close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Адий ибн Хотам Той розияллоҳу анҳу

Саҳобаларимиз Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг буйруқлари билан баъзан Мадина атрофидаги қабилаларга сафарлар уюштириб, бу ерлардаги халқларни Исломга даъват қилардилар. Даъватни қабул қилмаганларга юриш қилинар, ўлжа ва асирлар олинарди.
Той қабиласига уюштирилган сафарда, қабила раиси Адий ибн Хотам қочиб кетди. Синглиси Сафона эса асирга олинди. Бироқ унга ҳеч қандай зиён етказилмади, яхши муносабатда бўлинди. Чунки Сафонанинг отаси сахийлиги билан шуҳрат топган эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Сафонани акасини топиб келиши учун озод қилдилар. У эса акасини топиб, бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берди. Адий ибн Хотам синглисидан эшитганларидан жасоратланиб, Мадинага йўл олди. Ўзи бу ҳақда шундай дейди:
– Мадинага борганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам масжидда эдилар. Ҳузурларига бориб салом бердим. Кимлигимни сўрадилар. Ўзимни таништирдим. Мени уйларига олиб бордилар. Йўлда кетаётганимизда кекса бир аёл эҳтиёжларини арз этиб қолдилар. Шунда у зот аёлнинг ҳамма айтганларини келтириб бердилар. Бу ҳолни кўргач, “бу одам шоҳ эмас”, деб ўйладим.
Уйларига боргач, эски бир кўрпачага мени таклиф қилдилар:
– Марҳамат ўтиринг!
У ерга ўтиришни истамадим, илтимос қилганларидан сўнг мажбуран ўтирдим. Ўзлари ерга ўтирдилар. Ўз-ўзимга: “Валлоҳи, бу одам шоҳ бўлиши мумкин эмас. Малик бўлган одам бу қадар тавозеъли бўла олмайди”, деб хаёл қилдим. Сўнг менга:
– Адий ибн Хотам, мусулмон бўл, саломат бўласан, –  дедилар. Мен
эса:
– Менинг диним бор, – дедим.
– Сенинг динингни сендан яхшироқ биламан. Сен Роқусия динидамисан? Қавминг молини тўртдан бир қисмини оласан. Бу сенинг динингда сенга ҳалол, тўғрими? – деб сўрадилар. Мен ичимда: “Валлоҳи тўғри гапиряпти. Ҳеч ким билмайдиган нарсаларни ҳам билаяпти. Ростдан ҳам пайғамбар бўлса керак”, дедим. Кейин менга шундай дедилар:
– Эй Адий ибн Хотам, сени Исломга киришинг учун тўсқинлик қилаётган нарса нима? Сени “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейишдан узоқлаштирган нима?  Аллоҳдан ўзга илоҳ борми? Нима учун чекиняпсан?
Бу сўзларни буюк хушуъ ичида тингладим. Бу қадар гўзал юзли, ширин сўзли бир инсон ёлғончи бўлиши мумкин эмасди. Дарҳол калима келтириб мусулмон бўлдим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам мени қабиламга Исломни ўргатиш ва улардан закот йиғиш мақсадида юбордилар. Илк закот йиққан мен бўлдим. Қабилам мен сабаб мусулмон бўлди.
 Бир куни қабиламдан бир неча киши билан бирга Умарнинг ҳузурларига бордик. У зотдан сўрадим:
– Мени танидингизми?
– Ҳа танидим. Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга қавминг ишонмаган пайти сен ишондинг ва вафодор бўлдинг. Қавминг сенга зулм қилган пайти, уларга сабр қилдинг. Аниқки, қабиласидан илк закотни тўплаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни суюнтирган ҳам сенсан.

* * *
Адий ибн Хотам розияллоҳу анҳулари наздида дунё ҳеч қандай қиймат касб этмасди, топганини фақирларга бўлашарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига борган пайти уларга ёнларидан жой берардилар. Уларга  кўп илтифот кўрсатар эдилар.
Аллоҳ Адий ибн Хотамга узоқ умр берди. Али розияллоҳу анҳунинг вафотидан анча кейин 120 ёшида Куфада оламдан ўтди. Вафотига қадар Исломни ёйиш учун ҳаракатда бўлдилар. Чунки у зот вақтини ҳеч қачон бекорга ўтказмасдилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase