334-боб. Хуфтон намозидан кейин (бефойда) сўзларни гаплашишнинг кароҳияти ҳақида
- Душанба, Окт 24 2022
- 145 марта кўрилди
Бошқа вақтларда мубоҳ бўлган сўзларни хуфтондан кейин гаплашиш кароҳиятлидир. Аммо бошқа пайтларда ҳаром ёки макруҳ бўлган сўзларни хуфтондан кейин гаплашиш ундан-да қаттиқ ҳаром ва макруҳдир. Хуфтондан кейин гаплашиш жоиз бўлганлари: илм музокара қилиш, солиҳлар ҳикоясини ва яхши ахлоқларга ундовчи суҳбатларни тинглаш ҳамда меҳмон ва ҳожатманд каби кишилар билан сўзлашишдир. Фавқулодда узрли бўлинганда ҳам кароҳияти йўқ. Балки шу айтилган нарсаларни бу пайтда гаплашиш мустаҳабдир. Бу айтилган нарсалар саҳиҳ ҳадисларда ворид бўлгандир.
1745/1. Абу Барзадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хуфтондан олдин ухлашни ва хуфтондан кейин гапиришни кариҳ кўрардилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1746/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг охирги пайтида хуфтон намозини ўқиб салом берганларидан кейин: «Бу кеча ҳақида хабар беринглар-чи. Бу кечадан юз йил ўтгандан кейин ҳозир ер юзида мавжуд бўлганларнинг бирортаси тирик қолмайди, деб мен хабар бераман», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек, охирги вафот этган саҳоба Абу Туфайл Омир ибн Воилдир. Бу зот Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бу сўзни айтганларидан юз йил ўтгандан кейин бир юз ўнинчи йили вафот этганлар. Яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг ўнинчи йилида бу сўзни айтганлар.
1747/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир кеча саҳобалар Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам (масжиди набавийда) кутиб ўтиришган эди, у зот кечанинг ярмида келиб, уларга хуфтон намозини ўқиб бердилар. Кейин қуйидагича хутба айтдилар: «Огоҳ бўлинг! Албатта одамлар намоз ўқиб бўлиб ором олишмоқда. Сизлар қанча кутган бўлсангиз, ўшанча муддат намозда турган ҳисобланасизлар». Имом Бухорий ривояти.
Фойда: бу икки ҳадисдан хуфтондан кейин яхши сўзларни гаплашиш жоизлиги тушунилади.