092. Лайл сураси
- Сешанба, Дек 12 2023
- 10553 марта кўрилди
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
[1]. Қасамёд этаман қоплаб келаётган тун билан,
[2]. ёришиб келаётган кун билан,
Аллоҳ таоло кеча ва кундузни одамлар устида такрорланиб турадиган очиқ-ойдин ва (Узининг қудратини кўрсатиб турадиган) иккита буюк белги қилиб яратди. Ҳар бир кофиру мўмин ҳамда имон ва тавҳид аҳли (мўминлар) билан тортишиб юрадиган барча золим подшоҳлар ва фиръавнлар буни биладилар. Кеча ва кундуз билан ичилган бу қасам ва: «Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун биланки»,(Зуҳо сураси, 1-2-оятлар.) оятидаги чошгоҳ ва тун билан ичилган қасам - ҳар иккиси ҳам биттадир.
Юқорида айтганимиздек, қасам ичилган нарсани таъкидлаш учунгина қасам ичилади. Агар қасам бўлмаганида ундан бошқа нарсани тақозо қилган бўлар эди. Бунинг боиси шуки, кун ва тундаги нарса барча фиръавнлар ва золимларни ўз ҳукмига бўйсундирадиган ва келиб-кетишлари билан уларни мағлуб қиладиган даражада буюкдир. Ҳатто улардан бирортаси (кун ва тундан) бирининг ўрнига бошқасини келтиришни истасалар, буни амалга ошира олмаслар.
Кеча ва кундуз(нинг яратилиши)да Аллоҳ таолонинг ягоналиги ва илоҳлигига, қудрати, ҳукмронлиги, илми, тасарруфи ва ҳикматига далолат бордир. Кеча ва кундузнинг Аллоҳ таолонинг ягоналиги ва илоҳлигига далолат қилиши шуки, уларнинг ҳар иккиси яратилган вақтдан бери уйғунликда, битта чегара ва битта йўлда ҳаракат қилиб, зулматдан нурга алмашиб, бир узайиб, бир қисқариб келади. Уларнинг биз айтганимиз каби ҳаракатланиши уларни яратувчи зот ягона эканига далолат қилади. Чунки фаразан, бу нарса бир нечта худоларнинг иши бўлганида эди, улардан бири келиб, бошқаси устидан ғолиб келадиган бўлса, унинг устидан ғолиблиги бардавом бўлар эди. Шунингдек. иккинчиси абадий мағлуб, биринчиси эса абадий ғолиб бўлиб қолар эди. Мазкур ишлар содир бўлмадими, демак, бу нарсалар битта илоҳнинг иши эканининг далили ана шудир. Яна бу ишлар санавийлар айтганидек, нур ва зулматнинг иши эмаслигига ҳам далолат қилади. Ва яна (кун ва туннинг) биридаги манфаат бошқасининг манфаатига боғлиқлиги бу ишларнинг барчаси бир нечта эмас, битта Зотнинг иши эканига гувоҳлик беради.
Айтганимиздек, кеча ва кундуз ўзаро мувофиқлашган ҳолда, битта чегарада ва бир маромда доимий ҳаракатланиши иккаласини яратувчи зот ўта билимдон тадбир эгаси эканига, бу ишлар ўйламасдан таваккалига амалга оширилган эмас, (балки) тадбир ва илмнинг ҳосиласи эканига далилдир. Кеча ва кундузнинг кўз очиб-юмгунчалик муддат ичида келиб (ўрин алмашиши) уларни яратувчи Зотнинг ҳамма нарсага кодирлигини, қайта тирилтириш ҳам, бошқаси ҳам Уни ожиз колдира олмаслигининг далилидир. (Юқорида) айтиб ўтганларимиз бу нарсаларни яратувчи Зотнинг ҳаким (ҳикмат соҳиби)лигига, Унинг иши ҳикмат асосида амалга ошишига далолат қилади. Шундай экан, Аллоҳ таоло инсонларни ҳеч бир ишга буюрмасдан, ҳеч бир нарсадан қайтармасдан ёки баъзи бир ишлар билан имтиҳон қилмасдан шунчаки эътиборсиз ташлаб қўйиши эҳтимолдан узоқ ишдир. Худди шу каби юқорида зикр қилинган эркак ва аёлда ҳам жуфтлашиш, ўзидан кўпайиш, насл қолдириш ва бошқалардан иборат далиллару оят-белгиларни пайдо қилиб қўйди.
Баъзи адабиётшунослар [иза тажалла] иборасини «намоён бўлган вақтда» деган маънода ишлатганлар.
[3]. (Аллоҳ) яратган эркак ва аёл биланки,
Баъзи муфассирлар: [маа] ҳарфи ўтган замон феъли билан бирга келган вақтда масдар маъносини ифодалайди», - деганлар.
(Агар юқоридаги қоидага риоя қилинадиган бўлса, айтиш мумкинки) Аллоҳ таоло гўё: «Эркак ва аёлнинг яратилиши билан қасам», - демоқда ва бу барча мавжудотлар билан ичилган қасам бўлади. Чунки ҳеч нарса эркаклик ёки аёлликдан холи эмасдир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатида ҳам: [ваз закари вал унса] тарзида зикр қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу оятни худди шун-дай ўқиганлари ривоят қилинган.(«Қуртубий. Ал-жомиъу ли аҳкаамил Қуръаан», 2-жуз, 81 -бет.)
Яна баъзи муфассирлар бу оятдаги [маа] ҳарфи [аллази] маъносидадир, деганлар.(Бу гапни Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайхдан Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 604-бет.) Аллоҳ таоло гўё: «Эркак ва аёлни яратган Зот билан қасам», - демоқда. Ушбу талқинга кўра, қасам Аллоҳ таолонинг Узи билан, юқоридаги таъвилга кўра эса, эркак ва аёл билан ичилмоқда.
[4]. албатта, сизларнинг саъй-ҳаракатингиз турличадир!
Муфассирлар қасам мана шу оят учун ичилган, деб айтганлар. Агар кофир ва мўминларнинг ҳаммаси одамларнинг ҳарака-ти турлича эканини яхши билади, шундай экан, барчага маълум бўлиб турган нарса учун қасам ичишда қандай фойда ва ҳикмат бор, дейиладиган бўлса, (унга қуйидагича жавоб берилади):
Бунинг сабаби шуки, яна Аллоҳ билувчироқ, бандаларнинг бошига воқе бўладиган ишлар уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайлидир ва охиратда улар ўша саъй-ҳаракатлари эвазига сазовор бўладиган нарса - жазо ёки мукофот ҳам турлича бўлади. Аллоҳ таоло гўё: «Албатта, саъй-ҳаракатингизнинг жазоси ҳам. мукофоти ҳам турличадир», - демокда. Чунки кофирлар: «Агар Муҳаммад айтганидек, бошқа бир дунё мавжуд бўлса, (ўша дунёдаги роҳат-фароғатга) Муҳаммадга эргашганлардан кўра бизлар кўпроқ ҳақлимиз», - дер эдилар. «Қасамки, агар мабодо Раббимга крйтарилсам (қайта тирилсам), албатта, бундан ҳам яхшироқ оқибат (бахт)ни топурман»(Каҳф сураси, 36-оят.) ояти бунинг мисолидир.
Ёки бу дунёда (бирор кишига) хайр-эҳсон қилувчи инсон зоҳиран олиб қаралганда бошқаларга манфаат етказар экан, ўзига зарар қилаётган, хасис кимса эса ўзига манфаат етказаётган бўлгани, хайр-саховат қилувчи инсон одамлар наздида макталган шахс бўлгани учун ҳам: «Албатта, сизларнинг саъй-ҳаракатингиз турличадир». Агар хайр-саховат қилувчи инсонга қилган хайр-саховати сабабли фойда берадиган ва бахил кимсага унинг бахиллиги зарар берадиган қандайдир оқибат мавжуд бўлмаганида эди, одамлар унисини мақтаганлари ва бунисини қоралаганлари сабабли эсипастга чиқиб қолар эдилар. Демак, мазкур кишини одамлар наздида мақтовли шахсга айлантириб қўйган нарса айнан оқибат эканининг далили ана шудир. Чунки барча инсонлар - кофирларию мусулмонлари, яхшиларию ёмонлари бу дунёнинг неъматлари ва лаззатлари борасида, юқорида зикр қилинганидек, кеча ва кундузнинг ўтиши, кеча ва кундуз ичида яратиладиган набототлар, мевалар, булоқлар ва дарахтлар борасида ҳаммалари баробардирлар.
Бинобарин, бу дунёда барча баробар экан, бу ҳакда танлаб олинган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам инсонларнинг сув, ўт-ўлан ва оловда шерик эканликлари ҳақида хабар ҳам ривоят қилинган,(Қуйидаги ҳадисга ишора қилинмоқда: «Мусулмонлар уч нарсада - сув, яйлов ва оловда шерикдирлар». Имом Аҳмад, Ибн Можа ва Абу Довуд ривоят қилган.) бадбахтлар ва бахтли бандалар учун бошқа бир дунё бўлиши лозим. Токи яхшилар билан ёмонлар ўртасидаги, ўзига фойда берувчилар билан зарар қилувчилар ўртасидаги тафовут аниқ бўлсин.
Яхшилар билан ёмонлар кеча ва кундузнинг манфаатлари ҳамда дунёдаги барча озуқалар ва бундан бошқа неъматлардан фойдаланиш борасида баробар эканликлари ўз тасдиғини топган экан, уларнинг ўртасидаги тафовут ва фарқлар юзага чиқадиган бошқа бир дунё мавжуд бўлиши лозим. Биз юқорида айтиб ўтганларнинг ўртаси ана ўша дунёда ажратиб олинади.
[5]. Бас, кимки (закот ва садақотларни) берса ва (Аллохдан) қўрқса,
[6]. Ҳамда гўзал (нарса)ни тасдиқ этса,
[7]. бас, унга осонликни муяссар қилурмиз.
[8]. Аммо кимки бахиллик қил-са ва (ўзини) беҳожат (бой) санаса,
[9]. Ҳамда гўзал (нарса)ни ёлғонга чиқарса,
[10]. бас, унга оғирликни муяссар қилурмиз
[11]. (у) ҳалок бўлган вақтида бойлиги унга фойда бермагай.
Бу оятларда Аллоҳ таоло бандаларнинг мукофотга эришишдаги саъй-ҳаракатлари турлича бўлишини баён қилиб: «Бас, кимки берса ва қўрқса ҳамда гўзални тасдиқ этса, бас, унга осонликни муяссар қилурмиз», - деди. Бу оятларни бир неча кўринишда талқин қилиш мумкин:
Биринчиси, «Бас, кимки берса ва қўрқса», яъни ўзига буюрилган нарсани берса, Унга осийлик қилиш ва Унинг неъмат-ларига ношукрлик қилишдан ёки бахилликдан сақланса ёхуд тавҳидни ўзидан Аллоҳ таолога берса, Унга ширк келтириш ва Унинг неъматларига кўрнамаклик қилишдан қўрқса, Аллох таоло ваъда қилган нарса (қиёмат куни)ни «тасдиқласа», «бас унга осонликни» амаллар ва шариат ҳукмларини «муяссар қилурмиз» ёхуд унинг қалбини тавҳид ва ислом учун кенг килиб, унга осон қилиб қўямиз.
«Аммо кимки бахиллик қилса», тавҳидга эргашмаса, ўзи-даги бойлик сабабли Аллохдан «ўзини беҳожат санаса, ва» Аллоҳ ваъда қилган нарсани «ёлғонга чиқарса», «бас, унга оғирликни» ўзи ҳозирлик қиладиган амалларни «муяссар килурмиз». Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
Иккинчиси, (бу оятни) қабул қилиш ва уни тўлалигича адо этишга қасд қилиш ҳақида (деб талқин қилиш)дир. Яъни «бас. кимки берса», (закот ва садақаларни) беришни қабул қилиб. уни тўлалигича адо этишга қасд қилса, «ва қўрқса», яъни Аллоҳ таолога осийлик бўладиган ва ҳаром қилинган ишлардан сақланишни қасд қилса «ва ҳамда гўзал (нарса)ни», яъни Унинг ваъдасини «тасдиқ этса, бас, унга осонликни», яъни қасд қилган ишларини адо этишни «муяссар қилурмиз».
«Аммо кимки бахиллик қилса», яъни бахиллик қилиш ва бермасликни қасд килиб, Аллоҳ унга берган ва ўзида турган нарса билан «ўзини беҳожат санаса ва» Аллоҳнинг ваъдасини «ёлғонга чиқарса, бас, унга» ўзи қасд қилганидек, Аллоҳ таолога қарши чиқиш ва Унга осийлик қилишни «муяссар қилурмиз». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ушбу ҳадисни ҳам шу маънода тушунамиз: «Пайғамбар алайҳиссаломдан бу оят ҳақида сўралганида, у зот: «Ҳар бир кишига у нима учун яратилган бўлса, ўша иши осон қилиб қўйилган» ёки «Ҳар бир инсонга ўзи қиладиган амали осон қилиб қўйилган»,(Имом Бухорий. «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ». Тафсир китоби, 92-бет. Муслим. «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ». Қадар китоби, 7-9-бет.) - деб жавоб бердилар.
Учинчиси, мазкур оятни киши ўзининг молидаги вожиб бўлган ҳақни ҳақиқатда бериш ёки ҳақиқатда бермаслик деб тушунилади. «Бас, кимки» ўз молидаги Аллоҳ таоло вожиб қилган ҳақни «берса ва» Аллоҳ таолонинг ўч олишидан, ғазаби ва азобидан «қўрқса ҳамда гўзал (нарса)ни», яъни Аллоҳ таоло ваъда қилган нарсани «тасдиқ этса, бас, унга осонликни» яхшилик ва тоат ишларини «муяссар қилурмиз».
«Аммо кимки бахиллик қилса», яъни молидаги Аллоҳ таолонинг ҳаққини бермаса ва бу иши учун ваъда қилинган нарсани «ёлғонга чиқарса, бас» ўзига ваъда қилинган нарсага (жаннатга) олиб бориш йўлида «унга оғирликни муяссар қилурмиз».
«(У) ҳалок бўлган вақтида бойлиги унга фойда бермагай» оятидаги [тароддаа] иборасига «ҳалок бўлса ва вафот этса ёки дўзахга қуласа», деган маънолар берилган.
Аллоҳ таолонинг «Бойлиги унга фойда бермагай» деган сўзининг зоҳирий маъносида шу нарсага далолат борки, бу оят киши ўзининг молидан ҳақиқатда бериши ёки бермаслиги ҳақидадир.
Баъзи адиблар [тародда] лафзига «дўзахга йиқилганда» деб маъно берганлар. Яна бир фикрга кўра, [тараддаа] калимаси [та-фаъъала] бобида бўлиб, ҳалок бўлиш маъносидаги [ар-рода] ўзагидан олинган.
[ал-юсро] калимаси [ат-тайсир]дан, [ал-уъсро] калимаси эса [ат-таъсир]дан олинган.
Баъзи муфассирлар [ва соддақо билҳуснаа]
оятини: «Ҳамда жаннатни тасдиқ этса», - деб таъвил қилганлар.(Бу гапни Мужоҳид розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир, Фарёбий, Абд ибн Ҳу -майд, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур . 6-жуз, 605-бет.) Баъзи таъвилларда эса унга: «Ҳамда Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ деб шоҳидлик беришни тасдиқ этса», - деб маъно берилган.(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир ривоят қилган. Абу Абдур Раҳмон Суламий ва Заҳҳок ҳам шу маънони берганлар.) «Қилинган инфоқнинг ўрни қопланишини тасдик этса»,(Бу ерда ушбу оятга ишора қилинмокда: «Бирор нарсани (муҳтожларга холис эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур». Сабаъ сураси, 39-оят.) - деб таъвил қилинган тафсирлар ҳам бор.(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир, Саид ибн Мансур. Абд ибн Ҳумайд, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим, Байҳақий («Шуъабул имон» асарида) ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 605-бет. Шунингдек. Икрима ва Мужоҳид розияллоҳу анҳумо ҳам шу маънони берган.)
Мазкур оятларда келган [ал-юсро], шунингдек.
[ал-ҳусна] сўзлари жаннатнинг, [ал-ъусро] ва [ас-сууьу] сўзлари эса дўзахнинг исмларидан бўлиши ҳам мумкин. Эҳтимол, [ал-юсро] ҳар қандай гўзал ва яхши амалнинг, [ал-ъусро] эса ҳар қандай нопок ва ёмон амалнинг исмидир.
Айрим муфассирларнинг айтишларича, бу оят Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақларида нозил бўлган. У киши Билол розияллоҳу анҳуни Умайя ибн Халаф ва Убай ибн Халафдан битта йўл-йўл чопон ва 10 уқияга (120 дирҳамга) сотиб олиб, Аллоҳ йўлида озод қилган. Ана шунда Аллох таоло Абу Бакр, Умайя ва Убайларнинг саъй-ҳаракатларини назарда тутиб(Бу тафсирни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Абу Ҳотим, Абуш шай Ибн Асокир ривоят қилган. Уша манба, 6-жуз, 605-бет.) «Қасамёд этаман қоплаб келаётган тун билан» оятидан «албатта, сизларнинг саъй-ҳаракатингиз турличадир!» оятигача нозил қилган. Сўнгра суранинг охирига қадар шундай зикр қилган: «Бас, кимки (закот ва садақаларни) берса ва (Аллохдан) қўрқса ҳамда гўзал (нарса) ни тасдиқ этса, бас, унга осонликни муяссар қилурмиз». Бу инсон Абу Бакр розияллоҳу анҳудир. «Аммо кимки бахиллик қилса ва (ўзини) беҳожат (бой) санаса ҳамда гўзал (нарса)ни ёлғонга чиқарса, бас, унга оғирликни муяссар қилурмиз». Бу Умайя ибн Халаф билан Убай ибн Халафдир. Бу тафсирни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган.(Ўша манба.)
[12.] Албатта, ҳидоят (тўғри йўлга йўллаш) фақат бизнинг зиммамиздадир.
Ушбу оят бир неча хил талқинни қабул қилади.
Биринчиси, оятдаги [ъалайнаа] ибораси: «Бизнинг ихтиёримиздадир», - деган маънода бўлиши эҳтимоли бор. Бу нарса луғатда жоиз ва жорий бўлган бир ишдир.
[ва маа зубиҳа алан нусуб](Моида сураси, 3-оят.) оятида [лин-нусуб](Яъни «бут-санамларга атаб».) маъносида, [ва алайнал ҳисаабу](Раъд сураси, 40-оят.) ва [сумма инна алайнаа ҳисаабаҳум](Ғошия сураси, 26-оят.) оятида [ланаа муҳаасабатуҳум](Яъни «Уларнинг ҳисоб-китоблари фақат Бизнинг ихтиёримиздадир».) маъносида,
[ва алаллоҳи қосдус сабийл](Наҳл сураси, 9-оят.) оятида [лил-лааҳи қосдус сабийл](Яъни «Тўғри йўлни қасд этиш (унга ҳидоят этиш) фақат Аллоҳнинг ихтиёридадир».) маъносида ҳамда [валав таро из вуқифу алаа Роббиҳим](Анъом сураси, 30-оят.) оятида [ли Робби-ҳим] маъносида келгани бизнинг гапимизга мисолдир. Аллоҳ таоло, шунингдек, «Одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб китоб беришучун) тик турадиган кунда?!»(Мутоффифин сураси, 6-оят.) -деган. Шу ва шундан бошқа кўпгина ўринларда [ъалай-наа] сўзи[ланаа] маъносида келган.
(Юқорида ўтганлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак) Аллох таоло гўё: «Ҳидоятга бошлаш Бизнинг ихтиёримиздадир», - дегандек бўлиб чиқади. Бунга мисол «(Эй инсонлар!) Огоҳ бўлингизки, холис дин ёлгиз Аллоуникидир»(Зумар сураси, 3-оят.) ва «Дин (итоат қилиш) Унгагина (бўлиши) вожибдир»(Нахл сураси, 52-оят.) оятларидир. Мазкур оятларда шу нарсанинг хабари берилмокдаки, ҳидоятга бошлаш Аллохнинг ихтиёридадир, холис дин ҳам Уникидир, аммо бошқа динлар эса Аллоҳники эмас, балки шайтоннинг йўлларидир.
Мазкур оятни мана шу тарзда таъвил қилиш мумкиндир.
Яна иккита талқинга кўра, бу оят [ъалаа ] сўзининг асл маъносидан келиб чиқиб изоҳланади. Бироқ биринчисидаги «ҳидоят» сўзи баён қилиб беришни хоҳлаш ва йўлга далолат қилиш деб тушунилади. Иккинчисида эса куфрнинг зидди ва муқобили бўлган ҳақиқатан ҳидоят қилишни хоҳлаш деб тушунилади. Аммо баён қилиб беришни хоҳлаш деб тушунишга келсак, Аллоҳ таоло гўё: «Бандалар имтиҳон қилинаётган ишлардаги ҳикмат ва адолатни баён қилишнинг ниҳояси Бизнинг зиммамиздир. Ҳатто (бу ишларда) камчилик ва нуқсонга йўқ қўйиш бор бўлса, у ҳам, шубҳасиз, бандаларнинг ўзлари тарафидандир, Аллоҳ таоло тарафидан эмас», - демокда. Яъни У бандалардаги шак-шубҳа кетиши учун уларга ҳар бир нарсани энг сўнгги нуқтаси ва чегарасига қадар баён қилиб берган. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
«Бизнинг тўгримизда (йўлимизда) жиҳод қилганларни, албатта, Уз йўлларимизга ҳидоят этурмиз»(Анкабут сураси, 69-оят.) оятида келганидек, бу оятни: «Биздан ҳидоят қилишни сўраган ва сўрашда ғайрат қилган бандаларни ҳидоят қилиш Бизнинг зиммамиздадир», деб талқин қилиш ҳам мумкин.
Бу оятнинг яна бир талқини қуйидагича: «Ҳидоятга юрган ва уни ихтиёр қилган кишиларга берган ваъдамизни бажариш Бизнинг зиммамиздадир».
Биз юқорида зикр қилиб ўтган талқинлардан келиб чиққан ҳолда мазкур оятни баён қилиб беришни хоҳлаш деб таъвил қилинади.
Аммо куфрнинг муқобили бўлмиш ҳидоятнинг ўзини хоҳлаш деб таъвил қиладиган бўлсак, Аллоҳ таоло гўё шундай демоқчидек: «Албатта, яхшилик қилиш, марҳамат кўрсатиш тарзида бандага тавфиқ ва мадад бериш ҳамда уни (гуноҳлардан) сақлаш Бизнинг зиммамиздадир, бу ишлар бандаларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳақлари бўлгани учун эмас».
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатига биноан бу оят: «Тўғри йўлни қасд қилишдан тўхтаб қолиб, ҳар қандай довонда ўз жонини ҳалокатга қўйиб юрмасин деган мақсадда дунё ва охират учун фойдали бўлган нарсаларни баён қилиш Бизнинг зиммамиздадир», - деган маънодадир.
[13]. Ҳақиқатан, охират ҳам, дунё ҳам ёлғиз Бизнинг тасарруфимиздадир.
Бу оятни икки хил изохдаш мумкин: биринчиси, яна Аллоҳ билувчироқ, «Ҳақиқат шуки, сизлар охират ҳам, дунё ҳам Бизники эканини, сизлар ибодат қилаётган санамлар ва бутларнинг на охиратлари ва на дунёлари борлигини биласизлар. Шундай бўлгач, буни билган ҳолингизда қандай қилиб, охират ва дунё Уники бўлган зотни қўйиб, на охирати ва на дунёси бор бўлган зотларга ибодат қиласизлар?!»
Аллоҳ таоло Узига ибодат қилишни қўйиб, бут-санамларга ибодат қилишни ихтиёр қилганлари учун уларни эсипастга чиқармоқда.
Иккинчи талқинга кўра, яна Аллоҳ билувчироқ, У зот шундай демокда: «Ҳақиқатан, охират ҳам, дунё ҳам ёлғиз Бизнинг тасарруфимиздадир. Шундай экан, сизларга нима бўлдики, ўзингиз учун, фойдаси ўзингизга қайтадиган ишлар учун инфоқ қилишда аслида сизники бўлмаган, ёлғиз Аллоҳ таолоники бўлган нарсани қизғанасизлар?»
Бу таъвил ушбу сурадаги: «Аммо кимки бахиллик қилса ва (ўзини) беҳожат (бой) санаса», деган оятнинг давоми бўлса, биринчи таъвил мазкур сурадаги: «Албатта, ҳидоят (тўғри йўлга йўллаш) фақат Бизнинг зиммамиздадир», оятининг давомидир.
[14]. Сизларни (Қуръон ва пайғамбар орқали) ловуллаб ёнувчи дўзах ҳақида огоҳлантирдим.
Яъни «Сифатлари аввал баён қилинганидек, ёниб, алангала-ниб турадиган ёки ҳар тарафга ўзидан шуълалар сочиб турадиган оловдан сизларни огоҳлантирдим».
Сўнгра бу огоҳлантириш ҳар икки гуруҳ - ҳам мўминлар. ҳам мушриклар учундир. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
[15]. Унда фақат бахтсиз (одам) куйгай.
[16]. Қайсики. (динни) инкор этиб, (итоатдан) бош тортган бўлса.
Мўътазилийлар: «Бу оят чиндан ҳам инкор қилиш маъносида келмаган, бироқ Аллоҳ таолонинг буйруқлари борасида камчилик ва нуқсонга йўл қўйиш ҳамда У қайтарган ишларга қўл уриш маъносида келган, деб уни гуноҳи кабира қилганларга қарата айтилган, бу таҳдид улар учундир», - деганлар.
Хаворижлар шундай дейдилар: «Гуноҳи кабира қилганлар бу ишлари билан инкор қилувчи ва юз ўгирувчига айланадилар, чунки улар дастлаб тавҳид ва имонга эътиқод қилганларида буйруқ келган барча ишларни тўлиқ адо этишга, унга лойиқ бўлган барча ишларни бажаришга ва унга муносиб бўлмаган барча ишлардан тийилишга эътиқод қилганлар. Шундай экан, бу нарса тарк қилинадиган бўлса, аслида уни бажаришга эътиқод қилган нарсани инкор қилувчига айланиб қолади».
Бироқ бизнинг ақидамиз бўйича, амални бажармаслик билан инкор қилувчига айланиб қолмайди, аммо берган ваъдаси ва қилган эътиқодига хилоф иш қилган кишига айланиб қолади.
Аллоҳ таоло фақат мушриклар ва кофирларга азоб беради, деган фикрни илгари сурадиган муржиийлар бу оятни далил келтириб айтадиларки, у оловга фақат инкор қилган ва бош тортган кишиларгина кирадилар. Мусулмон киши гарчи катта ёки кичик гуноҳга қўл урсада, инкор қилувчи ҳам, бош тортувчи ҳам бўлмайди.
Лекин бизнинг наздимизда бу оят тавҳид ва имон аҳллари эмас, кофирлар тўғрисида нозил бўлган.
Сўнгра «Унда фақат бахтсиз (одам) куйгай. Қайсики, (динни) инкор этиб, (итоатдан) бош тортган бўлса» оятлари дўзахнинг бир эшиги қолиб, бошқа бир эшиги, бир қавати қолиб, бошқа бир қавати ҳақида келган бўлиши мумкин. Чунки (дўзахда) ҳар бир тоифанинг ўзига тегишли қавати бордир. Аллоҳ таоло:«Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубида (бўлур) лар»,(Нисо сураси, 145-оят.) - деган. Бу ҳолат: «Уларучун таом бўлмас, бўлганда ҳам фақат заҳарли гиёҳдан бўлур»(Ғошия сураси, 6-оят.) оятида ёки: «Иирингдан бошқа бирор таом ҳам йўқдир»(Ҳаққо сураси, 36-оят.) оятида келганидекдир. Оятда айтиб ўтилган заҳарли гиёҳ дўзахнинг бир эшиги ва қаватида, йиринг эса бошқа бир қаватида бўлади. Бинобарин, бу қаватга фақат бахтсиз инсонгина кириши мумкин. Гуноҳи кабира қилган кишилар учун махсус бир қават бўлиши ҳам мумкин.
Аммо уламоларнинг гуноҳи кабира эгаларига қаттиқ қўрқитилганлар ва таҳдид қилинганлар, деган гапларига келсак, биз уларга қилинган таҳдидларни ҳамда уларнинг азобланишларини инкор этмаймиз, бироқ гуноҳи кабира эгалари дўзахга кирадиган бўлсалар, унинг кофирлар тушган қаватларида бўлмайдилар, деб айтамиз. Уларнинг олови ва унинг ловуллаши бор деб зикр қилинган азобдан бошқа бир азоб билан азобланишлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бизнинг наздимизда гуноҳи кабира эгалари Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасидадир. Хоҳласа, уларни азоблайди, хоҳласа, уларни афв этиб, азобдан озод қилади. Аммо ловуллаб ёниб туриш сифати билан зикр қилинган олов эса кофирлар учундир. Тавфиқ берувчи ёлгиз Аллоҳдир.
[17]. Тақволи киши эса ундан (дўзахдан) узоқлаштирилур.
[18]. Қайсики, у мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган бўлса.
Бу оятда Аллоҳ таоло тақволи кишини дўзахдан узоқлатишини ҳамда ундан сақлашини хабар қилмокда. Сўнгра унда Аллоҳ таоло бандани ўзи қилган амаллари эвазига дўзахдан узоқ қилиши ва сақлашига далолат бор. Демак, бу бандаларнинг амалларини Аллоҳ таоло яратишига далилдир. Зеро, У бандани дўзахдан саклаш ва узоқ қилишни Узига нисбат берган. Бу ҳам: «Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин»,(Бақара сураси, 201-оят.) ояти сингаридир.
[19]. Унинг (сарф қилувчининг) ҳузурида (зиммасида) бирор кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир.
[20]. У фақат энг олий зот бўлмиш Парвардигорининг «юзи»ни истаб (эҳсон қилур).
Яъни Аллоҳнинг зиммасида бирор киши учун берган эҳсони сабабли қайтариладиган мукофот ҳам, у туфайли савобга эга бўладиган бирор-бир яхшилик ҳам йўқдир. Лекин Аллоҳ таолонинг «юзи»ни истаб, розилигини талаб қилиб бошқа бир кишига У зот берган неъматлардан бирор нарса берадиган бўлса, уни Узининг марҳамати билан мукофотлайди. Ана шунда Аллоҳнинг ҳузурида унга қайтариб бериладиган бир неъмати бордек бўлиб қолади.
Иккинчидан, бу оят юқоридаги «Қайсики, у мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф крладиган бўлса», оятининг давоми бўлиши мумкин. Яъни у Аллоҳ таолонинг «юзи»ни истаб (мол-давлатини) зиммасида қайтариладиган бирор неъмат ва яхшилик мавжуд бўлмаган кишига сарфлаб ўзини поклайди. Бировга инфоқ қиладиган бўлса, унга олдин қилган яхшилиги эвазига мукофот сифатида инфоқ қилмайди. Аллоҳ таоло гўё: «У ҳеч кимга аввал у берган қандайдир неъмат учун мукофот сифатида закот бермайди. У закотни унга берар экан, мақсади яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариш бўлмайди, аммо холис Аллоҳ таоло учун беради», - демоқда.
Шунингдек, бу оятда киши ўз мол-давлатининг закотини ўзига бирор неъмат берган ёки бирор яхшилик қилган кишига бермаслигига далолат бор. Чунки унга закот берадиган бўлса, аввал қилган яхшилигининг жавобини қайтарди, деб тушунилади.
[21]. (У) яқинда рози бўлур.
Яъни ўзига бериладиган мукофот ва савобдан рози бўлади.
[савфа], [лаъалла] ва [ъасаа] калималари Аллоҳ таоло тарафидан айтилса, вожибликни ифодалайди. Бинобарин, У зот гўё: «То рози бўлгунча унга мукофот беради», демоқда.
Баъзи муфассирлар: «Унинг ҳузурида бирор кимсага қай-тариладиган неъмат йўқдир», ояти Абу Бакр Сиддиқ розиял-лоҳу анҳу тўғрисида нозил бўлган,(Бу гапни Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан Баззор, Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Табароний, Ибн Адий, Ибн Мардавайҳ, Ибн Асокир ривоят килган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 607-бет.) дейдилар. Яна баъзилари эса бу оят Абу Даҳдоҳ розияллоҳу анҳу тўғрисида нозил бўлган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан хурмозор боғни беришни сўраганлар...(Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Фалончининг бир дона хурмоси бор. Мен унинг ўрнига девор қурмокчиман. Бас, мен унинг ўрнида девор қуришим учун унга айтинг, ўша хурмони менга берсин», деган эди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Уша хурмони жаннатдаги бир дона хурмо эвазига унга бер», дедилар. Хурмо эгаси рози бўлмади. Абу Дахдоҳ келиб: «Боғимнинг эвазига ўша хурмонгни менга сот», деган эди хурмо эгаси рози бўлди. Шунда у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен боғимнинг эвазига ўша хурмони сотиб олдим. Уни бояги кишига беринг. Зеро, мен уни Сизга ҳадя қилдим», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абу Дахдоҳнинг жаннатда қанчадан-қанча улкан хурмолари бордир», деб бир неча маротаба айтдилар. Абу Дахдоҳ хотинининг олдига келиб: «Эй Умму Дахдоҳ! Боғдан чик. чунки мен уни жаннатдаги бир хурмо эвазига сотдим», деган эди у: «Фойдали савдо бўлибди», деди ёки шунга ўхшаш бир гапни айтди». Аҳмад ибн Ҳанбал. «Муснад», 3-жуз, 146-бет, 5-жуз, 365-бет.) дейдилар. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!