужудга келганидан сўнг эса, уни «мавжуд» деб билишдир. Валлоҳу аълам!
«Бас, уни эшитадиган, кўрадиган қилдик», яъни Биз унга эшитган нарсасини ажратиши учун алоҳида «қулоқ»ни ҳамда юзидаги кўз орқали кўрган нарсаларини таниши учун «кўз» ато қилдик. Бу эса қалб кўзи ва қалб қулоғидир. Чунки У Зот инсоннинг ботиний кўзи ва қулоғи борлиги сабабли уни имтиҳон қилиш учун хослади. Қарасангиз, аслида ҳайвонларда ҳам ташқи кўз ва қулоқ бор.
«Бас, уни эшитадиган, кўрадиган қилдик» ояти қуйидаги маънода ҳам бўлиши мумкин. Яъни «Биз уни ўзига фойдали ва зарарли нарсаларни, манфаат берадиган ва зарар берадиган нарсаларни эшитадиган ва кўрадиган қилдик.
Аллоҳ таоло инсонда кўз ва қулоқ пайдо қилди. Аммо инсон ўзидаги эшитиш ва кўриш қобилияти қандайлигини, унинг асл моҳиятини англамайди. Бу эса, Аллоҳ таолонинг ҳолатлар, моҳиятларни пайдо қилган Зот экани ҳамда ҳолат ва моҳият каби сифат-лардан холи Зотлигини билдириш учун Унинг лутфи-инъомидир.
[3] Албатта, Биз уни йўлга ҳидоят қилдик. (У эса) ёки шукр келтирувчи, ёки куфр келтирувчи бўлди.
«Албатта, Биз уни йўлга ҳидоят қилдик» ояти каримасида уч хил маънонинг эҳтимоли бор:
Биринчиси, биз уни жасади ва яшаши салоҳиятли бўлиши учун (олиб борадиган) йўлга ҳидоят қилдик.
Иккинчиси, биз уни қиёматгача насл ва авлод қолдиришга олиб борадиган йўлга ҳидоят қилдик.
Учинчиси, биз уни яхши ва мақталган амалларни қилиш орқали дин ва охиратини ислоҳ қиладиган нарсаларга етаклайдиган йўлга ҳидоят қилдик.
Аллоҳ таоло: «(У эса) ёки шукр келтирувчи ёки куфр келтирувчи бўлди», деган сўзи орқали одамларга йўлни баён қилгани ва уларни ушбу йўлга ҳидоят қилгани, сўнг улардан баъзилари шукр қилишни, баъзилари эса куфр келтиришни танлаганини айтмоқда. У Зот куфр келтирганларга ҳам, шукр қилганларга ҳам тайёрлаб қўйилган жазо ва мукофотларни баён қилиб, бундай деган:
[4] Албатта, Биз кофирлар учун занжирлар, кишанлар ва ёниб турувчи оловни тайёрлаб қўйганмиз.
Агар «Албатта, Биз уни йўлга ҳидоят қилдик» оятидан «йўл» назарда тутилса, Аллоҳ таоло гўё: «Биз икки йўлни ҳам баён қилдик, бу йўлни танласа шукр қилувчи, бошқа йўлдан юришни танласа, куфр келтирувчи бўлади», дегандек бўлади. Сўнг ҳар бир йўлдан юрганнинг мукофоти ёки жазосини баён қилиб берди.
Мазкур оятда кофирларнинг қўллари боғланиб, занжирбанд қилиниши ҳамда юзларини оловдан ҳимоя қилолмасликлари ҳақида хабар берилмокда.
Оятдаги [саласила] сўзи тўлиқ турланмайдиган(Тўлиқ турланмайдиган (икки келишикли) сўзлар араб тилида «ғойри мунсариф» дейилади. Бу турдаги исмларга касра ва танвин кирмайди.) сўзлар сирасига киргани учун танвинсиз(Танвин - бу турланадиган араб сўзларининг охирига қўйиладиган «ан», «ин», «ун» товушларини билдирувчи белги. Турланмайдиган (ғойри мунсариф) сўзлар охирига бундай белги қўйилмайди ва бу турланмайдиган сўзларнинг асосий аломатларидан ҳисобланади.) қироат қилинган. Бошқа қироатда эса, бир тур исмлардан бошқа барча исмлар турланадиган бўлгани учун уни [саласилан](Ибн Миҳрон. «Ал-Мабсут фил-қироаат ал-ъашр». 454-6.) деб қироат қилинган ва (танвинни қабул этиб) турланган.
Зажжож айтади: [саласила] сўзининг феъли бўлмагани учун турланмайди. Лекин унинг танвин олиб, турланиши оятнинг аввалги сўзи бўлганидандир». Айтилишича, Зажжож ушбу сўзни янги оятнинг биринчи сўзи деб қараган(Араб тилида турланмайдиган икки келишикли сўздир. Лекин оятнинг боши қилинса (шундай ўқилса), оятларнинг охири бир лафзда бўлиши учун турланади. Зажжож. «Маъоний ал-Қуръон ва иъробуҳу». 5/258.).
[5] Албатта, яхшилар каафур аралаштирилган қадахдан ичарлар.
Баъзилар [каафур]нинг Аллоҳ таоло Уз дўстларига дунё ҳаётида хабардор қилмасдан, ваъда этган нарса эканини айтишган.
Баъзилар [каафур] сўзини аввалги (самовий) китобларда шу ҳолда зикр этилган бўлиб, Қуръонда ҳам келтирилган, дейишган.
Баъзилар эса, «каафур» жаннат булоқларидан бири, деган бўлса, бошқалар уни барчага маълум каафур (камфора) ўсимлиги деб ҳисоблайди. Лекин баъзи нақлларда айтилишича, у ичимликнинг хуштаъмлигидан киноядир. Бошқа бир нақлда, у ичимликнинг салқинлигидан киноя, дейилган. Зеро, араблар: «Бу ичимлик табиатан каафурдек экан» деган ибора ишлатишади. Бинобарин, одамлар наздида табиатан совуқ нарса эмас, балки салқин ичимлик энг тотли ҳисобланади. Баъзилар айтишича, қадаҳ қачон ичида хамр бўлганидагина «кадаҳ» деб номланади.
[6] Бир булоқданки, ундан Аллоҳнинг бандалари отилтириб (чиқариб) ичарлар.
Оятдаги [биҳа] «у билан» сўзи «ундан» деган маънодадир. «У билан ичадилар», деган маънода эмас. «Булоқ»нинг [ал-ъайн] «кўз» деб номланиши, унга кўз тушгани эътиборидандир.
Оятдаги «отилтириб» сўзи билан булоқ сувлари оқадиган экани, жаннат аҳли унинг хоҳлаган жойидан отилтириб ичишлари мумкинлиги айтилмоқда.
Бу ўринда «Аллоҳнинг бандалари...» сўзидан мурод Аллоҳга итоат қилган, зиммаларидаги фарзларни адо қилган кишилардир. Улар ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:
«Албатта, Менинг бандаларим устида сенинг султон(лиг)инг йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳларгина бундан мустасно» (Ҳижр сураси, 42-оят).
[7] Улар назрга вафо қиладилар ва ёмонлиги кенг тарқаладиган кундан қўрқадилар.
«Назр» бу аҳду паймон, ваъдадир. Шунингдек, Аллоҳ таоло бу сўз билан Узи юклаган барча фарзлар ва ҳақларга вафо қилишни ирода этган бўлиши мумкин. Шунда Унинг фарзлари Унинг ахди ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло оятда бундай амр этади:
«Менинг авдимга вафо қилинглар» (Бацара сураси, 40-оят).
Шунингдек, «назр»дан банда ўзига Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатлардан ташқари (қўшимча равишда) Аллоҳ таолога яқинроқ бўлиши учун вазифа қилиб олган нарсаларни ирода қилган бўлиши ҳам мумкин. Бу маънога кўра, оятда мазкур бандаларнинг фарзларни адо этганлари, сўнг Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган бошқа нарсалар билан ҳам яқин бўлганлари, натижада ўзларига вожиб қилган нарсаларига вафо қилганлари туфайли мақтовга эришганлари ҳақида хабар берилмоқда. Аллоҳ азза ва жалла айтади:
«Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар, Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини тилаб, қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар» (Ҳадид сураси, 27-оят). Улар Аллоҳ таоло вожиб қилмаган нарсани зиммаларига олганлари учун эмас, балки унинг риоясини қила олмаганлари сабабли ёмонландилар.
«Ёмонлиги кенг тарқаладиган кундан қўрқарлар» ояти (тафсири) ҳақида айтилишича: «Ўша куннинг ёмонлиги тарқалиб, Еру осмон ва барча нарсаларни тўлдириб юборади. Ҳатто осмонлар ёрилиб(Аллоҳ таоло айтади: «Осмонлар ҳам ёрилур. Чунки (осмон) у кунда заиф бўлиб қолур» (Иншиқоқ сураси, 16-оят).), юлдузлар сочилиб(«Қуёш ўраб қўйилганида, юлдузлар ҳам (ўз фалакларидан) тўкилганида...» (Таквир сураси, 1-2-оят).), тоғлар майдаланиб кетади»(«Ер ларзага келган, тоғлар титилиб (тўзиб)...» (Воқиъа сураси, 4-5-оятлар).). Бунинг маъноси, ўша куннинг даҳшати Еру осмондагиларни қуршаб, ёйилиб кетганидан, ҳатто ўзларидан қўрқиб қолишади. Бир нақлда айтилишича, оятда ёмонлик [мустатийро], яъни «узун» деб сифатланди. Зеро, арабларда кишининг қаттиқ ғазаби чиқса ёки иш машаққатли бўлса, «мустатийр» сўзи ишлатилади. Демак, ёмонлик «мустатийр», яъни шиддатли деб номланди.
[8] Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирга берарлар.
[ал-ҳубб] сўзи бир неча маъноларда қўлланади. Баъзида «бошқаларни афзал кўриш», бошқа ўринда «нафснинг бирор нарсага мойиллиги» ва «қалб талпиниши»га нисбатан ишлатилса, баъзан қаттиқ истак-хоҳишни ифодалайди. Бу ўринда қаттиқ хоҳиш назарда тутилган. Аллоҳ азза ва жалланинг [ъала ҳуббиҳи] деган сўзи «ўзлари қаттиқ хоҳлаб, унга эҳтиёжлари бўлса ҳам», деган маънони билдиради.
Бир нақлда айтилишича, маъно «таом азиз бўлсада, уни едирадилар» бўлади. Яна бир тафсирда эса, оят «улар ҳаётдан умид узган вақтида эмас, балки таомни яхши кўрадиган ва унга ўч бўладиган вақтларида (бошқаларни) таомлантирадилар», маъносида дейилган. Бинобарин, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда: «Садақанинг энг яхшиси сен соғлом, очкўз бўлиб, яшашдан умид қилиб, фақирликдан қўрққан ҳолингда берганингдир»(Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши садақа ҳақида сўраш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: ««Е Набиюллоҳ, ажри энг улуғ садақа қайси?» деб сўради. Пайғамбар алай-ҳиссалом бундай марҳамат қилдилар: «Ўзинг соғлом, қизғанчиқ ҳолингда, фақирликдан қўрқиб, бойишни умид қилиб турганингда қилган садақангдир. Жонинг ҳалқумингга келгунича (садақа беришни) кечиктириб, кейин: «Фалончига мана бунча, фалончига мана бунча, фалончига мана бунча», деб юрмагин. Ахир, фалончи ўтиб бўлди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).), деганлар.
[9] (Улар:) Албатта, Биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташаккур хоҳламасмиз.
[10] Албатта, биз хўмрайган, шиддатли кунда Раббимиздан қўрқамиз, (дерлар).
Баъзи (муфассир)лар айтишларича, «Албатта, Биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташаккур хоҳламасмиз», деган сўзларни улар айтмаганлар. Лекин уларнинг қалбларидан ўтган бу нарсани билган Аллоҳ таоло инсонлар рағбат қилиш-лари учун уларни мақтаган. Назар солсангиз, улар асирлардан ҳам мукофот ва миннатдорчилик кутмасдан туриб, уларни таомлантирганлар. Демак, улар бу (амали) билан (фақат) Аллоҳ таолонинг розилигини ва Унга яқин бўлишни мақсад қилганлар.
Мукофот бу амалга оширилган иш учун тақдирланиш бўлса, ташаккур ушбу ишдан мақтов олиш ва унинг ёйилишидир.
«Албатта, биз хўмрайган, шиддатли кунда Раббимиздан қўрқамиз, (дерлар)». Баъзилар оятдаги «хўмрайган», «шиддатли» сўзларини ўша куннинг сифати деганлар. Шунда унинг маъноси қуйидагича бўлади: «Ушбу қиёмат куни бошқа кунларга нисбатан, хўмрайган одам бошқаларга нисбатан қандай бўлса, унга ҳам шундай бўлади». Баъзи (муфасссир)лар эса буни халойиққа сифат қилганлар. Шунда Аллоҳ таолонинг: «хўмрайган кунда» деган сўзи маъноси куннинг ўзи эмас, балки «халойиқнинг юзлари хўмрайиб турадиган кун» бўлади. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти мисол бўлади:
«(У Зот) кундузни кўрувчи қилди» (Юнус сураси, 67-оят), яъни кундузни (нарсалар) кўриладиган (вақт) қилди. Араблар «Иўл кун бўйи юришдан тўхтамади», дейдилар ва бу билан: «Инсонлар ушбу йўлда тинмай юрдилар» деган маънони назарда тутадилар.
Шундан келиб чиқиб, юқоридаги («хўмрайган», «шиддатли») сўзлари ўша (қиёмат) кунидаги ҳолатнинг сифатлари бўлади. Бу айтган гапимизга кўра, Аллоҳ таоло қиёмат кунини ундаги ҳолатларнинг сифатлари билан зикр қилган. Бир ўринда Аллоҳ таоло бундай деган:
«(Ўша кунда) инсонларни маст ҳолда кўрасиз» (Ҳаж сураси, 2-оят), Бошқа бир оятда эса бундай сифатлаган:
«У кунда одамлар тўзиб кетган капалакка ўхшаб қоларлар» (Қориа сураси, 4-оят). Шу каби бошқа оятлар ҳам (бор).
Аллоҳ азза ва жалланинг [қомториро] сўзи бир нақлда айтилишича, «қаттиқ, шиддатли» маъноларини англатади. Бошқа бир нақлда эса, «қомторир» бу - «юзини буриштириб, хўмрайган ва икки кўзи орасини тириштирган шахс», дейилган. Яна бир тафсирда: «Дўзах аҳлига юзини буриштирувчи» деб изоҳланган. Яна бир ривоятга кўра, «қомторир» аввалги (самовий) китобларда келган сўздир.
[11] Бас, Аллоҳ уларни ўша куннинг ёмонлигидан сақлади ва уларга хушрўйлик ҳамда хурсандчилик ато қилди.
«Ўша куннинг ёмонлигидан сақлайди» жумласи ўша куннинг даҳшатидан сақланишлари ҳамда жаҳаннам ва унинг даҳшатларини кўрмасликлари маъносида эмас, балки ўша кунда ваъда қилинган уқубат ва жазодан сақланишлари маъносида бўлиши мумкин.
Шунингдек, У Зот уларни ҳисоб-китоб вақтидаги сўроқ-саволдан сақлайди, маъносида бўлиши ҳам мумкин. Зеро, Аллох таоло бундай деган:
«Дарҳақиқат, мен ҳисоботимга рўбарў бўлишимни билар эдим», - дер» (Ҳаққо сураси, 20-оят). Улар ўзларининг қаттик ҳисоб-китоб қилинишларидан қўрқиб турганларида гуноҳлари чирилиб, яхшиликлари мақбул бўлганини кўрсалар, бундан жуда хурсанд бўлиб, у куннинг ёмонлигидан сақланган бўладилар.
Оятнинг яна бир маъноси «Улар қабрдан қайта тирилган вақтларида қиёмат кунининг даҳшат ва қўрқинчларидан омонда бўладилар ва фаришталар уларга хушхабар етказадилар», бўлиши ҳам мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта, Биздан уларга яхшилик раво кўрилганлар, ана ўшалар, ундан узоқлаштирилгандирлар» (Анбиё сураси, 101-оят).
«Уларга хушрўйлик ҳамда сурур ато қилади» оятидаги «сурур» уларда хафагарчилик бўлмаслигидир, «хушрўйлик» эса неъматлар асоратидир. Бир нақлда, хушрўйлик уларнинг юзларида, сурур эса қалбларида бўлиши айтилган.
[12] Ва сабр қилганлари учун уларни жаннат ва ипак билан мукофотлайди.
Яъни тоат-ибодатларга ҳамда Аллоҳга осийлик бўладиган ишлардан сабр қилганлари учун уларни жаннат билан ҳам, ипак билан ҳам мукофотлайди.
Бу ерда ипак либоснинг келтирилишига сабаб, аслида жаннат васфи зикр қилинганда егулик ва ичимликлар билан роҳатланиш жойи экани тушунилади. Шунинг учун, Аллоҳ таоло уларга жаннатни мукофот қилиб бериш билан бирга, ипак либосларни ҳам ваъда қилди.
[13] У ерда сўриларда суянган ҳолдалар. У ерда қуёшни ҳам, совуқни ҳам кўрмаслар.
«У ерда сўриларда суянган ҳолдалар» ояти каримасини бундан сўнг (кейинги сураларда) тафсир қиламиз, иншааллоҳ.
«У ерда қуёшни ҳам, совуқни ҳам кўрмаслар». Зеро у ерда қуёш ҳам, совуқ ҳам йўқ, балки унинг соя-салқини доимий ва узоқларга чўзилгандир.
Бундан кўзланган маъно қуйидагича бўлиши ҳам мумкин: жаннатнинг ёруғлиги қуёш билан эмас, балки ўзи ёруғ қилиб яратилгани сабаблидир. Чунки дунёда ёруғлик қуёш билан ҳосил бўлиб, кундузнинг ёруғлиги қуёш билан бўлади.
Улар жаннатда совуқни кўрмасликлари айтилди. Буни айтиш, жаннат ичимликларининг ширинлиги ва салқинлиги дунё аҳли ичимлигига ўхшаб, турли ҳолларда ўзгариш билан эмас, балки улар асли шундай ҳолда яратилганини билдириш учундир.
Ёки булар (иссиқлик ва совуқлик бўлмаслиги)ни зикр этишдан мақсад жаннат аҳлининг иссиқлик ва совуқлик сабабли асло азият чекмасликларини билишлари учундир.
[14] Ва унинг соялари уларга яқин ва мевалари жуда юмшоқ қилиб қўйилгандир.
Бу оят сифатлари (юқорида) ўтган яхши кишиларга жаннат соялари яқиндир, деган маънода бўлиши мумкин. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла бундай деган:
«Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир» (Аъроф сураси, 56-оят).
Жаннат соялари яқинлиги зикр этилишининг сабаби шуки, соя яқин бўлмаса, ундан фойда бўлмайди. Бир нақлда айтилишича, мазкур соялар жаннат аҳлига яқин бўлган дарахт шохларининг соясидир, чунки жаннатда порлайдиган нур бўлиб, дарахтлар орқали соя тушади. Зеро, ҳадисда ривоят қилинишича, агар жаннатдан дунёга бир билакузук ташланса, у бутун дунёни ёритиб юборарди ва ёруғлиги қуёш зиёсидан ҳам устун келарди(Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти.). Ва бошқа хабарларда ҳам шу маъно айтилган. Демак, жан-натда мўминларга дунёда хоҳлаганларидек дарахтларнинг соялари бўлади, лекин улар қуёш ва ой сабабли пайдо бўлмайди.
«Мевалари жуда юмшоқ қилиб қўйилгандир» оятидаги [зуллилат] сўзи «юмшоқ қилинди» маъносида бўлиши мумкин. Яъни улар шундай майин қилиб қўйилганки, жаннатийларнинг қўлларига тикани ҳам ботмайди.
Тафсирларнинг бирида айтилишича, унинг маъноси «дарахтлар меваси пишганида олишга қийинчилик туғдирадиган даражада баланд эмас, балки эгаларига яқиндир», дейилган. Арабларда ҳам [ҳаитун залилун] ибораси осмонга бўй чўзмаган, балки паст деворга нисбатан ишлатилади.
Бошқа нақлда айтилишича, «дарахтлар бир-биридан тафовут қилмайдиган ҳолда бир текис қилинди» маъносидир. Мадиналиклар хурмо шохлари бир хил бўлган вақтда [тазаллалатин нахлату] яъни «хурмолар бир хил бўлди», дейдилар. Яна бир нақлда айтилишича, [зуллилат] - «бўйсундирилган» маъносидадир. Яъни улар меваларни хоҳлаган ҳолатларида олаверадилар, хоҳласалар, туриб, хоҳласалар, ўтириб ёки тўшакда ётган ҳолларида ҳам олишлари мумкин.
Шунингдек, меваларнинг бўйсундириб қўйилгани маъноси баъзи мутақаддим уламолар зикр қилганларидек: «Жаннат дарахтининг томирлари юқорида, шохлари эса пастда, мевалари эса уларнинг орасида...» бўлиши ҳам мумкин.
[15] Ва уларга кумуш идишлар ва биллурлардан бўлган қадаҳлар айлантириб турилар.
[16] (Қадаҳлар) кумушдан бўлган биллурдир, уларни (соқийлар) ўлчаб қўйганлар.
«Қадаҳлар» сўзи ҳақида Ғошия сураси тафсирида зикр этилади.
Аллоҳ таоло ушбу қадаҳлар кумушдан бўлган биллур эканининг хабарини берди. Бир нақлда айтилишича, қадаҳлар кумушдан бўлиб, уларда биллурнинг шаффофлиги мавжуд, тиниқлигидан ундаги ичимлик ташқаридан кўриниб туради.
Кумушдан ясалган идишлар эгасининг кўзига тупроқдан қилинган (сопол) идишлардан кўра қадри баландроқ кўринади. Худди шу каби кумушдаги шаффофлик эгасининг кўзига биллурда бўладиган шаффофликдан кўра комил ва юксакроқ кўринади(У Зот идишлар гарчи кумушдан бўлса-да, биллур каби шаффоф бўлиши хабарини бермокда. Алоуддин Самарқандий, «Шарҳ ат-Таъвилот» асари.).
Оятдаги иккинчи [қовариро] сўзи маълум қоидага кўра, тўлиқ турланмасдан 2-хил қироат қилинган. Биринчи келган[қовариро] сўзи эса бошқа оятлар охирига мувофиқ тарзда (охирига алиф ҳарфи қўшиб) вақф қоидаси билан қироат қилинган. Шунингдек, васл қилинган (икки оятни қўшиб ўқилган)да ҳам танвин билан ўқилган. Зеро, бу ҳолатда оятнинг боши ҳисобланади.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «...уларни (соқийлар) ўлчаб қўйганлар» деган сўзи, уларнинг чанқоғи миқдорича ўлчаб қўйилган, маъносида. Яна бир ривоятда айтиладики, уларга ўзлари чамалаган, нафслари талаб қилган миқдорда сув берилади. Яъни кўнгиллари бирор миқдорни истаса, уларга айнан ўшанча ичимлик олиб келинади.
[17] Ва улар у ерда аралашмаси занжабил бўлган қадаҳдан суғориладилар.
[18] У ердаги «Салсабил» деб номланган булоқдан.
Баъзилар «Ва улар у ерда аралашмаси занжабил бўлган қадаҳдан суғориладилар» ояти маъносини бундай деб ўйлашган: «Арабларни бирор ичимлик таъми ажаблантирса, уни таърифлаб, бундай ичимликка нафслар рағбат қилиши ва хушхабар маъносида: «Занжабилга ўхшар экан» деб айтишган».
Базилар эса, «занжабил» ва «салсабил» бир нарса бўлиб, иккиси ҳам булоқнинг номи, дейишган. Баъзилар салсабил сўзини [сал сабийлан ила заликал-аъйн] яъни «ўша булоққа борадиган йўлни сўра» ибораси орқали изоҳлаганлар.
Қатода розияллоҳу анҳу салсабил [салисатус-сабил] - «йўли енгил», яъни суви тотли деган маънони ифодалайди, деган(Қатода розияллоҳу анҳудан Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи ҳақида бундай ривоят келган: «У суви майин, юмшоқ бўлган булоқдир». «Тафсир ат-Табарий». 29/271.). Бир ривоятда айтилишича, «салсабил» тез оқувчи маъносини билдиради(Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Салсабил (дегани) у (жаннатий)ларнинг
томоқларидан билинмай ўтиб кетадиган (булоқ суви)дир», деган. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али айтади: «Унинг маъноси шуки, танглай ва ҳалқум орасидаги енгил (ўтадиган сув)дир». Аммо уни яъни «Раббингиздан ўша булоқ томон борадиган йўлни сўранг», деб тафсир қилганларга келсак, бу хато ва жоиз эмасдир. Қаранг: «Лисон ал-араб». «Салсала».).
[19] Ва уларнинг атрофида абадий ёш болалар айланурлар, агар уларни кўрсангиз, сочилган маржон деб ўйлайсиз.
Оятда болалар зикр қилингани у ерда туғилиш бўлади дегани эмас, балки улар бола ҳолида яратиладилар ва улғаймасдан, қаримасдан шу ҳолда абадий қоладилар.
Мазкур болалар кофирларнинг дунё (ҳаёти)да кичиклигидаёқ вафот этган фарзандлари бўлиши ҳам мумкин. Уларни жаннат даражаларига кўтариш учун ота-оналари бўлмагани сабабли Аллоҳ таоло уларни жаннат аҳлига хизматчи қилиб қўяди.
«Агар уларни кўрсангиз, сочилган маржон деб ўйлайсиз». Баъзи муфассирлар айтадики, Аллоҳ таоло уларнинг чиройини сочилган дурга ўхшатган. Зеро, дурнинг энг чиройлиси сочилганида кўринади. Ёки дурлар дунёда қолган гавҳарлардан кўра гўзалроқ бўлгани каби, уларнинг чиройи жаннатдаги бошқа гавҳарларга нисбатан устун қилинган бўлиши ҳам мумкин.
Яна баъзи муфассирлар оятни бундай тафсир қилганлар: «Улар (хизмат қилиб) айланиб турмасалар, кўрганлар сочилган дур деб ўйлайди. Агар айланиб, ҳаракат қилиб турсалар, ўшанда уларнинг ёш болалар экани маълум бўлади».
[20] Ва (у жойга) қараганингизда, ноз-неъматларни ва улкан подшоҳликни кўрасиз.
Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи ҳақида (баъзи муфассирлар) бундай деганлар: «У иккиси (ноз-неъматлар ва улкан подшоҳлик)нинг таърифи ҳам, тавсифи ҳам йўқ (яъни уларнинг қандайлигини Аллоҳ таолонинг Узи билади)».
Подшоҳлик бу - фаришталарнинг улардан изн сўрашлари демак. Дунёдаги подшоҳларнинг даражаси қанча юқори бўлса ҳам, фаришталарни изнсиз олдиларига киришдан тўса олмайдилар. Ҳақиқий подшоҳ (эса фаришталарга ҳам) ҳукмини ўтказа олўвчи ҳисобланади.
Оятда ноз-неъматлар ва улкан подшоҳликнинг зикр қилиниши, уларнинг жаннат аҳлидан узилиб қолмаслиги, балки қачон қарасангиз, уларни боқий ноз-неъматлар ва катта подшоҳлик ичида кўрасиз, деган маънода бўлиши ҳам мумкин.
[21] Уларнинг юқориларида яшил сундус (юпқа ипак)дан ва истаброқ (қалин ипак)дан кийимлар бор ва улар кумуш билакузуклар билан ясанганлар ва Раббилари уларни пок шароб билан суғорди.
Оятдаги «юқори» сўзидан мурод улар ўтирган сўридан баландроқ жой бўлиши мумкин. Демак, Аллоҳ таоло уларнинг сўрилари юқорисида яшил ипакли кийимлари туришини, шунингдек, пастроғи эса, уларнинг ўтирадиган жойлари эканини хабар бермокда. Чунки улар сўрилар ва безалган уйларда бўладилар. Безалган уйлар ва сўрилар остидаги жойларда тўшалган гиламлар ҳамда тизиб қўйилган ёстиқлар бўлади.
Шунга кўра, оятдаги истаброқдан қалин ипак маъноси ирода қилинса, ўша жойнинг тўшаклари қалин ипакдан ёки юпқа ипакдан бўлиши фарқ қилмайди. Чунки ипакнинг барча тури бу борада бирдек рағбат этиладиган ҳисобланади. Валлоҳу аълам!
Бир нақлда айтилишича, «юқориларида» сўзи жаннат аҳлининг энг олий кийимлари яшил юпқа ипак ва қалин ипакдан бўлади, маъносидадир. Баъзи муфассирлар оятдаги «сундус» сўзини кийим деб, «истаброқ»ни эса тўшаладиган нарса деб изоҳлаганлар. Зеро, қалин ипак кийимга одамлар кўп истак билдирмайди. Шунинг учун оятда кийиладиган ва тўшаладиган нарсаларни жамлаб, биридаги феълни баён қилиб, бошқасида зикр қилмаган.
Баъзилар эса, «юқориларида» лафзини юқорида зикри келган ёш болаларни уларнинг тепасида айланиб юриши маъносида, деганлар. Валлоҳу аълам!
«Улар кумуш билакузуклар билан ясанганлар». Аллоҳ таоло уларга кумушдан бўлган билакузукларнинг хушхабарини бермоқда. Чунки кумуш оқлиги сабабли гўзал ҳисобланади. Тилла эса қиймати ва обрўси билан гўзал, зотан ўзи сабабидан эмас. Чунки унинг ранги сариқ бўлгани учун кўз уни чиройли деб билмайди. Шу сабабли, оятда тилла билан эмас, кумуш билан хушхабар берилган.
Баъзилар: «Эркакларга дунёда кумуш узук мубоҳ қилингани сабабли, улар кумуш узуклар билан, аёлларга дунёда тилла мубоҳ қилингани учун улар тилла билакузуклар билан зийнатланадилар», деганлар.
«Раббилари уларни пок шароб билан суғоради» ояти борасида айтилишича, шароб бу хамр бўлиб, офатлар ва ҳар қандай ёмонликлардан поклайди ҳамда уларнинг қалбларини ғил-ғашликлардан ҳам тозалайди. Яъни ушбу шароб зоҳир ва ботинни поклашга хизмат қилади. Дунё шароби эса зоҳирий баданни тозаласа-да, инсон ботинини нажосат қилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «Жаннат аҳлидан бўлган кишига ейишда, ичишда ва жимода юз кишининг қуввати берилади», дедилар. Шунда бир яҳудий: «Еган-ичган киши ҳожат ҳам чиқаради(ку)?» деди. У зот:
«Улардан бирининг ҳожати терисидан сизиб чиққан хушбўй тер бўлиб, шунда унинг қорни ҳам бўшайди», дедилар»(Ибн Абу Ҳотимдан ривоят қилинади: «Аҳли китоблардан бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: «Эй Абулқосим, сен жаннат аҳли еб, ичадилар деб ҳисоблайсанми?» деди. Шунда у зот айтдилар: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, улардан бир кишига ейишда, ичишда, жимода ва шаҳватда сизлардан (бўлган) юз кишининг қуввати берилади». Шунда бир яҳудий: «Еган-ичган киши ҳожат ҳам чиқаради. Жаннат эса пок, унда ифлослик ҳам, азият (берадиган нарса) ҳам йўқ», деди. У зот: «Улардан бирининг ҳожати тери-сидан сизиб чиққан хушбўй тер бўлиб, шунда унинг қорни бўшайди», дедилар» (Суютий. «Ад-Дурр ал-мансур». 1/000; Самарқандий. «Баҳр ал-ъулум». 3/103).).
Аслида, дунё ҳаётида одам еган овқатдан ҳосил бўлган қувват баданда қолади ва бу барча аъзоларида зоҳир бўлади. Шунингдек, шаҳват ҳам баданда қолади. Сўнг буларнинг қолдиғи ва ортиқчаси чиқиб кетади. Лекин (жаннатда) Аллоҳ таоло таомдан баданда қоладиган ортиқча нарсларни йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин. Шунда уларнинг таоми танада қоладиган латиф бир нарсага айланади.
[22] Албатта, бу сизлар учун мукофот ва сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз мақбулдир.
Ушбу хушхабар жаннат аҳлига дунёдаёқ айтилган бўлиши мумкин. Уларга бу охиратда бўлиши ҳам мумкин. Яъни (уларга шундай дейилади) сизлар икром қилинган бу нарсалар дунёдаги амалларингиз ва саъй-ҳаракатингиз мукофотидир.
[23] Албатта, Биз сизга Қуръонни бўлиб-бўлиб нозил қилдик.
Баъзилар айтишича, (оятнинг маъноси) «Сизга Қуръонни бўлиб-бўлиб (нозил) қилдик». Бўлиб-бўлиб нозил қилишдаги ҳикмат бошқа бир оятда зикр қилинган. У Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидир:
«Куфр келтирганлар: «Унга Қуръон битта яхлит ҳолда нозил қилинса эди», дедилар. Биз сизнинг қалбингизни у билан собитқадам қилиш учун шундай қилдик ва уни дона-дона қилиб ўқидик» (Фуркут сураси, 32-оят). Аллоҳтаоло бўлиб-бўлиб нозил қилишда собитқадам қилиш борлигини айтди. Шунда инсонлар унинг яхлит нозил қилинганидан кўра, нозил қилинган ўринларини кўпроқ сақлаб қоладилар ва яхшироқ биладилар.
Аллоҳ таоло ушбу ўринда (Қуръонни) нозил қилишни Ўзига нисбат берди. Қуйидаги оятда эса уни Жаброил алайҳиссаломга нисбат берган:
«Уни Руҳул-амин (Жаброил) олиб келиб, қалбингизга туширди» (Шуъаро сураси, 193-194-оятлар).
«Албатта, у (Қуръон) мукаррам элчининг сўзидир!» (Ҳаққо сураси, 40-оят).
Бошқа бир оятда бундай деган:
«Токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин»(Оятнинг тўлиқ маънолар таржимаси: «Агар мушриклардан бирортаси Сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоянгизга олинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин».) (Тавба сураси, 6-оят). Ушбу оятда уни Ўзига нисбат берган. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай деган:
«(У) Лавҳул маҳфуздадир»(«Балки у (инкор этилган нарса) улуғ Қуръондирки, (унинг асл нусхаси) Лавҳул маҳфуздадир» (Буруж сураси, 21-22-оятлар).) (Буруж сураси, 22-оят).
Бу оятларнинг барчаси мажозий гаплар бўлиб, ҳақиқий маънода эмас. Аслида, бу калималарнинг барчасидан нима мақсад кўзланган бўлса, ўша маъно, шунингдек, одамлар ўзаро ушбу гапларни муомалада қайси маънода ишлатсалар, ўша маъно назарда тутилади. Агар: «Бу Лавҳул-маҳфуздадир», дейилса, маъноси тушунарли бўлади ва ўша ерда бўлгани англашилади.
«Токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин» (Тавба сураси, 6-оят) ояти маъноси эса, «Токи у Аллоҳнинг каломига далолат қилувчи сўзларни эшитсин» бўлади. Яъни бу ўринда, Аллоҳ каломининг ўзи назарда тутилмаган.
Қуръоннинг Жаброил алайҳиссаломга нисбат берилиши у фариштанинг сўзи бўлгани учун эмас, балки у зот алайҳиссаломдан Набий алайҳиссалом қабул қилиб олганлари эътиборидан бўлади.
Шу ўрингача Қуръони Карим бўлиб-бўлиб нозил қилинишининг ҳикмати борасида етарлича маълумот зикр қилиб ўтилди.
Шунингдек, Қуръоннинг бўлиб-бўлиб нозил қилиниши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даражаларига қараб эмас, балки у зотга эргашувчиларнинг даражалари эътиборидан бўлиши ҳам мумкин. Чунки Аллоҳ таоло Уз Пайғамбарига уни ёдлаб олишни осон қилиб қўйган. Ҳатто Жаброил у зотга бир марта ўқиб берганида, барча оятларни ёдлаб олар эдилар. У зотга бундай дейилди:
«У (Қуръон)ни тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан ҳаракатлантирманг» (Қиёмат сураси, 16-оят). Шу тариқа Аллоҳ таоло у зотга ҳифз қилдиришни кафолатлади ва унутишдан омонда бўлдилар.
Аммо у зотдан бошқа инсонларга бир дафъада ҳифз қилиш юкланганида, машаққат туғдирар эди. Шу сабабли, улар оятларни ҳифз қила олишлари учун (Қуръон) бўлиб-бўлиб нозил этилди. Шунинг учун ҳам уммат орасида Қуръон ҳофизлари эмас, уни ўқувчилар ҳамда фақиҳлар кўп бўлди. Зеро, Қуръон воқеа-ҳодисалар ортидан бўлиб-бўлиб нозил қилинди ва саҳобалар оятларнинг нозил бўлиш ўрин (сабаб)ларини билиб бордилар. Улар оятларнинг нозил бўлган ўринларини ва мансухларини билганлари учун оятларда нима маъно кўзланганидан воқиф бўлдилар. Агар уларга (Қуръон) яхлит ҳолда нозил қилинганида носих ва мансух (оят)лар чигал бўлиб қолар эди. Улар носих ва мансух илмини билишлари учун Аллоҳ таоло (Қуръонни) бўлиб-бўлиб нозил қилди. Шунингдек, Қуръон бўлиб-бўлиб нозил қилинса, инсонлар унга яхлит нозил қилингандан кўра кўпроқ иштиёқманд бўладилар ва рағбат қиладилар. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига боқмайсизми:
«Ва имон келтирганлар, бирон сура нозил қилинса эди, дерлар. Вақтики, аниқ сура нозил қилинса...» (Муҳаммад сураси, 20-оят). Уларга аввал сура нозил қилинган бўлса ҳам, Аллоҳ азза ва жалла уларнинг яна сура нозил қилинишига бўлган рағбатлари хабарини бермокда.
Мазкур (суранинг 23-) оятида мунофиқларга таҳдид ҳам бор. Зеро, Аллоҳ таоло бундай деган:
«Мунофиқлар ўзлари ҳақида дилларидаги нарса (мунофиқлик)ни фош қиладиган сура нозил қилинишидан қўрқиб турадилар» (Тавба сураси, 64-оят).
Унинг бўлиб-бўлиб нозил қилинишида эса мўминлар учун биз зикр қилган фойда ва манфаатлар бор эди.
[24] Бас, сиз Раббингизнинг ҳукмига сабр қилинг ва улардан бирор гуноҳкор ёки кофирга итоат этманг!
Оятда Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломни нафслари ёқтирмайдиган ва унга машаққат туғдирадиган нарса билан синагани, ҳатто у зотни сабрга чақиргани айтилмоқда. Чунки банда неъматлар лаззатларга сабр қилишга эмас, аксинча, қийинчилик ва балоларга гирифтор қилинганида чақирилади. Дарҳақиқат, Набий алайҳиссалом барча қийинчиликларга сабр қилдилар. Зеро, у зот жинлару инсонларга қарши боришга буюрилдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қарши турдилар, мушриклар у зотга ҳар турли озорларни бердилар, ҳатто у зотни ўлдирмоқчи ҳам бўлдилар.
«Улардан бирор гуноҳкор ёки кофирга итоат этманг!» оятида Аллоҳ таоло гўё бундай деган: «Сизни гуноҳкор бўлишга ёки кофир бўлишга даъват қиладиган одамга асло итоат этманг» ёки «Сизни даъват қилган нарсасида гуноҳкорга ёки кофирга асло ижобат қилманг».
[25] Эрталаб ва куннинг иккинчи ярмида Раббингиз номини зикр қилинг!
Мазкур оят «Раббингиз исми билан зикр қилинг» ёки «У Раббисининг исмини ёд этиб, намоз ўқиди» (Аъло сураси, 15-оят) оятида келганидек, «Раббингиз номи ила намоз ўқинг» ёки «Раббингиз номини ёд этинг!» яъни ҳар вақт Уни ёдингизда тутинг, деган маъноларни англатиши мумкин.
Оятдаги [букротан] - «эрталаб» сўзидан бомдод намози, [асийла] - «куннинг иккинчи ярми» сўзидан эса пешин ва аср намозлари ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин.
[26] Яна кечанинг бир қисмида ҳам Унга сажда қилинг ва узун тунда унга тасбеҳ ҳам айтинг!
Агар аввалги «Эртаю кеч Раббингиз номини ёд этинг!» ояти фарз намозлари ҳақида бўлса, ушбу оят эса, тунги нафл намозлар маъносида бўлиши ҳам мумкин. Агар шу маънода бўлмаса, У Зот гўё: «Раббингизни кеча ва кундузнинг ҳар бир вақтида зикр қилинг» ёки «Раббингизнинг исми ҳатто кеча ва кундузнинг ҳар бир онида зикр қилинган бўлсин», дегандек бўлади. Валлоҳу аълам!
[27] Албатта, анавилар нақд (дунё)ни яхши кўрадилар ва оғир кунни эса ортларида қолдирадилар.
Нақд (дунё)га муҳаббат халойиқнинг табиатида мавжуд. Чунки ҳамма мавжудот бирор нарсадан фойдаланиш ва роҳатланиш муҳаббати ила яратилган. Улар табиатлари ва хилқатларида бўлган нарсага муҳаббат қўйиш билан маломат қилинмайдилар. Лекин кимки дунёга муҳаббат қўйиб, фақат уни ихтиёр этса ва уни дунёнинг яратилиш мақсадидан устун қўйса, маломатга дучор бўлади. Дунё аслида охират неъматларини ҳамда доимий пок ҳаётни қўлга киритиш учун яратилган. Ким дунёни шу мақсадда яхши кўрса, маломатга қолмайди ва таънага ҳам учрамайди. Кимда-ким дунёга дунё сабабли муҳаббат қўйса, шу сабабли уни бошқа нарсалардан устун қўйса ва шу мақсадда уни қўлга киритса, у маломатга қолади. Инсонлар бу борада турлича бўлиб, бир хил эмаслар.
Дунёга муҳаббат қўйиш кимнидир Аллоҳ таолонинг ёлғизлиги ва улуҳиятини инкор қилишга ундайди.
Дунёга муҳаббат қўйиш кимнидир пайғамбарларни инкор қилиш, уларга душманлик қилиш ва ҳақни тан олмасликка ундайди.
Дунёга муҳаббат қўйиш кимларнидир унинг қайта тирилиш ҳақлигини ва амалларга яраша жазо-мукофот (борлиги)ни инкор қилишига сабаб бўлади.
Кимнингдир унга бўлган муҳаббати пайғамбарлар ўртасини ажратишга ундайди, яъни улар баъзи пайғамбарларга имон келтириб, қолганларини инкор қиладилар.
Инсонларнинг дунёга қўйган муҳаббатлари ортидан биз айтиб ўтган нарсалар пайдо бўлади ва шу сабабдан улар маломатга қоладилар. Шунингдек, Аллоҳ таоло дунё учун эҳсон қилиш(нинг фойдасизлиги) ҳақида ҳам шундай марҳамат қилган:
«Уларнинг бу дунёда қилган эҳсонлари изғирин шамолга ўхшайди» (Оли Имрон сураси, 117-оят). Ким дунё учун инфоқ қилса, қилган эҳсони (оятда) зикр қилингандек ҳолда бўлади. Чунки у инфоқни асл мақсаддан бошқа нарса учун қилмоқда. Демак, (унинг ҳоли) оятда зикр қилинганидек бўлади. Шунинг учун ким дунёни доимий лаззатли неъматлар ва узлуксиз боқий ҳаётни қозониш учун эмас, балки фақат шу дунёси учун яхши кўриб, фақат уни ихтиёр этса, (оятда) зикр қилинган ҳолатда бўлади.
Қуръонда дунёнинг зикри келса, ортидан, албатта, охират ҳам зикр қилинади. Агар инсон зикр қилинганидан сўнг охират зикр қилинса, бу ҳолатда охиратни «унинг олдида» деб айтилади(Муаллифнинг бу гаплари оятда «оғир кунни ортларида...» деб зикр қилинганига изоҳ бўлмокда.). Чунки инсон охират томон юзланади, шу сабаб охират унинг олдида ва қаршисида ҳисобланади. Бироқ (инсон зикр қилинганидан сўнг) дунё зикр қилинса, «унинг ортида» деб айтилади. Зеро, дунё охиратнинг ортида қолади. Бошқанинг ортида қолувчи нарса «ундан кейин» ҳамда «унинг ортида» бўлади. Сабаби бу (охират) у (дунё) фоний (ҳалок) бўлганидан сўнг юзага келади. Шунинг учун ҳам (аҳвол) Аллоҳ таоло зикр қилгандек бўлади.
[28] Биз уларни яратдик ва хилқатларини мустаҳкам қилдик. Ва агар хоҳласак (уларни) уларга ўхшаш (бошқа одам)ларга алмаштириб қўюрмиз.
Оят кофирлар инкор қилган нарсага қарши ҳужжат ўрнида келмоқда. Аллоҳ таоло гўё бундай дейди: «Улар биладиларки, Биз уларни аввал бошда яратганмиз, Биз уларнинг қувватларини ёки (иккинчи маънога кўра) хилқатларини мустаҳкам қилиб қўйганмиз. Шунингдек, Биз уларнинг алоҳида аъзоларини, тарқоқ бўғимларини бириктириб қўйганмиз. Агар хоҳласак, уларни ўзлари каби (бошқа одам)ларга алмаштириб қўя оламиз. Энди нима учун улар Бизнинг ўлимдан кейин қайта тирилтиришга қодирлигимизни инкор қиладилар?» Яъни У Зот: «Мазкур ишларга қодир Зотни ҳеч нарса ожиз қолдира олмайди ва У қайта тирилтиришга бундан ҳам кўра қодирроқдир», демоқда.
«Ва агар хоҳласак, (уларни) уларга ўхшаш (бошқа одам)ларга алмаштириб қўюрмиз» ояти ҳақида кейинроқ зикр қилинади, иншааллоҳ.
[29] Албатта, бу бир эслатмадир. Бас, ким хоҳласа, ўз Раббисига йўл олади.
«Албатта, бу бир эслатмадир» жумласидаги «бу» сўзи, эҳтимол, «ушбу сура» маъносидадир. Чунки суранинг аввалида одамларнинг пайдо қилиниши ва яратилишлари, ўртасида эса қилган ишларига жазо ёки мукофот борлиги, охирида уларнинг қайта тирилишлари зикр қилинган. Демак, бунда уларга эслатма бор.
Шунингдек, «Албатта, бу бир эслатмадир» ояти «Қуръонда зикр этилган хабарлар ва насиҳатлар уларга фойдали ёки зарарли нарсаларни эслатувчидир» ёки «Уларнинг зиммасидаги Аллоҳнинг ҳақлари ва бир-бирларига нисбатан ҳақларини эслатувчидир» маъносида бўлиши ҳам мумкин.
«Бас, ким хоҳласа, ўз Раббисига йўл олади» ояти икки хил маънода бўлиши мумкин:
Биринчиси, У Зот ҳаммага Раббиси томон йўл олишга имкон берган. Яъни Рабби томон йўл олишни истаган кишини ҳеч нарса қайтармайди. Аммо ким йўл олмаса, ўзи йўл олмаган бўлади, чунки у Рабби томон йўл олишни истамади. Аслида эса, унга имкон берилган эди.
Иккинчиси, ким (Раббиси томон) йўл олишни истаса, бас, Парвардигори томон йўл олсин. Ушбу сўз (тафсири) кейинроқ батафсил зикр қилинади, иншааллоҳ.
[30] Аллоҳ хоҳласагина, сизлар ҳам хоҳларсиз. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир.
Аллоҳ таоло ушбу оят орқали, Аллоҳ Узи билгувчироқ, бундай демоқда: «Ким Парвардигори томон йўл олишни истаса, Аллоҳ шуни хоҳласагина, У томон йўл олади. Шу ҳолатдагина банда йўл олади. Бу мўътазилийларга қарши раддиядир. Зеро, улар: «Аллоҳ таоло халойиқнинг барчаси Парвардигорлари томон йўл олишларини хоҳлаган. Лекин уларнинг ўзи (У томон) йўл олишни истамайдилар ва йўл олмайдилар», дейди. Аллоҳ таоло оятда қачонки Узи хоҳласагина, бандалар У томон йўл олишни хоҳлашлари ва йўл олишлари мумкинлигининг хабарини берди. Фақат мана шу ҳолатда (У томон) йўл оладилар ва (Уни) истай оладилар.
«Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир», яъни Аллоҳ таоло махлуқотларнинг амалларини - Унга ёлғон тўқишлари ёки Уни тасдиқ қилишлари, тоату маъсиятларини билувчидир. Яъни уларнинг барча қилмишларидан хабардордир. Шунингдек, У Зот бандалардан содир бўладиган ишларни билгани сабабли уларни яратишда ҳикмат ила яратди. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларни Ўзига тегишли бирор манфаат ёки Ўзидан бирор зарарни даф қилиш учун эмас, балки уларнинг фойдалари ва эҳтиёжлари учун яратган. Аллоҳ таолонинг бандаларни яратиши ва уларга пайғамбарлар юбориши, бандалардан бўладиган ёлғонга чиқариш ва қабул қилмасликни билган ҳолда амалга оширилган. Унинг иши ҳикмат ва ҳақиқатдан четга чиқмайди. Балки У Зот бу ишда ҳам ҳикматлидир. Аммо воқеликда кимдир ўз элчисини ёлғонга чиқаришларини, юборган нарсаси ва ҳадясини қабул қилмасликларини ва уни менсимасликларини била туриб элчи юборса, бу иши ҳикмат эмас, балки эсипастлик ҳисобланади. Чунки у элчини ва ҳадясини ўзининг манфаати учун юборган ҳисобланади. Бу шахснинг илми эса ҳикмат эмас, балки ақлсизликдир. Шу сабабли мазкур икки сурат (яъни инсоннинг шундай иш қилиши билан Аллоҳ таоло ирода қилган иши) бир-биридан фарқ қилади.
[31] У кимни хоҳласа, Уз раҳматига киритади ва золимлар учун аламли азобни тайёрлаб қўйгандир.
Ушбу оят ҳам мўътазилийларга қарши (раддия)дир. Чунки Аллоҳ таоло Узи хоҳлаган кишиларни раҳматига киритишини зикр қилган. У (мўътазилий)лар эса: «У Зот барчани Ўз раҳматига киритишни хоҳлаган, чунки уларнинг ҳар биридан имон (келтиришлари)ни хохдаган (эди)», дейдилар.
Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган (банда)ларни раҳматига киритишини хабар берди. Бу эса, Аллоҳ таолонинг залолатни ихтиёр этишини билган кимсаларни Ўз раҳматига киритишни хоҳламаслигига далолат қилади. Лекин У Зот ҳидоятини ихтиёр этишни билган (банда)ларини Ўз раҳматига киритишни хоҳлайди. Аллоҳ таоло ҳидоятдан бошқа нарсани ихтиёр этишини билган кимса учун Ўз раҳматига киритишни хоҳлаши эҳтимол қилинмайди. Валлоҳу аълам!
«Золимлар учун аламли азобни тайёрлаб қўйгандир», яъни ундан залолат (зулм содир бўлиши)ни билган кимсага Аллоҳ таоло аламли азоб тайёрлаб қўйишни хоҳлади.
(Абдуллоҳ) ибн Масъуд, Убай (ибн Каъб) ва Ҳафс розияллоҳу анҳум қироатларида бу оят (Ўзи хоҳлаганларни раҳмати билан хослайди) деб ўқилган. Ушбу қироат оят таъвилини изоҳлайди. Бу ўринда У Зотнинг раҳмати «ҳидоят» ва «Аллоҳнинг йўли» маъноларини эҳтимол қилади. Шунингдек, Унинг раҳмати «жаннати» маъносида бўлиши ҳам мумкин. Жаннатнинг «раҳмат» деб номланишига сабаб шуки, имон аҳли жаннатга Унинг раҳмати билан киради. Ирода қилинган маъно ҳақиқатини Аллоҳнинг Ўзи билгувчироқдир.