111. Масад сураси
- Душанба, Нояб 06 2023
- 10320 марта кўрилди
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
[1]. Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин)! Ҳалок бўлди ҳам.
(Ушбу оятда келган [таббат] лафзи) «ҳалок бўлди, умиди пучга чикди» деган маънодадир. Абу Авсажа ҳам худди шундай деган. [табба, ятиббу, таббан ва табаабан] деб айтилади. Сўнгра [яда Лаҳаб] оятида зикр қилинган нарса (яъни [яд] калимаси) ҳақиқий қўл маъносида бўлиши ҳам, алоқадорлик юзасидан зикр қилинаётган бўлиши ҳам мумкиндир. Агар ҳақиқий қўл ирода қилинган бўлса, бу оят бир неча хил талқин қилинади: биринчиси шуки, зикр қилишларича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп эзгуликлар, инфоқ-эҳсонлар ва яхшиликлар қилган. Абу Лаҳаб: «Агар иш қачонлардир Муҳаммадники бўлса, унда менинг қўлим бор бўлади. Борди-ю, Қурайшники бўлса, уларда ҳам менинг қўлим бор», деб юрар эди. Ана шунинг учун - яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир - Аллоҳ таоло хабар қилдики, унинг Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида бўлган «қўли» (яъни у зотга ўтказиб қўйгани) ва у зотга қилган яхшиликлари ортидан қилиб юрган орзу-умидлари пучга чиқди. Чунки у зотни тасдиқламади, у зотга имон келтирмади. Шунингдек, Қурайшдаги қўли ортидан қилиб юрган орзуси ҳам пучга чиқди.
Иккинчиси, Абу Лаҳаб тарафидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўлини чўзиб, ушлаб олиш билан (яъни «Қўлимга тушсанг, у қиламан, бу қиламан!» деб) қўрқитиб қўйиш содир бўлган бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Шунда Аллоҳ таоло Уз Расулини у қўрқитган нарсадан хотиржам қилиб: [таббат яда Аби Лаҳаб] деди. Яъни унинг қўли қуриди, чангаллаб ушлашга қурби етмайдиган бўлди.
Учинчиси, бу ердаги «қўл» Абу Лаҳаб ўзидан дўзах азобини даф қилишда унинг «куч-қуввати ва мол-мулки бор»лигидан киноя бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Улар (кофирлар) ўзларидан азобни даф қилишларини айтиб, худди шундай даъво қилар эдилар. Уларнинг Қуръонда келган: «Бизларнингмолларимиз ва фарзандларимиз кўпроҳ (бинобарин), бизлар азобланувчи эмасмиз», - деган сўзлари бунинг исботидир.
Баъзи муфассирларнинг айтишларича, Аллоҳ таолонинг «Яҳин крриндошларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!»,(Сабаъ сураси, 35-оят.) деган сўзи нозил бўлганида у зот алайҳиссалом ўзларининг кариндошлари орасидан яқинларини тўпладилар ва: «Мен дунёда ҳам, охиратда ҳам сизлар учун Аллоҳдан бўладиган бирор фойдага молик эмасман. Аммо «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!» деб, мени «У Аллоҳнинг Расулидир», деб шоҳидлик берсангиз, бундан мустаснодир», деганларида Абу Лаҳаб: [таббан лакая Муҳаммад! Алиҳаза даъавтанаа?], яъни «Эй Муҳаммад, сенга ҳалокат бўлсин, бизни шунга чақирдингми?!» - деди. Ана шунда унга жавоб тарзида ояти нозил бўлди.
Мазкур қиссада Абу Лаҳабнинг қўлларини ишлатгани зикр қилинмаган бўлса-да, (оятда унинг зикр қилиниши) одамларни қўллари билан орқага қайтарган бўлиши ёки имонга чақирилган пайтда бундан таажжубга тушиб: «Бизни шунинг учун чақирдингми?!» - деб қўлларини чўзган бўлиши мумкинлигидандир. Натижада Аллоҳ таоло унга раддия берган ва бу иши учун уни таъна қилган.
Агарчи саволнинг ичида унинг жавоби зикр қилинмаган бўлса-да, жавобнинг ичида саволнинг боши ошкора зикр қилинган бўлиши ҳам мумкин. Ахир сиз Аллоҳ таолонинг «Сиздан ҳайз тўгрисида сўрамоцдалар. Айтинг: «У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз!» (Бақара сураси, 222-оят.) - деган сўзига боқмайсизми?! Бундан маълум бўладики, савол фақатгина ҳайз пайтида хотинларга яқинлик қилиш тўғрисида бўлган. Юқоридаги оят ҳам худди шундайдир.(Яъни Аллоҳ таолонинг «Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин)! Ҳалок бўлди ҳам», деган сўзи Абу Лаҳабнинг юқорида ўтган «Эй Муҳаммад! Сенга ҳалокат бўлсин, бизларни шунинг учун чақирдингми?» деган сўзига жавоб ва раддия сифатида келган бўлиши мумкин. У иншоий жумла бўлиб, савол ва талаб ўрнида ишлатилади.)
Агар (мазкур суранинг биринчи оятида) қўлнинг зикр қилиниши алоқадорлик юзасидан бўлса, уни икки хил тушуниш мумкин: биринчиси, иш ва амалдан киноя тарзида қўл зикр қилинган, аммо ўша иш ва амал қўл билан амалга оширилгани боис унинг ўзи зикр қилинган. Бунга мисол ушбу оятлардир: «ўз кўлларингиз билан қилган ҳилмишларингиз туфайлидир»(«Бу - ўз қўлларингиз билан қилган қилмишларингиз туфайлидир. Аллоҳ эса, бандаларига ҳеч зулм этувчи эмасдир» (Анфол сураси, 51-оят).) ва «ўз кўлларингиз крлган нарса (гуноҳ) сабаблидир».(«(Эй инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳлар)ни афв этиб турур» (Шуро сураси, 30-оят).) Ана у оят ҳам Абу Лаҳабнинг қилган қилмишларидан киноя бўлиб, «амаллари зое бўлди, фойдасиз кетди», деган маънодадир.
Иккинчиси, Аллоҳ таолонинг [лаа яътийҳил баатилу мин байни ядайҳи ва лаа мин холфиҳи],(«Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил (ноҳақлик) келмас» (Фуссилат сураси, 42-оят).) деган сўзида келгани каби «қўл» калимаси [қуддаамва амам](Яъни олд тараф.) маъносини назарда тутиб ҳам зикр қилинади. Бинобарин, унинг оятининг) маъноси «қилган амаллари зое кетди», дегани бўлади. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
Бошқа кофирлар орасидан айнан Абу Лаҳабнинг зикр қилинаётганини бир неча хил талқин қилиш мумкин. Биринчиси шуки, у фиръавнлар ва киборлардан бўлгани учун ҳам унинг исми алоҳида зикр қилинган. Мақсад ҳам унинг ўзидир. Бу борада бошқалар ҳам унга шерик бўлсалар-да, фиръавнлар назарда тутилган шахслар бўлгани учун улар исмлари билан зикр қилинган ўринлар ҳам бўлади. Фиръавн, Од, Самуд ва бошқа-ларнинг зикр қилиниши бунинг мисолидир.
Иккинчиси шуки, Абу Лаҳаб ҳайбатли ва қўрқинчли шахс бўлган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ўзидан ҳам, ҳайбатидан ҳам қўрқмасликларини билдириб қўйиш мақасдида Аллоҳ таоло унинг исмини алоҳида зикр қилган. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
Учинчиси шуки, Абу Лаҳаб Расулуллоҳ алайҳиссаломга кўпгина яхшиликлар ва эзгуликлар қилган. Агар бу билан яъни кофирларга қилинган хитоб умумий бўлганида Абу Лаҳаб олдинлари (Пайғамбар алайҳиссаломга) яхшиликлар қилгани учун ўзини бу хитоб остига дохил эмас, деб ўйлаган бўлар эди. Шунинг учун ҳам ҳеч ким уни Аллохдан қутқара олмаслигини билдириб қўйиш мақсадида унинг исмини алоҳида зикр қилган.
Уни куняси билан зикр қилинганини бир неча хил тушуниш мумкин: биринчиси, у одамлар наздида куняси билан танилган бўлиши, исми билан эмас, куняси билан таниқли бўлгани учун ҳам Аллоҳ уни ўзи машҳур бўлган нарса билан зикр қилган бўлиши мумкин.
Иккинчиси, зикр қилишларича, унинг исми Абдул Уззо бўлган. Аллоҳ таоло уни Узидан бошқага - Уззога боғлаб зикр қилишни истамаган. Шунинг учун ҳам уни куняси билан зикр қилган.
Учинчиси шуки, Аллоҳ таоло Абу Лаҳабни баъзи нарсалар билан таъна қилган ва уни таҳдидлар билан қўрқитиб қўйган. Агар уни ўз исми билан зикр қилганида, эҳтимол, у ўзи учун бўлган ўша хитоб ва таҳдидни бошқаларга қаратилган деб тушунар эди. Чунки унинг отдошлари ҳам мавжуд эди. Негаки, кофирлар ўз фарзандларига исм қўяр эканлар, уларни ўзлари ибодат қиладиган бут-санамларга боғлаганлар. Аммо куняда унинг шериги йўқ бўлгани боис уни бошқаларга қаратилган, деб тушуниш мумкин эмас.
Баъзи бир тафсирларда айтилишича, Аллоҳ таолонинг уни куняси билан зикр қилиши унга таҳдид ўрнида тушунилади. Яъни дўзах олови унга ўз ўғли каби, у эса унга ота сингари бўлиб қолади. Зеро, бундай кунялар, одатда, некбинлик юзасидан ишлатилади, холос. Масалан, унинг Мансур исмли ўғли бўлсин, деган умид билан кишини Абу Мансур деб чақирадилар.
Сўнгра Аллоҳ таоло [фа уммуҳу ҳаавия]га ўхшаш баъзи оятларда дўзах ўтини кофирнинг онаси деб, баъзиларида эса [мавлаакум ва биъсал масийр](«У сизларнинг муносиб жойингиздир. Нақадар ёмон оқибат бу!» (Ҳадид су-раси, 15-оят).) деб
уни мавло деб атаган. Бинобарин, дўзах ўти кофирга яқин келиб, унинг бағрига кирганида ўт унинг боласи, ўзи эса ўтнинг отаси каби бўлиб қолиши тасвирланаётган бўлиши ҳам мумкин. Мана шу талқин асосида қилинган таъвилга кўра, Аллоҳ таоло уни «Абу Лаҳаб» (аланганинг отаси) деб атагандир.
Бу ерда яна бир талқин бор. У ҳам бўлса шуки, агарчи куняни зикр қилиш билан (куня соҳибини) улуғлаш ирода қилинса-да, тахдидлар ва уқубатлар зикр қилинган пайтда кунянинг зикр қилинишидан уни хорлаш ва камситиш ирода қилинади. Бу ҳам биз «хушхабар» ҳақида зикр қилиб ўтган гапларимизга кўрадир. Яъни бу лафз кўпинча кишини хурсанд қиладиган ва қувонтирадиган ишлар вақтида зикр қилинса-да, худди
[фа башширҳум би ъазабин алийм](«Бас, (эй Муҳаммад!) Уларга аламли азоб ҳақида «хушхабар» беринг!» (Иншиқоқ сураси, 24-оят).) оятида келгани каби уқубат билан бирга зикр қилинган пайтда у билан огоҳлантириш ирода қилинган бўлади. (Бу сурадаги) куня ҳам ана шу тарзда келган.Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!
[2]. Мол-мулки ва топган-тутгани (бойликлари) унга асқотмади.
Бу оятни икки хил тушунилади: биринчиси, «Унинг мол-мулки, куч-қуввати ҳамда топганлари уни Аллоҳнинг азобидан ҳеч ҳам қутқара олмади». Бу таъвил кофирларнинг «Бизларнинг мол-ларимиз ва фарзандларимиз кўпроц (бинобарин), бизлар азобланувчи эмасмиз»,(Сабаъ сураси, 35-оят.) - деган сўзларига асосандир. Иккинчиси, «Мол-мулки ва касб қилган нарсалари унга нима наф берди?!»
Сўнгра мазкур оятдаги [ва маа касаб]дан мурод, фарзанд бўлиши мумкин. Яъни «Унга ўзи тўплаган мол-мулки ҳам, касб қилиб топган фарзанди ҳам фойда бермади». Бу таъвил хабарда зикр қилинган ушбу ҳадисга асосланган: «Ибн Асвад Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: Яъни «Киши ейдиган нарсаларнинг энг тотлиси ўз касбидан бўлганидир. Кишининг боласи унинг касб қилиб топганидир».(Аҳмад ибн Ҳанбал. «Муснад», 6-жилд, 31-бет. Ибн Можа. «Сунан», тижоратлар китоби, 1-бет.) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан: «Киши ўз фарзандининг молидан (унинг изнисиз) оладими?» - деб сўраганларида у: «Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур...»(«Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур». (Шуро сураси, 49-ояпг).) оятини ўқиб: «Демак, ўғиллар Аллоҳ таоло бизга ҳадя этган нарсалардан биридир. Шундай экан, уларнинг ўзлари ҳам, моллари ҳам бизникидир», деган. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!
[маа ағнаа ъанҳу], яъни «тўплаган барча мол-мулки»,
[ва маа касаб] «килган амали, тама юзасидан сарфлаган хайр-эҳсони» унга ҳеч ҳам фойда бермади» ёки «Унинг одамларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, у зотнинг ди-нига кириш ва у зотга эргашишдан тўсиш ҳамда у киши ҳақларида ёмон гапларни гапиришдан иборат касб қилиб олган нарсаси (унга наф бермади)», деган маънода бўлиши эҳтимолдан йироқ эмасдир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг тафсирларида (бу оят):
[таббат ядаа Аби Лаҳабив ва қод табба. Маа ағнаа ъанҳу маалуҳу ва мактасаб] кўринишида келган.(Қаранг: Ибн Атийя. «Ал-муҳаррар ал-важиз», 5-жилд, 534-бет. Ибн Ҳаййон. «Ал-баҳрул муҳит», 8-жилд, 525-бет.)
[3]. Яқинда (у) алангали оловда куяжак.
(Ушбу оятда келган [заата лаҳаб] ибораси) «алангали» деган маънони англатади. Бунда у зотнинг (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг) пайғамбарликларини исботлайдиган бир маъно мавжуд. Зеро, у зот хабар бериб: «Яқинда у алангали оловда куяди», демоқдалар. Ҳолбуки, киши кофир ҳолатда вафот этган бўлсагина, дўзахда куяди. Ана ундан кейинги иш (у зот алайҳиссалом) хабар қилганларидек бўлиб чиқади. Бу нарса шунга ишора қиладики, у зот бу нарсадан Аллоҳ таоло билдиргани туфайли бохабар бўлганлар.
Мазкур сурада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига далолат қиладиган яна иккита аломат мавжуд: биринчиси шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сурани Маккада туриб кофирларга ўқиб берганлар. У пайтлар, дин масаласида ҳали у кишининг ҳеч бир ёрдамчилари бўлмаган. Куч-қувват ва мустаҳкамлик кофирларнинг қўлида бўлган. Уларнинг ҳаммалари Абу Лаҳабнинг дўстлари ва тарафдорлари бўлишган. Ҳатто унинг тарафдори бўлмаган бирор кимса қолмаган. Дўстлари оз, душманлари кўп бўлишига қарамай, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккада туриб, ичида Абу Лаҳабга қаратилган ҳақорат ва қиёмат кунига қадар (давом этадиган) маломат бор бўлган бу сурани унга ўқиб беришларига чидаш мумкин эмасди. Чунки бу ишда оламлар Парвардигорининг ҳимоясисиз у зотнинг ҳалок бўлишлари хавфи бор эди.
Яна бир маъноси, бегоналарга нисбатан гўзал муомала қилиш ва чиройли ҳамсуҳбат бўлиш билан сифатланган пайғамбар алайҳиссалом ўз яқинлари ва қариндошларига нисбатан қандай муомалада бўлганлар деб ўйлайсиз? Қолаверса, у зот бутун ҳаётлари давомида фаҳшдан йироқ бўлганлар. Шундай экан, у зот бу ишни фақат Аллоҳ таоло тарафидан бўлган буйруқ билан қилишлари мумкин эди, холос.(Яъни етти ёт бегоналар билан хушмуомала ва чиройли муносабатда бўлган, бутун умрлари давомида фаҳш ишлар ва гаплардан йироқ юрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига қариндош бўлган Абу Лаҳабга нисбатан бундай йўл тутишларига сабаб шуки, бу иш Аллоҳ таолонинг буйруғи бўлган. Иўқса, бу ишни қилмаган бўлар эдилар. Демак, бу у зот алайҳиссаломнинг пайғамбар эканликларига далолат қиладиган аломатлардан биридир. Тарж.) Демак, бу ишлар у зотнинг набий ва расул эканликларига далилдир.
[4]. Шунингдек, ўтин ташувчи хотини ҳам.
[5]. Бўйнида пухта эшилган арқони ҳам бўлур.
(Бу оятларда) унинг хотини алоҳида зикр қилинаётганига сабаб биз Абу Лаҳаб ҳақида айтиб ўтган нарсалар бўлиши эҳтимоли бор. Сўнгра (оятда келган)[ҳаммаалатал ҳатоб] ибораси юзасидан ихтилофга борилган. Баъзи муфассирлар шундай деганлар: Яъни у одамлар орасида гап ташувчилик ва чақимчилик қилиб юрар эди. Аллоҳ таоло бу иши эвазига унга охиратда «Бўйнида пухта эшилган арқони» бўлиши билан тахдид қилган. Ундан (арқондан) мурод, занжирдир. Шундан олиб, одамлар орасига адоват солиб юрган кишига: [фулаанун яҳтибу](Яъни фалончи чақимчилик қилди.) деб айтилади»(Бу гапни Мужоҳид розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир, Ибн Абуддунё (ғийбатнинг ёмонлиги ҳақидаги бобда), Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 702-бет. Бу Икрима, Қатода, Суфён розияллоҳу анҳумнинг ҳам гапидир.).
Яна айрим муфассирлар шундай деганлар: «У ҳақиқатан ҳам елкасига ўтин кўтариб юрадиган аёл бўлган. У тиканли ўтинларни кўтариб олиб келган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда мусулмонлар юрадиган йўлга ташлаган. Аллоҳ таоло унга (оятда) зикр қилинганидек, охиратда пухта эшилган арқон билан тахдид қилган»(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир, Байҳақий («Ад-далоил» номли китобида) Ибн Асокир ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 702-бет. Бу - Заҳҳок, Ибн Зайд ва бошқаларнинг ҳам гапидир.).
Муфассирлар орасида шундай деганлари ҳам бор: «У (Абу Лаҳабнинг хотини) дунёда худди шундай бўлган, яъни уйига ўтин кўтариб келиб юрган. Унинг бўйнида (доим) толадан ясалган арқон бўлган. Аллоҳ таоло уни ўша нарса билан таъна қилган. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни камбағаллик ва муҳтожлик билан таъна қилиб юрган».
Айтишларича, Абу Лаҳабнинг хотини эридан яширинча бўйнида толадан ясалган ип боғлаб юрган ва бу хотинлар безанадиган нарсалардан бўлмаган. Унинг (ипнинг) ўзи ҳам безаниш воситаси бўлмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида айтиб юрган гапларининг жазоси ўлароқ, Аллоҳ таоло унга ҳақорат ва таъна бўлиши учун унинг аҳмоқлигию нодонлиги ҳақида хабар берган. Шунинг учун ҳам у Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга: «Муҳаммад ўз амакисини ҳақорат қилишдан қониқмабдимики, мени ҳам ҳақорат қилибди?!» ёки «Мени Муҳаммаднинг Рабби ҳам ҳақорат қилибди?!»(Ибн Жарир буни Язид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.) - деган.
Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!