259-боб. Иккиюзламачиликнинг ёмонлиги ҳақида
- Душанба, Окт 24 2022
- 15465 марта кўрилди
Аллоҳ таоло:«Улар (ўзларининг жиноятларини) одамлардан яшира оладилар, аммо Аллоҳдан яшира олмайдилар. Улар (Аллоҳ) рози бўлмайдиган гапларнинг режасини хуфёна тузаётган пайтларида ҳам У Зот улар билан бирга бўлур. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилгувчи-ўраб олгувчи бўлган Зотдир» (Нисо сураси, 108-оят), деб айтган.
1539/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар одамларни конларга ўхшатингларки, уларнинг жоҳилият давридаги яхшилари Исломда ҳам яхшиларидир. Шу шарт биланки, агар улар шариат ҳукмларини билишса. Ва яна инсонларнинг яхшиси раҳбарликни ёмон кўрганларидир. Инсонларнинг ёмони эса иккиюзламачилардир. Улар бир жамоага бир юз билан ва наригисига бошқа юз билан боради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: чунки бошлиқ бўлишни ёмон кўрган киши мабодо бошлиқ қилинса ҳам, у киши Аллоҳнинг чегарасини бузиб ўтмайди. Сабаби – у кишини бошлиқликдан бўшатилиш қўрқитмайди.
1540/2. Муҳаммад ибн Зайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир неча киши Абдуллоҳ ибн Умарнинг розияллоҳу анҳу ҳузурларига келиб: «Бизлар бошлиқларимиз ҳузурига кирамиз. Агар у ердан чиқсак, айтган нарсамизнинг хилофини гапирамиз. Яъни, олдиларида мақтаб, чиққанда ёмонлаймиз», дейишганида, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Биз бунақа ишларни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам замонларида мунофиқлик, деб ҳисоблар эдик», дедилар. Имом Бухорий ривояти.