101-БОБ. Таомни айбламай, уни мақташнинг маҳбублиги ҳақида
- Якшанба, Окт 16 2022
- 81 марта кўрилди
734/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳеч вақт таомни айбламадилар. Агар иштаҳалари бўлса, ундан едилар. Агар кўнгиллари тусамаса, уни тарк қилдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам эргашган ҳолда мусулмон киши таомни айбламаслиги лозим. Чунки таомни айб-лаш мутакаббирлик ва ҳаддан ошишлик белгисидир.
735/2. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам аҳлияларидан нонхўрак сўрадилар. Шунда улар: «Бизда фақат сирка бор», дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уни келтиришни буюрдилар. Ва уни еятуриб: «Мунча ҳам яхши бу нонхўрак сирка, мунча ҳам яхши бу нонхўрак сирка», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
Фойда: Озгина егулик нарса олиб келинса ҳам уни мақтаб қўйишнинг маҳбублиги аён бўлмоқда.