Ҳажжож ибн Илот розияллоҳу анҳу
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Пайшанба, Июл 28 2022
- 209 марта кўрилди
Ҳажжож ибн Илот бой, заковатли ва сиёсатни яхши биладиган савдогар эдилар. Мусулмон бўлганларидан сўнг сиёсий илмини қўллаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн олиб, Макка мушрикларини ўзларига хизмат қилдирганлар.
Улар Бани Сулайм қабиласидан эдилар. Бу қабила тупроқларидан олтин маъданлари чиқарди. Ушбу маъданларнинг закотини бериш илк бор ҳазрат Ҳажжожга насиб этди.
Уларнинг Исломга киришлари шундай рўй берди:
Ҳажжож ибн Арот Баъни Сулайм қабиласидан бир гуруҳ ила Маккага кетаётган эдилар. Кеч тушгач кимсасиз бир водийда тўхтадилар. Шериклари Ҳажжожнинг соқчилик қилишларини сўрадилар. Улар эса шерикларининг ҳавфсизлиги учун рози бўлдилар. Туриб атрофни айлана бошладилар. Ўз-ўзларига: “Мен ва шерикларимнинг соғ-саломат ортга қайтишимиз учун Аллоҳга сиғинамиз”, дер эди.
Шу пайт шундай нидо эшитди:
يَا مَعْشَرَ الْجِنِّ وَالْإِنسِ إِنِ اسْتَطَعْتُمْ أَن تَنفُذُوا مِنْ أَقْطَارِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ فَانفُذُوا لَا تَنفُذُونَ إِلَّا بِسُلْطَانٍ {33}
“Эй жинлар ва инсонлар жамоаси! Агар сизлар (Аллоҳнинг жазосидан қочиб) осмонлар ва Ер ҳудудларидан ўтиб кетишга қодир бўлсангиз, ўтиб кетаверингиз! Куч-қудратсиз (улардан) сира ўтиб кета олмагайсиз!” (Ар-Роҳман сураси, 33-оят).
Буларнинг оят эканини билмаган Ҳажжож уларни ёдлаб олдилар. Маккага боргач, Қурайш улуғлари тўпланган бир мажлисда иштирок этдилар. Уларга тунда бўлиб ўтган воқеани айтиб, ёд олган оятларини уларга ўқиб бердилар.
Бунга жавобан қурайшликлар:
– Эй Илот! Сен ҳам ақлдан озибсан. Муҳаммад ҳам бу сўзларнинг унга Аллоҳ томонидан ваҳий қилинганини айтмоқда, – дедилар.
Ҳажжож эса:
– Қасам ичаманки, бу сўзларни ҳам мен, ҳам ёнимдаги шерикларим эшитди, – деб ҳодисанинг жиддий эканини уларга тушунтиришга уриндилар. Бироқ қурайш мушриклари уларни эшитишни хоҳлашмади.
Ҳажжож ибн Илотнинг қалбларида бир нур порлай бошлаган эди. Бу воқеа уларга қаттиқ таъсир қилганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаерда эканликларини суриштириб билдилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам кўриш учун вақт йўқотмасдан йўлга чиқдилар.
Мадинаи Мунавварага келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳайбарга кетганларидан хабар топдилар. У ерда ҳам кутишга сабрлари чидамай, тўғри Ҳайбарга йўл олдилар.
Ҳайбар ғазоти кунларида Фаҳри Коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиш баҳтига муяссар бўлдилар. Ул зоти шариф билан кўришдилар ва мусулмон бўлдилар. Ҳайбар фатҳида иштирок этдилар.
Ҳажжож ибн Илот савдогар бўлганлари учун Маккада улардан қарз олган одамлар бор эди. Оилалари ҳам ўша ерда қолганди. Мол мулк ва ашёлари улар билан бирга эди. Ҳам қарзларини олишни ва ҳамда оилаларини мол-мулки билан бирга Мадинага олиб келишни истадилар.
Шу сабаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордилар ва:
– Ё Расулуллоҳ! Маккада бир қанча кимсадан оладиган қарзларим бор. Изн берсангиз уларни олиб молларим ва оиламни Мадинага олиб келишни истайман, – дедилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга изн бердилар. Ҳажжожнинг кўнгилларини ғаш қилаётган яна бир масала бор эди. Уни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашлари керак эди ва шу боис дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Агар мушриклар менинг мусулмон бўлганимни билиб қолсалар, менга ҳеч нима бермайдилар. Оилам ва молимни қутқариш учун балки сиз ҳақингизда муносиб бўлмаган сўзларни айтишга мажбур бўларман. Бу хусусда нимани буюрасиз?
Фаҳри Коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалада ҳам уларга изн бердилар. Ҳажжож олган жавобларидан мамнун эдилар. Кўнгли тўқ ҳолда Маккага бордилар. Қурайш мушрикларининг заиф нуқталарини аниқладилар. Оладиган қарзлари хусусида уларни ўзларига хизмат қилдирдилар.
Мушриклар билан бўлган ҳодиса ҳусусида Ҳажжожнинг ўзлари шундай дейдилар:
– Қурайшликлар ўша кунлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳайбар устига юриш қилганларидан хабар топгандилар, бироқ келишувдан хабарлари йўқ эди. Маккага боришим билан атрофимни ўраб олдилар. Менга саволлар ёғдира бошладилар. Менинг мусулмон бўлганимни ҳануз билмасдилар. Мен эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган изним туфайли уларни севинтирадиган хабарлар бера бошладим ва шундай дедим:
– Муҳаммад ва унинг асҳоби шу пайтга қадар жанг қилишни Ҳайбарликлар каби яхши биладиган қавмга дуч келмаган эди. Ҳайбарликлар ўн минг кишилик қўшин тўплади. Мусулмонларни қиличдан ўтказди. Мусулмонлар эса катта мағлубиятга дучор бўлдилар. Муҳаммад асир олинди.
Бу хабарни эшитган мушриклар қаттиқ севиндилар. Яна шуни ҳам қўшиб қўйдим:
– Ҳайбарликлар Муҳаммадни маккаликларга таслим қилишни ва ўлдирилган одамларингиз эвазига уни сизлар ўлдиришингизни истайдилар.
Макка мушриклари қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиргач уларга:
– Сизлар ҳам менга ёрдам беринглар. Оладиганларимни тезроқ йиғиб, мусулмонларнинг ўлжа ва молларини бошқа тужжорлар келмасидан аввал сотиб олай, – дедим.
Бу истак ва таклифимга жон деб рози бўлдилар. Қувончдан менинг қарзларимни тез фурсатда тўплай бошладилар.
Ҳажжож ишларини шу йўсинда битирдилар. Маккадаги бойликларини тўпладилар. Бироқ улар берган хабарлардан Маккадаги мусулмонлар оғир қайғуга ботдилар. Аббоснинг бу ёмон хабардан аҳволи оғирлашиб уйларига қайтдилар. Қулини Ҳажжожга жўнатиб, улар билан кўришиш истагини билдирдилар. Ҳажжож Аббос билан кўришиб воқеанинг аслини англатдилар. Бир неча кун сир тутишларини сўрадилар. Сўнг Маккадан чиқиб Мадинага йўл олдилар.
Аббос орадан уч-беш кунлар ўтиб Каъбага чиқдилар. Мушрикларни ғафлатда қолдирган хабарларни ёлғон эканини айтиб, асл бўлган воқеадан хабар бердилар. Ҳақиқат эса буларнинг умуман акси эди. Ҳайбарликлар мағлуб бўлган, мусулмонлар эса зафар қозонгандилар. Ҳажжож эса қарзларини йиғиб олиш учун шундай дегандилар. Мушриклар саросимада қолдилар.
Ҳажжож ибн Илот келтирган молларининг закотини бердилар. Мадинада ўзларига бир уй ва бир масжид қуриб шаҳарга жойлашдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг Ҳумусга кетиб ўша ерда яшадилар. Умарнинг илк халифалик йилларида вафот этдилар.