Расулуллоҳнинг кўкраги ёрилиши
- Бўлим: Нурул яқин
- 178 марта кўрилди
Пайғамбар алайҳис-салом Ҳалиманинг тарбиясида юрган вақтларида инсон ақлига сиғмайдиган ғоят сирли ҳодиса юз беради. Расулуллоҳнинг кўкраклари ёрилиб, қора нуқта — шайтон васвасаси олиб ташланади. Бу воқеадан қўрқиб кетган Ҳалима у кишини оналарига элтиб топширади ва уларнинг эсхонасини чиқариб юборган ҳодисани шундай баён этади: "Болалар билан уйимизнинг орқасида ўйнаб юришган эди, тўсатдан ўғлим югуриб кириб, қурайшлик укамни оқ кийимли икки киши ушлаб олиб ерга ётқизишди, кейин қорнини ёриб, қамчи дастаси билан ичини титкилашяпти, деди. Отаси иккаламиз чиқиб қарасак, унинг рангида ранг йўқ. Бағримизга босиб: "Нима бўлди, ўғлим?" — деб сўрадик. У: "Оқ кийимли икки киши келди-да, бири мени кўрсатиб: "Шуми?" — деди. Униси бош ирғаб тасдиқлади. Кейин икковлашиб ерга ётқизишди. Кўкрагимни ёриб, титкилай-титкилай бир нимани олиб ташлашди. Нимани олиб ташлашганини билмайман", — деди.
Шу кундан эътиборан пайғамбар алайҳис-салом инсонни йўлдан оздирадиган шайтоний ҳою-ҳаваслардан халос бўлдилар.