close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Закот

  • Душанба, Апр 26 2021
  • Муаллиф  Муҳаммад Шариф ЖУМАН

«Закот» сўзи луғатдда покланиш, ортиш, ривожланиш маъноларини ифодалайди. Истилоҳда эса, белгиланган миқдордаги молнинг маълум қисмини, шартларга биноан, уни олишга ҳақдор бўлган кишига беришдир.

Закот динимизнинг беш асосий рукнидан биридир. Закот ҳижратнинг иккинчи йили фарз қилинди. Унинг юксак ва беқиёс ҳикматларидан асосийлари қуйидагилардир:

1. Бойларни охират азобидан нажот топишлари, бахиллик касалидан покланишларига сабаб бўлади. Ҳашр сурасининг тўққизинчи ояти мазмуни бундай: “Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, бас, ана ўшалар нажот топгувчилардир”.
2. Фақир ва ожиз кишиларга ёрдам бериш, муҳтож кишиларнинг дардларига дармон бўлиш, уларнинг ғам ва қайғуларини енгиллатиш ҳиссини тарбиялайди. Закот туфайли бойлар билан камбағаллар орасида ҳурмат, муҳаббат ва меҳр-шафқат пайдо бўлади ва яхшилик кучаяди.
3. Тиланчилар, ишсизлар сонини камайтиради, у туфайли жамиятдаги жиноятлар, қабиҳликлар ва тартибсизликлар йўқолади.
4. Закот бойларнинг жуда катта маблағлар йиғиб, камбағалларнинг иқтисодий маҳрум бўлишлари натижасида юзага келадиган тўнтариш каби тартибсизликлардан жамиятни ҳимоя қилади.
5. Закот неъматнинг шукронасидир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларига баданий, молиявий неъматлар берган. Бадан билан қилинадиган ибодатлар баданий, мол билан қилинадиган ибодатлар молиявий неъматларнинг шукридир. Шундай экан, бой-бадавлат киши камбағаллиги ва даромади озлиги туфайли бошқаларга муҳтож одамларга қараб, ўзини тиланчиликдан, бошқаларга муҳтож бўлишдан қутқарган Аллоҳ таолога шукр этмаса, мулкидан жуда ҳам оз қисмини фақирларга бермаса, у нақадар хасисдир.

Закотнинг рукни унга ҳақдорни закот молига эга қилишдир. Закот берувчи киши закот ниятида бир фақир ёки етимнинг қорнини тўйдирса, бу харажати закот ўрнига ўтмайди.
Закот балоғатга етган, ақлли, эҳтиёж ва қарз-ларидан ташқари бир қамарий йил тўлган нисоб миқдоридаги, ҳукман бўлса ҳам, кўпаювчи мулк-ка эга мусулмонга фарздир.
Закотни адо этиш фарз бўлиши учун нисобнинг йил бошида ва охирида мавжуд бўлиши кифоядир. Йил ўртасида нисоб миқдори камайса ҳам закот берилади.
Закотни бераётганида, ёки мулкидан ажратаётганида унинг закот эканини ният қилиш лозим. Фақир олаётган моли закот эканини билиши шарт эмас.
Молидан закотини ажратмасдан закот берувчи киши вақти-вақти билан камбағалларга мулкидан эҳсонлар улашиб турса, ҳар сафар бераётганида закот деб ният қилмаса, булар закот ўрнига ўтмайди. Кейинчалик: “Мана шу муддат ичида берган садақаларим закот ўрнига ўтсин”, деб ният қилса ҳам, закот ўрнига ўтмайди.
Йилнинг аксарият қисмини далаларда ўтлаб ўтказадиган қўй, сигир ва туяга ўхшаш тўрт оёқли ҳайвонлардан, олтин ва кумушдан, тижорат молларидан закот, деҳқончилик маҳсулотлари ва мевалардан ушр бериш фарздир.
Тижорат мақсадидаги отлардан ҳам закот берилади. Юк ташиш ва миниш мақсадида қўлланилган отлардан, ем бериб боқиладиган отлардан закот берилмайди. Ўтлайдиган отлар сути учун ёки кўпайтириш учун боқилаётган бўлса, агар улар соф араб отларидан бўлса, эгаси хоҳласа, от бошига бир динор, хоҳласа, отларнинг жами қийматини ҳисоблаб, икки юз дирҳами учун беш дирҳам (2,5 фоиз миқдорида) закот берилади.
Агарда сути учун ёки кўпайтириш мақсадида боқилаётган отлар араб отларидан бўлмаса, фақатгина қиймати ҳисобланиб, ҳар икки юз дирҳамидан беш дирҳам закот берилади.
Ўттиз бошдан кам бўлган сигирлардан закот берилмайди. Сигирлар сони ўттизтага етгач, улардан икки ёшга ўтган бир дона урғочи ё эркак бузоқ закотга берилади. Сигирлар сони қирқтага етгач, улардан уч ёшга ўтган битта урғочи ёки эркак бузоқ закот берилади. Олтмишта сигир учун икки ёшга ўтган иккита эркак ёки урғочи бузоқ закотга берилади. Етмишта сигир учун бир дона икки ёшга ўтган эркак бузоқ билан уч ёшга ўтган урғочи бузоқ закотга берилади.
Бундан ошган ҳар ўн бош сигир учун умумий сонларига кўра, битта икки ёшга ўтган эркак бузоқ ё уч ёшга ўтган урғочи бузоқ қўшиб закот берилади. Қўтослардан закот бериш сигирлардан закот бериш кабидир.
Қирқтадан оз бўлган қўйлардан закот берилмайди. Қирқтадан бир юз йигирматагача бўлган қўйлардан битта қўй закот берилади. Бир юз йигирма биттадан икки юзтагача қўйлардан иккита қўй закотга берилади. 201 тадан 400 тагача қўйлардан 3 та қўй закотга берилади. 400 бош қўйдан эса 4 та қўй закотга берилади. 400 бошдан ошган, ҳар юз бош қўйдан яна 1 та қўй закотга берилади.

Олтин ва кумушнинг закоти
Нисоб миқдорига етганидан сўнг орадан бир қамарий йил ўтгач, танга ҳолига келтирилмаган бўлса ҳам, олтин ва кумуш учун закот бериш фарздир.

Кумушнинг нисоби
Кумушнинг нисоби 200 дирҳамдир.
Бу 140 мисқол оғирликдаги кумушдир. 1 мис-қол 4 гр.га тенг.
140 м . 4 = 560 гр. бўлади.
Ҳар 10 дирҳам 7 мисқолга, 1 дирҳам 2,8 гр.га тенгдир.

Олтиннинг нисоби
Олтиннинг нисоби 20 мисқолдир.
Нисоб миқдорига етган кумуш, олтин қийматига тенг пулга эга бўлган киши, бу пулнинг қирқдан бирини закот қилиб бериши лозим.

Қарзнинг закоти
Қарзлар уч турлидир: 1. Кучли қарз. 2. Ўртача қарз. 3. Заиф қарз.
Қарздорлигини ё молни олиб, пулини тўламагани ҳақидаги ҳужжатни инкор этмаган кишилардаги қарз кучли қарздир. Буларнинг миқдори нисобга етган бўлса, бир йил ўтгач, закоти берилади. Агар нисоб миқдорида бўлмаса, қўлидаги маблағга қўшилади, жами нисоб миқдорига етса, закоти чиқарилади.
Тижорат мақсадида бўлмаган моллар эҳтиёж учун сотилганида олиниши лозим бўлган, аммо ҳали олинмаган маблағ ўртача қарз ҳисобланади. Бу тур қарздан у олинмагунча закот берилмайди. Аммо олингач, миқдори нисобга етса сотилган кундан эътиборан ҳисобланиб закоти берилади. Нисоб миқдорида бўлмаса, қўлидаги маблағга қўшиб ҳисобланади.
Маҳр, васият қилинган пул ва олинмаган тавон пуллари заиф қарз бўлади. Бундай пуллар нисоб миқдорида бўлса, олинганидан эътиборан бир йил ўтгач, закоти чиқарилади. Агар нисоб миқдорида бўлмаса, қўлидаги маблағга қўшиб ҳисоб қилинади.

Тижорат молларининг закоти
Тижорат моллари савдо-сотиқ учун тайёрланган ёки савдо учун ишлаб чиқарилган моллардир. Буларнинг тужжор қўлида бўлган жами қисмининг қиймати олтин ё кумушнинг нисоб миқдорига етса, закот бериш фарз бўлади. Мазкур моллар ҳар хил бўлса, қиймати бир-бирига қўшиб ҳисобланади. Тижорат молларининг закотини бериш учун икки нарса шарт бўлади:

1. Бир йил давомида (мазкур молларининг) тижорати билан шуғулланишга ният қилиш.
2. Тижорат молларида закот беришга тўсиқ бўлмаслиги. Яъни: биринчидан, тижорат нияти мол қўлга кирган вақтида бўлиши керак, иккинчидан, бир нарсадан икки бор закот беришга олиб келмасин.

Бир ерни тижорат учун сотиб олиб, унга экин экса, чиққан ҳосилнинг ушри берилади. Ернинг қийматидан закот берилмайди.
Тижорат моллари фақирларнинг манфаатларига энг мос бўлган нарсанинг қиймати билан нархланади. Яъни, уларнинг нархи олтин ёки кумушдан бирининг нисоб миқдорига етса, кифоя — шунга қараб нархланади ва закоти берилади, иккинчисига эътибор қилинмайди.

Деҳқончилик маҳсулотлари ва меваларнинг закоти
Ерлар иккига ажратилади:

1. Ушр берилиши лозим бўлган ерлар. Халқи ўз хоҳиши билан мусулмон бўлган ёки давлат раҳбари томонидан ерни фатҳ қилган аскарларга бўлиб берилган ёки ушр бериши ҳадис билан (Ҳижоз каби) ва саҳобаларнинг ижмоси билан (Басра каби) собит бўлган жойлар.
2. Ҳирож бериши лозим бўлган жойлар. Мусулмонлар томонидан фатҳ қилинган ёки сулҳ билан қўлга киритилган ва маҳаллий халқнинг ихтиёрида қолдирилган ерлар.

Йилнинг аксар қисмида ёмғри ва шунга ўх-шаш сувлар билан суғорилган ерлар маҳсулотидан ушр берилади. Пақир ва шунга ўхшаш нарсалар воситасида суғорилган ерлар ҳосилидан йигирмадан бири закот қилиб берилади.
Ушр беришда ернинг харажатлари чиқариб ташланмайди. Шунингдек, маҳсулотлар олинганидан сўнг, бир йил ўтиши, нисоб миқдори шарт эмас. Ердан олинган ҳосил қанча бўлишидан қатъи назар, ундан ушр берилади.

Закотга доир турли масалалар

1. Соғлом ва маълум миқдор даромади бўлса ҳам, нисоб миқдоридан оз пули бор кишининг закот бериши жоиздир. Бу садақа ҳисобланади.
2. Банкнот пуллар мулк ҳисобланади. Қийматларига қараб, закоти берилади.
3. Киши шахсий қаноати билан ояти каримада баён қилинган кишилардан деб ўйлаган кишига закотини берса-ю, кейинчалик у кишининг бундай тоифадан эмаслиги маълум бўлса, закоти мақбулдир.
4. Нисоб миқдорича бойликка эга бўлган кишининг вақти келмай туриб, бир неча йилнинг ёки бир неча нисобнинг закотини аввалдан бериши жоиздир.
5. Закоти бериладиган молнинг закотини бериш онидаги (йил тўлгандаги) қиймати эътиборга олинади.
6. Ўлган одам қолдирган молдан, закотим берилсин, дея васият қилмаган бўлса, закот олинмайди. Агар васияти бўлса, қолдирган молининг учдан биридан закот чиқарилади.
7. Олтин, кумуш ва бошқа пулларнинг закоти қийматини тижорат молидан, (буғдойга ўхшаш) ўлчанадиган ва тортиладиган нарсалардан бериш дурустдир.
8. Нисоб миқдорини тўлдириш учун тижорат молларининг, олтин ва кумушнинг қийматлари ва бошқа пуллар ҳам бир-бирига қўшиб ҳисобланади.
9. Олтин ва кумуш таркибидаги бошқа моддалардан кўп бўлса соф ҳисобланади. Агар бундай ҳолда бошқа моддалар олтин ва кумушдан кўп бўлса, ҳамда танга ҳолида ва муомаладаги пул ҳисобланса, (закот беришда) унинг қиймати эътиборга олинади. Агар бу пулларнинг қиймати нисоб миқдорида бўлса, закоти берилади. Акс ҳолда, берилмайди. Мазкур соф бўлмаган олтин ёки кумуш пуллар муомалада ўтмайдиган бўлса ҳамда киши уларнинг тижорати билан шуғулланишни ният қилса, ҳукми тижорат моллари каби бўлади.
10. Кишининг ўз мулки бўлишига қарамай, қўлида мавжуд бўлмаган ва қайтиб олишга кўзи етмаган молини (кейинчалик) қўлига киритса, ўтиб кетган даври учун закот бериши лозим эмас.
11. Нисоб миқдорида пули бўлган кишининг йил ўртасида қарздор бўлиб қолиши, Имом Муҳаммадга кўра, молнинг талофатга учраб йўқолиб кетиши кабидир. Имом Абу Юсуфга кўра эса, бу ҳолат йил давомида нисоб миқдоридан бир оз камайиши ҳисобланади. Йил охирида закот бериш мажбурияти йўқолмайди.
12. Закот бериладиган пайтда олтин ва кумушни тортиб, закотини бериш тўғри бўлади.
13. Ҳар қандай молдан нисобга эришган киши айни йилда тижорат, мерос ва бошқа йўл билан қўлга киритган даромадини қўшиб закот беради.
14. Закот берилиши лозим бўлган мулк закоти берилмай туриб батамом зое бўлса, у мулкнинг закоти бекор бўлади. Бир қисми зое бўлса, қолган қисми нисоб миқдорида бўлса, закоти берилади.
15. Фақирларда қарзи бўлган киши, уни олмай закот ниятида қарзидан кечса, бу закот ўрнига ўтмайди. Закот ўрнига ўтиши учун, фақирдан қарзини олиб, сўнгра такрор закот ниятида бериши зарур.

Закот бериладиган кишилар

Закот қуйидагиларга берилади: «Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошно қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Тавба, 60, мазмуни).

1. Фақирлар. Нисоб миқдорича маблағи бор ё нисоб миқдорича маблағи зарурий эҳтиёжларига сарфланган кишилар.
2. Камбағаллар. Ҳеч нарсаси йўқ, фақирдан ҳам муҳтож кишилар.
3. Садақа тўпловчи кишилар. Улар давлат раҳбари томонидан закот ва садақаларни (халқдан) йиғиш топшириғи берилган кишилардир. Бадавлат бўлсалар ҳам, вазифалари сабабли уларга закот молларидан бир миқдор берилади.
4. Қалблари (Исломга) оғдирилиши зарур бўлганлар. Булар Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
а) мусулмонликни танлаб, Аллоҳга имон келтиришларини;
б) динга зарар беришларининг олдини олишни;
в) имонларини кучайтириб, ҳақиқий мусулмон бўлишларини хоҳлаган кишилардир.
5. Мукотаблар, яъни, маълум миқдорда мол эвазига озод бўлишлари хусусида хўжайинлари билан шартнома тузган қўллар.
6. Қарздорлар, яъни, қарзини тўлашдан ожиз бўлган кишилар.
7. Аллоҳ йўлидагилар. Булар ҳаётларини Аллоҳ йўлида курашга бағишлаб, Ислом дини шуҳрати юксалиши учун хизмат қилган фақир аскарлар.
8. Ўз диёридан (ва у ердаги) мулкидан узоққа кетиб, (уларни келтиришдан ожиз бўлган) мусофирлар.

Бадавлат кишининг фақир катта ўғлига, бадавлат кишининг фақир хотинига, фарзанди бой бўлса-да, унинг фақир отасига закот бериш жоиз.
Ўз қишлоғи ва шаҳрида фақир кишилар бўлатуриб, закотни бошқа қишлоқ-шаҳардаги муҳтож кишиларга юбориш макруҳдир. Аммо бошқа қишлоқ-шаҳардаги фақирлар закот берувчининг яқинлари ёки ўз қишлоқ-шаҳридаги фақирлардан қашшоқ кишилар бўлса, макруҳ эмас. Агар киши закотини муддатидан аввал берадиган бўлса, бошқа қишлоқ-шаҳардаги фақирларга юборишининг зарари йўқ.
Закот ниятида фақир қариндошларнинг болаларига совға бериш ҳам закот ўрнига ўтади.
Шунингдек, закот нияти билан байрамларда, бошқа шодиёналарда аёл ва эркак фақирларга берилган совғалар ҳам закот ўрнига ўтади.

Фитр садақаси
Фитр садақаси Рамазон ойида берилади. Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва салам, ҳижратнинг иккинчи йили фитр садақаси беришни буюрганлар. Бунинг қатор ҳикматлари бор:

1. Рамазон ҳайитидек улуғ кунда фақирларни тиланчилик қилиш изтиробидан қутқариш;
2. Барча мусулмонлар шод-хуррам бўлган байрам куни фақирларни ҳам хурсандлик ва фароғатга эриштириш;
3. Рўза тутиб вужудини поклаган кишининг молини ҳам поклаши;
4. Рўза давомида эҳтимол йўл қўйилган баъзи хатоларнинг тўғриланиши.

Вожиб бўлишининг шартлари
Фитр садақаси зарурий эҳтиёжларидан ортиқча нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлган мусулмонга вожибдир. Мазкур нисоб миқдоридаги мулкнинг кўпаювчи бўлиши ёки орадан бир йил ўтган бўлиши шарт эмас.

Вожиб бўлиш вақти
Рамазон ҳайитининг биринчи куни тонг отиши билан фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Бу вақтдан аввал вафот этган ёки фақир бўлиб қолган, (тонг отганидан) сўнг мусулмон бўлган, туғилган ёки бадавлат бўлган кишига фитр садақаси вожиб эмас.
Фитр садақасини ҳайит кунидан аввал ёки кейин бериш жоиздир. Ҳайит намозига чиқмасдан аввал бериш мустаҳабдир. Фитр садақасининг берилиши вожиб бўлгач, мулкнинг йўқолиши фитр садақаси бериш мажбуриятини бекор қилмайди.
Тўрт (хил) нарсани фитр садақаси қилиб бериш мумкин: буғдой, арпа, хурмо, майиз.

Вожиб бўлган миқдори
Буғдойдан, буғдой унидан ёки қовурилган буғдой унидан ярим соъ 1,664 кг, арпа, хурмо ва майиздан бир соъ ёки 3,328 кг. берилиши лозим.

Муҳаммад Шариф ЖУМАН
тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase