Бобоси Абдуссамад ҳам, отаси Муҳаммад Абдуссамад ҳам Қуръон ҳофизи ва тажвид билимдони сифатида танилишган эди. Акалари Маҳмуд билан Абдулҳамид ҳам ҳофиз бўлишган. Абдулбосит қори ўзи бундай эслайди: «Ўн ёшга етганимда Қуръони Каримни тўлиқ ёд олиб бўлган эдим. Отам улов (транспорт) вазирлигида ишлар, бобом эса олим эди. Улардан Қуръон илмларини ўрганмоқчи бўлдим, аммо улар устоз Муҳаммад Салимдан таълим олиш учун Танта музофотига боришимни айтишди.
Армант билан Танта орасидаги масофа анча узоқ эди. Йўлга чиқиш олдидан Муҳаммад Салимнинг Армантга келганини билдик. Гўё такдир у кишини бизга юборгандек эди. Ҳузурларига бориб, Қуръони Каримни тўлиқ ўқиб бердим. Сўнгра етти хил қироатга доир матн «Шатибия»ни ёддан айтиб бердим».
Абдулбосит қори ўн икки ёшида Муҳаммад Салим тавсияси билан Қино вилоятининг турли жойларида Қуръон ўқиб юрди. Қаерга бормасин, Абдулбосит қорининг ноёб истеъдоди ҳақида гап-сўз юрарди.
1950 йили Абдулбосит қори Мадинаи мунавварага борди. Уни бу ерга кўпроқ чорлаётган нарса машҳур тажрибали қорилардан Абдулазиз Зоҳир, Абдулфаттоҳаш-Шошоий, Мустафо Исмоилнинг савт ва қироатларини бевосита эшитиш эди...
Тун ярмидан оққанида дунёнинг турли шаҳарларидан тўп-тўп зиёратчилар «Ҳазрати Зайнаб» масжидига кела бошлашди. Абдулбоситга ҳам Қуръони Каримдан ўнта оят ўқишига изн беришларини сўрашди. Абдулбоситнинг қироати бир соатдан ортиқроқ давом этди, у Аҳзоб сурасидан ўқирди. Масжиднинг ҳамма томонини сукунат қамраб олди ва йиғилганларнинг нигоҳи забардаст қорилар сафида ўтирган кичкина қорига қадалди. Бир оздан кейин ҳайрат ва таажжуб овозлари янгради.
1951 йили Шайх Даббо Абдулбоситга қироатини ҳаво мавжлари орқали таратиш таклифи билан мурожаат қилди. Абдулбосит овоз ёзиш уйи мутасаддилари билан шартнома тузганидан кейин оиласи билан доимий равишда Қоҳирада яшаб қолди. Унинг овози радио эфирлари орқали тарала бошлагач, янада машҳур бўлиб кетди.
1952 йили, айниқса, рамазон ойида Абдулбосит қорига дунёнинг турли мамлакатларидан Қуръонни хатм қилиш истаги билдирилган таклифлар кела бошлади. Таклифлар орасида қори ҳеч бўлмаганда бир мартагина ташриф буюрсин, деганлари ҳам бор эди. Чунки Қуръони Карим шарофатидан Абдулбосит қори қадами етган жой Аллоҳ таолонинг файзу баракаси, шукуҳига тўлар эди.
Покистон давлати раҳбари уни Матарга таклиф қилди ва учокдан тушар-тушмас қарши олиб, қучоқлашиб кўришди. Абдулбосит қори Индонезиянинг энг катта масжидларида ҳам Қуръон ўқиди.
Абдулбосит қори 1952 йили отаси билан бирга ҳаж қилиш учун Саудия Арабистонига борди. Ислом ватанида шайхнинг бу зиёратини Аллоҳнинг марҳамати деб билиб, ундан Қуръон хатм қилиб беришини илтимос қилишди. Абдулбосит қори бу таклифга рози бўлди ва Саудия Арабистонидаги бир қанча масжидларда Қуръон ўқиди. Шайхнинг энг машҳур тиловатлари Маккада Масжидул Ҳаромда ва Мадинада Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) масжидида бўлди.
Абдулбосит қорини ҳиндистонлик бир киши иззат-икром билан ҳинд диёрига таклиф қилди. Шайхни катта бир масжидга олиб боришди. Абдулбосит қори ўзини кутиб турган одамларга қараса, ҳаммасининг боши эгик, кўзлари ёшга тўлган эди. Шайх тиловатни тамомлагунича улар йиғлашда давом этишди. Абдулбосит қори ҳам бу ҳолатдан таъсирланиб кетди ва икки кўзи ёшга тўлди.
Абдулбосит Муҳаммад Абдуссамадни фақат араб ва бошқа мусулмон мамлакатларида эмас, дунёнинг шарқу ғарби, шимолу жанубида бирдай эъзозлашган. Унинг Париж, Лондон, Қуддусда қилган қироатларини эшитиб лол қолган бир қанча ғайримуслимлар Исломни қабул қилиш истагини билдиришган. Шайх кўпгина давлатлар, хусусан, Сурия, Ливан, Сенегал давлатлари мукофоти билан такдирланган.
Такдир экан, Абдулбосит қори қандли диабет касалига чалинган, жигари ҳам рисоладагидай ишламас эди. Кўп йиллар бу икки жиддий хасталикка бардош беришига тўғри келди. Ниҳоят, уни Мисрнинг Ғазо шаҳридаги доктор Бадрон шифохонасига ётқизишди. Аммо шифокорлар ва Шайхнинг фарзандлари унинг саломатлиги тобора заифлашиб бораётгани учун Лондонга олиб боришга қарор қилишди. У Лондонда бир ҳафта даволанди. Аммо умри поёнига етаётганини билгандек, ўзи билан бирга келган ўғли Ториққа Мисрга қайтариб олиб кетишини айтди.
Абдулбосит қори 1988 йилнинг 30 ноябрь чоршанба куни вафот этди. Аллоҳ таоло у кишининг руҳини сурурга, қабрини нурга тўлдирсин, жаннатдаги мақомини олий қилсин!
Алимардон ҲАЙИТОВ