287-боб. Судхўрлик улкан ҳаромлардан эканлиги ҳақида
- Душанба, Окт 24 2022
- 95 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Судхўр бўлган кимсалар (қиёмат кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: «Байъ (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку!» деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Бас, кимга Парвардигоридан мавъиза – насиҳат етгач, (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (топширилади). (Яъни, Ўзи хоҳласа, авф қилар.) Ва ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар. Аллоҳ судхўрликнинг (фойдасини) йўқ қилади ва садақаларнинг (фойдасини) зиёда қилади. Аллоҳ ҳар қандай (судхўрликни ҳалол, деб биладиган) кўрнамакни ва (судхўрлик қиладиган) жиноятчини севмайди» (Бақара сураси, 275–276-оятлар);
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз (яъни, одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз)!» (Бақара сураси, 278-оят) деб айтган.
Бу ҳақда машҳур саҳиҳ ҳадислар кўпдир. Юқорида Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган 1613-рақамли ҳадис ҳам бу бобимизга тааллуқлидир.
1614/1. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам судхўрлик ила еювчини ва уни едиргувчини лаънатладилар. Имом Муслим ривояти.
Имом Термизий ва бошқалар ҳам бу ҳадисни ривоят қилиб, «Унинг устида гувоҳ бўлувчини ва ёзув-чизув қилувчини ҳам лаънатладилар»ни зиёда қилишган.