167-БОБ. Сафарга чиқаётганларнинг ўзларига ҳамроҳ олиб ва бўйсуниладиган бир кишини бошлиқ этиб тайинлашлари маҳбублиги ҳақида
- Шанба, Окт 22 2022
- 15285 марта кўрилди
957/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар инсонлар якка юришнинг зарарини мен билганчалик ҳис қилишганида эди, бирор йўловчи кечаси ёлғиз ўзи юрмас эди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
958/2. Амр ибн Шуъайб оталаридан, оталари эса боболаридан қилган ривоятларида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир йўловчи битта шайтон, икки йўловчи икки шайтон, учтаси эса ҳақиқий йўловчидир», дедилар. Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар ривоятлари.
Бу ҳадисдан сафарда бир ва икки киши бўлса, шайтоннинг ёмонлигидан омон бўлмасликлари мумкинлиги, агар уч ва ундан кўп бўлса, ҳақиқий йўловчи бўлиб, шайтоннинг ёмонлигидан, иншоаллоҳ, омонда бўлишлари тушунилади. Валлоҳи аълам.
959/3. Абу Саид розияллоҳу анҳу ва Абу Ҳурайралардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар уч нафар киши сафарга чиқса, ичларидан битталарини амир (бошлиқ) этишсин», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.
960/4. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳамсафарларнинг яхшиси тўрт ададлигидир. Отлиқларнинг яхшиси тўрт юз ададлигидир. Қўшинларнинг яхшиси тўрт минг ададлигидир. Ўн икки минг қўшин озликдан ҳеч ҳам мағлуб бўлмайди», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.