close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

130-БОБ. Туш ва унга тааллуқли нарсалар тўғрисида

Аллоҳ таоло: «Унинг оятларидан (яна бири) — кечаси ва кундузи ухлашларингиздир» (Рум сураси, 23-оят), деб айтган.
836/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Нубувватликдан ҳеч нарса қолмайди. Фақат башорат берувчи нарса қолади, холос», деганларида, саҳобалар: «Башорат берувчи нарса нима?» дейишди. Шунда у зот: «Яхши туш», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

837/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар охир замон яқинлашса, мўминнинг туши камдан-кам ёлғон бўлади. Ва мўминнинг туши нубувватнинг қирқ олти бўлагидан бир қисмидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятларда: «Туши ростларингиз сўзи ростларингиздир», дейилган.
Фойда: Аллоҳ таоло мўминларга замон фасод бўлганда тасалли бўлиши учун мана шундай неъматларни берди. Имом Муҳаллабнинг айтишларича, пайғамбарлар туши ҳақдир. Мўминларни тушлари ҳам кўпинча ростдир. Чунки шайтон уларни қалбларидан жой эгаллай олмайди. Кофир ва фосиқларнинг туши эса кўпинча ёлғондир. Чунки шайтон уларга ҳукмдордир.

838/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мени тушида кўрса, тез фурсатларда уйғоқ ҳолатида ҳам кўради. Ёки уйғоқликда мени кўрибди. Чунки Шайтон менинг қиёфамга кира олмайди», дедилар.
Фойда: Ким Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам тушида кўрса тез кунларда ўнгида, яъни Қиёматда кўради. Бу ўша туш кўрган киши учун хушхабардир. Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам фақатгина у зотга нисбатан қалбида муҳаббат ва ҳидоятларига эргашганларгина тушида кўради. Албатта тушда Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам кўриш ҳақдир. Бу алғов-далғов тушлар сирасига кирмайди. Чунки шайтон инсон кўзига Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шаклларида кўрина олмайди. Мана шу у зотнинг хусусиятларидандир.

839/4. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз яхши туш кўрса, албатта, у Аллоҳ томонидандир. Бунинг учун Аллоҳга ҳамд айтсин. Ва уни (бошқаларга) айтаверсин. (Бошқа ривоятда: «Яхши кўрган кишисига сўзлайверсин»). Агар бундан бошқаси, яъни ёмон туш кўрса, у ҳақиқатда шайтон томонидандир. У шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ тилаб, тушини ҳеч кимга гапирмасин. Ана шунда у зарар қилмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

840/5. Абу Қатодадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Солиҳ туш (бошқа ривоятда яхши туш) Аллоҳ томонидандир. Ёмон туш шайтон томонидандир. Кимки тушида ёмон нарса кўрса, чап томонига уч марта туфлаб, шайтондан паноҳ тиласин. Чунки ана шундай қилса, у зарар бера олмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

841/6. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз тушида ёмон нарсани кўрса, чап томонига уч марта тупурсин. Ва уч марта Аллоҳ номи ила шайтондан паноҳ тиласин. Ҳамда ётган томонидан бошқа тарафга бурилиб ётсин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

842/7. Абуласқаъ Восила ибн Асқаъдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ёлғонларнинг энг каттаси — кишининг ўз отасидан бўлак одамни ўз отам, деб даъво қилмоғи ёки ўзи (тушида) кўрмаган нарсани кўрдим, дейиши ёки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтмаган нарсани айтдилар, дейишидир», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase