Умму Ҳабиба
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Чоршанба, Июн 26 2024
- 45 марта кўрилди
Рамла бинт Абу Суфён (р.а.). Куняси Умму Ҳабиба. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг аёлларидан бири, «мўминларнинг онаси» деган рутба соҳибаси, Муовиянинг опаси.
Рамла бинт Абу Суфён пайғамбарлик бошланишидан ўн етти йил аввал, милодий 589 йили Маккада Қурайш қабиласида дунёга келган.
Отаси Абу Суфён ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абдушшамс.
Онаси Сафия бинт Абул Ос ибн Умайя ибн Абдушшамс, Усмон ибн Аффоннинг аммаси.
Рамла бинт Абу Суфён (р.а.) илмли, балоғат ва фасоҳатда машҳур бўлган. У кўп нафл рўза тутар, нафл намоз ўқишни канда қилмас, Пайғамбаримизнинг суннатларига амал қилишда барчага ўрнак бўлар эди.
Умму Ҳабиба (р.а.) аввал Убайдуллоҳ ибн Жаҳшга турмушга чиққан, эри вафотидан сўнг Пайғамбар (алайҳис-салом) уни никоҳларига олганлар.
Бу аёлнинг Ҳабиба исмли қизи бўлгани маълум. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан қурган никоҳдан эса фарзанд кўрмаган.
Рамла бинт Абу Суфён (р.а.) отасининг қаршилигига қарамай турмуш ўртоғи Убайдуллоҳ ибн Жаҳш билан биринчилар қаторида ислом динини қабул қилган.
Илк мусулмонлар мушриклар тазйиқига учраган пайтда Рамла бинт Абу Суфён биринчи турмуш ўртоғи ва бошқа мусулмонлар билан Ҳабашистонга ҳижрат қилган.
Ҳабашистонда Рамла бинт Абу Суфён қиз фарзанд кўради ва исмини Ҳабиба деб қўяди, шу сабабли унга Умму Ҳабиба куняси берилади. Орадан бир оз вақт ўтгандан сўнг турмуш ўртоғи ислом динидан юз ўгириб насронийликни қабул қилади ва ичкиликдан вафот этади. Идда вақти тугашига Пайғамбар (алайҳис-салом) Ҳабашистон подшоси Нажошийни ўз номларидан Умму Ҳабиба (р.а.)га совчи қилиб жўнатадилар. Шундан сўнг Рамла (р.а.) Пайғамбаримизга никоҳланади.
Рамла бинт Абу Суфён жами 65 та ҳадис ривоят қилган.
Умму Ҳабиба (р.а.) 44/666 йили вафот этган.
"101 улуғ саҳобий" китобидан