close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Файруз ибн Дайламий розияллоҳу анҳу

Файруз ибн Дайламий Санода юрган пайтлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ислом дини тўғрисидаги хабар етиб келди, ҳижратнинг ўнинчи йилида Мадинага келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб байъат бердилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Биз узоқлардан келдик, бу ерда мусулмон бўлдик. Бизга энди ким ёрдам беради?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар:
– Аллоҳ ва Расули.  
Шундан сўнг ҳазрат Файруз дедилар:
– Аллоҳ ва Расули бизга кифоя.
Файруз ибн Дайламий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яна савол сўрадилар:
– Ё Расулуллоҳ! Мен мусулмон бўлдим, бироқ никоҳимда икки аёл бор. Энди нима қиламан?
– Улардан қай бири билан яшашни истасанг, ўшанисини танла ва яша. Қай бири билан ажрашишни ҳохласанг, у  билан ажраш.
– Ё Расулуллоҳ! Биз узум экиб тирикчилик қиламиз. Аллоҳ таоло ичкиликни ҳаром қилган. Узумларимизни энди нима қиламиз?
– Қуритиб майиз қиласизлар, мевасидан ейсизлар, шарбатини ичасизлар ва сирка қиласизлар.
Файруз ибн Дайламий бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай деб сўрадилар:
– Ё Расулуллоҳ! Биз совуқ ўлкада яшаймиз. Шунинг учун буғдойдан қилинган ичкилик ичамиз? Энди қандай ҳукм қиласиз?
– У сархуш қиладими?
– Ҳа, сарҳуш қилади.
– Уни ичманглар.
Файруз ибн Дайламий мусулмон бўлган йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Видо ҳажига бориб келгач хасталандилар. Шу орада араблар орасидан баъзи кимсалар пайғамбарликни даъво қила бошладилар.
Буларнинг биринчиси Баъни Анс қабиласидан Асвад ибн Анси эди. Унинг асл исми Абҳала ибн Каъбдир. У енгилтабиат ва бетайин одам эди. Халққа хайратга солувчи нарсаларни кўрсатар, сўзлари ила тингловчиларнинг диққатини тортарди. Асвад ибн Ансий фаришталарнинг унга ваҳий келтираётганини айтиб, пайғамбарликни даъво қила бошлади. Бир неча ҳийлаю найранглар билан Яман халқидан бир қанча одамларни алдади.  Нажрон аҳолиси ҳам унга эргашди. Санони забт этиб, фитна ҳалқасини кенгайтирди. Яманда бўлган мусулмон волий ва маъмурлар у ердан кетишга мажбур бўлдилар.
Асвад ибн Ансий билан боғлиқ хабарлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келди. Ямандаги Ислом волийларига ва у ердаги мусулмонларга хабар жўнатдилар. Истасалар у билан жанг қилишни, истасалар уни тузоққа туширишни буюрдилар, бироқ уни асло кўздан қочирмасликни амир қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хаста бўлишларига қарамай, Асвад ибн Ансий каби қаллоб ёлғончиларнинг қилаётган ишлари ҳақида хабардор бўлиб турдилар. Бу масалада баъзи кишилар билан ҳам алоқа қилдилар. Натижада Асвад ибн Ансийнинг ўлдирилиши режалаштирилди. Унинг ўлдирилиши аёли томонидан уюштирилди.
Файруз ўша пайтларда Яманда эдилар. Икки нафар дўстлари билан бирга Асвад ётган уйнинг деворини тешдилар. Файруз шерикларидан бирига ичкарига кириб уни ўлдиришини айтдилар. Шериклари вужуди қалтираётганини, бу ишни қила олмаслигини айтди. Файруз ичкарига кирдилар ва Асвад ётган хонага яқин бордилар. Унинг ҳуррак отиб ётганини эшитдилар. Асвад кўрпага ўраниб олиб қаттиқ уйқуга кетган эди. Файруз ишдан хабари бўлган Асваднинг аёли Озоддан унинг боши қай тарафда эканини сўрадилар. Аёл эрининг бошини кўрсатди. Файруз Асваднинг бош томонига бориб қарадилар. У ҳали ҳам сарҳуш ҳолатда эди. Файруз Асваднинг бошини олдилар.
Эртасига Файруз ва дўстлари қабиладошларини тўплаб Асваднинг ўлдирилганини ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларини эълон қилдилар. Шундан сўнг мусулмон волийлар ўз лавозимларига қайтдилар.
Ўша кеча Асвад ибн Ансийнинг ўлдирилгани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали билдирилди. Эртасига бу хушхабарни асҳобларига айтдилар:
– Кеча ёлғончи Асвад биродарларимиз томонидан ўлдирилди.
– Ё Расулуллоҳ! Уни ўлдирган ким? – деб сўрадилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб жавоб бердилар:
Уни солиҳ ва муборак бир оиладан чиққан ўзи ҳам муборак бўлган киши Файруз ибн Дайламий ўлдирди.
Файрузнинг Абу Даҳҳок ва Абу Абдуллоҳ деган кунялари бор эди. Усмоннинг халифалик даврларида Яманда вафот этдилар.! 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase