close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

127-БОБ. Ухлаш, ётиш, туриш, ўтириш, бирга ўтириш ва туш кўриш одоблари ҳақида

812/1. Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ алайҳиссалом менга: «Агар тўшагингга келсанг, ўнг томонингга ёнбошлаб: «Аллоҳумма асламту нафсий илайка ва важжаҳту важҳий илайка ва фаввазту амрий илайка ва алжа`ту зоҳрий илайка, роғбатан ва роҳбатан илайк, ла малжа`а ва ла манжа минка илла илайк, аманту бикитабикаллазий анзалта ва набиййикаллазий арсалта», деб айт», дедилар. (Маъноси: Аллоҳим, нафсимни Сенга таслим этдим. Ва юзимни сенга қаратдим. Ишимни Сенга топширдим. Сенинг неъматингга рағбат қилиб, ғазабингдан қўрқиб, Сенга суяндим. Сендан бошқа қочадиганим ҳам, нажот топадиганим ҳам йўқ. Нозил қилган китобларингга ва юборган пайғамбарларингга иймон келтирдим.) Имом Бухорий мана шу лафз ила ривоят қилганлар.

813/2. Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ алайҳиссалом менга: «Агар ётоғингга борсанг, намозга таҳорат қилганингдек таҳорат қил, сўнг ўнг томонингга ёнбошлаб: «Аллоҳумма асламту нафсий илайка ва фаввазту амрий илайка ва алжа`ту зоҳрий илайк, роғбатан ва роҳбатан илайк, ла малжа`а ва ла манжа минка илла илайк, аманту бикитабикаллазий анзалта ва набиййикаллазий арсалта», деб айт. Ётишдан олдин охирги айтадиганинг шу бўлсин», дедилар. (Маъноси: Аллоҳим, нафсимни Сенга таслим этдим. Ишимни Сенга топширдим. Сенинг неъматингга рағбат қилиб, ғазабингдан қўрқиб, Сенга суяндим. Сендан бошқа қочадиганим ҳам, нажот топадиганим ҳам йўқ. Нозил қилган китобларингга ва юборган пайғамбарларингга иймон келтирдим.) Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари

814/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кечалари ўн бир ракат намоз ўқирдилар. Агар субҳ кирса, икки ракат енгил намоз ўқиб олардилар. Кейин муаззин келиб, жамоат жам бўлди деб айтгунича, ўнг томонларига ёнбошлаб турардилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

815/4. Ҳузайфадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кечаси ётоқларига ётсалар, қўлларини чаккалари остига қўйиб «Аллоҳумма бисмика амуту ва аҳйа», деб айтардилар. (Маъноси: Аллоҳим, Сенинг исминг билан тириламан ва ўламан.) Уйғонганларида: «Алҳамду лиллаҳиллазий аҳйана баъда ма аматана ва илайҳин нушур», деб айтар эдилар. (Маъноси: Бизни ўлдиргандан кейин тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ва биз Унгагина қайтамиз.) Имом Бухорий ривоятлари

816/5. Яъиш ибн Тихфа ал-ўифорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Отам менга қуйидагиларни айтиб бердилар. Бир куни мен масжидда қорнимни ерга қаратиб ётган эдим, ногаҳон бир киши келиб, оёғи билан мени туртди-да: «Албатта, бу ётиш Аллоҳнинг ғазабини келтиради», деди. Ўгирилиб қарасам, у гапираётган киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам эканлар. Абу Довуд ривоятлари.
Фойда: Қоринни ерга қаратиб ётишдан қайтарилган.

817/6. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир ўринга ўтирсаю Аллоҳни зикр қилмаса, у учун Аллоҳ томонидан нуқсон етади. Ким бир ўринга ёнбошласаю Аллоҳни зикр этмаса, унга ҳам Аллоҳ томонидан нуқсон етади», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.
Фойда: Ҳар бир мажлисда Аллоҳни зикр қилиб юришга тарғиб ҳамда Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолишдан огоҳлантириш бор.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase