Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Пайшанба, Июл 28 2022
- 375 марта кўрилди
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ниҳоятда ақлли, илмли ва шу билан бирга ўзига хос сиёсатчи ҳам эдилар. Қўмондонликда ҳам ўз журъати ва жасорати ила шуҳрат топганлар. Шунинг учун ҳам у зотга “Миср фотиҳи” унвони берилганди.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Қурайш қабиласининг Саҳм деган жойидан бўлиб, мусулмон бўлишларидан аввал, Макканинг тижорий ва сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутардилар. Хусусан, у Ҳабашистон ҳукмдори Нажоший билан дўст эдилар. Шунинг учун ҳам Макка мушриклари Ҳабашистонга ҳижрат қилган мусулмонларни мамлакатидан чиқариб юбориши учун Нажоший ҳузурига Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни элчи қилиб юборгандилар.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Макка фатҳидан олдин мусулмон бўлгандилар.
* * *
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Хандақ ғазотидан сўнг Ислом дини ҳақида ўйлай бошладилар. Шу вақтгача унинг оиласи, қабиласи мусулмонларга тамоман қарши эдилар.
Бир куни шундай ўй-хаёллар оғушида юраркан, бозорда Холид ибн Ҳоким розияллоҳу анҳуни учратдилар. Фикларини унга очиқ айтдилар. Холид розияллоҳу анҳу ҳам айни фикрда эканликларини билдирдилар. Шундан сўнг улар биргаликда Мадинага – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келдилар. Икки жаҳон сарвари уларни кўргач, севинчдан кўзлари чақнади. Асҳобига бориб:
– Макка сизларга жигарпораларини жўнатди, – деб марҳамат қилдилар. Улар биргаликда шаҳодат калимасини айтиб, Ислом билан шарафландилар.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Фахри Коинот соллаллоҳу алайҳи вассаллам жанобимиздан аввал қилган гуноҳларининг авф этилиши ҳақда сўрадилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Ислом ўзидан олдинги гуноҳларни ўчиради, – деб марҳамат қилдилар.
* * *
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу байъат қилганларидан сўнг ақл заковатини, билимини, жасоратини Ислом хизматига бағишладилар. Умрини жанг майдонларида ўтказди. Фатҳ устига фатҳлар қозонди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга:
– Ё Расулуллоҳ! Шу пайтга қадар Исломга қарши курашдим. Энди қачон Ислом йўлида курашаман? – деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Тез орада, – деб жавоб бердилар.
Оз вақт ўтгач, Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга:
– Эй Амр! Қуролингни ол, уст бошингни кий ва дарҳол ёнимга кел, – деган хабар йўлладилар. Расулуллоҳнинг ҳузурларига келгач, шундай дедилар:
– Эй Амр! Сенинг қўмондонлигингда бир ерга қўшин жўнатмоқчиман. Сен учун бойлик тилайман. Аллоҳ сенга саломатлик берсин, кўп солиҳ мол билан қайт, – деб марҳамат қилдилар. Амр эса:
– Ё Расулуллоҳ! Мен мол учун эмас, жанг қилиб ёнингизда бўлиш учун мусулмон бўлдим, – дедилар. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Эй Амр! Солиҳ мол солиҳ кимсага қандай ярашади, – деб марҳамат қилдилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам у зотни отасининг тоғалари бўлган Балий қабиласи устига уч юз аскар билан юбордилар.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Зот-ус салосил деган жойга етганларида бу ерда бошқа қабилалар ҳам бирлашиб уларга қарши ҳозирлик кўраётганлари тўғрисида маълумот олдилар. Натижада, Мадинадан ёрдамчи куч сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу қўмондонлигида Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар бўлган икки юз кишилик ёрдамчи қўшин жўнатдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Убайда розияллоҳу анҳуга келишмовчиликка йўл қўймай бирга ҳаракат қилишларини буюрдилар. Беш юз кишилик қўшин билан Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Балий қабиласни бўйсундирди ва кўплаб ўлжалар билан Мадинага қайтдилар.
* * *
Ушбу жангдан сўнг Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам учун мен устун бўлмаганимда Абу Бакр ва Умарга мени қўмондон қилмасди”, деган хаёлга бордилар ва буни аниқлаш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига келиб сўрадилар:
– Ё Расулуллоҳ! Халқ орасидан сиз учун энг севиклиси ким?
Фахри коинот соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Ойша, – деб жавоб бердилар.
– Эркаклардан-чи? – деб сўрадилар.
– Ойшанинг отаси, – деб жавоб бердилар.
– Ундан кейин-чи? – дедилар.
– Умар, – деб жавоб бердилар.
Бир қанча вақт савол-жавоб шу тарзда давом этди. Ниҳоят, ўзининг исми энг охирига қолиб кетишидан қўрқиб саволни тўхтатди.
* * *
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Макка фатҳида иштирок этдилар. Ҳунайнда ҳам қатнашдилар. Суво ҳамда Бани Хузайл қабилаларининг бутларини чилпарчин қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам у зотни мактуб билан Уммон ҳукмдорига элчи қилиб юбордилар. Исломнинг ҳақиқатини англаган Уммон ҳукмдори мусулмон бўлди. Сўнг Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Уммонга ҳоким этиб тайинландилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларига қадар ушбу вазифада қолдилар. Сўнг Мадинага қайтдилар.
* * *
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг байъат маросимида кичик мажлис ўтказилиб, Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни кичик қўшин билан Фаластин томон жўнаб кетдилар.
Умар розияллоҳу анҳу даврларида эса бутун Фаластинни эгалладилар, Қуддусни фатҳ этдилар.
* * *
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Мисрни эгаллаш сиёсий-иқтисодий жиҳатдан зарурлигини, Фаластин ва Сурия ҳудудида мағлуб бўлган Византия аскарларининг бир қисми Мисрга қочганини ва истган пайтда у ердан қўшин билан бостириб келиш хавфи борлигини Умарга тушунтирдилар.
Мисрнинг фатҳ этилишига халифани ишонтирдилар. Милодий олти юз қирқинчи йилда тўрт минг кишилик қўшин билан Миср чегараси бўлган Фаромани эгалладилар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу қўмондонлигидаги беш минг кишилик қўшин ёрдами билан Айнишамсда кучли Византия қўшинини тор-мор этдилар. Кейинчалик Искандарияни олиб, Мисрга ҳоким бўлдилар.
Бу муваффақиятларидан сўнг унга “Миср фотиҳи” унвони берилди. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Мисрнинг бошқарув тизимини ва иқтисодиётини тубдан ислоҳ қилдилар. Фустат деган шаҳар барпо этдилар. Масжид қурдириб, унга ўз номини бердилар, биринчи марта ушбу масжидга минора қурдирдилар.
Фиръавн қурдирган эски тўғонларни буздириб, Нил дарёси ва Қизил денгизни бир-бирига қўшиб юбордилар.
* * *
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан қирқта ҳадиси шариф ривоят қилинган. Умрининг охирги дамларида хасталаниб, зиёратига келганларга шундай дер эдилар:
– Мен Исломдан олдин катта хатолар қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга кўп ёмонликлар қилдим. Агар мусулмон бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг авфларига эришмаганимда, мутлақо дўзахий бўлардим. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ул зоти шарифга байъат қилиб таслим бўлдим. Ислом олдинги қилган гуноҳларимга боқмади.
У зот Милодий олти юз эллик саккизинчи йили оламдан ўтдилар.
* * *
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилгач, олдинги қилган гуноҳлари ва хатоларидан қаттиқ пушаймон бўлдилар. Исломга хизмат қилиш, мушрикларга қарши курашиш учун бор кучини сафарбар этдилар.
Бир одам Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан сўради:
– Сиз ақлли одамсиз, нима учун Исломни кеч қабул қилдингиз?
– Биз ёш ва ақл жиҳатдан биздан устун турувчи кимсаларга қулоқ солардик. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Пайғамбар қилиб юборилгач, уни қабул қилмадилар. Биз эса уларга бўйсундик. Улар кетиб навбат бизга келгач, тафаккур қилдик, ўйладик ва очиқ-ойдин кўриниб турган ҳақиқатни англаб етдик. Шу тарзда Ислом қалбимга кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг яхшилик қилганга ўлгандан сўнг яхшилик, ёмонлик қилганга эса ўлгач ёмонлик етишига ҳаётим бўйи амин бўлдим. Бузуқлик ва ботилликни ташламаган кимсада ҳеч қандай хайр ва фойда кўрмадим.
* * *
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик чоғиларида Уммон халқини, кейинчалик эса Бани Қудо халқини Ислом динига киргазишга муваффақ бўлдилар. Шундан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу томонидан Шомни фатҳ этиш учун йўлландилар.
Бош қўмондон Холид ибн Ҳоким томонидан бошқарилган қўшин билан Ярмуқ муҳорабасида буюк қаҳрамонликлар кўрсатдилар ва Шураҳбил ибн Ҳасан розияллоҳу анҳу билан бирга қўшиннинг ўнг қанотини бошқардилар.