close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

084. Иншиқоқ сураси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

[1]. Осмонлар ёрилганда,

[2]. (бу билан у) Парвардигори (амри)га қулоқ тутганда ва (шу амрга) лойиқ топилганда,

[изас самааун шаққот] ояти олдинроқ берилган саволнинг жавобидир. Чунки биз [изаа]нинг жавоб ҳарфи эканини, янги гапни бошлаб берадиган ҳарф эмаслигини айтиб ўтган эдик.(Қаранг: Таквир сураси, 1-оят.) Бинобарин, (кофирлар) илгари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан амаллар би-лан рўбарў бўлиш ҳақида сўраб: «Унинг вақти қачон?» - деганларида Аллоҳ таоло: «Осмонлар ёрилганда, (бу билан у) Парвардигори (амри)га қулоқ тутганда ва (шу амрга) лойиқ топилганда. Ана шу - амаллар билан рўбарў бўлинадиган вақтдир», - деб жавоб бергандек гўё.
Баъзилар шундай деган: «Хабарда зикр қилинишича, бири мусулмон, бошқаси кофир бўлган икки ака-ука бўлган экан. Уларнинг кофир бўлгани мусулмонга қараб: «Хўш, нима дейсан, биз ўлгандан сўнг қайта тириламизми?» - деганида у: «Сени ва аввалги халқларни яратган Зотга қасамки, ҳа!» - деб жавоб берибди». Шундай қилиб, уларга (кофирларга) уларнинг қайта тирилиш вақтларини баён қилиб, у осмон ёрилган, Ер ёйилган ва ҳоказо бўлган вақтда бўлишини айтиб, мазкур сура нозил бўлган.
Сўнгра одамнинг ёдида яхшироқ қолиши учун Аллоҳ таоло бу жавобни суранинг бошида зикр қилди. Чунки бу иш уни эслаб қолиш учун энг асосий сабабдир. Агар суранинг ўртасида зикр қилинган бўлганида, уни ўқиб юриш билан ёдда қолган бўлар эди. Шунинг учун ҳам, яна Аллоҳ билувчироқдир, [алиф лаам мим], [алиф лаам ро], [каф ҳа йа ъайн сод] ва [тоҳа]ларни сураларнинг боши қилиб қўйилди. Чунки Қуръонни тушунганликлари учун кофирларнинг унга қулоқ солмай ундан юз ўгириб кетиш одатлари бўлган. Шунинг учун ҳам бу суралар мазкур белгилар ва ишоралар билан бошланган, токи бу нарса уларни Қуръон ҳақида фикр юритишга, унга эътибор қилишга ундасин. Зеро, улар [алиф лаам мим], [алиф лаам ро] оятларидан ирода қилинган нарсадан илгари бехабар бўлганлар.
Сўнгра Аллоҳ таоло одамлар ўша куннинг оғирлйгини билиб, Ундан қўрқишлари ҳамда ўша кунга ҳозирлик кўришлари учун осмонларнинг ёрилиши, Ернинг ёйилиши ва ичидагилари чиқариб ташлашини зикр қилди.
Тафсирлардан бирида шундай дейилган:
[ва азинат ли Роббиҳа ва ҳуққот] ояти «Ер ўзининг Парвардигорига қулоқ тутиб, итоат қилса ва ўзига буюрилган ишни бажарса», деган маънодадир».
Сўнгра (мазкур оятда келган [азинат] сўзининг масдари бўлмиш) [ал-изн]дан мурод турличадир. Шундай экан, уни ўзига энг муносиб бўлган маънога буриш тўғрироқ бўлади. Кўрмайсизми, сиз: [азинар рожулу ли ъабдиҳи фит тижаароти](Яъни «Бу киши ўз қулига тижорат учун изн берди».) деган пайтингизда «031» [азина] деган сўзингиз билан ўзингиздан бошқа кишига сизнинг таомингиздан ейиши учун изн берганингиздаги маънони ирода қилмайсиз. Аксинча, «қулига изн берди» деган сўзингиз билан унга тижорат қилишни буюрганини назарда тутасиз. Ҳатто қул ўша ишни қилмагани учун уни маломат қиласиз. Кейингисида (овқатингиздан ейишга берган изнингизда) эса ундан ейишга рухсат берганингизни назарда тутасиз. Аллоҳ таоло шундай деган: «Ҳар бир жон (эгаси) Аллоҳнинг изни билангина муҳлати белгилаб куйилган битик (ажал) етганда ўлади».(Оли Имрон сураси, 145-оят.) Бошқа бир ўринда эса: «Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир жон (эгаси) имон келтира олмас»,(Юнус сураси, 100-оят.) - деган. Мазкур оятларда келган ҳар иккала «изн» бир-биридан фарқ қилган. Бинобарин, уни асослироқ маънога буриб тушунишимиз керак бўлади. Бу оятда (биз маъносини таржима қилаётган 2-оятда) уни бўйсуниш, чақириққа итоат қилиш деб тушуниш асослироқдир, шунинг учун ҳам (муфассирлар) унга шундай маъно берганлар.
(Мазкур оятда келган) [ва ҳуққот] ибораси «чақириққа итоат қилиш унга вожиб (муқаррар) бўлганда», деган маънодадир. Қулоқ солиш Ер аҳлига қаратилган бўлиши, гарчи ундан одамлар ирода қилинган бўлсада, бу иш Ерга нисбат берилган бўлиши ҳам мумкин.[ва кааййин мин қорятин ъатат ъан амри Роббиҳа](«Кўпгина қишлоқлар ўз Раббисининг амрига саркашлик қилди». (Талоқ сураси, 8-оят).) ояти бунга мисолдир. Ваҳоланки, қишлоқлар эмас, уларнинг аҳолиси саркашлик қиладилар, холос. Агар шундай бўлса, мазкур оятда дунёдаги ҳолатидан фарқли ўлароқ ҳеч ким Парвардигор чақириғига итоат этишдан бўйин товлай олмаслиги зикр қилинган бўлиб чиқади. Чунки бу дунёда кўпчилик одамлар Унга итоат қилишдан юз ўгириб, осийлик қилиш билан машғулдирлар.
Сўнгра чақириққа итоат қилиш, бўйсуниш, исташ-истамаслик ва шу каби сифатлар ихтиёр берилган кишиларга боғлаб зикр қилинадиган бўлса, бу - ўша ҳаммага яхши таниш бўлган хоҳлаш ва итоатдир. Агар ихтиёр берилмаганларга боғлаб зикр қилинадиган бўлса, бу унинг туғма кўринишининг ўзгариши деб тушунилади. Масалан, Ер агар ундан ўсимлик ўсган бўлса, тирик деб, агар устидагилар қуриб парчаланиб кетган бўлса, ўлик деб сифатланади. Бундан назарда тутилган нарса ушбудир: агар Ер шундай бир кўринишга келиб қолсаки, ўша кўриниш руҳи (жони) бор нарсаларда топиладиган бўлса, икки шаклдан бири унинг тириклигининг, иккинчиси эса ўликлигининг аломати бўлиб қолар эди.(Яъни инсоннинг жасадида ҳеч қандай хатти-ҳаракат кузатилмаса, уни ўлган деб ҳисоблаймиз. Агар акси бўлса, тирик деб. Худди шу сингари Ерни ҳам жонли мавжудот деб оладиган бўлсак, устида набототларнинг ўсиб тургани унинг тирик ер деб, агар ҳеч нарса ўсмай қуп-қуруқ ҳолича турган бўлса, ўлик ер деб ҳисоблашимизга асос бўлади. Тарж.)
Аллоҳ таоло шундай деган: «Сўнгра тутун ҳолатда бўлган осмонни (яратишни) қасд этиб, унга ва Ерга: «(Фармонимга) ихтиёрий ёки мажбурий ҳолда келингиз!» деган эди, улар: «Уз ихтиёримиз билан келдик», дедилар».(Фуссилат сураси, 11-оят.) Ваҳоланки, Ер ва осмонлар ихтиёрийлик ва мажбурийлик билан сифатланмайди. Бироқ улар шундай бир кўринишда яратилганки, агар ўша кўриниш ихтиёрийлик ва мажбурийлик билан сифатланадиган кишида топиладиган бўлса, бу иш унинг ўз ихтиёри бўлар эди. Иброҳим алайҳиссалом: «Эй Раббим! У (санам)лар кўп одамларни йўлдан оздирди»,(Иброҳим сураси, 36-оят.) - деган. Ҳолбуки, улар, аслида, йўлдан оздирмайди, аммо улар йўлдан оздиришга молик бўладиган бир сувратда яралган бўлсалар, уларнинг бу ишлари йўлдан оздириш деб ҳисобланган бўлар эди.

[3]. (шунингдек) Ер ёйилганда,

(Ушбу оятда келган [муддат] калимаси) «ёйилса, ўзанлар ва водийларни тоғлар ёки Узи истаган нарсалар билан тўлдириб теп-текис қилинса, «сиз унда чуқур ҳам, дўнглик ҳам кўрмайдиган текислик»(Ушбу оятга ишора қилинмокда: «Сўнгра (Ерни) теп-текис қилиб қўяр. Унда на эгрилик (пастлик) ва на баландликни кўрасиз». (Тоҳо сураси, 106-107-оятлар).)ка айланиб қолса», деб таъвил қилинган.

[4]. Ўз ичидаги (жасадларни) чиқариб ташлаб, бўшаб қолганда

[5]. ва у Парвардигори (амри)га қулоқ тутганда ва (шу амрга) лойиқ топилганда (ҳар бир инсон Аллоҳга ҳисобот берур)!

[ва алқот маа фийҳаа ва тахоллат]. Яъни Ер ўз ичига жойланган ўликлар ва хазиналарни чиқариб ташлаб, улардан холи бўлса. Бу оятда холи бўлиш Ерга нисбат берилган, гарчи унинг ичида бўлганларнинг ўзлари ундан холи бўлсалар ҳам. Демак, у (ўз ичидагиларни) тутиб турувчи бўлган. Чунки (Ернинг ичида бўлганлар) ундан холи бўлсалар, Ер улардан бўшаб қолган бўлади.

[6]. Эй инсон! Албатта, сен меҳнат-машаққат чекиб Раббингга (яъни Унинг мукофоти ёки жазоси сари) борувчисан, бас, (сўнгра) У зотга йўлиқувчисан.
Ушбу оятдаги [ал-кодиҳ] калимаси елиб-югуриб юрувчи инсон бўлиб, у доимо шундай юришга одатланган бўлади. Бу ҳолат ҳар бир инсонда мавжуд. Зеро, сиз уни яхши ёки ёмон иш қилиш учун ёхуд ўзига манфаати етадиган ёки зарар берадиган ишлар учун мудом елиб-югурган ҳолда кўрасиз. Иш шу даражага бориб етганки, ана шу елиб-югуришни тарк қилишни мақсад қиладиган бўлса ҳам, бунинг уддасидан чиқа олмайди. Чунки инсоннинг елиб-югуришни тарк қилиши ҳам шу ишнинг бир кўринишидир.
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни ўқиганларида: «Мен ўша инсонман», - деганлар. Бу дегани оятдаги хитоб айнан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган, дегани эмас. Зеро, Аллоҳ таоло: «Бас, кимнинг номаи аъмоли (қиёмат куни) ўнг томонидан берилса...»,(Кейинги оят.) яна: «Аммо кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса...»,(Шу суранинг 10-ояти.) - деган. Мана шу оятларнинг барчасида ирода қилинган инсон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлишлари мумкин эмас. Зотан, Аллоҳ таолонинг «Эй инсон!» деган сўзидаги ишорадан ҳар бир инсон ирода қилингандир. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ўша инсонман», - деганлар.
Ушбу оятдаги «...меҳнат-машаққат чекиб Раббингга борувчисан...»нинг маъноси: «Сен ўз меҳнат-машаққатингни Раббингга - Унга итоат қилиш ва розилигини топиш йўлида саъй-ҳаракат қилишга қаратгин. Зеро, сен шубҳасиз, У зотга йўлиқувчисан. Яъни қилган амалинг жазосига, агар у яхши бўлса - яхши, ёмон бўлса - ёмон жазога йўлиқувчисан», дегани бўлиши мумкин. Қолаверса, бу оятда зикр қилинаётган «йўлиқиш» қайта тирилишдан киноя бўлиши ҳам мумкин. Чунки «қайта тирилиш» лафзи киноя йўли билан баъзан Парвардигорга йўлиқиш маъносида ҳам ишлатилади. Бу борада Аллоҳ таоло: «Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишданумидвор бўлса...») деган.
Уша кун Аллоҳ таолонинг ҳузурига қайтиш куни деб, шунингдек, Аллоҳ таоло: «(Қиёмат кунида) барча (халойиқ) Аллоҳга рўбарў бўлур»,(«Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!». (Каҳф сураси, 110-оят).) - деганидек рўбарў бўлиш куни деб ҳам аталган. Қиёмат кунининг мана шу номлар билан аталишининг сабаби биз юқорида айтиб ўтганимиздек, оламнинг яратилишидан мақсад, оқибат эканидир. Шунинг учун ҳам қиёмат куни Аллоҳ таолога рўбарў бўлиш куни деб аталди. Чунки у ана шу иш учун яратилган. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг ҳузурига қайтиш куни деб ҳам номланди. Бунинг сабаби инсонлар (жаннат ёки дўзахдан) қайси бири учун яратилган бўлсалар, ўша нарсага қайтиб борганларидир. Агарчи инсонларнинг барчалари ўша кундан олдин Аллоҳ таолога рўбарў бўлсалар(Яъни ҳали қиёмат қойим бўлишидан олдин ҳам ҳар бир инсон ўлиб, Аллоҳ таоло билан рўбарў бўлади ва Унинг ҳузурига қайтади.) ва Унинг ҳузуридан ғойиб бўлмасаларда, айнан ўша куни улар Унинг ҳузурига қайтадилар.

[7]. Бас, кимнинг номаи аъмоли (қиёмат куни) ўнг томонидан берилса,

[8]. Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак.

Аллоҳ таоло бу оятда ҳисоб-китобни бир қанча сабаблар туфайли осон ҳисоб деб номлади.
Биринчиси, мўмин киши Парвардигори чақирган ҳар бир нарсада У зот ҳақ сўзлаяпти, деб эътиқод қилади. Агар унинг эътиқоди ана шу тасдиққа асосланган бўлса, барча амалларини эсга олиш орқали (дунё ҳаётида) қилиб ўтган амалларини эслаш ҳам унга осон кечади.
Иккинчи сабаб, мўмин банда (амаллари битиб қўйилган) китобига қараган вақтида қилган яхши амалларининг мақбул бўлгани ва ёмон амаллари кечириб юборилганини кўради. Шунинг учун ҳам ўша кун унинг учун осон деб аталди. Чунки унинг китобида қилган яхши амаллари битиб қўйилган, ёмон амаллари эса ўчириб юборилган бўлади. Шунингдек, хайрли ишлар ҳам енгил деб аталди. Хайрли ишлар учун бериладиган мукофот ҳам енгил деб аталди.(Муаллиф раҳимаҳуллоҳ бу билан ушбу оятларга ишора қилган бўлса, ажаб эмас: «Бас, кимки (закот ва садақотларни) берса ва (Аллохдан) қўрқса, ҳамда гўзал (нарса)ни тасдиқ этса, бас, унга осонликни муяссар қилурмиз». (Лайл сураси, 5-7-оятлар).) Бинобарин, китоби ўнг томонидан ўнг қўлига берилиб, унинг эвазига яхши мукофот олган киши(нинг ҳисоби ҳам) енгил ҳисоб-китоб деб номланди. Мусулмон кишининг ҳисоб-китоби дунё ҳаётида ўзига берилган неъматларни эсига солинадиган вақт миқцорича давом этиши, унга: «Нима учун фалон ишни қилдинг?!» - дея қўрқув ва даҳшатга солиб қўядиган қилиб ҳисоб-китоб қилинмаслиги ҳам мумкин. Кофирга эса «Нима учун фалон ишни қилдинг?!» - дея қўрқувга солиб қўядиган савол билан ҳисоб-китоб қилинади. Бунда у ўзининг қилиб ўтган амаллари билан (қиёмат кунини) инкор этганига қараб муомала қилинади ва бу ишда унга (ҳисоб-китобни) қийин қилиб қўйиш бордир.
Оиша розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким чукур ҳисоб-китоб қилинса, бас, у азобга маҳкумдир», бошқа бир ривоятда эса: «Ким ҳисоб-китоб ҳилинса, азобланади», - деб айтаётганларини эшитдим». Оиша розияллоҳу анҳо шундай деган: «Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ахир Аллоҳ таоло: «Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб ҳилинажак. Ва (жаннатга тушган) ўз аҳли (оиласи)га шоду хуррам ҳолда ҳайтажак», - демаганми?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Сиз айтаётган оят (амаллар ёзилган китобни ўз эгасига) бир кўрсатиб олишдир, аммо ким чукур ҳисоб-китоб ҳилинса, ҳалок бўлади», дедилар».(Имом Бухорий. «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ», Илм китоби, 35-бет, Тафсир китоби, 47-48-бетлар. Муслим. «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ», Жаннат китоби, 80-бет.)
[Фақиҳ раҳимаҳуллоҳ деди:] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким чукур ҳисоб-китоб қилинса, азобланади», - деган сўзларининг зоҳирида Оиша розияллоҳу анҳонинг у зотга айтган сўзларини даф этиш маъноси мавжуд эмас. Чунки Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: «Ким чукур ҳисоб-китоб қилинса...» - деган сўзларидан тушуниладиган маъно Аллоҳ таолонинг «Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак», деган сўзидан тушуниладиган маънодан бошқадир. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзлари зоҳиран Оиша розияллоҳу анҳога жавоб эмасдир. Бироқ у зот алай-ҳиссаломнинг сўзларидаги жавоб тарафи шундаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким ҳисоб-китоб қилинса, азобланади», - деган сўзлари ва Аллоҳ таолонинг «Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак», деган сўзи ҳар қандай ҳисоб ҳақида айтилган эмасдир. Улар чуқур ҳисоб қилинмайдиган ҳисоб-китоб ҳақида, холос. Аммо (амаллар ёзилган китобни ўз эгасига) кўрсатиб олишдан иборат бўлган ҳисобга келадиган бўлсак, у банданинг азобланишига сабаб бўладиган ишлардан эмас. Бинобарин, унда Оиша розияллоҳу анҳо тушунгани каби ҳеч бир қайдларсиз келган хитоб орқали ундан ирода қилинган кишиларнинг умумийлиги тушунилмаслиги, балки хитоб умумий бўлиб, ундан ирода қилинаётган кишилар хос бўлиши ҳам мумкинлиги баён қилинаётган бўлади.

[9]. ва (жаннатга тушган) ўз аҳли (оиласи)га шоду хуррам ҳолда қайтажак.

[10]. Аммо кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса,

[11]. бас, (ўзига) ўлим тилаб қолажак

[12]. ва дўзахда куяжак.

[13]. Дарвоқе, (дунёдалик пайтида) у аҳли оиласида шоду хуррам эди,

«Ва (жаннатга тушган) ўз аҳли (оиласи)га шоду хуррам ҳолда қайтажак» ояти номаи аъмоли ўнг қўлига берилган киши ҳақидадир.
Номаи аъмоли орқа томонидан берилган кишилар ҳолати ҳақида Аллоҳ таоло: «Ва дўзахда куяжак. Дарвоқе, (дунёдалик пайтида) у аҳли оиласида шоду хуррам эди», деган. Бунинг сабаби шундаки, мусулмон киши охиратда ўзига манфаат ҳосил қилиш мақсади билан умргузаронлик қилади ва охират ишлари учун ҳам унга ўша манфаат тайин қилиб қўйилган бўлади. Уша манфаат сабабли доимий шоду хуррамликни қўлга киритгани ортидан унга мана шу манфаат ҳосил бўлади. Кофир кимса эса, дунё ҳаётидаги нақд манфаатлар учун умргу-заронлик қилиб, улар сабабли шоду хуррам бўлади. Бу шоду хуррамлик унга охират ишларини унуттирди. Бинобарин, у ўз оиласи билан шоду хуррам бўлгани учун эмас, аксинча, охират ишларини деб ҳаракат қилишни тарк қилгани учун азобга ҳақли бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг «Кимки наку) (дунё)ни истаса, Биз (шу дунёда) Узимиз истаган кимсаларга хоҳлаганимизча наҳд цилиб берурмиз»,(«Кимки накд (дунё)ни истаса, Биз (шу дунёда) Ўзимиз истаган кимсаларга хоҳлаганимизча накд қилиб берурмиз. Сўнгра (охиратда) унга жаҳаннамни хор ва зор бўлган ҳолида куядиган жой қилиб берурмиз». (Исро сураси, 18-оят).) - деган сўзларида ўз ифодасини топган. Ҳар биримиз дунё ҳаётини истаймиз. Чунки усиз ҳеч бир илож йўқ. Бироқ жаҳаннамда куядиган кимса дунё ҳаётини охиратни ёддан чиқариб юборадиган қилиб истаган кишидир. Худди шунга ўхшаб ўз ахди оиласи билан шоду хуррам бўлган кишига етган азоб ана шу шоду хуррамлик уни охират ишларига назар солишдан тўсиб қўйгани учундир, айнан шоду хуррам бўлгани учун эмас. Чунки аҳли оиласи бор ҳар бир инсон улар билан шоду хуррам бўлишдан холи бўлмайди. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!
«Аммо кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса...» оятида зикр қилинаётган «орқа томонидан берилиши»ни икки хил тушуниш мумкин. Биринчиси, унинг номаи аъмоли (гуноҳ амаллари сабабли) кўриниши жуда ифлос бўлгани учун ундан жирканилмоқда. Шунинг учун ҳам унинг номаи аъмоли орқа томонидан берилади. Ёки унга номаи аъмолининг орқа томонидан берилиши қилиб ўтган қилмишларининг жазоси учун бўлади. Унинг қилмиши шуки, у Аллоҳнинг Китобини орқасига ташлаб қўйди (яъни унга амал қилмади), шунингдек, ундаги буйруқлар ва қайтариқларни ҳам орқасига тарк қилиб қўйди. Шунга асосан у ҳам ўзининг номаи аъмоли орқа тарафидан берилиш билан жазоланди.
Мўмин банданинг номаи аъмоли унда гўзал амаллар ва баракотлар мавжуд бўлгани учун ҳам унинг ўнг қўлига берилди. (Унг қўл маъносидаги) [ал-ямин] калимаси баракотли ишлар ва турфа хил яхшиликларни амалга оширишда фойдаланиш учун яратилган. Бундан ташқари у (яъни ўнг қўл) [ал-юмн](Яъни бахт, фароғат.) ва [ал-барака](Яъни хайр-барака.) калималаридан иштиқоқ қилиб олинган исм билан номланди.
(Чап қўл маъносидаги) [аш-шимаал] ифлос ва нажас ишларда фойдаланиш учун яратилган. Бинобарин, иши гуноҳлардан иборат кишига унинг номаи аъмоли орқа ёки чап томонидан берилди. Чунки имон келтирган зотлар Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва қайтариқларини қабул қилдилар ҳамда уларни таъзим ва тасдиқ қилиш билан қарши олдилар. Бу ҳаётда бирор инсонни улуғлаб, ҳурмат-иззатини жойига қўйишни истаган киши унинг ўнг қўлидан тутиб олади. Шунинг учун ҳам мўминлар охиратда ўзларининг номаи аъмоллари ўнг қўлларидан берилиш орқали улуғланиш билан мукофотландилар.
Аммо кофир банда ҳақида сўз юритадиган бўлсак, у Аллоҳ таолонинг буйруқларига ва Унга итоат этишга беписанд қарагани туфайли охиратда номаи аъмоли унга нопок ишларда иш-латиладиган чап қўлига берилди. Бундан мақсад уни хорлаш ва таҳқирлашдир.
«Бас, (ўзига) ўлим тилаб қолажак» оятида келган [ас-субур],(Яъни халокат, завол.) шунингдек, [ал-вайл](Яъни ғам, алам, ташвиш, дўзахнинг энг олови кучли қисми.) калималари ҳалокатга тушиб қолинганда айтиладиган сўзлардир. (Ушбу оятда)  [ас-субур] калимасининг зикр қилиниши орқали у хоҳ дуо қилсин, хоҳ йўқ - ўзига ўлим ва вайл тилаши керак бўлган ҳалокат-га тушиб қолганидан дарак берилди. Бу ҳолат ҳалокатга тушиб қолишдан киноя қилиш услубида зикр қилинмокда. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг «Бас, (улар) цилмишларининг жазоси учун (бу дунёда) оз кулсинлар ва (охиратда) кўп йигласинлар!»(Тавба сураси, 82-оят.) - деган сўзига ўхшайди. Зеро, бу оятдаги «кулиш» шодликдан, «йиғлаш» эса хафаликдан киноядир. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, («бас, (ўзига) ўлим тилаб қолажак») оятининг маъноси шуки, у ўзини узоқ вақт хафа қиладиган нарсани қарши олади. Шу вақтда у хоҳ йиғласин, хоҳ йўқ - баробардир.

[14]. ўзини ҳеч қачон (Парвардигор ҳузурига) қайтмасман деб ўйлар эди.
Бу оятда шунга ишора қилинганки, (юқоридаги оятларда) зикр қилинган азоб унинг бошига у қайта тирилиш борлигига аниқ ишонмасдан, у ҳақда гумонда бўлиб юргани учунгина тушган. Аллоҳ таолонинг иши шунақа, яъни ваъда ва таҳдидни бу икки гуруҳ (мўминлар ва кофирлар) ўртасида тақсим қилар экан, унинг охирида азоб билан тахдид қилинган кимса уни инкор этувчи бўлганини зикр қилади. Бу ерда ҳам таҳдидни зикр қилиб, ваъда қилинган ана шу азоб унинг бошига тушган киши бу - қайта тирилиш (борлиги) ҳақида аниқ ишончда бўлмасдан, гумонда бўлиб юрганини баён қилган. Аллоҳ таоло шундай деган: «Фосиқ бўлган кимсаларнинг масканлари эса дўзахдир... Узларингиз (дунёда ишониш ўрнига) инкор этган дўзах азобини тотингиз!» - дейилур».(«Фосиқ бўлган кимсаларнинг масканлари эса дўзахдир. Ҳар қачон ундан чиқмоқчи бўлсалар, яна унга қайтарилурлар ва уларга: «Ўзларингиз (дунёда ишониш ўрнига) инкор этган дўзах азобини тотингиз!» дейилур». (Сажда сураси, 20-оят).) У зот (мазкур оятдаги) бу тахдид (қайта тирилишни) инкор этувчилар ҳақида эканини баён қилган. Яна бир оятда: «Юзларини ўт куйдиргач... сизлар уларни ёлгонга йўйган эмасмидингиз?!»(дейилганида)»,(«Юзларини ўт куйдиргач, улар у ерда бадбашара бўлиб қолувчидирлар. (Уларга): «Сизлар менинг оятларим тиловат қилинганида, сизлар уларни ёлғонга йўйган эмасмидингиз?!»(дейилганида)». (Муъминун сураси, 104-105-оятлар).) - деган. Бундан мақсад доимий (азоб ҳақидаги) тахдид айнан инкор этувчилар хусусида экани маълум бўлишидир. Бинобарин, бу ишда мўътазилийларнинг «Катта гуноҳ қилганлар дўзахда абадий қоладилар», - деган сўзларига раддия бордир.

[15]. Йўқ! Парвардигори уни, шубҳасиз, кўриб турувчи эди.
Яъни У зот унинг олдинги нопок ишларини кўриб турувчи эди. Унинг ўз қўллари билан касб қилган ишларидан Ўзи бохабар бўла туриб, уни ҳисобга тутади. Унинг азобга ҳақли қиладиган ишларни бажарганидан Ўзи хабардор бўла туриб, уни азоблайди. Дунёдаги подшоҳларнинг ишлари эса бунинг аксидир. Улар ўзлари хабардор бўлганлари учун эмас, бошқалар унинг ҳисоб қилиниши кераклигини эслатганига биноан ҳисоб-китоб қиладилар. Ўзгалар унинг азобланишга ҳақли бўлган ишидан хабардор қилишига асосланиб азоблайдилар.
Ёки унинг (мазкур оятнинг) маъноси шундай бўлади: «У зот азалда уни (қайта тирилишни инкор қилган кимсани) яратган пайтда унинг нима қилиши, оқибати нима билан тугаши - дўзах аҳлидан ёки жаннат аҳлидан бўлишини кўриб турувчи бўлган.
У кимса Ўзининг дўстларини душман тутиши ва гуноҳ ишлар қилишини била туриб уни яратган».
Кимдир (эътироз билдириб) шундай дейиши мумкин: «Бу ҳаётда киши бир ишни қилмоқчи бўлса, унинг оқибати ўзига зарар эканини ва фойда бермаслигини билса, унга қўл урмайди. Шундай экан, Аллоҳ таоло бир банданинг Узига душманлик қилишга саъй-ҳаракат қилишини била туриб ҳам уни (кофир кимсани) вужудга келтиришида қандай ҳикмат бор?»
Унинг жавоби шуки, яна Аллоҳ билувчироқдир, бир ишни охирига етказса, ўзига зарар бўлишини ва фойда бермаслигини билиб ҳам унга қўл урган кишининг қораланганига сабаб унинг ўзига зарар беришга саъй-ҳаракат қилишидир. Аммо Аллоҳ таолога итоат қилишдан юз ўгирган ва Унга кофир бўлган кимса ўзини ҳалокатга ташлаш орқали фақатгина ўзига зарар келтирган бўлади, бошқаларга эмас. Шу сабабли ҳам Аллоҳ таоло уни (ўшандай бандани) яратган ва йўқдан бор қилгани учун айбланмаган. Бу ишда шу нарсага ишора борки, Аллоҳ таоло халойиқларни яратар экан, уларни Узининг манфаати учун ҳам, улар тарафдан Ўзига етадиган бирор зарар учун ҳам яратмаган. Аксинча, халойиқларнинг фойдалари ва зарарлари уларнинг ўзларига қайтувчидир.

[16]. Бас, қасамёд этаман (Қуёш ботаётган пайтдаги) шафақ билан,
Муфассирлардан баъзилари (мазкур оятда келган) [фа лаа] сўзини одамлар орасида воқе бўлган бир тортишувни даф этиш учун айтилган, - Аллоҳ хоҳласа, бу тортишувни «Лаа уқсиму би ҳазал балад» сураси(нинг тафсири)да(Мазкур суранинг 1-ояти таъвилига қаран) зикр қилиб ўтамиз - бу ўринда қасам фақат [уқсиму] сўзидир, деб таъвил қилганлар.
Айрим муфассирлар ундаги [лаа] ҳарфини боғловчи деб ҳисоблашган. Бинобарин, мазкур оятни биринчи талқин асосида оладиган бўлсак, гапнинг таркибидан [лаа] ҳарфини олиб ташлаш жоиз эмас, балки уни [фалаа, уқсиму] тарзида ўқиш керак бўлади. Агар [лаа] ҳарфи боғловчи бўлиб келган бўлса, уни олиб ташлаш тўғри бўлади. Бунга баъзи қориларнинг уни: [фалауқсиму биш-шафақ](Замахшарий ва Қуртубий уни Ҳасанга нисбат берган. Замахшарий. «Кашшоф», 4-жилд, 456-бет. Қуртубий. «Ал-жомиъу ли аҳкомил Қуръон», 17-жилд, 223-бет.) тарзида ўқиганликлари мисол бўлади.
Шафақ бу - куннинг аломати бўлгани учун гарчи унинг бир қисми зикр қилинган бўлсада, қасам яхлит кун билан ичилган бўлиши эҳтимоли бор. Иккинчидан, шафақда куннинг аломати бўлмиш унинг ёруғлиги ҳамда Қуёшнинг аломати бўлмиш ундаги қизиллик мужассам бўлади. Шундай экан, [вал-лайли ва маа васақ] (Кейинги оят.) оятида қасам кеча ва кечадаги нарсалар билан ичилган бўлгани каби бу ҳам кун ва ундаги нарсалар билан ичилган қасам бўлади. Демак, бу гапда Абу Ҳанифанинг: «Оқлик йўқолмагунича хуфтоннинг вақти кирмайди, чунки унинг вақти шафақ йўқолиши билан киради. Биз шафақни ҳам оқликни, ҳам қизилликни ўз ичига олганини кўрдик. Шундай бўлгач, шафақ тўлиғича кўздан ғойиб бўлмагунича хуфтоннинг вақти келмайди. Кўрмайсизми, қуёш ботишидан кейин келадиган намознинг вақти у тўлиқ ботмагунича кирмайди. Шундай экан, шафақ ботганидан кейин келадиган намознинг вақти ҳам у тўлиғича кўздан йўқолмагунича кирмайди», - деган гапига далил-ҳужжат бордир.

[17]. тун ва у қамраб олган (барча) нарса билан,
Баъзи муфассирлар (бу оятда зикр қилинган) [васақо] калимасига «зулмат, юлдуз, жониворлар ва бошқа нарсаларни ўзи билан бирга олиб келган нарса» маъносини берганлар. [ал-васқ] - юк ва оғирлик маъносидадир. Араблар бир туянинг юки маъносини ифодалашда [васқу баъийр] дейдилар.
Бошқа муфассирлар [васақо] дегани қушлар ва йиртқич ҳайвонлар тўплаб, ўз уяларига олиб келган барча нарсадир, дейишган. Демак, Аллоҳ таоло кун ва тунда кўплаб манфаатлар борлиги учун (бу оятда) у иккисини зикр қилган.

[18]. ҳамда тўлин Ой биланки,
Ушбу оятда келган [иттасақо] феълининг масдари бўлмиш) [ал-иттисоқ] калимаси «жамланиш» маъносидадир. Ой етилиб, тўлиқ бўлган вақтда жамланган бўлади. Бу ҳолат оқ кечаларда(Шариатда ҳар ойнинг 13,14 ва 15-кечалари «Оқ кечалар» деб аталади.) вужудга келади.
Абу Бакр Асам шундай деган: «Бу оятнинг маъноси шуки, Ой эски хурмо бутоғидек бўлиб (эгилиб) қолгандан(Бу билан ушбу оятга ишора қилинмокда: «Биз Ойнинг ҳам, токи у эски хурмо бутоғидек бўлиб (эгилиб) қолгунича, манзилларга (ботадиган қилиб) ўлчаб қўйгандирмиз». (Ёсин сураси, 39-оят).) кейин Аллоҳ таоло уни жамлаб, томонларини тенг қилиб қўйди. Бас, Аллоҳ таоло уларни қайта тирилтиришга қодирлигини билиб қўйишлари учун кофирларга Узининг куч-қудратини эслатиб қўймоқда».

[19]. албатта сизлар босқичма-босқич (яшаб) келурсиз!
Ушбу оятда зикр қилинган [латаркабунна] калимаси (калима таркибидаги) «бо» ҳарфини фатҳа билан(Яъни Ибн Касир, Ҳамза, Кисоий ва кейинги уламолар [латаркабан-на] деб ўқиганлар. Ибн Маҳис ва Аъмаш ҳам улар билан ҳамфикрдир. Қолганлар эса [латаркабунна] деб ўқиганлар. Муҳаммад Фахд Хоруф. «Ал-муяссар фил қироъотил арбаъа ъашрота», 589-бет.) ва (калима таркибидаги) «бо» ҳарфини замма билан ўқилган. Агарчи зоҳиран бири кўплик, бошқаси бирлик шаклида келган, бироқ бу сўздан барча халойиқ назарда тутилган бўлсада, ҳар икки қироат ҳам битта маънони англатади. Чунки [латарка-банна] калимаси айнан битта шахсга тегишли бўлмай, ҳар бир инсонга қарата айтилгандир. Негаки, «Эй инсон! Албатта, сен меҳнат-машаққат чекиб...»(«Эй инсон! Албатта, сен меҳнат-машаққат чекиб Раббингга (яъни Унинг мукофоти ёки жазоси сари) борувчисан, бас, (сўнгра) У зотга йўлиқувчисан». Мазкур сурасининг 6-ояти.) оятида ҳам муайян шахс эмас, барча инсонлар назарда тутилган. Иккита қироатнинг бирида  [латаркабунна] калимаси раф билан кўплик шаклида келган. Демак, бу оятдаги хитоб барча инсонларга қаратилган экани ўз исботини топди.
Сўнгра бу оятда зикр этилган [тобақон ъан тобақин] иборасига «бир ҳолдан бошқа ҳолга» деб ҳам маъно берилган. Кейин бу оят охиратда (содир бўладиган ҳолатга ишора қилиб) айтилган бўлиши ҳам мумкин. Ана шунда Аллоҳ таоло гўё: «Албатта, дунёдаги ҳолатдан кейин охиратдаги ҳолатига ўтурсиз», - дегандек бўлиб чиқади. Бинобарин, бу сўзда қайта тирилиш борлигининг очиқ-равшан тасдиғи бордир.
Бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтиш шу дунёнинг ўзида бўлиши ҳам мумкин. Яъни инсон нутфа ҳолидан лахта қонга, ундан парча гўштга, ундан гўдак ҳолига, ундан кейин эса улғайиб вояга етиш ҳолига ўтиб борар экан, у бир ҳолдан бошқа ҳолга ўтишда бардавом бўлади. Бинобарин, инсоннинг бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга кўчиб юришида унинг яратилишидан фақатгина ҳолатларининг ўзгариши ирода қилинмаган экани, балки ундан мурод халойиқларнинг яратилиши у сабабли дилхушлик эмас, ҳикматга айланадиган оқибат экани баён қилинмоқда. Ана шунда [латаркабунна] сўзи биз юқорида айтиб ўтганимиздек, айнан битта шахсга тегишли бўлмай, ҳар бир инсонга тегишли бўлиб чиқади. Баъзи муфассирлар Аллоҳ таоло бу хитоб билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ирода қилган деганлар. Бу фикр Ибн Масъуд ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган. Бироқ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу оятни: «Эй Муҳаммад, албатта минурсиз»,(Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг оятига «Эй Муҳаммад!
Албатта, Сиз бир ҳолдан иккинчи ҳолга минурсиз», деб маъно бергани ривоят қилинган. Суютий, «Ад-дур ал-мансур», 8-жилд,459-бет.) деб тафсир қилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса: «Ҳолатма-ҳолат осмонга минасиз»,(Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо деб «тобақон» калимасидаги «бо» ҳарфини фатҳа билан ўқигани ва: «Аллоҳ таоло Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи васалламни назарда тутиб «бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтиб борурсиз», деган» деб маъно бергани ривоят қилинган. Шунингдек, унинг оятига «Эй Муҳаммад! Албатта, Сиз босқичма босқич
осмонга кўтарилиб борурсиз», деб маъно бергани ҳам ривоят қилинган. Суютий, «Ад-дур ал-мансур», 8-жилд, 459-бет.) деган. Агар оятнинг таъвили Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганидек бўлса, демак, унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз қавмининг исломга кириши ва у зотни қабул қилиши ҳақида хушхабар мавжуд бўлади. Яъни Аллоҳ таоло: «Албатта, улар ҳадемай Сизга итоат қиладилар, инсонларни имондан тўсиб, сизга дағаллик қилганларидан кейин Сизнинг ёрдамчиларингизга айланадилар», - демокда. «Албатта, Сиз осмондан осмонга минурсиз», - деб таъвил қилганлар эса, бу ҳолат «Исро» кечасида бўлган дейдилар.
Аввалги таъвил ҳақиқатга яқинроқдир. Чунки қасам лафзи [латаркабунна] сўзида келган. «Исро» воқеасини эса ҳали қавмлари билмас эдиларки, қасам ичиш улардаги шубҳа-ланишнинг кўтарилишига сабаб бўлса. Аммо исломнинг ғолиб бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўз душманларидан устун келишларини инсонлар кўриб-кузатиб турган ишлар сирасидан эди. Алалоқибат, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайб ҳақида берган хабари рўёбга чиқади ва ҳақиқий пайғамбарликлари ўз исботини топади. Шунинг учун айтамизки, аввалги маънони бериш энг тўғри йўлдир. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!

[20]. Бас, нега улар имон келтирмайдилар?!
Аслини олганда бир мазҳабга эътиқод қилувчи киши ўша мазҳабга ўзининг наздида қарор топган ҳужжат туфайли ёки ўзи учратиб қолиб, уни ҳужжат деб ўйлаган шубҳа туфайли эътиқод қилади. Тахмин-таваккалига эътиқод қилмайди. Шундан келиб чиқиб, Аллоҳ таоло ўша мушрик қавм ҳақида, уларни Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига имон келтиришдан тўсадиган, ширкка ва унга эътиқод қилишга чақирадиган қандай ҳужжатлари бор, деган маънода: «Бас, нега улар имон келтирмайдилар?!» демокда. Қолаверса, биз юқорида айтиб ўтдикки, Аллоҳ таоло томонидан бўлган сўров ўрнидаги гапга муносиб жавоб бериш ўша каломнинг қандай жавобни тақозо қилишига эътибор қаратиш билан бўлади. Агар жавобни сўровчининг ўзи берадиган бўлса, иш унинг ўзига қолдирилади. Бу гапга (юқоридаги сўровга) муносиб жавоб эса «ундан (имон келтиришдан) тўсадиган бирор бир нарса йўқ», демоқликдир.
«Бас, нега улар имон келтирмайдилар?!» оятининг маъноси шуки, мушрикларнинг ширкни танлаб, унга ҳузур ва таманно билан эътиқод қилишларига ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ. Бинобарин, бу оят уларнинг ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлигини баён қилиш учун келган.
Ёки Аллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломга хитоб қилиб: «Улардан сўрачи, нега имон келтирмайдилар?» - демоқчидек. У зот алайҳиссалом улардан сўраганларида ҳам улар имондан юз ўгирганларига ўзлари учун бирор ҳужжат топа олмаган бўлар эдилар. (Бундай таъвилда ҳам) иш бориб (уларда) ҳужжат борлигини инкор этишга тақалмоқда.
Мўътазилийлар ушбу оятни иш-ҳаракатдан олдин (уни қилишга) қодир бўлиш кераклигини исботлашда бизга қарши ҳужжат қилишган. Улар агар кишига имонга киришга қувват берилмаганида эди, имон келтирмагани учун азобланмаган бўларди, деб даъво қилдилар. Чунки банда учун унга «Нега имон келтирмадинг?» - дейилганда «мен унга қодир бўлмадим», дейишдан-да каттароқ узр йўқ. Нега деганда, «Бас, нега улар имон келтирмайдилар?!» оятидаги «и» [маа] ажабланишни ифода этадиган калимадир. Иш-ҳаракатни қилишдан олдин қувватга эга бўлиш ман қилинган бўлганида бандаси: «Мен имондан тўсилганим учунгина имон келтирмадим», - дейишга ҳақли бўлар ва унинг ҳолидан ажабланил-маган бўлар эди. Демак, бу оят шуни кўрсатмоқдаки, бандага қувват берилган ва имон келтирмаслик учун унда ҳеч қандай узр қолмаган.
(Мўътазилийлар илгари сурган фикрнинг) биринчи қисмига жавоб шуки, кофирнинг зиммасига имон келтириш мажбурияти юклатилишининг сабаби унинг куфрни танлаш билан ўзига берилган қувватни зое қилганидир. Имон келтириш мажбурияти бандадан унга куч-қувват берилмагандагина кўтарилади. Аммо берилган қувватни зое қилган киши банданинг ўзи бўладиган бўлса, унинг зиммасидаги мажбурият ўз ҳолича қолаверади. Аслини олганда, соғ-саломат кишининг қуввати ибодатга бўлган иштиёқи ва мойиллиги миқдорига қараб вужудга келади. Банда қачон бир иш билан машғул бўлса, унинг тескариси бўлган ишлардан тўсилган эмас, уларни зое қилган ҳисобланади. Худди шу сингари куфрни афзал кўриб, уни амалга оширган киши куфрни танлагани сабабли имон қувватини зое қилган бўлади, имондан тўсилган бўлиб қолмайди. Шунинг учун ҳам кофирга имон келтириш мажбурияти юклатилди.
Аммо ажабланиш масаласига келсак, биз ҳам бу борада унинг сабабини васф қилиб ўтган эдик. У ҳам бўлса шуки, мушриклар ўзларини унга эътиқод қилишга ундовчи бирор бир ҳужжатсиз куфрни маҳкам тутиб олган эмасдилар. Одатда киши бирор мазҳабга тақлид қиладиган бўлса, ҳеч бир далил-ҳужжатсиз унга эргашаверади. Бинобарин, мушриклар ҳам ҳеч бир ҳужжатсиз куфрни танлаганлари учун халойиқни ажаблантириб қўйганлар.
Қолаверса, масала мўътазилийлар айтганидек бўлиб, Аллоҳ таоло мушрикларга ҳидоятнинг барча воситаларини берган ва хазинасида уларга бермаган бирор нарса қолмаган бўлса, унда таажжубга солиб қўйиш имон келтирмаганларга эмас, Аллоҳнинг ўзига тақалиб қолади. У зот: «Менга нима бўлдики, уларни ҳидоятга етказа олмаяпман, ваҳоланки, ҳузуримда уларни ҳидоятга элтадиган бирор нарсани қолдирмай, барчасини берган бўлсам», - деяётгандек бўлади. Кофирларнинг қилмишларидан инсонларни таажжубга солиб қўйиш (мақсади) йўқ бўлиб қолади. Мўътазилийлар назарда тутаётган гап оламлар Раббини ожизлик билан сифатлашдан ўзга нарса эмас. Ожиз эса Рабб бўлишга ярамайди. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!

[21]. Уларга Қуръон қироат қилинганда, (Яратганга) сажда қилмайдилар?!
Баъзи муфассирлар бу оятда зикр қилинган саждани намоздаги сажда деб таъвил қилганлар. Бизнингча, ундан мурод, тиловат саждасидир. Бу - киши ўзига ато қилинган ва унга бошлаб қўйилган имон неъматининг шукрини адо қилиш учун таслим бўлиш ва бўйинсуниш маъносида қиладиган саждадир. Чунки намоздаги сажда намоз ўқиётган пайтда бўлади, тиловат қилган пайтда эмас.
Сўнгра бу оятда эшитувчи кишининг сажда қилиши вожиблигига далолат мавжуд. Чунки ўзларига Қуръон тиловат қилиб берилган вақтда сажда қилмаганликлари сабабидан итобга қолдилар ва ҳақоратландилар. Аслида киши ўз зиммасида лозим бўлмаган ишни қилмагани учун эмас, балки лозим бўлган иш қилмагани учун маломат қилинади. Чунки тиловат қилувчига саждани вожиб қилган маъно эшитувчида ҳам мавжуддир. Зеро, тиловат қилувчига сажданинг лозим бўлиши сабаби Аллоҳ таолонинг оятлари зикр қилиниши ва ўзига далил-ҳужжатлар келтирилаётганидир. Шунинг учун ҳам унинг ўша оятларга итоат қилиши ҳамда бўйинсуниши лозимдир. Тингловчи киши ҳам ўзига далил-ҳужжатлар келгани боис уларга бўйин-суниши лозим бўлади. Яна ҳам Аллоҳ таоло билувчироҳ!

[22]. Аксинча, кофир бўлганлар (Қуръонни ва қайта тирилишни) инкор этурлар.
Бу оятни икки хил тушуниш мумкин. Биринчиси, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигини инкор этадилар. Натижада, бу инкор уларни Қуръонни инкор этишга ундайди. Чунки улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигини инкор этганда у киши келтирган хабарларни ҳам тасдиқламаган бўладилар. У киши келтирган хабарларда уларни инкор этишга ундайдиган маъно мавжуд эмасдир. Аксинча, агар улар диққат билан назар соладиган ва ўзларига инсоф қиладиган бўлсалар, Қуръон уларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган хабарларни тасдиқлашга ва имон келтиришга ундайди.
Иккинчиси, оятнинг маъноси шуки, кофир бўлган кимсалар (Қуръонни ва қайта тирилишни) инкор этувчилардир. Уларнинг бу куфрлари инкор этиш ҳисобланади. Уларнинг бу инкорлари эса куфрдир.

[23]. Аллоҳ эса улар ичларида яшириб юрган нарсаларни яхши билувчидир.
Бу оятни бир неча хил тушуниш мумкин. Биринчиси, улар ўз дилларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга макру ҳийла қилишни ўйлаб юрганликлари. Бас, Аллоҳ уларнинг макру ҳийлаларини яхши билувчидир. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қилмоқчи бўлиб юрган макру ҳийлаларидан Аллоҳ таоло у зотга етишини тақдир қилиб қўйганидан ташқарисини амалга ошириш имконига эга бўлмайдилар. Демак, бу оятда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга ғалаба ва нусрат беришининг башоратини бермоқда.
Иккинчиси, улар ўз қалбларида яшириб юрган тасдиқни ва тиллари билан ошкор қилиб юрган инкорни Аллоҳ яхши билувчидир. Ёки уларнинг ҳам тиллари, ҳам қалблари билан инкор этишдан иборат ўз ичларида яшириб юрган нарсани Аллоҳ яхши билувчидир. Бунинг боиси шуки, уларнинг баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигига қаттиқ ишониб, у зотни қалби билан тасдиқлар, аммо ўзининг қайсарлиги ва ўжарлигидан келиб чиқиб, тили билан у зотни инкор этар эди.
Учинчиси, улардан Аллоҳ таолонинг ҳужжатларига диққат билан назар солмаслик билан ўз жонига инсоф қилмагани учун у зотнинг ростгўйликларини қалби билан тасдиқламаганлари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қалби билан ҳам, тили билан ҳам инкор этганлар бор эди.

[24]. Бас, (эй Муҳаммад!) Уларга аламли азоб ҳақида «хушхабар» беринг!
(Ушбу оятда зикр қилинаётган) [ал-бишароту](Яъни хушхабар) калимаси бирор-бир изоҳ билан зикр қилинганида уни хафачилик учун ҳам, хурсандчилик учун ҳам ишлатиш мумкин бўлади.
Аммо ҳеч қандай қайдларсиз мутлақ ҳолда зикр қилинганида қалбга шодлик ва хурсандчилик олиб келадиган ўринлардагина ишлатилади.

[25]. Аммо имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар учун (охиратда) битмас-туганмас мукофот бордир.
Бу оят барча имон келтирган зотлар ҳақида айтилган деб тушуниш мумкин. Яна биз зикр қилиб ўтган нарсаларни ичида яшириб юрган кишилар ичидан имон келтирган зотлар ҳақида айтилган деб ҳам тушуниш мумкин. «Улар учун (охиратда) битмас-туганмас мукофот бордир» ояти ҳақида Аллоҳ хохласа, «Ват-тийни ваз-зайтун» сурасида сўз юритамиз.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase