close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

86-БОБ. Аҳдга вафо қилиш ҳамда ваъда қилган нарсани кечиктирмай бажаришнинг фазилати ҳақида

Аллоҳ таоло: «Аҳдга вафо қилинглар. Зеро аҳд-паймон (Қиёмат куни) масъул бўлинадиган ишдир» (Исро сураси, 34-оят).

«Аҳд-паймон берган вақтларингизда Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз» (Наҳл сураси, 91-оят).

«Эй мўминлар, аҳдларга (ўзаро келишган битимларга) вафо қилингиз« (Моида сураси, 1-оят).

«Эй мўминлар, нега сизлар ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар? Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)» (Саф сураси, 2-3-оятлар), деб айтган.

688/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқнинг аломати учтадир. Агар сўзласа, ёлғон гапиради. Агар ваъда берса, унга хилоф қилади. Агар омонат қўйилса, хиёнат қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Муслим ривоятларида эса: «Агар рўза тутиб, намоз ўқиб, ўзнинг мусулмон эканини гумон қилса ҳам...» деб зиёда қилганлар.

689/2. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимда тўрт хислат бўлса, ҳақиқий мунофиқдир. Демак, кимда мана шу хислатлардан бирортаси бўлса, уни тарк қилгунича, унда нифоқлик бордир. Агар омонат берилса, хиёнат қилади. Гапирса, ёлғон сўзлайди. Аҳдлашилса, шартнома тузилса, устидан чиқмайди. Хусуматлашилса, бузуқлик қилади», деганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

690/3. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Агар Баҳрайндан мол келса, шунча, шунча ва шунча бераман», деб икки ҳовучларини кўрсатдилар. У мол ҳали келмай туриб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Қачонки  Баҳрайндан мол келганида, Абу Бакр розияллоҳу анҳу жарчиларга буюрдилар. Жарчилар эса: «Кимнинг Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам олган ваъдаси ёки берган ваъдаси бўлса, бизнинг ҳузуримизга келсин», дейишди. Кейин мен Абу Бакрнинг розияллоҳу анҳу ҳузурига бориб: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга шунча ва шунча нарсаларни ваъда қилгандилар», дедим. Бас, Абу Бакр розияллоҳу анҳу менга бир ҳовуч олиб бердилар. Уни санасам, беш юз дона экан. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Яна икки ҳисса олгин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase