132-БОБ. Салом беришнинг йўл-йўриғи тўғрисида
- Сешанба, Окт 18 2022
- 75 марта кўрилди
Саломни бошловчи салом берилаётган киши битта бўлса ҳам кўплик олмоши билан: «Ассалому алайкум», дейди. Алик олувчи «вов» ҳарфини зиёда қилиб: «Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу», дейди.
849/1. Имрон ибн Ҳусайндан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Бир киши Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, «Ассалому алайкум», деди. Унга жавоб қайтариб ўтирдилар-да, ўнта савоб, дедилар. Сўнгра бошқа киши келди-да, «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», деди. Унга ҳам жавоб қайтариб ўтирдилар-да, йигирмата савоб, дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келди-да, «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу», деди. Унга ҳам жавоб қайтариб, ўттизта савоб, дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
850/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Жаброил (алайҳиссалом) сенга салом айтди», деганларида, мен ҳам: «Ва алайҳиссалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу» («У зотга ҳам Аллоҳнинг раҳмати, саломи ва баракаси бўлсин»), дедим». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Оиша онамизнинг фазллари, фаришталарнинг одамларга салом йўллаши ва ғойибдан салом айтган кишига жавоб қайтаришнинг шартлиги маълум бўлмоқда.
851/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бирор гап айтсалар, эшитувчи уни англагунича уч марта қайтарардилар. Агар бирор жамоага бориб салом берсалар, уч марта салом берардилар. Имом Бухорий ривоятлари
Фойда: Агар жамоат кўп бўлса шундай қилинади.
852/4. Миқдоддан розияллоҳу анҳу қилинган узун ҳадисда келтирилишича, «Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам сутдан бўлган насибаларини олиб қўйдик. У зот кечаси келиб, уйқудагилар уйғонмайдиган ва уйғоқлар эшитадиган қилиб салом берардилар. Менинг уйқум келмасди. Аммо икки шеригим ухлаб бўлишган эди. Шу куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам келиб, аввал қандай салом берсалар, шу тарзда салом бердилар». Имом Муслим ривоятлари.
853/5. Асмо бинти Язиддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кунларнинг бирида масжиднинг ёнидан ўтаётганларида бир неча аёл ўтирган эди. Уларга қўллари ила ишора қилиб, салом бердилар. Имом Термизий ривоятлари.
Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам лафз ила ишорани жамладилар. Абу Довуддан қилинган ривоят мана шу сўзни қувватлайди.
Фойда: Узоқдаги кишиларга ишора ва лафз ила салом айтиш жоиз. Лекин ишоранинг ўзи билан кифояланиш макруҳдир. Бундай қилишдан бошқа бир ҳадисда ман қилинган. Чунки бундай қилиш мусулмон бўлмаганлар одатларидир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам фитнадан омонда бўлганлари учун аёлларга салом бердилар. Кимда-ким фитнадан омонда бўлишга кўзи етса у кишига ҳам аёлларга салом бериши жоиз. Лекин ўзига ишонмаса салом бермагани афзал.
854/6. Абу Умомадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло наздида одамларнинг олийси саломни (аввал) бошлаганларидир», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
855/7. Абу Журай ал-Ҳужаймийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб: «Алайкассалом, эй Аллоҳнинг Расули», десам, у зот: «Алайкассалом» деб айтмагин. Чунки «Алайкассалом» ўликларнинг саломидир», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.