close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Диҳёи Қалбий розияллоҳу анҳу

    Диҳёи Қалбий р.а. тижорат билан шуғулланадиган бой зотлардан эдилар. Қабиласининг раиси эдилар. Мусулмон бўлишларидан аввал ҳам Расулуллоҳ (с.а.в)ни жуда севар эдилар. Тижорат учун Мадинадан кетар, ҳар қайтишида Расулуллоҳ (с.а.в)ни зиёрат қилар ва ҳадиялар келтирардилар. Бироқ, бу ҳадиялар Пайғамбаримиз (с.а.в)ни мамнун этмас ва: “Эй Диҳё, агар мени мамнун қилишни истасанг имон келтир! Жаҳаннам оташидан ўзингни қутқар”, деб, унинг имон келтиришини истар эдилар. Диҳё эса вақти келганда имон келтиришини айтарди.
    Пайғамбаримиз (с.а.в) унинг ҳидоят топиши учун дуо қилардилар. Бадр ғазотидан сўнг бир куни Жаброил алайҳиссалом Диҳёнинг имон келтиришини Расулуллоҳ (с.а.в)га ҳабар қилдилар. Имон билан шарафланиш учун ҳузури саодатларига киргач, Расулуллоҳ (с.а.в) эгнидаги ҳирқаларини Диҳёнинг ўтириши учун тўшадилар. Диҳёи Қалбий Расулуллоҳ (с.а.в)га ҳурмат билан ҳирқаи саодатларини олиб юзларига кўзларига сургач, бошларининг устига қўйдилар. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг дуолари барокоти билан қалбида имон нури пайдо бўлди. Жаброил алайҳиссалом кўп бора Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига Диҳё р.а.нинг қиёфаларида келарди. Расулуллоҳ (с.а.в) Баъни Умая қавмидан уч кимсани уч одамга ўҳшатдилар: “Диҳёи Қалбий Жаброилга, Урво ибн Мақсуд ас Сақофий Исога, Абдулуззо эса Дажжолга ўҳшайди”. Яна бир куни Жаброил алайҳиссалом ҳазрат Диҳё р.а. суратида Масжиди Набавияга Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига келди. Бу пайтда кичик бола бўлган ҳазрат Ҳасан ва ҳазрат Ҳусайн р.а.лар масжидда ўйнаб юрардилар. Жаброил алайҳиссаломни Диҳё деб ўйлаб, дарҳол унинг ёнига югурдилар ва чўнтагига қўлларини тиқиб, бир нарсалар излай бошладилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) буюрдилар:
-    Эй биродарим Жаброил! Сен менинг набираларимни одобсиз деб
ўйлама. Улар сени Диҳё деб ўйладилар. Диҳё қачон келмасин уларга ҳадия келтирарди. Улар эса ҳадияларни олиб қувонардилар. Диҳё уларни шунга ўргатиб қўйганди.
    Жаброил алайҳиссалом буни эшитгач бироз ҳижолат тортиб: “Диҳё уларнинг ёнига доимо ҳадия билан келган бўлса, мен қандай қилиб ҳадиясиз келай”, деди. Қўлини узатиб Жаннатдан бир бош узум узди ва ҳазрат Ҳасанга берди. Яна узатиб бир анор узди ва уни ҳазрат Ҳусайнга берди. Ҳазрат Ҳасан ва ҳазрат Ҳусайн р.а. ҳадияларини олгач Диҳё деб ўйлаган Жаброил алайҳиссаломнинг ёнидан узоқлашдилар ва Масжиди Набавияда ўйнашни давом эттирдилар. Орадан бироз вақт ўтиб масжид эшиги ёнида оқ соқолли, қўлида ҳассаси бўлган, чангга беланган, букчайиб қолган бир кекса келиб деди:
-    Болажонларим неча кунлардан бери очман, Оллоҳ ризоси учун
ёйишга бирор нима беринглар.
    Ҳазрат Ҳасан ва ҳазрат Ҳусайн р.а.лар қўлларида еб турган узум ва анорни қарияга бериш мақсадида масжид эшиги томон бордилар. Энди бермоқчи бўлиб турганларида Жаброил алайҳиссалом кўриб қолиб:
-    Тўҳтанглар, берманглар у малъунга! У шайтон, Жаннат
неъматлари унга ҳаромдир, деди ва шайтонни у ердан ҳайдади.
    Ҳижратнинг бешинчи йилида Расулуллоҳ (с.а.в) Баъни Қурайза сафарига кетишларидан аввал Мадинанинг яқинида бўлган Саврайн деган тепаликда саҳобалардан бир жамоатни учратдилар ва улардан сўрадилар:
-    Ҳеч кимни кўрмадингларми?
-    Ё Расулуллоҳ! Биз Диҳёи Қалбийни кўрдик. Эгарли оқ от устига
минган эди. Отнинг устида атласдан жабдуқ бор эди.
    Буни эшитган Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар:
-    У Жаброилдир. Қалъаларини ўраб олиб, қалбларига қўрқув солиш
мақсадида Баъни Қурайзага юборилди.
    Диҳё р.а. Рим тилини яхши билардилар. Расулуллоҳ (с.а.в) уларни Византияга элчи қилиб юбордилар. Расулуллоҳ (с.а.в) Византия Қайсари Ҳераклитни исломга даъват қилиш учун бир мактуб ёздирдилар. Бу мактубни ёздирган пайти саҳобалардан баъзилари дедилар:
-    Ё Расулуллоҳ! Римликлар муҳри бўлмаган мактубни
ўқимайдилар.
Шундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) буюрдилар, кумушдан бир муҳр ишланди. Муҳр устидаги биринчи сатрда Муҳаммад, иккинчи сатрда Расул, учинчи сатрда Оллоҳ деб ёзилган эди. Мактубни ушбу муҳр билан муҳрладилар ва Диҳёга бердилар. Ҳазрат Диҳё р.а. мактубни Византия Қайсарига олиб кириши учун Бусрадаги Ғассон амири Ҳорисга мурожаат қилди. Ҳорис эса Диҳёни Ҳераклитга олиб бориши учун Одий ибн Ҳотамга амр берди. Одий ибн Ҳотам ҳам Диҳё р.а.ни олиб Қуддусга олиб борди. Бу пайтда Хераклит ҳам Қуддусда эди. Ҳераклит агар Эронликлар устидан ғолиб бўлса Ҳумусдан Қуддусга қадар пиёда юришни мақсад қилганди. Ҳераклит Эрон қўшинини енггач мақсадини амалга ошириш учун Ҳумусдан пиёда йўлга чиққан, йўлига гиламлар тўшалган, хушбўйлар сепилган ва бу гилам билан Қуддусга етиб борди. Диҳё р.а. Ҳераклит ортидан Қуддусга бордилар ва у билан кўришиш учун йўл излай бошладилар. Император одамлари дедилар:
-    Қайсарнинг ҳузурига борган пайтинг бошингни эгиб юрасан ва
унга яқинлашганингда ерга ётиб сажда  қиласан. Саждадан туришингга изн бермагунича асло бошингни кўтармайсан.
    Бу сўзлардан кўнгли оғриган Диҳё р.а. уларга шундай дедилар:
-    Биз мусулмонлар Оллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зотга сажда
қилмаймиз. Инсоннинг инсонга сажда қилиши инсон яратилишига зиддир.
    Шундан сўнг Қайсарнинг одамлари дедилар:
-    У ҳолда Қайсар келтирган макбтубингни асло ўқимайди ва қабул
қилмайди, сени эса ҳузуридан қувади.
-    Бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) бошқа бировнинг
уларга сажда қилиши у ёқда турсин, ҳузурларида эгилишига ҳам йўл қўймайдилар. Улар билан кўришишни истаган қул бўлса ҳам унга илтифот кўрсатиб ҳузурларига оладилар, дардини тинглаб, ғамини аритадилар ва ҳузурларидан мамнун ҳолда чиқарадилар. Шу сабабли уларга тобеъ бўлганларнинг барчаси ҳур ва шарафлидир.
    Диҳё р.а.нинг Рим Қайсарининг ҳузурида сажда қилмаслиги ҳақида сўзлаганини тинглаганлардан бири деди:
-    Агар Қайсарга сажда қилмасанг у ҳолда сенга топширилган
вазифани адо этишинг учун сенга бир йўл кўрсатаман. Қайсар саройининг ёнида унинг дам оладиган бир жойи бор. Ҳар куни тушдан сўнг бу ҳовлига чиқади, у ерларни айланади. У ерда бир минбар бор. У ерда қандай шикоят ва ҳат кўрса, аввал уни олиб ўқийди, сўнг истироҳат олади. Сен ҳам ҳозир бориб мактубни минбарга қўй ва ташқарида кут. Мактубни кўргач сени чақиртиради. Ўша пайтда ўз вазифангни адо этасан.
    Шундан сўнг ҳазрат Диҳё р.а. мактубни айтилган жойга қўйдилар. Ҳераклит мактубни олди. Таржимон Расулуллоҳ (с.а.в)нинг мактубларини ўқий бошлади: “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Оллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Римликлар каттаси Ҳераклиусга”, деб бошланганини эшитган Ҳераклитнинг жияни Еннак ғазабланди ва таржимоннинг кўксига қаттиқ бир мушт туширган эди, у ерга думалади ва шу пайтда Расулуллоҳ (с.а.в)нинг мактублари ҳам таржимоннинг қўлидан ерга тушди. Ҳераклиус жиянидан нима сабабдан бундай қилганини сўради. У шундай жавоб берди:
-    Кўрмайсизми, мактубни сизнинг исмингиз билан эмас, аввало, ўз
исми билан бошлабди, яна сизнинг хукмдор эканингизни айтмасдан “Римликлар каттаси Хераклиусга”, дебди. Нима учун “Римликлар хукмдори” деб ёзмаган ва сизнинг исмингиз билан бошламаган. Унинг мактуби бугун ўқилмайди.
    Шундан сўнг Хераклиус деди:
-    Валлоҳи сен ёки ақлсиз одамсан ёки ғирт аҳмоқсан. Сенинг
бундай эканингни билмагандим. Мен ҳамон мактуб ичида нима борлигини билмай туриб уни йиртиб ташламоқчимисан. Ҳаётим ҳаққи қасам ичаманки, У агар айтганидек Расулуллоҳ бўлса мактубида биринчи бўлиб ўз исмини қўйишга ва мени Римликларнинг буюги деб аташга ҳақлидир. Мен аввало уларнинг соҳибиман, хукмдори эмас.
Сўнг Яннакни ташқарига олиб чиқиб ташларини буюрди. Христиан олимларининг раиси ва ўзининг маслаҳатчиси бўлган Ускуф исмли  одамни чақиртириб мактубни ўқитти. Мактубнинг давоми шундай эди: “Оллоҳ таолонинг ҳидоятига тобеъ бўлганга салом бўлсин. Мен сени Исломга даъват қиламан. Мусулмон бўл, саломат бўласан. Оллоҳ таоло сенга икки карра ажр берсин. Бордию юз ўгирсанг бутун христианларнинг гуноҳи сенинг бўйнигда бўлади. Эй аҳли китоб, сиз ва бизнинг орамизда бўлган биргина ҳақиқат устида бирлашайлик, Оллоҳ таолодан бошқасига ибодат қилмайлик ва Унга шерик қўшмайлик. Оллоҳ таолони қўйиб баъзиларимиз баъзиларимизни Раб деб топинмасинлар. Агар бу сўзлардан юз ўгирсалар “Шоҳид бўлингизки, биз мусулмонмиз”, денглар”.   
Расулуллоҳ (с.а.в)нинг мактублари ўқилар экан Ҳераклиуснинг пешонасидан терлар оқа бошлади. Мактуб битгач деди: “Ҳазрат Сулаймондан сўнг мен “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм”, деб бошланувчи бундай бирор бир мактубни кўрмаган эдим”. Ҳераклиус Ускуфдан бу масаладаги фикрини сўради.  У шундай жавоб берди:
-    Валлоҳи У Мусо ва Исо алайҳиссаломлар томонидан келиши
хушҳабари берилган Пайғамбардир. Зотан биз Унинг келишини кутаётган эдик.
-    Сен бу масалада нима қилишимни тавсия этасан?
-    Унга тобеъ бўлишингизни тавсия этаман.
-    Мен сенинг айтганларинг тўғри эканини биламан. Бироқ Унга
тобеъ бўлиб мусулмон бўлишга кучим етмайди. Чунки ҳам хукмдорликни қўлдан бой бераман, ҳамда мени  ўлдирурлар.
    Шундан сўнг Диҳё р.а. билан Одий ибн Хотамни чақиртирди. Одий шундай деди:
-    Эй хукмдор, мол ва туялар соҳиби, араблардан бўлган шу
ёнимдаги зот мамлакатида юз берган ҳайратланарли ҳодиса ҳақида айтиб берди.
-    Ҳўш мамлакатида қандай ҳодиса юз берибди, айтсин?
Ҳазрат  Диҳё р.а. шундай дедилар:
-    Орамиздан бир зот  чиқиб Пайғамбар эканини айтди. Халқнинг
бир  қисми унга эргашиб, бир қисми қарши чиқди. Ораларида жанглар бўлиб ўтди.
    Шундан сўнг Ҳераклиус Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳақларида суриштиришга ўтди. Шом волийсига амр бериб, Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг авлодларидан бирор кимсани топишини айтди. Шу орада ўзининг дўсти бўлган, ибронийчани яхши билган Римдаги бир олимга ҳам мактуб йўллаб, ушбу масала ҳақида сўради. Римдаги дўстидан у сўраган зотнинг оҳирзамон  Пайғамбари эканини билдирувчи хат келди. Шом волийси  эса тижорат учун Шомга кетаётган Қурайш карвонини топди, унинг ичида Абу Суфён бор эди. Волий Абу Суфён билан унинг шерикларини Шомга келтириб, Ҳераклиуснинг ёнига олиб кирди. Бу пайтда Ҳераклиус Қуддусда бир черков  ичида эди. Вазирлари билан бирга ўтирар, бошига тожини кийиб олган эди. Ҳераклиус Абу Суфён ва унинг ёнидаги ўттизга  яқин Маккаликларни шу  ерда қабул қилди. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳақларида баъзи саволлар сўраб жавобини олгач яна сўради:  
-    У сизларга нимани буюрмоқда?
Абу Суфён яширмасдан дангал жавоб берди:  
-    Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишни, Унга шерик қўшмасликни амр
қилиб, ота боболаримиз топиниб келган бутларга сиғинишни бизга маън  қилмоқда. Намоз ўқишни,  тўғри ва ҳалол бўлишни, фақирларга ёрдам беришни, ҳаромдан  сақланишни, аҳдга  вафо қилишни, омонатга ҳиёнат  қилмасликни, қариндош уруғларни зиёрат  қилишни амр қилмоқда.
    Ҳераклиус черковда Абу Суфёндан саволлар сўраб жавобини олди. Расулуллоҳ  (с.а.в)нинг муборак мактублари ўқилиб, Римлик руҳонийлар  ўртасида шовқин кучайди. Зеро Қайсарининг Исломга майл қилишидан қўрқаётган  эдилар. Қайсари Абу  Суфён ва унинг ёнидаги Қурайшликларни ташқарига олиб  чиқишларини амр этди. Ҳали мусулмон бўлмаган Абу Суфён Пайғамбаримиз (с.а.в) бошлаётган динни тўҳтатишга аниқ эришажагига қасам ичди.
    Ҳазрат Диҳё р.а. муборак гўзал юзлари ва  тотли овозлари ила Хераклиуснинг қаршисига чиқиб дедилар:
-    Эй Қайсари! Мени сенинг ёнингга Ҳумусдан Ҳорис исмли бир
кимса жўнатди, у сендан ҳайрлидир. Оллоҳ таолога қасамки, мени унинг ёнига юборган зот, яъни Расулуллоҳ ҳам сендан, ҳам ундан ҳайрлидирлар. Сўзларимни диққат билан тинглаб, берган насиҳатларимни қабул қил. Чунки диққат билан эшитсанг насиҳатларимни  англайсан. Насиҳатларимни қабул этмасанг инсофли бўла олмайсан.
Ҳераклиус деди:
-    Давом эт!
-    Ундай бўлса мен сени Масиҳ ибодат қилган Оллоҳ таолога даъват
қиламан. Сени, аввалдан келишини Мусо ва Исо алайҳиссаломлар ҳабар берган ушбу Умму Пайғамбарга имон келтиришга даъват  қиламан. Агар бу ҳусусда бирор нарса билиб, дунё ва оҳират саодатига эришишни истасанг уларни кўз ўнгингга келтир. Йўқса, оҳират саодатини қўлдан чиқариб, дунёда куфр ва  ширк ичида қоласан. Шуни яхши билгинки, сенинг Роббинг бўлган Оллоҳ золимларни ҳалок этгувчи ва неъматларини ўзгартирувчидир.
    Ҳераклиус Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг мактубларини ўқигач, уни ўпиб кўзларига сурди ва бошига қўйди.  Сўнг шундай деди:
-    Мен қўлимга келган бирор ёзувни ўқимасдан ва ёнимга келган
бирор олимдан билмаганларимни сўраб ўрганмасдан туриб уларни қўйиб юбормайман. Шу ҳолатда ҳайр ва  яхшилик кўраяпман. Сен менга ҳақиқатни тушуниб топгунимга қадар муҳлаб бер.
    Кейин эса Ҳераклиус ҳазрат Диҳё р.а.ни ёнига чақириб, ёлғиз суҳбатлашди. Қалбидагиларни  унга изҳор этди. Шундай деди:
-    Менинг билишимча, сени юборган Зот китобларда келиши хабар
қилинган ва кутилган оҳирзамон Пайғамбаридир. Бироқ мен Унга эргашсам римликлар мени  ўлдиришларидан қўрқаман. Уларнинг орасида энг буюк олимлари ва мендан ҳам кўпроқ ҳурмат қиладиган бир зотлари борки унинг номи Дағатирдир. Сени унинг ёига олиб бораман. Барча ҳристианлар  унга эргашади. Агар у имон келтирса барча христианлар унга қўшилиб имон  келтиради. Мен ҳам шунда қалбимда ва эътиқодимда бўлганини ошкор қиламан.
Шундан сўнг Ҳераклиус бир  мактуб ёзди ва ҳазрат Диҳё р.а.га бериб Дағатирга жўнатди. Ҳазрат Диҳё р.а. Ҳераклиуснинг мактуби билан бирга Расулуллоҳ (с.а.в)нинг муборак  мактубларини ҳам Дағатирга олиб келдилар. Зотан Расулуллоҳ (с.а.в) Дағатирга алоҳида бошқа мактуб ёзгандилар. Дағатир Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг мактубларини ўқиб, Ул зоти шариф ҳақида эшитгач деди:
-    Валлоҳи сенинг соҳибинг Оллоҳ таоло томонидан юборилган
Пайғамбардир. Биз унинг сифатларини биламиз. Исми ҳам китобларимизда ёзилган, деди ва имон келтирди.
    Шундан сўнг Дағатир уйига кетди ва ҳар якшанба  куни  қиладиган ваъзларга уч ҳафта давомида чиқмади. Ҳристианлар бақириб, тўполон кўтарардилар:
-    Дағатирга нима бўлди, ўша  араб билан кўришганидан бери
ташқарига чиқмаяпти, уни кўришни истаймиз!
    Дағатир устидаги черковнинг қора уст бошини ечди. Оқ кийим кийиб, қўлига асосини олди ва черковга келди. Ҳристианларни тўплади, сўнг ўрнидан  туриб деди:
-    Эй Христианлар! Билингизки, Аҳмаддан мактуб  келди. Бизни ҳақ
динга даъват қилди. Мен аниқ биламан ва ишонаманки, У Оллоҳ  таолонинг ҳақ Пайғамбаридир.
    Ҳристианлар буни эшитгач, бари Дағатирнинг устига ҳужум қилиб, уни  шаҳид этдилар.
    Ҳазрат Диҳё р.а. келиб бўлган воқеа ҳақида Хераклиусга  ҳабар қилди. Шундан сўнг Ҳераклиус деди:
-     Мен сенга айтгандимку, Дағатир ҳристианлар учун мендан
суюклироқ ва азиздир, деб. Агар эшитсалар мени ҳам у каби қатл қиладилар. Ҳераклиус Хумусдаги кўшкига Римликларнинг катталарини чақиртириб, эшикларнинг ёпилишини буюрди. Сўнг баланд жойга чиқиб уларга деди:
-    Эй Рим жамоаси! Сизлар саодат  ва ҳузурга эришишни ва ҳокимиятингиз абадий  қолиб, ҳазрат Исонинг айтганларини  қилишни истайсизларми?
-    Эй ҳукмдоримиз, буларни қўлга киритиш учун нима қилишимиз керак?
-     Эй Рим жамоаси! Мен сизларни ҳайрли бир иш учун йиғдим.
Менга Муҳаммад  алайҳиссаломнинг  мактуби  келди. Мени ислом динига даъват қилмоқда. Валлоҳи У биз келишини кутаётган, китобларда сифати ёзилган ва аломатларини билган Пайғамбардир. Келинглар унга эргашиб, дунё ва оҳратда саломат бўлайлик.
    Шундан сўнг Рим жамоаси ёмон сўзлар айтиб қовоқ уйганча  ташқарига чиқиш учун ўзларини эшикка урдилар, бироқ эшиклар ёпиқ бўлгани сабабли ҳеч ерга кета олмадилар. Ҳераклиус Римликларнинг бу ҳаракатларини кўргач, уларнинг ўзини ўлдиришларидан қўрқди ва уларга шундай деди:
-    Эй Рим жамоаси, менинг бироз аввал айтган сўзларим сизларнинг
динингизга бўлган муҳаббатингизни билиш учун эди. Динингизга садоқатингизни  ўз  кўзларим билан кўриб бундан жуда севиндим.
    Шундан сўнг Римликлар Ҳераклиусга сажда қилдилар. Кўшкнинг эшиклари очилиб чиқиб кетдилар. Ҳераклиус ҳазрат Диҳё р.а.ни чақириб бўлган воқеани айтиб берди. Эҳсон ва ҳадиялар берди. Пайғамбаримиз (с.а.в)га бир  мактуб ёзди. Мактубни ва ҳадияларни ҳазрат Диҳё р.а.дан Расулуллоҳ (с.а.в)га бериб юборди. Ҳераклиус мусулмон бўлишни истасада, мансаб ва ўлим қўрқувсидан имон келтирмади. Пайғамбаримиз (с.а.в)га йўллаган мактубида шундай деган эди: “Ҳазрат Исо ҳабар қилган Оллоҳнинг Расули Муҳаммадга Рим ҳукмдори Қайсардан. Элчингиз мактубингизни  менга  келтирди. Мен шаҳодат қиламанки,  сиз Аллоҳнинг Расулисиз. Зотан биз сизни Инжилда ўқидик ва ҳазрат Исо сизнинг келишингизни ҳабар қилди. Римликларни Сизга имон келтиришга даъват қилдим, бироқ улар имон келтирмадилар. Агар улар мени тинглаганларида эди, аниқки уларга яхши бўларди. Мен сизнинг ҳузурингизда бўлиб сизга ҳизмат қилишни ва  оёқларинизни ювишни орзу қиламан”.
    Ҳазрат Диҳё р.а. Ҳераклиус билан ҳайрлашиб Ҳисмога келдилар. Йўлда Шенар водийсида Ҳунайд ибн Уснинг ўғли  ва одамлари ҳазрат Диҳё р.а.ни таладилар. Эски кийимларидан бошқа ҳамма нарсаларини олдилар. Бу ҳудудда яшовчи Дубай ибн Рафоэ ибн Зайд ва  унинг қавми исломни қабул қилган эди. Ҳазрат Диҳё р.а. уларнинг ёнига келдилар. Улар Ҳунайд ибн Ус қабиласининг устига бостириб бориб Диҳё р.а.дан олган  нарсаларнинг барчасини қайтариб олдилар. Кейинчалик Расулуллоҳ (с.а.в) Зайд ибн Ҳориса р.а.ни Ҳунайд ибн Ус одамлари устига йўлладилар. Ўша ерда бўлганларнинг барчаси имон келтирди.  Бу иш шу тарзда ниҳояланди. Ҳазрат Диҳё р.а. Мадинага келгач уйларига кирмасдан дарҳол Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига бордилар. Ичкарига кириб бўлган барча воқеани айтиб бердилар. Пайғамбаримиз (с.а.в)га Ҳераклиуснинг мактубини ўқиб бердилар. Расулуллоҳ (с.а.в):
-    У яна бироз муддат салтанатда қолади. Мактубим ёнларида экан
уларнинг салтанати давом этади, дедилар.
    Ҳераклиус кейинчалик Пайғамбаримиз (с.а.в)га имон келтирганини айтиб мактуб йўллаганида, Расулуллоҳ (с.а.в): “Ёлғон гапираяпти, динидан қайтмаган”, дедилар. Ҳераклиус Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг мактубларини ипактан бўлган ҳалтачага солиб, олтиндан ясалган думалоқ қути ичида сақлади. Ҳераклиуснинг оиласи ҳам бу муборак мактубни сақлаб, барчадан яширганлар. Ушбу мактуб қўлларида бўлган муддатгача салтанатлари давом этишини айтар ва бунга ишонардилар. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Ислом қўмондонларидан  уни кўришни истаганларга: “Бизга ота боболаримиз: Бу мактуб қўлингизда экан салтанат биздан кетмайди, деб уқтирганлар, дер эдилар.
    Диҳёи Қалбий р.а. саҳобалар орасида энг буюк сиймолардан бўлиб, гўзал имон соҳиби эдилар. Исми Диҳё ибн Ҳалифа ибн Фарво ибн Фузола ибн Зайд Имрул Қайс ибн Ҳазраж бўлиб, Диҳятул Қалбий деган ном билан машҳур бўлган. Туғилган йили ва санаси маълум эмас. Бадр ғазотидан ташқари барча ғазотларда иштирок этган Диҳё р.а. Абу Бакр р.а.нинг ҳалифалик даврида бўлиб ўтган Сурия сафарида иштирок этдилар. Ҳазрат Умар р.а.нинг даврида Ярмуқ ғазотида иштирок этдилар. Шом сафарларида ҳам  қатнашдилар. Шом фатҳидан сўнг ўша ерга жойлашиб Муззода яшадилар ва Муовия даврида Шомда 672 йили вафот этдилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase