Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Пайшанба, Июл 28 2022
- 403 марта кўрилди
Ҳазрат Зубайр р.а. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳолалари ҳазрат Сафиянинг ўғиллари бўлиб, илк мусулмонлардан ҳисобланадилар. Ҳаётлигидаёқ Жаннат хушҳабарини олган ўн саҳобадан биридирлар. Имон келтирганларини эшитган амакиси ғазабланиб, динидан возкечтриши мақсадида оташга солар ва ундан яна чиқарар ва шу тариқа азоблар эди. Амакисининг “Энди қайсарлик қилавермай ота боболаринг динига қайт”, деган гапига шундай деб жавоб қайтаргандилар: “Асло куфрга қайтмайман. Фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайдиган бутларга топинмайман. Ла илаҳа иллаллаҳ, Муҳаммадун Расулуллаҳ”.
Шу тариқа етказилган барча азият ва уқубатларга катта сабр ва матонат кўрсатар эдилар.
***
Имон келтирганлар сони ошган сари бундан ҳавотирга тушган мушриклар уларни диндан қайтариш мақсадида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турли қийноқлар билан азоблар эдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) бу чидаб бўлмас азобларни кўргач шундай дедилар:
- Истасангиз бошқа жойга кетинглар, Буюк Оллоҳ сизлари яна қайта тўплайди.
Саҳобалар савол бердилар:
- Ё Расулуллоҳ! Қаерга кетайлик?
- Ҳабашистонга борсангиз яхши бўлади. У ерда ҳеч кимга ноҳақ зулм
қилинмайди. У ер тўғрилик юртидир. Оллоҳ таоло сизни балки у ерда фароғатга эриштирар.
Шундан сўнг ўн беш кишидан иборат мусулмонлар гуруҳи Ҳабашистонга ҳижрат қилди. Ораларида Зубайр ибн Аввом р.а. ҳам бор эдилар. Ҳабаш подшоҳи Нажоший уларни жуда яхши кутиб олди ва улар бу ерда тинч яшай бошладилар. Нажоший эса кейинчалик мусулмон бўлди. Бу ҳақда ҳазрат Умму Салама р.а. онамиз шундай дейдилар: “Биз Ҳабашистонда ҳузур ҳаловатда яшаётган пайтимиз бир гуруҳ хабаш Нажошийга исён кўтариб, салтанатни унинг қўлидан тортиб олмоқчи бўлдилар. Уларнинг Нажошийни енгишларидан қўрқардик. Чунки улар бизни ҳеч қачон Ҳабашистонда яшатмасдилар. Нажоший уларнинг устига юриш қилди. Жанг Нил дарёсининг нариги соҳилида юз берди. Вазият жуда кескин тус олган, биз эса Нажошийнинг ғолиб бўлишини истардик. Саҳобаларнинг баъзилари дедиларки:
- Ким жанг майдонидан бизга ҳабар келтиради?
Зубайр ибн Аввом жавоб берди:
- Мен бораман.
Зубайр ибн Аввом ўша пайтда мусулмонлар орасидаги энг ёш йигит
эди. Зубайрга бир сув тулумини шиширдилар ва кўксига осдилар. Сўнг Нил дарёси устида сузиб, жанг бўлаётган соҳилнинг нариги тарафига сузди ва уларнинг ёнига етди.
Биз эса Нажошийнинг душман устидан ғалаба қозониб, мамлакат Нажоший қўлида қолиши учун Оллоҳга дуо қилардик. Вазиятнинг нима билан тугашини қизиқиб кутиб ўтирган пайтимиз узоқдан Зубайр кўринди. Югурар, кийими билан ишора қилар ва шундай дерди:
- Хушҳабар, Нажоший зафар қозонди. Оллоҳ таоло унинг душманини
ҳалок этиб, мамлакатга хукмронликни қайта берди.
Ўша пайтга қадар бунчалик севинганимизни эслолмайман. Нажоший Оллоҳнинг қудрати билан ўша кофирларни мағлуб этиб, юртига соғ омон қайтди. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига қайтгунимизча биз у ерда яхши ва тинч ҳаёт кечирдик. Сўнг саҳобалар Маккадан Мадинага хижрат қилгунларига қадар биз ҳам Ҳабашистондан Мадинага ҳижрат қилдик”.
Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а. билан ансордан Каъб ибн Молик ўрталарида қардошлик эълон қилдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) Бадр муҳорабасида ҳазрат Зубайр р.а.ни қўшиннинг чап қанотига қўмондон этиб тайинладилар ва буюрдиларки:
- Фаришталарнинг аломатлари ва белгилари бор. Сизлар ҳам ўзларингиз учун бирор аломат ва белги қилинглар.
Шундан сўнг ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а. бошларига сариқ боғич
боғлаб олдилар. Ҳар икки тараф бутун кучлари билан жанг қила бошлади. Бу ҳақда Зубайр ибн Аввом ҳазратлари шундай дейдилар: “Бадр куни мен мушриклардан Убайда ибн Саид билан тўқнашдим. У бошдан оёқ зирҳга ўранган, фақатгина кўзлари кўринар, ўзи эса от устида ўтирарди. Болалигидан бери қўриндор бўлганлиги сабабли уни Абу Зотил Кирш яъни Қорин отаси дер эдилар. У “Мен Абу Зотил Киршман! Мен Абу Зотил Киршман!”, дея майдонга жангчи чорлади. Қўлимдаги ўқимни дарҳол унинг кўзини мўлжалга олиб отдим. Убайда йиқилиб ўлди. Оёғимни ёноғига босиб, бор кучим билан ўқни суғуриб чиқардим. Бироқ ўқимнинг икки тарафи эгилганди”.
Фаришталар ҳам иштирок этаётган Бадр жанги шиддат билан давом этарди. Пайғамбаримиз (с.а.в) тўҳтамасдан Оллоҳдан ёрдам сўрар ва Унга ёлворардилар.
Ҳазрат Зубайр р.а. Бадр жангида буюк қаҳрамонлик кўрсатдилар. Таналарида яраланмаган бирор жойлари қолмаганди. Учта катта қилич зарбасини олгандилар. Уларнинг бири бўйинларида эди. Бадр жанги мусулмонлар ғалабаси билан ниҳояланди. Бу жангда ўн тўртта саҳоба шаҳид бўлди. Етмишта мушрик ўлдирилди. Бу мағлубиятдан аламзада бўлган мушриклар бир йил ўтиб Ухудда мусулмонлар билан қайта жанг қилдилар.
Ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а. ва Микдод ибн Асвад р.а.лар Икрима қўмондонлигидаги қўшинни қарши олиб, ортга чекинишга мажбур қилдилар. Зубайр ибн Аввом ва Микдод ибн Асвад р.а.лар мингтадан суворий билан олишардилар. Зубайр ибн Аввом р.а. мушрикларнинг байроғини кўтарган Килобни ўлдирдилар ва еттита дўстлари билан бирга шаҳид бўлгунларига қадар Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ёнларидан айрилмасликка онт ичдилар.
Жанг пайти Макка мушрикларидан бири солишиш учун майдонга жангчи чақирди. Ҳамма у билан солишишдан чекиниб турганини кўриб, истагини уч бора такрорлади. Шундан сўнг ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а. бошларига сариқ боғич тақиб, майдонга томон юрдилар. Бирдан туянинг устига сакраб, кофирнинг бўғзидан олдилар. Туя устидаги олишув давом этаркан, Расулуллоҳ (с.а.в) буюрдилар:
- Уни ерга йиқит!
Зубайр ибн Аввом р.а. мушрикни ерга йиқитдилар ва устига чиқиб, уни
ўлдирдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) бу ҳусусда шундай дедилар: “Агар унинг қаршисига Зубайр чиқмаганда, мен чиқардим”.
Уҳуд жангида мушрикларнинг камонбозлари Расулуллоҳ (с.а.в)ни нишонга олиб, Ул зоти шарифга ўқ ёғдирган пайти саҳобалар Уларни ўрталарига олиб қуршадилар. Отилган ҳар бир ўқ Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ўнг ёки чап тарафларидан ўтиб кетар, олдиларига тушар ёки устиларидан ошиб ўтарди. Зубайр ибн Аввом ва уларнинг дўстлари Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг атрофларида парвона каби айланар, келаётган ўқларга вужудларини қалқон қилардилар. Кўплаб саҳобалар душман билан олишиб, шаҳид бўлдилар. Душман чекиниб, ғалабага оз қолган эди. Зафар қувончи билан бир қанча саҳобалар тарк этган жойларига душман суворийлари бостириб келди ва Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ёнларига қадар сиқиб келдилар. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг муборак вужудлари ярадор бўлди. Саҳобалар дарҳол қайта тўпланиб, душман билан олиша бошладилар ва жанг яна мусулмонлар фойдасига ҳал бўла бошлади.
Уҳуд жанги тугади. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг вафотлари ҳақидаги ёлғон ҳабар Мадинага етиб боргач, Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг аммалари Сафия р.а. дарҳол Ухудга томон йўл олдилар. Ухуд майдонига келгач, ўғиллари ҳазрат Зубайр ва ҳазрат Али р.а.ларни кўришлари биланоқ Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳолларини сўрадилар ва “Оллоҳга ҳамд бўлсин, яхшилар”, деганларини эшитгач кўнгиллари таскин топди. Шундан сўнг: “Уларни менга кўрсатинглар”, дедилар ва ҳазрат Али р.а. Сафия р.а.ни Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳузурларига олиб бордилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ярадор бўлгандилар. Пайғамбаримиз (с.а.в)ни соғ омон кўрганларига шукрона келтирдилар. Ҳазрат Сафия р.а. туғишган укалари ҳазрат Хамза р.а.нинг шаҳидлик ҳолатларини кўрмоқчи бўлдилар, Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳазрат Сафия р.а.нинг келаётганларини кўргач Зубайр ибн Аввом р.а.га буюрдилар:
- Онангни ортига қайтар, укасининг жасадини кўрмасин.
Зубайр ибн Аввом р.а. оналари Сафия р.а.га: “Онажон! Расулуллоҳ
ортга қайтишимизни буюрдилар”, деганларида ҳазрат Сафия р.а. дедилар: “Агар уни не аҳволга солганларини кўрмаслик учун ортга қайтсам, мен укамнинг жасадини кўриб бўлмас ҳолга келган, деган фикрда қоламан. Барча ғамга розимиз. Оллоҳ йўлида бундан баттарларига ҳам розимиз. Савобини Оллоҳ таолодан кутамиз, Иншааллоҳ сабр қилиб, чидаймиз”.
Ҳазрат Зубайр р.а. ҳолатни Пайғамбаримиз (с.а.в)га билдирганларида, жасадни кўришга изн беришини айтдилар. Ҳазрат Сафия р.а. ҳазрат Ҳамза р.а.нинг жасадлари ёнига ўтириб, сассиз йиғлай боладилар. Шу пайтда Расулуллоҳ (с.а.в) ҳам сассиз йиғладилар. Ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а. бу ҳақда шундай дейдилар: “Онам Сафия бинти Абдулмутталиб, Ухудда, ёнида олиб келган икки ҳирқани чиқариб деди:
- Буларни укам Ҳамза учун келтирдим”.
Ҳазрат Ҳамзани кафанладилар ва уларнинг жасадларини ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Али ва ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а.лар қабрга қўйдилар. Айни қабрга улар каби шаҳид бўлган ҳазрат Абдуллоҳ ибн Жаҳш р.а.ни ҳам қўйдилар.
Уҳуддан қайтишда Пайғамбаримиз (с.а.в) мунофиқлардан бўлган Абу Азал Жамуҳани қўлга туширдилар. Бадр жангида уни асир олгандилар, бироқ унга марҳамат қилиб, озод этгандилар. У: “Ё Расулуллоҳ, мени қўйиб юбор”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в) шундай буюрдилар: “Валлоҳи бундан кейин сен қўлларингни силаб, Муҳаммадга икки карра ҳийла қилдим”, демайсан. Зубайр ибн Аввом р.а. Оллоҳ йўлида мунофиқнинг қўлларини қиличлари билан чопдилар.
Бир куни ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а. Пайғамбаримиз (с.а.в)га бирор зарар етди деб ўйлаб, қиличларини олиб тўғри Макканинг юқори қисмида ўтирган Расулуллоҳ (с.а.в) томон югурдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) уларни қилич яланғочлаб турган ҳолда кўргач:
- Эй Зубайр! Нима бўлди, нимага қилич яланғочлаб келдинг?, деб
сўрадилар.
- Ё Расулуллоҳ! Сизга бирор зарар етдими деб қўрқдим, деб жавоб
бердилар ҳазрат Зубайр ибн Аввом.
Ҳазрат Жобир ибн Абдуллоҳ р.а. шундай дейдилар: “Ҳандақ куни вазият оғирлашгач, Расулуллоҳ (с.а.в) бизларга: “Баъни Қурайза ҳақида бизга маълумот олиб келадиган бирор кимса борми?”, деб сўрадилар. Зубайр ибн Аввом: “Мен бориб билиб келаман”, деди ва бориб Баъни Қурайза кофирларининг қандай ҳаракат қилаётганлари ҳақида маълумот келтирди. Вазият янада оғирлашгач Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: “Баъни Қурайза кофирларининг қандай йўл тутаётганлари ҳақида билиб келувчи борми?”. Бу сафар ҳам Зубайр ибн Аввом деди: “Мен бориб билиб келаман Ё Расулуллоҳ!”. Бориб уларнинг ҳаракатларини ўрганиб келди ва Расулуллоҳ (с.а.в)га билдирди: “Ё Расулуллоҳ! Уларни қалъарини таъмирлаб, жанг таълимотларини ўрганаётганларини кўрдим. Яна ҳайвонларининг барини бир жойга тўплаётгандилар”. Шундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қилдилар: “Ҳар Пайғамбарнинг бир ҳаворийси бор, менинг ҳаворийим Зубайрдир”. Душман томон ҳаракатларини ўрганиб, улар ҳақида маълумот олиб келиш учун Пайғамбаримиз (с.а.в) илк юборган кишилари ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а. бўлдилар. Ҳандақ жангида ҳам мушриклар мағлубиятга учрадилар. Мадинада яшовчи Яхудийлар саҳобалар устига юриш қилмоқчи бўлиб, сулҳни буздилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) жанг тугагач Мадинадан яҳудийларни чиқариб юбордилар. Яҳудийлар Ҳайбар қалъасига кириб тўпландилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) Ҳандақ жангидан сўнг Ҳайбарга юриш қилдилар. Ҳайбарда машҳур Яҳудий жангчиси Марҳаб қалъадан чиқиб ўзига рақиб жангчи сўради. Ҳазрат Али р.а. чиқиб Марҳабни ўлдирдилар. Марҳабнинг ўлимидан сўнг унинг ўғли Ёсир отасининг ўчини олиш мақсадида майдонга чиқди ва: “Мен билан олишадиган борми?” деди. Ҳазрат Зубайр р.а. дарҳол от устида майдонга отилдилар ва икки жангчи от устида олиша бошладилар. Ўғлининг олишаётганини кўрган ҳазрат Сафия р.а. Расули Акрам (с.а.в)га яқинлашиб сўрадилар:
- Ё Расулуллоҳ! Ўғлим шаҳид бўладими?
Расули Акрам (с.а.в) “Йўқ”, деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ
(с.а.в)нинг жавобларидан бир неча дақиқа ўтиб, ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а. рақибларини ўлдирдилар. Ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а. Ҳайбар жангида ҳам қаҳрамонона олишиб, жасурликлар кўрсатдилар. Натижада Ҳайбар қалъаси мусулмонлар томонидан олинди. Ҳайбар қалъаси олингандан сўнг Маккани фатҳ этиш учун ҳозирлик ишлари бошланди. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг Маккани фатҳ этиш мақсадида ҳозирлик кўраётганлари ҳақидаги маълумотни мушрикларга етказиш учун бир аёл орқали яширинча Маккага мактуб йўлланди. Сора исмли бу аёл мактубни сочлари орасига яшириб, Қурайшликларга етказиш мақсадида йўлга отланди.
Бу ҳақда Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз (с.а.в)га ҳабар қилдилар ва Расули Акрам (с.а.в) дарҳол ҳазрат Али, ҳазрат Зубайр ва ҳазрат Микдод ибн Асвад р.а.ларга буюрдилар:
- Шошилинглар! Хаҳ деган жойга борганингизда ёнида мактуб
бўлган туя устидаги бир аёлни учратасизлар. Мактубни ундан олиб менга келтиринглар (Ҳах Мадина ва Макка орасидаги ер бўлиб, Мадина сарҳадларига оид жойдир).
Ҳазрат Али р.а. ва шериклари тўҳтамасдан от чоптириб, зудлик билан Ҳах деган ерга етдилар ва аёлни ўша ердан топдилар. Ҳазрат Али р.а. аёлдан сўрадилар:
- Олиб кетаётган мактубинг қани?
Аёл жавоб берди:
- Менинг ёнимда ҳеч қандай мактуб йўқ.
Аёлнинг ашёлари орасини излаб мактубни топа олмаганларидан сўнг,
ҳазрат Али р.а. қиличларини чиқариб дедилар:
- Расулуллоҳ (с.а.в) сенинг ёнингда мактуб борлигини айтдилар.
Расулуллоҳ (с.а.в) асло ёлғон сўзламайдилар. Ё мактубни чиқарасан, ёки бошингни қилич билан оламан.
Аёл турли макрлар билан қасамлар ичиб, мактуб борлигини қанчалик инкор этса ҳам, ҳазрат Али р.а. ва шериклари қатъий туришгач, мактубни сочлари орасидан чиқариб беришга мажбур бўлди. Шу билан Макка мушрикларига ҳабар етиб боришининг олди олинди. Ҳазрат Али р.а. ва дўстлари мактубни Расулуллоҳ (с.а.в) келтириб бердилар. Фатҳ ҳозирликлари тугалланиб, ҳижратнинг саккизинчи йили Расули Акрам (с.а.в)нинг қўмондонликларида ҳаракатни бошлаган минглаб мужоҳидлар Макка томон йўл олдилар. Ҳазрат Зубайр р.а. бу пайтда Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг туғларини кўтариб борардилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) Зи Туво деган жойга келгач, қўшинни қисмларга ажратдилар. Бир қисмни ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а.нинг амрларига бердилар ва Макканинг Қудо деган томонидан киришларини буюрдилар. Макка мушриклари ҳеч қандай жангсиз Маккани мусулмонларга таслим этдилар. Макка фатҳидан сўнг Ҳунайн водийсида Ҳавозин мушриклари билан жанг бўлди. Бу жангда Ҳавозин мушриклари мағлубиятга учраб, ортга чекина бошладилар. Қабила катталаридан Молик ибн Авф бориб икки тоғ орасидан баланд овозда қабиладошларига шундай деди:
- Тўҳтанглар, заифларингиз юрсин. Ортда қолганлар бизга етиб
олсинлар.
Ярадорлар етиб келгунларига қадар ўша ерда тўҳтаб турдилар. Молик келганлардан сўради:
- Ортингизга қаранглар нималарни кўряпсизлар?
- Бақувват бир суворийни кўряпмиз. Ёйи елкасига осилган ва бошига қизил боғич боғлтаган.
- Демак у Зубайр ибн Аввом. Онт ичаманки, албатта, у сизларнинг
ёнингизга етиб келади. Бирлашиб маҳкам туринглар, бир бирингиздан айрилманглар.
Ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а. ўша икки тоғ орасдаги ернинг остига қадар бордилар. Ҳавозинлар ҳам уларни кўрдилар. Уларнинг ёнига бостириб бордилар ва ўша ердан узоқлашгунга қадар улар билан олишдилар. Саҳобалардан Ҳубайб ибн Одий р.а.ни кофирлар қўлга олдилар ва Маккага олиб бориб қатл қилдилар. Кофирлар унинг жасадини кўриб севинсинлар дея осилган жойидан олмадилар. Қирқ кунгача жасадлари дорда қолди. Шунча кун ичида жасадлари чиримади ва бадбўй ҳид ҳам келмади. Фақат тоза қон оқди.
Бундан ҳабар топган Расулуллоҳ (с.а.в.) жасадни келтириш учун ҳазрат Зубайр ибн Аввом ва ҳазрат Микдод ибн Асвад р.а.ларни жўнатдилар. Зубайр ва Микдод р.а.лар жасадни тунда бориб дарахтдан олдилар. Мадинага кетаётган вақтларида орқаларидан етмишта отли душман аскари келди. Бу икки мусулмон ўзларини ҳимоя қилиш мақсадида Хубайб р.а.нинг жасадларини ерга қўйдилар. Ер ёрилиб, жасад ғойиб бўлди. Кофирлар бу ҳолатдан саросимага тушиб ортларига қайтиб кетдилар.
Ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а. Тоиф муҳобарасида, Табук сафарида ва Видо ҳажида ҳам иштирок этдилар. Амр ибн Ос р.а. Мисрнинг маркази бўлган Фустат шаҳрини забт этиш учун ҳазрат Умар р.а.дан қўшин сўраганларида ҳазрат Умар р.а. ҳар бирларининг бадали минг кишига тенг тўрт кишини юборгандилар, булар: ҳазрат Зубайр ибн Аввом, ҳазрат Микдод ибн Асвад, ҳазрат Убода ибн Самит ва ҳазрат Муҳаммад ибн Маслама р.а.лар эди. Зубайр ибн Аввом р.а. етти ойлик муҳорабадан сўнг Фустат шаҳрини забт этишга муваффақ бўлдилар, сўнг Искандария тарафга юриш қилдилар ва у ернинг олинишида ҳам катта ҳизмат қилдилар. Ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а. намоз ўқиётган пайтлари Ибн Жармуҳ тарафидан шаҳид этилдилар. Шаҳид бўлганларида 67 ёшларда эдилар. Ҳазрат Али р.а. ҳазрат Зубайр р.а.нинг вафотларидан чуқур қайғуга ботдилар ва жанозаларини ўзлари ўқидилар.
Ҳазрат Зубайр ибн Аввом р.а. бўйлари баланд, оқ танли, зариф ва кибор бир кимса эдилар. Омонатга қатъий риоя қилар, бу борада ҳассослик қилардилар. Ҳазрат Зубайр р.а. уларга омонат қилиб қолдирилган нарсаларни қаерда яхши сақлаш мумкинлиги ҳақида кўп ўйлардилар.
Тижорат ва зироат билан шуғулланардилар. Мадинанинг энг бойларидан эдилар. Мадина атрофидаги арсоларидан ташқари, Басра, Куфа ва Мисрда ҳам бир қанча ерлари бор эди. Шаҳид этилганларидан сўнг меросҳўрларининг ҳар бирига қирқ минг дирҳамдан кумуш қолди.
Атрофларида яшайдиган фақирларнинг барчасига эҳсонлар улашардилар. Қарз сўраганларга қарз берар, жиҳод қилмоқчи бўлганларни Оллоҳ розилиги учун моддий томондан таъминлардилар. Закотларини вақтида ва мунтазам равишда бериб турардилар.
Зубайр ибн Аввом ҳазратларидан шу ҳадиси шариф ривоят қилинган: “Бирор кишининг ипни олиб ўтин нарҳида сотиши, Оллоҳнинг унинг юзини ёруғ қилиши тиланчиликдан кўра ҳайрлидир. Истаган кишисидан бирор нарса олсин ёки олмасин шундайдир”.
Бойликларига қарамай ўта камтарона ҳаёт кечирардилар. Оддий кийинар, оддий ер ва зийнатларга ҳеч қачон рағбат кўрсатмасдилар. Фақатгина жанг қуролларини яхши сақлардилар. Шу сабабли қиличларининг қабзасини кумушдан ясатган эдилар.
“Талҳа билан Зубайр Жаннатда қўшниларимдир”, деган ҳадиси шариф билан мадҳ этилганлар ва улардан жуда оз ҳадис ривоят қилинган. Ҳадислардан бири шундай: “Билмаганини ҳадис деб айтган Жаҳаннамда азоб тортади”.
Ҳазрат Умар р.а. вафот этадиган вақтларида ҳалифа бўлишга лойиқ деб кўрсатган олти номзодларининг бири Талҳа р.а. бири эса Зубайр р.а. эдилар.
***
Зубайр ибн ал Аввом ибн Хувайлид ибн Асад ибн Абдул Уззо ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ал Қурайший ал Асъадий. Катта ўғиллари Абдуллоҳнинг исми туфайли Абу Абдуллоҳ деб деб чақирилардилар. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг дўстлари ва ҳаворийлари (ёрдамчи), айни пайтда аммалари Сафия бинти Абдулмутталиб р.а.нинг ўғлидирлар. Оналари Сафия р.а. ҳазрат Зубайр р.а.ни Абу Тоҳир деб чақирардилар. Бироқ Зубайр р.а. ўзларини катта ўғиллари Абдуллоҳ номи билан кунялантириб, шу куня билан танилган эдилар. Отасидан барвақт етим қолган Зубайрни онаси кўп урар, амакиси Навфал эса бунга қаршилик қилиб унинг ёнини олар эди. Бироқ Зубайр улғайиб мусулмон бўлгач амакисидаги бу меҳрибонлик туйғулари нафратга айланди.
Бадр куни мусулмонларнинг саноқли бир нечтагина отлари бор эди. Улардан бири ҳазрат Зубайр р.а.нинг Яъсуб номли отлари эди. Ўша куни жангда бир қанча мушрикларни ўлдирдилар, булардан бири “Қурайш арслони, Баъни Мутталиб арслони” деган ном қозонган амакиси Навфал эди.
Зубайр ибн Аввом р.а.нинг ўғиллари Абдуллоҳ отаси билан боғлиқ ушбу воқеа ҳақди шундай дейди: “Аҳзоб куни мен ва Абу Саламанинг ўғли Умар бола бўлганимиз сабабли аёллар ёнига қўйилгандик. Бир қарасам отам Зубайр оти устида икки ёки уч марта Баъни Қурайзага бориб келдилар. Уйимизга қайтгач отамга:
- Ота! Мен сизни Баъни Қурайза юртига бориб келаётганингизни
кўрдим, дедим.
Отам менга шундай жавоб бердилар:
- Расулуллоҳ (с.а.в) “Баъни Қурайзага ким бориб улар ҳақида менга
ҳабар келтиради?”, дедилар. У ерга мен бордим ва қайтганимда Расулуллоҳ (с.а.в) оталари ва оналарини бир жойда зикр этиб, “Отам онам сенга фидо бўлсин”, деб марҳамат қилдилар”.
Ярмуқ жангида Пайғамбарнинг саҳобалари Зубайр р.а.га шундай хитоб қилдилар:
- Эй Зубайр! Римликлар билан шиддатли олишув қилмайсанми, биз
ҳам сен билан бирга душманга қарши шиддат билан олишардик?
Шундан сўнг Ҳазрат Зубайр р.а. римлик душман аскарлари устига шундай ҳамлалар қилдиларки, ушбу ҳамлалар орасида римликлар Зубайр р.а.нинг елкалари орасига икки қаттиқ зарба туширдилар. Бу икки яра орасида Бадрда олган зарбадан қолган бир чуқурча бор эди, ўғиллари Урва бу ҳақда: “Мен болалигимда зарбадан қолган чуқурчага қўлларимни тиқиб ўйнардим”, дейди.
Ҳазрат Усмон р.а.га бош кўтарган мисирликлар Мадинага бостириб, уларнинг уйларини қуршаб олган пайтлари Ҳазрат Зубайр р.а.нинг бунга аралашмаганликлари ва баъзи манбаларга кўра эса ҳам ўзларининг, ҳамда ҳазрат Али р.а.нинг ўғилларини бирга ҳазрат Усмон р.а.ни қўриқлаш учун юборганликлари қайд этилади.
Зубайр р.а.нинг ўн битта ўғил, тўққизта қиз жами йигирмата фарзандлари бор эди. Абдуллоҳ, Урва, Мунзир, Осим, Муҳожир, Хадичатул Кубро, Уммул Ҳасан ва Оиша аёллари Асмо бинти Абу Бакрдан; Ҳолид, Амр, Ҳабиба, Савдо ва Хинд деган фарзандлари Уммул Холид деган аёлларидан дунёга келган. Умму Холиднинг асл исми Амату бинти Ҳофид бинти Саид бинти ал Осдир.
Қолган фарзандлари Мусъаб, Хамза ва Рамла Ар Рабоб бинти Унайф исмли аёлларидан; Убайда ва Жаъфар Зайнаб бинти Марсаддан, Зайнаб исмли қизлари Умму Кулсум бинти Уқба ва Ҳадичатус Суғро исмли қизлари ал Ҳалол бинти Қайс исмли аёлларидан дунёга келган. Ҳазрат Зубайр р.а. фарзандларига шаҳид бўлган саҳобаларнинг исмини қўярдилар.
Зубайр р.а. шаҳид бўлганларида тўрт аёллари бор эди. Улардан бири Отика бинти Зайд бинти Амр бинти Нуфайл бўлиб, бу аёл биринчи бўлиб Абдуллоҳ ибн Абу Бакр билан турмуш қурган, улар шаҳид бўлгач Умар ибн Хаттобга турмушга чиққан, улар ҳам шаҳид этилгач Зубайр р.а. билан турмуш қурдилар. Шу сабабли Мадина халқи: “Ким шаҳидлик истаса Отика бинти Зайдга уйлансин”, дер эди.