close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сафия бинт Абдулмутталиб

Сафия бинт Абдулмутталиб (р.а.). Улуғ саҳобия, Пайғамбар (алайҳис-салом)нинг аммалари.
Бу аёл Қурайш қабиласидан бўлиб, Маккада таваллуд топган.
Ота тарафдан Расуллуллоҳга қариндош бўлиб, Сафиянинг отаси ул зотга бобо бўлади.
Сафия бинт Абдулмутталибнинг онаси Ҳола бинт Ваҳб Расулуллоҳнинг оналари Омина билан опа-сингил бўлган. Демак, Сафия Пайғамбар (алайҳис-салом)га ҳам холавачча, ҳам амма бўлган.
Манбаларда бу аёлнинг икки марта турмуш қургани ҳақида маълумотлар келтирилган. Жоҳилият даврида унга Абу Суфён ибн Ҳарбнинг акаси Ҳорис ибн Ҳарб уйланган. Ундан бир ўғил кўрган. Ҳорис ибн Ҳарб вафотидан сўнг Аввом ибн Хувайлидга турмушга чиққан. Бу киши Хадича ибн Хувайлиднинг акаси эди.
Сафия бинт Абдулмутталиб (р.а.) Аввом ибн Хувайлиддан Зубайр, Соиб ва Абдул Каъба исмли фарзандларни дунёга келтирган. Фарзандлари орасида тириклигида жаннатга кириши башорат қилинган ўн нафар саҳобийдан бири Зубайр ибн Аввом ҳам бор эди. Отадан эрта етим қолган Зубайрни Сафия матонатли ва чидамли қилиб ўстирган.
Сафия бинт Абдулмутталиб (р.а.) Пайғамбар (алайҳис-салом)га ёшлик чоғларида она ўрнида тарбия беришга ҳаракат қилди ва у укасининг ўғли бир кун келиб улуғ инсон бўлишига ишонарди. Доимо жиянига кўплаб яхшиликлар ва мурувват кўрсатиб, меҳр бериб келган.
Сафия (р.а.) чиройли шеър ва қасидалар ёзгани билан ҳам машҳур. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассалам) вафот этганларида марсия ёзиб, мусулмонлар қалбини ларзага солган эди.
Исломдан аввал ҳам, кейин ҳам эркакларни шошириб қўядиган даражадаги жасорати билан ном чиқарган Сафия (р.а.) ўғли Зубайр ибн Аввомни ҳам динига ва яқинларига садоқат руҳида тарбия қилган. Узи ҳам қўлидан келганча ислом динининг қуввати бўлишга интилиб келган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассаллам)га ваҳий келгач, даъватни ўз яқинларидан бошладилар. Абдулмутталиб оиласидан эркаклар, аёллар, қариялар ва болаларни йиғиб, Аллохдан келган хабарни маълум қилиб шундай мурожаат қилдилар: «Эй Ҳошим ўгиллари, эй Абдулмутталиб авлодлари! Ўзларингизни жаҳаннам оловидан қуткрринг. Эй Фотима бинт Муҳаммад, эй Сафия бинт Абдулмутталиб! Ўзларингизни жаҳаннам ўтидан қутқаринг. Мен сизларга Аллоҳдан бошқа нарсани ваъда қилмайман», дедилар ва барчани Аллоҳга имон келтиришга чақирдилар.
Сафия бинт Абдулмутталиб (р.а.) ўғли Зубайр ибн Аввом билан илк мусулмонлар қаторида исломни қабул қилган. У акаси Ҳамза ибн Абдулмутталибни ҳам исломга даъват қилиб, уни мусулмон бўлишига сабабчи бўлган.
Унинг шижоатини қуйидаги воқеадан ҳам билиб олса бўлади. Абу Лаҳабнинг Расулуллоҳга бераётган азиятларини кўрган Сафия бинт Абдулмутталиб, бир куни унга: «Эй Абу Лаҳаб, сен унинг динини хор ва заиф қилмоқчимисан. Аммо башоратчилар Абдулмутталиб авлодидан бир пайғамбар чиқажагини башорат қилганлар. Бу кишидаги аломатлар сенга Пайғамбар эканини билдирмаяптими?!», деди.
Сафия бинт Абдулмутталиб (р.а.) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга Уҳуд, Хайбар, Хандақ жангларида иштирок этди. Аёллар орасида ғазотга чиққан илк аёл ҳам айнан Сафия бинт Абдулмутталибдир.
Уҳуд жангида муслима аёллар қаторида ярадор жангчиларга сув беришда иштирок этган. Бундан ташқари, қуролларни ташиш ва камон ўқларини етказиб беришда жонбозлик кўрсатган. У ҳуд жангидаСафиянинг акаси Ҳамза ибн Абдулмутталиб жасадини Расулуллоҳ (алайҳис-салом) билан Зубайр кўрдилар. Сафия бинт Абдулмутталибнинг яқинлашаётганини кўрган Пайғамбар (алайҳис-салом): «Эй Зубайр, аёл киши келяпти, уни яқинлаштирма, қўрқмасин», дедилар. Зубайр ибн Аввом «онажон яқинлашманг, орқага қайтинг», деди. Зубайр Сафияни яна олдинга талпинаётганини кўриб, буни Расулуллоҳ амр қилдилар, деди. Сафия бинт Абдулмутталиб (р.а.) акаси ўлганини эшитгани, жон таслим қилганидан хабари борлигини таъкидлади. Шунда Расулуллоҳ Зубайрга қўйиб юборишни амр этдилар. Уруш сўнгида Сафия акасининг жасадини топди. Унинг қулоқлари, бурни кесилгани, қорни ёрилиб, жигари суғуриб олинганини кўриб: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» оятини ўқиди ва Аллоҳга сабр қилишини таъкидлади. Бу ҳолат билан Сафия (р.а.) ўзининг нақадар сабрли аёл экани ва Яратганнинг қазосини чиройли сабр ила қарши олишини намоён этди.
Сафия бинт Абдулмутталиб (р.а.) 20/641 йили 73 ёшида Умар ибн Хаттоб (р.а.) халифалиги даврида вафот этди. Қабри Бақиъ қабристонида.

"101 улуғ саҳобий" китобидан

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase