Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўзларининг бир неча исмларини айтар эдилар: «Мен Муҳаммадман, Аҳмадман, Муқаффийман, Ҳоширман, Набийют-тавбаман, Набийюр-роҳмаман», дер эдилар» (Имом Муслим ривояти).
Абу Мусо Ашъарийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деганлар: «Аллоҳ мени илм ва ҳидоятдан иборат нарса билан юборганининг мисоли бир ерга ёққан ёмғирнинг мисоли кабидир. Аллоҳ сув билан одамларга манфаат беради. Улар ундан ичишади, суғоришади ва экин экишади. Баъзи жойдаги унумдор тоза ер сувни яхши қабул қилади ва ўт-ўланларни яхши ўстириб, экин кўп битади. Баъзи жойдаги ер қаттиқ чиқиб, сувни тутиб қолади, экин унча бўлмайди. Ернинг баъзи жойлари силлиқ бўлганидан сувни ҳам тутмайди ва экинни ҳам ўстирмайди. Мана шу ҳолат худди Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган киши мисолига ўхшайди. Аллоҳ мен орқали юборган нарса унга манфаат беради. Ўзи ҳам ўрганади, бошқаларга ҳам ўргатади. Бошқа баъзилари ўша нарсага эътибор бермаган кишига ўхшайди. Яна бири эса, мен орқали юборилган Аллоҳнинг ҳидоятини қабул қилмаган одамга ўхшайди» ( Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким менга саловот айтса, Аллоҳ таоло унга ўнта саловот айтади», деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қиёмат куни менга энг яқин бўладиган кишилар менга кўп саловот айтадиганлардир», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Али ибн Абу Толибдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бир кишининг ҳузурида зикр қилинсаму, менга саловот айтмаса, ана шу киши бахилдир», деганлар (Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Менинг мисолим (катта) олов ёққан кишининг мисоли кабидир. Олов атрофни ёритгач, парвона (капалак)лар, оловга ўзини ташлайдиган ҳашаротлар унга ўзини ота бошлайди. Ва (олов ёққан киши) уларни тутиб қолмоқчи бўлади. Улар эса одамдан устун келиб, барибир ўзини оловга отади. Мен сизларнинг белбоғингиздан тутиб, оловдан ушлаб қолувчиман. Сизлар эса, ўзини оловга ташловчисизлар», дедилар». Бу Имом Бухорийнинг ривоятлари, Имом Муслим ҳам шу каби ривоятни келтириб, охирида: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Мана шу мен билан сизларнинг мисолингиздир, мен белбоғларингиздан тутиб оловдан ушлаб қолувчиман: «Оловдан узоқ бўлинглар, оловдан узоқ бўлинглар!» дейман. Сизлар эса мендан устун келиб, ўзларингизни оловга ташлайсизлар», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банда наздида мен унинг аҳлидан, молидан, одамларнинг барчасидан афзал бўлмагунимча у мўмин бўла олмайди», деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Шайх (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Одамларга нима бўлдики, аҳли байтимни (камситиб), менга озор етказишяпти. Аллоҳга қасамки, банда то мени суймагунича мўмин бўлолмайди. То зурриётимни яхши кўрмагунича мени яхши кўролмайди» (Имом Ҳоким ривояти).
Мўминлар онаси ҳазрати Умму Саламадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: «Мен ҳам бир одамман, холос. Талашиб-тортишганлар ҳузуримга келишганида баъзилари бошқаларидан ҳужжатни яхшироқ кўрсатиши, мен эса унинг фойдасига ҳукм қилишим мумкин. Кимга бир мусулмоннинг ҳақидан ҳукм қилиб берсам, у дўзах ўтидан бир бўлакдир. Хоҳласа олиб, хоҳласа қолдириб кетсин» (Имом Бухорий ривояти).
Зуҳра ибн Маъбуднинг (розияллоҳу анҳу) боболаридан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бирга эдик. У зот Умар ибн Хаттобнинг қўлларидан тутиб турардилар. Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, сиз менга ўзимдан бошқа ҳаммадан севимлисиз», деди. Шунда Расули акрам: «Сизларнинг бирортангизга ўзидан ҳам севимли бўлмагунимча у мўмин бўлолмайди», дедилар. Ҳазрати Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, энди сиз менга ўзимдан ҳам севимлисиз», деди. Расулуллоҳ: «Ана энди тўғри бўлди, эй Умар», дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банда наздида унинг аҳлидан, молидан, одамларнинг барчасидан афзал бўлмагунимча у (комил) мўмин бўла олмайди», деганлар (Имом Муслим ривояти).
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга мендан олдин ҳеч кимга берилмаган беш нарса берилди. Ҳар бир набий ўз қавмига хос қилиб юборилар эди, мен барча қизил ва қораларга юборилдим. Менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди. Менга ер масжид ва покловчи нарса қилинди, бас, менинг умматимдан кимга қаерда намоз ўқиш етса, ўша ерда ўқисин. Менга бир ойлик масофадаги кучли қўрқинч билан нусрат берилди. Менга шафоат берилди», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Қиёмат куни одам боласининг улуғидирман. Устидан қабр биринчи ёриладиган шахс менман. Аввалги шафоатчи менман. Аввалги шафоат қилинувчи менман», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамловчи калималар ила юборилдим. Менга қўрқинч билан нусрат берилди. Ухлаб ётганимда, менга ер хазиналарининг калитлари келтирилди ва қўлимга берилди», дедилар. Абу Ҳурайра айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетдилар. Сизлар эса уларни чиқариб олмоқдасизлар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бошқа набийлардан олти нарса билан афзал қилиндим: менга жамловчи калом берилди. Менга душманимга қўрқинч солиш билан нусрат берилди. Менга ўлжалар ҳалол қилинди. Менга ер покловчи ва масжид қилинди. Мен ҳамма халойиққа юборилдим. Мен билан набийлар тугатилди» (Имом Муслим ривояти).
Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ валади Исмоилдан Кинонани танлаб олди. Кинонадан Қурайшни танлаб олди. Қурайшдан Бани Ҳошимни танлаб олди. Бани Ҳошимдан мени танлаб олди», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, менинг ва мендан олдинги набийларнинг мисоли худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагидан бир ғиштнинг ўрнини қолдириб қўйилганига ўхшайди. Одамлар уни айланиб кўриб, қойил қолишади ва: «Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганда эди!» дейишади. Мен ўша ғиштман. Мен набийларнинг хотимиман», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат куни жаннатнинг эшигига келиб очишни сўрайман. «Сен кимсан?» дейилади. «Муҳаммадман», дейман. «Сенга амр қилинганман. Сендан олдин ҳеч кимга очмайман», дейилади» (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир набий сўраганини сўраб бўлган ёки ҳар бир набий ўз дуосини қилди ва ижобат бўлди. Мен ўз дуоимни Қиёмат куни умматимга шафоат қилдим», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммадни Расул деб, рози бўлса, иймон таъмини тотган бўлади», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эй Абу Саъид, ким Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммадни Расул деб рози бўлса, унга жаннат вожиб бўлади» (Имом Муслим ривояти).
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менга нисбатан ёлғон тўқиманглар. Албатта, ким менга нисбатан ёлғон тўқиса, дўзахга киради» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким менинг номимдан ёлғонлиги кўриниб турган ҳадисни айтса, у ёлғончиларнинг биридир» (Имом Муслим ривояти).
Абу Дардо ва Абу Заррдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни сажда қилишга биринчи изн берилган одам мен бўламан. Саждадан бошимни кўтариб, олдимга, ортимга, ўнг ва чап томонларимга қарайман, бошқа умматлар ичидан ўз умматимни танийман», деганлар» (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир Набий сўраганини сўраган ёки ҳар бир Набий ўз дуосини қилди ва ижобат бўлди. Мен ўз дуоимни Қиёмат куни умматимга шафоат қилдим», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш иймондандир!
Жубайр ибн Мутъам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг бир неча исмларим бор: мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман – ўчирувчиман, Аллоҳ мен билан куфрни ўчиради. Мен Ҳоширман – тўпловчиман, Аллоҳ менинг оёқларим олдига одамларни ҳашр этади. Мен ундан кейин бирорта келмайдиган Оқибман», дедилар. Батаҳқиқ, Аллоҳ у зотни Рауф ва Роҳийм деб атаган (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Ислом
|
Калит сўзлар