84-БОБ. Ҳаё ва унинг фазилати ҳамда унга одатланмоққа тарғиб қилиш ҳақида
- Якшанба, Окт 16 2022
- 95 марта кўрилди
680/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ансорий бир киши олдидан ўтаётгандилар, у ансорий биродарига насиҳат қилиб турган экан (яъни жуда қаттиқ ҳаёли бўлма! Ўзингга қийин бўлади, деб). Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Буни ўз ҳолига қўйгин. Чунки ҳаё иймондандир (яъни иймони бор кишининг ҳаёси бўлади)», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Ҳаё иймонни мукаммаллигидандир. Чунки ҳаёли киши ёмон амалларни қилишдан ўзини тўхтатади. Ҳаё тоатга ундайди. Ҳаё инсон хилқатида бор бўлган ғариза бўлиб, хулқланиш, уни касб қилиш ва шариат одобларига амал қилиш орқали кучайтирилади.
681/2. Имрон ибн Ҳусайндан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё ҳамиша яхшилик олиб келади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг ривоятларида: «Ҳаёнинг ҳаммаси хайрлидир», дейилган.
682/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Иймоннинг етмиш нечта ёки олтмиш нечта ҳам бўлаги (шўъбаси) бордир. Уларнинг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир. Энг пасти йўлдан азият берувчи нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам ўша иймон бўлакларидан биридир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
683/4. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам парда ортидаги бокира қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Агар у зот бирор нарсани кариҳ кўрсалар, биз у зотнинг юзларидан билиб олар эдик. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Уламолар: «Ҳаё бир хулқдирки, кишини ёмон иш қилгани қўймайди. Ҳамда ҳақдорнинг ҳаққини адо қилишда пайдо бўладиган сустликдан ман қилади», дейишган.
Абулқосим Жунайд айтадилар: «Ҳаё — Аллоҳнинг неъматларини ва ўзининг шукридаги қусурликни ҳис этишдир. Буларнинг ўртасидаги бир ҳолат юзага келадики, у ҳаё деб номланади. Валлоҳи аълам».