close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳубайб ибн Одий розияллоҳу анҳу

Уҳуд жангида баъзи яқинлари ўлган мушриклар мусулмонлардан интиқомини олишни  истардилар. Шу мақсадда хуфёна режа туздилар ва ушбу тубанликни амалга оширишга киришдилар. Мадинага келган мушрик ҳайъати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришди ва:
– Ё Расулуллоҳ! Бизнинг қабилаларимиз Исломни қабул этди. Фақат Қуръони каримни ўргатувчи муаллимга эҳтиёжимиз бор. Илтимос бизга Исломни ва Қуръонни ўргатувчи кишиларни йўлланг, – деб сўради.  
    Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ўн кишидан иборат муаллимлар гуруҳини жўнатдилар. Осим ибн Собит бошчилигидаги ушбу гуруҳда Марсад ибн Абу Марсад, Ҳолид ибн Абу Букайр, Ҳубайб ибн Одий, Зайд ибн Десинна, Абдуллоҳ ибн Ториқ, Муаттиб ибн Убайдлар бор эди.
Муаллимлар гуруҳи кечалари юриб, кундузлари яшириниб, Ҳузайл қабиласи ерида Ражи сойи бўйида саҳар вақти тўхтадилар. Шу пайт улар билан келаётган Адал ва Қора қабиласи ҳайъатидан бир одам баҳона қилиб ёнларидан айрилди. Дарҳол бориб Бани Лиҳянга хабар берди. Кўп ўтмай гуруҳ атрофи ўраб олинди. Икки юздан ортиқ қуролланган қўшин ўша ерда эди. “Бизга муаллим керак”, деганлар қочиб кетиб, майдонда мусулмонларни қароқчилар тўдаси билан ёлғиз қолдирдилар.  Баъни Лиҳян қабиласи асирлар тижорати билан шуғулланар эди. Шунинг учун:
– Таслим бўлиб жонингизни қутқаринг, – деган таклифни билдирдилар.
    Асл мақсадлари уларни Маккага олиб бориб қул қилиб сотиш эди. Бундан катта фойда кўришлари мумкин эди. Чунки Макка мушриклари уларга:
– Қўлга олиб келган ҳар бир мусулмон асир учун керагидан ортиқ пул тўлаймиз, – деган эдилар.
    Буни мусулмонлар ҳам эшитган эдилар. Шунинг учун ўртада маслаҳатлашиб жанг қилишга қарор қилдилар. Тоғ томон чекиниб қиличларини қинидан чиқардилар ва Аллоҳнинг дини йўлида олиша бошладилар. Икки юз жангчига қарши ўн мусулмон ҳеч кўрилмаган бир қаҳрамонлик билан жанг қилдилар. Устиларига отилиб келган кучнинг бир қисмини ўлдирдилар. Душманга қарши олишган ўн саҳобадан еттитаси ўша ерда  шаҳид бўлишди. Фақат Ҳубайб ибн Одий, Зайд ибн Десинна ва ҳазрат Абдуллоҳ ибн Ториқ қолган ва мушриклар билан олишаётган эдилар.
Кўп ўтмай мушриклар уларни ўнг тарафдан қўлга олдилар. Бани Лиҳян уларнинг уччаласини ҳам боғлаб ташладилар. Маккага олиб бориш учун йўлга отландилар. Абдуллоҳ ибн Ториқ Макка мушрикларига сотилишга рози бўлмадилар. Бормаслик учун бор кучини сарфлаб:
– Қасам ичаманки, мен сизларга йўлдош бўлмайман. Шаҳид бўлган дўстларим менга ўрнак, – деб бир уринишда қўлларини ечдилар. Бани Лиҳяннинг золим мушриклари уларни тошбўрон қилиб ўлдиришди.
Бани Лиҳяннинг одамлари Ҳубайб ибн Одий билан Зайд ибн Десиннани катта миқдорда Макка мушрикларига пулладилар. Чунки Ҳубайб Бадр ғазотида мушрикларидан Ҳорис ибн Амирни Жаҳаннамга равона қилгандилар. Унинг ўғиллари отасининг қасосида ёнгани учун Ҳубайбни катта пул эвазига сотиб олдилар. Зайд ибн Десиннани эса Савфон ибн Умая Бадр ғазотида ўлган отаси Умая ибн Ҳалафнинг интиқомини олиш мақсадида сотиб олди.
    Макка мушриклари Ҳубайб ва Зайдни сотиб олгач, уларга қандай жазо бериш ҳақида маслаҳатлашдилар:
– Йўқ! Уларни аввал қийнаш керак.
– Бироқ ҳозир ҳаром ойлар-ку!?
– Ҳа, шу сабабдан уларни ҳозир ўлдирмаймиз. Ҳаром ойларнинг ўтишини кутишимиз лозим.
– У ҳолда қамаб қўямиз.
– Қўл оёқларини занжирбанд қиламиз.
Ниҳоят асирларни занжирбанд қилишга қарор қилдилар. Жанг майдонидаги олишув интиқомини ҳимосиз бир инсондан олишдек тубанликка қўл ураётган бу ҳам етмагандек бу асирларни жангдан эмас, пул эвазига сотиб олгандилар.
Ҳориснинг ўғиллари ифтиҳор билан Ҳубайб ибн Одийни таниш билишларига кўрсатиб:
– Мана отамизни ўлдирган. Ҳозир берадиган жазоимизни кутиб ётибди, – деб мақтанардилар.
Ҳубайб ибн Одий эса қамалган уйида Аллоҳга таваккул ила тақдирини кутиб ётар эдилар.
Ҳубайб қамаб қўйилган уйда яшайдиган Мовия деган жория бу ҳақда шундай дейди:
– Ҳубайб мен яшайдиган уйдаги бир ҳужрага қамаб қўйилган эди. Мен ундан хайрлироқ бирор асир кўрмадим. Бир  куни қарасам қўлида инсон бошидек келадиган бир бош узум турганди. Ундан ерди. Ҳар куни қўлида шундай узум кўрардим. У мавсумда Маккадан узум топиш амримаҳол эди. Аллоҳ таоло унга ризқ бераётганди.
Ҳубайб қамаб қўйилган ҳужрасида намоз ўқир, Қуръони каримни ҳатм қиларди. У ўқиётган Қуръонни эшитган аёллар йиғлашарди. Унга ачинардилар. Ундан:
– Бирор нарса истайсанми? – деб сўраганимда шундай жавоб берди:
– Менга тотли сув бер, бутлар учун сўйилган ҳайвонлар гўштини келтирма. Фақат мени ўлдирадиган кунни аввалроқ хабар бер, бошқа истагим йўқ.
Ўлдириладиган кунга қарор берилгач, бориб унга хабар қилдим. Хайратда қолдим, ўзининг ўлдирилишини эшитган пайти унда заррача ўзгариш бўлмади. Менга:
– Илтимос, бир устара топиб бер, соч-соқолимни олиб, ювиниб-таранай. Кейин сени дуо қиламан, – деди.
Мен эса боламнинг қўлига устара бериб жўнатдим. Боламни унинг ёнига юборганимдан сўнг бирдан қўрқиб:
– Эй воҳ, бу одам боламни устара билан сўйиб қўйсачи, ахир ўлимга ҳукм қилинган-ку! – деб унинг ёнига югурдим. Бориб қарасам, Ҳубайб устарани болани қўлидан олиб уни эркалаб тиззасига ўтирғазиб олган экан. Бу ҳолатни кўриб қўрқувдан фарёд кўтардим. Ҳолатни тушунгач Ҳубайб:
– Болани ўлдириб қўяди деб ўйладингми? Бизнинг динда бундай нарса
йўқ. Ноҳақ бировга озор етказиш бизнинг ҳолимиз ва шаънимиздан эмас – деди.
Аслида қўлида устараси бўлган бир асир кўп нарса қила оларди, ҳаттоки озодликка эршиши ҳам мумкин эди. Ҳубайб эса бундай нарсани ўйлашни ҳам истамади, ҳатто.
Ҳубайб ибн Одий ва Зайд ибн Десиннани мушриклар ўлдириш учун қарор қилган кун келган эди. Бироқ золим мушрикларнинг кин ва адоват ҳислари ўтмади. Барчага хабар қилинди. Шу сабаб шаҳарнинг ёшу қари, аёлу эркак ва барча болалари ўша ерда эдилар. Бу икки улуғ саҳобанинг бошига нималар келишини сабрсизлик билан кутардилар.
Бир куни тонгда буюк иймонга эга саҳобаларнинг занжирларини ечиб зиндондан чиқардилар. Макка ташқарисидаги Танъим деган жойга келтирдилар. Чунки мушриклар барча пасткашликларини шу ерда қилишга одатланган эдилар. Ушбу икки Аллоҳ ва Расулининг дўстларида ҳеч қандай ҳаяжон йўқ эди. Йўлда кўришиб бир-бирларини қучоқлаган ва бир-бирига бошларига келадиган ҳар қандай балога сабр қилишни тавсия этган эдилар.
Бироздан сўнг бир мушрик бақирди:
– Эй Ҳубайб! Сен бизнинг отамизни, Ҳорис ибн Амирни ўлдирдинг. Бугун унинг интиқомини сендан оламиз. Ўлишдан аввал бирор истагинг борми?
Ҳубайб ибн Одий ғоят сокин ҳолда шундай дедилар:
– Яшатган ва ўлдирган ва ўлгандан сўнг қайта тирилтирадиган ёлғиз Аллоҳдир. Унга чексиз ҳамд ва шукрлар бўлсин.
Мушриклар хайрат ила қайта сўрадилар:
– Ўлишдан аввал охирги бирор истагинг йўқми?
– Қўлимни ечинглар икки ракат намоз ўқиб олай...
– Шу ерда ўқи.
Қўл-оёқлари ечилган Ҳубайб дарҳол намозга турдилар ва сукунат ила ҳушуъ билан икки ракат намоз ўқидилар. Аллоҳ таолога охирги дуоларини қилдилар.
Тўпланган мушриклар, аёллар, болалар бу манзарани ҳаяжон ила томоша қилардилар. Намозларини ўқиб бўлгач:
– Аллоҳга қасамки, агар ўлимдан қўрқиб намозни кўп ўқияпти, деган хаёлга бормаганингизда мен намозимни бундан кўпроқ ўқирдим, – дедилар.
Ҳориснинг ўғиллари уларнинг ёнларига йиртқич ҳайвон каби яқинлашишди ва:
– Энди ўлишга тайёрмисан? – деб сўрадилар.
Аслида улар Ҳубайбнинг дод фарёд кўтиришини хоҳлаётган эдилар. Чунки ана ўшанда асл мақсадларига етардилар.  Бироқ Ҳубайб ҳамон сокин эдилар ва:
– Мусулмон бўлиб ўлганимдан сўнг қандай жон беришимнинг аҳамияти йўқ. Чунки барчаси Аллоҳ ва Расулуллоҳга бўлган севгим туфайлидир. Аллоҳ таоло истаса, тилим-тилим бўлган вужудимнинг заррасини лутф ила Жаннатига ноил айлар, – дедилар.   
    Ҳубайбни Макка мушриклари дорга осиб боғладилар. Юзларини қибладан Мадинага ўгириб дедилар:
– Динимдан асло қайтмайман. Бутун дунё меники бўлса ва менга берилса ҳам Исломдан қайтмайман!
Мушриклар дедилар:
– Ҳозир сенинг ўрнингда Пайғамбаринг бўлишини ва унинг ўлдирилишини, сен эса ўз уйингда хотиржам ўтиришни истармидинг?
– Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мени ўрнимда бўлишлар у ёқда турсин, ҳаттоки Мадинада юрганларида муборак оёқларига зирапча ботишига ҳам асло рози бўлмайман. Зайд ибн Десиннага ҳам айни сўзларни айтдилар. Иккиси ҳам золим мушриклар томонидан ваҳшийларча ўлдирилди.
Ҳубайб ўлимларидан олдин шундай дуо қилган эдилар:
– Аллоҳим! Бу ерда душман юзидан бошқа бирор юз кўрмаяпман. Аллоҳим! Расулингга саломимни етказ. Бизга қилинган бу ишни Расулингга билдир!..
Ҳубайб дуо қилган пайтларида севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари билан бирга ўтирган эдилар. Бу ҳақда Зайд ибн Ҳориса шундай дейдилар:
–Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари билан бирга ўтирган вақтида уларни ваҳий келган ҳолатдаги бир ҳол қоплади. Сўнг:
– Ва алайкум ас-салам, – дедилар.
Асҳоблари:
– Ё Расулуллоҳ, бу аликни кимнинг саломига жавобан олдингиз? – деб сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Биродарингиз Ҳубайбнинг саломига жавоб бердим. Жаброил алайҳиссалом Ҳубайбнинг саломини менга етказди, – дедилар ва Ҳубайб билан Зайднинг шаҳид этилгани ҳақдаги хабарни асҳобларига хабар қилдилар.
Ҳубайб ибн Одий розияллоҳу анҳунинг жасадлари қирқ кун ёғочда осиғлиқ қолди. Муборак таналари чиримади, бадбўй ҳид чиқмади. Фақат тоза қон оқди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳубайб розияллоҳу анҳунинг жасадларини келтириш учун асҳобдан Зубайр ибн Аввом билан Миқдод ибн Асвадни жўнатдилар. Тунда ушбу икки саҳоба Маккага яширин кирдилар ва Ҳубайб розияллоҳу анҳунинг жасадларини олиб туяга ортдилар ва Мадина томон йўлга чиқдилар.
Ҳолатдан хабар топган мушриклар катта оломон билан уларнинг устига ҳужум қилдилар. Зубайр ва Миқдод ўзларининг жонини асраш мақсадида жасадни ерга қўйдилар. Бироздан сўнг қараган эдилар Ҳубайбнинг жасадлари қўйилган ер ёрилиб жасадни ўз ичига олди ва яна ёпилди. Зубайр ва Миқдод у ердан кетиб Мадинага келдилар.
Қатл этилаётганда икки ракат намоз ўқиган ва бу ҳолатни одат айланишига сабаб бўлган илк мусулмон Ҳубайб ибн Одий бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кейинчалик уларнинг қатл этилишидан аввал икки ракат намоз ўқиганларидан хабар топгач, Ҳубайб розияллоҳу анҳунинг бу ҳаракатларини маъқулладилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳубайб ибн Одий розияллоҳу анҳу тўғриларида:
– У менинг Жаннатдаги қўшнимдир, – деб марҳамат қилганлар.
Ҳубайб ибн Одий розияллоҳу анҳу мадиналик мусулмонлардан бўлиб, Авс қабиласига мансубдирлар. Ҳижратдан аввал мусулмон бўлиб, Бадр ва Уҳуд жангларида улкан қаҳрамонликлар кўрсатган эдилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase