close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Талхийсу китаб Ал - Мавзуъот ли Ибн Жавзий

Ушбу китоб Ибн Жавзий қаламига мансуб “Ал-Мавзуъот” асарининг Шамсуддин Заҳабий томонидан ёзилган қисқача баёнидир. Китобнинг тўлиқ номи “Талхийсу китаб “Ал - Мавзуъот” ли Ибн Жавзий”дир. Бу китобда аллома Заҳабий Ибн Жавзийнинг китобидаги уйдирма ҳадисларни мухтасар ҳолда келтирган. Аллоҳ таоло ушбу ишимизни барчамиз учун манфаатли қилсин.

Тавҳид

1. Отнинг тери ҳақидаги ҳадис. Бу ҳадисни тўқиганни Аллоҳ лаънатласин.
2. “Кимки “Қуръон махлуқдир” деса, у кофирдир” деган ҳадиснинг ботил йўл билан ривоят қилингани.
3. Иброҳим ибн Муҳожир Умар ибн Ҳафсдан, у мавло Ҳарақадан, у эса Абу Ҳурайрадан ривоят қилган “Албатта, Аллоҳ Тоҳо ва Ёсин сураларини қироат қилди” деган ҳадис. Муаллиф бу ҳадисни тўқима деган. Ибн Ҳиббон ҳам шу гапни айтган.
4. Агар Аллоҳ ғазабланса, ваҳийни араб тилида нозил қилади, агар рози бўлса, ваҳийни форс тилида нозил қилади.
5. Аллоҳга тилларнинг энг ёқимсизи форс тилидир. Бу ҳадисни Исмоил ибн Зиёд тўқиган.
6. Аллоҳ барча Пайғамбарларга ваҳийни фақат араб тилида нозил қилган. Кейин Пайғамбарлар уни ўз тилларида қавмларига етказганлар. Бу ҳадиснинг санадида Сулаймон ибн Арқам, Аббос ибн Фазл Ансорийлар бор.
7. Али ибн Осим Фазл ибн Исо Раққошийдан, у Ибн Мункадирдан, у эса Жобирдан марфуъ ҳолда ривоят қилган “Аллоҳ Тур куни Мусога гапирганда” деб бошланадиган ҳадис. Язид ибн Ҳорун айтади: “Биз Алининг ёлғончилигини аввалдан билиб келганмиз. Ҳозир ҳам биламиз”.
8. Бакр ибн Зиёд Боҳилий деди: “Бизга Ибн Муборак ҳадис айтди. У Саъид ибн Қатодадан, у Зурора ибн Авфодан, у эса, Абу Ҳурайрадан марфуъ ҳолда ривоят қилган “Исроъ кечаси Жаброил мени Иброҳимнинг қабри ёнидан олиб ўтаётганда, менга “Туш. Мана бу ерда намоз ўқи” деди. Кейин унинг қабри ёнидан олиб ўтди. Бироздан кейин яна менга: “Туш. Биродаринг Исо туғилган мана бу ерда намоз ўқи” деди. Кейин мени катта ҳарсанг тошнинг олдига олиб бориб, “Эй Муҳаммад, Роббинг самога мана шу ердан кўтарилган” деди”, деган ҳадис. Бакр дажжолдир.
9. Бишр ибн Амморадан, у Абу Равқдан, у Атийядан, у Абу Саъиддан марфуъ ҳолда ривоят қилган “Агар жинлар, инслар ва фаришталар илк яратилганларидан тортиб барчалари бир саф бўлишса ҳам Аллоҳни иҳота қила олишмайди” деб бошланадиган ҳадис.
10. Қосим ибн Иброҳим Мултий айтади: “Бизга Лавийн айтди”. У айтади: “Бизга Сувайд ибн Абдулазиз Ҳумайддан, у эса Анасдан марфуъ ҳолда қуйидаги ҳадисни ривоят қилди: “Роббим мени исроъ қилдирганда мен Роббимни кўрдим. Ўртамизда ўтдан бўлган парда бор эди. Шунда мен Ундаги ҳамма нарсани, ҳатто дурдан бўлган махсус тожни ҳам кўрдим”. Қосим каззобдир.
11. Санадида Ҳабиб ва Абу Ҳабиб бўлган ушбу ҳадис: “Албатта, Аллоҳ билан Унинг халқи орасида етмиш мингта парда бордир”.
12. Аллоҳ таоло билан Арш атрофидагилар орасида нурдан бўлган етмишта, зулматдан бўлган етмишта ва яна фалон нарсалардан бўлган етмишта парда бордир. Бу ҳадисни тўқиганликда айбланган шахс – Абдулмунъим ибн Идрисдир.
13. Албатта, Аллоҳнинг бир томони дурдан, бошқа томони ёқутдан, қалами эса нурдан бўлган бир лавҳи бордир. Ўша лавҳ сабабли бандаларни яратади. Ўша лавҳ сабабли уларга ризқ беради. Бу ҳадиснинг санадида Молик ибн Динордан ривоят қилган Муҳаммад ибн Усмон Ҳаддоний бордир. Ушбу Муҳаммад ҳадисга талофат етказгандир.
14. Қатийъийнинг ҳадиси. Бизга Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Саъид ибн Ҳотим айтди, бизга Иброҳим ибн Исо Қантарий айтди, бизга Аҳмад ибн Абулҳаворий айтди, бизга Валид айтди, бизга Лайс ибн Саъд Зуҳрийдан, у Аъраждан, у эса Абу Ҳурайрадан марфуъ ҳолда ривоят қилди: “Мени Сидратул Мунтаҳогача исроъ қилдирилганда Жаброил мени нурга белади ва мендан узоқлашди. Шунда мен: “Эй ҳабибим Жаброил, сенга ҳар доимгидан ҳам муҳтожроқ бўлиб турганимда мени ташлаб кетасанми?” дедим. У: “Сен Аллоҳга Қобдан Қовсгача яқинсан” деб жавоб берди. Олдимга бир фаришта келиб: “Албатта, Раҳмон ўзини поклаб тасбеҳ айтади” деди. Шунда мен Раҳмоннинг “Субҳаналлоҳи ма Аъзома. Ла илаҳа иллаллоҳ” деяётганини эшитдим”. Бу ҳадиснинг офати Қантарийдир.
15. Аллоҳ таоло айтади: “Мен Азизман. Ким азизликни хоҳласа, Азизга итоат қилсин”. Бу ҳадиснинг санадида каззоб Довуд ибн Аффон бор.
16. Муҳомилийнинг ҳадиси. Бизга Аҳмад ибн Исмоил айтди, бизга Абдулазиз ибн Имрон айтди, у Муовия ибн Абдуллоҳдан, у Жилд ибн Айюбдан, у Муовия ибн Қуррадан марфуъ ҳолда ривоят қилди: “Аллоҳ таоло тоққа тажаллий қилганда, Ўзининг азаматини билдириш учун олтита тоғни яратди. Улардан учтаси Маккадаги Субайр, Ҳиро, Савр тоғлари. Қолган учтаси Мадинада”. Ровийлар Мадинадаги тоғлар номини тарк қилганлар.       
17. Абу Мисҳарнинг ҳадиси. Бизга Холид ибн Язид ал-Маррий айтди. У Талҳа ибн Амрдан, у Атодан, у Ибн Аббосдан марфуъ ҳолда ривоят қилади: “Аллоҳ Мусо билан гаплашган куни яратилган тоғлар еттита бўлиб, шулардан баъзиси Ҳижозда, баъзиси Яманда жойлашгандир. Мадинадагиси эса, Уҳуддир”.
18. Ҳаммод ибн Салама Собитдан, у Анасдан марфуъ ҳолда ривоят қилади: “Робби тажаллий қилган пайтда жимжилоғини чиқарди”.
19. Аллоҳ ҳар жума кечаси дунё осмонига олти юз мингта фаришта билан тушади. Кейин нурдан бўлган курсига ўтиради. Олдида эса лавҳ бўлиб, унда Аллоҳни кўрадиган кишиларнинг исмлари, қай тарзда, қандай суратда кўришлари ёзилган бўлади. Аллоҳ таоло ўша бандалари билан фаришталарига мақтанади. Бу ҳадисни Абу Саодот Аҳмад ибн Мансур тўқиган. У бизга буни Али ибн Иброҳим айтган, унга эса Табароний айтган деган.   
20. Албатта, Аллоҳнинг тушиши, аслида иқбол қилишидир. Ростдан тушиш эмас.
21. Арафа куни кеч кирганда Аллоҳ осмонга тушади ва “Мени зиёрат қилувчилар, хуш келибсизлар” дейди. Кейин Арафотга тушади ва ўша ердагиларнинг барчаларини мағфират қилади. Муздалифага кетишаётганда У зот уларнинг йўлбошчилари бўлади. Ўша кеча осмонга кўтарилмайди. Бошқа ривоятда қуйидагича келган: “Мен Роббимни қизил тоғ тепасида кўрдим. Устида иккита изори бор эди. У зот шундай деяётган эди: “Афв қилдим. Кечирдим. Фақатгина бандаларнинг бир-бирига қилган зулмлари бундан мустасно. Муздалифа кечаси бўлганда У зот самога кўтарилмайди”.
22. Умму Туфайлнинг ҳадиси. У тушида Роббисини келишган, ёшгина йигит суратида кўрди.
23. Агар Аллоҳ ғазабланса, фаришталар қуролланиб олишади. У зот болаларга назар солганда, улар Қуръон ўқишаётган бўлишса, У зот рози бўлади.
24. Агар ғазабланса, шишиб кетади. Ҳатто кўтарувчи фаришталарга ҳам оғирлик қилади.
25. Абу Салт Ҳиравийнинг ҳадиси. У Ризодан, у эса отасидан ривоят қилади: “Иймон қалбда маърифат билан, тилда сўз биландир”.
26. Иймон зиёда ва ноқис бўлади.
27. Эй Расулуллоҳ, иймон зиёда бўладими? Йўқ, унинг зиёда бўлиши куфр, ноқислиги эса, ширкдир.  
28. Иймон зиёда ҳам, ноқис ҳам бўлмайди.
29. Икки тоифа борки, уларга менинг шафоатим етмайди. Улар Муржиалар ва Қадариялардир.
30. Иймонда истисно қилиш банда иймонининг тўкислигидандир.
31. Ширк билан ҳеч нарса фойда бермаганидек, иймон билан ҳеч нарса зарар бермайди.
32. Қиёмат куни ислом дини устига ридо кийган киши суратида тирилтирилади. У Роббнинг ҳузурига боради ва: “Эй Роббим, Сендан чиққан эдим. Яна Сенга қайтаман. Ўзим хоҳлаган кишиларни шафоат қилишга менга изн бер” дейди.
33. Кимнинг қўлида бир киши исломни қабул қилса, ўша кишига жаннат вожиб бўлади.
34. Агар муҳаррам ойида Ой тутилса, бало ва уруш бўлади. Агар сафар ойида Ой тутилса, ёмғир ва сувлар оз бўлади.
35. Икки ой олтмиш кун бўлиб тўлмайди.
36. Муоздан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга жўнатаётганларида шундай дедилар: “Албатта, сен аҳли Китоб бўлган қавмга кетяпсан. Агар улар сендан ҳовуз ҳақида сўрасалар, уларга хабар бергинки, у ҳовуз Аршнинг тагидаги катта илоннинг теридан пайдо бўлгандир”. Бошқа ривоятда: “Эй Муоз, албатта, мен сени аҳли Китобга юборяпман. Агар сендан ҳовуз ҳақида сўрасалар, у Арш остидаги катта илоннинг сўлагидан пайдо бўлгандир, деб айт” дейилган.
37. Агар йил бошида осмонда камалак кўринса, шу йил мўл-кўл ҳосил бўлади. Агар камалак йилнинг охирида кўринса, шу йил ғарқ (сув остида қолиш, сувга чўкиш)дан омонлик йили бўлади.
38. Бир яҳудий келди ва: “Эй Муҳаммад, менга Юсуф тушида унга сажда қилиб турганини кўрган юлдузлар ҳақида хабар бер. У юлдузларнинг исмлари нима?” деб сўради. Шунда у зот: “Хурсон, Ториқ, Зайёл, Зулканафон, Зулфарағ, Висоб, Амудон, Қобис, Соруҳ, Масбаҳ, Фалиқ, Зиё, Нур” деб жавоб бердилар.
39. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Дунё осмонида бир уй бўлиб, уни “Байтул Маъмур” (Обод Уй) дейилади. У Каъбанинг рўпарасида жойлашгандир. Тўртинчи осмонда бир дарё бўлиб, уни Ҳайвон деб аталур. У ерга ҳар йили Жаброил кириб, ўша дарёга кўмилиб, кейин силкинади. Шунда ундан етмиш мингта томчи томади. Аллоҳ ўша томчиларнинг ҳар биридан “Байтул Маъмур”га келиб, у ерда намоз ўқийдиган бир фаришта яратади. У фаришталар “Байтул Маъмур”дан чиққанларидан сўнг, ҳеч қачон у ерга қайтиб келмайдилар”.
40. Уҳуд жаннат рукнларидан бир рукндир.
41. Уҳуд ва Лубнон жаннат тоғларидандир. Жаннатнинг тўртта уруши: Бадр, Уҳуд, Хандақ, Ҳунайндир.
42. Албатта, Аллоҳнинг қуруқликда шайтонлари бордир.
43. Икки қўл хабар келтирувчи қанотдир. Талоқ кулгидир. Ўпка ҳаводир. Буйрак макрдир. Жигар раҳматдир. Қалб подшоҳдир. Агар қалб бузилса, аскарлари ҳам бузилади. Агар қалб соғлом бўлса, аскарлари ҳам соғлом бўлади.
44. Жобирдан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Шу пайт ансорлардан бир киши келди ва: “Менинг ўғлим томимиздан тарновга қараб аста-секин судралиб боряпти. Аллоҳга дуо қилинглар, уни ота-онасига қайтариб берсин” деди. Шунда Набий алайҳиссалом “Туринглар” дедилар. Кейин: “Том устига бир бола қўйинглар дедилар. Улар бир болани қўйишди. У ҳалиги томдаги болани чақирди. Тарновга етай деб қолган бола ортга қайтиб, кейин чиққан боланинг олидаг келди ва иккови кўришди. Кейин бола аста ота-онаси томон судралиб келди. Ота-онаси дарҳол уни олишди. Сўнгра Пайғамбар алайҳиссалом: “Бу бола нима деганини биласизларми?” деб сўрадилар. У ерда турганлар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ” дейишди. У зот ҳалиги боладан: “Нега ўзингни хатарга қўйиб, ўлдирмоқчисан?” деб сўрадилар. Шунда ҳалиги бола: “Гуноҳлардан қўрқаман” деб жавоб берди. Буни эшитган Пайғамбар алайҳиссалом: “Эҳтимол, исмат сенга йўлиқиб қолар” дедилар. Бола эса: “Қанийди!” деди ва томдан тушиш учун аста судрала бошлади”.
 45. Қайси бир уй аҳли орасида пайғамбар исми билан аталадиган киши бўлса, Аллоҳ уларга бир фариштани эрталаб ва кечқурун эҳтиром қилиши учун юборади.  
46. Кимнинг учта фарзанди бўлса-ю, улардан бирортасига Муҳаммад деб исм қўймаса, аниқ жоҳиллик қилибди.
47. Кимнинг учта фарзанди бўлса-ю, улардан бирортасига Муҳаммад деб исм қўймаса, бу иши фарзандларига нисбатан жафодир. Агар улардан бирортасига Муҳаммад деб исм қўйсангиз, бас, уни сўкманглар, ҳақорат қилманглар, унга нисбатан қўполлик қилманглар, уни урманглар, балки, унинг ҳурматини жойига қўйиб, улуғланглар.
48. “Бирортангизнинг аёлингиз ҳомиладорми?” Шунда бир киши: “Менинг аёлим ҳомиладор” деди. У зот: “Уйингга қайтганингда, аёлингининг қорнига қўлингни қўйиб, болани Муҳаммад деб атагин. Шунда Аллоҳ уни ўғил қилиб қўяди” дедилар.
49. Менинг исмим билан аталган бола яшайдиган уйга фақирлик кирмайди.
50. Бир қавм маслаҳатга тўплансалар, ораларида Муҳаммад исмли киши бўлса-ю, уни ўз маслаҳатларига қўшишмаса, ўша маслаҳатларига баракот берилмайди.
51. Умматимдан бир кишига Аллоҳ ўғил берса-ю, уни Муҳаммад деб номласа, қиёмат куни икки ёни безатилган, жилови марвариддан, бошида нурдан бўлган тожи бор туянинг устида тирилтирилади.
52. Мен исми Аҳмад ёки Муҳаммад бўлган кишини дўзахга киритмайман деб қасамёд қилдим.
53. Кимки ўғил фарзанд кўрса-ю, уни табаррукан Муҳаммад деб номласа, у ҳам, ўғли ҳам жаннатда бўлади.
54. Бирорта мумулмон киши аёлига яқинлашар экан, агар хотиним ҳомиладор бўлса, исмини Муҳаммад қўяман деб ният қилса, Аллоҳ ўша ҳомилани ўғил қилиб қўяди.
55. Масжид ва мусҳафни “мусайжид” ва “мусайҳиф” деб атаманглар. У зот исмларни кичрайтириб айтишдан қайтардилар.
56. Фарзандларингизга тезроқ куня қўйиб олинглар. Лақаблар устунлик қилиб қолмасин.
57. Аллоҳ кимга гўзал юз, гўзал исм берса ва уни шармандали, иснодли бўлмаган, яхши ўринга қўйса, демак, уни халқлари орасидан танлаб олибди.
58. Агар менга бир хабарчи жўнатсангизлар, юзи ва исми чиройли кишини юборинглар.
59. Ўзингизга юзи чиройли ва кўзлари қорасини лозим тутинглар. Чунки, Аллоҳ хушсурат бандасини дўзахга ташлашдан ҳаё қилади.
60. Мовийранг баракадир.
61. Чиройли юзга қараш кўз нурини равшанлаштиради.
62. Уч нарса кўзни ўткир қилади: яшилликка қараш, оқиб турган сувга қараш, чиройли юзга қараш.
63. Аллоҳ бар кишининг хулқини ва хилқатини гўзал қилиб, кейин уни дўзахга емиш қилмайди.
64. Мўмин киши икки нарсанинг бирини йўқ қила олмайди: ё юздаги хунукликни, ёки молдаги етишмовчиликни.
65. Соқолнинг камлиги кишининг саодатидандир.
66. Алабатта, Аллоҳ бошлардаги сочнинг йўқлиги (бошнинг каллиги) сабабли бир қавмни гуноҳлардан поклайди. Уларнинг биринчиси Алидир.
67. Буруннинг ичида тукларнинг ўсиши жузом (мохов) касаллигининг илк белгисидир.
68. Ҳар бир нарсанинг маъдани, кони бор. Тақвонинг кони оқилларнинг қалбларидир.
69. Албатта, бир киши Аллоҳ йўлида курашган ва кўп намоз ўқийдиган бўлиши мумкин. Лекин, ақлининг миқдорича мукофотга эга бўлади.
70. Ақл уч қисмга бўлингандир. Кимда ўша уч қисм бўлса, ақли комил, маърифати, тоати ва сабри гўзал бўлади.
71. Пайғамбар алайҳиссаломга бир кишининг ибодати ҳақидаги хабар етса, ўша кишининг ақли қандайлиги ҳақида сўрар эдилар.
72. Аллоҳ таоло ақлни яратганда, унга “Тур!” деди. Бас, ақл турди.
73. Бир киши ибодатхонасида ибодат қилаётган эди. Ўша ерда ўтлар ўсиб ётганди. Қараса, унинг эшаги ўтлаб юрган экан. У одам: “Эй Роббим, агар Сенинг ҳам эшагинг бўлганда, ўзимнинг эшагимга қўшиб, уни ҳам ўтлатиб берардим” деди. Бу гап Бани Исроил пайғамбарларидан бирига етиб борди. Ўша пайғамбар ҳалиги одамни дуойибад қилмоқчи бўлди. Шунда Аллоҳ мазкур пайғамбарга “Мен бандаларга фақатгина ақллари миқдорича мукофот бераман” деб ваҳий юборди.
74. Бола етти ёшгача подшоҳдир. Кейинги етти ёшгача вазирдир. Ундан кейинги даврларда менга қиладиган ёрдамига рози бўлсам, бўлдим, акс ҳолда, ўзим уни боқиш учун меҳнат қиламан, бу борада боламнинг узрини қабул қилиб, уни кечираман.
Кексалик
75. Аллоҳ таоло деди: “Мен қулларим ва чўриларимдан исломда сочлари оқарганларини дўзахда азоблашдан ҳаё қиламан”.
76.  Ким қирқ йил умр кўрса-ю, яхшиликлари ёмонликларидан ғолиб келмаса, дўзахга тайёрланаверсин!
77. Бирор киши исломда қирқ йил яшаса, Аллоҳ ундан жиннилик ва песликни буриб юборади. Агар ёши элликка етса, Аллоҳ унинг ҳисоб-китобини осон қилади. Агар олтмишга етса, Аллоҳ унга инобат (чин тавба)ни ризқ қилиб беради. Агар етмишга етса, Аллоҳ ва само аҳли уни яхши кўради. Агар саксонга етса, Аллоҳ унинг яхшиликларини собит қилиб, ёмонликларини ўчиради. Агар тўқсонга етса, унинг аввалги ва кейинги гуноҳлари кечирилади ҳамда уни Аллоҳнинг ердаги асири деб аталади.
78. Ушбу умматдан кимки саксонга етса, у Аллоҳга рўпара қилинмайди, ҳисоб-китоб қилинмайди. Унга “Жаннатга кир!” дейилади.
79. Эй Аллоҳ, ўзим кексайиб қолиб, умрим тугаш арафасида ризқимни кенг қилгин!
80. Ким исломда кексайган кишини икром қилса, худди Нуҳни икром қилгандек бўлади. Ким қавмидаги Нуҳни икром қилса, Аллоҳни икром қилган бўлади.
81. Кексаларни улуғланглар! Чунки, кексаларни улуғлаш Аллоҳни улуғлаш тоифасидандир.
82.  Уйидаги кекса худди қавмидаги пайғамбар кабидир.
83.   
84. Бадбашара ҳайвонларга айланиб қолганлар ҳақида сўралди. У зот: “Улар ўн иккита: фил, айиқ, чўчқа, маймун, қуён, зобб, кўршапалак, чаён, ўргимчак, даъмус, суҳайл, зуҳра. Филга айланиб қолган киши золим, баччабоз эди. Айиққа айланиб қолган киши эркакларни ўзига чорловчи фоҳиша эди. Чўчқа насоролардан бир қавм эди. Улар осмондан дастурхон тушишини сўрашди. Кейин кофир бўлишди. Маймун шанба куни ҳаддан ошган яҳудийлар эди. Қуён ҳайздан ҳам, бошқа нопокликлардан ҳам тозаланмайдиган бир аёл эди. Зобб бир аъробий бўлиб, ҳожиларнинг буюмларини қўлидаги узун илмоғи билан ўғирлар эди. Кўршапалак меваларни ўғирлайдиган киши эди. Чаён тилидан ҳеч ким саломат бўлмайдиган бир киши эди. Ўргимчак эрини сеҳрлаган аёл эди. Даъмус чақимчи одам эди. Суҳайл солиқ йиғувчи киши эди. Зуҳра Бани Исроил подшоҳларидан бирларининг қизи эди. Ҳорут ва Морутни фитнага солган ҳам ўша қиз эди”.
85. Ибн Умар билан бирга сафар қилдим. Кечанинг охири бўлганда, “Эй Нофеъ, Ҳамро юлдузи чиқибдими?” деб сўрадилар. Мен “Йўқ” деб икки ёки уч марта айтдим. Кейин “Ана чиқди” дедим. У киши: “Хуш келмадинг, эй Ҳамро” дедилар. Мен “Субҳаналлоҳ. Ахир бу ёрқин ва равшан юлдуз-ку!” дедим. У зот “Бу гапни бекорга айтмадим. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман. У зот шундай деганлар: “Фаришталар Аллоҳдан сўрашди: “Одам боласининг хато ва гуноҳларига қандай сабр қиласан?” Аллоҳ таоло деди: “Мен уларни имтиҳон қилдим, сизларга офият бердим”. Шунда фаришталар Ҳорут ва Морутни танладилар. У иккиси ерга тушишди. Аллоҳ уларга шаҳвонийлик ҳиссини берди. Тўсатдан Зуҳра исмли бир аёл келди. Иккисининг қалбларига ўрнашди. Уларнинг ҳар бирлари ичидаги нарсани шеригидан яшира бошлади. Кейин икковлари ўзаро келишиб, ўша аёлни биргаликда талаб қилдилар. Аёл “Менга сизларни осмонга кўтарадиган ва туширадиган исмни ўргатмагунингларча сизларга имкон бермайман” деди. Улар буни айтишдан бош тортдилар. Яна у аёлни талаб қилдилар. Аёл ҳам бош тортди. Охири у сўраган нарсани айтдилар. Аёл осмонга кўтарилгач, Аллоҳ уни юлдузга айлантириб қўйди. Икки фариштанинг қанотларини узиб ташлади. Кейин икковлари тавба қилишди. Аллоҳ таоло деди: “Агар истасангиз сизларни аввалги ҳолингизга қайтараман. Қиёмат куни эса икковингизни азоблайман. Агар истасангиз икковингизни бу дунёда азоблайман. Қиёмат куни эса сизларни аввалги ҳолингизга қайтараман”. Улардан бирлари шеригига: “Албатта, бу дунёдаги азоб тугайди, кесилади. Бу дунё азобини танла” деди. Аллоҳ уларга ваҳий қилиб “Бобилга келинглар” деб буюрди. Улар кетишгач, икковларини ерга юттирди. Улар қиёматга қадар осмон ва ер орасида азобланадилар”.
86. Ибн Умар Суҳайл юлдузи чиққанда шундай деди: “Бу солиқ йиғувчи эди. У одамларга зулм қилар, уларни алдар эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло уни юлдузга айлантириб қўйди”.
87. Арилар отнинг бошларидан яратилган. Асалари эса, сигирнинг бошларидан яратилган.
88. Пайғамбар алайҳиссалом қалдирғочларни ўлдиришдан қайтардилар ва ўргимчакларни ўлдиришни буюрар эдилар.
89. Одам Жобия (Дамашқдаги маҳалла ёки ҳовуз) тупроғидан яратилган. Уни жаннат суви билан қорилган.
90. Нуҳ алайҳиссалом бир арслоннинг ёнидан ўтаётганларида уни оёқлари билан тепдилар. Натижада оёқлари тирналди.
91. Яъқуб алайҳиссалом дедилар: “Мен ўзимдаги кучли қизиққонлик ва ғазабимдан Аллоҳга шикоят қиламан”. Шунда Аллоҳ у зотга: “Эй Яъқуб” деб ваҳий қилди.
92. Агар ҳомиладор аёл Юсуф алайҳиссаломни кўрганда, ҳомиласини ташлаган бўларди.
93. Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга гапирган куни у зотнинг устларида жундан тўқилган кийим ва оёқларида ҳаром ўлган эшакнинг терисидан тикилган шиппак бор эди. У зот: “Менга бу дарахтдан иброний тилида гапираётган ким?” деб сўрадилар. Ҳалиги овоз: “Мен Аллоҳман” деди.
94. Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга гапирганда у кишининг олдиларига Жаброил алайҳиссалом жаннат безакларидан иккитаси билан безанган ҳолда, қимматбаҳо тошлар билан безатилган курсини олиб келди ва ўша курсининг устига ўтирди.
95. Пайғамбар алайҳиссалом масжидда ўтирган эдилар. Тўсатдан, ортларидан кимнидир гапирганини эшитдилар. Унинг ким эканлигини кўриш учун кетдилар. Қарашса, у киши Хизр экан.
96. Хизр билан Илёс ҳар йили учрашишади ва бир-бирларининг сочларини олишади. Кейин ушбу сўзларни айтиб ажрашишади: “Бисмиллаҳ, машааллоҳ, яхшиликни фақат Аллоҳ келтиради, ёмонликни фақат Аллоҳ буриб юборади, ҳар қандай неъмат Аллоҳдандир, машааллоҳ, барча куч-қувват фақат Аллоҳдадир”.
97. Арафотда Жаброил, Микоил, Хизр тўпланишади ва Жаброил “Машааллоҳ” дейди.
98. Бир куни Байтни тавоф қилиб турсам, бир одам Каъбанинг асиарларига осилиб олиб: “Эй мени эшитишдан бошқани эшитиш машғул қилмайдиган зот, эй бандаларнинг сўровлари янглиштирмайдиган зот, эй қаттиқ туриб олиб талаб қилувчиларнинг талабидан машаққат чекмайдиган зот, менга афвингнинг совуқлигини, мағфиратингнинг ҳаловатини тоттир” деб дуо қилаётган эди.
99. Риёҳ ибн Убайда айтади: “Мен Умар ибн Абдулазизнинг қўлларига суяниб, ёнма-ён кетаётган бир кишини кўрдим. Бу ҳақида Умар ибн Абдулазиздан сўрасам, у зот: “У одамни кўрдингми, эй Риёҳ?” деб мендан сўрадилар. Мен: “Ҳа” дедим. Шунда у зот: “Мен у одамни солиҳ инсон деб биламан. У киши биродарим Хизрдир. Менга истаганим берилиши ва адолат билан иш олиб бораётганим ҳақида хушхабар берди” дедилар”.
100. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алалйҳи васаллам билан бирга ғазотга чиқдик. Ҳижрдаги Фажжунноқа деган жойга етганимизда, тўсатдан, бир овозни эшитдик. У овоз: “Эй Аллоҳ, мени Муҳаммаднинг маҳрум умматидан қилгин” дер эди. Набий алайҳиссалом менга: “Эй Анас, қарачи, бу овоз нима экан!” деб буюрдилар. Мен тоғнинг ичига кирдим. Қарасам, соч-соқоли оқарган, устида оппоқ кийми бор, бўйи уч юз зироъдан ҳам ортиқроқ бир киши турган экан. У менга қаради ва “Орқангга қайт ва унга мендан салом айт! Унга “Бу одам биродарингиз Илёсдир. Сиз билан учрашишни хоҳлар экан” деб айт!” деди. Шу пайт Набий алайҳиссалом келиб қолдилар. Иккаламиз ҳалиги кишининг ёнига юриб бордик. Унга яқинлашганимизда Пайғамбар алайҳиссалом мендан олдинлаб кетдилар, мен орқароқда қолдим. Кейин икковлари узоқ гаплашишди. Уларга осмондан дастурхонда озиқ-овқатга ўхшаш нарсалар тушди. Икковлари мени чақиришди. Бориб, улар билан бирга таом едим. Ўша дастурхонда қўзиқорин, анор, кашничсимон ошкўки бор эди. Кейин бир булут келиб, ҳалиги кишини кўтариб олиб кетди. Мен у кишининг кийими оқлигига қараб қолдим. Булун у кишини Шом тарафга олиб кетди”.
101. Довуд алайҳиссалом масжидни қурганларида, у йиқилди.
102. Сулаймон алайҳиссалом ҳавода хотиржам турган бир кишини кўрдилар. У одам агар қорни очса, унинг олдига бир қуш таом келтирар эди. Чанқаса, булутдан сув ичар эди.
103. Исо алайҳиссаломни оналари мактабга топширганларида, муаллим у кишига: “БСМ деб ёз!” деб буюрди. Исо алайҳиссалом: “БСМ нима?” деб сўрадилар. Муаллим: “Билмайман” деб жавоб берди. Шунда Исо алайҳиссалом: “Б – Баҳоуллоҳ, С – Саноси (улуғлиги), М - мулки” деб жавоб бердилар.
104. Бир куни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам билан бирга чиройли суҳбат қуриб ўтирган эдик. Тўсатдан, совуқ шабада эсди ва бир нидо эшитдик. Орамиздан кимдир: “Бу нима эй Расулуллоҳ?” деб сўради. Шунда у зот: “Исо ибн Марям менга салом берди” деб жавоб бердилар.
105. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: “Бир аёл жин Набий алайҳиссаломнинг олдиларига келаётган эди. У зотнинг ҳузурларига жуда секин келди. Шунда у зот: “Нега секин келдинг?” деб сўрадилар. Жин: “Ҳинд диёрида бизникилардан биттаси вафот этган эди. Шунинг таъзиясига бордим. Йўлда Иблиснинг катта тош устида намоз ўқиётганини кўрдим. Ундан: “Одамни адаштиришингга сени нима мажбур қилди?” деб сўрадим. У: “Бор, йўлингдан қолма!” деди. Мен: “Сен Иблис бўла туриб намоз ўқияпсанми?!” дедим. У: “Эй бекорчи, мен Роббимдан, агар Унга берган қасамимга содиқ қолсам, мени кечиришини умид қиламан” деди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўша кундагидек кулганларини кўрмаганман”.
106. Набий алайҳиссаломдан Яъжуж ва Маъжуж ҳақида сўралди. Шунда у зот: “Улар ҳар бир умматдан тўрт юз минг умматдир. Киши то ўз сулбидан мингта эркакни кўрмагунча ўлмайди. Уларнинг ҳаммаси қурол кўтариб олган бўлади” дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, бизга уларни сифатини айтиб беринг” дедим. У зот шундай дедилар: “Улар уч синф бўладилар. Бир синфи кедирга ўхшайди”. Мен: “Кедир нима?” деб сўрадим. У зот: “Санавбар номли Шомда ўсадиган дарахт. Узунлиги бир юз йигирма зироъ бўлади. Яна бир синфи қулоғини тагига тўшак қилиб солиб, қолган ярми билан ўраниб ухлайди. Ниманинг ёнидан ўтса, ўша нарсани ейди. Боши Шомда бўлса, оёғи Хуросонда бўлади. Машриқ дарёларини ва Табария кўлини ичадилар” дедилар.
107. Анас айтадилар: “Набий алайҳиссалом билан бирга Макка тоғларидан чиққан эдик. Тўсатдан биз томонга ҳассага суянган бир қария кела бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бу жиннинг юриши ва нағмаси-ку!” дедилар. Ҳалиги қария “Ҳа, тўғри” деди. “сен қайси жин наслидансан?” деб сўрадилар Расулуллоҳ. У “Мен Ҳомма ибн Ҳийм ибн Лоқис ибн Иблисман” деди.
108.
109.
110. Хитойга бориб бўлса ҳам илм ўрганинглар.
111. Одамларнинг илми кўпроғлари ва ўша илмидан жуда оз манфаат оладиганлари Ироқ аҳлидир.
112. Аллоҳнинг тоатида ялангоёқ юрувчи киши уйига хатосиз ҳолда киради. Бошқа бир ривоятда шундай дейилган: “Сизларга қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузуридаги ҳисоби енгил бўладиган кишининг хабарини берайми? Яхшиликлар сари ялангоёқ ва пиёда шошиладиган кишидир”. Яна бир ривоятда бундай дейилган: “Кимки яхшилик сари ялангоёқ юриб борса, гўёки жаннатда юрган, фаришталар унга истиғфор айтаётган, бутун бадан аъзолари эса, тасбеҳ айтаётган бўлади”.
113. Кимки ёшликда илм олса, унинг илми тошдаги нақш кабидир. Кимки кексайганда илм олса, унинг илми сувга ёзилган хат кабидир.
114. Очкўзлик мўминнинг хулқидан эмас. Илло илм талабида бўлса, майли.
115.
116. Эй Аллоҳ, муаллимларнинг гуноҳларини кечир ва умрларини узун қил!
117. Ёш болаларга муаллимлик қилувчи агар уларнинг ўртасида адолат қилмаса, золимлардан деб ёзилади.
118. Эй Аллоҳ, Қуръон кетиб қолмаслиги учун муаллимларнинг гуноҳларини кечир! Дин кетиб қолмаслиги учун уламоларга ёрдам бер!
119. Ёмонларингиз етимларга жуда кам меҳрибонлик қиладиган муаллимларингиздир.
120. Олимнинг мажлисида ўтириш мингта жанозага қатнашишдан, минг ракат намоз ўқишдан, минг марта ҳаж қилишдан, мингта ғазотда иштирок этишдан яхшироқдир.
121. Ҳокимлар ва муаллимлар билан маслаҳатлашманглар. Чунки, Аллоҳ уларнинг ақлларини суғуриб олиб, топаётган молларининг баракасини ўчиргандир.
122. Кимки ҳокимлар илм талаб қиладиган замонга етса, у ердан қочсин, у ердан қочсин!
123. Дажжол чиққанида, унинг ёнида етмиш мингта тўқувчи ҳам бўлади.
124. Кимки “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим” деб ёзса, Аллоҳ унга бир миллионта яхшилик савобини ёзади.
125. Кимки мендан эшитган бир илмни ва у билан қўшиб менга саловот ёзса, доимо ажрда бўлади. Бошқа бир лафзда, фаришта унга доимо истиғфор айтиб туради, дейилган.
126. Пайғамбар алайҳиссалом муаллимнинг ёнидан ўтдилар ва унга: “Болаларнинг ўтинини ишлатишдан, оби нон ейишдан ва Аллоҳнинг Китоби устида шартлашишдан сақлан!” дедилар.
127. Муаллимлар, тарбиячилар ва имомларнинг ҳақ олиши ҳаромдир.
128. Ҳақ эвазига илм олиш ва азон айтишдан қайтардилар. Ким шу ишни қилса, Аллоҳнинг лаънати устида бўлади.
129. Қиёмат куни бўлганда аҳли илмлар учун нурдан бўлган минбарлар қўйилади.
130. Ким Аллоҳ учун илм талаб қилса, илмда ҳар сафар янги бобга етганда нафсида итоаткорлик, инсонларга нисбатан тавозеъ, динда эса ижтиҳод зиёда бўлади.
131. Илмда ўзаро маслаҳатлашиб туринглар. Бир-бирингиздан илмни яширманглар.
132. Дурни, унинг қадрига етмайдиганларнинг бўйнига осиб қўйманглар. Бошқа лафзда, дурни итларнинг оғзига ташламанглар, дейилган.
133. Илмга ёш, ўспирин йигитларни чақиринглар ёки илмга янгиликлардан ҳам қўшиб туринглар ёки илмга ўзгартириш киритиб туринглар.
134. Агар ҳар куни илмни зиёда қилиб бормасам, у кунда ёки у илмда менга барака берилмайди.  
135. Албатта, тоза зилол сув илмни қаттиқ истовчи кишилар учундир.
136. Тўрт киши тўрт нарсадан ҳеч тўймайди: ер ёмғирдан, аёл эркакдан, кўз қарашдан, олим илмдан.
137. Хор бўлган қавмнинг улуғига, фақир қавмнинг бой кишисига ва болалар у билан ўйнашадиган олимга раҳм-шафқат кўрсатинглар.
138. Қўшниларнинг олимлари орасидаги инсонларнинг энг зоҳидроғи, деб бошланадиган ҳадис.
139. Убайнинг ҳадиси: Ким Фотиҳани ўқиса, унга фалон нарса берилади, ким Бақарани ўқиса, деб барча сураларни бирма-бир зикр қилди.
140. Агар Бақара сураси 300 оят бўлиб тугаганда эди, сигир одамлар билан гаплашган бўларди.
141. Ҳар бир фарз намоз орқасидан Оятал Курсийни ўқиш ҳақидаги ҳадис.
142. Ким фарз намоз орқасидан Оятал Курсийни ўқиса, еттита осмон тешилади. Унинг тешиклари тўғриланмайди, ҳатто Аллоҳ уни ўқувчига назар солади ва унинг гуноҳларини кечиради.
143. Кимки ҳар фарз намоздан кейин Оятал Курсийни ўқиса, унга шокирларнинг қалблари, Пайғамбарларнинг савоблари, сиддиқларнинг амаллари берилади.
144. Албатта, Оятал Курсий, Фотиҳа ва Оли Имрондан икки оят Аршга боғлаб қўйилгандир.
145. Ким Ёсинни эшитса, Аллоҳ йўлида йигирма динор садақа қилганнинг савоби берилади. Ким уни ўқиса, йигирмата ҳаж қилганнинг савоби берилади. Ким уни ёзса ва ичса, деган ҳадис.
146. Ким Духонни кечқурун ўқиса, етмиш мингта фаришта унга истиғфор айтиб турган ҳолида тонг оттиради.
147. “Иқроъ бисми Роббика” нозил бўлганда Набий алайҳиссалом Муоз розияллоҳу анҳуга “Уни ёз!” дедилар. Муоз розияллоҳу анҳу “Васжуд вақтариб”га етганда Лавҳ, Қалам ва Нун сажда қилди. Муоз розияллоҳу анҳу айтади: “Мен уларнинг “Эй Аллоҳ, унинг мартабасини кўтар” деяётганларини эшитдим”.  
148. Тийн сураси нозил бўлганда Набий алайҳиссалом ҳурсанд бўлдилар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Биз Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан унинг тафсирини сўрадик.  Шунда у: “Тийн - Шом ўлкаси, Зайтун - Фаластин, Тури Синин - Аллоҳ унинг устида Мусо алайҳиссаломга гапирган тоғ, Лақод холақнал инсана - Муҳаммад алайҳиссалом, Сумма родаднааҳу - Лот ва Уззога сиғинадиганлар, Иллаллазийна аману - Абу Бакр ва Умар, Фалаҳум ажрун - Усмон, Фама юказзибука баъду биддийн - Али” деб тафсир қилди”.
149. Кимки таҳорат билан “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни юз марта ўқиса, Аллоҳ унга мана бу, мана бу нарсаларни ёзади деган ҳадис.
150. “Бақара сураси, Оли Имрон сураси” деб айтманглар. Балки “Унда фалон нарсалар зикр қилинган сура” денглар.
151. Агар бирортангиз кечаси турса, қироатини жаҳрий қилсин. Чунки шу билан фосиқ жинларни қувади ва ҳаводаги фаришталар у билан бирга намоз ўқийдилар, унинг қироатини тинглайдилар, деб узун хабарни зикр қилдилар. Унда “Унинг қабри беш юз йиллик масофагача кенгайтирилади” деган жумла ҳами бор эди.
152. Ким Қуръоннинг учдан бирини ўқиса, унга нубувватнинг учдан бири берилади. Ким Қуръонинг учдан иккисини ўқиса, унга нубувватнинг учдан иккиси берилади.
153. Пайғамбарлар аҳли жаннатнинг раҳбарларидир. Уламолар аҳли жаннатнинг қўмондонларидир. Қорилар аҳли жаннатнинг орифларидир.
154. Ким Қуръонни унга назар солиб ёдласа, ота-онасидан азоб енгиллаштирилади, гарчи улар кофир бўлсалар ҳам.
155. Кимга Аллоҳ Қуръонни ўргатиб қўйган бўлса-ю, кейин у фақирликдан шикоят қилса, Аллоҳ унинг икки кўзи орасига қиёматга қадар фақирликни ёзиб қўяди.
156. Ким Қуръон ўқиса, у икки юз динорга ҳақли бўлади. Агар ўша икки юз динор унга дунёда берилмаса, охиратда берилади.
157. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу тутқаноқ касали тутиб қолган кишининг ёнидан ўтди. Унинг қулоғига Қуръон ўқиди. У дарҳол ўзига келиб, ўтирди. Пайғамбар алайҳиссалом ундан “Нимани ўқидинг?” деб сўрадилар. У: “Афаҳасибтум аннама холақнакум абасан” оятини ўқидим деб жавоб берди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Агар уни бирор киши сидқидилдан ишониб тоққа ўқиса, тоғ жойидан кўчган бўларди” дедилар.   
158. Барча олимлар билан бирга ўтирманглар. Фақатгина беш нарсадан қайтариб, беш нарсага буюрадиган, яъни гумондан қайтариб, ишончга буюрадиган, адоватдан қайтариб, насиҳатга буюрадиган, кибрдан қайтариб, тавозуъга буюрадиган, риёдан қайтариб, ихлосга буюрадиган, хоҳиш-истакдан қайтариб, қўрқувга буюрадиган олимгина бундан мустаснодир.
159. Агар мендан деб ҳақиқатга мувофиқ келадиган бир ҳадис ривоят қилсангизлар, гарчи уни мен айтмаган бўлсам ҳам, ўша ҳадисга амал қилаверинглар.
160. Кимгадир ичида фазилати бор бир нарса етса-ю, ўша нарсани ишонч билан қабул қилса, гарчи ўша нарсада фазилат бўлмаса ҳам, Аллоҳ унга ўша фазилатни ато этади.  

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase