Ҳарбий қисм
- Бўлим: Нурул яқин
- 129 марта кўрилди
Шу йилнинг ражаб ойида пайғамбар алайҳис-салом Абдуллоҳ ибн Жаҳиш бошчилигида саккиз кишини сафарга отлантирдилар. Абдуллоҳнинг қўлига муҳрланган хат тутқазиб, икки кундан кейин очиб ўқишни уқтирдилар. Роса икки кун юрганларидан кейин Абдуллоҳ хатни очиб ўқиди. Унда: "Бу хатимни ўқигач, Нахла деган жойга бор, қурайш арабларини кузатиб улар ҳақида маълумот олиб кел", дейилган эди. Расулуллоҳ ниятлари яҳудий ва мунофиқларнинг қулоғига етиб қолишидан хавфсираб, шундай усул қўллашга мажбур бўлдилар. Сафарга кетаётганларнинг сони оз, душманга тақобил туриши маҳол эди. Аксига олиб йўлда Саъд ибн Абу Ваққос билан Утба ибн Ғазвон мингашиб кетаётган туя йўқолиб, улар ҳамроҳлардан айрилиб қолишди. Олтовлон Нахлага етиб келганда қурайшларнинг карвонига дуч келишди. Карвонда Амир ибн Ҳазрамий, Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Муғира, унинг биродари Навфал билан Ҳакам ибн Кайсонлар бор эди. Мусулмонлар карвонга ҳужум қилиб, молларни қўлга туширмоқчи бўлишди ва Ражаб ойининг сўнгги куни карвоннинг йўлини тўсиб Амир ибн Ҳазрамийни ўлдиришди, Усмон билан Ҳакам асир олинди, Навфал эса қочиб қутилди. Мусулмонлар карвонни ўз манзилгоҳларига олиб кетишди. Бу ғанимлар билан бўлган тўқнашувларда мусулмонларнинг қўлга киритган биринчи ўлжаси эди. Ғолиблар Мадинага қайтиб келгач, яҳудийлар билан мушриклар уларни жанг қилиш таъқиқланган ойда қон тўкишда айблашди, мусулмонлар ҳам бу фикрга қўшилмай иложлари йўқ эди. Расулуллоҳ ҳам жанг қилиш таъқиқланган ойда урушишни буюрмаганликларини айтдилар. Карвоннинг йўлини тўсганлар ўз қилмишлари учун пушаймон бўлишди. Бу хусусда Оллоҳ Таоло Бақара сурасининг 217-оятида шундай дейди: "Сендан таъқиқланган ойда уруш қилиш ҳақида сўрашади. Уларга бу ойда урушиш катта гуноҳ, лекин Худонинг йўлидан қайтариш, парвардигорга осий бўлиш, Масжиди Ҳаромда ибодат қилишга йўл қўймаслик, бу даргоҳдан одамларни ҳайдаб чиқариш яратганнинг наздида ундан кўра каттароқ гуноҳдир, деб айт". Шундан кейингина урушганларнинг кўнгли сал жойига тушди. Мушриклар асирларни тўлов эвазига қайтариб олмоқчи бўлишди. Расулуллоҳ бу таклифни маъқулладилар. Икки асир юртига қайтарилди, лекин Ҳакам ибн Кайсон ислом динини қабул қилиб, Мадинада қолди, Усмон эса мусулмон бўлмай қайтиб кетди.