close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Наҳл сураси

1-оят. Аллоҳнинг фармони (яъни Қиёмат) келиб қолди. Бас, сизлар (эй мушриклар) уни шоштирмай қўяқолинглар. Аллоҳ уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир.
Ибн Аббос (ра): Аллоҳ таоло: - Қиёмат яқинлашди, ой ёрилди... оятини нозил қилгач, кофирлар бир-бирларига: - Бу одам (яъни Муҳаммад), қиёмат яқинлашганини гапираяпти. Баъзи қилаяпган ишларимиздан тийилиб турайлик кўрайликчи нима бўлар экан. – дейишди. Бирор ўзгариш бўлмаганини кўришгач эса: - Ҳеч нарса бўлмадики, - дейишди. Шунда Аллоҳ таоло: Инсонларга ҳисоб (қилинишлари) яқинлашди. Улар эса, ғафлатда (иймондан) юз ўгирмоқдалар... оятини нозил қилди. Шунда улар, қўрқишди ва қиёматнинг яқинлашишини кута бошлашди. Кунлар узайиб кетгач: - Эй Муҳаммад, сен бизни қўрқитган нарсаларингдан бирортасини кўрмаяпмизку, - дейишди. Шунда Аллоҳ таоло: Аллоҳнинг амри келди... оятини нозил қилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) қўзғалдилар, одамлар бошларини кўтаришди. Шунда, - уни тезлаштирманглар... ояти нозил бўлди. Бундан одамлар тинчланиб қолишди. Шу оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ (с.а.в.): - мен ва қиёмат худди мана шундай юборилдик, мендан ўзиб кетишига озгина қолди, - қилдилар. Бошқа муфассирлар: бу оятдаги амр калимаси қилич билан азоблашдир. Бу Назр ибн Оризнинг айтган гапига жавобдир, у: - Эй Аллоҳ, агар бу (Қуръон) сенинг ҳузурингдан эканлиги ҳақ бўлса, бас, бизнинг устимизга осмондан тош ёғдиргин, деб азобни тезлаштирган эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
 
4-оят. У инсонни нутфадан – бир томчи сувдан яратган эди. Баногоҳ (инсон) очиқдан-очиқ рақибга айланиб олди.
Бу оят Убай ибн Халаф ал-Жумаҳий ҳақида нозил бўлган. У Расулуллоҳ (с.а.в.)га бир чириган суякни олиб келиб: Эй Муҳаммад, мана шуни чириб кетганидан кейин Аллоҳ уни тирилтиради деб ўйлайсанми? – деган эди.
Бу оятнинг ўхшаши Ёсин сурасининг 77-83 оятларидир. Бу оятлар ҳам ушбу қисса сабабли нозил бўлган.
 
38-оят. Улар жон-жаҳдлари билан: “Аллоҳ ўлган кишиларни қайта тирилтирмайди”, деб аллоҳ номига қасам ичдилар. Йўқ! (Албатта тирилтирур!) бу – У Зотнинг ҳақ ваъдасидир. Лекин одамларнинг кўплар (бу олам имтиҳон олами эканини, асл –абадий ҳаёт тирилгандан кейин бўлишини) билмайдилар.
Робиъ ибн Анас Абул Алиядан ривоят қилади: - мусулмонлардан бир кишининг бир мушрик кишида қарзи бор эди. Мусулмон ундан қарзини талаб қилиб келди ва гап орасида: - Ўлимдан кейин мен умид қилаётган кишига қасамки...- деди. Шунда мушрик: - Сен ўлгандан кейин тирилишингни гумон қилаяпсанми? Аллоҳ ўлган кимсани қайта тирилтирмайди, - деб Аллоҳ номи билан қасам ичди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
 
41-оят. Зулму қийноқларга дучор бўлганлардан сўнг, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган зотларни албатта бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди Охират ажри-мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!
Бу оят Билол , Суҳайб, Ҳаббоб, Омир ва Жандал ибн Суҳайблар ҳақида нозил бўлган. Улар Маккада Расулуллоҳ (с.а.в.)га саҳобалик қилишарди. Мушриклар уларни тутиб, азоблаб, азият етказишарди. Шунда Аллоҳ таоло бу оятлардан кейин уларга Мадинадан тинч жой берди.
 
43-оят. (Эй Муҳаммад), биз сиздан (яъни, Сизни Пайғамбар қилиб юборишимиздан) илгари ҳам (фаришталарни эмас, балки) фақат (Сиз каби) кишиларни – инсонларнигина ўзимиз туширган ваҳий билан (пайғамбар қилиб) юборганмиз. (Эй мушриклар), агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмлардан (яъни, Таврот ва инжилни биладиган кишилардан) сўранглар!
Бу оят Макка мушриклари ҳақида нозил бўлган. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Пайғамбарликларини инкор этишиб: - Аллоҳ элчиси башар – инсон бўлишидан улуғроқ покроқдир. Бас, У бизга фариштани юборса бўлмасмиди, - дейишди.
 
75-оят. Аллоҳ бундоқ бир мисол келтирур: ҳеч нарсага   кучи етмайдиган эгалик (бировга қарам) қул билан биз ўз тарафимиздан чиройли – мўл ризқ бериб, ўша ризқдан яширин ё ошкора инфоқ-эҳсон қилаётган (эркин) бир киши баробар бўлурми? (Бас, нега мушриклар қулга ўхшаган жонсиз бутларни бутун коинотнинг Эгаси бўлган ва уни Ўзи хоҳлаганидек тасарруф қиладиган Аллоҳ таолога тенг шерик деб биладилар?!) Ҳамду сано Аллоҳникидир (яъни, Ўша Зотгина ҳамду санога ва маъбудликка Лойиқдир). Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар.
Икрима ибн Аббос (ра)дан: - ушбу оят Ҳишом ибн амр ҳақида нозил бўлган. У молини маҳфий ва ошкора инфоқ қиладиган кишидир. Ва унинг мавлоси  (озод қилган қули) Абул Жавзо ҳақида нозил бўлгандир. У Ҳишомни қайтарар эди. Кейин: - Аллоҳ яна икки киши ҳақида мисол келтирур: улардан бири ҳеч нарсага кучи етмайдиган гунг –соқовдир. Оятдаги соқов, эгасига ортиқча юк бўлмаган киши Саййид Асад ибн Абул Иъйсдир. Ўзи тўғри йўлда бўлиб адолатга буюрадиган киши эса Усмон ибн Аффон (ра)дир.
 
90-оят. Албатта Аллоҳ адолатга, чиройли амалар қилишга ва қавм қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У зот шояд ибрат-эслатма  оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур.
Ибн Аббос (ра)дан: Расулуллоҳ (с.а.в.) Маккада уйларининг олдида ўтирган эдилар. Олдиларидан Усмон ибн Мазъук Расулуллоҳ (с.а.в.)га тишларини кўрсатиб кулиб ўтиб қолди. Расулуллоҳ (с.а.в.): - Ўтирмайсанми? – дедилар. У: - Ҳа, - дедида, у кишининг қаршисига ўтирди. Рсаулуллоҳ (с.а.в.)  у билан гаплашиб туриб, бирдан кўзларини осмонга қаратиб бир соатга қараб қолдилар. Кейин назарларини пасайтириб ердаги бир тўсинга қарадилар. Сўнг бирга ўтирган ҳамроҳлари Усмоннинг олдидан ўша қараган ерларига бордиларда, худди ўзига айтилаётган нарсани тушуннаётгандек бошларини қимирлата бошладилар. Кейин эса, худди аввалги галгидек яна кўзларини осмонга тикдилар. (нимадир) осмонда йўқолиб кетгунича кўзларини қадаб турдилар. Кейин эса аввалги ўтирганларидек усмоннинг олдига бордилар. Шунда у: - Эй Муҳаммад, сиз билан шунча бирга ўтириб, олдингизга келиб бугун эрталабгидек  ишингизни ҳеч кўрмагандим, - деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): - Мен нима қилдим, - дедилар.
У: - кўзингизни осмонга тикдингиз, сўнг пасайтириб ўнг томонингизга қарадингиз, сўнг мени тарк этиб ўша томонга кетдингиз сўнг худди сизга айтаётган нарсани фаҳмлаётгандек бошингизни қимирлатдингиз, - деди.
У киши: - Бунинг тагига етмоқчимисан, - дедилар.
У: - Ҳа, - деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): -Менга Аллоҳнинг элчиси Жаброил келиб салом берди. Сен ўтирган эдинг, - дедилар. У: - у Сизга нима деди, - деди.
Расулуллоҳ (с.а.в.):  у менга: - Албатта Аллоҳ адолат қилишга чиройли амал қилишга буюради.... деди, - дедилар. Бас, бу нарса иймон қалбимда ўрнашиб Муҳаммад (с.а.в.)ни яхши кўриб қолган пайтимда бўлган эди.
 
101-оят. Қачон Биз бир оят ўрнига бошқа бир оятни алмаштирсак – ҳолбуки, Аллоҳ ўзи нозил қиладиган оятларни жуда яхши билгувчидир - (Пайғамбарга): “Шак-шубҳасиз, сен ўзинг тўқиб олурсан”, дедилар! Йўқ! Уларнинг кўплари билмайдилар.
Мушриклар: - Муҳаммад асҳобларини мазаҳ қилаяпти, бугун уларни бир ишга юборса, эртасига ундан қайтаряпти ёки уларга ундан кўра енгилроғини келтиряпти. Муҳаммад ичидан тўқиб чиқараяпти (Қуръонни). У тўқимачидир, - дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу ва ундан кейинги оятни нозил қилди.
 
103-оят. Аниқки, биз уларнинг “(Қуръонни Муҳаммадга) бирон одам ўргатмоқда”, деяётганини билурмиз. (Лекин уларнинг бу даъволари пучдир, чунки) улар ишора қилаётган кимсанинг тили ажамий (яъни, арабий эмас), бу (Қуръон) эса очиқ –равшан арабийдир.
Убайдуллоҳ ибн Муслим:  Бизнинг иккита насроний ғулом (хизматчи)ларимиз бордур. Улар Тамар аҳлидан эди. Биттасининг исми Ясон иккинчиси Хойир эди. Улар ўзларининг тилларидаги китобларни ўқир эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларнинг ёнларидан ўтганларида уларнинг ўқишларини эшитиб турар эдилар. Шунда мушриклар: - Муҳаммад шулардан ўрганаяпти, - дейишарди. Шунда Аллоҳ таоло уларни ёлғончига чиқариб: Улар ишора қилаётган кимсанинг тили ажамийдир, бу (Қуръон) эса очиқ-равшан арабийдир, деган оятини нозил қилди.
 
106-оят. Ким Аллоҳга иймон келтиргандан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса. (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан азоб ва улуғ азоб бордир.
Ибн Аббос (ра): - Бу оят Аммор ибн Ёсир ҳақида нозил бўлган: Мушриклар уни отаси Ёсирни ва онаси Сумаййани, Суҳайбни, Билолни, Ҳаббобни ва Солимни тутиб азоблашди. Онаси Сумаййа икки туя орасига боғланди. Ва олдига найза урилди. (Фаржига). Унга: - Сен эркаклар сабабли исломга киргансан, - дейилди ва ўлдирилди. Унинг эри Ёсир ҳам ўлдирилди. Иккаласи ҳам ўлдирилди. Ислом йўлида ўлдирилган энг аввалги кишилар бўлишди. Ўғиллари Аммор эса мукроҳ (мажбурланган) ҳолида мушриклар хоҳлаган сўзларни айтди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.)га Аммор кофир бўлди,-  деган хабар етказилди. У киши: - Йўқ Аммор сочининг учидан оёғи остигача иймонга лиқ тўладир. Иймон унинг гўшту қонига аралашиб кетгандир, - дедилар. Шунда Аммор Расулуллоҳ (с.а.в.)га йиғлаган ҳолида келди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг кўзларини артиб қўйдилар ва: - Улар яна сени азоблашса, айтган гапингни яна қайтаравер, - дедилар. Шунда ушбу оятни Аллоҳ таоло нозил қилди.
Мужоҳид: - Бу оят Маккада иймон келтирган кишилар ҳақида нозил бўлган. Мадинадаги мусулмонлар уларга хат ёзишди: - Ҳижрат қилинглар, бизнинг олдимизга  ҳижрат қилиб келмагунингизча биз сизларни мўмин деб ҳисобламаймиз, - дейишди. Буни эшитиб, улар Мадинага қараб йўлга чиқишди. Йўлда уларни мушриклар ушлашиб, уларни мажбурлашиб фитнага дучор этишди. Шунда улар ҳақида ушбу оят нозил бўлди.
 
110-оят. Сўнгра (эй Муҳаммад, билгингки), албатта Парвардигрингиз, фитналарга дучор этилганларидан кейин (Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага) ҳижрат қилган, сўнг (Аллоҳ йўлида) жиҳод этиб, (бу жиҳод машаққатларига сабр-тоқат қилган зотлар учун) мададкор, ёрдамчидир. Албатта, Парвардигорингиз у (меҳнат – машаққатларни кўтарганларидан) кейин (улар учун) Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир.
Қутода айтади: Бизга зикр қилиндики: Аллаҳ таъало Макка аҳлининг исломни токи Мадинага ҳижрат қилмагунларича қабул қилинмаслиги ҳақида оят нозил қилгач, Мадинадаги мусулмонлар Маккадагиларга буни ёзиб юборишди. Маккалик мусулмонлар буни эшитиб, ҳижрат учун чиқишганда мушриклар уларни тутиб олиб орқага қайтариб фитналар дучор қилишди. Шунда: Алиф, Лом, Мим. Одамлар: - иймон келтирдик, - дейишлари билангина имтиҳон қилинмасдан қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?!... (Анкабут сураси аввалги оятлари) нозил бўлди. Бу оятни ҳам Мадиналиклар Маккалик мусулмонларга ёзиб юбоишди. Шунда улар ҳижрат қилиш учун яна чиқишликка, агар мушриклар қувиб етса, улар билан жанг қилишга ўзаро байъат қилишди. Ё нажот топиб Мадинага етиб борадилар, ёки ўладилар. Улар чиқишганда мушриклар қувиб келишди ва жанг қилишди. Айримлари нажот топиб кетдилар, айримлари ўлдилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди.
 
125-127-оят.  (Эй Муҳаммад), Правардигорнингизнинг йўли – динига донолик – ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (Сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала – мунозара қилинг! Албатта, Правардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва У Зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши билур. (Эй мўминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирон зиён – заҳмат учун) интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз. (Аммо) агар (интиқом олмай) сабр – тоқат қилсангизлар, албата сабр қилгувчи кишилар учун (бу интиқом олмоқдан) яхшироқдир. (Эй Муҳаммад, бу даъват йўлида сизга етган озор-азиятларга) сабр-тоқат қилинг. Ёлғиз Аллоҳ ёрдами билангина сабр қилишга қодир бўлурсиз. Уларнинг (яъни, мушрикларнинг динга кирмаганликлари) устида маҳзун бўлманг. Уларнинг макру ҳийлаларидан сиқилманг ҳам!
Мужоҳид ибн Аббосдан:- Мушриклар Уҳудда ўлдирилганларни ташлаб кетишгач, Расулуллоҳ (с.а.в) бориб жуда ёмон манзарани кўрдилар: Ҳамзанинг қорни ёриб ташланган, қулоқ-бурни кесиб олинган эди. Буни кўриб Расулуллоҳ (с.а.в): - Агар аёллар хафа бўлиб қолишмаса эди ёки мендан кейин суннат бўлиб қолмаганда эди унинг (жасадини шу ҳолида) ташлаб кетардим. Токи Аллоҳ таъало уни йиртқич ҳайвонлар ва қушлар қорнидан қайта тирилтирарди. Қасамки унинг ўрнида (қасос учун) улардан етмиштасини ўлдираман, - дедилар. Сўнг бир бурда (чопон) келтиришларини буюрдилар. У билан Ҳамзанинг юзини ёпдилар. Оёқлари очилиб қолди. Оёқларини изхир (ўсимлиги) билан ёпдилар. Сўнг уни келтириб ўнта такбир айтилар. Кейин Ҳамза жойида турган ҳолида унинг олдига ўликлар битта-битта келтирилиб ҳар бирига жаноза ўқилди. Ҳамзага етмиш марта ўқидилар. Ўлдирилганлар етмишта эди. Барчаларини кўмиб бўлишгач ушбу оят ... Сабр қилинг, ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина сабрга қодир бўласиз... оятигача нозил бўлди. Шундан кейин Расулуллоҳ (с.а.в) сабр қилдилар, бирор кишини мусла қилмадилар (жазоламадилар).
Абу Ҳурайрадан:-  Расулуллоҳ (с.а.в) Ҳамзага яқинлашиб, уни ўлиб ағдарилиб ётган ҳолида топдилар. Бундан кўра қалбларини қийнаган бирор  нарсани кўрмаган эдилар. –Аллоҳга қасамки сиз учун (қасос олиб) улардан етмиштасини ўлдираман, - дедилар. Шунда: -Агар ўч олмоқчи бўлсангиз,фақат сизга етказилган зиён баробарида ўч олинг. Агар сабр қилсангиз, бу (ўч олишдан) яхшироқдир ояти нозил бўлди.
Ибн Аббос(р.а):-Ҳамза ўлдирилиб, мусла қилинган (қулоқ-бурни кесилган) кунда Расулуллоҳ (с.а.в):  - Агар қурайш устидан ғалаба қилсам, албатта улардан етмиш кишини мусла қиламан, жазолайман,-дедилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла:-Агар ўч олсангиз...оятини нозил қилди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в):-Эй Роббим сабр қиламиз,-дедилар.
Муфассирлар айтишади: - Уҳуд куни мусулмонлардан ўлдирилганларнинг қоринлари ёриб ташланди, эркакликлари кесилди, қулоқ-бурунлари кесилиб мусла қилинди. Мусулмонлар буни кўриб:- Агар Аллоҳ таъало мушриклар устидан бизга зафар берса улар қилганидан баттарроқ қиламиз-ки, араблардан бирортаси бирор кишини бундай жазолаган бўлмасин, ундай қиламиз, бундай қиламиз,-деб қасам ичишди. Расулуллоҳ (с.а.в) амакилари Ҳамзанинг тепасида турдилар. Унинг қулоқ-бурни,  эркаклигини кесиб ташлашганди, қорнини ёришган эди. Ҳинд бинти Утба унинг жигаридан бир бўлак олиб, чайнаб юборган эди.
Лекин унинг жигари Ҳинднинг қорнида турмади. Қорни уни чиқариб ташлади (яъни қусиб ташлади). Бу хабар Расулуллоҳ (с.а.в)га етганида у киши: - Агар у (Ҳинд) уни еб (ҳазм қилганида) ҳеч қачон дўзохга кирмасди. Ҳамза жасадининг бирор бўлаги дўзохга кирмайдиган даражада Аллоҳ наздида ҳурматлидир, - дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в) Ҳамзани кўриб шундай эзилдиларки, бирор нарсани кўриб бунчалик эзилмаган эдилар.
Сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Сиз силаи раҳм қиладиган, яхши амалларни кўп қиладиган инсон эдингиз. Агар сиздан кейин ҳафалик-ғамгинлик бўлмаганда эди сизни (шу ҳолатдан) ташлаб кетиш менга яхшироқ эди. Токи ҳар хил (қуш ва ҳайвонлар қорнидан қайта тирилар эдингиз). Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло мени уларнинг устидан ғолиб қилса, (сизни шундай қилганлари учун) ўрнингизга улардан етмиш кишини жазолайман, - дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди: - Агар ўч олмоқчи бўлсангиз фақат сизга етказилган зиён баробарида ўч олинг...
Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): - “Балки сабр қиламиз”, - дедилар ва қасд қилган нарсаларидан тийилдилар ва қасамларига каффорат бердилар.
Имом Шайх Абу Ҳасан: Бу ерда Ҳамзанинг ўлдирилиши ҳақида зикр қилишга муҳтожмиз. Жаъфар ибн Амр ибн Умаййа аз-Зомарий айтади: Мен ва Убайдуллоҳ ибн Адий ибн Хияр чиқиб, Ҳимсдан ўтиб қолдик. Ҳимсга киргач Убайдуллоҳ ибн Адий: - Ваҳшийнинг олдига бориб, ундан Ҳамзани қандай ўлдирганини сўраймизми? – деди. Мен: - Майли, - дедим. Бир одам бизга: - сизлар уни ҳовлисининг бир томонидан топасизлар. Уни ароқ (ичимлик) енгиб қўйган. Агар уни ҳушёр ҳолда топсангиз хоҳлаган нарсангизга жавоб олишингиз мумкин, - деди. Биз унинг олдига бориб, салом бердик. У бошини кўтарди. Биз: - Бизга Ҳамза (ра)ни ўлдирганинг ҳақида гапириб бер, биз шу учун келдик, - дедик. У: - Расулуллоҳ (с.а.в.) мендан шу ҳақда сўраганларида қандай жавоб берган бўлсам сизга ҳам шуни гапириб бераман: Мен Жубайр ибн Мутъим ибн адий ибн Навфалнинг хизматкори эдим. Унинг амакиси Туайма ибн Адий Бадрда ўлирилган эди. Қурайшликлар Уҳудга отлангач, Жубайр ибн Мутъим менга: - Агар Муҳаммаднинг амакиси Ҳамзани ўлдирсанг сен озодсан. У амаким Туайманинг қасоси бўлади, - деди. Мен ҳам Уҳудга чиқдим. Мен ҳабашман, найзани ҳабашлардек отардим. Камдан-кам мулжалдан хато қилардим. Қўшинлар учрашгач, мен Ҳамзани қидирдим. Уни қўшиннинг ўртасида (олдида) худди кулранг туядек туриб, қиличи билан одамларни қираётганини кўрдим. Олдига ҳеч ким келолмасди. Аллоҳга қасамки, мен тайёрланиб, бир тош ёки дарахт орқасида ундан яшириниб, яқинлашишини кутдим. Бирдан менинг олдимдан Сибаъ ибн Абдул Узза унга қараб яқинлашди. Ҳамза (ра) уни кўриб: - Эй ибн Мақтаъатул Базур мана сенга, - деб уни (қилич билан) урди. Аллоҳга қасамки, унинг бошини хато қилмади. Мен найзамни ўйнатиб, унга мўлжалдагидек яқин бўлгач, найза отдим. Найза синнатига (кўкрак ёки қорин қисми)га тегиб икки оёғи орасидан чиқди. Шунда у мен билан учрашиш учун келди. Лекин (жароҳат) ғолиб чиқди. Мен у (ра) ўлгунича унга тегмадим. Ўлгач олдига келиб найзамни олдим. Кейин одамлар орасига қайтиб бориб, лагерда ўтирдим. Бошқа кишини ўлдиришимга ҳожат йўқ эди. Мен уни озод бўлиши учун ўлдирган эдим. Маккага келгач озод бўлдим. Маккада мен ислом ўсиб ривожлангунча турдим. Сўнг Тоифга бордим. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)га элчилар юборишаётган экан. Менга: - Муҳаммад (с.а.в.) элчиларга тегмайди, - дейилди. Буни эшитиб мен ҳам улар билан бирга бордим. Расулуллоҳ (с.а.в.) мени кўриб: - Сен Ваҳшиймисан? – дедилар. Мен: - Ҳа, - дедим. У киши: - ҳамзани сен ўлдирдингми? – дедилар. Мен: - Сиз эшитган нарса дарҳақиқат содир бўлди, - дедим. У киши: - Иложи борича юзингини менга кўрсатмай юргин (яъни кўзимга кўринмагин)- дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) вафот этгач ва одамлар Мусайлама Каззобга қарши жангга чиқгач, мен: - Мен ҳам Мусайлама Каззобга қарши жангга чиқаман. Шоядки уни ўлдириб, Ҳамзанинг эвазига қилсам (яъни, бир яхши мусулмонни ўлдириб ёмон иш қилгандим. Энди бир Аллоҳнинг душманини ўлдириб, ўша ёмонлигимни ювиб юборсам), - дедим-да одамлар билан бирга чиқдим. Ўшанда бўлган иш бўлди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase