close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

81-БОБ. Амирликни ўзи сўраб курсига ўтиришдан қайтариш ҳамда тайин этилмаса ёки мажбурият бўлинмаса, уни тарк қилишнинг афзаллиги

Аллоҳ таоло: «Биз ўша Охират диёрини Ер юзида зулму зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилгувчи кишиларникидир» (Қасос сураси, 83-оят), деб айтган.

673/1. Абу Саид Абдураҳмон ибн Самурадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Абдураҳмон ибн Самура, амирликка ўзинг талабгор бўлма! Чунки ўзинг талабгор бўлмасдан, сени амир этсалар, у ҳолда Аллоҳ Ўзи сенинг мададкоринг бўлади. Агар ўзинг талабгор бўлиб, амир бўлсанг, бу ҳолда Аллоҳ ўзингга топшириб қўяди. Ва яна агар сен бир нарсага қасам ичсанг, кейин яхшилик унинг аксида бўлса, ўша яхшисини ихтиёр қилгин-да, бузган қасамингнинг каффоратини бергин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

674/2. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Зарр, мен сени бечораҳол киши, деб биламан. Ўз нафсимга нимани яхши кўрсам, сенга ҳам ўша нарса бўлишини яхши кўраман. Сенга насиҳатим шуки, ҳеч ҳам икки киши устидан бошлиқ бўлма. Ва ҳаргиз етимнинг моли топширилса, уни ола кўрма», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

675/3. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени ҳам бирор ерга бошлиқ қилмайсизми?» деганимда, у зот қўллари билан елкамга уриб: «Эй Абу Зарр, сен бечораҳол бир кишидирсан. Бошлиқлик бу дунёда омонат, Қиёматда эса хўрлик ва надоматдир. Фақатгина ким ҳақ йўл билан уни қўлга киритиб, ҳаққини яхши суратда адо этса, хўрлик ва надомат йўқдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

676/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар амир (бошлиқ) бўлишга кўп рағбат қиласизлар. Ваҳоланки бошлиқлик Қиёмат куни надоматдир», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase