Қуръондан энг биринчи нозил бўлган оят ҳақида
- Шанба, Авг 06 2022
- 1530 марта кўрилди
Ойша р.а. айтадилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.)га ваҳийнинг келиши энг аввал ўнгидан келувчи тушлар орқали бўлган. Кўрган тушлари худди тонг ёришишидек бўлиб кўринарди. Сўнг у кишига ёлғизлик чиройли кўрсатилди. У киши Ҳиро ғорига борар ва бир неча кун ибодат қилардилар. Озуқаларини ҳам олардилар. Озиқлари тугаса Хадичанинг олдига келиб яна олиб кетардилар. Охири шу ерда у кишига ҳақ келди. Бир фаришта келиб “Ўқи” деди. “Расулуллоҳ (с.а.в.)айтадилар: “Мен ўқишни билмайман”. Кейин фаришта мени ушлаб қисди, ҳаттоки қийналдим, сўнг мени қўйиб юбориб “Ўқи”, деди. Мен яна “Мен ўқишни билмайман” дедим. У яна мени иккинчи марта қаттиқ сиқди, ҳаттоки қийналиб кетдим, сўнг қўйиб юбориб “Ўқи”, деди. Мен яна “Мен ўқишни билмайман” дедим. У мени ушлаб учинчи марта сиқди, ҳаттоки қийналиб кетдим, сўнг қўйиб юборди ва:
“Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни лахта қондан яратган, ўқи сенинг Роббинг карамлидир, У қалам билан таълим бергандир”. (Алақ 1-5) оятларини ўқиди. Расулуллоҳ (с.а.в.) қалбларида қўрқув билан Хадичанинг олдига қайтиб келиб: “Мени ўраб қўйинглар”, дедилар. У кишини ўраб қўйди. Пайғамбаримиздан қўрқув кетди. Сўнг Хадичага: “Менга нима бўлди?”, деб бўлган воқеани айтиб бердилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Менга бирор нарса бўлишидан қўрқяпман”, дедилар. Шунда Хадича у кишига: “Йўқ сиз хурсанд бўлинг, Аллоҳга қасамки, У сизни ҳеч қачон хор қилиб қўймайди. Сиз қариндошлик ришталарини боғлайсиз, ростгўйсиз, ёрдам берасиз, меҳмонни ҳурмат қиласиз ва етимларнинг бошини силайсиз”, дедилар”. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Яна Ойша р.а. айтадилар: “Қуръондан нозил бўлган энг аввалги оят “ЯратганРоббинг номи билан ўқи ” оятидир”.
Ҳоким ўз саҳиҳларида келтирган, Икрима ва Ҳусан р.а.лар айтади: “Қуръондан энг аввал нозил бўлган нарса “Бисмиллаҳир роҳманир роҳимдир”, у Маккада нозил бўлган биринчи оятдир”.
Муҳаммад ибн Ибод ибн Жаъфар ал Маҳзумий р.а. баъзи уломалардан ривоят қиладиларки: “Аллоҳ Расулуллоҳ (с.а.в.)га нозил қилган аввалги оят “Алақ” сурасининг 1-5 оятлари бўлиб, Ҳиро ғорида нозил қилинган. Суранинг қолган қисми эса Аллоҳ хоҳлаганча муддатдан кейин нозил бўлган”.
Яҳё ибн Абу Касир айтади: Абу Салама ибн Абдурроҳмандан: “Энг аввал қайси оят нозил бўлган”, деб сўрадим. У киши “Эй ўралиб олган зот”, “Муддасир” сурасининг 1-7 оятларидир, дедилар. Мен “яратган номинг билан ўқи” ояти эмасми? десам, у киши: “Мен ҳам шу саволни Жобир ибн Абдуллоҳ ал Ансорийга берган эдим, у киши “Муддасир”, дедилар. Мен: “Иқро” бўлса керак, десам у киши Расулуллоҳ (с.а.в.) айтган нарсани мен сизга айтай: “Расулуллоҳ (с.а.в.) “Мен Ҳирода 1 ой ёлғиз ибодат қилдим. Озуқам тугагач тушдим ва водийнинг ўртасидан кетаётган эдим, тўсатдан менга нидо қилинди. Мен олдимга, орқамга ўнг ва чап тамонимга сўнг осмонга қарадим ва осмонда муаллақ турган ўриндиқда уни (Жаброилни) кўрдим. Мени қўрқув босди. Хадичанинг олдига бориб, мени ўраб қўйинглар”, дедим. Ўраб қўйишди. Сўнг устимдан сув қўйишди. Шунда: “Эй ўраниб олган зот тур ва огоҳлантир”, ояти нозил бўлди”, дедилар. Имом Муслим ривояти.
Бу ҳадис аввалгисига зид эмас. Жобир р.а. мана шу ҳадисни эшитган бўлиб, аввалгисини эшитмай қолган. Лекин, “Муддасир” сураси “Иқро”дан кейин энг аввал нозил бўлган сурадир. Бунга қўйидаги ҳадис ҳам далолат қилади: Жобир р.а. айтадилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.)дан эшитдимки у киши ваҳийнинг тўхтаб қолиниши ҳақида гапириб шундай дедилар: “Кетаётиб осмондан бир овоз эшитдим. Бошимни кўтариб қарасам, Ҳирода менга келган фаришта осмон билан ер орасидаги курсида ўтирибди. Қаттиқ қўрқдим. Уйимга қайтиб, мени ўранглар, мени ўранглар”, дедим. Мени ўраб қўйишди. Шунда Аллоҳ: “Эй ўраниб олган зот”ни туширди. Бухорий ва Муслим ривояти.
Бу ҳадисга кўра “Иқро” нозил бўлгандан кейин ваҳий бир оз тўхтаб қолган. Кейин эса “Муддасир” нозил бўлган. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг “Ҳирода менга келган фаришта....” деган сўзлари ҳам бунга далилдир.
Али ибн Ҳусайн р.а. айтадилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.)га Маккада энг аввал нозил бўлган сура “Иқро”, Расулуллоҳ (с.а.в.)га Маккада энг охирги нозил бўлган сура “Муъминун” ёки “Анкабут”дир. Мадинада энг аввал нозил бўлган сура “Мутоффифун” Мадинада энг охирги нозил бўлган сура “Тавба” сурасидир. Расулуллоҳ (с.а.в.) Маккада таълим берган энг аввалги сура “Нажм”.
Дўзах аҳлига энг қаттиқ оят “Бас, (эй кофирлар, азобимизни) тотиб кўринглар! Энди сизларга фақатгина азобни зиёда қилурмиз”, (Наба 30)
Тавҳид аҳлига қуръондаги энг умидбахш оят “Албатта Аллоҳ ўзига ширк қилинишини кечирмайди ва у ундан бошқа (гуноҳларни) хоҳлаган бандасидан кечиради”.
Расулуллоҳ (с.а.в.)га нозил бўлган энг охирги оят “Аллоҳга қайтадиган кунингиздан қўрқингиз” ояти бўлиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундан кейин 9 кун яшадилар.