close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу

    Пайғамбаримиз (с.а.в) мусулмон ҳудудларига волий ва закот йиғувчи маъмурларни жўнатган пайтларида бир куни бомдод намози вақти асҳобларидан сўрадилар:
-    Орангиздан қай бирингиз Яманга боради?
Ҳазрат Абу Бакр р.а. жавоб бердилар:  
-    Мен бораман Ё Расулуллоҳ!
Бироз вақтдан сўнг қайта сўрадилар:
-    Ким Яманга боради?
 Бу сафар ҳазрат Умар р.а. жавоб бердилар:
-     Мен бораман Ё Расулуллоҳ!
 Пайғамбаримиз (с.а.в) бироздан сўнг такрор сўрадилар:
-    Ичингиздан Яманга ким боради?
Муоз ибн Жабал р.а. ўрнидан сакраб туриб дедилар:
-    Ё Расулуллоҳ! Мен бораман.
Шундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) буюрдилар:
-    Эй Муоз! Бу вазифа сенга. Эй Билол менга бош кийимимни
келтир.
    Ҳазрат Муоз ибн Жабал р.а.  Яманда волийлик қилиш, халққа исломни англатиш ва Қуръони Каримни ўргатиш ҳамда Яман ўлкасидан йиғилган закот молларини бир ерга тўплаб, улар ўртасида чиқиши мумкин бўлган ихтилофларни бартараф қилиш мақсадида Яманга кетиш учун ҳозирлик кўрдилар. Йўлга чиқишдан аввал Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳазрат Муоз р.а.га шундай дедилар:
-    Сен аҳли китобдан яъни Яҳудийлар ва Ҳристианлардан бўлган
бир қавм билан учрашасан. Уларнинг ёнига боргач Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига ва менинг Оллоҳнинг Расули эканимни тасдиқлашга даъват қил. Агар буни қабул қилсалар уларга Оллоҳ таолонинг беш вақт намоз фарз қилгани ҳақида ҳабар қил. Буни ҳам қабул қилиб бажарсалар, Оллоҳ таолонинг бойларни фақирларга закот беришни амр қилгани ҳақида ҳабар бер. Буни ҳам қабул қилсалар закотни тўплаётганингда асло молларининг энг яхшиларини танлаб ола кўрма. Мазлумнинг оҳини олишдан чекин. Чунки Оллоҳ таоло мазлумнинг дуосини сўзсиз қабул қилади.
    Сўнг Муоз ибн Жабал р.а. Расулуллоҳ (с.а.в)га дедилар:
-    Ё Расулуллоҳ! Менга насиҳат қилинг.
-    Эй Муоз! Қаерда ва қандай ҳолатда бўлсанг ҳам, Оллоҳдан қўрқ!
-    Ё Расулуллоҳ! Менга насиҳатингизни орттирасизми?
-    Гуноҳнинг ортидан фақат яхшилик қилгинки, гуноҳни йўқ
қилсин.
-    Ё Расулуллоҳ! Менга насиҳатингизни яна орттирасизми?
-    Инсонларга гўзал аҳлоқ билан муомала қил! Эй Муоз! Сен китоб
аҳли бўлган бир қавмнинг ёнига бораяпсан. Улар сендан Жаннат калитини нима эканини сўрайдилар. Уларга Жаннатнинг калити “Ла илаҳа иллаллаҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ”, де!
Муоз ибн Жабал р.а. яна сўрадилар:
-    Ё Расулуллоҳ! Менга китобда ёзилмаган ва Сиздан ҳам эшитмаган
бирор нарсани ҳал қилиш учун келтирилса нима қилишимни буюрасиз?
-    Оллоҳ учун тавозеъли бўл, Оллоҳ сени юксалтиради. Асло яхши
билмай туриб хукм чиқарма. Сенга мушкул, қийин туюлган ишни илмлилардан сўрашга уялма! Энг сўнггида ижтиҳод эт! Аниқки, Оллоҳ таоло тўғриликка кўра сени муваффақ қилади. Ишлар сенга қийин туюлса ҳақиқат аниқ бўлгунга қадар кут ёки менга ёз! У хусусда ўзингча ҳаракат қилишдан сақлан! Юмшоқ бўлишни сенга тавсия қиламан!
    Расулуллоҳ (с.а.в) ҳайрлашаётганларида дедилар:
-    Эй Муоз! Сен балки бундан сўнг мени қайтиб кўрмассан. Балки
қайтишингда бу ердаги масжидимга ва қабримга зиёрат қилиш учун келарсан.
    Буни эшитган ҳазрат Муоз ибн Жабал р.а. маҳзун ҳолда йиғлаётган эдилар, Пайғамбаримиз (с.а.в) буюрдилар:
-    Йиғлама эй Муоз! Фарёд қилиб йиғлаш шайтондандир. Мен сени
кўнгли нозик бир қавмга йўллаяпман. Улар ҳақ учун икки карра жанг қиладилар. Улардан сенга итоат қилганлар сенга осий бўлганлар билан курашадилар; ҳатто аёли эрига, ўғли отасига, ака укасига ғазаб қилиб, сўнг яна Исломга қайтадилар.
    Расулуллоҳ (с.а.в) ҳазрат Муоз р.а. билан бир милгача юриб бордилар ва оҳирида шундай насиҳат қилдилар:
-    Осонлаштиринг, қийинлаштирманг! Ҳушҳабар беринг,
қўрқитманг. Бирлашинг, фирқаларга ажралманг. Менга яқин бўлганлар, боғланганлар, қаерда бўлса ҳам тақво соҳиблари, Оллоҳ таолога ҳаққи ила қуллик қилганлардир.
    Расулуллоҳ (с.а.в) билан ҳазрат Муоз ибн Жабал р.а. ўрталарида шундай суҳбат бўлиб ўтди:
-    Сенга бирор даъво келтирилса, инсонлар ўртасида қандай қилиб хукм чиқарасан?
-    Оллоҳнинг Китоби билан хукм чиқараман.
-    Ундан топа олмасангчи?
-    Расулуллоҳнинг суннатлари билан хукм чиқараман.
-    Ундан ҳам топа олмасангчи?
-    Ижтиҳод қилиб, ақлим етганча хукм қиламан.
Пайғамбаримиз (с.а.в) Муоз ибн Жабал р.а.нинг жавобларидан мамнун
бўлдилар ва муборак қўлларини унинг кўксига қўйиб дедилар:
-    Алҳамдулиллаҳ! Оллоҳ таоло Расулининг элчисини Расулининг
ризолигига уйғун айлади.
    Сўнг Муоз ибн Жабал р.а.ни шундай дуо қилдилар: “Оллоҳим сени ҳар тарафдан келиши мумкин бўлган мусибатлардан муҳофаза қилсин. Инсонларнинг ва жинларнинг шаррини сендан узоқлаштирсин. Сенинг сабабинг билан Оллоҳ таолонинг бир кишини ҳидоятга эриштириши сен учун дунёдан ҳайрлидир”.
    Ҳазрат Муоз ибн Жабал р.а. Яманда узоқ муддат қолдилар. Яман халқи унинг даъвати билан Исломни қабул қилди ва ҳазрат Муоз р.а.нинг ишини қулайлаштирди. Яманда бўлган пайтлари халққат ваъз ва насиҳатлар қилиб шундай дердилар:
-    Мен Расулуллоҳнинг элчисиман. Аниқ билингларки, ўлим
муҳаққақдир. У ерда Жаннат ва Жаҳаннамдан бошқа бирор ер йўқдир. У ерларга кетиш бор, қайтиш йўқдир. У ерда ҳаёт боқийдир. Пайғамбаримиз (с.а.в) Яманда бўлган Муоз ибн Жабал р.а.га фарзандининг вафот этганини билдириб шундай таъзия мактуби йўлладилар: “Оллоҳ таоло сени саломат қилсин! Унга ҳамдлар бўлсин! Барчага яхшилик ва зарар ёлғиз Ундан келади. У истамагунча ҳеч ким ҳеч кимга яхшилик ва ёмонлик қила олмайди. Оллоҳ таоло сенга кўпалб савоблар берсин. Сабр қилишингни насиб айласин. Унинг неъматларига шукр қилишингизни эҳсон айласин. Муҳаққақ билишимиз керакки, ўз борлигимиз, молларимиз, бойлигимиз, аҳли аёлларимиз ва фарзандларимиз Оллоҳ таолонинг ҳисобсиз неъматларидан, тотли ва фойдали эҳсонларидандир. Бу неъматларни бизда доимо қолиши учун эмас, омонат сифатида фойдаланиш, сўнг қайтариб олиш учун берган. Улардан маълум вақт фойдаланамиз, вақти келгач барчасини қайтариб олади. Оллоҳ таоло неъматларини бизларга бериб суюнтирган пайтда шукр қилишимизни, вақти келиб қайтариб олган пайти сабр қилишимизни амр қилди. Сенинг бу ўғлинг Оллоҳ таолонинг тотли, фойдали неъматларидан эди. Қайтариб олиш учун сенга омонат берганди. Сени ўғлинг билан фойдалантирди. Барчанинг ҳаваси келадиган даражада севинтирди, нашъалантирди. Энди қайтариб оларкан, сенга кўплаб савоб ва яхшиликлар беради, тўғри йўлда илгарилашингни, юксалишингни эҳсон қилади. Бу марҳаматга ва эҳсонга эришиш учун сабр қилишинг ва Унинг берганига рози бўлишинг керак. Ғазаб қилиб, фарёд кўтарсанг савоб ва марҳаматга эриша олмайсан ва оҳири пушаймон бўласан. Шуни яхши билки, йиғлаш, фарёд қилиш дардни, балони ортга қайтаролмайди. Ғамни арита олмайди. Тақдирдаги бошга келади. Сабр қилиш, бўлиб ўтган нарсага ғазабланмаслик лозим”.
    Муоз ибн Жабал р.а. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг вафотларидан ҳам ўша ердаликларида ҳабар топдилар. Кейинроқ Ямандаги хизматларини тамомлаб, Мадинага қайтдилар. Ҳазрат Абу Бакр р.а.нинг ҳалифалик даврида Мадинада ҳазрат Абу Бакр р.а. танлаган маслаҳат ҳайъати таркибидан ўрин олдилар. Сурия тарафларга бориб у ердаги жангларда қатнашдилар, ҳамда инсонларга диний илмлар ва Қуръони Каримни ўргатдилар.
    Муоз ибн Жабал р.а.нинг фазилатларида устунлик кўпдир. Расулуллоҳ (с.а.в) бир қанча ҳадиси шарифларида уларни мадҳ этганлар ва мақтаганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. шундай дейдилар: “Муоз ибн Жабал Оллоҳга ва Расулига итоат қилувчи ва тўғри йўлда юрувчи бир жамоат каби эди. Биз уни Иброҳим алайҳиссаломга ўхшатардик. Чунки у инсонларга яхшилик ва ҳайрни ўртагатарди. Оллоҳ ва Расулига итоат қиларди”.
    Ҳазрат Муоз ибн Жабал р.а. шундай дейдилар: “Бир куни Расули Акрам (с.а.в) бир ҳайвонга мингандилар. Мен эса орқаларида эдим. Менга дедилар:
-    Эй Муоз!
-    Буюринг ё Расулуллоҳ!
Расулуллоҳ уч карра исмимни айтганларидан сўнг шундай
дедилар:
-    Оллоҳ таолонинг қулларидаги ҳаққи нима эканини биласанми?
-    Оллоҳ ва унинг Расули яҳшироқ билади. 
-    Оллоҳ таолонинг қулларидаги хаққи уларнинг Оллоҳга шерик қўшмай унга ибодат қилишларидир. Қуллар ушбу вазифаларини бажарсалар, Оллоҳ таолодан кутган ҳақлари, Оллоҳ таолонинг уларга ваъда қилгани нима эканини биласанми?
-    Оллоҳ ва Унинг Расули яхшироқ билади.
-    Шундай бўлган тақдирда қулларининг Оллоҳ таолодаги хақлари
Уларга ваъда қилган неъматларини бериши ва азоб бермаслигидир.
    Ҳазрат Умар р.а.“Бизга кимни ҳалифа қиласиз?”, деб сўраганларга шундай жавоб бердилар: “Оналар қайтиб Муоз каби ўғилни туға олмаслар. Агар Муоз бўлмаганда эди Умар ҳалок бўларди. Шояд менинг ҳалифалик давримда яшаётган бўлганда эди  уни ҳалифа қилиб қолдирардим ва Роббим мендан “Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматини кимга қолдирдинг”, деб сўраса, мен “Сенинг қулинг ва Расулинг бўлган Муҳаммад алайҳиссалом “Муоз қиёмат куни олимлар ёнида бир ўзи бир жамоатдир”, деб марҳамат қилган кимсани қолдирдим”, дердим”.
    Муоз ибн Жабал р.а. шундай дейдилар: “Расулуллоҳ (с.а.в) менга буюрдиларки: ”Эй Муоз! ”Сенга Оллоҳдан қўрқишни, Унга сиғинишни, тўғри сўзлашни, берган сўзингда туришни, барчага салом беришни, гўзал амал ва чиройли ишлар қилишни, етимга марҳамат қилишни, ҳушмуомала бўлишни, Қуръони Карим ўқишни, оҳиратни севишни, оҳиратдан қўрқишни ва барчага меҳрибон бўлишни тавсия этаман. Хикмат соҳибларига ёмон сўз айтишдан, тўғри сўзни ёлғонга чиқаришдан, гуноҳкорга итоат қилишдан, одил ҳукмдорга исёндан ва ёрюзида бузғунчилик қилишдан сақлан. Ҳар ерда Оллоҳ таолони зикр қил ва ҳар қилган гуноҳинг ортидан тавба қил. Яширин гуноҳ қилган пайтинг яширин, ошкора гуноҳ қилган пайтинг ошкора тавба қиласан”.
    Тобеъинларнинг улуғларидан бўлган Абу Идрис ал Ҳавоний ҳазрат Муоз ибн Жабалга: “Сени Оллоҳ учун яхши кўраман”, деганларида ҳазрат Муоз ибн Жабал р.а. шундай жавоб бердилар: “Сенга ҳушҳабар эй Идрис! Мен Расулуллоҳ (с.а.в)нинг шундай деганларини эшитдим: “Қиёмат куни Аршнинг атрофида бир қанча инсонлар учун курсилар қурилади. Уларнинг юзлари ўн беш кунлик тўлин ой каби нур таратиб туради. Инсонлар фарёд қиларкан улар қўрқмайдилар. Қўрқув ва қайғулари бўлмаган кимсалар: “Оллоҳнинг ҳақиқий дўстларидир”. Шундан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в)дан уларнинг ким эканликларини сўраган эдим, улар марҳамат қилдилар: ”Улар Оллоҳ учун бир бирларини севган кимсалардир”.
    Пайғамбаримиз (с.а.в) бир куни ҳазрат Муоз ибн Жабал р.а.га дедилар: “Эй Муоз! Мен сени яхши кўраман. Шунинг учун ҳар намоздан сўнг ушбу дуони тарк қилма: “Аллоҳумма аъинини ала зикрика ва шукрика ва ҳусний ибадатика”. 
    Абдуллоҳ ибн Салама шундай дейдилар: “Муоз ибн Жабал таун ҳасталигига чалинган эдилар. Ҳасталиклари ортган пайт шогирдларидан Амр ибн Маймун ал Авдий зиёратларига келди. Ҳасталиклари анча оғир эканини кўриб йиғлай бошлади. Ҳазрат Муоз ундан сўрадилар:
-    Нима сабабдан йиғлаяпсан?
-    Оллоҳга қасамки, сиз менинг устозимсиз. Менга дунёда ёрдам
берар эдингиз деб йиғламаяпман. Мен сиздан динимни ўрганар ва илм олардим. Сизнинг вафотингиздан сўнг динимни ва илмни менга ўрагатадиган кимса топилмаслигидан қўрқиб йиғлаяпман.
Шундан сўнг ҳазрат Муоз р.а. дедилар:
-    Йўқ бундан қўрқма! Имон ва илм қиёматга қадар жойидадир,
излаган топади ва Оллоҳ таоло буларни истаган кимсага ўргатади ва бирини кўрсатади. Оллоҳнинг китоби Қуръони Карим ва Пайғамбаримизнинг суннатлари қиёматга қадар муҳофаза қилинади. Ҳолбуки Оллоҳ таоло илмни ва имонни Иброҳим алайҳиссаломга эҳсон этган. Ўша пайтда имонни ва илмни билган ва ўргатадиган бирор кимса йўқ эди. Иброҳим алайҳиссалом истаганлари учун Оллоҳ таоло уларга эҳсон қилди. Илмни ҳазрат Умардан, ҳазрат Усмондан, ҳазрат Алидан олинглар! Агар улардан ҳам айрилсангиз Абу Дардодан, Абдуллоҳ ибн Масъуддан, Салмон Форсийдан ва Абдуллоҳ ибн Саломдан олинглар! Олимнинг енгилишидан қўрқинглар! Тўғри бўлган ҳақиқатни ким билдиришидан қатъий назар қабул қилинглар! Ҳақ бўлмаган сўзни ким айтишидан қатъий назар рад қилинглар”.
    Бир куни бир одам Муоз ибн Жабал р.а.нинг ҳузурларига келиб салом бердилар. Бироздан сўнг ҳайрлашиб кетаётганда, ҳазрат Муоз р.а. унга дедилар:  “Дунёдаги насибанг нима бўлмасин ва қаерда бўлмасин келиб сени топади. Сен эса дунёдаги насибангдан кўпроқ оҳиратдаги насибангга муҳтожсан. Оҳиратдаги насибангни дунёдаги насибангдан кўра устун бил. Шундай қилсанг жуда ҳашаматли оҳират бойлигига эга бўласан. Дунё неъматлари ўткинчи. Оҳират учун қўлга киритганларинг қаерда бўлма сен билан биргадир. Жаннат аҳлининг ягона ҳасрати, пушаймонликдир. У ҳам бўлса Оллоҳ таолони унутиб ўтказган вақтларидир”.
    Абу Баҳирий шундай дейдилар: “Бир куни Ҳумус шаҳрида масжидга бордим. Муоз ибн Жабал ҳам ўша ерда эдилар. Атрофларида бир қанча кимсалар бор эди. уларга шундай дедилар:  “Бир кимса Оллоҳ таолонинг ҳузурига комил имон билан боришни истаса беш вақт намозга азон айтилган ерга келиб намоз ўқисин. Чунки беш вақт намозни масжидда жамоат билан ўқиш ҳидоят йўлларидан бўлиб, ҳамда Пайғамбаримизнинг муҳим суннатларидандир. Ҳеч ким мен уйимда намозимни ўқийман демасин. Агар шундай қилсангиз Расулуллоҳнинг суннатини тарк этган бўласиз. Бу ҳам залолатдир”.
    Муоз ибн Жабал р.а.дан сўрадилар:
-    Дуо қачон қабул бўлади?
Ҳазрат Муоз ибн Жабал р.а. шундай жавоб бердилар:
-    Инсонлар ғафлатда бўлган пайт сен Оллоҳ таолони зикр қил ва
ундан нима сўрамоқчи бўлсанг ўша пайтда сўра! Ана ўша пайтда дуолар мақбулдир”.
    Язид ибн Жобир шундай дейдилар: “Мен Муоз ибн Жабалнинг шундай деганларини эшитдим: Қанча илм ўргансангиз ҳам уларга амал қилмагунингизча ўрганган илмингиздан савоб ололмайсиз“.
    Ражо ибн Ҳайво шундай дейдилар:  “Бир пайтлар Муоз ибн Жабалнинг суҳбатини тинглаган эдим. Илм ҳақида шундай деди:
-    Сизларга менинг васиятим шу! Илмни фақат Оллоҳнинг ризолиги
учун ўрганинг. Зеро Оллоҳ ризолиги учун ўрганилган илм тақвони, Оллоҳдан қўрқишни ҳосил қилади. Шу ният билан илм ўрганиш ибодатдир. Бу илмни музокара қилиш тасбеҳдир, илмдан баҳс этиш Оллоҳ йўлидаги жиҳоддир. Илмсизга илм ўргатиш садақадир. Бир мажлисда илмдан баҳс этиш Оллоҳ таолога яқинликдир. Зеро илм ҳалол ва ҳаромнинг тарозиси, Жаннат аҳлининг минораси, ғурбатда инсоннинг дўстидир. Бир кимса бирор жойда ёлғиз қолган пайтда илм ундан ғамни аритувчи  ҳамроҳдир. Ғам ва қайғули пайтларда илм соҳибига далилдир. Илм душманларга қарши жуда яхши қуролдир. Дўстлари орасида инсонга безакдир. Оллоҳ таоло бирор қавмни илм билан юксалтиради. Инсонни илм билан бошқаларга раҳбар, бош қилади ва унга итоат қилдиради. Фаришталар илм соҳибларининг дўстликларини орзу қилиб, уларни ўз қанотлари остига оладилар. Жонли ва жонсиз жамики мавжудот, ҳатто денгиздаги балиқлар ва бошқа ҳайвонлар, осмонда учувчи қушлар олимларни истиғфор қилурлар. Чунки илм инсоннинг қалб кўзини очади. Кўзларни зулматдан ёруғликка олиб чиқувчи нурдир. Илмига амал қилган инсон танланган кимсаларнинг мақомларига юксалур. Илм соҳиблари дунё ва оҳиратда юксак даражага эришадилар. Илмда тафаккур қилин нафл рўзасини тутган кабидир. Илм ўргатиш нафл намозидан кўра савоблироқдир. Илм ила ҳаром ва ҳалол нарсалар фарқланади. Илм амалларнинг имомидир. Амал илмга тобеъдир. Илмсиз амал бўлмайди. Илм жаннат йўлидаги нурдир. Жаҳҳаннамий кимсалар илмдан маҳрум бўлганлардир. Дунё ва оҳират саодатининг манбаи ва бутун ибодатларнинг афдоли ва энг устуни илмдир”.
    Муоз ибн Жабал р.а. ўғлига шундай васият қилгандилар: “Эй ўғлим! Бирор намозни ўқиётган вақтинг ўша намоз сен учун энг оҳирги намозинг экани ҳақида ўйла. Кейинги намоз вақтига етиша олишингга умид қилма. Эй ўғлим! Мўмин кимса икки ҳайрли иш ўртасида вафот қилиши лозим. Яъни бир ҳайрли ишни бажариб, иккинчи ҳайрли ишга ният ва қарор қилган бўлиши керак”.
Муоз ибн Жабал р.а.га дедилар: “Бириси Қуръони каримни ёзиб сотмоқда. Ҳазрат Муоз р.а. жавоб бердилар:
-    Бу Қуръони Каримни сотиш эмас. Савдо қилиб фойда кўришдир.
Қуръони Каримни сотиш дегани уни пул, маош эвазига ўргатишдир”.
    Бир одам Муоз ибн Жабал р.а.дан: “Менга насиҳат қилинг!”, деб сўраганда шундай дедилар:
-    Марҳаматли бўлгинки, мен ҳам сенинг Жаннатга киришингга
кафил бўлай.
    Муоз ибн Жабал р.а. шундай дейдилар: “Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига борган эдим. Мендан сўрадилар:
-    Эй Муоз! Сен бу оқшом қандай тонг оттирдинг?
-    Ё Расулуллоҳ! Оллоҳ таолога имон келтирган ҳолда тонг оттирдим.
-    Эй Муоз! Сенинг ҳар бир сўзинг ростлигига бир далилинг бор. Бу сўзингнинг ростлигига қандай далилинг бор?
-    Ё Расулуллоҳ! Мен кечадан кундузга чиққан пайтим қайтиб
кечани кутмайман. Оқшом бўлганда ҳам тонгга қадар яшашимдан умид қилмайман. Бир қадам ташлаган пайтим иккинчи қадамни ташлашни ўйламайман. Ҳар бир инсоннинг ажали борлигини ва вақти соати келганда ажали уни қаерда бўлмасин излаб топишини биламан. Барча инсонлар Маҳшарда бир ерга тўпланадилар. Кимлардир Пайғамбарлари билан биргадир, кимлар эса топганлари билан бирга бўлади. Мен эса ўзимни гўё Жаҳаннамдаги инсонларнинг азобларини ва Жаннатдаги инсонларнинг неъматларини кўриб тургандек ҳис қиламан.
Шундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар:  
-    Эй Муоз! Сен жуда яхши иш қилибсан!  Шундай қилишда давом
эт ва буни ҳеч қачон ташлама!”.
    Бир куни Муоз ибн Жабал р.а.ни йиғлаб ўтирганларини кўрдилар ва сабабини сўрадилар. Шунда ҳазрат Муоз р.а. шундай жавоб бердилар: “Инсонлар икки гуруҳдир. Бири Жаннатий, иккинчиси Жаҳаннамий.  Ажабо, мен қай биридан эканман дея йиғлаяпман”.
     Ҳазрат Умар р.а.нинг ҳалифалик даврида ҳазрат Муоз ибн Жабал р.а.га Баъни Килоб қавми ҳудудидан закот йиғиш, сўнг Сурия тарафларда диний илм ва Қуръони Каримни ўргатиш вазифаси топширилди. Фаластин тарафда ушбу вазифасини амалга оширар эканлар, бу ерда чиққан вабо ҳасталигига учраб ўттиз саккиз ёшда вафот этдилар. Муоз ибн Жабал р.а. вафотлари арафасида шундай дедилар: “Оллоҳим! Шу вақтга қадар Сендан қўрқардим. Бироқ энди Сендан умид қилаяпман. Оллоҳим, мен сувларни тараб, дарахтларни суғориб, боғ етиштириш учун яшашни истайман. Сувсизликдан юраклари ёнганларнинг чанқоқларини босиб, дард чекаётганларга дармон бўлиб, олимларнинг суҳбатларида давом этиб,  уларнинг зикр халқаларидан жой олиш учун яшашни истайман”.
    Ҳолатлари оғирлашиб, ўлим ёқасида турганларида дедилар: “Оллоҳим! Мени қанча азобласанг азобла! Ўзинг биласанки қалбим сенга боғланган, у Сени севади”.
***
    Буюк ансорий саҳоба бўлган ҳазрат Муоз ибн Жабал ибн Амр ибн Авс ал Ансорий ал Ҳажражийнинг куняси Абу Абдураҳмон бўлиб, ўн саккиз ёшда мусулмон бўлдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) билан бирга барча жангларда қатнашдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ҳазрат Муоз ибн Жабал р.а.ни муҳожирлардан Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. билан қардош деб эълон қилдилар. Муҳаммад ибн Саъд: “Муоз баланд бўйли, оқ танли, йирик тишли, кўзлари катта, қоши туташган ва жингалак сочли эди”, деб сифатлаган. Ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в) уларни жуда яхши кўрар ва баъзи баъзида: “Эй Муоз! Сени яхши кўраман”, деб айтиб турардилар. Асҳоб орасида кўринишининг, феълининг гўзаллига ва ҳаёси, мардлиги билан танилган эдилар. Ҳазрат Муоз р.а. суннатга қаттиқ риоя қилардилар. Бир куни Пайғамбаримиз (с.а.в) масжиднинг қибла деворида тупук кўрдилар ва дедилар: “Ҳар бирингиз намозга турган вақтингиз шубҳасиз Роббингиз билан (муножат) сўзлашасиз. Роббингиз ўзингиз ва қиблангиз орасидадир. Шундай экан ҳеч бирингиз асло қиблангизга қарши туфурманг. Туфлашга зарурат туғилса ё чап тарафингизга, ёки ўнг оёғингиз остига туфуринг”. Шундан сўнг ҳазрат Муоз р.а.: “Исломни қабул қилганимдан бери ўнг томонимга туфурган эмасман. Чунки ўнг тарафда инсоннинг савоб ишларини ёзувчи фаришта бордир”, дедилар ва бу ҳаракатлари билан Расулуллоҳ (с.а.в)га қай даражада боғлик эканларини кўрсатдилар. Муоз ибн Жабал р.а.нинг яна  ўзига ҳос сифатларидан бири Қуръони Каримни ёд олгани ва уни чиройли қироат қилганлигидир. Шунинг учун Суюкли Пайғамбаримиз (с.а.в): “Қуръонни тўрт кишидан ўрганинг: “Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал ва Абу Ҳузайфанинг озод қули Салимдан”, деб марҳамат қилган эдилар”. Муоз р.а.нинг ҳаётида зуҳд ва тақво жуда муҳим ўрин тутарди. Тунлари таҳажжуд намозларини ўқир ва намоз сўнггида: “Оллоҳим! Шу онда кўзлар уйқуда ва кўкда юлдузлар чақнаб турган ҳолда. Сен эса уйғоқ, ҳар он бандаларингни  кузатиб тургувчисан... Роббим менга дунё ва оҳиратда ҳидоят насиб эт. Шубҳасиз Сен сўзингдан қайтмайсан”, деб дуо қилардилар.
    Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. ҳазрат Муоз р.а. ҳақида: “Шубҳасиз, Оллоҳга бўйинсунган ва Унга йўналганлардан эди. Оллоҳга ширк келтирганлардан бўлмади”, деганларида: “Сизнинг бу сўзларингиз Қуръони Каримда ҳазрат Иброҳим ҳақида айтилган”, дейилди, шунда ҳазрат Ибн Масъуд: “Муоз ҳам шундай эди; ҳайрни билар, унга амал қилар, Оллоҳ ва Расулига итоат қиларди , деб жавоб бердилар ва уларни Иброҳим алайҳиссаломга ўҳшатдилар.
    Муоз ибн Жабал р.а. саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар ва бошқалардан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳазрат Муоз р.а.дан эса Анас ибн Молик, Масрук, Абут Туфайл, Асвад ибн Ҳилол, Абу Муслим ал Ҳавлоний, Абдуллоҳ ибн Қайс ва Абдуллоҳ ибн Ғанам кабилар ҳадис ривоят қилганлар.  Ривоят қилинган ҳадисларининг сони бир юз эллик еттитани ташкил қилади.
    Шу билан бирга ҳазрат Муоз ибн Жабал р.а. саҳобаларнинг фақиҳларидан бўлиб, динни мукаммал билар ва Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳаётлик чоғларидаёқ фатво бера бошлагандилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳазрат Муоз р.а. ҳақида: “Уммат орасида ҳалол ва ҳаромни энг яхши билувчи Муоз ибн Жабалдир”, деб марҳамат қилганлар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase