close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қора қисмат

Айнан XX асрдан эътиборан ғарб дунёси инсон ҳуқуқлари дея дунёга жар сола бошлади. Қуллик ва қулдорлик қатъиян қораланди. Ва бундай инсонларни қул қилиб ишлатишни рад этаётганлар айнан бутун Африкани ўз мустамлакаси остига олган Европа мамлакатлари эди. Африка учун озодлик нафаслари яқинлашаётганди.

1960 йилларга келибгина Африка давлатлари ўз мустақиллигига эриша бошлади. Асосий мустамлакачилар бўлмиш Буюк Британия ва Франциянинг қўл остидаги давлатлар энди озод эди. 1960 йил эса Африка озодлиги йили дея тарих саҳифаларига муҳрлаб қўйилди.
Энди инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиси бўлмиш дунё ҳамжамияти олдида бошқа вазифа турар эди. Ривожланиш борасида Ғарб дунёсидан 100 йиллаб ортда қолиб кетаётган қитъани иқтисодий томондан ривожлантириш учун бутун дунё унга қул чўзди. Халқаро монетар фонд ҳамда Жаҳон банки аталмиш халқаро молиявий институтлар Африка ривожланиши учун унга кредит ажратишди.

Ким тўласа, ўша...

Халқаро молия фонди (ХМФ) ва Жаҳон банки хайрия эмас, балки фойда кўрувчи тижорий ташкилотлар дейиш тўғри бўлади. Бу банклар бутун дунё давлатлари депозитларидан ташкил топган бўлиб, ушбу маблағ кредитга берилади ҳамда берилган пулдан фойда кўрилади. Жаҳон банкида қарз бериш ёки кредит шартларини белгилаш бўйича барча давлатлар овоз бериш орқали бир қарорга келадилар. Бироқ барча давлатлар ҳам бу борада тенг ҳуқуққа эга эмас. Жаҳон банкига ким кўпроқ сармоя киритган бўлса, ўша давлат тартиб бўйича кўпроқ овоз бериш ҳуқуқига эга. Жумладан, АҚШ Жаҳон банкида 13 фоиз овозга эга бўлса, 48 та Африка давлатлари умумий ҳисобда 9 фоиздан камроқ овозга эгалик қилади. Дунёнинг энг бой 7 та давлатининг ҳиссаси эса ушбу банкнинг 45 фоизни ташкил этади. Бу тизимга кўра Жаҳон банкида Африка давлатларининг эмас, бошқа бадавлат ғарб давлатларининг манфаатларини кўпроқ ҳимоя қилишини кўриш мумкин.

Куллик тугаганмиди?

1970-80 йилларда дунёда нефт нархи кўтарилди ҳамда кредитларга фоиз ставкаси ошиб кетди, лекин Африка давлатларининг экспорт қиладиган хом ашёлари нархи аксинча тушиб кетди. Бундай номутаносиблик ўз навбатида қора қитъа давлатларини халқаро банклардан яна ҳам кўпроқ қарз олишга мажбурлар эди. Бундан ташқари экспорт қилинадиган хом ашё ҳажми ҳам оширилиши зарур эди. Ёғоч экспорт қилувчи давлатларда ўрмонлар янада шиддат билан кесилиши чўллашишнинг тезлашувига, далаларда витаминли маҳсулотлар етиштириш ўрнига пахта экилиши эса ёш авлод организмида витамин ва минераллар танқислиги келиб чиқишига олиб келди. Африкадаги 42 нафар энг қашшоқ давлатларда соғлиқ соҳасига ажратилаётган маблағ 80-йилларга келиб 50 фоизга камайди. ХИВ (ОИТС) касаллигининг кенг ёйила бошлаши ҳам айнан шу даврдан кузатилди. Жамият ривожланишининг бошқа муҳим томони бўлмиш таълим соҳасига ҳам ажратиладиган маблағ ҳажми қисқарди. Буларнинг бари янги озод бўлган қитъани қуллик занжирига янада қаттиқроқ ўраб борар эди.

Қарзни еб юборганлар

Баъзи маълумотларга қараганда, бугунги кунда Африкадаги давлатларнинг халқаро фондлардан қарзи 230 млрд АҚШ доллари миқдорида баҳоланмоқда. Бу қарзларнинг катта қисми 1970 йиллари олинган қарзларга тўғри келади. Ўша пайтларда давлат томонидан олинган қарзлар ноқонуний равишда мансабдор шахслар томонидан ўзлаштириб олинган ҳамда оддий халқ бу кредитлардан ҳеч қандай манфаат кўрмаган. Ривожланиш дастурлари учун ҳам бу пуллар сарф қилинмаган.
Бугунга келиб эса халқ ўша қарзни тўлашга мажбур бўлмоқда. Маълумотларга қараганда 80-йиллардан бери минтақанинг қарзлари 400 фоизга ошиб кетган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қарзнинг ўзини тўлашдан кўра фоизларни тўлаш давлатга кўпроқ ташвиш туғдиради. Африканинг юқорида айтилган 230 млрд қарзи йиллик экспортининг 313 фоизини ташкил этади. Давлатлар экспортдан тушган даромаднинг 20 фоизини ҳар йили қарзларини тўлашга ажратадилар. Статистик маълумотларга кўра, соғлиқни сақлаш учун Африка қарз тўлашдан кўра 4 баробар камроқ бюджет ажратар экан. Эртаю кеч меҳнат қилиб ўз соғлиғи, ўз таълими учун пул ажрата олмайдиган давлатнинг мустамлакадан қандай фарқи бор?!

Адолатли ечим

Африканинг ижтимоий ҳамда иқтисодий ривожланиши учун ажратилган кредитлар аксинча минтақанинг қолоқ давлатга айланиши ҳамда қашшоқлашишига хизмат қилди. 1996 йили Жаҳон банки дунёнинг энг оғир қарзга ботган давлатлари рўйхатини тузиб чиқди. Аксарияти Африка давлатларидан иборат ушбу рўйхатдаги мамлакатлар учун қарз борасида енгилликлар амалга оширилди. Қарзларнинг бир қисмидан кечиб ҳам юборилди. Куни кеча Райтерс ахборот агентлигидан тарқатилган хабарга кўра Либериянинг 4,7 млрд миқдордаги қарзи ҳам Жаҳон банки томонидан бекор қилинган.
Худди шундай қарзлардан кечиш оқибатида Замбияда бугунги кунда қисман бепул тиббий хизмат йўлга қўйилди, Бенинда ҳам қарзлардан тежаб қолинган пулнинг ярми соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилди. Танзанияда бу пуллар халқ таълими учун сарфланмоқда. Угандада 57,9 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағ таълим, энергетика ва соғлиқни сақлашга сарфланаётган бўлса, Камерунда 29,8 млн АҚШ доллари қашшоқликни камайтириш ҳамда саноатни ривожлантиришга йўналтирилган.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу амалга оширилаётган тадбирлар диққатга сазовор. Бироқ бу билан чекланиб қолиш ярамайди. Қарзларнинг маълум қисмидан воз кечиш Африкани қашшоқликдан қутқариш ҳамда иқтисодий ривожлантириш дастурининг дебочаси сифатида қадрли. Қитъани қулликдан қутқариш, халқаро цивилизацияга етиштириш борасида эса нафақат ғарб дунёси, балки бутун инсоният бирдек масъул.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Иқтисод
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase