Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Пайшанба, Июл 28 2022
- 281 марта кўрилди
Бадр жангидан сўнг Макка мушрикларининг жасадлари ҳақида шеърлар айтиб мушрикларни гиж гижлаб, Пайғамбаримиз (с.а.в)га ва мусулмонларга қарши тил қайраб фитна чиқарган, ҳаттоки Расулуллоҳ (с.а.в)га суиқасд уюштиришга ҳаракат қилган Каъб ибн Ашраф деган бир бой яҳудий бор эди. Пайғамбаримиз (с.а.в) саҳобалардан сўрадилар:
- Каъб ибн Ашрафни ким ўлдиради? Чунки у Оллоҳ ва Расулига
тил текказди.
Муҳаммад ибн Маслама р.а. дедилар:
- Ё Расулуллоҳ! Мен уни Сиз учун ўлдириб, овозини ўчираман.
Шундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар:
- Қўлингдан келса, кучинг етса шу ишни қил.
Шундан сўнг Муҳаммад ибн Маслама р.а. уйга қайтдилар. Сўнг Абу
Ноила, Аббод ибн Башр, Ҳорис ибн Авс, Абу Абс ва Ибн Жарирнинг ёнига бориб, масалани уларга айтдилар. Барчаси рози бўлди ва “Бирга ўлдирамиз”, деб келишдилар. Шундан сўнг бирга Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига келиб дедиларки:
- Ё Расулуллоҳ! Изн берсангиз, биз Каъб билан сўзлашганда сиз билан боғлиқ унга ёқадиган баъзи сўзларни айтамиз.
Расулуллоҳ (с.а.в) уларга буюрдилар:
- Бу ҳусусда истаганингизни айтишингиз сизларга ҳалолдир.
Муҳаммад ибн Маслама р.а. ва дўстлари ўртада кенгашиб бир режа
туздилар. Шундан сўнг Муҳаммад ибн Маслама р.а. Каъб ибн Ашрафнинг ёнига бориб дедилар:
- Муҳаммад биздан садақа истади. Бизларга катта солиқ юклади. Шунинг учун сенинг ёнингга қарз сўраб келдим.
- У сизларни ҳали жонингиздан тўйдиради.
- Унга эргашдик. Унга бўйинсунишда давом этамиз. Кўрайликчи бунинг оҳири нима билан тугайди? Ҳозир сен қарзга бироз ҳурмо бер.
- Майли бераман, бироқ менга гаров учун бирор нарсангизни қолдирасизлар.
Муҳаммад ибн Маслама р.а. ва шериклари сўрадилар:
- Гаровга нима истайсан?
- Аёлларингизни истайман.
- Аҳир аёлларимизни қандай қилиб сенга гаров учун берамиз? Сен келишган эркак бўлсанг? Аёлларнинг кўнгли сени тусаб қолсачи?
- Бўлмаса ўғилларингизни гаровга қолдиринг.
- Уларни гаровга бермаймиз. Улардан бирига бир, икки юк туя
ҳурмо учун гаровга берилди деган гап тарқасинми, бизнинг номимизга доғ тушади. Сенга фақатгина қурол ва зирҳимизни гаровга бера оламиз.
Каъб бу таклифни қабул қилди. Уларга қачон қарзларини қайтаришни ҳам айтди. Муҳаммад ибн Маслама р.а. ўша келишилган кечада Каъбнинг қалъаси ёнига бордилар. Ёнида Каъбнинг эмикдош укаси Абу Ноила ҳам бор эди. Каъб уларни қалъага чақирган эди. Каъб келганларни кутиб олиш учун пастга тушаркан, унинг аёли шундай деди:
- Ярим кечада қаерга кетаяпсан?
- Келганларни кутиб олиш тушаяпман.
- Бу менга ҳечам ёқмаяпти. Гўё менга қон тўкиладигандек туюляпти.
- Йўқ, йўқ. Сен ўйлаганчалик эмас, улар Муҳаммад ибн Маслама билан ямикдош укам Абу Ноиладир. У яхши одам. Ярим тунда ёрдамга чақирсанг ҳам етиб келади.
- Барибир сен пастга тушма. Улар билан меҳмонҳона томидан гаплаш.
- Эр йигитга ярашадигани, жангга қуролсиз чақирилса ҳам етиб борганидир.
Каъб шундай деб пастга тушди. Муҳаммад ибн Маслама р.а. бу орада
уч кишини қалъага киритдилар. Улар Абу Абс, Ҳорис ибн Авс, Аббод ибн Бишр р.а.лар эди. Муҳаммад ибн Маслама р.а. дўстларига шундай дедилар:
- Каъб келгач, унга яқинлашиб сочларини ҳидламоқчидек, унинг
бошини тутаман. Сизлар мени Каъбнинг бошини яхшилаб тутганимни кўрганингиз заҳотиёқ, қиличларингизни Каъбга суқасизлар. Шу билан “Ҳарб ҳийладир”, деган ҳадиси шарифга мос ҳаракат қилган бўламиз.
Каъб ибн Ашраф чиройли кийинган ҳолда, хушбўйлар сепиб уларнинг ёнларига келди. Ҳазрат Муҳаммад ибн Маслама р.а. “Шу пайтга қадар бундай хушбўйни ҳидламаган эдим”, деб Каъбнинг ёнига бордилар. Каъб ғурурланиб жавоб берди:
- Дунёнинг энг яхши хушбўйларидан фойдаланаман.
Муҳаммад ибн Маслама р.а.:
- Хушбўй сочингиздан хидлашга изн берасизми, деб сўрадилар ва
изн олгач Каъбнинг бошини тутиб, шерикларига бақирдилар:
- Оллоҳ ва Расули душманини ўлдиринглар!
Илк қилич зарбидан Каъб қаттиқ бақирди, бироқ ўлмади. Буни кўрган Муҳаммад ибн Маслама р.а. ҳанжарини Каъбнинг киндигига санчдилар. Каъб шундай фарёд кўтардики, унинг фарёдини ён атрофидаги бирор хонадон эшитмай қолмади. Шундан сўнг у ерга йиқилиб жон берди. Фидоийлар шундан сўнг тез суръатда қалъадан узоқлашдилар. Яҳудийлар қалъадан тушиб бир муддат уларнинг изларидан таъқиб қилдилар, бироқ изларини йўқотиб топа олмадилар. Мужоҳидлар Мадинага кирганларида Расулуллоҳ (с.а.в) намоз ўқиб бўлган эдилар. Уларнинг такбирларини эшитиб, ўзлари ҳам такбир келтирдилар. Муҳаммад ибн Маслама р.а. Расули Акрам (с.а.в)га Каъбнинг ўлдирилгани ҳақда ҳабар бердилар. Расулуллоҳ (с.а.в) шундай марҳамат қилдилар:
- Муродингизга еттингиз.
Фидоийлар эса:
- Ҳа эй Оллоҳнинг Расули! Оллоҳ ва Расулининг душмани ўзига
лойиқ жазони топди, дедилар.
Каъбнинг ўлдирилиши ҳижратнинг учинчи йили Расазон ойида бўлди. Бадр жангидан сўнг Баъни Нодир яҳудийларни Пайғамбаримиз (с.а.в)ни юртларига чақириб, суиқасд уюштирдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) уларнинг ниятларидан ҳабар топдилар. Муҳаммад ибн Маслама (р.а.)ни чақириб буюрдилар:
- Баъни Нодир яҳудийлари ёнига бор! Уларга: “Расулуллоҳ мени
сизларга: “Юртимдан чиқиб кетинглар! Бу ерда мен билан бирга яшамайсизлар. Сизлар менга суиқасд қилмоқчи бўлдинглар. Сизларга ўн кун муҳлат бераман. Агар берган муҳлатимдан сўнг сизлардан ким кўринса унинг бўйни узилади”, деган амрларини айтиш учун юбордилар”, де.
Пайғамбаримиз (с.а.в)дан амр олган Муҳаммад ибн Маслама р.а. Баъни Нодир яҳудийлари юртига боргач, уларга дедилар:
- Мусо алайҳиссаломга Таврот туширган Оллоҳ ҳаққи тўғрисини
айтинглар. Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлиб юборлимасларидан аввал Таврот ёнингизда экан мажлисингизга кирган пайтим менга яҳудийликни таклиф эттинглар ва мен сизларга: “Валлоҳи мен асло яҳудий бўлмайман”, дегандим. Ўша пайт сизлар ҳам менга жавобан: “Сенинг динингдан бошқа дин йўқ. Сен билган, истаган, эшитган Ҳаниф динининг айнисидир. Сизга юбориладиган Пайғамбар ҳам шариат соҳибидир, ҳам жангчидир. Кўзларида бироз қирмизилик бор. Ўзи Яман тарафдан келади, туяга минади, эҳромга бурилади, бадани майин ва кучли, қиличи бўйнига осилган бўлади. Сўзлаган сўзлари фақат ҳикматдан иборат бўлади”, деганмидингиз?
Яҳудийлар буни эътироф қилган бўлсаларда, исломни қабул қилмаган эдилар. Муҳаммад ибн Маслама р.а. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг амрини уларга билдирдилар. Шундан сўнг Баъни Нодир яҳудийлари юкларини йиғиб, тупроқларини тарк этдилар ва ҳиёнатларининг жазосини олдилар.
Ҳайбар ғазотида Ҳайбар қалъаларига қилинган ҳужумларда энг олд қаторда эдилар. Ҳануз Ҳайбар фатҳ этилмаган эди. Муҳаммад ибн Маслама р.а. дедилар:
- Ё Расулуллоҳ! Бугун жуда ҳафаман. Яҳудийлар укам Маҳмуд ибн
Масламани шаҳид эттилар.
Шундан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар:
- Душман билан учрашишни асло истаманглар! Оллоҳдан соғлик ва
офият тиланглар. Чунки сизлар улардан бошингизга нималар келишини билмайсизлар. Душман билан кўришган пайтингиз “Оллоҳим! Бизнинг ҳам, уларнинг ҳам Робби Сенсан. Барчамиз Сенинг қудратинг остидамиз. Уларни ҳалок этадиган фақат ўзингсан”, деб дуо қилинглар, ундан сўнг ўтиринглар. Сизга ташлансалар такбир келтиринглар. Эй Муҳаммад ибн Маслама! Сенга ҳушҳабар! Иншааллоҳ эртага укангни ўлдирган душман ўлдирилади ва Яҳудий жангчилари қочадилар.
Муҳаммад ибн Маслама р.а.нинг ҳаётлари жанг майдонларида кечди. Ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али р.а.ларнинг ҳалифаликлари даврида кексайиб қолганлари сабабли Мадинада осуда ҳаёт кечирдилар. Муовиянинг ҳалифалик даврида 70 ёшда вафот этдилар ва Баъқи қабристонига дафн қилинди.